Бу сура Маккада нозил бўлган бўлиб, 83 оятдан иборатдир. Ушбу сура номи ҳисобланган «Ёсин», умуман олганда «Эй инсон!», «Эй саййидул башар!» маъносини билдириб, Ҳазрат Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб эканлиги аксар муфассирлар томонидан таъкидланган. Бу сура Қуръони Каримнинг «қалби» аталиб, мусулмонлар орасида алоҳида аҳамиятга эгадир. Ва шунингдек, бу суранинг фазилати ҳақида бир қанча ҳадислар ривоят қилинган.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
1-9. Ё, Син. Ҳикматлик Қуръонга қасамки, албатта сен пайғамбарлардансан, ҳидоят йўлида муқимсан. Қуръонни ғолиб ва меҳрибон Парвардигор тарафидан сенга нозил қилинди, токи сен бандаларни Худонинг азобидан қўрқитасан. Буларнинг ота-боболари ғофил ўтган, бу нарсадан хабари бўлмаган эди. Албатта кўп кофирларга Худонинг ваъда қилган азоби собит бўлган. Улар иймон келтирмайдилар, гўёки, Биз бу кофирларнинг бўйинларига то иякларигача халқа солганмиз. Буларнинг бошлари юқори бўлиб қолган, ерга эгилмайдилар. Парвардигор буларни саркашликларини бўйнига халқа солинган одамга ўхшатаяпти, гўёки, буларнинг олдиларида ҳам, орқаларида ҳам парда яратдик. Бас, булар ҳеч нарсани кўрмайдилар.
10-12. Эй Муҳаммад, сен кофирларни Худонинг азобидан қўрқитсанг ё қўрқитмасанг уларга барибир. Улар иймон келтирмайдилар. Сенинг насиҳатинг шундай зотларга фойда берадики, улар Қуръонга амал қиладилар, Худони кўрмасдан туриб қўрқадилар. Бас, эй Муҳаммад буларга Худонинг кечиришидан ва улуғ ажр беришидан хабар бер! Шубҳасиз Биз одамларни ўлгандан кейин қиёмат куни тирилтирамиз. У дунёда қилган амалларини хоҳ яхши, хоҳ ёмон ва қолган асарларини ёзамиз. Ҳар нарсаки Биз сақлаган бўлсак ва Бизга маълум бўлса, Лавҳул Махфузда ёзилган.
13-19. Эй Муҳаммад, бу аҳли Маккага Антокия шаҳрини одамларининг қиссасини баён қил. Қачонки ҳазрат Исо тарафидан уч киши Антокия шаҳрига элчи бўлиб келиб, бу қавмни иймонга далолат қилдилар. Қачонки, Биз бу қавмга у икки кишини юбордик, бу ҳалқни иймонга даъват қилдилар. Антокия халқи бу икковларини такзиб қилди. Биз учинчи одамни юбориб буларга қувват бердик. Булар: «Эй Антокия халқи, Бизлар ҳазрати Исо буюрган элчилармиз. Бутпарастликни ташлаб Худога иймон келтиринглар» - дейишди. Бу халқ элчиларга айтадилар: «Сизлар ҳам бизга ўхшаш инсонсизлар, ҳеч ортиқ жойларинг йўқ, Худойи таоло ҳеч кимни пайғамбар қилиб юборгани йўқ. Сизлар ёлғон айтасизлар». Элчилар: «Аллоҳ гувоҳки, бизлар ҳазрати Исо тарафидан юборилганмиз. Бизларнинг вазифамиз сизларга хабар беришдир» - дедилар. Антокия аҳли айтдилар: «Сизларнинг қадамларингизни шум деб биламиз. Агар бу гапдан қайтмасаларинг сизларни тошбўрон қиламиз ва бизларни тарафимиздан қаттиқ кулфатлар кўрасизлар». Бу элчилар айтдилар: «Бизларда шумлик йўқ, балки шумлик сизлар бирладир. Агар сизларга насиҳат қилинса, буни шумликдан деб эътиқод қиласизларми? Балки сизлар ҳаддиларингдан ошган халқсизлар».
