Ҳижратдан кейин Мадинада нозил бўлган ва 176 оятдан иборат. «Нисо»-аёллар деган маънони англатади. Бу сурада кўпинча аёллар, жамият ичидаги аёлларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ўрни ва аҳамияти борасида сўз кетганлиги учун «Нисо» деб аталган.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Шу дунёда ва охиратда бандаларга меҳрибон ва раҳмли бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман
1. Эй инсонлар, Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқинглар. У сизларни танҳо Одам алайҳиссаломдан пайдо қилди. Одам алайҳиссаломнинг аёллари Момо Ҳавони ҳам Ҳазрат Одам алайҳиссаломдан халқ қилди. Шу икковларидан эркак ва аёллар пайдо қилиб, ер юзига тарқатди. Шундай зотга исён қилишдан қўрқинглар. Ваҳоланки, ҳожатларингизни шу зотнинг номи билан талаб қиласизлар. Ва ҳам бир-бирларингиздан меҳр шафқатни ва муҳаббат риштасини узиб қўйишдан қўрқинглар. Чунки ҳаммаларингиз бир отанинг фарзандларисизлар. Албатта Аллоҳ таоло сизларга нигаҳбон ва сақловчидир.
2. Эй васийлар, етимлар балоғатга етганда молларини ўзларига беринглар. Ўзларингни ёмон молларингни етимларнинг яхши, семиз молларига алмаштириб қўйманглар. Уларнинг молларини ўзларингнинг молларингга аралаштириб еманглар. Сизларнинг бу хиёнатларинг Аллоҳнинг наздида улуғ гуноҳдир.
3-4. Эй васийлар, агар етимларинг молини тасарруф қилишда адолат қила олмасликдан қўрқсаларинг, агар етимлар қизлар бўлса, иртикофи зинога берилиб кетишдан қўрқсаларинг, бас, никоҳларингга олинглар. Сизларга ўша етим қизларнинг никоҳи ҳалол бўлса, иккитасига, учтасига ёки тўрттасига уйланишларинг мумкин. Бас, адолат қила олмасликдан қўрқсаларинг, биттадан ортиқ олманглар. Ё қўлларингда мулкият тариқасида тасарруф қилган канизлардан олинглар. Бир озод хотин олиш ва ё батариқи мулкият (мулк сифатида) қўлга киритган чўрингиз билан кифояланиш жавру зулм қилмасликларинг учун яхшироқдир.
Ислом даври ибтидосида араб жоҳиллари етимларнинг ҳақига, хусусан, етим қизларнинг ҳақларига кўп жавру ситам, хиёнат қилар эдилар. Ҳатто етим қизларнинг молларини олиб ўзларини кўчага ҳайдаб юборар эдилар. Булар кўчаларда бузилиб (фоҳиша бўлиб) кетар эдилар. Шунинг учун Парвардигор исломга кирган зотларга бу ишларни ман қилди. Қодир бўлсаларинг буларни кўчага ҳайдамасдан тўрттагача ўз никоҳларинга олиб, нафақаларини беринглар, бузуқликдан сақлаб қолинглар. Хотинларингизнинг маҳрларини (мамнунлик ила) беринглар. Агар хотинлар хурсандчилик билан маҳрларидан кечиб юборсалар,сизларга ҳалол ва таййибдир (покиза ва яхшидир).
5-6. Агар етимлар аҳмоқ (ақли заиф), мусриф (исрофкор, балоғатга етмаган)бўлсалар, бу исроф қилувчилар қўлларига молларини бериб қўйманглар. Эй волийлар, Аллоҳ таоло сизларни буларни молларини тасарруф қилиб, сақлашга муқаррар қилган. Лекин буларнинг кифоф (кифоя) ризқларини шу молларидан бериб туринглар. Буларнинг дилларига яхши сўзлар билан тасалли беринг. Айтингларки:”Мол сизларники, мен сақловчиман Сизлар балоғатга етсаларинг, молни тасарруф қилишга қодир бўлсаларинг, молларингни ўзларингга топшираман”. Эй волийлар, етимлар молларини ўзлариға топшириш олдидан ақл ва идрокларини, то балоғатга етгунча молни сақлаб қолиш қобилиятини синаб кўринглар. Агар балоғатга етгандан кейин буларнинг қобилиятини (расолигини) билсаларинг, бас, молларини ўзларига топширинглар. Эй волийлар, етимларнинг моллари қўлингизда турганда исроф қилиб, ё катта бўлса (балоғатга етса), қўлимдан олиб қўяди, деб шошилиб еманглар. Сизлар ўз хизматингиз учун шариат муқаррар қилган (белгилаган) миқдорда енглар. Сиздан ҳар кимки ғаний бўлса, бас, у тақво қилсин, емасин. Ҳар кимки муҳтож бўлса, шариат муқаррар қилган миқдорда есин. Вақтики етимларнинг молини ўзларига топширсангиз, иккита гувоҳ олиб келиб гувоҳ қилинглар. Аллоҳ таоло Қиёмат куни ножоиз еганларнинг ҳисобини олишга етарлидир.
7. Жоҳилият даврида арабларнинг одатлари шундай эдики, етимларнинг ота ва оналаридан қолган молларини амакилари ёки тоғалари тасарруф қилиб, кейин ҳам бермас эдилар. Айтар эдиларки: «Бу моллар урушга сарф бўлади, урушга бормаган одамнинг бу молда ҳақи йўқ»,-деб ўзлари еб юборар эдилар. Ҳақ таоло ушбу оятни нозил қилди: «Эрларга, хоҳ оз бўлсин, хоҳ кўп бўлсин, ота ва онасидан қолган ва ақраболаридан қолган молда насиба бор. Шунга ўхшаш хотинларга ҳам сағира, хоҳ кабира бўлсин, ота-она ва хешларидан қолган молда, у мол хоҳ кўп бўлсин ё оз бўлсин, батариқи мерос муқаррар қилинган насибалари бордир. Шариат муқаррар қилган насибаларини мерос тариқасида оладилар.
8. Вақтики, мерос тақсим қилинган жойда меросда ҳақи йўқ қариндошлар ва етимлар ва муҳтожлар ҳозир бўлиб қолсалар, бас, шу зотларга ҳам тақсим қилинган молдан эҳсон тариқасида кам-кам беринглар. Агар тақсим қилинадиган мол оз бўлса, яхши сўз билан дилларини хурсанд қилиб юборинглар.
9. Васийлар қўлларидаги етимларга ёмон муомала қилишдан қўрқсинлар. Уялсинларки, ўзларидан кейин майда сағира болаларни қолдириб кетсалар, албатта булар бошқаларнинг қўлига қолиб хор бўладилар ва зое бўладилар. Шундай фикр қилар эканлар, ўзларининг қарамоғидаги етимларга раҳм қилиб, яхши муомала қилишлари керак. Буларга жабр қилишдан Худодан қўрқишлари керак. Ва буларга шундай сўзлар билан муомала қилишлари керакки, гўё ўз фарзандларига муомала қилгандек.
10. Албатта етимларнинг молини ножоиз ейдиган васийлар гўёки қоринларига ўт ейдилар. Яъни бу Қиёмат куни дўзах ўтини ейишларига сабаб бўлади. Ва булар албатта дўзахга кирадилар.
11. Эй мўъминлар, Аллоҳ сизларга авлодларингнинг мероси тўғрисида шу тариқа амр қиладики, эрларга хотинлар насибасининг икки баробари тегади. Майитнинг авлодлари қиз бўлсалар, иккита ёки иккитадан ортиқ бўлса, буларга моли матрукадан (қолдирилган молдан) учдан икки ҳисса тегади. Ва агар қиз битта бўлса, унга молнинг ярми тегади. Агар майитнинг боласи бўлса? майитнинг ота ва онаси ҳаёт экан ҳар қайсисига олтидан бир ҳисса тегади. Агар майитнинг боласи бўлмаса, фақат ота ва онаси мерос оладиган бўлса, бас, онасига учдан бир тегади, қолган икки ҳисса отага қолади. Агар маййитнинг биродарлари бўлса, хоҳ ота ва онаси бир, ё ота бир ва ё она бир, бас, бу ҳолатда онасига олтидан бир тегади (қолгани отага тегади). (Бу тақсимотлар) қачонки васият ижро этилгандан ва қарз адо қилингандан сўнг бўлади. Сизлар оталарингиздан ва ўғилларингдан қайси бирининг фойдаси тегишини билмайсизлар, чунки фақат Худо билади. Бас, сизлар ўзларингча баъзиларининг ҳақидан зиёда ё кам беролмайсизлар. Шунинг учун Аллоҳ ҳар бирларининг (меросдаги) ҳиссаларини муайян қилди ва фарз қилди. Албатта, Аллоҳ таоло ҳар бирларининг меросларини билувчи ва ҳиссаларини (муайян қилиб) ҳукм қилувчидир.
12. Эй эрлар, сизларга хотинларинг қолдирган матрука моли (мерос)дан ярим ҳисса тегади, башартики, хотинларингизнинг боласи бўлмаса. Хоҳ битта бўлсин, хоҳ кўп бўлсин, хоҳ сиздан бўлсин, хоҳ бошқадан бўлсин, хоҳ ўғил бўлсин, хоҳ қиз, хоҳ ўзи туққан бўлсин, хоҳ набира бўлсин. Бас, агар хотинларингнинг боласи бўлса, сизларга тўртдан бири тегади. (Бу тақсимот) марҳумларнинг васиятни адо қилинган ва қарзи адо этилгандан сўнг бўлади. Агар сизлардан ҳеч қандай бола бўлмаса, сизлар қолдирган молларингиздан хотинларингизга тўртдан бири тегади. Агар болаларингиз бўлса, бас, у ҳолда моли матрукдан (марҳумнинг) васияти ва қарзи адо қилингандан сўнг хотинларингизга саккиздан бири тегади. Ва агар маййит хоҳ эркак, хоҳ хотин бўлсин, калола бўлса, яъни ота ва онаси бўлмаса ва авлодлари ҳам бўлмаса, агар она бир биродари бўлса ва ё она бир синглиси бўлса, бас, ҳар қайсисига олтидан бир (ҳисса) тегади. Эркак бўлсин ё хотин бу ҳиссада баробардир. Бас, агар шу она бир биродари ё она бир сингили кўп бўлсалар, бу ҳолда (марҳумнинг) ворисларга зарар етказмайдиган тарздаги васият ва қарзи ижро этилгандан сўнг ҳаммалари учдан бир ҳиссага шерик бўладилар. Бу ҳукмлар Худо тарафидан муқаррардир. Аллоҳ таоло ҳолларингга доно ва меҳрибондир.
13. Ушбу муқаддам ўтган етимларнинг ҳуқуқи ва меросларнинг тақсими Худо муайян қилиб қўйган ҳукмлардир. Бунга тажовуз қилманглар. Ҳар кимки шу ҳукмларга итоат қилар экан, Аллоҳ таоло у кишини тагидан анҳорлар оқиб турган жаннатга киргизади. Булар доим бу жаннатда бўладилар. Бу иноят Аллоҳ таоло тарафидан улуғ зафардир.
14. Ҳар кимки Худо ва расулига осий бўлар экан, бу ҳукмларини бажо келтирмас экан, Аллоҳ таоло уни дўзахга дохил қилади. У дўзахда абадий қолади. Унга Қиёмат куни оғир азоб бордир.
15-16. Эй эркаклар, сизларнинг эрга теккан хотинларингиздан биронтаси зинокор (фоҳиша) бўлса, буларнинг зинокорлигига оқил, озод ва болиғ эрлардан тўрт кишини гувоҳ қилинглар. Эй шариат ҳокимлари, агар бу тўрт киши гувоҳ гувоҳлик берсалар, бу хотинларни то ажаллари етиб, бу дунёдан кетгунча ё Худои таоло буларга бирон нажот йўлини очиб бергунча уйга қамаб сақланглар (ҳибс этинглар). Бу оятнинг ҳукми «Нур» сурасидаги тошбўрон қилиш ёки юз дарра уриш ояти билан мансухдир. Ва агар сизлардан қиз ва жувонларингиз шу қабиҳ ишни қилар бўлсалар, бас, буларга азият беринглар, тил билан маломат қилинглар, ва қўл билан уринглар. Бас, агар тавба қилсалар ва ахлоқларини тузатсалар, уларга азият беришдан қўлларингизни тортинглар. Албатта, Аллоҳ таоло тавбаларни қабул қилувчи ва бандаларга меҳрибондир. Бу оят ҳам «Нур» сурасидаги оят билан мансух бўлди.
