loader

082. Инфитор сураси

“Инфитор” – ёрилиш. Бу ерда осмонларнинг ёрилиши, яъни қиёматдаги рўй берадиган ҳодисалардан баъзилари бу сурада келтирилади. Унда охиратда инсон ўзи қилган яхши-ёмон амалларидан сўралиши, бу дунёда қилинадиган ҳар бир иш – ҳаракат инсоннинг номаи аъмолига фаришталар томонидан ёзилиб туриши ва жазо куни ҳақида маълумотлар мавжуд.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Осмонлар ёрилганида,
2. юлдузлар (ҳар томонга) сочилганида,
3. денгизлар қўшилиб тўсиқлар очилганида,
4. қабрлар ағдарилганида (яъни қиёмат қойим бўлганида)
5. (ҳар бир) жон (дунёда) қилиб ўтган ва қолдирган (барча) нарсаларни (амалларини) билур!
6. Эй, инсон! Карамли Парвардигорингга нисбатан (ибодат қилма деб) сени алдаб қўйган нарса нима?!
7. У сени яратиб, сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг (қоматингни) рост қилиб қўйган зот-ку!
8. У сени Ўзи қайси суратни хоҳлаган бўлса (ўша суратда) таркиб топтирди-ку!
9. Йўқ! Балки, сизлар жазо (куни)ни ёлғон дерсизлар.
10. Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор.
11. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир.
12. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар.
13. Албатта, яхшилар (мўминлар) неъмат (жаннат)дадирлар.
14.Фожирлар (кофирлар) эса дўзахдадирлар.
15. Улар унда жазо кунида куйгайлар.
16. Ундан (дўзахдан) ғойиб бўлувчи (қутилувчи) эмасдирлар.
17. (Эй, Муҳаммад!) Жазо куни нима эканини Сизга не ҳам англатур?!
18. Сўнгра (яна) жазо куни нима эканини Сизга не ҳам англатур?!
19.У кунда ҳеч бир жон (бошқа) бир жон учун бирор нарса қилишга (ёрдамга) эга бўлмас! У куни барча иш Аллоҳга (ҳавола қилинувчи)дир.

Орқага Олдинга