20-21. Шаҳар чеккасидан бир одам югуриб келди. Айтдики: «Эй қавм бу элчиларнинг айтганларини қилинг ва тобеъ бўлинг, шундай зотларгаки, сизларга холис насиҳат қиладилар, амаллари учун сизлардан ужрот сўрамайдилар. Ҳидоят топган халқдир».
22-27. «Мен нима учун мени халқ қилган Парвардигорга ибодат қилмас эканман, сизлар ҳам қиёмат куни шу Парвардигор ҳузурига ҳозир бўладирсизлар. Мен бир Худодан бошқага ибодат қилайми? Агар Парвардигор менга зарарни хоҳласа, бу бутларнинг шафоати менга фойда бермайди. Менга Худонинг азобидан нажот беролмайди. Агар мен ушбу бутларга ибодат қилар эканман, у ҳолда мен очиқ гумроҳлик йўлига кирган бўламан. Лекин мен сизларни халқ қилган Парвардигорга иймон келтирдим. Менинг насиҳатимни эшитиб, амал қилинглар». Кофирлар бу бечорани шаҳид қилди. Малоикалар тарафидан бунинг руҳига, «жаннатга кир», деган хитоб бўлди. Бу банда Парвардигорнинг марҳаматларини кўргандан кейин айтди: «Кошки менинг қавмим Парвардигор мени кечирганини ва менга карам қилганини билса эдилар, шоядки иймон келтирар эдилар».
28-32. Бу шаҳид бўлган одамни қавмини устидан осмондан лашкар ҳам юбормадик. Буларнинг ҳалокати учун бундай лашкарни осмондан тушурувчи ҳам эмасмиз. Балки буларнинг ҳалокатига сабаб бўлган нарса Жаброилнинг бир овозлари эди халос. Жаброил бир овоз қилди, шу билан булар ўчиб қолган ўтдек хомуш бўлдилар. Кофирларнинг ҳолига вой! Буларга ҳар пайғамбар келса масхара қилиб, иймон келтирмадилар. Оё, булар кўрмадилар ва билмадиларки, Биз булардан илгари кўп табақа одамларни ҳалок қилдик. Энди улар буларнинг олдиларига қайтиб келмайдилар, балки уларни Бизнинг олдимизга ҳозир қилинади.
33-36. Бандаларга Худонинг қудратидан нишонаки, қуриб қолган ерларни ёмғир билан кўкартирдик. У ердан донлар чиқардик, токи у донлардан бандалар есинлар. У ерда хурмозор ва узумзор боғлар яратдик, ерлардан чашмалар чиқариб жорий қилдик, токи бандалар у боғни меваларидан есинлар ва ҳам бандалар қўллари билан ишламаган тоғларда мевалар яратдик. Оё энди бандалар бу неъматлармизга шукр қилмасмикинлар? Ҳамма нуқсонлардан пок Парвардигорки, ер кўкартирган гиёҳларни навъ-навъ қилиб яратди. Инсонларнинг нафсларидан жуфт-жуфт қилиб ва инсон билмайдиган нарсаларни яратди.
37-40. Худонинг қудратига бандалар учун яна бир нишона шуки, кечадан кундузни зойил қиламиз ва чиқарамиз. Бас, ногоҳ бандалар қоронғуликда қоладилар ва ухлаб роҳатланадилар. Офтоб муайян жойга ҳаракат қилади. Бу ғолиб ва доно Парвардигорнинг муқаддаротидир. Ойга манзиллар муқаррар қилдик. Ой бу манзиллардан ҳаракат қилиб, то ўз жойига қайтади, қуриб қолган хурмо шоҳидек эгилади. Худонинг ҳикматларидан бири шуки, офтоб ҳаракат қилиб, ойга жам бўлмайди ва на кеча ҳаракат қилиб, кундуздан ўтмайди, балки ҳар қайсиси ўзининг осмонида ҳаракат қилади.
