Нозил бўлган жойи - Мадина;
Оятлар сони - 12;
Сўзлар сони - 246;
Ҳарфлар сони - 1160;
Нозил бўлиш тартиби - 107.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи ҳалол нарсаларни айрим сабабларга кўра ўзларига ҳаром қилганлар. Аллоҳ таоло бу борада у зотга танбеҳ беради ва тўғри йўлни кўрсатади. Суранинг номи биринчи оятда келган «таҳрим» ҳаром қилиб олиш сўзидан олинган.
Бу суранинг нозил бўлишига сабаб шундан иборатки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари Ҳафса розийаллоҳу анҳо отасининг уйига кетиб, уйлари холи қолган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қибтийя канизаклари Мория розийаллоҳу анҳони у уйга чақириб, мусоҳиб бўлдилар. Ҳафса розийаллоҳу анҳо қайтиб келиб кўрсаки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Морияи қибтия розийаллоҳу анҳо билан уйда ўтирибдилар. Ҳафса розийаллоҳу анҳо бетоқат бўлиб, рашк қилиб, «Менинг навбат кунимда, менинг уйимда шу иш бўлдими?» - деб жанжал қилдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни жим қилиш учун айтадиларки, Мория розийаллоҳу анҳони ўзимга ҳаром қилсам, рози бўласанми? У: «Рози бўламан», - дейди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мория розийаллоҳу анҳони ўзларига ҳаром қилдилар ва: «Энди бу сирни бошқа хотинларга айтмагил», - деб тайинладилар. Лекин у чиқиб кетиб, Оиша розийаллоҳу анҳо-сиддиқага ошкора қилди. Кейин бу сура нозил бўлди. Муфассирлар суранинг нозил бўлишига хотинлари Зайнаб бинти Жаҳм билан бўлган бошқа бир воқеани ҳам сабаб қилиб кўрсатганлар.
Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.
У Зот меҳрибон ва раҳмлидир.
1-2. Парвардигор айтди: «Эй Пайғамбар, нима учун сен хотинларинг ризолигини истаб, Худо сенга ҳалол қилган нарсаларни ўзингга ҳаром қиласан? Аллоҳ таоло кечиргувчи, меҳрибондир. Аллоҳ таоло қасамларингиз учун каффорат бериб халос (ҳалол) бўлишни муқаррар қилди (шариатга киритди). Аллоҳ сизларнинг мавлойингиз (хожангиз, эгангиз)дир». Аллоҳ таоло бандаларнинг аҳволини билгувчи ва мудаббир (ҳоким)дир.
3. Эй мўминлар, фикр қилинглар, Пайғамбар хотинларидан бирига бир сирни махфий айтди ва «бировга айтмагил», - деб таъкидлади. Бас, Ҳафса разияллоҳу анҳо Оиша разияллоҳу анҳога (у сирни) ошкора қилиб қўйди. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига бу қиссани хабар қилди. Пайғамбар Ҳафса (разияллоҳу анҳо)га (унинг) баъзи айтган сўзларини айтди (огоҳлантирди) ва баъзисидан юз ўгирди (билдирмади). Энди вақтики, пайғамбар Ҳафса (разияллоҳу анҳо)ни огоҳлантиргач, Ҳафса разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)га айтдики: «Сенга (бу ҳақда) ким хабар берди?» Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтди: «Менга ҳамма нарсани билгувчи, ҳамма нарсадан огоҳ Парвардигор хабар берди. Энди, агар икковларингиз (Ҳафса разияллоҳу анҳо ва Оиша разияллоҳу анҳо) Худога тавба қилсангизлар, Худо (гуноҳларингизни) кечиради. Батаҳқиқ, сизларнинг дилларингиз хато қилди. Энди агар Пайғамбарнинг (зарарига) сирини очишда бундан кейин ҳам бир-бирларингизга ёрдамлашар экансизлар, бас, у ҳолда билингларки, албатта, Аллоҳ таоло Пайғамбарнинг дўсти, Жаброил мададкори ва солиҳ мўминлар ёрдамчиларидир. Булардан кейин малоикалар ҳам Пайғамбарга ёрдам берадилар.
