Сурада тавбанинг қабул қилиниши тўғрисида башорат бўлгани учун унга "тавбасураси" деб ном берилган. У “Бароат” сураси деб ҳам аталади. Бароат – оранинг очиқлиги.
Сура "Бисмиллоҳ"сиз бошланишининг сабаби тўғрисида турли фикрлар айтилган. Баъзилар сура олдинги “Анфол” сурасининг давоми бўлгани учун десалар, бошқалар сурада кўпроқ уруш, жанг, қатл зикр этилгани учун бу жойда "Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим" каби Аллоҳнинг раҳмли ва меҳрибонлигига далолат қиладиган оят ўқилиши муносиб эмас, деб изоҳ берадилар. Расулуллоҳдан эса, бу тўғрида аниқ кўрсатма берилмаган.
Сурада, асосан, Табук воқеаси, масжид қуриш, имон, куфр, савоб-гуноҳ, тавба-тазарру ва бошқа мавзулар баён этилган.
1.(Бу) Аллоҳ ва (Унинг) Пайғамбаридан сизлар (билан) аҳдлашган мушрикларга (нисбатан) ора очиқдир*.
* Оранинг очиқлиги, мушриклар сулҳ бўйича тузган аҳдномаларини бузганларини мусулмонлар билиб қўйсинлар, деб, огоҳлантирилмоқда.
2.(Эй, мушриклар! Уруш тақиқланган) тўрт ойда ер (юзи) бўйлаб саёҳат қилингиз ва билиб қўйингизки, сизлар Аллоҳни ожиз қолдирувчи эмассиз ва Аллоҳ кофирларни шармисор этувчидир!
3. Шунингдек, (бу) Аллоҳ ва (Унинг) Пайғамбаридан «Ҳажжи акбар» (Қурбон ҳайити) куни одамларга Аллоҳнинг ва Расулининг мушриклардан безор эканликларини эълони (ҳам)дир. Агар тавба қилсангиз, бу сизлар учун яхшидир. Борди-ю, (тавбадан) бош тортсангиз, у ҳолда билиб қўйингизки, сизлар Аллоҳни ожиз қолдирувчи эмассиз. (Эй, Муҳаммад!) Кофир бўлганларга аламли азоб ҳақида «хушхабар» беринг!
4. Аммо сизлар (мўминлар) аҳдлашган мушриклар кейин сизларга бирор нарсада ноқислик (вафосизлик) қилмасалар ва сизларга қарши ҳеч ким билан ҳамкорлик қилмасалар, у ҳолда уларнинг аҳдларини (белгиланган) муддатларигача етказингиз! Албатта, Аллоҳ тақволиларни яхши кўргай.
5.(Уруш) тақиқланган ойлар чиқиши билан мушрикларни топган жойингизда ўлдирингиз, тутингиз (асир олингиз), қамал қилингиз ва ҳар қандай пистирмаларда уларни кузатиб турингиз! Агар тавба қилиб, намозни баркамол адо этсалар ва закот берсалар, уларни қўйиб юборингиз! Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмли зотдир.
6. Агар мушриклардан бирортаси Сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ҳимоянгизга олинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнгра уни хавфсиз жойига етказиб қўйинг! Бу уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари сабаблидир.
7.Аллоҳ наздида ва Расули наздида қандай ҳам мушрикларда (вафоли) аҳд бўлсин?! Аммо сизлар (билан) Масжиди Ҳаром (Каъба) олдида аҳдлашганлар модомики (улар аҳдларида) сизлар учун тўғри турар эканлар, (сизлар ҳам) улар учун тўғри турингиз! Албатта, Аллоҳ тақводорларни севгай.
8.Қандай ҳам (уларда аҳд бўлсин)?! Ваҳоланки, агар сизларни енгсалар, сизлар учун на аҳдни ва на шартни риоя қиладилар. Оғизларида сизларни рози қиладилару, диллари (буни) инкор этиб туради. Аксариятлари эса, фисқу фужурдаги кишилардир.
9. Аллоҳнинг оятларини озгина баҳога сотадиларда, Унинг йўлидан (одамларни) тўсадилар. Уларнинг қилмишлари нақадар ёмон!
10. Мўмин (одам) ҳақида на аҳдга ва на шартга риоя қиладилар. Ана ўшалартажовузкор (ҳам)дирлар.
11. Агар тавба қилсалар ва намозни баркамол адо этиб, закот берсалар, у ҳолда (улар) сизларнинг дин жиҳатдан биродарларингиздир*. биладиган қавм учун оятларни батафсил баён этурмиз.
* Ибн Масъуд (рз.) шу оятни далил қилиб, закотга қодир бўла туриб, уни бермаган кишининг намози қабул бўлмайди, деган. Ибн Аббос (рз.) эса, бу оят “аҳли қибла” бўлган кишиларнинг қатл этилишини тақиқлайдиган оятдир, дейди. Абу Ҳурайра (рз.) ривоятига кўра, Расул (а.с.) вафотларидан кейинАбу Бакр (рз.)га Умар (рз.): “Пайғамбар (а.с.), имон калимасини айтгунларига қадар одамлар билан урушаман. Уни айтишлари билан мендан жонлари ва молларини сақлаб қоладилар. Исломдаги ҳақлар бундан мустасно. Ҳисоб-китоблари эса, Аллоҳга ҳавола, деганлар. Нега сиз закот бермаганлар билан урушаяпсиз?”, деганида Абу Бакр (рз.), Пайғамбаримизга адо этиб юрган закотларидан бир қўзини кам берсалар ҳам, улар билан урушавераман, деганида Умар (рз.), Абу Бакр (рз.) кўнглига бу ишни Аллоҳ солганини билиб, у ҳақ эди, деган экан. Ҳадисда: “Намозимизни ўқиган, қибламизга юзини ўгирган, биз сўйган ҳайвон гўштини еган одам Аллоҳ ва Расулининг аҳдидаги мусулмондир”, дейилган (Бғ. Хз.).
12. Агар аҳдлашганларидан кейин (уни) бузсалар ва сизларга динингизни таънақилсалар, унда (бу каби) куфр пешволарига қарши жанг қилингиз! Зеро, улар учун (ҳеч қандай муқаддас) қасамлар йўқдир. Шояд (шундақилмишларидан) қайтсалар.
13. (Эй, мўминлар!) Қасамларини бузган ва Пайғамбарни (Маккадан) чиқарибюборишга қасд қилган ҳамда ўзлари биринчи бўлиб сизларга қарши (жанг) бошлаганлар билан жанг қилмайсизми?! Улардан қўрқасизми?! Бас, қўрқишингизга Аллоҳ муносиброқдир, агар мўмин бўлсангиз.
14. Улар (Макка мушриклари) билан урушингиз, (шунда) Аллоҳ уларни сизларнингқўлларингиз билан азоблайди, (асирга тушириб) шармисор қилади васизларни улар устидан ғалаба қозонтиради ҳамда мўминлар қавми сийналарига шифо беради
15. ва дилларидаги аламни кетказади. Аллоҳ (Ўзи) хоҳлаган кишиларнингтавбасини қабул этади*. Аллоҳ билимли ва ҳикматли зотдир.
* Бу яқин келажакда Макка мушрикларининг айримлари тавба қилиб, имонкелтиришларидан дарак эди. Дарҳақиқат, Макка фатҳидан сўнг Абу Суфён, Абу Жаҳлнинг ўғли Икрима, Суҳайл ибн Амр кабилар исломга кирдилар. Мўътазилийларнинг “Кофирларнинг тавба қилишларини Аллоҳ хоҳласа-да, уларўз ихтиёрлари билан тавба қилмайдилар”, деган ақидасига ушбу оят раддиябўлади (Мд.).
16. Ёки сизлардан (Ҳақ йўлида) курашган ва Аллоҳдан, Расулидан ва мўминлардан ўзгаларни дўст (сирдош) тутмаганларни Аллоҳ билмай (синамай) ўз ҳолларингизга ташлаб қўйиласиз, деб ҳисобладингизми? Аллоҳ қилаётган ишларингиздан огоҳдир.
17. Мушриклар ўзларининг кофирликларига гувоҳ бўла туриб, Аллоҳнингмасжидларини обод* қилишлари мумкин эмас. Ана ўшаларнинг қилган ишлариҳабата (беҳуда) кетиб, улар дўзахда мангу қолувчилардир.
* Масжидни обод қилишни икки хил тушуниш мумкин: уни қуриш, жиҳозлаш, таъмирлаш; унинг ичига кириш. Ҳар иккисини амалга ошириш ҳам кофиргамумкин эмас. Агар кофир одам масжид қуришга васият қилиб ўтган бўлса, ижро этилмайди. Кофир киши мусулмонларнинг рухсатисиз масжидга киритилмайди. Расул (а.с.) Самома ибн Асол деган кофирни ушлаб, масжид устунига боғлаб қўйганлари сабаб, кофирларни рухсат билан масжидга киритиш жоиз, дейилган (Хз.).
18. Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин.
19. Ҳожига сув улашиш ва Масжиди Ҳаромни обод қилиш (вазифаларини ўтаётганлар)ни Аллоҳга ва охират кунига ишонган ва Аллоҳ йўлида курашганлар билан тенг қилдингизми?! Аллоҳ наздида (улар) тенг бўлмайдилар. Аллоҳ золимлар қавмини ҳидоят этмагай*.
* Аббос, Шайба каби Макка мушрикларини Али ибн Аби Толиб (рз.) Пайғамбарга қарши курашганликда айблагач, улар: «Биз ҳам ҳожиларга сувулашиш, Каъбанинг ободончилиги каби савобли ишларни қиляпмиз-ку!» – деяэътироз билдирганларида, мазкур оят нозил этилган (Хз.).
20. Имон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида (тоатида) моллари важонлари билан курашганлар Аллоҳ наздида даражалари улкан зотлардир ваайнан ўшалар ютуқ эгаларидир.
21. Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан раҳмат, ризолик ва улар учуннеъматлари доимий (бўлмиш) жаннат (боғ)лари тўғрисида хушхабар берур.
22. (Улар) ўша жойларда мангу қолурлар. Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридагина улкан мукофот(лар) бордир.
23. Эй, имон келтирганлар! Агар имондан куфрни яхшироқ кўрсалар, ота-оналарингиз ва ака-укаларингизни (ҳам) дўст тутмангиз! Сизлардан кимки уларни дўст тутса, бас, ана ўшалар ўзига зулм қилувчилардир.
24. Айтинг (эй, Муҳаммад): “Агар оталарингиз, фарзандларингиз, ака-укаларингиз, хотинларингиз, қариндошларингиз, меҳнат билан топган мол-мулкларингиз, касод бўлишидан қўрққан тижоратингиз ва ёқтирган масканларингиз сизларучун Аллоҳ ва Расулидан (Мадинага ҳижрат қилишдан), Унинг (тоати) йўлидаги жидду-жаҳд қилишдан (кўра) суюклироқ бўлса, (унда) то Аллоҳ ўзамри (азобини) келтиргунига қадар кутиб турингиз! Аллоҳ (эса) фосиқлар қавмини ҳидоят этмагай”.
25. Аллоҳ сизларни кўп жойларда ва (хусусан) Ҳунайн* кунида ғолиб этди. Ўшанда (сон жиҳатдан) кўплигингиз сизларни мағрурлантирган эди, аммо (бу) сизлардан бирор нарсани даф қила олмади ва ўзининг (шунча) кенглиги билан ер (сизларга) танглик қилиб қолди. Сўнгра ортингизга чекиндингиз.
* “Ҳунайн” Макка теварагидаги водий бўлиб, бу ерда Ҳавозин қабиласибошлиғи Молик тўрт минг кишилик лашкари билан, мусулмонларнинг ўн икки минг ёки ўн олти минг аскари билан ўрталарида ҳарбий тўқнашув рўй берган.
Имом Бухорий билан Имом Муслим (рҳ.)лар ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Расул (а.с.) Ҳунайн жангини ғалаба билан якунлаганларидан кейин ундан тушган ўлжани тақсимлаган пайтларида “муаллафати қулубуҳум”, яъни дилларини дўстлашишга моил қилиш ниятида садақа, закот берилувчи кофирларга ҳам ўлжадан улуш бердилар, лекин мадиналик мусулмонларга, яъни “ансорлар”га бирор нарса бермадилар. Бундан уларнинг ранжиганларини англаган Пайғамбар (а.с.) уларни йиғиб туриб, жумладан уларга: “Эй, ансорлар! Сизларни залолатдан ҳидоятга чиқармадимми... Бошқалар туя, қўйбилан кетиб, сизлар Расулуллоҳ билан кетишга розимисиз?” – деганларидаулар рози бўлдилар” (Хз.).
26. Сўнгра Аллоҳ Расулига ва мўминларга Ўзининг таскини (хотиржамлиги)нинозил этди ҳамда сизлар олдин кўрмаган лашкарлар (фаришталар)ни туширдива кофир бўлганларни азоблади. Бу кофирларнинг жазосидир.
27. Сўнгра, ўша (жанг)дан кейин Аллоҳ (Ўзи) хоҳлаганларнинг тавбасини қабул этади. Аллоҳ кечиримли ва раҳмли зотдир.
28. Эй, имон келтирганлар! Албатта, мушриклар нажас (нопок)дирлар*. Шу йилларидан кейин (улар) Масжиди Ҳаром (Каъба)га яқинлашмасинлар! Агар (сизлар) фақирликдан қўрқсангиз, Аллоҳ хоҳласа, Ўз фазли билан сизларни бойитажак. Албатта, Аллоҳ билимли ва ҳикматли зотдир**.
* Бу ердаги нопоклик маънавий жиҳатдан изоҳланадиган бўлса, мушриклар қалбидаги ширк бамисоли нажасдирким, у тавҳидга зиддир. Уни моддийжиҳатдан изоҳланса, ширк ва куфр аҳли аксари ҳолларда нопок юришлари назарда тутилган бўлади. Масалан, жанобатдан ғусл қилмаслик, шаръан ҳалол ва ҳаром саналган нарсаларнинг фарқига бормаслик каби. Ҳижратнинг тўққизинчи йилидан бошлаб уларга Каъба ва унинг ҳарамига кириш тақиқланди (Мд.).
** Баъзи мусулмонлар Каъба атрофига мушрик тужжорлари келмайдиган бўлса, кундалик эҳтиёж молларига танқислик ҳосил бўлишидан хавотирга тушганларида мазкур оят нозил қилинди.
Ҳанафий мазҳаби бўйича мушрикларга фақат Каъбага кириб ҳаж ва умра ибодатларини адо этиш тақиқланади аммо Масжиди Ҳаромга ва бошқа масжидларга уларнинг кириши тақиқланмаган. Шофиий мазҳабида уларга фақат Масжиди Ҳаромга кириш тақиқланади. Моликий мазҳабида эса, унга ҳам, бошқа масжидларга ҳам аҳли куфр ва аҳли ширкларнинг киришлари жоизэмас.
Ҳижратнинг 9 йили Муҳаммад (а.с.) буйруқларига биноан Абу Бакр Сиддиқ (рз.) бошчилигида бир гуруҳ мусулмонлар ҳаж ибодатини адо этиш мақсадида Маккаи мукаррама томон равона бўлишади. Шу аснода “Тавба” сураси нозил бўлиб, унда мазкур мушрикларга доир чекловлар баён қилинган бўлади. Ҳожиларнинг ортидан Али (рз.) юборилиб, сура ўқиб берилади (Лс.).
29. Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган, Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром санамайдиган, ҳақ дин (Ислом)ни дин қилиб олмайдиган аҳли китоблардан иборат кишиларга қарши – то улар ўзларини паст тутиб, жизя (солиқ)ни нақд бергунларига қадар жанг қилингиз!
30. Яҳудийлар: «Узайр – Аллоҳнинг ўғли», – дедилар, насронийлар: «(Исо) Масиҳ – Аллоҳнинг ўғли», – дедилар. Бу уларнинг оғизларидаги (ботил) гапларидир. (Бу гаплари) худди аввалги кофир бўлганларнинг гапига ўхшайди. Аллоҳ урсин уларни! (Улар) қаёққа оғиб кетмоқдалар?!
31.(Улар) Аллоҳни қўйиб, ўзларининг донишмандлари ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни рабб (илоҳ) қилиб олдилар. Ваҳоланки, Ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилишга буюрилган эдилар. Ундан ўзга илоҳ йўқ! (Уларнинг) келтирган ширкларидан У покдир.
32. (Улар) Аллоҳнинг нури (дини)ни оғизлари (инкорлари ва ширклари) биланўчирмоқчи (йўқ қилмоқчи) бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмасалар-да, Ўз нурини камолига етказмасдан қўймагай.
33. У Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар ёқтирмасалар-да – барча динлар узра ғолиб қилиш учун юборган зотдир.
34. Эй, имон келтирганлар! (Аҳли китоблар ичидаги) руҳоний ва роҳибларнинг кўпчилиги одамларнинг молларини ноҳақлик билан ейдилар ва (одамларни) Аллоҳ йўлидан тўсадилар*. Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиболиб, уларни Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларга аламли азоб ҳақида «хушхабар» беринг!*
* Аҳли китобларнинг руҳоний ва роҳиблари илоҳий китобларидаги Муҳаммад (а.с.) тавсифларини ўзгартириш ёки йўқ қилиш ёки саводсиз аҳли китобларга шариат аҳкомларини осонлаштириб бериш эвазига улардан пора олиш йўли билан бойлик орттирар эдилар (Хз. Мд).