41-44. Бандаларга Аллоҳ таолонинг қудратидан нишона шуки, Биз Одам авлодини кемаларга тўлдириб дарёда ҳаракат қилдирдик. Агар хоҳласак, буларни ғарқ қилардик. Буларни фарёдига ҳеч ким қулоқ солиб, ёрдам қила олмас, буларга нажот ҳам бера олмасди. Лекин биз фазлу марҳаматимиз бирла буларни ҳалок қилмадик, то ажаллари келгунича дунёдан баҳраманд қилдик.
45-47. Қачонки, кофирларга пайғамбарлар тарафидан, олдингиздан келадиган азобдан қўрқинглар, охиратда орқангиздан келадиган азобдан қўрқинглар, шоядки, Парвардигор сизларга раҳм қилиб нажот берса, деб айтилса, кофирларга Худонинг оятларидан ҳар оят келса, инкор қилиб, юз ўгирадилар. Қачонки, кофирларга сизларга Худо берган ризқлардан ғарибларга беринглар ва очларини тўйғазинглар, дейилса, кофирлар мўъминларга жавоб бериб айтадиларки: «Биз шундай ғарибларга таом берамизми, Худо хоҳласа уларга таом берган бўларди, уларнинг қоринларини тўйғазган бўларди, Худо бермаса биз қандай берамиз. Эй мўъминлар, сизлар Худо ризқ беради, деб гумроҳликдасизлар».
48-54. Кофирлар айтадиларки: «Агар сизлар рост айтсаларингиз қиёматни ваъдаси қачон бўлади?» Булар бир овоз бўлишига мунтазирдирлар. Ҳолбуки, булар дунё ишига машғул бўлиб, бир-бири билан жанжал қилиб турган ҳолларида бу овоз буларни олиб кетади. Бас, у вақтда улар васият қилишга ҳам, аҳлларини олдига бориб хабарлашишга ҳам қодир бўлмайдилар. Сўнгра Исрофил (а.с.) тарафидан иккинчи сур тортилади. (Икки сурни ўртасини қирқ йил дебдилар). Бас, ногоҳ бу сурдан кейин ўликлар қабрларидан туриб Парвардигор ҳузурига шошиб борадилар. Кофирлар бу ҳолни кўрганларидан сўнг айтадиларки: «Вой бизнинг ҳолимизга! Бизни қабримиздан ким турғазди?» Малоикалар жавоб бериб айтадиларки: «Парвардигор у дунёда сизларга тириласизлар, деб ваъда қилган эди, пайғамбарлар рост хабар берган эдилар. Сизлар мункир бўлган эдинглар. Мана шу ваъда ҳозир келди». Бас, улар Бизнинг ҳузуримизга ҳозир қилинадилар. Бас, бу кун ҳеч нафсга ҳеч қандай зулм қилинмайди. Магар амалларига яраша жазо берилади.
55-59. Энди бу кунда аҳли жаннат хурсанликка машғул бўладилар. Буларни ўзлари ва аёллари роҳатлик сояларда, тахтларда суянган ҳолда ўтириб роҳатдадирлар. Буларга қандай нозу наъимни талаб қилсалар муҳайё, Меҳрибон Парвардигор тарафидан Аҳли жаннатларга хитоб қилиб айтилади: «Салом бўлсин сизларга, эй аҳли жаннат, жаннатда хурсандлик билан роҳатланинг. Эй гуноҳкорлар, содиқ мўъминлардан ажралинглар».
60-65. Эй Одам авлодлари сизларга Мен амр қилмадимми, шайтонга итоат қилманглар, деб? Шайтон сизларга очиқ душмандир, Менга ибодат қилинглар демадимми? Бу сизларга тўғри йўл эди. Шайтон сизларнинг кўпларингизни йўлдан оздирди. Оё сизлар буни ўйламайсизларми? Эй кофирлар, сизларга ваъда қилинган жаҳаннам мана шу. Кофир бўлганликларинг учун шу жаҳаннамга киринглар. Бу кун буларнинг оғизларига муҳр босамиз. Бизга қўллари гапириб беради ва оёқлари қилган ишларидан гувоҳлик беради.
