loader

083. Мутаффифун сураси

Суранинг номи "уриб қолувчилар" деган маънони англатади. Яъни тарози ва ўлчовдан уриб қолиб, харидор ҳақига хиёнат қилувчилар. Бу Муҳаммад (а.с.) Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб кетаётганларида йўлда нозил қилинган суралардан биридир (Абс.).
Унда яхшилар ва ёмонларнинг қилган амаллари ёзилган битикларнинг қаерда сақланиши, қиёмат воқеалари ва қатор илоҳий ўгитлар мужассамдир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1.(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой!
2. Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган,
3. уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир.
4. Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми
5. Улуғ кунда (қиёматда) –
6. одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!*
* Ҳадисда: “Қиёмат куни ҳисобот бериш учун одамлар Аллоҳнинг ҳузурида ярим кун, яъни 500 йил туриб қоладилар. Лекин бу муддат мўминларга нисбатан Қуёшнинг оғишига тенг қисқа фурсат ичида ўтади”, – дейилган (Лс.).
Лекин бировнинг ҳақига хиёнат қилган киши гарчи мўмин бўлса ҳам, ҳисоби оғир кечиши бошқа ҳадисларда баён этилган. Зеро, Аллоҳ таоло фақат ўзининг ҳақинигина кечиши мумкиндир.
7. Йўқ! Албатта, фожирларнинг (кофирларнинг) номаи аъмоллари «Сижжин»да бўлур.
8.(Эй, Муҳаммад!) «Сижжин» нима эканини қаердан ҳам билурсиз?!
9. (У амаллар) битилган китобдир*.
* “Сижжин” – кофир ва фосиқ кишиларнинг қилган амаллари ёзилган китоб бўлиб, у етти қават ер остида сақланади.
10. У кунда инкор этувчилар ҳолига вой!
11. Улар жазо (қиёмат) кунини инкор этадиган кимсалардир.
12. У (кун)ни гуноҳга ботган ҳар бир тажовузкоргина инкор этар.
13. Қачонки, (ундай кимсага) оятларимиз тиловат қилинса, у: «(Бу) аввалгиларнинг афсоналари», – дер.
14. Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир.
15. Шубҳа йўқки, улар ўша куни Парвардигорлари (дийдори)дан тўсилувчидирлар.
16. Сўнгра, албатта, улар дўзахда куювчидирлар.
17. Сўнгра (уларга): «Мана шу сизлар ёлғон деб юрган нарсадир», – дейилур.
18. Дарҳақиқат, яхшиларнинг номаи аъмоллари, албатта, «Иллийюн»дадир.
19. (Эй, Муҳаммад!) «Иллийюн» нима эканини қаердан ҳам билурсиз?!
20. (У ҳам амаллар) битилган китобдирки,
21. унга (Аллоҳга) яқин зотлар (фаришталар) гувоҳ бўлурлар*.
* 20–21-оятлар. “Иллийюн” эса, яхши, солиҳ кишиларнинг қилган амаллари ёзилиб турадиган китоб бўлиб, у еттинчи осмонда сақланади.
22. Албатта, яхшилар (мўминлар жаннат) неъматлари ичрадирлар.
23. Улар сўриларда, (атрофга) қараб ўтирурлар.
24. Уларнинг юзларида неъматларнинг тароватини (бир қарашда) билиб оласиз.
25. Уларга (жаннатда идишлари) муҳрланган мусаффо майдан ичирилурки,
26. у (май)нинг муҳри мушкдир. Бас, мусобақачилар шу (неъматлар) йўлида мусобақа қилсинлар!
27. У (май)нинг мизожи юқори навдандир.
28.(У навнинг номи «тасним» бўлиб, у Аллоҳга) яқин (банда)лар ичадиган бир чашмадир.
29. Дарвоқе, жинояткор (кофир)лар имон келтирган зотлардан (масхара) қилиб кулар эдилар.
30. Қачонки, уларнинг олдидан ўтсалар, бир-бирларига кўз қисишиб, имо-ишора қилардилар*.
* Али (рз.) мунофиқлар ёнидан ўтиб кетаётганида улар бир-бирларига кўз қисиб: “Ана у калбошни қарангиз?” – деб масхара қилишганида шу оят нозил қилинган (Мд.).
Али (рз.) саҳобалар ичида ягона соч қўймаган киши бўлган. Сабабини сўрашганда мен сершаҳват одамман. Ғусл қилганда соч халақит беради, деб жавоб берган.
31. Қачонки, уйларига қайтсалар, (қилмишларидан) завқланиб қайтардилар.
32. Қачонки, уларни (мўминларни) кўрсалар, «Ана улар, шубҳасиз, йўлдан озган кимсалардир», – дердилар.
33. Ҳолбуки, улар (мўминларнинг) устига қўриқчи қилиб юборилган эмасдилар.
34. Энди бугун (аксинча) имон келтирганлар кофирлар (усти)дан кулурлар.
35. Улар (жаннатдаги) сўриларда (дўзахдаги кофирлар аҳволига) боқиб ўтирурлар*.
* Дўзахдан жаннатга томон бир дарвоза очиб қўйилган бўлиб, мўминлар кофирларни чорлар эканлар. Улар дарвозага яқин келишлари билан у ёпилиб қолар экан. Шунда мўминлар кулиб юборишар экан. Буларнинг барчаси имонли кишилар устидан кулиб юрган кофирларнинг жазосидир (Мд.).
36. Кофирлар қилмишларининг «савоби»ни (жазосини) олдиларми?!

Орқага Олдинга