** Бу оят юқорида зикри ўтган аҳли китоблар ҳақида нозил бўлганми ёкимусулмонлар хусусидами? Бу ҳақда ҳатто Абу Зарр, Муовия ва бошқа саҳобалар ўртасида ҳам тортишувлар бўлган. Закоти бериб туриладиган бойлик бу жазодан мустасно қилинган. Ўзи ҳам емай, муҳтожларга ҳам бермай кетадиган хасис бойлар тўғрисида ушбу ва кейинги оятдаги жазотурлари жуда катта огоҳлантириш ҳисобланади (Мд. Хз.).
35. (Мазкур олтин-кумушлар) жаҳаннам ўтида қизитилиб, улар билан пешоналари, ёнлари, орқалари куйдирилган куни: «Бу ўзларингиз учун сақлаган хазинангиздир. Сақлаган хазинангиз (мазасини) тотингиз!» (дейилади).
36. Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир*. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда (жанг қилиб) ўзингизга зулм қилмангиз! Мушриклар (мазкур тўрт ой асносида) сизларга ёппасига уруш очсалар, (сизлар ҳам) уларга ёппасига уруш очингиз! Яна, билиб қўйингизки, Аллоҳ тақволилар билан биргадир!**
* Уруш тақиқланган тўрт ой – Зулқаъда, Зилҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир.
Бу ойларни қадимдан қадрлашар, урушларни тўхтатишар эди. Лекин бу оят ҳукми мансух этилгани тўғрисида деярли барча муфассирлар бир хилфикрдалар. Бунга далил Расул (а.с.)нинг Тоифни қуршовга олганлари, Ҳавозинга ғазот қилганлари Шаввол ва Зулқаъда ойларида кечганидир (Қз. Хз.).
** Ушбу оят далолат қиладики, Исломда мушриклар билан жанг қилиш, балки умуман урушишга фақат зарурат тақозоси билан рухсат этилади ва шунда ҳам мусулмонларни тақвони қўлдан бермаслик ва тажовузкорликка ўтмасликка буюрилади.
37. Албатта, (уруш ҳаром қилинган ойларни) кечиктириш (ҳаддан) ортиқ куфрдир. У билан Аллоҳ (урушни) ҳаром қилган (ойлар) сонини (ўзларига) мослаболиш ва шу тариқа Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни “ҳалоллаб” олиш мақсадида у (мазкур ойлардаги уруш)ни бир йил ҳалолга, бир йил ҳаромга чиқарувчи кофирлар адаштирилур. Уларга (бу) ёмон ишлари зийнатли (туюладиган) қилиб қўйилди. Аллоҳ кофирлар қавмини ҳидоятга бошламагай.
38. Эй, имон келтирганлар! Сизга не бўлдики, Аллоҳ йўлида (ёвга қарши) қўзғалингиз, дейилса, ерга оғирлигингизни соласиз (чиқмай ўтирасиз)?! Охиратдан (кечиб) дунё ҳаётига рози бўласизми? Охиратга нисбатан дунё ҳаётининг матоҳи (лаззати жуда) оздир!*
39. Агар қўзғалмасангиз, (Аллоҳ) сизларни аламли азоб билан азоблаб, ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтирур. Сизлар (эса) Унга бирор нарсада зарар етказа олмайсиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.*
* 38, 39-оятлар. Табук воқеасига доир оятлар.
Табук – Мадина билан Шом ўртасидаги бир воҳа.
Ҳижратнинг тўққизинчи йили Византия ҳарбий қўшини мусулмонлар устига бостириб келаётгани ҳақидаги овоза Расул (а.с.)га етиб келгач, кўп сонли қўшин тўплаб, дин ва юрт мудофааси учун мазкур водийга етибкеладилар. Лекин Византиянинг ҳеч қандай босқинчилик нияти йўқлиги маълум бўлгач, тўқнашувсиз қайтиб кетадилар. Бу воқеа асносида мусулмонлар орасидаги кўплаб мунофиқларнинг сирлари фош бўлади.
40. Агар сизлар унга (Муҳаммадга) ёрдам қилмасангиз, Аллоҳ (Ўзи) унга ёрдам қилган. Қачонки, уни кофирлар икки кишининг бири сифатида (ватанидан) чиқариб юборганларида, икковлари ғорда туриб, (Муҳаммад) ҳамроҳи (АбуБакр)га: «Ташвиш чекма! Албатта, Аллоҳ биз билан биргадир!» – деган эди*. Шунда Аллоҳ унга таскин (хотиржамлик) нозил этди ва сизлар кўрмаган лашкарлар (фаришталар) билан уни қувватлади ҳамда кофир бўлганлар сўзини тубан қилди. Аллоҳнинг сўзи эса, у юксакдир. Аллоҳ қудратли ва ҳикматли (зот)дир.
* Макка мушриклари мусулмонларга қанчалик тазйиқ ўтказмасинлар, улардиндан қайтмайдилар. Охири Муҳаммад (а.с.)нинг жонларига қасд қилишга қарор қиладилар. Шундан кейин Аллоҳ томонидан Мадинага ҳижрат қилиб кетишга изн берилади. Абу Бакр Сиддиқ билан бирга йўлга чиққанларида, уларнинг изига тушган мушриклардан сақланиш учун Макка чеккасидаги Савртоғининг бир ғорига кириб яширинадилар. Душман изқуварлари ғор оғзигачаизлаб келадилар. Лекин Аллоҳнинг марҳамати билан ғор оғзи ўргимчак тўрлари билан ўралиб қолади. Буни кўриб улар орқага қайтиб кетадилар. Абу Бакр Сиддиқ ғор оғзига келиб қолган душманлар Расулуллоҳга озор етказишади, деб қаттиқ ҳаяжонланадилар. Шунда Расул (а.с.) тасалли бериб, мазкур оятдаги сўзларни айтганлар.
41. Енгил ва оғир ҳолатда (ҳам ёвга қарши) қўзғалингиз* ва Аллоҳ йўлида молларингиз ва жонларингиз билан жиҳод қилингиз! Агар билсангиз, ана шу (иш)ингиз сизлар учун яхшидир.
* “Енгил” билан “оғир” ҳолатдан мурод нима экани тўғрисида турли тафсирлар бор. Масалан, жангга қизиқиб чаққон ва енгил қўзғалиш билан унинг оғирлигини ўйлаб шошмасдан чиқиш; оила ва фарзандсизликдаги енгиллик билан серфарзандликдаги оғирлик; қуролсиз ва қуролли; уловда ва пиёда; ёшлик ва қариликда; озғинлик ва семизликда; соғлом ва бетобликда; камбағал ва бой ҳолатда. Ибн Аббос (рз.) бу оят шу суранинг 122-оятибилан мансух бўлган, деган. Суддий (рҳ.) эса бу оят 91-оят билан мансух бўлган, деган. Мансух бўлмаган тақдирда оятдаги буйруқ “надб”, яъни жангга чиқиш узрли кишилар учун мустаҳаб: чиқсалар савоб оладилар, чиқмасалар гуноҳкор бўлмайдилар, деб тушуниш лозим бўлади (Мд. Хз.).
42. Агар (эй, Муҳаммад! Сиз таклиф қилган нарса) яқиндаги буюм ёки ўртача (масофадаги оддий) сафар бўлганда эди, (улар) Сизга эргашган бўлур эдилар. Лекин уларга масофа узоқлик қилди. Албатта, улар ўзларини ҳалок қилиб (чарчатиб): «Қодир бўлганимизда, сизлар билан бирга (жангга) чиқар эдик», – деб Аллоҳ номига қасам ичадилар. Аллоҳ эса, уларнинг (ғирт) ёлғончи эканликларини билур.
43. Аллоҳ Сизни афв этди. (Лекин) Сизга ростгўйлар аниқланиб, ёлғончиларни билмагунингизгача, нега уларга (жангдан қолишга) рухсат бердингиз?
44. Аллоҳга ва охират кунига имон келтирувчилар моллари ва жонлари билан жиҳод қилишдан (қолиш учун) Сиздан рухсат сўрамайдилар. Аллоҳ тақводорларни (яхши) билур.
45. Балки, Сиздан Аллоҳга ва охират кунига имон келтирмайдиган ва дилларишак-шубҳали бўлганларгина (жангдан қолиш учун) рухсат сўрайдилар. Уларўз шубҳаларида иккиланиб юраверадилар.
46.Агар (улар) чиқишни истаганларида, унинг учун тайёргарлик кўриб қўйган бўлур эдилар. Лекин Аллоҳ (уларнинг) қўзғалишларини ёқтирмайди, уларнисусайтириб қўйди ва уларга: «Ўтирувчилар* билан бирга ўтираверингиз!» – дейилди.
47. Агар улар сизларга қўшилиб (жангга) чиққанларида ҳам, сизларга фақат бузғунчиликни зиёда қилиб, ораларингизга (раҳна) солиб, сизларни фитнага дучор қилган бўлур эдилар. Сизларнинг ичингизда эса, уларга қулоқ соладиган (ишонувчи)лар бор. Аллоҳ золимларни билувчидир.