17-18. Худо тарафидан шундай одамнинг тавбалари қабул бўладики, улар, илмсизлик орқасидан (нодонлик қилиб) гуноҳ қиладилар, сўнгра оз замон ўтгандан кейин (дарҳол) пушаймон бўлиб, тавба қиладилар, яъни ўлим аломатлари зоҳир бўлмасдан туриб, тавба қиладилар. Бас, Аллоҳ таоло буларнинг тавбасини қабул қилади. Аллоҳ таоло бундай бандаларнинг ҳолига донодир, амалларига қараб ҳукм қилувчидир. Гуноҳ қилишда давом этган одамларнинг тавбасини қабул қилмайди. Буларга вақтики ўлим аломати зоҳир бўлса: «Энди мен тавба қилдим»,-дейдилар. У одамларнинг тавбалари қабул эмас, охир дамда кофирлик билан кетади. Бас, Қиёмат куни бундай гуруҳларга қаттиқ азоблар тайёр қилиб қўйилган.
19. Эй мўъминлар, сизларга хотинларнинг меросини жабран олиб емоқларинг ҳалол эмас. Хотинларни бошқа эрга тегишдан ман қилманглар, шунинг учунки, берган маҳрларингни ундан қайтариб оласизлар. Арабларда шундай қоида бор эдики, хотинларнинг ота ва онасидан теккан меросни ўзларига бермасдан жабран ер эдилар. Хотинларни хоҳламасаларда уйларида мажбуран сақлар, талоқ қилмас, ҳуқуқларини адо ҳам этмасдилар. У бечора эрининг берган маҳрларини ва бошқа берган нарсаларини қайтариб, хулъ қилишга мажбур бўлар эдилар. Аллоҳ таоло мўъминларни ушбу ёмон феъллардан ман қилди. Магар, хотинларни ман қилишга ушбу ҳолатда ҳақларинг борки, очиқ суратда зинокор бўлса, бу суратда берган маҳрларингни қайтариб олсаларинг бўлади. Агар хотинларинг афифа (покдоман) бўлса, улар билан яхши яшанг, ширин сўз ва хушфеъл бўлинглар. Шариатга мувофиқ ҳуқуқларини адо этинглар. Бас, агар хотинларингни ёмон кўрсаларинг сабр қилинглар. Сизлар кўп нарсани ёмон кўрасизлар, ваҳоланки Аллоҳ таоло ўша нарсада хайр ва баракот муқаррар қилгандир.
20-21. Агар сизлар хотинларингиздан бирон сабаб билан жудо бўлиб, ўрнига бошқа хотин олишни истасанглар талоқ қилишларинг мумкин, лекин унга маҳр тариқасида кўп мол берган бўлсангиз, ё оз мол берган бўлса ҳам, уни қайтариб олманглар. Ё берган маҳрини буҳтон ва гуноҳ билан қайтариб оласизларми? Яъни, хотинингизга «ёмон йўлга юрдинг», деб, у бечорага буҳтон қиласизлар. Ёки очиқ гуноҳга қўл уриб, қўлидан молни қайтариб оласизлар. Яъни: «Маҳрни бошқалардан қарз олган эдим»,-деб ёлғондан гувоҳ келтириб олмоқчимисизлар? Қандай қилиб маҳрни қайтариб оласизлар? Ваҳоланки ўрталарингда хилвати саҳиҳа бўлган; ийжоб ва қабул билан ўрталарингда аҳд мустаҳкам бўлгандир.
22. Исломдан илгари араб жоҳиллари оталари никоҳларига олиб қўюб юборган хотинни ўғиллари олар эди. Худои таоло бу феълни шу оят билан ман қилди: «Оталаринг никоҳларига олган аёлни сизлар олманглар. Магар жоҳилият даврида - Исломдан илгари шу феъл сизлардан содир бўлган бўлса, Худо кечиради. Албатта бу феъл ёмон феълдир. Худонинг ғазабига сабаб бўлади. Ва бу йўл ниҳоятда ёмон йўлдир. Бу йўлга юрманглар».
23. Сизларга оналарингиз ва момоларингизнинг никоҳи, қиз ва набираларингизнинг никоҳи, ҳамшираларингизнинг (опа-сингил) хоҳ ота ва она бир бўлсин, ё ота бир она бошқа бўлсин, ё она бир ота бошқа бўлсин ва аммаларингизнинг никоҳлари хоҳ отангиз билан она ва ота бир бўлсин ё ота бир она бошқа ва ё она бир ота бошқа бўлсин, ҳар суратда буларнинг никоҳи ҳаром қилинди. Ва ҳам холангизнинг никоҳи хоҳ онангиз билан бир ота ва бир онадан бўлсин, ё ота бир она бошқа ё она бир ота бошқа бўлсин ҳаром қилинди. Ва ака ва укаларингизнинг, юқорида айтилганидек, уч суратда ҳам биродар бўлсалар уларнинг қизлари ва разои (эмишган) оналарингизнинг никоҳи, унинг оналари, момолари, ва разои отанинг оналари, ва разои ҳамшираларингиз (эмишган опа-сингил) никоҳи ҳаром қилинди. Ва хотинларингизнинг оналари (қайнаналарингиз)нинг никоҳи, хоҳ оналари насабий (туққан) бўлсин, хоҳ разои (эмишган) бўлсин, сиз мубошарат қилган (жинсий алоқа қилган) хотинларингизнинг раббия (тарбиянгизда бўлган) қизлари ҳаром қилинди. Ва агар мубошарат қилмаган хотин билан (талоқ қилиб) ажрашган бўлсангиз олдинги эридан бўлган қизини никоҳингизга олсангиз гуноҳ эмас. Ва ҳам ўз сулбингиздан бўлган ўғилларингиз хотинларининг никоҳи ҳаромдир. Агар сизнинг пушти камарингиздан бўлмаган фораз (асранди) ўғил бўлса, унинг хотинини олишингиз мумкин. Шунингдек, сизларга иккита ҳамшира (опа -сингил) қизни никоҳингизда жам қилиш (яъни бирини талоқ қилмасдан иккинчисига ҳам уйланиш) ҳаром қилинди. Магар, Исломдан аввал (опа-сингилга) ношаръий уйланган бўлсангиз Худо авф этади. Аллоҳ таоло Исломга кирмасингиздан аввал қилган амалларингизни кечирувчидир. Бандаларга меҳрибондир.
5-пора
24. Сизларга эри бор хотинлар ҳам ҳаром қилинди, магар уларга молик бўлсангиз, яъни ғазотдан (урушдан) асир қилиб олган хотинлар (чўрилар)га молик бўлганингдан сўнг уларнинг мубошарати (никоҳи) сизларга ҳалол қилинди. Худои таоло сизларга бу ҳукмларни ёзиб, амал қилишни маълум қилди. Амал қилинглар. Ушбу ҳаром қилинган аёллардан бошқаси ҳалол қилинди. Токи, сизлар хотинларга молларигиздан маҳрларини бериб, никоҳларингизга олсаларинг, жоиздир. Шу тариқаки, батариқи шаръий (шариатга мувофиқ) бўлсин. Батариқи шаръий бўлмаса, зино ҳисобланади. Вақтики, хотинларингиздан фойдаланасизлар, Худо тарафидан фарз қилинган маҳрларини беринглар. Маҳр муқаррар қилингандан сўнг ўз ризоларинг билан (яъни келишиб, хотиннинг хоҳиши билан) ё кам қиласизлар, ё кўп қиласизлар, ё кечиб юборасизлар ихтиёр сизларда бунда ҳеч бир гуноҳ йўқ. Аллоҳ таоло бандаларнинг қилмишларига донодир, ва никоҳ ишларида ҳукм қилувчидир.
25. Агар озод мўъмина хотин олишга кучларинг етмаса, қўлингизда бўлган мўъмина канизларни (никоҳингизга) олсангиз бўлаверади. Аллоҳ таоло дилларингиздаги иймондан доно (хабардор)дир. Шариати аҳкомияга зоҳирдаги иқрорларингиз кифоя қилади. Насабларингизга фахрланиб каниз хотин олишдан ибо қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингиздан пайдо бўлгансиз. Балки ҳаммаларингиз Ҳазрати Одам авлодларисизлар. Бас, эгалар (хожалар)нинг рухсати билан канизларни никоҳларингизга олинглар. Уларга маҳрларини яхшилик билан беринглар. Маҳрларини ҳам моликларининг изни билан беринглар. Лекин шу (сиз никоҳингизга олган) канизлар покдоман бўлсин, зония бўлмасин ва на махфий тарзда ўзларига дўстлар (ўйнаш, жазман) пайдо қилмаган бўлсин. Бас, ҳар вақтики каниз эр қилгандан сўнг, агар зино қилсалар, шоҳидлар қоим бўлса (гувоҳлар ҳозир бўлса), уларга ҳур хотинларга бериладиган жазонинг ярми вожиб бўлади, яъни эллик дарра урилади. Бехотинликдан машаққат тортадиган ва зинога муртакиб бўлишдан қўрқадиган кишиларга ушбу канизлардан хотин олмоқ жоиздир. Каниз хотин олишдан кўра то ҳур хотин муяссар бўлгунча сабр қилиб тўхтаб турсаларинг, ўзларингга яхшироқ эди. Болаларингизнинг насаби ҳам тоза бўлар эди. Албатта, Аллоҳ таоло хатоларингизни кечирувчи, сизларга меҳрибондир.
26-28. Аллоҳ таоло сизларга ҳалол ва ҳаромни баён қилишни, сизларни илгариги ўтган ҳазрати Иброҳимга тобеъ бўлган умматларнинг йўлларига ҳидоят қилишни ва ҳам сизларнинг хатоларингизни кечиришни хоҳлайди. Аллоҳ таоло сизларнинг маслаҳатларингизни яхши билади ва у яхши ишларга ҳукм қилувчидир. Аллоҳ таоло сизларнинг тавбаларингизни қабул қилишни хоҳлайди. Лекин сизлардан бир гуруҳлар борки, нафсоний шаҳватга юрувчилардир. Булар ҳидоят йўлидан бутунлай гумроҳлик йўлига майл қилишингизни истайдилар. Аллоҳ таоло сизларга енгилликни ирода қилади. Чунки, инсон заиф ва ожиз халқ қилингандир. Оғир таклифларни бажара олмайди.
29-30. Эй мўъминлар, ўрталарингдаги бир-бирларингизнинг молларингизни ҳаром йўл билан: масалан ўғрилик қилиб, ё қиморбозлик қилиб, ёки тортиб олиб, ёки сўдхўрлик қилиб еманглар. Магар тижорат тариқасида, ҳам икки тарафнинг розиликлари билан бўлса, мол-дунёга эга бўлсангиз жоиздир. Эй мўъминлар, ушбу ҳаромларга машғул бўлиб нафсларингизни ҳалокатга солманглар. Албатта, Аллоҳ таоло сизларга меҳрибондир. Сизлардан ҳар кимки, ҳаддидан тажовуз қилиб, ушбу ман қилган нарсаларга муртакиб бўлар экан, яқинда биз уларни дўзахга киргизамиз. Бу иш Аллоҳ таолога осондир.
31. Эй мўъминлар, агар сизлар ман қилинган катта гуноҳлардан парҳез қилсангизлар, кичик гуноҳларингизни кечирамиз. Ва ҳам сизларни ҳурмат билан муаззиз (азиз бўлган) бир мақомга (жаннатга) киргизамиз.
32. Эй мўъминлар, баъзиларингиздан Худо баъзиларга зиёда фазилатлар берган бўлса ҳасрат-адоват билан уни орзу қилманглар. Эркакларга ҳам касб қилган нарсаларида Худо тарафидан муқаррар қилинган насибалари бор ва аёлларга ҳам касб қилган нарсаларида Худо тарафидан тақдир қилинган насибалари бор. Ҳақ таоло ўз ҳикмати ва тадбири билан ҳар кимга лойиқ ризқни муқаддар қилган. Лозим шуки, бир кишининг кўп молини кўриб, ҳасад қилмаслик керак. Бировнинг қўлидаги нарсага тамаъ қилмасдан, Худонинг фазл ва марҳаматини сўранглар. Албатта Аллоҳ таоло ҳар кимга лойиқ (насиба, ризқ) тақсим қилишга донодир.
