loader

Қурбонликнинг фазилати ва унинг савоби

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимки қурбонликни дили хурсанд ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) у учун дўзахдан парда бўлади” дедилар” (Табароний ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қурбонлик куни Одам боласи қурбонлик қилишидан кўра бирор бир амал Аллоҳ таолога зиёда маҳбуб эмас. Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохи, туёғи ва юнлари билан келади. Қурбонлик қони ерга тушишидан аввал Аллоҳ таолонинг ҳузузирида хос мақомга эга бўлади. Шунинг мамнуният ила қурбонлик қилинглар” дедилар” (Ибни Можа, Термизий ривояти).
Ҳазрати Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу:
“Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қурбонликнинг ҳақиқати нима?” деб сўрадик.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сизларнинг отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннати” дедилар.
Биз:
“Ундан бизга нима наф бор?” дедик.
У зот:
“Ҳар бир тук эвазига битта ҳасана” дедилар.
Биз:
“Эй, Аллоҳнинг Расули! Юнгчи?” дедик.
У зот:
“Юнглардан ҳар бирига битта ҳасана” дедилар” (Мустадрак).
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога:
“Қурбонлигингиз олдида туриб, гувоҳ бўлинг. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси томчиши билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади” дедилар.
Шунда у (Фотима онамиз):
“Эй, Аллоҳнинг Расули бу фақат биз оли байт учунми ёки биз ва барча мусулмонлар учунми?” дедилар.
Шунда у зот:
“Биз ва барча мусулмонлар учун” дедилар” (Мустадрак).
Одам алайҳиссаломдан то Исло алайҳиссаломгача қурбонлик гўштини ейиш жоиз бўлмаган. Улар даврида қурбонлик Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлса, бир олов келиб, уни куйдириб юборар эди. Уммати Муҳаммадияга келиб, Аллоҳ таоло қурбонлик қилувчига ўзини қурбонлиги гўштини ейишни ҳалол қилди(32).

Орқага Олдинга