48. (Улар) олдин ҳам фитна қўзғатмоқчи бўлган ва улар ёқтирмаган ҳолларида то ҳақ (ғалаба) келиб, Аллоҳнинг амри (дини) ғолиб бўлгунича ҳамишларингизни (макр-ҳийла, иғво билан) остин-устун қилган эдилар.
49. Улар ичида: «Менга изн беринг, мени фитнага қўйманг!» – дейдиганлар ҳамбор*. (Улар жангдан қолиш билан) фитнага тушдилар-ку! Албатта, жаҳаннам кофирларни (ўзига) қамраб олувчидир.
* Бу оят Жадд ибн Қайс исмли мунофиқ хусусида нозил қилинган. Расул (а.с.) уни Табук жангига таклиф қилганларида у сохта узр айтиб, шундай деган: “Мен аёлларга ўчроқ одамман. Агар Рум ҳудудига борсам, у ердаги Асфарнинг қизларига мафтун бўлиб, гуноҳ иш қилиб қўйишим мумкин. Ундан кўра мен сизларга бу сафарингизда моддий маблағ билан ёрдам қилайину, ўзим уйда қолай”, – деганида Расул (а.с.) унга изн берганлар. Ушбу оят билан Аллоҳ таоло унинг мунофиқлигини фош қилмоқда. Асфар Румнинг бир минтақасига ҳоким бўлиб олган бир ҳабаший бўлиб, румлик аёлга уйланган, ундан туғилган қизлари оқ-қора аралаш жозибали экани кўпчиликка маълумэди (Мд. Лс. Хз.).
50. Агар Сизга бирор яхшилик (ғалаба ёки ўлжа) етишса, (бу) уларга ёқмайди. Агар Сизга бирор мусибат етишса: «Ишнинг олдини олибмиз», – деб хурсанд ҳолларида юз ўгириб кетадилар.
51. Айтинг: «Бизга Аллоҳнинг ёзиб қўйганидан ўзга нарса етмайди. У хожамиздир. Аллоҳга эса, фақат мўминлар таваккул этсинлар!»
52. Айтинг: «Сизлар биз учун икки хайрли ишдан бири (бўлиши)ни кутмоқдасиз*. Биз ҳам сизлар учун Аллоҳнинг Ўз ҳузуридан ёки бизнинг қўлимиз билан сизларга (етадиган) бирор азобни кутмоқдамиз. Бас, кутаверингиз! Биз ҳамсизлар билан бирга кутувчилармиз».
* “Икки хайрли иш”нинг бири – душман устидан қозониладиган ғалаба ва шаҳидлик. Мусулмонларга бу иккисининг қайси бири насиб этса ҳам хайрли эди. Кофир ва мунофиқлар учун Аллоҳ томонидан кутилаётган жазо ҳам икки турлидир. Бири бевосита уларга юборадиган Ўзининг азоби, иккинчиси мусулмонлар қўли билан бериладиган жазо.
53. Айтинг: «Хоҳ ихтиёрий, хоҳ мажбурий ҳолда нафақа (садақа) қилингиз, (барибир) сизлардан сира қабул қилинмагай*. Зеро, сизлар фосиқлар қавми бўлдингиз».
* Яъни Жадд ибн Қайс ва унга ўхшаган мунофиқларга айтинг-ки, уларнинг қилган эҳсон ва садақаларини Аллоҳ қабул қилмайди. Зеро, улар ибодат ва эҳсонни имон ва ихлос билан қилмайдилар.
54. Нафақа (садақа)ларининг қабул қилинишидан тўсган нарса бу – уларнинг Аллоҳга, Расулига куфр келтирганлари, намозга фақат суст ҳолда келишлари ва нафақа (садақа)ни фақат ёқтирмаган ҳолларида беришларидир.
55. Бас, Сизни уларнинг мол-мулклари ҳам, фарзандлари ҳам таажжублантирмасин! Зеро, Аллоҳ ўшалар сабабли дунё ҳаётида уларни азоблашни* ва кофирлик ҳолларида жонлари чиқишини ирода қилур.
* Бойлик ва серфарзандлик ташвишлари эслатилмоқда. Зеро, бойлик вафарзандлар доим ҳам жонга роҳат бўлавермайди, баъзида роҳатидан кўра заҳмати ошиб кетиш ҳоллари ҳам кузатилади. Айниқса, охиратни ўйламайдиганлар учун улар кони азоб. Оятда мазкур мунофиқларнинг бойликва фарзандларининг мўл ва фаровонлиги ҳавас қилиб бўлмайдиган нарсаэкани айтилмоқда.
56. Улар: «Сизларданмиз», – деб, Аллоҳ номига қасам ичадилар. Ваҳоланки, улар сизлардан (мусулмонлардан) эмаслар. Балки, улар (жазодан) қўрқадиган қавмдир*.
* Юзаки бўлса ҳам имон келтириб, мусулмонлар ичида юрмасак, молу жонларимиздан ажралиб қолишимиз мумкин, деб қўрқишлари назарда тутилган.
57. Агар улар бошпана ё ғорлар ёки кирадиган жой топсалар, ўша ерга (жазодан қочиб) шитоб билан кетган бўлур эдилар.
58. Улар ичида (тарқатиладиган) садақалар хусусида Сизга таъна қиладиганларҳам бор. Уларга у (садақа)лардан берилса, рози бўладилар. Борди-ю, уларга улардан берилмаса, унда улар бирдан аччиқланадилар.
59. Агар улар Аллоҳ ва Расули уларга ато этган нарсага рози бўлиб: «Бизга Аллоҳ кифоя. Бизга, албатта, Аллоҳ ўз фазлидан ато этур ва Расули ҳам. Биз Аллоҳ (розилиги)гагина рағбат қилувчилармиз», – десалар эди (ўзларига яхши бўлур эди).
60. Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди)*. Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир.
* Бу кўрсатилган кишиларга закот, хирож, фитр ва ушр каби садақотлар берилиши керак. Улардан "диллари ошна қилинувчилар" мансух этилган. Яъни Ислом аввалида закот ва вожиб садақаларни Абу Суфён ибн Ҳарб, Ақраъ ибнҲобис, Уяйна ибн Ҳисн, Аббос ибн Мирдос, Сафвон ибн Умайя, Адий ибн Ҳотам, Забарқон ибн Бадр каби кофирларга ҳам берилар, бу билан уларнинг дилларини Исломга мойил қилиш мақсад қилинар эди. Кейинроқ Абу Бакр (рз.) халифалиги даврида саҳобалар ижмоси билан унинг ҳукми бекор қилинган (Ҳд.).
61. Улар ичида Пайғамбарга азият етказадиган ва «У – қулоқ» (эшитганига ишонаверадиган) дейдиганлар ҳам бор. Айтинг: «(У) яхшилик қулоғи, Аллоҳга имон келтирувчи, мўминларга ишонувчи ва сизлардан имон келтирганларингиз учун раҳмат (манбаи)дир. Аллоҳнинг Расулига азиятет казадиганлар – улар учун аламли азоб бордир».
62. Улар (мунофиқлар) сизларни қониқтириш учун (Пайғамбарга азият етказмадик, деб) қасам ичадилар. Агар мўмин бўлсалар, (билиб қўйсинларки) қониқтиришларига Аллоҳ ва Расули лойиқроқдир.
63. Кимки, Аллоҳ ва Расули (белгилаган) ҳаддан тажовуз этса, унинг учун мангуликдаги жаҳаннам олови бўлишини билмаганмидилар?! Бу улкан шармисорликку!
64. Мунофиқлар ўзлари ҳақида дилларидаги нарса (мунофиқлик)ни фош қиладиган сура нозил қилинишидан қўрқиб турадилар*. Айтинг: «Масхара қилаверингиз, Аллоҳ сиз қўрқаётган (ўша) нарсани (юзага) чиқарувчидир».
* “Тавба” сурасининг яна бир номи “Фозиҳа”, яъни “фош этувчи” эканига сабаб – мунофиқларнинг сирларини шу сура орқали Муҳаммад (а.с.)га фош этганидир.
65. Қасамки, агар улардан (нега масхара қиласиз, деб) сўрасангиз, албатта, улар: «Биз фақат (баҳсга) чўмиб, ҳазиллашяпмиз», – дейишади. Айтинг: «Аллоҳни, оятларини ва Расулини масхара қилаётган эдингиз-ку?!»*
* Расул (а.с.) Табук сари равона бўлганларида бир тўда отлиқ мунофиқлар ул зотнинг олд томонларида бир-бирларига: “Ана у кишига қаранг, шу кетишда бориб, Шомнинг қаср ва қалъаларини фатҳ этар эмиш” – деб, ўзаро Расул (а.с.) устиларидан кулиб, масхара қиладилар. Бу тўғрида Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (а.с.)га ваҳий орқали билдиради. Дарҳол уларни тўхтатишга буюрадилар. Олдиларига келиб, пинҳона гапирган гапларини ўзларига айтиб, шу гаплар билан масхара қилаяпсизми, деганларида улар қилмишларидан тониб, йўлни яқин қилиш учун ўзаро гаплашиб, ҳазиллашиб кетаяпмиз, деб баҳона қилишган экан (Мд. Хз. Тб.).