33. Сизлардан ҳар бирларингга ота ва она ва хеш-ақраболаринг қолдириб кетган молга меросхўр халқ қилганман. Ва бир-бирларингиз билан аҳд-паймон қилган бўлсангиз, бас, уларнинг ҳақларини адо этинглар.
Арабларда Исломдан аввал бир-бири билан аҳд қилиб, қўл олишиб қасамёд қилиш одати бор эди. Бу одат шу мазмунда эдики, душманингга душман ва дўстингга дўстдирман. Сени биров қатл қилса, мен интиқом оламан. Мени биров қатл қилса, сен интиқом оласан. Мен ўлсам меросимга шериксан, сен ўлсанг мен меросингга шерикман. Ислом ибтидосида бу ҳукм жорий эди. Чунончи юқоридаги оятда «аҳд-паймон қилганларнинг насибаларини беринглар»,-демоқда. Аммо мерос ояти билан бу хил аҳд-паймон мансух бўлди. Албатта Аллоҳ таоло сизларнинг ҳар бир қилган ишларингга гувоҳдир.
34. Эркаклар хотинларнинг маишатини (ҳаётий муаммоларини) хал этувчи ва тарбия қилувчидирлар. Шу сабаданки, Худо эрларга хотинларга нисбатан ақлда, фаҳм ва фаросатда зиёда фазилат берган. Жиҳод ва хилофатда хотинларнинг тарбиясини эрларга топширган. Эркакларнинг ортиқликлари шундаки, меҳнат қилиб топган молларидан хотинларга нафақа қиладилар. Бас, бунинг муқобилига фармонбардор яхши хотинлар эрларининг ҳақларини шариатга мувофиқ адо этишлари керак. Ва ҳам эрлари ғойиб бўлган ҳолда омонатларини сақлашлари керак. Шунинг учунки, Худо таоло буларнинг саломатлик ва тандурустликларини ва обрўларини сақлади. Эркакларни буларга муҳаббатлик қилди. Энди, эй эркаклар, хотинларингизнинг нофармонлик (итоатсизлик) қилишидан қўрқсангиз, ҳақиқатан ҳам шундай аломатлар пайдо бўлса, бас, хотинларингизга мулойим сўзлар билан панд ва насиҳат қилинг. Эрга исён қилган хотинларни Худонинг муқаррар қилган азоблари билан қўрқитинг. Агар насиҳатга итоат этмасалар, жойингизни ўзгартиринг. Агар бунда ҳам бўлмаса уринг, аммо қаттиқ урманг. Бас, агар итоат қилсалар буларга ортиқча зулм қилманглар. Албатта Аллоҳ таоло баланд ва улуғ зотдир. Зулм қилувчилардан интиқом олади.
35. Эй ҳокимлар, агар эр ва хотин ўртасида ноиттифоқчиликдан қўрқсангиз ва булар ўртасида жудолик бўлишини сезсангиз, бас эрнинг қариндошидан бир ҳукм қилувчи одам (ҳакам)ни ва шунга ўхшаш хотиннинг қариндошидан бир ҳукм қилувчини юборинглар. Бу ҳокимлар ислоҳга келтирсалар, Аллоҳ таоло ҳам бу эр ва хотиннинг ўртасига ислоҳ ато қилиб, иттифоқчиликни беради. Албатта Аллоҳ таоло эр ва хотин ўрталаридаги муомалага доно ва хабардордир.
36-37. Эй мўъминлар, Худога ибодат қилишда бошқаларни шерик қилмасдан холис ўзига ибодат қилинг. Ота-оналарингизга яхши сўзингиз билан, яхши феълингиз билан ва молингиз билан яхшилик қилинг. Етимларга дилдорлик ва мискинларга садақа қилинг. Қариндош ҳамсояларингизга ва ёнбошларингизда ҳамсуҳбат бўлган рафиқларингизга ва йўлда қолган мусофирларга ва қулларингизга ва хизматкорларингизга яхшилик қилинг. Албатта Аллоҳ таоло бахиллик қилувчи гуруҳларни ҳамда халқнинг бахилликка далолат қилувчиларни, Худонинг берган фазлу марҳамати ва илмини кайм (яширувчи, пинхон) тутувчиларни, мутакаббир мақтанчоқларни дўст тутмайди. Биз кофирларга ниҳоятда қаттиқ хор қилувчи азобларни муҳайё қилиб қўйганмиз.
38-39. Макка мушриклари молларини мискинларга нафақа қилар эдилар. Улар ўзларини халққа кўрсатиш, фахрланиш ва катталик қилиш учун шундай қилар эдилар. Ваҳоланки, улар Аллоҳ таолога иймон келтирмас ва охиратга ишонмас эдилар. Фақат Шайтон иғвосига учраган эдилар. Ҳар ким шайтонга рафиқ бўлар экан, бас, у кўп ёмон рафиқдир. Агар Худога ва охиратга ишонсалар, уларга нима зарар бўлар эди? Худо берган молларидан Худонинг йўлида нафақа қилсалар эди, Аллоҳ таоло Қиёмат куни бунинг ажрини бир неча баробар қилиб берар эди. Чунки Аллоҳ таоло буларнинг аҳволларига донодир.
40. Албатта Аллоҳ таоло бирор банданинг ҳақига, заррача бўлса ҳам, нуқсон етказмайди. Агар заррача яхши амал қилса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни у кишига бир неча баробар қилиб савобларини беради. Ва ўз тарафидан фазлу марҳамат билан улуғ савоблар ато қилади.
41-42. Қиёмат куни, вақтики, ҳар бир умматнинг ўз пайғамбарларини гувоҳ қилиб ҳозир қилсак ва у пайғамбар қайси бир уммат иймон келтиргану қайси бири кофирлигича қолганлигига гувоҳлик берса, уларнинг аҳволи қандай бўлади? Ва сени ҳам гувоҳлик бериш учун умматингнинг тепасига ҳозир қилсак, сен уларни қайси бири мусулмон, қайси бири кофир ва қайси бири мунофиқ эканлигига гувоҳлик берсанг, бас, бу суратда аҳволлари оғир бўлади. Шу аснода кофир бўлганлар ва расулга исён қилганлар ўлмоқни орзу қилиб айтадиларки: «Кошки ер бизни қайтадан кўмса эди, ё қабрдан чиқмасак эди?!». Бундай ҳолатда Худодан ҳеч бир сўзни яшириб қололмайдилар, чунки тамом аъзолари гувоҳлик берадилар.
43. Вақтики хамрнинг ҳаромлиги тўғрисида ҳали (ҳануз) оят нозил бўлмаган эди, шароб ичиш мубоҳ эди. Абдураҳмон ибни Авф разияллоҳу анҳунинг уйларида зиёфат бўлиб, саҳобалардан бир гуруҳлари шу жойда шароб ичдилар ва маст бўлдилар. Намоз вақти бўлгач, намозга турдилар. Имом намозда қироат қилди. «Кафирун» сурасининг . . . . . . . . «Ло аъбуду» оятини . . . . . . . . (Аъбуду) деб қироат қилди. Ҳақ таоло бу оятни нозил қилиб айтдики: «Эй мўъминлар, то намозда қироат қилган сўзларингизни идрок қилишингиз учун маст ҳолатингизда намозга яқин келманглар. То ғусл қилмагунларингча, жунублик ҳолатларингда ҳам намозга яқин келманглар. Магар йўловчи, мусофир сув тополмаса, таяммум қилиб намозини ўқиса бўлади. Ва агар сизлар касал бўлсаларинг сув истеъмоли зарар қилса, ё сафарда бўлсанглар, сув йўқ бўлса, ё сизлардан биронталарингни таҳорати синган бўлса, ё сизлардан биронталаринг хотинлар билан мубошарат қилган бўлсаларинг, таҳорат қилишга сув топмасаларинг, тоза тупроққа таяммум қилинглар. Бас, биринчи марта тупроққа уриб юзларингга суртинглар ва иккинчи маротаба тупроққа қўлларингнинг ювиладиган жойларига суртинглар. Албатта Аллоҳ таоло оғирликларни сиздан кўтариб, енгилликлар берувчи ва хатоларингизни кечирувчидир.
44-46. Эй Муҳаммад, Худо тарафидан Тавротнинг илмидан насиба берилган яҳудларнинг олимларини кўрмадингми? Булар ҳиядоятнинг бадалига залолатни ихтиёр қилдилар. Сизларни ҳам тўғри йўлдан оздиришни истайдилар. Аллоҳ таоло сизларнинг душманларингиз ҳолига зиёда донодир. Аллоҳ таоло сизларни дўст тутишга етарлидир. Ва ҳам сизларга ёрдам бермоққа етарлидир. Яҳуд олимларидан баъзилари Расулуллоҳдан эшитган сўзларини ташқарига чиқиб, бошқача қилиб асл маъносини ўзгартириб таъвил қилардилар. Ва Расулуллоҳга айтадиларки: «Сенинг сўзингни эшитдик, лекин амрингни бажо келтирмадик, ва сен ҳам бизнинг сўзимизни эшит, лекин Худо сени эшитувчи қилмасин, бизларнинг сўзимизга эътибор бер»,- «Роино» сўзини ишлатдилар. Бу сўз яҳудларнинг луғатида дашном эди, шунинг учун ҳам шу калимани ишлатдилар. Шу ҳолатдаки, тилларини яширин тариқасида дашномга айлантирар эдилар. Ва ҳам Ислом динига шу хилда таъна етказар эдилар. Агар бу яҳудлар айтсалар эдики: «Сўзингни эшитдик ва итоат қилдик, сен ҳам сўзимизни эшитгин ва бизнинг тарафимизга назар қилгин («унзурно»)»,-деганларида яхши бўлар эди. Лекин аслида буларнинг куфрлари сабабли Худованди таоло ўз раҳматидан маҳрум қилган. Бас, булардан кўплари кофир бўлиб, озгиналари иймон келтирган.
47. Эй аҳли китоблар, юзларингизни тескари қилишимиздан илгари сизларнинг китобларингизни тасдиқ қилувчи Муҳаммадга нозил қилган Қуръонга иймон келтиринглар. Агар иймон келтирмас эканлар, буларни раҳматимиздан узоқ қиламиз. Чунончи шанба куни шикор (ов) қилувчиларни лаънатлаган, раҳматимиздан узоқ қилган (маймун ва тўнғизларга айлантириб қўйган) эдик. Албатта, Худонинг ҳукми амалга ошади.
48. Албатта, Аллоҳ таоло ўзига бошқа бир нарса шерик қилинса кечирмас ва ширкдан бошқа гуноҳни хоҳлаган бандасидан кечиради. Ва кимки Аллоҳ таолога шерик пайдо қилса, у одам кўп катта гуноҳ қилган бўлади.
49-50. Эй Муҳаммад, бу аҳли китобларни кўрмадингми? Булар ўзларини гуноҳдан пок деб ҳисоблайдилар. «Бизлар Худонинг дўстлари»,- деб таърифлайдилар. Буларнинг бу даъволари ботилдир. Худои таоло ҳар кимни хоҳласа пок ва саодатли қилади. Бу даъво қилувчилар гуноҳларига яраша азоб тортадилар. Буларга зиёда азоб бериб, зулм қилинмайди. Эй Муҳаммад, булар қандай Худонинг шаънига туҳмат қилишади, кўргин. Шу ёлғонлари гуноҳлари учун етарлидир.
51-52. Оё, сен уларга китобдан ҳисса (насиба) берилган жамоани кўрмадингизми? Улар бутга ва Шайтонга иймон келтирадилар ва кофирларга айтадиларки: «Бу жамоа иймон келтирган зотлардан кўра ҳидоятда ортиқроқ (яъни тўғрироқ этиқодда)дирлар». Ана шуларyи, Аллоҳ таоло лаънатлагандир. Ва кимники Аллоҳ таоло лаънат қилган бўлса, сен унга (бошқа) мададкор топмассан.
