loader

008. Анфол - ўлжалар

   Сурада уруш-жанг, ўлжа тақсимоти, имон, эътиқод, тақво, амали солиҳ ва бошқа муҳим масалалар ҳақида илоҳий кўрсатмалар берилган. Унда асосан Бадр жанги воқеалари батафсил баён этилган. Маълумки, Бадр жанги ҳижратнинг иккинчи йили рамазон ойида Мадинага яқин Бадр қишлоғида кечган. Бу жангда мусулмонлар озчилик, кам қуролланган бўлишига қарамасдан, кўпсонли ва пухта қуролланган мушриклар тўдаси устидан ғалаба қозонганлар. Ёв қўшинларидан етмиш киши ҳалок этилиб, яна етмиш киши асир олинган ва катта ўлжа қўлга киритилган. Жангдан кейинги ўлжа тақсимида айрим мусулмонлар ўртасида низо чиққани боис, сурада уларга панд-насиҳатлар қилинади.   

   Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1.  Сиздан (эй, Муҳаммад,) ўлжалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ораларингизни тузатингиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва (Унинг) расулига итоат этингизлар!                                      
Изоҳ: Бадр жангидан сўнг тушган ўлжалар тақсимида ёш жангчилар билан кекса жангчилар ўртасида бироз келишмовчилик рўй берган. Муҳаммад (а.с.) уларни сулҳга келтириб, ўлжани ҳаммасига баробар тақсим қилганлар.  
2.  Мўминлар - Аллоҳ (номи) зикр этилганда - диллари қўрқувда бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганда - имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина таваккул қиладиган,
3.  намозни мукаммал ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан эҳсон қиладиган кишилардир.
4.  Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир).  
5.  (Бу) Раббингиз уйингиздан Сизни ҳақ (йўл) билан чиқаргани кабидир. Мўминлардан бир гуруҳи эса (бу чиқишни) ёқтирмайдиганлардир.
6.  Сиз билан ҳақ тўғрисида (у) аён бўлгандан кейин баҳслашмоқдалар. (Бу) гўёки, қараб турган ҳолларида, уларни ўлим сари ҳайдалаётгандекдир.  
7. Аллоҳнинг икки тоифадан бири сизларга бўлади, деб ваъда қилганини эсланг. Ваҳоланки, шавкатли бўлмагани сизларга бўлишини хоҳлайсизлар. Аллоҳ (эса) ўз калима (амр)лари билан ҳақни ҳаққа чиқариш ва кофирларни тор-мор қилишни хоҳлайди.
Изоҳ: Икки тоифанинг биринчиси мушриклар карвони, иккинчиси Маккадан мусулмонлар устига бостириб кирган ёв лашкари. Маълумки, Мадинада ҳижратдан кейин Ислом ривож топиб, мусулмонлар қад ростлаб олганларидан кейин мушриклардан қасос олиш фурсати етган эди. Зеро, мусулмонлар Маккада уй-жойларини, ер ва боғларини ташлаб ҳижрат қилиб кетган эдилар. Макка мушриклари уларнинг қолдириб кетган мол-мулк ва бойликларини ўзлаштириб олган эдилар. Шунинг учун ҳам мушриклар савдогарлик йўли билан карвонларда Мадина атрофида ўтиб қолсалар, муҳожир мусулмонлар уларнинг йўлларини тўсиб, ўз мол-мулклари эвазига мушрикларнинг матоҳ ва ашёларини ўлжа қилиб олишга ҳаракат қилар эдилар. Бунга Аллоҳ ҳам, расули ҳам розилик берган эдилар. Бу оятдаги икки тоифанинг бири Шомдан қайтаётган Макка мушриклари эди. Уларни қарши олиш учун Расулуллоҳ бир гуруҳ саҳобалар билан йўлга чиқадилар. Бундан хабар топган Макка мушриклари катта қўшин тўплаб Мадина сари йўл оладилар. Шунда Пайғамбар (а.с.) Аллоҳнинг амри билан карвонни қўйиб, ёв лашкари билан жанг қилишни ихтиёр этадилар. Баъзи саҳобалар эътироз билдириб: »Тайёр карвон ўлжа бўлиб турганда, ёвнинг катта қўшинига бас келиб бўладими?« - деб норозилик билдирганлар. Кўпчилиги эса Пайғамбарга итоат этишни лозим топганлар. Сурада шу каби синовларга баҳо берилади.