66.Узр айтмангиз! Имонингиздан кейин (яна) куфрга кетгансиз. Агар сизлардан бир тоифани (тавба қилгач) афв этсак, бошқа бир тоифани жиноятчи бўлганлари сабабли азоблаймиз.
67. Мунофиқ эркаклар билан мунофиқ аёллар бир-бирларидандирлар*. (Улародамларни) ёмонликка буюрадилар, яхшиликдан қайтарадилар ва қўлларини (хайр-эҳсондан) тиядилар. Аллоҳни унутишгач, (У) ҳам уларни «унутади». Мунофиқлар, албатта, фосиқдирлар.
* Бу оятдан маълум бўлишича, мунофиқлар куфрда бир-бирларидан фарққилмайдилар ва улар мўминлардан эмаслар. Ўша даврда мунофиқларнинг умумий сони уч юз киши бўлиб, улардан бир юз етмиштаси аёллардан эди (Мд.).
Сурада сирлари фош бўлган мунофиқлар хусусида баён этилди. Аммо куфрлари зоҳир бўлмаса, куфрга ҳукм қилинмайди.
68. Мунофиқлар, мунофиқалар ва кофирларга Аллоҳ (улар) абадий қоладиган жаҳаннам оловини ваъда қилди. Уларга у кифоядир. Уларни Аллоҳ лаънатлади. Улар учун яна доимий азоб бордир.
69.(Сизлар, эй, мунофиқлар!) Худди сизлардан олдинги (мунофиқ)ларга ўхшайсизлар. (Улар) сизлардан қувватлироқ, мол-мулклари ва фарзандлари кўпроқ эди. Бас, улар ўз насибаларидан баҳраманд бўлдилар. Сизлардан олдингилар насибаларидан баҳраманд бўлганлари каби сизлар ҳам (ўз) насибаларингиздан баҳраманд бўлдингиз ва (улар) ботган нарса (залолат)га (сизлар ҳам) ботдингиз. Ана ўшаларнинг (дунёда қилган савобли) амалларибеҳуда кетди. Зиён кўрувчилар ҳам ана ўшалардир.
70.Уларга ўзларидан олдингилар – Нуҳ, Од, Самуд қавмлари, Иброҳим қавми, Мадян (шаҳри) аҳолиси (Шуайб қавми) ҳамда остин-устун бўлган шаҳарлар (Лутқавми)нинг хабарлари (етиб) келмабдими?! Уларга ўз пайғамбарлари ҳужжатлар (мўъжизалар)ни келтирган эдилар. Бас, Аллоҳ уларга зулмқилувчи бўлмади, балки ўзларига зулм қилувчи бўлдилар.
71. Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир.
72. Аллоҳ мўминлар ва мўминаларга остидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу яшаладиган жаннат (боғ)ларидаги ёқимли масканларни ваъда қилди. Аллоҳнинг ризоси эса, (ҳаммасидан) буюкроқдир. Ана шу(лар) улкан ютуқдир*.
* Ушбу оятни тафсир қилиб бериш сўралганида Расул (а.с.): “Жаннатда бир қаср бўлиб, унда етмишта қизил ёқутдан ясалган ҳовли бор. Ҳар бир ҳовлида етмишта яшил зумраддан ясалган хона бор. Ҳар бир хонада етмишта сўри бор. Ҳар бир сўрида етмишта ранги бир-бирига ўхшамайдиганпояндоз-кўрпача бор. Ҳар бир кўрпачада бир ҳур қиз бўлиб, у ўзига аталган аҳли жаннатга мунтазир бўлиб ўтирур”, – деб жавоб берган эканлар (Хз.).
Имом Табарий (рҳ.) ривоят қилган ҳадисда: “... ҳар бир хонада етмишта дастурхон, ҳар бир дастурхонда етмиш хил таом. Ҳар бир хонада етмишта қиз бўлиб, бир кечада ҳар бир жаннат аҳлига аталган шу миқдордаги ҳурларга кифоя қиладиган куч-қувват ато этилади”, – дейилган. Оятдаги “жанноту Адн” иборасини бундан бошқа тафсирлари ҳам бор. Ибн Масъуд (рз.): “Адн – бу, жаннатнинг ўртаси”, – деган. Фахруддин Розий (рҳ.) хулоса қилиб: “Адн жаннатдаги бир муайян жойнинг номи ёки жаннатнинг сифатидир”, – деган. У бир анҳорнинг номи, деган тафсир ҳам бор (Тб. Хз.).
“Адн” жаннатдаги бир шаҳар ёки қаср бўлиб, унинг беш мингта дарвозасибор. Унга фақат пайғамбарлар, шаҳидлар, сиддиқлар, ҳидоятга бошловчи раҳнамолар кирадилар, деган ривоят ҳам бор (Тр.)
Оятнинг давомида жаннатдаги барча ноз-неъматлардан ҳам буюкроқ нарса Аллоҳнинг ризоси экани қайд этилган. Дарҳақиқат, Аллоҳ бандасидан рози бўлса, бундан ортиқ бахт йўқдир.
73. Эй, Пайғамбар! Кофир ва мунофиқларга қарши курашинг ва уларга нисбатан (Сиз ҳам) дағаллик қилинг! Уларнинг жойлари жаҳаннамдир. Нақадар мудҳиш қисмат бу!*
* Макка ва Мадинадаги куфр ва нифоқ аҳли Расул (а.с.) ва мусулмонларга озор бериш, дағал муомала қилиш, масхаралашда ҳаддан ошганларидан кейин уларнинг муқобилига шундай муносабат билан жавоб қайтаришга буюрилди. Мушрик ва кофирлар зулмига қарши қасос олиш мақсадида жанг қилишга Аллоҳ томонидан рухсат берилди. Лекин мунофиқларга қарши жазо белгиланмади. Зеро, улар дилларида куфрни яшириб юрган бўлсалар-да, тилларида мусулмонлик даъвосини қилар эдилар. Ислом эса, зоҳирига қараб муомала қилишга буюради. Шундай бўлгач, оятдаги буйруқни “кофирлар билан жанг орқали, мунофиқлар билан эса, баҳс-мунозара ва ҳужжатлар воситаси билан курашиш” деб тушуниш лозим бўлади. Ибн Масъуд (рз.): “Улар билан аввало қўл кучи билан, унинг иложи бўлмаса тил билан, унинг ҳам иложи бўлмасадили билан, унга ҳам имконият бўлмаса уларнинг юзига хўмрайиб боқиш билан курашилади”, – деган (Хз.).
Ибн Масъуд ушбу оятдаги “жиҳод” сўзини “жидду жаҳд” деб тафсир қилган. Зеро, бу ерда жиҳоднинг қуролли жанг дейиш учун далил йўқдир (Тб.)
74. (Ёмон сўз) айтмадик, деб қасам ичадилар. Ваҳоланки, куфр сўзини айтганлар ва ислом (динини қабул қилган)ларидан кейин (яна) куфрга қайтганлар ҳамда ета олмаган нарсаларига* қасд қилганлар. Аллоҳ ва (Унинг) Расули уларни (Пайғамбар ва саҳобаларини) фазли (ўлжалар) билан бойитиб қўйгани учунгина (мунофиқлар) уларни ёқтирмадилар. Бас, агар тавба қилсалар, ўзлари учун яхши. Борди-ю, бош тортсалар, Аллоҳ уларни ҳам будунё, ҳам охиратда аламли азоб билан азоблагай. Ер (юзи)да уларга на бирдўст ва на ёрдам берувчи бор.
* Ета олмаган нарсалари – Муҳаммад (а.с.)ни қатл этишга бўлган ҳаракатлари эди.
75. Улар орасида: «Агарда бизга (Аллоҳ) фазли (бойлиги)дан берса, албатта, садақа қилурмиз ва солиҳ (киши)лардан бўлурмиз», – деб Аллоҳ билан аҳдлашадиганлар ҳам бор.
76. Аллоҳ уларга фазлидан берганда эса, (улар) унга бахиллик қилдилар ва юз ўгириб кетдилар.
77. Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва ёлғончилик қилганлари сабабли уларга, то Уни учратадиган кунлари (қиёмат)гача дилларида мунофиқлик бўлишини қисмат қилиб қўйди.
78. Аллоҳнинг улар яширган ва шивирлаганларини ҳам билишини ва Аллоҳ ғайбнарсаларнинг ҳам алломаси эканлигини билмаганмидилар?!
79. Мўминлардан ихтиёрий эҳсон қилувчиларини ва зўрға топиб-тутувчиларини истеҳзо ила масхаралайдиганларни Аллоҳ «масхара» қилади ва улар учун аламли азоб (бор)дир.