53-54. Оё, яҳудлар подшоҳликни - нубувватнинг насибасини ўзларига хос деб ўйлайдиларми? Ҳаргиз шундай эмас. Парвардигор хоҳлаган миллатни бундан насибадор қилади. Бас, агар яҳудларга подшоҳлик (мол-мулк) хос бўлганда ҳам ҳеч бир инсонга заррача бўлса-да, эҳсон қилмас эдилар. Балки булар Худонинг бошқа инсонга берган фазл-марҳаматига (пайғамбарлигига) ҳам ҳасад қилар эдилар. Ахир, биз Иброҳим алайҳиссаломнинг авлодига ҳам пайғамбарликни ва уларга китобларни, илмни ва улуғ подшоҳликни берганмиз-ку!. Яъни ҳеч бир миллатга Худонинг марҳамати хос эмас, (Аллоҳ) қайси миллатни хоҳласа, ана ўшанга (фазлу марҳаматини) ато қилади.
55. Бас, яҳудлардан ҳидоят қилинганлари Муҳаммад алайҳиссаломга ва Қуръонга иймон келтирдилар ва баъзилари эътироз этиб, мункир бўлдилар. Исломдан юз ўгириб мункир бўлганларга жаҳаннамнинг азоби, ёниб турган ўти кифоя қилур.
56. Албатта, бизнинг оятларимизга кофир бўлган зотларни яқинда, яъни Қиёмат кунида ўтга (жаҳаннамга) дохил қилурмиз. Ҳар қачонки терилари куйиб тамом бўлса, яна янгидан (қайтадан) териларини ўзгартирамиз, токи азоб тортмоқликлари давом этсин. Албатта Аллоҳ таоло ўзининг ҳар бир амрида қудратлидир. Ҳеч ким Унга монеъ бўлолмайди ва ҳар бир феъли ҳикматлидир.
57. Худо ва Расулига иймон келтирган ва яхши амал қилган зотларни Қиёмат қоим бўлганда тагидан анҳорлар оқиб турган жаннатга киргизамиз. Шу жаннатда ҳамиша бўладилар. Буларга шу жаннатда ҳар қандай ифлослик (нопоклик)лардан пок хотинлар муҳайёдир. Буларни яхши, роҳатли сояларга ўтиргизамиз.
58. Албатта Аллоҳ таоло қўлларингиздаги омонатларни ўз аҳлига топширишга амр қилади. Вақтики халқ ўртасида ҳукм қилсангизлар, адолат билан ҳукм қилишга амр қилади. Албатта, Аллоҳ таоло сизларга қандай яхши панд ва насиҳат беради. Аллоҳ таоло айтган сўзларингизни эшитувчи ва аҳволларингизни кўрувчидир.
59. Эй мўъминлар, Худога, расулига ва ҳам ўзларингиздан муқаррар бўлган ҳокимларингизга итоат қилинглар. Агар ўрталарингда бирон нарса тўғрисида жанжал қилиб қолсангизлар, Худонинг китобига ва Расулуллоҳнинг ҳадисларига мурожаат қилинглар. Агар ҳақиқатда Худо ва расулга, Қиёмат кунига иймонларинг бўлса, шундай қилишларинг ўзларингизга яхши бўлади.
60. Қуйидаги оятнинг нозил бўлиш сабабини муфассирлар бундай ривоят қилибдурлар: бир яҳуд билан бир мунофиқ ўртасида жанжал бўлди. Булар муҳокама учун бирон ҳукм қилувчига рози бўлдилар. Яҳуд Расулуллоҳнинг ҳукмларига ружуъ қилишни хоҳлади. Мунофиқ яҳудларнинг каттаси Каъб ибн Ашрафнинг ҳукмига рози бўлди. Яҳуд охир Расулулоҳга масалани арз қилиб келди. Расулуллоҳ яҳуднинг фойдасига ҳукм қилдилар. Мунофиқ бу ҳукмга рози бўлмади. Йўлда Ҳазрати Умарга рўбарў келдилар. Мунофиқ «Ҳазрати Умарнинг ҳукмларига рози бўламан»,- деди. Яҳуд Ҳазрати Умарга айтдики: «Биз Расулуллоҳнинг олдиларига муҳокама учун борган эдик. Расулуллоҳ менинг фойдамга ҳукм қилдилар. Энди бу рози бўлмасдан сизнинг ҳукмингизга мурожаат қилмоқчи». Ҳазрати Умар қиличларини ғилофидан чиқариб, «Расулуллоҳнинг ҳукмига рози бўлмаган одамнинг жазоси шу»,- деб қилич билан мунофиқнинг бошини кесдилар. Ҳақ таоло бу оятни нозил қилди. Оё бу жамоанинг: «Сенга нозил бўлган Қуръонга ва сендан аввал ўтган пайғамбарларга нозил бўлган китобларга иймон келтирганмиз»-деб даъво қилганини кўрмадингми? Ва яна Шайтоннинг иғвоси билан йўлдан адашган гумроҳ Каъб ибн Ашрафнинг олдида муҳокама қилишни истайдилар. Ваҳоланки, улар бу гумроҳнинг ҳукмини инкор қилишга маъмур бўлганлар. Шайтон ёмон гумроҳликка мубтало қилишни хоҳлайди.
61-63. Вақтики бу мунофиқларга: «Келинглар Худо ва Расулининг ҳукмига рози бўлинглар»,-деб айтилса, бу мунофиқларнинг ҳолатини, инод(саркашлик)лари сабабидан юз ўгиришларини кўрасан. Вақтики буларга қилган гуноҳлари орқасидан мусибат етса, қандай изтиробга тушадилар. Кейин сенинг олдингга келиб: «Биз яхшиликдан бошқа нарсани ирода қилганимиз йўқ эди»,-деб Худонинг номига қасамёд қиладилар. Ваҳоланки Аллоҳ таоло дилларидаги нифоқни билади. Бас, сен буларнинг қилган ишларидан юз ўгиргин ва буларга панд-насиҳат қилгин. Буларнинг нафсларини ислоҳ қилиш учун яхши сўзларни айтгин. Шоядки дилларига таъсир қилса.
64. Биз қайси бир расулни бандаларга юборган бўлсак, фақат Худонинг амри билан бандалар бу пайғамбарларга итоат қилсинлар, деб юбордик. Вақтики улар ўз жонларига зулм қилиб гуноҳ қилсалар, ҳузурингга келиб Аллоҳ таолодан мағфират талаб қилсалар ва расул ҳам улар учун мағфират тиласа эди, албатта улар Аллоҳ таолони кечирувчи ва раҳм қилувчи топар эдилар. Лекин булар шундай қилмадилар.
65. Бас, сенинг Парвардигоринг номига қасамки, улар то сени ўз ўрталарида бўлган жанжалларда ҳакам билмагунларича ва сенинг ҳукмингга қалбдан хуш кўрмагунларича ва унга таслим бўлмагунларича ҳаргиз мўмин бўлмаслар. Мўминларга лозим шуки, пайғамбарнинг ҳукмини бажонидил қабул қилсинлар.
66-68. Агар мўминлик даъвосини қилганларга, яҳудларга (бани Исроилга) буюрганимиздек: «Гуноҳларинг учун ўз нафсларингизни қатл қилинглар ёки обод шаҳарларингдан чиқиб кетинглар»,-деб ҳукм қилсак, у (мўмин)лардан ҳеч ким бу ҳукмга итоат қилмасди. Магар улардан озгина ихлосли одамлар бажо келтирар эдилар. Агар бу зотлар пайғамбар тарафидан юборилган панд ва насиҳатларга амал қилсалар эди, ўзларига яхши бўлар, иймонларининг русухига (мустаҳкамлигига) далолат қилган бўлар эдилар. У вақтда биз буларга улуғ савоблар берар ва ҳам буларни тўғри йўлга солар эдик.
69-70. Ҳар кимки Худо ва расулининг ҳукмига итоат қилиб сидқидил билан бажо келтирар экан, Қиёмат куни булар биҳиштда, Худо улуғ неъматини инъом қилган пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга бўладилар. Бу зотлар жаннатда қандай яхши рафиқлардир, чунки Расулуллоҳ алайҳиссалом айтибдиларки: «ҳар ким яхши кўргани билан бирга бўлади». Бу гуруҳнинг яхши рафиқлар билан бирга бўлиши Худо тарафидан улуғ марҳаматдир. Аллоҳ таолонинг илми ҳар бир кимсани билиш учун етарлидир.
71-73. Эй мўминлар, жанг асбобларингизни олинглар. Дин душманлари билан жанг қилиш учун гуруҳ-гуруҳ бўлиб ёки ҳаммангиз бирликда жам бўлиб, жангга боринглар. Албатта сизларнинг ичингизда шундай мунофиқлар борки, орқага ташлаб жанг қилишни хоҳламай, ҳар хил баҳоналар билан қоладилар. Ва агар сизларга мусибат етса, шикаст бўлса, бу мунофиқлар айтадиларки: «Худо менга марҳамат қилган экан, бу асҳоблар билан бирга бўлмадим, акс ҳолда мен ҳам ўлиб кетардим». Ва агар сизларга Худо тарафидан фатҳ ва зафар етса, гўё бегона одамга ўхшаб: «Кошки шулар билан бирга бўлсам эди, ғанимат молларига эга бўлган бўлар эдим», - дейдилар.
74. Эй мўминлар, сизларга лозим шуки, сидқидил ва ихлос билан охиратнинг бадалига дунёни ихтиёр қилган душманларга қарши Худо йўлида жиҳод қилинглар. Ҳар кимки Худонинг йўлида сидқ-ихлос билан жанг қилиб шаҳид бўлса, ё зафар топса, бас, охиратда уларга ажри азийм (улуқ мукофот) берамиз.
75. (Эй иймон келтирганлар) сизларга нима бўлдики, Худонинг динига нусрат бериш учун Маккада кофирларнинг қўлида асир бўлиб қолган мусулмонлар, хотинлар ва болаларни қутқариш учун жиҳодга машғул бўлмайсизлар. Бу бечоралар зори ва тазарру билан: «Эй Парвардигор, бу аҳли золим Маккадан бизни чиқаргин, бизларга Ўз тарафингдан ёрдам берувчи ва бизни қутқарувчиларни муқаррар қилгин», - деб дуо қилурлар.
76. Ҳақиқатан Худо ва Расулига иймон келтирган жамоалар, Худонинг йўлида Худо ризоси учун жанг қиладилар ва кофир бўлганлар жамоалар, Шайтоннинг йўлида Шайтон учун жанг қиладилар. Бас, эй Худонинг дўстлари, Шайтоннинг дўстлари билан жанг қилинглар. Буларнинг макр ва ҳийлаларидан қўрқманглар. Албатта шайтоннинг макри Ҳақнинг муқобилида заиф ва сустдир.
77. Эй Муҳаммад, бу жамоани кўрмадингизмики, буларга: «Бир-бирларингни ўлдиришдан қўлларингни тортиб туринглар, Худонинг буюрган намозини адо этинглар ва закотларингизни мустаҳиқлар (лойиқ кишилар)га беринглар»,-деб айтилган эди. Вақтики жиҳод ояти нозил бўлиб, мушриклар билан қитол (жиҳод) қилиш фарз бўлганда, энди булардан бир жамоаси мушриклар билан қитол қилишдан Худодан қўрқандек, балки ундан ҳам қаттиқроқ қўрқиб турдилар. Ҳатто айтар эдиларки: «Парвардигор бизларга қитолни нима учун фарз қилдинг? Нима учун бизларни ўлим келгунча тирик қолдирмадинг?». Эй Муҳаммад, буларга айтгин: «Бу дунёга мағрур бўлманглар, дунёдан озгина фойда оласизлар. Худодан қўрққан бандаларга охират яхшидир ва ипга баробар (қилчалик) ҳам сизларга зулм қилинмайди. Ўлимдан қўрқиб, жиҳодни тарк қилманглар».
78. Эй жамоа, сизлар қайси жойда бўлсаларингиз агарчи мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топади. Агар бу мунофиқларга яхшилик бўлса ё бирон ғанимат молни ўлжа қилиб, олсалар, айтадиларки: «Бу Худо тарафидан келди». Ва агар буларга мусибат етса ёки қаҳатчилик бўлса, айтадиларки: «Бу шумлик сенинг тарафингдан келди». Эй Муҳаммад, буларга айтгилки: «Ҳар бир нарса хайр бўлсин ё шар (ёмонлик) бўлсин, Худо тарафидандир». Бу қавмга нима бўлди ҳайвонларга ўхшаб ҳеч бир нарсани фаҳмламайдилар.
79. Эй инсон,ҳар яхшилик сенга етса, Худонинг фазл ва марҳаматидандир ва ҳар кулфатки сенга етса, ўз қилмишларингдандир. Эй Муҳаммад, сени халқ учун пайғамбар қилиб юбордим. Бунга Аллоҳнинг гувоҳлиги кифоядир.