8.  Жиноятчилар (мушриклар) ёқтирмасалар ҳам (Аллоҳ) ҳақни ҳақ, ноҳақни ноҳақ (эканини исбот) этиш учун (шу ишларни қилади).  
9. Раббингизга (ёрдам сўраб) фарёд қилганингизда: »Мен сизларга кетма-кет (келувчи) минг нафар фаришта билан мадад берувчидирман«, - деб (дуоингизни) ижобат этганини эсланг!  
10. Аллоҳ (бу ёрдамни) фақат (сизларга) хушхабар бўлиши ва дилларингиз таскин топиши учун қилди. Ғалаба фақат Аллоҳ ҳузуридангина (бўлур). Аллоҳ, албатта, қудрат ва ҳикмат соҳибидир.
11. Унинг тарафидан хотиржамлик учун сизларни мудроқ бостиргани, устиларингизга осмондан сув (ёмғир) тушириб, у билан сизларни поклаш, шайтоннинг васвасасини сизлардан даф этиш, дилларингизга (ўзаро) алоқа пайдо қилиш ва у билан қадамларингизни собит (мустаҳкам) қилишни ирода этганини эсланг!  
12. Раббингиз фаришталарга ваҳий қилиб: »Мен сизлар билан биргадирман. Бас, имон келтирганларни саботга ундангиз! Куфрга кетганларнинг дилларига қўрқув солиб қўяжакман. Бўйинлар узра урингиз (қатл этингиз) ва уларнинг ҳар бир бармоғига (ҳар тарафлама) зарба берингиз«, - деганимни эсланг!
13. Бу шунинг учунки, улар Аллоҳ ва Расулига мухолиф бўлдилар. Кимки Аллоҳ ва Расулига мухолифлик қилса, бас, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир.
14. Ана шу сизларга! Уни тотиб кўрингиз! Кофирлар учун (эса) дўзах азоби муқаррардир.
15. Эй, имон келтирганлар! Кофир бўлганлар тўдаси билан тўқнашганингизда, улардан ортга қараб чекинмангиз!  
16. Кимки ўша куни улардан ортга чекинса - жанг иши билан четлаган ва бирор бўлинмага қўшилишга борганлар бундан мустасно - Аллоҳнинг ғазаби билан (бирга) қайтган бўлиб, жойи жаҳаннам бўлур. Қандай ҳам ёмон оқибат бу?!  
17 . Уларни сизлар ўлдирмадингиз, балки уларни Аллоҳ ўлдирди. Отганингизда Сиз отмадингиз (эй, Муҳаммад,) балки Аллоҳ отди. Мўминларни Ўзининг яхши синови билан (бир) синаш учун (шундай қилди). Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир.                                    
Изоҳ: Муҳаммад (а.с.) ёв лашкари билан тўқнаш келганларида, қўлларига бир ҳовуч тупроқ олиб: »Шоҳатил - вужуҳ!« -яъни, юзларинг қурсин! - деб улар томон сочиб юборганлар. Аллоҳнинг амри билан лашкарлар кўзи чанг билан тўлган. Оятда шу илоҳий мададлар эслатилмоқда.
18. Сизларга - шу! Аллоҳ эса кофирлар макрини кусайтирувчидир.                                     
Изоҳ: Бу ерда Макка аҳлига қарата хитоб қилинмоқда.
19. Агар ёрдам сўрасангиз, мана сизларга ёрдам келди. Агар тийилсангиз, унда у сизлар учун яхшидир. Бордию (яна) қайтсангиз, (Биз ҳам) қайтамиз. Сизларга тўдангиз бирор фойда бермайди, гарчи кўпчилик бўлса ҳам. Аллоҳ эса, мўминлар билан биргадир.  
20. Эй, имон келтирганлар, Аллоҳга ва (Унинг) Расулига итоат этингиз! Ўзларингиз эшитиб туриб, Ундан юз ўгириб кетмангиз!  
21.  Ўзлари эшитмасаларда, "Эшитдик" дейдиганлардан бўлмангиз!  
22. Аллоҳнинг наздида ҳайвонларнинг энг ёмони бу ақлни ишлатмайдиган "кар" ва "соқов"лардир.