80. Улар учун (Сиз) хоҳ кечирим сўранг, хоҳ кечирим сўраманг – агар уларучун етмиш бор кечирим сўрасангиз ҳам – Аллоҳ сира уларни кечирмагай*. Бу уларнинг Аллоҳ ва Расулига куфр келтирганларидандир. Аллоҳ эса, фосиқлар қавмини ҳидоят қилмагай.
* Бу оят нозил бўлишининг сабаби тўғрисида бир неча тафсирлар бор. Масалан, Абдуллоҳ ибн Убай Расул (а.с.) ҳузурларига келиб, куфрдаги отаси ўлим тўшагида ётганини айтиб, унинг истиғфор айтиб, гуноҳларига кечирим сўраб беришни илтимос қилганида шу оят нозил бўлган (Мд.). Бошқа тафсирга кўра, мунофиқларнинг сири очилиб қолгач, улар Расул (а.с.) ҳузурларига келиб, узр айтишиб, Аллоҳдан кечирим сўраб беришни илтимос қилишганда нозил бўлган (Хз.). Заҳҳок (рҳ.) тафсирига кўра, мазкур оятнозил бўлгач, Расул (а.с.) етмиш марта истиғфор айтсам кечирмайдиган бўлса, ундан кўпроқ айтсаммикан, деб турганларида “Мунофиқун” сурасининг 6-оятини нозил қилиб, унда улар учун истиғфор айтсалар ёки айтмасалар ҳам сира кечирилмаслигини билдирган (Бғ.).
81.(Жангдан сохта узрлар билан) қолганлар* Аллоҳнинг расулига хилоф қилиб ўтиришларидан (ўзлари) шод бўлдилар ва моллари-ю жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилишни ёқтирмадилар ва (бошқаларга ҳам): «Иссиқ ҳавода қўзғалмангиз!» – дейишди. Айтинг: «Агар англасалар, жаҳаннам олови (ундан) иссиқроқдир».
* Яна Табук воқеасига доир оятлар баён этилмоқда. Бу ҳақда суранинг 38–39-оятлари тафсирига қаралсин.
82. Бас, (улар) қилмишларининг жазоси учун (бу дунёда) оз кулсинлар ва (охиратда) кўп йиғласинлар!
83. Бас, агар Аллоҳ Сизни (яна) бирор тоифа (ёв)га (тўқнашиш учун) қайтарганида Сиздан (жангга) чиқишга изн сўрасалар, айтинг: «Мен билан бирга (энди) сира чиқмайсиз ва Мен билан бирга бирор душманга қарши урушмайсиз ҳам. Зеро, сизлар аввалги гал (жангга чиқмай) ўтиришга рози бўлдингиз. Яна қолувчилар билан (қолиб) ўтираверингиз!»
84. Улардан ўлган бирор кишига зинҳор жаноза намозини ўқиманг ва қабри устида ҳам турманг! Зеро, улар Аллоҳга ва Расулига куфр келтирдилар ҳамда фосиқлик ҳолларида ўлдилар.
85.Уларнинг мол-мулклари ва фарзандлари (кўплиги) Сизни таажжублантирмасин! Зеро, Аллоҳ уларни (шу дунёда) ўшалар (ташвишлари) сабабли азоблашни ва кофирлик ҳолларида жонлари чиқишини ирода этади.
86. «Аллоҳга имон келтирингиз ва Расули билан бирга жиҳод қилингиз!» – деган (мазмундаги) сура (оят) нозил қилинса, уларнинг иқтидорли (бой)лари (дарҳол) изн сўраб: «Бизни қўйгин, ўтирувчилар билан бирга бўлайлик!» – дейдилар.
87.(Улар) қолувчи (аёл ва бола)лар билан бирга бўлишга рози бўлдилар. Диллари эса муҳрлаб қўйилди. Бас, улар (жиҳоднинг фазлини) англамайдилар.
88. Лекин Расул ва у билан бирга имон келтирганлар жонлари ва моллари билан жиҳод қилдилар. Яхшиликлар ана ўшалар учундир ва нажот топувчи кишилар ҳам айнан ўшалардир*.
* Диний истилоҳга кўра “жиҳод” уч хил бўлади. Биринчиси – нафс билан курашиш; иккинчиси – шайтон билан; учинчиси – ёв билан курашиш. Қуръони карим оятларидаги “жиҳод” сўзи мазкур уч хил душман билан курашиш маъноларида келади. Шаҳидликнинг кўпгина турлари бўлгани каби жиҳоднинг ҳам турлари кўпдир. Яна “Нисо” сураси, 95-оят тафсирига қаралсин.
89. Аллоҳ улар учун остидан анҳорлар оқадиган, унда мангу қолинадиган (жаннатдаги) боғларни тайёрлаб қўйгандир. Ана ўша – улкан ютуқдир.
90. Аъробий (бадавий)лардан уларга рухсат берилиши учун узр кўрсатувчилар* келди ва (шундай қилиб) Аллоҳга ва Расулига ёлғон гапирганлар (жангга чиқмай уйларида) ўтирдилар. Албатта, улардан кофир бўлганларига аламли азоб етгусидир.
* Оятдаги “узр кўрсатувчилар” тўғрисида ҳам турли тафсирлар айтилган. Заҳҳок (рҳ.) улар Омир ибн Туфайл қавмидан бўлиб, Расул (а.с.) ҳузурларига келиб: “Агар биз сиз билан бирга жангга чиқсак, Тай қабиласи йигитлари келиб, аёлларимиз ва чорваларимизга ҳужум қилишларидан қўрқамиз”, – деб сохта узр айтганлар. Уларга жавобан Он ҳазрат: “Менга сизлар ҳаққингизда Аллоҳ билдирди”, – деганлар. Яъни уларнинг сохта баҳоналарини билганлар (Бғ.).
91. Заифлар, беморлар ва (жанг учун) харж қилишга нарса топа олмайдиганларга – Аллоҳ ва Расулига содиқ турган бўлсалар – қийинчилик (мажбурлик) йўқ*. Эзгу иш қилувчилар (шаъни)га (таъна учун) йўл йўқ. Аллоҳ кечиримли вараҳмлидир.
* Ибн Аббос (рз.) ушбу оятнинг тафсирида “заифлар” дан мурод сурункали оғир касаллар, ўта кексалар ва жангга ожизлик қилувчи кишилар, деган. Бошқалар балоғат ёшига етмаган болалар ёки аёллар деб изоҳ берганлар (Бғ. Мд.).
92. Шунингдек, Сизнинг ҳузурингизга уларни уловли қилиб қўйишингиз учун келганларида, «сизларни уловли қилишга нарса топа олмайман», – дедингиз. Улар эса сарф қилишга нарса топа олмаганлари учун ғамгин бўлиб, кўзларидан ёш оқиб қайтиб кетдилар. Уларга ҳам (таъна йўқ).
93. (Таъна учун) йўл – ўзлари бой бўла туриб, Сиздан рухсат сўрайдиганлар (шаъни)гадир.(Улар) қолувчи (аёл)лар билан бирга бўлишга рози бўлдилар. Аллоҳ уларнинг дилларини муҳрлаб қўйди. Бас, улар (шунинг учун савоб билан гуноҳ фарқини) билмайдилар.
Ўн биринчи пора
94. Улар ҳузурига қайтганингизда, сизларга узр айтадилар*. Айтинг: «Узрайтмангиз! Сизларга сира ишонмаймиз. Аллоҳ бизга сизларнинг хабарларингиздан билдирди. Албатта, Аллоҳ ва Расули ишларингизни кўргай. Сўнгра ғойиб ва ошкора (ишлар)ни билувчи (зот – Аллоҳ)га қайтарилурсиз. Бас, (У) сизларга қилган ишларингиз хабарини берур».
* Табук ғазотига боришдан бош тортиб, узр айтган мунофиқларнинг адади Имом Бағавий (рҳ.) тафсирига кўра, саксон нафардан ошиқроқ эди (Хз.).
95. Улар ҳузурига қайтганингизда улардан (узр қабул қилиб) бепарво бўлишингиз учун Аллоҳ (номи) билан қасам ичадилар. Майли, уларга парво қилмангиз! Зеро, улар нопокдирлар. Жойлари эса, қилмишларига яраша, жаҳаннамдир.
96. Улардан қаноат ҳосил қилишларингиз учун сизларга қасамёд этадилар. Сизлар улардан қаноатлансангиз ҳам, Аллоҳ фосиқлар қавмидан сира рози бўлмагай.
97. Аъробийлар* (одатда) куфр ва нифоқда кучлироқ ва Аллоҳнинг Расулига нозил қилган нарсалар ҳудудини билмасликлари аниқроқдир. Аллоҳ (эса) илмли ва ҳикматли зотдир.
* Бу ва кейинги оятда Асад, Ғатфон ва Тамим қабилаларига мансуб аъробийларнинг аслида кофир ва мунофиқ экани баён этилмоқда (Хз.).