80. Ҳар кимки Расулуллоҳга итоат қилса, бас, у албатта Аллоҳ таолога итоат қилибди. Ҳар кимки итоат қилмасдан иъроз (инкор) қилар экан, бас, биз сени уларни ёмон ишдан сақлаш учун юбормадик.
81. Мунофиқлар сенинг ҳузурингга келсалар, ҳар ҳукмки қилсанг: «Биз фармонбардормиз»,-дейдилар. Сенинг олдингдан чиққандан сўнг булардан бир тоифаси кечаси ўтириб сўзлашганда сенинг олдингда сўзлаган сўзларидан қайтиб, бошқа сўзни, яъни итоат қилмасликларини айтадилар. Ваҳоланки Аллоҳ таоло кироман котибайн (амалларни ёзиб турувчи икки фаришта)га буюриб, кечасидаги сўзлаган сўзларини ёздиради. Сен булардан юз ўгиргин, буларнинг саркашликларига парво қилма! Худога таваккул қил! Аллоҳ таолонинг қудрати ҳар бир ишни тасарруф қилишга етарлидир.
82. Нима учун Қуръонга амал ва тафаккур қилмайдилар, токи буларга Қуръоннинг ҳақлиги зоҳир бўлар эди. Агар бу Қуръон Худодан бошқа бирон махлуқнинг каломи бўлганда эди, кўп нуқсон ва халал топган ва бир-бирига зид аҳкомлар бўлар эди.
83. Вақтики мунофиқларга бирон яхшилик ё ёмонлик хабари етса, бу хабарни ҳаммага ошкора қиладилар. Кўп вақт бундай хабарларни ошкора қилишликдан мусулмонларга зарар етади. Агар хомуш бўлсалар ва бу хабарни ошкора қилмасалар, Расулуллоҳ ва улуғ саҳобаларга ҳавола қилсалар, бу хабар Расулуллоҳнинг воситалари билан ошкора бўлса, ва ҳам бошқалар Расулуллоҳдан билсалар яхши бўлар эди. Агар Худонинг фазл ва марҳамати бўлмаганда эди, фақат озгина одамдан ташқари ҳаммангиз Шайтонга эргашган бўлар эдингиз.
84. Эй Муҳаммад, агар бошқалар бормасалар ҳам ўзинг танҳо Худонинг йўлида жиҳод қилгин. Жиҳодга ҳеч ким таклиф қилинмайди, магар сен ўзинг мукаллафсан (яъни ўзинг учун масъулсан. Танҳо ўзинг бўлсанг ҳам жиҳод қил). Бошқалар бормасалар, ғамгин бўлмагин. Мўминларни жиҳодга тарғиб қил, таклиф қилма. Албатта Аллоҳ таоло кофирларнинг ҳужумини мусулмонлардан даф қилади. Аллоҳ таолонинг урушда ҳайбати кофирларникидан қаттиқроқдир ва ҳам азоби қаттиқроқдир.
85. Ҳар кимки хайрли иш учун шафиъ (хайрихоҳ) бўлса у шафиъга ҳам савобдан насиба берилади. Ва ҳар кимки, бировнинг ҳаққига зулм қилиш учун шафиъ бўлар экан, бунга ҳам гуноҳдан шафиъ бўлгани учун насиба берилади. Албатта Аллоҳ таоло ҳар бир ишга қудратли ва тавонодир (қодирдир).
86. Вақтики сизларга бир мўмин тарафидан салом берилса, бас сизлар унинг жавобига унинг саломидан яхшироқ қилиб қайтаринглар. Яъни салом берувчи: «Ассалому алайкум»,-деса, сизлар унинг жавобига: «Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи»,-деб айтинглар. Агар у «ва раҳматуллоҳи»ни қўшиб салом берса, сизлар «ва баракотуҳу»ни зиёда қилинглар. Агар зиёда қилмасанглар ҳеч бўлмаса ўзини қайтаринглар. Албатта Аллоҳ таоло ҳар бир қилган амалларингизнинг ҳисобини олади.
87. Ёлғиз Аллоҳдан бошқа ҳеч (қандай) маъбуд йўқдир. Аллоҳнинг номига қасам, албатта, Қиёмат куни сизларни қабрларингдан тургизиб, маҳшаргоҳга жам қилади. Бу ҳақдир, ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Ҳеч ким сўзида, ваъдасида Аллоҳ таолодан зиёда содиқ эмасдир.
88. Эй мўъминлар, сизларга нима бўлди. Мунофиқлар тўғрисида икки фирқа бўлдиларинг? Сизлардан бир фирқа айтадики: «Мунофиқлар кофирдир, ўлдирмоқ керак». Бошқа фирқа айтадиларки: «Мунофиқлар мусулмондир». Ваҳоланки Аллоҳ таоло буларнинг исёнлари сабабидан мардуд қилгандир. Аллоҳ таоло гумроҳ қилган халқни ҳидоят қилмоқни истайсизларми?! Ҳар кимни Худо гумроҳ қилса, уни ҳидоят қилишга ҳеч қандай йўл топмайсизлар.
89-90. Макка кофирлари сизларни ўзларига ўхшаган кофир қилишни дўст тутадилар (хоҳлайдилар). Токи сизлар ҳам залолатда улар билан баробар бўлсаларинг. Бас, сизларга лозим шуки, кофирлар то вақтики иймон келтириб, Худонинг йўлида ҳижрат қилиб сизларга қўшилмагунларча улардан биронтасини ўзларингга дўст тутманглар! Бас, агар иймондан юз ўгирсалар, буларни ушланглар, асир олинглар, қайда топсаларинг ўлдиринглар. Буларни ёр ва мададкор деб билманглар, балки ўлдиринглар. Магар сизлар билан аҳд-паймон қилган жамоани ё уларга қўшилганларни, сизлар билан жанг қилишни хоҳламайдиган, балки сизлар билан иттифоқ бўлишни (сулҳ тузишни) истайдиган жамоани ўлдирманглар. Худойи таоло агар хоҳласа, у кофирларни сизларга мусаллат (ғолиб, ҳукмдор) қилар, ва улар сизлар билан жанг қилган бўлар эди. Лекин Худойи таоло сизларга марҳамат қилиб, кофирларни мусаллат қилмади. Бас, агар кофирлар сизлардан алоҳида бўлиб, сизлар билан жанг қилмасалар, сизлар билан сулҳ тузсалар, у ҳолда Аллоҳ таоло сизларга уларни ўлдиришга йўл бермайди.
91. Яқинда сизларга келиб Ислом келтиргандек кўринган бир жамоани топасизлар. Буларнинг иймон келтиришдан мақсадлари сизлардан эмин (тинч) бўлсинлар, қавмларини ҳам эмин қилсинлар ва қатлдан сақласинлар. Лекин ҳар вақтки, бошқа кофирлар тарафидан яна аҳли Ислом билан урушишга тарғиб қилинсалар, яна орқаларига қайтиб кофир бўладилар. Ва сизлар билан жанг қиладилар. Агар сизлар билан урушишни тарк этмасалар, сулҳ қилишни хоҳламасалар ва ҳам қўлларини урушдан тортмасалар, бас, сизлар ҳам муқотала қилиб, ушланглар ва асир қилинглар, қаерда топсаларинг ўлдиринглар. Мана шу сизларга муқотала қилишларинг учун очиқ ҳужжатдир.
92. Мўминларга бир биродар мўминни ноҳақ қасддан ўлдирмоғи жоиз эмас, магар билмасдан ўлдириб қўйса. Агар ҳар ким бир мўминни билмасдан ўлдириб қўйса, жазосига бир мўмин ғуломни (қулни) озод қилади. Ва меросхурлари дият(хун баҳоси)ни-агар кечиб юбормасалар- уларга диятни тўла адо этиш вожиб бўлади. Агар ўлдирилган киши мўмин бўлиб, сизларнинг душманларингиздан (душман қавмдан) бўлса, бас, у ҳолда бир мўмин қул озод қиласизлар, дийят бермайсизлар. Агар у мақтул шундай гуруҳдан бўлсаки, улар билан сизлар ўртангизда аҳд-паймон бўлса, бас, бу ҳолда дийят ҳам тўлайсизлар, қўл ҳам озод қиласизлар. Ҳар кимки, қул (озод қилиш)га қодир бўлмаса, бас, жазосига икки ой кетма-кет рўза тутади. Аллоҳ хато қилганларингиз учун ва тавбаларингизни қабул бўлиши учун бу жазони муқаррар қилди. Аллоҳ таоло қотил билан мақтулнинг ҳолларига донодир. Ўрталарида адолат билан ҳукм қилувчидир.
93. Ҳар кимки бир мўминни қасддан, ҳалол билиб қатл қилса, бас, унинг жазоси жаҳаннамда доим азоб тортишдир. Аллоҳ таоло бундай қотилга ғазабини сочади ва раҳматидан узоқ қилади. Унга улуғ азоб тайёрлаб қўйгандир.
94. Эй мўъминлар, Худо йўлида жиҳод қилиш учун сафар қилганларингда сизларга бирон нотаниш одам йўлиқса, унинг ҳолини яхши текширинглар. «Эҳтимол кофирдир»,- деб ўлдириб қўйманглар. Сизларга салом берган кишини: «Мўмин эмассан», - деманглар. Сизлар унинг молини олмоқчи бўласизларми? Худодан талаб қилинглар, сўранглар, Худонинг наздида ғанимат моли кўпдир. Бундан илгари жоҳилият даврида сизларнинг ҳолларингиз шундай эди. Бас, Худойи таоло сизларга эҳсон қилди, Ислом динига кирдиларинг. Одам ўлдиришга таъжил қилманглар (шошилманглар), ҳолини яхши текширинглар. Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг амалларингиздан бохабардир.
95-96. Мусулмонлардан узрсиз ўз уйларида ўтирувчилар билан Аллоҳ таоло йўлида мол ва жонларини сарф қилиб, жиҳод қилувчилар баробар эмасдир. Аллоҳ таоло молу жонлари билан жиҳод қилувчиларни ўз уйларида ўтирувчилардан даражасини зиёда қилган. Ва Аллоҳ таоло мужоҳидларни ўтирувчиларга қараганда ажри азиймда ортиқ (афзал) қилган. Улар учун Аллоҳ тарафидан улуғ даражалар, мағфират ва раҳмат бор. Аллоҳ таоло мағфират қилувчи ва раҳмли зотдир.
97-99. Бир жамоаларки, Ислом ибтидосида ўз нафсларига зулм қилиб, Расулуллоҳ билан бирга ҳижрат қилмасдан кофирлар билан дўст бўлиб, Маккада қолганлар Малоикалар уларнинг жонларини қабз қилгандан кейин айтадилар: «Сизлар қайси ҳолда эдиларинг. Нима учун ҳижрат қилмасдан мушриклар билан қолдиларинг?» Булар жавобига айтадиларки: «Бизлар Макка ерида ожиз эдик. Кофирлардан қўрқиб ҳижрат қилмадик». Малоикалар айтадиларки: «Худонинг ери кенг эмасмиди? Балки сизлар ҳижрат қилишларинг учун кофирлардан жудо бўлишни ихтиёр этмадиларинг». Энди буларнинг жойи жаҳаннамдир. Буларнинг борадиган жойлари кўп ёмондир. Магар у эр-хотинлар ва болалар ҳақиқатда ночордирки, улар чиқиб кетиш учун бирор тадбир билолмайдилар ва йўл тополмайдилар мана бу жамоа учун Аллоҳ таоло уларни авф этишига умид бордир. Аллоҳ таоло авф этувчи ва мағфират қилувчидир.
100. Ҳар кимки, Худо йўлида ҳижрат қилар экан, қайси ерга борса, Худо тарафидан кенглик ва ризқ-рўзида фаровонлик топади. Ҳар кимки Худо ва Расули учун ҳижрат қилиб уйидан чиқар экан, йўл узра қазо ва қадар етиб ўлар экан, унинг савоби Худонинг наздида собитдир, яъни меҳнати зое бўлмайди. Албатта, Аллоҳ таоло бандаларнинг гуноҳларини кечирувчи ва уларга меҳрибондир.