23. Агар Аллоҳ уларда яхшилик (бўлиши)ни билса эди, уларни эшитадиган қилиб қўяр эди. Эшитадиган қилганда ҳам (улар) бош тортиб, юз ўгирган бўлар эдилар.  
24. Эй, имон келтирганлар! Сизларни тирилтирувчи нарса (илм олиш) учун чорлаганларида, Аллоҳга ва Расулга (лаббай деб) жавоб қилингизлар! Яна билиб қўйингизки, Аллоҳ инсон билан унинг дили (ўртаси)да »парда«ни бўлиб туради ва Унинг (ҳузурига) жам бўлурсизлар.                                     
Изоҳ: Яъни Аллоҳ шу қадар инсонга яқин.  
25. Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир.                                        
Изоҳ: Араб тилида фитна оятдаги синов маъносида ҳам келади. Демак, бойлик ва фарзандларни Аллоҳ таоло бандаларини синаб кўриш учун берар экан. Яъни бойликни хайрли ишларга сарф этиш, фарзандларга тўғри тарбия бериш орқали баркамол авлодни вояга етказиш лозимлиги маълум бўлади.  
26. Яна, сизлар Ерда (Маккада) озчилик ва заифлашган ҳолингизда, одамлар (мушриклар) сизларни талон-тарож қилиб кетишларидан қўрқиб турганингизда, сизларга (Мадинадан) жой бериб, ёрдами билан сизларни қувватлагани ва шукр қиларсизлар, деб покиза (неъмат)лар билан ризқлантирганини эслангизлар!  
27.  Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!  
28.  Билиб қўйингизки, албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фитна (гуноҳ, азоб ва машаққат манбаи)дир. Аллоҳнинг ҳузурида (эса) улкан мукофот (бордир).  
29. Эй, имон келтирганлар! Агар Аллоҳдан қўрқсангиз, Сизлар учун (ҳақ билан ноҳақликни) ажрим этувчи (ёрдам)ни берур ва гуноҳларингдан ўтиб, сизларни мағфират қилур. Аллоҳ улкан фазл соҳибидир.  
30.  Кофир бўлганларнинг Сизни асир олиш ё ўлдириш ёки (юртдан) чиқариб юбориш учун макр қилганларини эсланг! (Улар) макр қиладилар, Аллоҳ (ҳам) »макр« қилади*. Аллоҳ макр қилувчиларнинг яхшисидир.  
31. Уларга оятларимиз ўқиб берилса, »Эшитдик, бас! Хоҳласак, (биз ҳам) шунга ўхшаш (оятлар)ни айтар эдик. Бу аввалгиларнинг афсоналаридан бошқа нарса эмас«,- дейишади.  
32.  Улар: »Эй, Аллоҳ! Агар шу (Қуръон) Сенинг ҳузурингданлиги ҳақ бўлса, (майли) устимизга осмондан тош ёғдир ёки бизга аламли азоб келтир«,- деганларини эсланг!
33. Уларнинг ичида Сиз бўла туриб, Аллоҳ уларни азобловчи эмас. Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас.  
34. Уларга не бўлдики, (мўминларни) Масжиди Ҳаром (зиёрати)дан тўссалар ҳам, уларни Аллоҳ азобламасин, дейдилар?! Улар унинг (Масжиди Ҳаром)нинг эгаси эмаслар. Унинг эгалари фақат тақволи (мўмин) кишилардир. Лекин, уларнинг аксарияти (буни) билмайдилар.  
35. Уларнинг Байт (Каъба) олдидаги намозлари фақат ҳуштак ва чапак чалишдан иборат эди*. Бас, (эй, мушриклар, Бадр жанги куни) куфрингиз сабабли азобни тотингиз!                                       Изоҳ: Яъни Расулуллоҳ Каъбада намоз ўқисалар, улар қироатдан янглиштириш мақсадида ҳуштак ва чапак чалар эдилар.  
36. Кофир бўлганлар мол-мулкларини Аллоҳ йўлидан тўсиш учун сарфлайдилар. Бас, уларни сарфлайдилару, (лекин) ўзларига (бу) ҳасрат бўлиб, сўнгра мағлубиятга учрайдилар. Кофир бўлганлар жаҳаннамга (ҳайдалиш учун) жам қилинурлар.  