98. Аъробийлар ичида қилган садақасини зарар (ортиқча чиқим) деб биладиганва сизларга мусибатлар бўлишини кутиб турадиганлари ҳам бор. Улар узра ёмон бало келсин! Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир.
99. Аъробийлар ичида Аллоҳга ва охират кунига имон келтирадиган, қилган садақаларини Аллоҳ ҳузурида яқинлик ва Расул олқиши деб биладиганлари ҳам бор*. Албатта, у улар учун (Аллоҳга) яқинликдир. Аллоҳ уларни, албатта, ўз раҳмати (жаннати)га киргизур. Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.
* Бу оятда аъробийларнинг ҳаммаси ҳам юқоридагилардек эмаслиги, балки чин ихлосли мўминлари ҳам борлиги билдирилмоқда. Улар Мужоҳид (рҳ.) тафсирига кўра, Музайна вилоятининг Бани Муқрин қабиласи кишиларидир. Калбий (рҳ.) эса Аслам, Ғифор ва Жуҳайна қабилаларидаги аъробийлар, дебайтган. Ҳадисда шундай дейилади: “Аслам, Ғифор, Жуҳайнанинг бир қисми ва Музайна қиёмат кунида Тамим, Асад, Ҳавозин ва Ғатфон қабилаларидан афзал экани маълум бўлур” (Бғ.).
Шаҳар ва қишлоқларда яшайдиган арабга “Эй, аъробий!” –дейилса хафа бўлади. Шунингдек, саҳрода яшайдиган аъробий ёки бадавийга “Эй, араб!” – дейилса хурсанд бўлар экан (Хз.).
Тафсирларда аъробийлар дағал муомалали, қўпол ва беҳаё бўлишларининг сабаби уларнинг шаҳарликлардек аҳли фазл кишилар суҳбатида бўлмаганларидир.
100. Муҳожирлар ва ансорларнинг дастлабки пешқадамлари* ҳамда улар ортиданэ згулик билан борганлардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна улар учун остида анҳорлар оқувчи, (улар) унда абадий мангу қоладиган жаннат (боғ)ларни тайёрлаб қўйди. Ана ўша улкан ютуқдир.
* Улар ҳар икки қибла – Масжиди Ақсо ва Масжиди Ҳаром томонга қараб намоз ўқиш насиб бўлган мусулмонлар ёки Бадр жангида иштирок этганлар ёхуд “Ризвон” байъатида қатнашганлардир. Ҳудайбия сулҳи тузилган йили мусулмонлар Расул (а.с.) ҳузурларига бир-бир келиб байъат, яъни қасамёд қилганлар. Шу байъат “Ризвон байъати” дейилади (Мд.).
Муҳаммад (а.с.) пайғамбар бўлганларидан кейин биринчи бўлиб Хадича онамиз, сўнгра Али ибн Аби Толиб ёки Абу Бакр ёхуд Зайд ибн Ҳориса имон келтирганлар, дейилади. Абу Бакр (рз.) 38 ёшда, Ҳазрат Али (рз.) 10 ёшдабўлган. Зайд эса, Расул (а.с.) нинг тутинган ўғиллари эди. Абу Бакр (рз.)нинг даъватлари билан Усмон, Зубайр, Абдурраҳмон, Саъд, Талҳа, Билол (рз.)лар исломга мушарраф бўлганлар (Хз.).
101. Теварагингиздаги* аъробийлар ва Мадина аҳолиси ичида мунофиқлар бор.(Улар) нифоқда бардавомдирлар. Уларни (Сиз) билмайсиз, уларни Бизбиламиз. Албатта, уларни икки бор азоблаймиз**. Сўнгра (қиёматда) улкан азоб (дўзах)га қайтарилурлар.
* Мадина теварагида Асад, Ғатафон, Жуҳайна, Аслам, Ашжаъ, Ғифор қабилалари жойлашган эди.
** Икки бор азоблаш деганда, уларнинг қатли билан қабр азоби ёки уларнишармисор қилиш билан қабр азоби ёхуд маъмурий ва жиноий жазо кўзда тутилади. Бошқача тафсирлар ҳам бор.
102. Яна бошқалари ҳам борки, гуноҳларини тан олурлар. Яхши ишни бошқаси – ёмонига аралаштириб юборганлар. Аллоҳ уларнинг тавбаларини шояд қабул қилса. Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.
103. Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг ва улар (ҳаққи)га дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)дир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир.
104. Улар Аллоҳнинг бандалари томонидан (қилинадиган) тавбани қабул этишини, садақаларни олишини ҳамда Аллоҳ Таввоб (тавбаларини қабул этувчи) ва Раҳим (раҳмли) эканини билишмаганмиди?!
105. Айтинг: «Ишлангиз! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизникўражаклар. Шунингдек, албатта, ғойиб ва ошкора (ишлар)ни билувчи (зот) ҳузурига қайтарилурсиз. Бас, (ўшанда) сизларга қилган ишларингиз хабарини берур.
106. Яна Аллоҳнинг амрига ҳавола этилган бошқалари ҳам борки, уларни ёазоблар ёки тавбаларини қабул этар. Аллоҳ билимли ва ҳикматлидир.
107. Яна шундайлар ҳам борки, улар (мўминларга) зарар етказиш, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва олдин Аллоҳ ва (Унинг) Расулига қарши урушган (бир) кишига кўз тутиш учун масжид қуриб олдилар. Яна: «Фақат (бундан) яхшиликни истаган эдик», – деб қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ гувоҳлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир!*
* Расул (а.с.) Мадинага ҳижрат қилиб келган кунларидан бошлаб Қубо масжидини қуришга киришганлар. Масжид битгач, ўзлари келиб жамоат билан намоз ўқишни бошлаб берганлар. Буни кўрган 17 нафар мунофиқлар мусулмонларга ҳасад қилиб, бошқа жойга алоҳида масжид қуриш учун турли сохта узрларни кўрсатиб Расул (а.с.) дан рухсат оладилар. У битгач, Шомга кетган Абу Омир исмли бир роҳибнинг келишини кутадилар. Расул (а.с.) уни роҳиб эмас, фосиқ деб аташга буюрган эдилар. Кейинчалик у Онҳазратнинг дуои бадлари билан кофирлик ҳолида ўлган. Мунофиқлар шу фосиқнинг келиши ва масжидга имом бўлишини кутган эдилар. Расул (а.с.)га масжид битгани тўғрисида хабар бериб, ўзлари имом бўлиб намозни бошлаб беришларини сўраган пайтларида оят нозил бўлиб, уларнинг сирларини фош этади.
Мунофиқлар қурган бу масжид Ислом тарихида "Масжиди зирор", яъни “зарар келтирувчи масжид” номи билан танилган. Расул (а.с.)нинг ўз амакилари Амир Ҳамза (рз.)ни қатл этиб, сўнгра исломни қабул қилган Ваҳший, Маанибн Адий ва бошқаларни юбориб, мунофиқлар қурган масжидни бузиб, ёндириб юбориш ва ўрнини ахлатхонага айлантириб қўйишга буюрганлар. Пайғамбаримиз (а.с.) томонидан Мадина яқинида қурилган Қубо масжиди эса, ислом тарихида биринчи қурилган масжид сифатида ҳозиргача фаолият кўрсатиб келмоқда (Лс. Мд. Хз.).
108. (Эй, Муҳаммад!) зинҳор (Сиз) унда (намоз ўқиш учун) турманг! Биринчи кундан тақвога асосланган масжид эса, унда туришингизга лойиқроқдир. Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларнисевар.
109. Биноларини Аллоҳдан (берилувчи) тақво ва розилик асосида қурган киши яхшироқми ёки биноларига қулаётган жар ёқасини асос қилиб олган ва шу сабабли (ўзи ҳам) жаҳаннам ўтига қулаган кишими?! Аллоҳ золимлар қавмини ҳидоят қилмагай.
110. Қурган бинолари (бузиб ташлангач) то юраклари ёрилгунга (ўлгунга) қадардилларида шак бўлиб қолур. Аллоҳ билимли ва ҳикматлидир.
111. Аллоҳ мўминлардан жонлари ва молларини жаннат эвазига «сотиб олди» – Аллоҳ йўлида жанг қиладилар. Бас, ўлдирадилар ва ўлдириладилар. Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини берган Аллоҳдан кўра ким аҳдига вафодорроқдир?! Бас, битишган бу савдоларингиздан шодланингиз! Ана ўша улкан ютуқдир!
112. (Улар) тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд (шукрона) айтувчилар, саёҳатчилар*, рукуъ этувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюрувчилар, ёмонликдан қайтарувчилар ва Аллоҳнинг ҳудуди (буйруқлари)ни риоя қилувчилардир. Мўминларга (Аллоҳнинг мукофотлари ҳақида) хушхабар беринг!
