loader

039. Зумар сураси

Маккада нозил бўлиб, 75 оятдир. Фақат 53-55 чи оятлари Мадинада нозил бўлган. Мазкур сура номи 71 ва 73-оятларида ўтган мўмин ва кофирлар ташкил этган жамоалар маъносида келган «Зумар»сўзидан олинган.

Аллоҳ таолонинг номи билан бошлайман. У Зот бандаларга шу дунёда ва ҳам охиратда бандаларига меҳрибондир

1-3. Қуръонни Муҳаммадга ғолиб ва доно Парвадигор тарафидан нозил қилингандир. Эй Муҳаммад, Биз сенга Қуръонни ҳаққи рост билан нозил қилдик. Бас, динингни ва ибодатингни Худонинг ўзига холис қилган ҳолда Аллоҳ таолога ибодат қил, огоҳ бўлки, ширкдан холи дин Аллоҳникидир. У кофирлар жамоасики якка ёлғиз Худога эмас бутларга ибодат қилдилар. «Биз бутларга шунинг учун ибодат қиламизки», - дейди, «улар бизни Худога яқин қилади». Шубҳасиз Аллоҳ таоло уларнинг ўртасида диний ихтилофлари учун Қиёмат куни ҳукм қилади. Албатта Аллоҳ таоло ҳақни танимайдиган ёлғончини ҳидоят қилмайди.

4-6. Агар Парвардигор ўзига фарзанд истаса эди махлуқлар ичидан хоҳлаганини саралаб олар эди. Лекин Аллоҳ таоло бу хил нарсалардан покдир. У яккаю ягона қудратли зотдир. Аллоҳ таоло осмонни ҳамда ерни тадбир ва ҳикмат билан яратди. Кечни кундузга зиёда қилади. Кундузни кечага зиёда қилади. Офтоб билан ой унинг ҳукмига бўйсинади, ҳар бири муайян муддатга ҳаракат қилади. Огоҳ бўлки, Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан ғолиб ва бандаларнинг хатоларини кечирувчидир. Сизларни танҳо бир нафсдан халқ қилиб, яна ўз жинсидан хотинини ҳам яратди. Сизларнинг фойдаларинг учун саккиз хил ҳайвон яратди. У ҳайвонлардан сизлар фойдаланасизлар. Сизларнинг оналаринг қорнида бир қатра сувдан яратди. Уч қисм қоронғулик ичида тадриж билан тарбия топасизлар. У қоронғуликлар шулардан иборат: биринчи парди ичида; иккинчи бачадоннинг ичида; учинчи онанинг қорнидадир. Мана бу хил тарбияларни берувчи Парвардигорларингдир. Подшоҳлик ўзига хос, ундан бошқа ҳеч маъбуд йўқдир. Шундоқ Зотдан қайси тарафга юзларингни ўгирасизлар?!

7. Агар кофир бўлсаларинг, Аллоҳ таоло сизларнинг иймонларингга муҳтож эмас. Иймонларингнинг фойдаси ўзларингга холос!. Лекин Аллоҳ таоло бандаларини куфрига рози бўлмайди. Агар Парвардигорнинг эҳсонларига шукр қилсаларинг, Аллоҳ сизлардан рози бўлади. Сизларга шуни лойиқ кўради: «Қиёмат куни ҳеч бир нафс бошқанинг юкини кўтармайди, ҳар ким ўзининг юкини кўтаради. Сўнгра сизларнинг қайтадиган жойларингиз Парвардигорнинг ҳузуригадир. Сизларнинг қилган амалларингиздан огоҳлантиради. Шубҳасизки, Аллоҳ таоло кўкракдаги сирларга донодир.