5-7. (Эй пайғамбарнинг хотинлари), агар у (Пайғамбар) сизларни талоқ қилиб юборса, шоядки Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг Парвардигори сизларнинг ўринларингизга сизлардан яхшироқ, муслима, мўмина, Худо ва расулига инқиёд (итоат) қилувчи, ишонувчи, дуо қилувчи, тавба қилувчи, ибодат қилувчи, рўза тутувчи жувон ва бокира қизлардан муяссар қилиб беради. Эй мўминлар, нафсларингизни (ўзларингизни) ва аҳли аёлларингизни ёнадиган ўтини (ёқилғиси) одамлар ва тошлардан (бутлардан) иборат (бўлган) дўзахдан сақланглар. У дўзах устида қаттиқсўз (қўпол) ва ғазабли малоикалар муаккалдирлар. Улар Худонинг буюрганига осий (итоатсиз) бўлмайдилар, буюрилган фармонларни бажарадилар. Эй кофирлар, бугун сизлар қилган ишларингиз учун Менга узр айтманглар. Бугун сизларнинг узрларингиз қабул бўлмайди. Қилган амалларингизга мувофиқ жазо берилади холос.
8-9. Эй мўминлар, Худога холис тавба қилиш билан тавба қилинглар. Шоядки тавба қилсангизлар, Парвардигор сизларнинг гуноҳларингизни кеткизиб, остидан анҳорлари жорий бўлган (оқиб ўтадиган) жаннатларига киритса. У кунда Аллоҳ таоло Ўзининг Пайғамбарини ва унга иймон келтирган мўминларни расво (шарманда ) қилмайди. Ўша кунда уларнинг иймон нурлари олдиларидан ва ўнг тарафларидан ёруғ қилиб боради. Улар Худодан талаб қилиб айтадиларки: «Эй Парвардигор, Бизга нуримизни комил қилиб бергил ва гуноҳларимизни мағфират қилгил. Албатта, Сен ҳар бир нарсага қодирсан». Эй Пайғамбар, кофирлар ва мунофиқлар билан жиҳод қил ва уларга қаттиққўл бўл. Уларнинг жойлари жаҳаннамдир. Жаҳаннам кўп ёмон борадиган жойдир!
10. Худойи таоло кофирларга Нуҳ ва Лутнинг хотинлари қиссасини мисол тариқасида баён қилиб берди. Бу иккови солиҳ бандаларимиздан икки бандамизнинг никоҳида эдилар. Улар бу икки солиҳ бандага хиёнат қилдилар. Бу икки пайғамбар (ўз) хотинларидан Худонинг азобини даф қила олмадилар. Ва Қиёмат куни уларга (у хотинларга) айтилдики: «Дўзахга киргувчилар билан бирга икковингиз ҳам (жаҳаннамга) киринглар».
11-12. Аллоҳ таоло мўминларга Фиръавн хотинининг қиссасини мисол тариқасида баён қилиб берди. Мусо алайҳиссаломга иймон келтиргани учун Фиръавн (у хотинни) азоб бериб ўлдирганди. Ўшанда Фиръавннинг хотини: «Эй Парвардигор, менга жаннатда Ўзингнинг наздингда бир уй бино қилиб бергил. Менга Фиръавн ва унинг амалидан нажот бергил! Ва менга золим қавмидан нажот етказгил», - деб айтган эди. Ва яна (Парвардигор) мисол тариҳасида Имроннинг қизи Биби Марям (розийаллоҳу анҳо) қиссасини ҳам баён қилиб беради. Биби Марям ўзининг фаржини (иффатини, номусини) ҳаромдан сақлаган хотин эди. Биз унга (Ўз) руҳимиздан дам қилдик (пуфладик), у ҳомиладор бўлди. Парвардигорнинг калимотларини ва илгари нозил бўлган китобларини тасдиқ қилди. Биби Марям ҳамиша Худога ибодат (итоат) қилувчилардан эди.
Нуҳ алайҳиссалом ва Лут алайҳиссалом қандай улуғ зотлар эдилар. Лекин ҳар икковлари-нинг хотинлари мунофиклардан бўлдилар. Шунинг учун осий дўзахийлар билан бирга жаҳан-намга ташландилар. Пайғамбарнинг хотини бўлганликлари уларни илоҳий азобдан қутқа-ра олмади. Бунинг аксича, Фиръавннинг хотини ҳазрати Осиё разияллоҳу анҳо комил мўмина ва эри эса Худонинг ашаддий душмани эди. У солиҳа хотин ҳам кофир эрини Худонинг азоби-дан қутқаролмади. Ва у ёмон эрнинг касофати (ҳам) яхши хотинга урмади. У бахтиёр хотин Мусо алайҳиссаломни гўдакликларидан тарбия қилар ва қўлидан келган ёрдамни аямас эди. Сир фош бўлгач, Фиръавн у солиҳа аёлни азобга тортди. Азоб чекатуриб: «Эй Парвардиго-рим! Мен учун жаннатда, Ўз қошингда бир уй бино қил. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан ва золим қавмдан нажот бергил», - деб Парвардигорга дуо қилди.