101. Вақтики сизлар ер юзида сафар қилсаларинг, агар кофирларнинг фитнасидан қўрқсаларинг тўрт ракатли намозни икки ракатга қисқартирсаларинг сизларга ҳеч бокиси (зарар) йўқдир. Албатта кофирлар сизларга ошкора душмандир.
102. Вақтики сен Ислом лашкари ўртасида бўлсанг, душманнинг хавфи зиёда бўлса, Ислом лашкарининг намозини ўқиб бермоқчи (имом) бўлсанг, лашкарни икки гуруҳга тақсим қилгин. Булардан бир гуруҳи сен билан бирга намозга шуруъ қилсин, бошқа гуруҳ кофирлар муқобилида турсин. Сен билан бирга намоз ўқувчилар жанг қуролларини ўзлари билан сақлашлари лозим. То вақтики булар сажда қилгунларига (яъни, бир ракат ўқиб бўлгунларига) иккинчи тоифа уларни душман ҳужумидан сақлаб турсин. Аввалги бир ракат ўқиган гуруҳ сўнг душман муқобилига борсинлар. Намоз ўқимаганлар келиб сен билан бирга намозга шуруъ қилсинлар, лекин эҳтиёт тариқасида жанг қуролларини ўзлари билан бирга сақласинлар. Булар бир ракат ўқигандан сўнг душман муқобилига борадилар. Аввалги бир ракат ўқиганлар қайтиб келадилар. Сен билан намозга иштирок қиладилар, шу тариқада намозни тамом қиладилар. Кофирлар сизлар қуролларингиздан ғофил бўлиб, матоларингиздан бепарво бўлишларингиз билан тепаларингизга бирдан ҳамла қилишни дўст тутадилар. Агар сизларга ёмғирдан азият бўлса, ё касал бўлсаларингиз шундай ҳолатда жанг қуролларингизни ўзларингдан жудо қилсанглар (ечиб қўйсанглар) сизларга ҳеч бок (зарар)и йўқ. Ҳар ҳолда эҳтиёт бўлишларинг лозим. Қуролларингизни узоққа қолдирмасдан, ўзларингизга яқин жойда сақланглар. Албатта Аллоҳ таоло кофирларга хор қиладиган азобни муҳайё қилгандир.
103. Вақтики намозни тамом қилганларингдан кейин, Худони урушиб турган ҳолларингизда, ўтирган ҳолларингизда, ёнбошлаб ётган ҳолларингизда ёд қилинглар. Яъни кофирларнинг муқобилида ҳар вақт Худони ёд қилишдан ғофил бўлманглар. Вақтики уруш хавфидан эмин бўлсаларинг, намозни шароитлари билан мукаммал адо этинглар. Албатта, мўминларнинг бўйинларига намозни ўз вақтида адо этиш фарз қилингандир.
104-105. Эй мўъминлар, Уҳуд урушидан қайтган мушриклар билан яна жанг қилишга суст бўлманглар. Агар сизлар Уҳуд урушидаги жароҳатлардан алам тортган бўлсаларинг, улар ҳам сизларга ўхшаб жароҳатлардан алам тортгандирлар. Ваҳоланки, сизлар Худонинг раҳматидан умидворсизлар, кофирлар умидвор эмаслар. Албатта Аллоҳ таоло сизнинг ботинларингизни билади, шунга биноан ҳукм қилади.
106-108. Ривоят қилинадики, саҳобалардан Туъма (бин Убайриқ) номли бир шахс Қатода розиёллоҳу таоло анҳунинг уйларидан бир қоп унни бир зирҳ (совут) қопининг ичига солиб ўғирлаб уйига олиб борди. Яна қўрқиб уйидан олиб чиқиб бир яҳудийнинг уйига омонат қўйди. Қопнинг таги йиртиқ экан йўлда ун тўкилиб борган. Эрта билан Қатода разияллоҳу анҳу тўкилган унни нишона олиб, Туъманинг уйига келган. Туъмадан сўраса: «Мен олганим йўқ», - деб қасамёд қилган. Яна уннинг нишонаси билан яҳудийнинг уйига келган. Яҳудий айтганки: «Кеча Туъма менинг уйимга бир қоп унни омонат қўйиб кетган эди». Бошқа яҳудийлар ҳақиқатда тўғри, деб гувоҳлик бердилар. Қатода розияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, воқеани баён қилади. Туъманинг қариндошлари келиб Расулуллоҳдан Туъмани ҳимоя қилишни илтимос қиладилар. Айтадиларки: «Ўғриликни яҳуднинг бўйнига қўйинг. Бизнинг обрўйимизни сақланг». Расулуллоҳ шундай қилишни ирода қилдилар. Худодан ушбу оят нозил бўлди: «Албатта биз сенга Қуръонни ростлик билан, токи Худонинг буйруғига мувофиқ халқ ўртасида ҳукм қилишинг учун нозил қилдик. Хоинларни ҳимоя қилиб, бегуноҳ одамга хусумат қилмагин! Бу ироданг учун кечирим сўра. Албатта Аллоҳ таоло кечирим сўраганларни мағфират қилади. Аллоҳ бандаларига меҳрибондир. Ўз нафсларига ҳам, бошқаларга ҳам хиёнат қиладиган жамоаларнинг тарафини олиб, бегуноҳ одам билан жанжал қилма! Албатта Аллоҳ таоло хоин бўлган одамларни дўст тутмайди. Ажаб бу одамларгаки, халқдан шарм қиладилар, Худодан шарм қилмайдилар. Ваҳоланки Худо буларнинг асрорларини билади, гўё булар билан биргадир. Вақтики кечаси ётганда Худо рози бўлмайдиган тадбирларни маслаҳат қиладилар ва ёлғон сўзларни тўқийдилар. Ваҳоланки Аллоҳ таолонинг илми, буларнинг қилган ишларини ва сўзларини, тадбирларини иҳота қилувчидир».
109. Огоҳ бўлинглар, сизлар шундай жамоадирсизларки, бу дунёда хоинларни ҳимоя қилиб, бегуноҳ билан мужодала қилмоқчи бўласизлар. Қиёмат куни бўлганда ким Худо билан мужодала қилади. Булар тарафидан ва буларга ким вакил бўлиб, Худонинг азобини улардан даф қила олади.
110. Ҳар кимки ёмонлик қилса, ё ўз нафсига зулм қилса, сўнгра пушаймон бўлиб Худога тавба қилса, албатта, Худо кечирувчи ва раҳм қилувчи зотдир.
111. Ҳар кимки бир гуноҳни касб қилса, албатта, у ўз нафсининг зарарига касб қилибди. Албатта, Аллоҳ таоло банданинг ҳолини билади. Анинг ҳолига яраша жазо берувчи ҳикматли зотдир.
112. Ҳар кимки гуноҳи сағира ёки гуноҳи кабира қилса, кейин ўз қилган гуноҳини бир бегуноҳ одамга туҳмат қилса (ағдарса), бас, бундай одам улуғ гуноҳга муртакиб бўлган ва бошқаларга бўҳтон қилгандир.
113. Эй Муҳаммад, агар сенга Худонинг фазл ва марҳамати бўлмаганда эди, Туъманинг қавмидан бир жамоа сени гумроҳ қилишга қасд қилган эди- ноҳақ ҳукм қилишга тарғиб қилган эди. Лекин булар сени гумроҳ қила олмадилар, магар ўз нафсларини гумроҳ қилдилар. Ва ҳам сенга ҳеч қандай зарар етказолмадилар, чунки Аллоҳ таоло сенга Қуръонни ва шариат аҳкомини нозил қилди. Ва сенга билмаган нарсаларингни таълим берди. Сенга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати улуғдир.
114. Одамларнинг бир-бирларига бефойда, бекорчи сўзларни айтишда ҳеч хайр ва савоб йўқдир. Магар хайр ва савоб шундай сўзларда борки, бир-бирларини яхши ишларга ва садақотларга амр қилсалар, ё халқ ўртасини ислоҳ қилиш учун сўзласалар, албатта, ажр топажаклар. Ҳар кимки шу яхши амалларни Худо ризоси учун қилар экан, Қиёмат куни бу бандаларга ажри азим берамиз.
115. Ҳар кимки ҳақ зоҳир бўлгандан кейин, расулга мухолиф бўлса, унинг амрини бажо келтирмаса, мўъминларнинг йўлидан бошқа йўлни ихтиёр қилса ва гумроҳликни дўст тутса, бу дунёда Биз бу бандаларни дўст тутган гумроҳлик йўлларига юргизамиз ва сўнгра жаҳаннамга киргизамиз. Жаҳаннам кўп ёмон жойдир.
116. Албатта, Аллоҳ таоло гуноҳлар ичида ширкни кечирмайди. Ширкдан бошқа гуноҳларни хоҳлаган бандасидан кечиради. Ҳар кимки бошқа нарсани Худога шерик қилар (ва ширк келтирар) экан, бас, бу банда оғир гумроҳликка мубтало бўлгандир.
117-121. Бу мушриклар Худога ибодат қилмасдан, балки Лот, Уззо ва Манот исмли хотинларнинг ҳайкалига ибодат қиладилар. Аслида булар Худонинг лаънатига гирифтор бўлган шайтонга ибодат қиладилар. Ваҳоланки, шайтон қасамёд қилиб, мардуд бўлган ҳолатида айтган эдики: «Мен албатта сенинг бандаларингни гумроҳ қилишни ўзимга муқаррар вазифа қилдим. Мен буларни ўзимнинг тоатимга даъват қиламан, васваса қилиб, йўлдан оздираман, дилларига дунёнинг орзу ҳавасини соламан, ножоиз ишларга амр қиламан. Бас, булар ҳайвонларнинг қулоқларини кесадилар ва ўзларига гўштини ҳаром қиладилар. Яна буларга Аллоҳ таоло махлуқларининг аҳволларини тағъйр беришни (ўзгартиришни) амр қиламан. Масалан, инсонни бичиб қўйиш ва ливотагарлик (бесоқолбозлик) ва шунга ўхшаш ботил ишларга мубтало бўладилар. Ҳар кимки, Худога итоат қилмасдан Шайтонни дўст тутиб, унинг буйруқларига итоат қилар экан, дунё ва охиратда очиқ зиёнга учрайди. Шайтон бандаларга дунёда узоқ умр кўришни, орзуларга етишишни ваъда қилади. Лекин ҳар ваъдаки, Шайтон қилган бўлса, ёлғон ва ботилдир. Бу Шайтонга эргашган бандаларнинг жойлари жаҳаннамдир. Ундан ҳаргиз нажот топмайдилар.
122. Иймон келтирган, яхши амаллар қилган бандаларни Қиёмат куни остидан анҳорлари жорий бўлган жаннатга киргизамиз. Бу мўъминлар абадий жаннатда бўладилар. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Худонинг сўзидан бошқа кимнинг сўзи ростроқ бўлади?!
123. Охиратнинг саодати ва нажоти сизларнинг орзуларингга ҳам ва аҳли китобнинг орзусига ҳам мувофиқ бўлмайди, балки яхши амалларга мувофиқдир. Ҳар кимки ёмон амал қилса, охиратда ёмон жазо билан жазоланади. Ва ҳам Худодан бошқа ёрдамчи дўст топмайди.
124. Ҳар кимки, хоҳ мўмин эркак бўлсин, хоҳ мўмина хотин бўлсин, яхши амаллар қилса, шулар жаннатга кирадилар. Савобларидан заррача ҳам кам қилинмайди ва уларга зулм ҳам қилинмайдилар.
125. Нафсини Худонинг ризосига топширган ва ҳар бир яхшиликларни қилувчи ва ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг динига эргашган кишининг динидан яхшироқ дин борми? Иброҳим алайҳиссалом Худо тарафига мойил бўлган зот эдилар. Ва ҳам Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни ўз муҳаббатига хос қилган (дўст тутган) эди.
126. Ҳар нарсаки, осмонда ва ердадир ҳаммаси хос Худонинг мулкидир. Аллоҳ таолонинг қудрати ва илми ҳамма нарсани иҳота қилгандир.