8-9. Қачонки, инсонга бирор бало етса, Худога ружуъ қилиб, ёлвориб дуо қилади ва Худодан нажот тилайди. Бас, Парвардигор унга эҳсон қилиб, балодан нажот берса, илгари ёлвориб дуо қилгани эсидан чиқади. Аллоҳнинг ибодатига бошқаларни шерик қилади. Ўзига гумроҳ бўлиб, бошқаларни ҳам гумроҳ қилади. Айт эй Муҳаммад! «ўзингни куфринг билан озгина муддат дунёдан фойдалангин, кейин, албатта аҳли дўзаҳга қўшиладирсан». Энди шундай сифатларга эга бўлган кофир афзалми, ёки кечалари туриб, Худога ибодат қиладиган, Аллоҳга сажда қиладиган, қиёмда турган ҳолда охиратнинг азобидан қўрқадиган, Худонинг раҳматидан умид қиладиган бу зотлар афзалдирми? Эй Муҳаммад, кофирларга айт «билгувчилар ва Худони танувчилар жоҳил, Худога кофир бўлувчилар билан баробар бўладими?» Ҳаргиз баробар бўлмас! Панду насиҳатни ақли борлар қабул қилади.

10-15. Эй Муҳаммад: меним тараффимдан менга иймон келтирган бандаларимга айт «Парвадигорларингдан қўрқинглар, бу дунёда яхши ишлар қилувчи одамларга Аллоҳ таоло тарафидан яхши савоблар берилади. Амну ойият билан Худога бандалик қилувчиларга Худонинг ери кенгдир. Балоларга сабр қилувчиларга Аллоҳ таоло тарафидан беҳисоб ажрлар берилади. Эй Муҳаммад, кофирлар сени бутларига ибодат қилишга тарғиб қилсалар, Мен Худо тарафидан ширкдан пок дин ва ихлос билан Худога ибодат қилишга буюрилганман ва ҳам ҳамма дин аввал ва муқаддам Худонинг ҳукмига инқиёд қилишга буюрилганман». Яна айтки: «агар мен Парвардигорга гуноҳкор бўлсам қиёмат куни Парвардигорнинг улуғ азобидан қўрқаман». Айтки : «Аллоҳга ихлос билан ибодат қиламан ва динимни холис қиламан. Сизлар Худодан бошқа нимага ибодат қилсаларинг қилаверинглар, лекин жазосини кўрасизлар». Айт: «Қиёмат куни зиён тортадиган шундай жамоаки, гумроҳ бўлиб, ўз нафсларига ҳам ва аҳлларига ҳам зиён қилдилар. Огоҳ бўлки ҳақиқий равшан зиён қиёматнинг зиёнидир.

16. Бу кофирларга жаҳаннамда тепаларидаги соябон ҳам, остларига солинган палослар ҳам қтдир. Аллоҳ таоло бандаларини мана шу азоблардан қўрқитади. Энди сизларга насиҳат қилиб айтаманки, эй бандаларим, мендан қўрқинг!

17-18. Бутларга ибодат қилишдан сақланган, Аллоҳ таоло тарафига ружуъ қилган мўъмин жамоаларга Аллоҳ таоло тарафидан башорат бўлсин. Эй Муҳаммад хушхабар бер менинг бандаларимга, улар яхши насиҳатларни эшитадилар ва насиҳатларнинг яхшисига амал қиладилар. Буларни Аллоҳ таоло ҳидоят қилган ва мана шу бандалар ақл соҳибларидир.

19-20. У кофирлар жамоасига Аллоҳ тарафидан азобнинг ҳукми собит бўлган, яна бир жамоага азобнинг ҳукми собит бўлмаган, булар икковлари баробар бўладими: Эй Муҳаммад, дўзахдагиларга сен дўзахдан нажот бероласами? Бу сенинг ихтиёрингда эмас! Лекин Аллоҳдан қўрқадиган жамоалар улар эаннатда баланд мақомлар, яна унинг устида бино қилинган қасрларда ором оладилар, остиларидан анҳорлар жорийдир. Бу Аллоҳ таолонинг ваъдаси ва Аллоҳ таоло ўзининг ваъдасига хилоф қилмайди.