* “Саёҳатчилар”дан мурод рўза тутувчилардир. Зеро, Расул (а.с.) бирҳадисларида: “Умматимнинг саёҳати – бу, рўза” деганлар. Улардан мурод илм излаб юрган талабалар ёки ибрат кўзи билан дунёни мушоҳада этиб юрувчи сайёҳлар бўлиши ҳам мумкин. Ато ибн Аби Рабоҳ (рҳ.) улардан мурод ғозий ва мужоҳидлар, деган (Мд. Хз.).
113. На пайғамбар ва на мўминлар мушриклар учун, гарчи улар қариндошлари бўлса ҳам – уларнинг дўзах аҳли эканлари маълум бўлгандан кейин – истиғфор (гуноҳларини кечиришини) сўрашлари жоиз эмас*.
* Бу оят нозил бўлишининг сабаби бир ривоятда Муҳаммад (а.с.)нинг амакилари Абу Толиб ўлим тўшагида ётганида Расул (а.с.) келсалар, Абу Жаҳл, Абдуллоҳ ибн Умайя ва бошқа мушриклар ҳам ўша жойда ўтиришган бўлади. Абу Толибга қараб: “Эй, амаки! “Ло илоҳа иллаллоҳ” деб айтинг, токи мен Аллоҳнинг ҳузурида шуни ҳужжат қилиб, Сизни шафоат қилай” деганларида Абу Жаҳл билан Абдуллоҳ, ота-боболаринг динидан қайтма, дейдилар. Бу жараён кўп такрорланади. Охири Абу Толиб Абдулмутталиб динида, яъни ширкда қоламан, дейди. Шунда Расул (а.с.): “Ундай бўлса, то Аллоҳ мени қайтармагунича амаким ҳақида истиғфор айтиб, Аллоҳдан кечирим сўрайман”, – деб турганларида мазкур оят орқали ширк ва куфр аҳлига истиғфор айтиш тақиқланган. Абу Толиб хусусида яна “Қасас” сурасининг 56-оятида “Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз” дейилган (Хз. Мд.).
Расул (а.с.) оналари қабри ёнида истиғфорга рухсат кутиб ўтирганларида нозил қилинган, деган ривоят ҳам бор (Хз.).
114. Иброҳимнинг (ўз) отаси учун истиғфор сўраши фақат унга қилган ваъдаси туфайли эди. Аллоҳнинг душмани экани билингандан кейин ундан (отасидан) воз кечди. Албатта, Иброҳим оқкўнгил ва ҳалимдир.
115. Аллоҳ бирор қавмни ҳидоят қилгандан кейин то уларга нимадан сақланишларини баён қилмагунича, уларни адаштирмаган. Албатта, Аллоҳ ҳарнарсани билувчидир.
116. Албатта, осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга хосдир. (У) тирилтиради ва ўлдиради. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир.
117.Аллоҳ Пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул этди. Улардан бир гуруҳининг диллари чалғиёзгандан кейин оғир (бир) соатда унга эргашган эдилар. Сўнг тавбаларини қабул этди. Албатта, У уларга мушфиқ ва раҳмлидир.
118. Яна (жангга чиқмай) қолган уч кишининг ҳам (тавбаларини қабул этди)*. Уларга Ер (шунча) кенглиги билан торлик қилган, диллари танг бўлган ва Аллоҳ (ғазаби)дан фақат Ўзига қочиш билан паноҳ топилишини билишгандан сўнгра улар тавба қилувчилардан бўлишлари учун Аллоҳ тавбаларини қабул этди. Албатта, Аллоҳ Таввоб (тавбаларни қабул этувчи) ва Раҳим (раҳмли)дир.
* Уч киши – Каъб ибн Молик, Мирора ибн ар-Рабиъ, Ҳилол ибн Умайя бўлиб, уларнинг ҳаммаси мадиналик ансорлардан. Улар Табук сафаридан узрсиз қолган мусулмонлар эди. Улар ҳақидаги тафсир ва тарих китобларида келган қиссалар асосан Каъб ибн Молик айтиб берган саргузаштлар асосида ёзиб келинган. Унинг сўзига кўра, Табук сафаридан қолгани учун пушаймон ва хижолат бўлиб юрганда Расул (а.с.) сафардан келадилар. Ҳузурларига кўпчилик келиб, Табук юришига бора олмагани учун чин ва ёлғон узрларни айтишар эди. Каъб ҳам бориб Расул (а.с.)га узрсиз бўла туриб уйда қолганини тан олиб, ўзининг тақдири ҳақида сўраганида Он ҳазрат Аллоҳдан ваҳий келгунига қадар мендан узоқроқ юриб тур, дейдилар. Расул (а.с.) Каъбнинг саломига алик ҳам олмай қўядилар. Буни кўрган бошқа мусулмонларҳам у билан мутлақо гаплашмай қўядилар. Иккита шериклари – Мирора билан Ҳилол ҳам худди шу ҳолатда уйларида пушаймон бўлиб, йиғлаб ўтиради. Орадан 40 ёки 50 кун ўтгач, мазкур оят нозил бўлади. Мусулмонлар бундан шодланиб, бориб уни табриклашади. Расул (а.с.) ҳузурларига келиб, ўзларидан ҳам бу хушхабарни эшитгач, суюнчисига бор бойлигини садақа қилиб юбормоқчи бўлганида Расул (а.с.) ўзига ҳам бир қисмини олиб қолишга буюрадилар (Хз. Лс.).
119. Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!
120. Мадина аҳолиси ва уларнинг теварагидаги аъробийлар учун Аллоҳнинг Расулидан қолишлари ва ундан кечиб, ўзлари билан машғул бўлишлари жоиз эмас эди. Бунинг боиси – уларга Аллоҳ йўлида бирор ташналик, қийинчилик, очлик етса ва кофирларнинг жаҳлини чиқарадиган қадам боссалар, душманга бирор мусибат етказсалар, албатта, уларга шу сабабли яхши амал ёзилур. Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчилар мукофотини зое қилмагай.
121. Бирор кичик ёки катта садақа қилсалар ёки (Аллоҳ йўлида) бирор водийни босиб ўтсалар, албатта, қилган яхши ишлари сабабли Аллоҳ уларни мукофотлаши учун уларга (савоб) ёзилур.
122. Мўминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!
123. Эй, имон келтирганлар! Яқинингиздаги (Мадина ва унинг атрофидаги) кофирларга қарши жанг қилингиз!* Улар сизлардан дағалликни топсинлар! Яна билиб қўйингизки, албатта, Аллоҳ тақволилар билан биргадир.
* Ибн Аббос (рз.) Қурайза, Назир, Хайбарга ўхшаш Мадинага яқин жойларданбошлаш назарда тутилган, деган. Ибн Умар (рз.) Рум музофотига кирувчи Шом Мадинага Ироқдан кўра яқинроқдир, дейди. Баъзи уламолар бу оят барча мушрикларга қарши курашишга буюрилгандан кейин мансух бўлган, десалар, бошқа муҳаққиқ олимлар, мансух бўлмаган, балки яқиндагилардан бошлаб, секин-аста узоқдагиларга ўтиш йўли кўрсатилмоқда, деганлар.
124. Бирор сура нозил қилинса, улар ичида: «Бу (сура) қайси бирингизнинг имонингизни зиёда этди?» – дейдиган (мунофиқ)лар ҳам бор. Аммо имон келтирганларнинг имонларини бу (сура) зиёда қилур ва улар шод бўлурлар.
125. Аммо дилларида иллат (шак ва нифоқ) бўлганларнинг эса, ифлосликлари (куфрлари)гаяна ифлослик (куфр) қўшилади ва улар кофирлик ҳолларида ўлурлар.
126. Кўрмайдиларми, (улар) ҳар йили бир ёки икки марта синовга учрамоқдалар.(Шундан) сўнг (ҳам) на тавба қиладилар ва на эслатма оладилар.
127. Бирор сура нозил қилинса: «Сизларни бирор киши кўрмаяптими?» – деб бир-бирларига қараб олиб, сўнгра (уйларига) қайтадилар. Англамайдиган қавм бўлганлари сабабли Аллоҳ уларнинг дилларини (аксига) буриб қўйгандир.
128. (Эй, Макка аҳли!) Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан* (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди.
* Ибн Аббос (рз.): “Бирор араб қабиласидан чиққан пайғамбар йўқки, Муҳаммад (а.с.)нинг наслу насаблари билан туташмаса”, – деган. Ҳадисларида: “Менинг зоту насабимга жоҳилият одатлари аралашмаган. Ота-боболаримнинг ҳаммаси айнан исломдаги никоҳ қоидаларига мувофиқравишда мени дунёга келишимга сабабчи бўлганлар”, –деганлар (Бғ.).
Охирги икки оят Қуръоннинг энг охирги нозил бўлган оятлари деган ривоят бор (Тб.).
129.Бас, (шунда ҳам) юз ўгирсалар, (уларга) айтинг: «Менга Аллоҳ кифоядир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Унга таваккул қилдим. У буюк Аршнинг парвардигоридир!».