loader

071. Нуҳ сураси

Сурада Нуҳ (а.с.) ўз қавмини имонга даъват қилган кезларида улардан кўрган жабру жафолари ва охири тавфиқ топмаган кофир қавмларининг туғёни авж олиб кетгандан кейин уларнинг ҳақларига дуои бад қилганлари тўғрисида оятлар баён этилган.
“Анкабут” сурасининг 14-оятига кўра Нуҳ (а.с.) 950 йил пайғамбарлик қилган. Охири Аллоҳ томонидан тўфон балоси юборилиб, куфр ва зулм эгалари тамомила ҳалок этилади.
Нуҳ (а.с.)нинг неча йил умр кўргани тўғрисида турли хил тафсирлар мавжуд.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Ҳақиқатан, Биз Нуҳни: «Қавмингни уларга аламли азоб келмай туриб огоҳлантиргин!» – деб ўз қавмига (пайғамбар қилиб) юбордик.
2. У деди: «Эй, қавмим! Албатта, мен сизларга (юборилган) аниқ огоҳлантирувчидирман.
3.Аллоҳга ибодат қилингиз, Ундан қўрқингиз ва менга итоат этингиз!
4. (Шунда Аллоҳ) сизларни гуноҳларингиздан ўтар ва сизларни белгиланган муддатгача (ажалингиз етгунича тирик) қолдирар. Агар билувчи бўлсангиз, Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) муддати келганда, асло кечга қолдирилмас».
5. (У яна) деди: «Эй, Раббим! Мен қавмимни кечаю кундуз (имонга) даъват этдим.
6. (Аммо) менинг даъватим уларга фақат (имондан) қочишни зиёда қилди, холос.
7. Дарвоқе, ҳар гал мен уларни Сенинг мағфиратингга (дин йўлига) даъват этсам, улар (эшитмаслик учун) бармоқларини қулоқларига тиқиб, кийимларига ўралиб оладилар ва (ўз куфрларида) қаттиқ туриб оладилар ҳамда (менга итоат этишга) кибр қиладилар.
8. Сўнгра мен уларни ошкора даъват этдим.
9. Сўнгра мен уларга (ўз даъватимни) (очиқ) эълон ҳам қилдим, пинҳона қилиб ҳам айтдим.
10. Бас, дедимки: «Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир.
11. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур,
12. сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур.
13. Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни (ибодат қилишни) ўйламайсиз?!
14. Ҳолбуки, У сизларни (она қорнидаги вақтингиздан бошлаб) босқичма-босқич яратган бўлса?!
15. Кўрмадингизми, Аллоҳ етти осмонни қандай қаватма-қават қилиб яратди.
16. Ойни улар ичида нур қилиб*, Қуёшни эса чироқ қилиб қўйди.
* Тафсирларда ёзилишича, Ой биринчи, Қуёш эса тўртинчи осмонда нур ва зиё таратиб туради. Абдуллоҳ ибн Аббос (рз.)дан қилинган ривоятда айтилишича, Ойнинг ҳам, Қуёшнинг ҳам юз (олд) томонлари осмонга, орқа томонлари Ерга қараб туради (Мд.).
17. Аллоҳ сизларни (Одамни) ердан ундирди (пайдо қилди).
18. Сўнгра (вафот этганларингизда) сизларни яна (ерга) қайтарур ва (қиёматда) сизларни яна чиқарур.
19. Аллоҳ ерни сизлар учун тўшак қилди,
20. токи ундаги кенг йўлларда юргайсизлар».
21. Нуҳ (яна) айтди: «Эй, Раббим! Дарҳақиқат, улар менга итоатсизлик қилдилар ҳамда (топган) мол-дунёси ва фарзандлари ўзига фақат зиённи оширадиган кимсаларга эргашиб кетдилар».
22. ( Улар) жуда катта макр қилдилар.
23.(Ўзларига эргашган кимсаларга:) «Сизлар ўз илоҳларингизни сира тарк этмангиз! «Вадд»ни ҳам, «Сувоъ»ни ҳам, «Яғус»ни ҳам, «Яъуқ»ни ва «Наср»ни ҳам сира тарк этмангиз!» – дедилар*.
* Вадд, Сувоъ, Яғус, Яъуқ, Наср – Нуҳ қавмининг сиғинадиган маъбуда санамларининг номларидир.
24. Дарҳақиқат, улар (Нуҳ қавмининг кофирлари) кўп (кишилар)ни йўлдан оздирдилар. «(Эй, Раббим!) Золимларга фақат гумроҳликни зиёда қилгин!» (деди Нуҳ).
25. Улар ўз хато (гуноҳ)лари сабабли ғарқ қилиниб, (сув балосидан сўнг) оловга киритилдилар*. Бас, ўзларига Аллоҳдан ўзга ёрдам берувчиларни топмадилар.
* Бу қабр азобига далолат қиладиган оятлардандир.
26. Нуҳ айтди: «Эй, Раббим! Ер юзида кофирлардан бирорта (тирик) юрувчини қолдирмагин!
27. Чунки агар Сен уларни қолдирсанг, бандаларингни йўлдан оздирурлар ва фақат, фосиқ, ношукур(лар)ни туғарлар.
28. Эй, Раббим! Мени, ота-онамни, уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират этгин! Золимларга эса фақат ҳалокатни зиёда қилгин!»

Орқага Олдинга