37.(Бу) Аллоҳнинг нопокни покдан ажрим этиши ва нопок (кимса-кофир)ларни бир-бирларига қўшиб, қалашган ҳолларида ҳаммасини жаҳаннамга ташлаши учундир. Ана ўшалар зиён кўрувчилардир!
38. Кофир бўлганларга айтинг, агар (куфрдан) тўхтасалар, ўтмиш (гуноҳ)лари кечирилур. Бордию (куфрга) қайтсалар, (унда) олдингиларнинг йўли (ибрат сифатида) ўтган.                                      
Изоҳ: Яъни ўша куфрда ўтганларнинг куни булар бошига ҳам келур.  
39. Фитна (ширк) йўқ бўлгунича ва дин бутунлай Аллоҳга бўлгунга қадар улар билан уришингиз! Агар (куфр)дан қайтсалар, албатта, Аллоҳ уларнинг ишларини кўриб турувчидир.                                    
Изоҳ: Дин бутунлай Аллоҳга бўлгунича дейишдан мақсад - ботил динлар ўрнига Ислом дини келгунига қадар демакдир.  
40. Бордию (улар) юз ўгирсалар, билиб қўйингизки, Аллоҳ хожангиздир. (У) нақадар яхши хожа ва нақадар яхши мададкордир!  
41. Агар Аллоҳга ва ажрим куни* - икки қўшин тўқнашган куни - бандамиз (Муҳаммад)га нозил қилган нарсамиз (оятлар, фаришталар, ғалаба)га имон келтирган бўлсангиз, билиб қўйингизки, ўлжа қилиб олган нарсаларингизнинг бешдан бири Аллоҳга, Расулга, қариндош(лари), етимлар, мискинлар ва мусофирларга (тегишли)дир. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.                                              
Изоҳ: Ажрим куни - Бадр жангида ҳақ билан ботил ажрим бўлган кун.  
42. Қайсики, сизлар (Мадина)га яқинроқ томонда, улар (мушрик)лар узоқроқ томонда, отлиқлар эса сизлардан пастроқда эдилар. Агар (мушриклар билан) ваъдалашганингизда ҳам (барибир) ваъда жойи ва вақтида келиша олмаган бўлур эдингиз. Лекин, Аллоҳ (жанг сабабли) ҳалок бўлганлар ҳам ҳужжат билан ҳалок бўлишлари, тирик қолганлар ҳам ҳужжат билан тирик қолишлари учун бўладиган ишни (тақдир)ни тамомига етказиш мақсадида (ёв билан тасодифан тўқнаштириб қўйди). Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир.
43. Тушингизда Аллоҳ уларни Сизга озчилик қилиб кўрсатганини эсланг! Агар уларни Сизга кўпчилик қилиб кўрсатганда эди, сизлар сустлашиб қолган ва бу иш (жанг) тўғрисида низолашган бўлур эдингиз. Лекин, Аллоҳ сизларни (бундан) саломат қилди. Албатта, У сийналар (диллар)даги сирларни билувчидир.  
44. Бўладиган иш (тақдир)ни тамомига етказиш учун (ёв билан) тўқнашганингизда, кўзингизга уларни озчилик қилиб кўрсатгани ва уларнинг кўзларига сизларни озчилик қилиб кўрсатганини эсланг! (Барча) ишлар Аллоҳга қайтарилур.  
45. Эй, имон келтирганлар! Бирор тўдага тўқнаш келсангиз, сабот (ва матонат) билан турингиз ва Аллоҳни кўп ёд этингиз, шояд (шунда) сизга толе ёр бўлса!  
46. Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва бўйингиз (обрўйингиз) кетиб қолур. Сабр қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир.
47. Ўз юртларидан - кибр ва риёкорлик билан чиққан ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганлар каби бўлмангиз! Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларини қамраб (ҳисобга)олувчидир.                                       
Изоҳ: Гап Макка мушриклари устида бораётир.
48. Ўшанда шайтон уларга қилаётган ишларини зийнатли қилиб кўрсатиб: »Бу кун одамлар ичида сизларга ғолиб келадигани йўқ. Мана, мен ёнингиздадирман!« - деди. Икки тўп (лашкарлар) тўқнашганда эса (шайтон) ортига чекиниб: »Мен сизлардан безорман. Мен сизлар кўрмаган нарсани кўраяпман. Мен Аллоҳдан қўрқаман. Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир«, - деди.             