21. Эй Муҳаммад! Кўрмадингми? Аллоҳ таоло қудрати билан осмондан ёмғир ёғдиради. Ундан ерда чашмалар пайдо қилади. Сўнгра у сув билан ранглари ҳар хил экинлар кўкартиради, кейин кўрасан - у экинлар сарғайиб, қурийди, кейин майда сомонга айланади. Парвардигорнинг бу қудратларида оқиллар учун насиҳат ва ибратлар бор. Яъни коинотнинг ҳар бир ишлари аввал пайдо бўлиб камолга етади. Сўнгра заволга учраб, охири йўқ бўлади.

22-23. Оё, Биз Одамни Ислом учун Худойи таоло қалбини очган бўлса, унинг дили Худо тарафидан мағфират нурига эга бўлади, шундай одам дили қаттиқ одам билан баробар бўладими?! Ҳаргиз баробар бўлмайди! Аллоҳ таолонинг зикридан юз ўгурувчи дили қаттиқ одамнинг ҳолига вой! Бундай одам очиқ гумроҳликдадир. Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга яхши сўзларга эга бўлган Қуръонни нозил қилди. ийжозда, фасоҳатда ва балоғатда оятлари бир-бирига ўхшайди. Икки қисм жуфт сўзларга эгадир, яъни дўзах билан жаннат, раҳмат билан азоб, иймон билан куфр, шунга ўхшаш сўзларга эга. Унинг тиловат қилганда ва азоб оятига етганда Худодан қўрқувчи бандаларнинг вужудлари титрайди. Сўнгра Худонинг зикрига борганда диллари ва бошдан оёқлари мулойим бўлади. Бу сифат Парвардигорнинг ҳидоятидир. Парвардигор шунга хоҳлаганини ҳидоят қилади. Ҳар кимни Худо гумроҳ қилса, унинг ҳидоят қилувчиси топилмайди.

24-26. Оё, бир одам тамом вужуди билан қиёмат куни бўладиган Худонинг қаттиқ азобидан ўзини сақласа ва бошқа бир одам эса Худонинг азобидан қўрқмаса ва ўзини сақламаса, булар баробар бўладими?! Ҳаргиз баробар бўлмас! Қиёмат куни малоикалар тарафидан золимларга: энди қилган амалларингизнинг жазосини тортинглар деб ҳитоб қилинади. Қурайш кофирларидан илгари ўтган кофирлар ҳам Худони инкор қилган эди. Уларнинг билмайдиган жойларидан азоб юбориб, ҳалок қилган. Парвардигор уларга бу дунёда ҳам расволикка мубтало қилган ва охиратда ҳам азобга дучор этган ҳолда расво қилади. Лекин агар билсалар охиратнинг азоби қаттиқдир.

27-31. Албатта, Биз халқ учун ҳар тўғрида мисоллар баён қилдик. Шоядки, эшитувчилар бундан ибрат олиб, унга амал қилсалар. Биз Қуръонни араб тилида нозил қилдик. Бу Қуръонда ҳеч нуқсон ва хато йўқ. Шоядки бандалар буинг маъносига амал қилиб, ўзларини ёмон ишлардан сақласалар. Парвардигор мўъмин ва кофирга бир мисол баён қилади. Бир ғулом бўлса, унинг тепасига кўп ёмон ва бадхулқ одамлар шерикликда унга хўжайин бўлсалар. Бас, бу ҳолда бу ғулом у хўжайинларнинг ҳукмини бажо келтиролмайди, чунки, бу хўжайинлар бир-бирларига зид ҳукм қиладилар. Яна бир ғулом борки, бундай хўжайинлардан саломатдир. У бир кишининг ғуломидир бу ғулом бу хўжайинни хизматини яхши қилади. Икков ғулом аҳволи баробар бўладими? Ҳаргиз баробар бўлмас! Мушриклар билан мўъминларнинг аҳволи ҳам шундан иборат. Ҳамма яхшиликлар Худоникидир. У ширкдан покдир. Балки бу кофирларнинг кўплари жоҳилдир. Худонинг ҳикматини билмайдилар. Эй Муҳаммад, сен ҳам дунёда боқий қолмассан. Кофирлар ҳам ўладилар. Сўнгра сизлар Қиёмат куни Худонинг ҳузурида хусумат қиласизлар. Кишилар ҳақ ва кимлар ноҳақ – Парвардигор ҳукм қилади.

