“Маориж” – меърожлар, яъни поғоналар, зиналар, нарвонлар. Сурада охират ҳақида огоҳлантириш, у пайтда ҳар ким ўзи учун жавоб бериши, инсон иродасининг заифлиги, уни фақат имон ва итоат билан мустаҳкамлаш мумкинлиги ва бошқа илоҳий эслатмалар ўз ифодасини топган.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. (Бир) тилагувчи (Назр ибн Ҳорис ёки бошқа кофирлар) тушадиган азобни тилади
2. кофирларга (аталган азобни)ки, уни қайтарувчи (куч) йўқдир.
3. Албатта, (у азоб) меърожлар эгаси (Аллоҳ)дандир*. (Назр Бадр жангида қатл этилди.)
* Меърожлар – бу ерда осмон қаватлари ёки эшиклари.
4. Фаришталар ва Руҳ (Жаброил) миқдори (масофаси) эллик минг йилга тенг (бўлган) бир кунда* (қиёмат кунида) Унинг ҳузурига кўтарилурлар.
* 50000 рақамининг тафсирлари:
1. Аршдан Ер остигача.
2. Олам яратилган кундан қиёмат кунигача.
3. Кофирлар учун қиёматнинг бир кунлик миқдори.
4. Дунё билан охират ўртасини ажратиб турувчи бир кун (ИК).
Мазкур рақамнинг бундан бошқача тафсирлари ҳам мавжуд.
5. Бас, (Эй, Муҳаммад! Кофирларнинг азиятларига) чиройли сабр билан сабр қилинг!
6. Чунки улар у (кун)ни узоқ деб билурлар,
7. Биз эса уни яқин билурмиз.
8. У кунда осмон ёғнинг қуйқасидек бўлиб қолур.
9. Тоғлар эса юнг каби (тўзон) бўлиб кетар.
10. Дўст дўстидан (ҳол-аҳвол) сўрамас.
11. (Ҳолбуки) улар (бир-бирларига) кўрсатилурлар. Жиноятчи (кофир) у куннинг азобидан (қутулиш учун) ўғилларини,
12. хотини ва биродарини,
13. уни ўз паноҳига оладиган қариндошини
14. ва Ердаги барча кишиларни тўлов қилиб бериб, унга нажот беришни истар.
15. Йўқ! Ахир, у шундай дўзахдирки,
16. териларни сидириб олувчидир.
17.У (ҳақ йўлдан) юз ўгириб, терс қараб кетганни (ўзига) чақирур.
18.(Бойликни) йиғиб сақлаган (яхши жойларга сарфламаган) кимсаларни ҳам.
19. Дарҳақиқат, инсон бетоқат қилиб яратилгандир.
20. Қачонки, унга ёмонлик (камбағаллик ёки мусибат) етса, у ўта бардошсизлик қилувчидир.
21. Қачонки, унга яхшилик (бойлик, саломатлик) етса, у ўта ман этувчи (бахил)дир.
22. Фақат намозхонлар бундан мустасно бўлган ҳолларида
23. намозларида мунтазам (давоматли),
24. (топган) мол-мулкларидан (ажратилган) маълум ҳақ борки, у
25. тиланчи ва маҳрум кишилар учундир.
26. Улар яна жазо (қиёмат) кунини тасдиқ этувчи,
27. Парвардигорларининг азобидан қўрқувчи зотлардир.
28. Зотан, Парвардигорларининг азобидан (ҳеч ким) хотиржам эмасдир.
29. Улар яна авратларини (зинодан) сақловчилардир,
30. илло ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилари (чўрилари) мустаснодирлар. Улар маломат қилинмаслар.
31. Бас, кимки бунинг аксини (зинокорликни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчи кимсалардир.
32. Яна улар (намозхонлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳд-паймонларига риоя қилувчилардир.
33. Улар ўз гувоҳликларида тўғри турувчилардир.
34. Яна улар намозларини (вақтида адо этиб) юрувчилардир.
35. Айнан ўшалар (жаннатдаги) боғларда иззат-икром этилувчилардир.
36. Бас, (Эй, Муҳаммад!) Бу кофир бўлган кимсаларга не бўлдики, Сиз томонга қараб чопурлар
37. ўнг ва сўлдан, тўда-тўда бўлиб?!
38. Ё улардан ҳар бир киши неъмат жаннатига киритилишни тама қилурми?!
39. Йўқ! Ахир, Биз уларни ўзлари биладиган нарсадан (бир томчи маний сувидан инсон қилиб) яратдик!
40. Бас, машриқ ва мағриб томонларнинг Парвардигори билан қасамёд этаманки, албатта, Биз қодирдирмиз
41. улардан яхшироқ (инсонларга) алмаштириб қўйишга. Биздан (бу ишда) ўзиб кетилмас.
42. Бас, (эй, Муҳаммад!) Уларга қўйиб беринг! Улар, то ўзларига ваъда қилинаётган кунларига йўлиққунларича, (хом хаёлларига) шўнғиб, ўйнаб юраверсинлар!
43. У кунда улар гўё (сиғиниш учун) бут ва санамларга қараб чопишаётгандек шошилган,
44. кўзлари қўрқувда, хорлик уларни эгаллаб олган ҳолларида қабрларидан чиқиб келурлар. Мана шу уларга (дунёда яшаган пайтларида) ваъда қилинган кундир.