Изоҳ: Шайтоннинг кўрган нарсаси - осмондан тушаётган фаришталар эди. Улар мусулмон лашкарлари ичига кириб, ёв билан урушиб, ғалабага сабаб бўлдилар.  
49. Мунофиқлар ва дилларида »иллат« бор кимсалар: »Ана у (мусулмон)ларни (ўз) динлари мағрурлантириб қўйибди«, - деб юрганларини эсланг!* Кимки Аллоҳга таваккул этса (У инобатга олади), албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматли (зот)дир.                                      Изоҳ: Мусулмонлар озчилик бўлишларига қарамай кўпсонли ёв қўшини билан тўқнашишга қарор қилганларида, баъзи мунофиқ ва дили бузуқлар мазкур таъна сўзларни айтган эдилар.  
50. Фаришталар кофир бўлганларнинг юзлари ва кетларига уриб жонларини олаётганларини кўрганингизда эди. (Фаришталар ўша пайтда айтадилар:) »Ёнғин (дўзах) азобини тотингиз!«
51. Бу - ўз қўлларингиз билан қилган қилмишларингиз туфайлидир. Аллоҳ эса бандаларга зулм этувчи эмасдир.  
52. (Уларнинг бу ҳоллари) Фиръавн зодагонлари ва улардан олдингиларнинг қилмишлари кабидир. (Улар) Аллоҳнинг оятларини инкор қилишгач, Аллоҳ уларни гуноҳлари сабабли тутган эди. Албатта, Аллоҳ қувватли ва жазоси қаттиқ (зот)дир.
53. Бу (жазоларнинг сабаби) Аллоҳнинг бир қавмга инъом этган неъматини, то улар ўзларидаги нарсани (ёмон ҳолатга) ўзгартирмагунларича, ўзгартирувчи бўлмаганидандир. Шунингдек, яна Аллоҳнинг эшитувчи ва билувчи эканидандир.                                
Изоҳ: Оятни янада кенгроқ англаш учун »Раъд« сурасининг 11-ояти тажимаси ва изоҳига қаралсин.
54. (Бу) Фиръавн зодагонлари ва улардан олдингиларнинг қилмишлари кабидирки, (улар) Парвардигорларининг оятларини ёлғонга чиқаришгач, гуноҳлари сабабли уларни ҳалок этдик ва Фиръавн зодагонларини (сувга) ғарқ қилдик. Ҳаммаси золим эдилар.  
55. Аллоҳнинг наздида жонзотларнинг энг ёмони - бу кофир бўлган кимсалардир. Бас, (шунинг учун ҳам улар асло) имон келтирмайдилар.  
56. Уларнинг ичида Сиз билан аҳдлашгандан сўнг, тақвосизлик қилиб, ҳар гал аҳдларини бузаверадиганлари бордир.  
57.Бас, агар уларни жангда топсангиз, уларни (ҳалок қилиш) билан ортларидаги (ҳимоячи)ларни тум-тарақай қилинг! Шояд (шунда) улар эслатма олсалар.  
58. Агар (бирор) қавм тарафидан (аҳдга) хиёнат (бўлиши)дан қўрқсангиз, уларга (аҳд бекор қилингани тўғрисидаги хабарни) баробар тарзда ташланг! Албатта, Аллоҳ хоинларни яхши кўрмагай.  
59. Кофир бўлганлар »ўзиб кетдик« деб ўйламасинлар. Улар (Аллоҳни) сира ожиз қолдира олмайдилар.  
60. Улар учун имконингиз борича (ҳарбий) куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингизлар! Бу билан Аллоҳнинг ва ўзларингизнинг душманингизни ва улардан ўзга сизлар билмайдиган, лекин Аллоҳ биладиган (душман)ларни ҳам қўрқувга солган бўлурсизлар. Аллоҳнинг йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга (унинг савоби) зулм қилинмаган ҳолингизда тўла-тўкис берилур.
61. Агар улар сулҳга мойил бўлсалар, Сиз ҳам унга мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта, У эшитувчи ва билувчидир.  