66-68. Агар Биз хоҳласак дунёда кўзларини йўқ қилган бўлардик. Бас, илгари юрмоқчи бўлсалар йўлни қандай кўрадилар. Агар хоҳласак ўз жойларида суратларини масх қилиб қўярдик. Бас, булар на юришга ва на қайтишга қодир бўлмас эдилар. Худонинг марҳаматики, бандаларга ибрат учун кўз берди ва ҳаракат қилмоқ учун оёқ берди ва меҳнат қилмоқ учун қўл берди. Ҳар кимга узоқ умр берсак, бас, у бандани аввалги халқ бўлган ҳолига қайтарамиз, яъни қувватлари заифлашади ва ақллари кам бўлади. Бу ҳолни ўйламайдиларми?
69-73. Эй Кофирлар, Муҳаммад (САВ)ни шоир деманглар! Биз унга шеърни таълим берганимиз йўқ ва унга шоирлик лойиқ эмас, балки у ошкора Қуръондир. Унда панду насиҳатлар бор. То Муҳаммад (САВ) қалби ўлмаган одамларга насиҳат қилсин. Агар Қуръонни қабул қилмасалар, Кофирларга азобнинг ҳукми собит бўлган. Оё кўрмайдиларми, Биз қудратимиз билан буларнинг фойдасига ҳайвонлар халқ қилиб бердик. Бандалар учун бу ҳайвонларда фойдалар кўп. Баъзиларидан миниб фойдаланадилар ва баъзиларини гўштини ейдилар. Баъзиларини жунидан фойдаланадилар, баъзиларининг сутини ичадилар. Энди бандалар Худонинг бу неъматларига шукр қилмайдиларми?
74-77. Кофирлар ўзларига Аллоҳдан бошқа бутларни «илоҳ» қилиб олдилар. Шу умиддаки, бу бутлар қиёмат куни ёрдам қилади, деб. Ҳолбуки, бутлар ёрдам беришга қодир эмас. Чунки жамодлар, ҳеч қандай ақл ва идроклари йўқ, балки аксинча, кофирлар бутларни сақламоққа ҳозир бўлган лашкардирлар. Эй Муҳаммад, сени кофирларни шаънингга айтган сўзлари ғамгин қилмасин. Биз уларни дилларидагини ҳам, ошкора айтган сўзларини ҳам биламиз. Шунга яраша жазо берамиз. Оё, инсон билмайдими, Биз уни бир қатра сувдан халқ қилдик. Бас, бу инсон тарбия топганидан сўнг Бизга очиқ душман бўлиб қолди.
78-83. Макка мушрикларидан бири Биз учун мисол баён қилади. Чириган суякни майдалаб шамолга учириб юбориб, «буни Худо қандай тирилтиради» - дейди. Ва ҳолбуки, у кофир ўзининг қандай маҳлуқ бўлганини эсидан чиқарибди. Чириган суякни ким тирилтиради? – дейди. Айт эй Муҳаммад, аввалги ҳолида яратган Зот яна тирилтиради. У Парвардигор ҳар қандай халқ қилмоқликка донодир. У Зотнинг шундай қудрати борки, сизларга кўкариб турган дарахтдан ўт пайдо қилади. Сизлар у дарахтдан ўт ёндириб, ўзларинга таом тайёрлайсизлар. У дарахтнинг бирини марах дейдилар. Яна бирини афор дейдилар. Араб чўлларида кўкарадиган марахнинг шохини олиб афорни шохига суркаса, ундан ўт чиқади. Осмон ва ерни халқ қилган Зот одамларга ўхшаш майда заиф махлуқ яна қайтадан яратмоққа қодир эмасми? Албатта қодир. Аллоҳ халқ қилувчи ва донодир. Парвардигорнинг шаъни шуки, бир нарсани пайдо қилишни хоҳлаб ҳукм қилиб «пайдо бўл» деса бас, пайдо бўлур. Бас Аллоҳ ҳамма нуқсонлардан пок, ҳар бир нарсани тасарруфи унинг қудратидадир: Қиёмат куни унинг ҳузурига қайтариласиз.