Эр бир неча йилдан буён уйидан узоқда бўлса ва аёл бола туғса, эр уни насабини инкор қилмаса, боланинг насаби эрдан собит бўлади. Чунки, эр бирор жинояти сабабли беркиниб юриб, яширин тарзда келиб аёли билан яқинлик қилган бўлиши мумкин. Худо асрасин агар эр келиб аёли билан яқинлик қилмаган бўлса-ю, лекин боланинг насабини инкор қилмай эр жим турса, боланинг насаби эрдан собит бўлади. Боланинг насаби собит бўлишидан мурод, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларига биноандир:
عَنْ أَبِي أُمَامَةَ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ فِي خُطْبَتِهِ عَامَ حَجَّةِ الْوَدَاعِ: إِنَّ اللهَ قَدْ أَعْطَى لِكُلِّ ذِي حَقٍّ حَقَّهُ فَلاَ وَصِيَّةَ لِوَارِثٍ الْوَلَدُ لِلْفِرَاشِ وَلِلْعَاهِرِ الْحَجَرُ وَحِسَابُهُمْ عَلَى اللهِ وَمَنِ ادَّعَى إِلَى غَيْرِ أَبِيهِ أَوِ انْتَمَى إِلَى غَيْرِ مَوَالِيهِ فَعَلَيْهِ لَعْنَةُ اللهِ التَّابِعَةُ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ لاَ تُنْفِقُ امْرَأَةٌ مِنْ بَيْتِ زَوْجِهَا إِلاَّ بِإِذْنِ زَوْجِهَا قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ وَلاَ الطَّعَامَ قَالَ: ذَلِكَ أَفْضَلُ أَمْوَالِنَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَاحِبَاهُ.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг видолашув ҳажидаги хутбаларида:
«Албатта, Аллоҳ ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини берди. Ворисга васият қилиш йўқ. Болага тўшакка қараб нисбат берилади. Зинокорга тош берилади. Ҳисоблари эса Аллоҳга ҳавола. Ким отасидан бошқанинг (насабини) даъво қилса ёки ўз мавлоларидан бошқага қўшилиб олса, унга қиёматгача Аллоҳнинг узилмас лаънати бўлгай. Хотин эрининг уйидан унинг изнисиз нафақа қилмас», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, таомни ҳамми?» дейилди.
«У энг афзал молимиз-ку», дедилар у Зот» (Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилишган).
Шу ҳадис сабабли юқоридаги ҳолатда болани ҳаромий дейишдан қайтарилганмиз. Шунинг учун боланинг насаби эрдан собит бўлади. Агар эр: “Бола мендан эмас” деб инкор қилса, эр-хотин лиъон қиладилар.