62. Агар (улар) Сизни алдамоқчи бўлсалар, бас, албатта, Сизга Аллоҳ (Ўзи) кифоядир. У Сизни (Ўз) ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган  
63. ва уларнинг дилларини (ўзаро) яқинлаштирган зотдир. Агар (Сиз) ердаги (ҳамма) нарсани сарфлаганингизда ҳам (уларнинг) дилларини (бир-бирига) боғлай олмаган бўлур эдингиз. Лекин, Аллоҳ уларнинг ўртасини боғлади. Албатта, У қудратли ва ҳикматлидир.
64. Эй, Пайғамбар! Сизга ва Сизга эргашган мўминларга Аллоҳ кифоядир.
65. Эй, Пайғамбар! Мўминларни жангга унданг! Агар сизлардан йигирма нафар сабрли (киши) бўлса, икки юз нафар (душман)ни енгар. Агар сизлардан юз нафар бўлса, мингта кофир бўлганларни енгар. Сабаб - уларнинг англамайдиган қавм эканлигидир.
66. Энди, Аллоҳ сизлардан (юкингизни олиб) енгиллаштирди. Сизларда ожизлик бор эканини билди. Бас, сизлардан юз нафар сабрли (жангчи) бўлса, икки юзта (ёв)ни енгар. Агар сизлардан минг нафар бўлса, Аллоҳнинг изни билан икки минг (ёв)ни енгар. Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир.  
67. Бирор Пайғамбар учун, то ерда (душманларга) зарба бермагунича, асирларга эга бўлиш мумкин эмас. (Сиз - мўминлар) дунё матоҳини истайсизлар. Аллоҳ эса, (сизлар учун) охиратни истайди. Аллоҳ қудратли ва ҳикматли (зот)дир.  
68. Агар Аллоҳнинг (тақдирда хатони кечи- риши тўғрисидаги) битиги бўлмаганда, албатта, сизларга олган (товон)ларингиз учун улкан азоб етган бўлур эди.  
69 . Олган ўлжаларингиздан ҳалол-пок ҳолида тановул этингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.  
70. Эй, Пайғамбар! Қўлларингиздаги асирларга айтинг: »Агар Аллоҳ дилларингизда яхшилик (имон борлиги)ни билса, сизлардан олинган (товон)дан яхшироқ нарса берур ва сизларни кечирур. Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир".  
71. Агар (улар) Сизга хиёнат қилмоқчи бўлсалар, улар илгари ҳам Аллоҳга хиёнат қилган эдилар. Шунда улардан (жазога) имконият ҳосил бўлган эди. Аллоҳ илмли ва ҳикматли (зот)дир.
72. Албатта, имон келтирганлар, ҳижрат қилганлар, моллари ва жонлари билан Аллоҳ йўлида (душманга қарши) курашган ва (муҳожирларга) жой бериб ёрдам кўрсатган (мадиналик ансор)лар, айнан ўшалар бир-бирларига дўстдирлар. Имон келтиргану, лекин ҳижрат қилмаганлар, то ҳижрат қилмагунларига қадар, улар билан дўстлик қилиш сизлар учун жоиз эмасдир. Агар (улар) сизлардан дин хусусида ёрдам сўрасалар, уларга ёрдам бериш сизнинг зиммангиздадир. Илло, ўрталарингизда (урушмаслик ҳақида) аҳдлашув бўлган қавм зиддига (ёрдамлашиш жоиз) эмас. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.
Изоҳ: Маккалик мусулмонлар зиммасидаги Мадинага ҳижрат қилиш (кўчиб кетиш) фарзлиги саккизинчи ҳижрий йили, яъни Макка фатҳ этилганидаН кейин мансуҳ (бекор) қилинда. 
73. Кофир бўлганлар (ҳам) бир-бирларига дўстдирлар. Агар шуни қилмасангиз, ерда фитна ва катта фасод бўлур.
74. Имон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида (ёвга қарши) курашганлар ҳамда (муҳожирларга) жой бериб ёрдам қилганлар, айнан ўшалар ҳақиқий мўминдирлар. Улар учун мағфират ва фаровон ризқ бордир.  
75. Кейинроқ имон келтириб, ҳижрат қилган ва сизлар билан бирга (ёв билан) курашганлар, айнан ўшалар (ҳам) сизлардандирлар. Қариндошлар эса, Аллоҳнинг Китобида бир-бирларига яқинроқдирлар. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир.                                  
Изоҳ: Яъни бир-бирларидан мерос олишга ҳақлидирлар.

Орқага Олдинга