24-пора

32-35. Парвардигорга шерик ва фарзанд иснод қилувчи ҳамда уларга келган ҳақ динни такзиб қилувчилардан золимроқ кимса борми? Албатта йўқ! Ё жаҳаннамда кофирларга жой йўқми? (А.Мансурда шунақа жумла бор). Муҳаммад Худо тарафидан ҳақ динни олиб келди ва асҳоблари уни тасдиқ қилдилар. Мана шу зотлар Худонинг наздида муттақийдирлар. Булар нима орзу қилсалар, Парвардигорнинг наздида муҳайёдир. Яхшиларга мана шундай ажр берилди. Токи Аллоҳ таоло буларнинг хато амалларини кечириб, яхши ажрлар билан мукофотлайди. Буларнинг қилган амалларидан зиёда савоблар беради.

36-37. Оё, Аллоҳ таоло ўзининг бандаси Муҳаммаддан душманларининг шаррини даф қилиб, ёрдам беришга етарли эмасми? Эй Муҳаммад, сени кофирлар Худодан бошқа ўзларининг бутларидан қўрқитиб, «Бизнинг бутларимизга инкор қилсанг, сенга зарар етказади» – дейдилар. Сен Аллоҳдан бошқасидан қўрқма! Сенга Аллоҳнинг ёрдами кифоя қилади. Ҳар кимни Парвардигор гумроҳ қилса, уни ҳидоят қилувчи йўқдир, ҳар кимни ҳидоят қилса, уни гумроҳ қилувчи йўқ. Аллоҳ таоло душманларига устидан ғалаба қилиб, ўч олувчи эмасми? Шубҳасиз, шундай, шубҳасиз, ғалаб қилувчидир.

38-40. Эй Муҳаммад, агар сен осмон ва ерни ким халқ қилди, деб кофирлардан сўрасанг, албатта улар «Аллоҳ халқ қилгандир» деб айтадилар. Эй Муҳаммад, кофирларга айт, Худодан бошқа бутларингни шаънига қандай эътиқод қиласизлар. Агар Парвардигор менга зарарни хоҳласа, сизларнинг ибодат қилган «Худо»ларинг мендан зарарни дафъ қила оладими ёки агар Парвардигорим менга марҳаматни ирода қилса, сизларни ибодат қилган «илоҳ»ларинг Худонинг раҳматини мендан тўхтатиб қола оладими? Жавоб беринглар! Агар жавоб беролмасалар, айт: «Мендан шаррни дафъ қилишга Парвардигор етарлидир. Таваккул қилувчилар Парвардигорга таваккул қиладилар. Ҳамманинг ишини У кифоят қилади». Айт эй Муҳаммад: «Эй қавмларим, сизлар ҳам ўз ҳолларингизча амал қилаверинглар, мен ҳам ўз ишимни қилавераман. Яқинда хор қилувчи азоб кимга келишини ва бетўхтов азоб кимга нозил бўлишини биласизлар.

41-42. Биз халўнинг ҳидояти учун ростлик билан сенга Қуръонни нозил қилдик. Бас, ҳар кимки Қуръонга амал қилиб ҳидоят топса, ўзининг фойдасига, ҳар кимки инкор қилиб, гумроҳ бўлса, ўз нафсининг зараригадир. Сен буларнинг залолатига ва ҳидоятига вакил (жавобгар) эмассан. Аллоҳ таоло нафсларни ажали етган вақтида арвоҳларини чиқаради. Ажаллари етмаган нафсларнинг арвоҳларини уйқуларида олади. Ўлимга ҳукм қилган нафсларнинг арвоҳларини ўз наздида сақлайди. Ўлимга ҳукм қилмаган нафсларнинг руҳларини то ажаллари етгунича ўз баданларида қолдириб, муҳлат беради. Парвардигорнинг бу ҳукмида фикр қилувчи қавм учун ибратлар бор.