127. Эй Муҳаммад, одамлар сендан хотинларнинг мероси хусусида фатво талаб қиладилар. Уларга айтгин хотинларнинг мероси хусусида Аллоҳ сизларга Қуръонда тиловат қилинган оятлар орқали баён қилиб беради. Етим қизларнинг сизларга муқаррар қилинган меросини (уйлансангиз маҳрларини) бермасликларингизни, меросларига эга бўлиш учун никоҳларингизга олмоққа рағбат қилмоқлдикларингизни ҳаром эканлигини ва ҳам Қуръон заиф ва бечора болаларнинг меърослари ҳукмини баён қилиб беради. Яна Қуръон етим қизларнинг маҳрлари хусусида адолат ва ростликни қоим қилишга ҳукм қилади. Сизларнинг етим ва гўдакларга қилган ҳар хайр ва яхшиликларингизни Аллоҳ таоло билади ва унга лойиқ ажр-мукофот беради.
128. Ва агар хотин киши эрининг бемуҳаббатлиги ва ундан жудо бўлишидан қўрқса, бас, бир-бирлари билан сулҳ қилсалар, яъни хотин ўз маҳридан кечса ё навбатни кундошига берса, икковига ҳеч боки (зарари) йўқ. Ҳар ҳолда жудо бўлишларидан сулҳ қилишлари яхшироқдир. Ҳар бир нафснинг бахиллик қилиши (қизғаниши) табиийдир. Агар яхшилик қилсаларинг, ҳар бир муомалада Худодан қўрқсаларинг, бас, албатта Аллоҳ таоло сизларнинг амалларингизга донодир.
129. Эй бандалар, бирдан ортиқ хотинларингиз бор бўлгач, сизлар хотинлар ўртасида гарчи адолат қилишга ҳарис бўлсаларинг ҳам ҳаргиз адолат қилишга қодир эмассиз. Бас, бирор яхши кўрган хотинларингга гарчи у яхши сурат бўлсада, зиёда майл қилиб, иккинчисини, на эри борлиги маълум ва на талоқ қилингани маълум – муаллақа хотин ҳолига ташлаб қўйманглар. Агар ўз ҳоларингизни ислоҳ қилсаларинг ва шундай амаллардан парҳез қилсаларинг, бас албатта Аллоҳ таоло аввалги ўтган адолатсизликларингни кечиради ва сизларга раҳм қилиб, тавфиқ ато этади.
130. Агар эр ва хотин бир-бирларидан жудо бўлсалар, энди ҳолим танг бўлади деб қўрқмасинлар. Аллоҳ таоло ҳар бирларига ризқ-рўзи бериб, мустағни (бой) қилади. Албатта, бандалар учун Аллоҳ таолонинг марҳамати кенг ва ўз феълида ҳикматлидир.
131. Ер юзидаги ва ҳам осмондаги ашёлар хос Худонинг мулки ва махлуқидир. Сизлардан аввал ўтган аҳли китобларга ҳукм қилган эдик ва сизларга ҳам шундай ҳукм қиламиз: «Худонинг азобидан қўрқинглар ва Худога ширк келтирманглар, агар сизлар кофир бўлиб, Худонинг ҳукмига итоат қилмасаларинг, билингларки, осмондаги ва ердаги ашёлар ҳаммаси Худонинг мулки ва махлуқидир. Аллоҳ таоло сизларнинг тоатларингиздан мустағний (беҳожат) ва ҳар ишда мамдуҳ (мадҳу санога лойиқ)дир».
132. Осмон ва ердаги махлуқотлар Худонинг мулкидир. Бу ашёларни қандай тасарруф қилса, қудрати бордир. Ўзи кифоя қилгувчи вакилдир.
133. Эй бандалар, агар Парвардигор хоҳласа, сизларни йўқ қилиб, ўрниларингизга бошқа миллатни халқ қилиб келтиради. Албатта, Аллоҳ таоло шундай қилишга қодирдир.
134. Сизлардан ҳар кимки тоатлари ва ибодатларининг жазосини (ажрини) хоҳласа, Аллоҳ таоло шу дунёда беради. Аллоҳ наздида бу дунёнинг ва ҳам охиратнинг жазоси (савоби) муқаррардир. Бас, сизларга лойиқ бўлгани шуки, фоний дунёнинг роҳатини тарк этиб охиратнинг савобини истанглар. Албатта Аллоҳ таоло сизларни сўзларингизни эшитувчи ва афъолларингизни кўрувчидир.
135. Эй мўъминлар, ҳар бир ҳукмларингда адолатни барпо қилинглар ва бировларнинг ҳақига Худо учун (адолат билан) шаҳодат (гувоҳлик) беринглар. Агарчи бу шаҳодатларинг ўз нафсларингиз ё ота-она ва ё хеш-ақраболарингиз зарарига бўлса ҳам. Аллоҳ таоло шаҳодат берилган одамга сизлардан кўра меҳрибонроқдир. Агар шаҳодат берилган одамлар бой бўлсалар ҳам, андиша қилманглар ё фақир бўлсалар ҳам раҳм қилманглар. Албатта Худо розилиги учун шаҳодат (гувоҳлик) беринглар. Ҳавои нафсонийга тобеъ бўлманглар ва ҳақдан юз ўгирманглар. Агар шаҳодат беришдан тилларингни сақласаларинг ё юз ўгирсаларинг, албатта, Аллоҳ таоло бу қилган амалларингизга донодир ва шунга лойиқ жазо беради.
136. Эй мўъминлар, ихлос ва эътиқод билан Худога, Расулига, Қуръонга ва Қуръондан илгари нозил қилган китобларга иймон келтиринглар. Ҳар ким Аллоҳ таолога, малоикаларига, китобларига, расулларига ва қиёмат кунига кофир бўлса, бас, шундай банда қаттиқ гумроҳ бўлган ва Худонинг раҳматидан узоқ бўлгандир.
137. Албатта Мусо алайҳиссаломга иймон келтириб, гусолапарастлик (бузоқпарастлик) билан кофир бўлган, сўнгра яна тавба қилиб, иймон келтирган ва яна Ийсо алайҳис-саломни инкор қилиб, куфрларини зиёда қилган у зотларнинг гуноҳларини Аллоҳ таоло мағфират қилмайди, чунки куфрлари билан умрларини тамом этдилар. Аллоҳ таоло бу гуруҳни ҳақ йўлга ҳидоят қилмайди.
138-139. Эй Муҳаммад, мўъминларнинг бадалига кофирлар билан дўстлик қилган шу мунофиқларга Худонинг қаттиқ азобидан хабар бергин! Оё, булар кофирлардан қувват ва ғалаба умид қиладиларми?! Ҳаргиз бу мақсадга етолмаслар, чунки қувват ва ғалаба ҳаммаси Худоникидир. Хоҳлаган бандасига ато қилади.
140. Эй мўъминлар, албатта Худои таоло сизларга Қуръонда Анъом сурасида шу мазмунда оят нозил қилган эдики: «Қуръоннинг оятларини масхара қилувчиларни кўрсангиз, улардан юз ўгиринг». Яна таъкидан сизларга шуни амр қиламанки, вақтики бир мажлисда Қуръоннинг оятини кофирлар масхара қилганини эшитсангиз, улар билан бу мажлисда то бошқа сўзга ўтмагунларича бирга ўтирманг. Агар сизлар шу кофирлар билан ўтирсангиз, сизлар ҳам шуларнинг жамоасидан деб ҳисобланасиз. Албатта Аллоҳ таоло мунофиқларни ва кофирларни жаҳаннамда жам қилувчидир.
141. Бу мунофиқлар ҳамиша сизларга шикаст ва кулфат етмоғини умид қилиб, мунтазир бўладилар. Бас, агар кофирлар билан жанг қилган ҳолатларингда Худо тарафидан фатҳ ва зафар сизларга бўлса, бу мунофиқлар, сизларга айтадиларки: «Биз жангда сизлар билан эмасмидик? Бизларни ёрдам берганимиз орқасидан сизлар ғалаба қилдингиз. Бас, ғанимат молидан бизларга ҳам беринглар». Агар кофирлар сизларга ғалаба қилсалар, бу мунофиқлар кофирларга айтадиларки: «Оё, бизнинг қувватимиз ғалаба қилишга етмасмиди, албатта, етар эди. Лекин бу жангда сустлик қилдик. Мўъминларга яхши ёрдам бермадик, балки мўъминларни ғалаба қилишидан сизларни сақладик. Бас, ҳақиқатан биз сизларга ёрдам бердик. Шунинг учун мўъминлардан олган ғанимат молга биз ҳам шерикмиз». Бас, Аллоҳ таоло Қиёмат куни ўрталарингизга шу тариқа сизларни жаннатга ва мунофиқларни дўзахга ҳукм қилади. Аллоҳ таоло ҳаргиз кофирларга мўъминларни қатл қилишида ёрдам бермайди.
142-143. Албатта мунофиқлар тиллари билан иймон изҳор қилиб, дилларида куфрни яшириб, Худонинг буйруғига макр ишлатмоқчи бўладилар. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло буларнинг фириблари учун жазо берувчидир. Бу дунёда оятларни юбориб, шарманда қилади, охиратда азоб беради. Мунофиқларнинг ҳоллари шуки, мўъминлар билан намозга турсалар ниҳоятда малол билан турадилар. Мўъминларга намозларини кўрсатмоқчи бўладилар. Худонинг ёдини қилмаслар, магар риёкорлик билан кам ёд қиладилар. Булар куфр билан иймон ўртасида ҳайрон бўлиб турувчи ва тараддуд ичра қолувчидирлар. На ҳақиқий кофир бўлиб, кофирларга қўшиладилар ва на ҳақиқий мўъмин бўлиб, мўъминларга қўшиладилар. Кимники Худои таоло гумроҳ қилса, бас, сен ҳаргиз уни ҳидоят қила олмассан.
144. Эй мўъминлар, кофирларни ўзларингга дўст тутманглар. Сизлар Қиёмат куни (ўз зарарингизга) мунофиқлигингизга Худонинг равшан (очиқ) ҳужжат келтиришини хоҳлайсизларми? Албатта бу феълларингиз мунофиқлик аломатидир.
145-146. Албатта мунофиқлар дўзахнинг энг тубидан жой оладилар. Буларни Худонинг азобидан сақловчи (ҳимоя қилувчи) ҳеч қандай ёрдамчи топилмайди. Магар шу жамоаки нифоқдан тавба қилиб, амалларини ислоҳ қилиб, Худонинг ҳукмини маҳкам ушлаб ва ибодатлари холис Худо учун бўлса, бас бу жамоалар мўъминлар билан (бирга) бўладилар. Аллоҳ таоло Қиёмат куни мўъминларга улуғ ажр беради.
147. Эй мўъминлар, агар сизлар Худога иймон келтирсаларинг ва ҳукмларини бажо келтирсаларинг ва неъматларига шукр қилсаларинг, албатта Худо таоло сизларни азобламайди. Аллоҳ таоло мўъминларнинг шукрларини қабул қилувчи, амалларига савоб берувчи ва ҳолларига донодир.
6-жузъ
148-149. Аллоҳу таоло ёмон сўзларни ва шикоятларни ҳар жойда ошкор сўзламоқни дўст тутмайдур бироқ агар у мазлум бўлса ва зулмдан ҳар жойда ошкоро шикоят қилса, ҳаққи бор албатта. Аллоҳу таоло мазлумнинг шикоятини эшитгувчи ва золимнинг ҳолини билувчидир.
Эй, мўъминлар, агар сизлар ошкора ё махфий яхшилик қилсангиз ва ё бирор шахснинг хатосини кечирсангиз бас, Аллоҳу таоло сизларнинг хатоларингизни кечирувчи қудратлик зотдир.
150-151. Албатта, ул жамоаки, Худо ва Расулига куфр қиладилар, улар иймон келтирмоқликда Худо ва Расул ўрталарида фарқ қилишни ҳоҳлайдилар ва айтадиларки: «Баъзи пайғамбарларга иймон келтирамиз ва баъзиларини инкор қиламиз». Хоҳлайдиларки, иймон билан куфр ўртасида ўзларига бир йўл барпо қилсалар. Бу гуруҳ ҳақиқатан ҳам кофирдурлар, иймонларининг эътибори йўқдир. Бундай кофирларга биз хор қилувчи азобни тайёр қилиб қўйгандирмиз.
152. Ул мўъмин жамоасиким Худо ва Расулига иймон келтирмоқларида ҳеч қандай фарқ қилмайдилар, балки, ҳаммага баробар иймон келтирадилар. Бу гуруҳлар ҳақиқий мўъминдурлар. Буларнинг ажрларини қиёмат куни Худойи таоло ато қиладур. Аллоҳу таоло бандаларнинг хатоларини кечирувчи ва уларга меҳрибондир.