43-45. Кофирлар Худодан бошқа бутларини Қиёмат куни ўзларига шафоат қилувчи деб биладилар. Айт эй Муҳаммад: «Эй кофирлар, бу «илоҳ»ларинг Қиёмат куни ҳеч нарсага молик бўлмасалар ва ҳеч нарсани билмасалар ҳам сизларни шафоат қиладиларми?!» Айтгин буларга: «Шафоат қилишнинг ҳаммаси Худонинг ихтиёрида. Осмон ва ернинг ҳукмронлиги Худонинг ихтиёридадир, ҳамма Парвардигорнинг ҳузурига қайтади. Қачонки, танҳо Аллоҳнинг номи зикр қилинса, охиратга иймон келтирмаган кофирларнинг диллари нафратланади. Аллоҳдан бошқа бут «илоҳ»лари зикр қилинган пайтда эса ҳаммалари хурсанд бўладилар.

46-48. Эй Муҳаммад, Парвардигорга муножот қилиб айт: «Эй ошкора ва пинҳонни билувчи Парвардигор, Қиёмат куни бандаларингнинг динда ихтилоф қилган масалалари тўғрисида сен ҳукм қилувчисан. Агар билфарз кофир бўлганларни қўлларида ер юзининг ҳамма ҳазинаси бўлса, шунга баробар яна бўлса, Қиёмат куни ўзларига келган қаттиқ азобни даф қилиш учун фидя беришга тайёр бўладилар, аммо у вақтда ҳеч қандай фидя қабул қилинмайди. Аллоҳ тарафидан буларга ҳаёлларида йўқ азоб зоҳир бўлади ва буларга ёмон амалларининг жазоси ҳамда масхара қилган афъолларининг жазоси буларга қайтади.

49-52. Қачонки, инсонга бирор кулфат ва қаттиқлик етса, даф қилишни Биздан дуо қилиб сўрайдилар. Сўнгра Биз улардан балони дафъ қилиб, Ўзимизнинг фазл ва марҳаматимиздан неъматлар инъом қилсак, у кофир айтадики, «Бу давлатни ўзимнинг илмим билан топдим, менга ҳеч ким бергани йўқ», - дейди. Бизнинг неъматимиз улар учун балоларга сабаби бўлди, лекин кўп кофирлар билишмайди. Булардан муқаддам ўтган кофирлар ҳам шу сўзни айтган эдилар. Лекин кофирларга топган мош давлатлари улардан балони даф қилолмайди. Бас, буларга ёмон амалларининг жазоси етди. Булардан бир фирқа золимларга қилган ёмон амалларининг жазоси яқинда етади. Аллоҳ таолони ожиз қилолмайдилар. Оё, билмайдилармики, Аллоҳ таолонинг қудрати улуғдир. Хоҳласа бировга ризқни кенг беради ва хоҳласа бировнинг ризқини танг қилади. Иймон келтирган қавм учун Худонинг бу қудратида ибрат насиҳатлар бор.

53-54. Эй Муҳаммад, Бизнинг тарафимиздан бандаларга айтгин: «Эй гуноҳ қилиб, ҳаддан ташқари ўз нафсларига зулм қилган бандалар, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар, Аллоҳ ҳамма гуноҳларни кечиради, чунки у бандаларнинг гуноҳларни кечиргувчи ва меҳрибондир. Эй бандалар, Парвардигор тарафига қайтинглар. Сизларга азоб келмасдан олдин унинг ҳукмига бўйин эгинглар. Агар азоб келса, сизларга ёрдам берилмайди.