153. Китобийлар сендан шуни: «Бизларга осмондан ёзилган бир китоб тушириб, беринг»,- деб талаб қилурлар, Мусодан эса улар бундан ҳам каттароқ талаб қилганлар ва деганларки: «Бизларга Аллоҳни очиқдан-очиқ кўрсатгин». Кейин уларга зулмлари сабабидан чақмоқ тушди. Равшан далиллар аларға келгандан кейин ҳам улар бузоқни (маъбуд) қилиб олдилар. Кейин биз уни ҳам авф этдик ва биз Мусога равшан ғалаба бердик.
Эй Муҳаммад, яҳудлар сендан бу қисм беҳуда талабларни қилсалар, таажжуб қилмагилки, улар ўз пайғамбарларидан бундан зиёда ножоиз талабларни қилгандурлар. Яъни Худони алонияҳ (ошкоро) кўрмакчи бўлдилар. Кутилмаганда чақмоқ тушуб, ҳаммаларини ҳалок қилди. Мусо алайҳиссаломни дуолари ила яна тирилдилар. Бу мўъжизани кўруб туруб ҳам яна бузоққа сажда қилдилар. Охир етмиш минг одам қатл қилинди. Сўнгра тавбалари қабул бўлди. Бу Мусо алайҳиссаломнинг ғалабалари эди.
154. «Бизга китоб юборгин»,- деб Худодан талаб қилган вақтларида, Худо «Башартики, амал қиламиз»,- деб аҳд қилсалар, китоб юборишликни ваъда қилди. Вақтики, китоб берсак қабул қилмадилар. Бас, Тур тоғини бошларига кўтардик, ночор қўрқиб қабул қилдилар. Ва яҳудларга: «Бошларингни эгиб шаҳар дарвозасидан дохил бўлинглар»,- деб айтдик. Ва ҳам: «Шанба куни ибодат қилинглар, ҳаддан тажовуз қилманглар»,- дедик. Булардан Шу ҳукмларни бажо келтириш учун мустаҳкам аҳду паймон олдик.
155-158. Бас, аҳдларини синдирганлари ва ҳам баъзи илоҳий оятга кофир бўлганлари ва анбиёларни ноҳақ қатл қилганлари учун ва ҳам: «Дилларимиз маҳкам (қалбимиз қаттиқ), сени мавъизанг бизга таъсир этмайди»,- деган сўзлари учун Аллоҳ таоло буларни жазолади. Балки, Аллоҳу таоло буларни дилларига кофир бўлганлари сабабидан муҳр босди. Бас, улар озгиналари иймон келтирдилар. Ва бошқа уқубатларга сабаб бўлган нарсалар: Исо алайҳиссаломга мункир бўлмоқликлари ва ҳам Биби Марям ҳақларида улуғ бўҳтон қилганликлари ва ҳам фахрланиб «Исо алайҳиссаломни биз ўлдирдик»,- деганлари ва «зинодан бўлган»,- деб тахқир қилганликлари, ваҳоланки, Худони пайғамбари эдилар.
Ҳазрат Исони булар ўлдиролганлари ва дорга ҳам тортганлари йўқ. Лекин буларга иштибоҳ бўлди, ўзларини шерикларини ҳазрат Исо деб дорга осиб қўйдилар. Ҳазрати Исони шаънларида ихтилоф қилган яҳудийлар иштибоҳга тушуб қолдилар. Буларда ҳеч қандай илм йўқ эди. Ўз гумонларига шубҳа қилдилар. Иштибоҳлари шундан иборат эдики: «Агар дорга осилган ҳазрат Исо бўлса, шеригимиз нима бўлди, агар шеригимиз дорга осилган бўлса, ҳазрати Исо қайерга кетди?» - дер эдилар. Ҳазрати Исони ўлдиролганлари йўқ, балки, Аллоҳ таоло юқорига олиб кетди. Аллоҳ таолонинг феъли ҳикматликдир. Ҳар бир амрида ғолибдир.
159. Аҳли китоблардан биронталари қолмасдан ҳазрати Исо осмондан нозил бўлган (тушган)ларидан кейин ўлмасларидан аввал иймон келтирурлар. Қиёмат куни бўлганда ҳазрати Исо буларни ҳолларига гувоҳлик берурлар.
160-161. Яҳудий жамоаларининг зулму ситамлари учун ва ҳам Исломдан кўб халқни манъ қилганликлари ва судхўрликлари учун аввал ҳалол қилинган таомларни буларга ҳаром қилдик. Ваҳоланки, Тавротда судхўрлик манъ қилинган эди. Ва ҳам моли мардумни фирибгарлик билан ноҳақ еганликлари учун, шу покиза таомларни буларга ҳаром қилдик. Шу гуруҳ золим кофирлар учун дардлик азобни муҳайё қилиб қўйдик.
162. Лекин яҳудлардан бир жамоаки: ҳақиқатни билувчилар, Тавротга ва ҳам сенга нозил бўлган Қуръонга иймон келтирувчилар, намозни барпо қилувчилар, закотни берувчилар, Худога ва охиратга иймон келтирувчилар - шундоғ сифатлик одамлар учун Қиёмат куни ажри азим ато қиламиз.
163. Эй Муҳаммад, бизлар сенга ваҳий юбордик. Ҳамчунонийки, ваҳий юборган эдик Нуҳга ва ундан кейин ўтган пайғамларга мисли Ҳуд ва Шуайб ва Солиҳ алайҳиссалом ва ҳам ваҳий юборган эдик Иброҳим ва Исмоилга ва Исҳоқ ва Яъқуб ва ҳам авлодлари Юсуф ва Исо ва Айюб ва Юнус ва Ҳорун ва Сулаймон алайҳиссаломға. Ва Довуд алайиҳиссаломға Забур китобини бердик. Эй, Муҳаммад, сени пайғамбарлигингга ва сенга ваҳий келганига кофирлар таажжуб қилмасалар ҳам бўлади. Сендан аввал ҳам пайғамбарлар ўтганлар.
164-165. Ва яна илгари Қуръонда қиссаларини сенга баён қилган пайғамбарларни юбордик ва яна Қуръонда қиссаларини сенга баён қилмаган пайғамбарларни ҳам юбордик. Уларнинг ичида Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан бевосита хос сўзлашди. Яна шундоғ пайғамбарларни юбордикки, Худо тарафидан мўъминларга Худонинг раҳматидан башорат берувчи ва кофирларни ва мунофиқларни Худонинг азобидан қўрқитувчи эрдилар, Аллоҳ таоло шунинг учун пайғамбар юбордики, токи халқлар Худога ҳужжат (даъво) қилмасунларки: «Бизларга пайғамбар келгани йўқ»,-деб. Аллоҳ таоло ўз амрида ғолиб ва тадбирида ҳакимдур.
166. Лекин Аллоҳ таоло сенга нозил қилған Қуръоннинг ҳақлигига ўзи гувоҳлик беради. Бу Қуръонни Худойи таоло ўзининг комил илми билан нозил қилди. Ва ҳам Қуръонни ажойиб асрорларига муштамил қилди. Шунинг учун ҳам кофирлар муқобала қилишдан ожиз бўлдилар. Ва фаришталар ҳам сани пайғамбарлигингга гувоҳлик берадилар. Агар кофирлар инкор қилсалар ҳам Худонинг гувоҳлиги етарли (кифоя)дур.
169. Албатта ул жамоаки, инкор қилиб Ислом динига кофир бўлдилар ва бошқаларни ҳам Исломдан қайтардилар, бу жамоа оғир ва қаттиқ гумроҳликка учрадилар. Чунки ўзлари ҳам кофир бўлдилар ва бошқаларни ҳам гумроҳ қилдилар. Албатта Аллоҳ таоло бу кофир бўлганларни ва бошқаларга зулм қилганларни мағфират қилмайдур ва йўл кўрсатмайдур, магар жаҳаннамнинг йўлини кўрсатадир. Бу кофирлар жаҳаннамда ҳамиша бўладилар. Аллоҳ таолога бу ишлар осондир.
170. Эй мардум, Муҳаммад алайҳиссалом сизларга Парвардигор тарафидан ҳақ дин олиб келди. Бас, иймон келтиринглар, ўзларингга яхши бўлади. Агар кофир бўлсаларинг Худога зиён бўлмайдир, ўзларингга зиён бўлади. Худо ғанийдир. Чунки осмондаги ва ердаги нарсаларнинг ҳаммаси Худонинг мулкидир. Аллоҳ таоло сизларни аҳволларингизга донодир ва сизларни устингизга мураббий, ҳукм қилувчидир.
171. Эй аҳли китоблар, динингизда ғулу қилманглар, ҳаддингиздан ошманглар, Худони шаънига ҳақ сўздан бошқани гапирманглар ва беҳудагўйлик қилманглар. Исо алайҳиссалом Худонинг расулидирлар - Биби Марямни ўғиллари эрди. Худони башорати эрдики, Биби Марямга юборган эрди, отасиз бир руҳ эрдики, Худо унинг онасини қорнида халқ қилди. Эй, насронийлар, сизларга хоссатан буюраман, Худога ва унинг пайғамбарларига иймон келтиринглар ва Худони якка ва ягона деб билинглар. Худони учта (Худо, Биби Марям ва Ийсо) деманглар, бу сўздан қайтинглар, ўзларингга яхши бўлади. Худо якка ва ягонадир. У болалик бўлишдан покдир. Осмондаги ва ердаги ҳамма махлуқлар Худони мулкидир. Ва у махлуқларни тасарруф қилиш ва сақлашда Аллоҳ кофий (кифоягар)дир.
172. Эй насронийлар, билингларки, ҳазрати Исо Худога банда бўлишдан бош тортмайди. Ва малоикаи муқаррабинлар (Аллоҳга яқин фаришталар) ҳам Худога банда бўлишдан ор қилмайдилар. Ҳар кимки, Худога банда бўлишдан ва ибодатдан бош тортар ва кибр қилар экан, Худо яқинда буларнинг ҳаммасини ўз ҳузурига жам қилиб, қилмишларига яраша жазо беради.
173. Бас, ул жамоаки, иймон келтирган ва яхши амаллар қилгандلاрлар. Аллоҳ таоло уларнинг ажрларини комил (мукаммал) ва фазлу марҳаматидан зиёда қилиб берадир. Аммо ул жамоаки, Худонинг ибодатидан саркашлик қиладилар ва кибр қиладилар Аллоҳ таоло буларни дардлик азобга мубтало қиладир. Булар ўзларига Худодан бошқа ёрдамчи ва мададкор топмаслар.
174. Эй инсонлар, Парвардигорларингиз тарафидан сизларга Ислом динининг ҳақлигига оятлару равшан далиллар келди ҳамда сизларга равшан нурни, яъни Қуръон китобини нозил қилдик.
176. Бас, у одамларки, Аллоҳ таолога иймон келтирдилар ва Унинг ҳукмини маҳкам тутдилар, уларни ўз раҳматига дохил қилур ва уларни тўғри йўлга солиб қўяр.
Эй Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам) сандан мерос-калола тўғрисида савол қиладилар. «Калола», - деб шундай одамни айтадиларки, ота-онаси ҳам йўқ болалари ҳам йўқ, фақат ҳамширалари бор. Шундай одамнинг мероси қандай тақсим бўладур?»- деб сўрасалар, сан жавоб бергинки, Аллоҳ таоло сизларга «Калола» хусусида ҳукм қиладурки, агар бир киши ўлса, уни болалари бўлмаса, агар бир дона ҳамшираси (синглиси) қолган бўлса, бас, ҳамширасига нисфи мол (молнинг ярми) мерос тегади. Агар бу одамнинг ҳамшираси ўлса, унинг фарзанди бўлмаса, ҳамма меросни бу одам (акаси) оладур,. Ва агар (ҳамширанинг) ўғил боласи бўлса, (акасига) ҳеч нарса тегмайди. Ва агар ҳамшираси икки ё ундан ортиқ бўлса, бас, ҳамшираларига моли матрукдан учдан икки ҳиссаси тегади. Ва агар меросхўрлари ҳамшира ва биродари бўлсалар, ул ҳолда эркакларга икки ҳиссадан ва хотинларга бир ҳиссадан тегадур. Худо сизларга аҳкоми меросни очиқ баён қиладур, токи тақсим қилишда хато қилмасликларинг учун. Аллоҳ таоло ҳар бир шайға (нарсага) донодур.