55-59. Эй бандалар, сизларга бехосдан келадиган азобдан илгари Парвардигор тарафидан нозил қилинган яхши панд ва насиҳатларга тобеъ бўлинглар. Ҳолбуки, сизлар азоб келганини билмай қоласизлар. Ва ҳам ҳар бир нафс пушаймон бўлиб, афсус менга Худо тарафидан келган ҳукмларга нуқсон қилдим ва масхара қилувчилардан бўлдим айтишдан илгари Аллоҳга қайтинглар. Ё ҳар бир нафс пушаймон билан шу сўзни айтишдан илгарики, «Агар мени Худойи таоло у дунёда ҳидоят қилса эди, мен ҳам муттақинлардан бўлардим». Ё ушбу сўзни айтишдан илгари вақтики азобни кўрганда, «кошки мен дунёга иккинчи маротаба борсам эди, мен ҳам яхшилардан бўлар эдим». У вақт Парвардигор айтурки, Бала (асло), сенга менинг оятим келганди, лекин сен такзиб қилиб кибр қилдинг ва кофирлардан бқлдинг.

60-61. Эй Муҳаммад Қиёмат куни Худонинг динини такзиб қилувчиларнинг юзларини қаро кўрасан. Жаҳаннам кибр қилувчиларнинг жойлари эмасми? Албатта ўшаларнинг жойидир. Аллоҳ таоло тақво қилувчи бандаларни мақсадларига етказиб, бу дўзахдан нажот беради. Буларга ҳеч қандай мусибат етмайди, ғамгин ҳам бўлмайдилар.

62-63. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани халқ қилувчи ва ҳар бир нарсани тасарруф қилувчидир. Ер билан осмоннинг ҳазиналарини калити Аллоҳнинг ихтиёридадир. Худонинг оятига кофир бўлувчилар ўзларига зиён қилувчидирлар.

64-67. Эй Муҳаммад, Кофирларга айтгин: «Эй жоҳиллар, мени Худодан бошқа бутларга ибодат қилишга амр этасизларми?» Худо тарафидан сенга ва сендан илгари ўтган Пайғамбарларга мана шу сўзни ваҳий орқали айтганмиз. «Сизларнинг ҳар қайларинг Худога ширк келтирар экансизлар, амалларинг ботил бўлади ва ўзларинга зиён қилувчилардан бўласиз. Балки Аллоҳнинг ўзига ибодат қилиб, шукр қилувчилардан бўлинг». Кофирлар Аллоҳ таолонинг шаънига лойиқ тавсиф қилолмадилар. Аллоҳ таолонинг қудрати шундай улуғки, Қиёмат куни тамон ер унинг қудрат қўлида бўлади, осмонлар қралган ҳолда унинг қудрат қўлида бўлади. Аллоҳ таоло тамом нуқсонлардан пок ва Уларнинг ширкларидан Олийдир.

68-70. Замон охир бўлганда Аллоҳнинг амри билан Исрофил (а.с.) тарафидан сур тортилади. Ердаги ва осондаги ҳаётлиқ нарсалр ҳаммаси йиқилиб, ўлади. Магар Худо ҳаётини хоҳлаган зотлар тирик қоладилар. Мислики, жаннатнинг ичидаги ҳурлар дўзахнинг қаровчилари вақтинча тирик қоладилар. Кейин Худо хоҳлаган муддатдан кейин яна сур тортилади, у вақтда ҳамма ўлганлар қайтиб тириладилар, гўрларидан чиқиб, ҳайронлик билан атрофга назар соладилар. Ер юзи Парвардигорнинг адолат нури билан равшан бўлади. Бандаларнинг амаллари ёзилган номалари қўлларига топширилади. Пайғамбарларни ҳозир қилинади. Худонинг ҳузурида умматлар билан рўбарў қилинади. пайғамбарларга гувоҳлик бериш учун уммати Муҳаммадни чақирилади. Бандалар ўртасида Парвардигор тарафидан адолат билан ҳукм қилинади. Ҳар бир бандага ҳеч қандай зулм қилинмасдан амалларига яраша жазо берилади. Аллоҳ таоло уларнинг қилган феълларига донодир.

71-75. Қиёмат куни кофирлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб жаҳаннам томон ҳайдалади. Қачонки кофирлар дўзахнинг дарвозасига келганларида дарвоза очилади. Дўзахинг муаккиллари кофирларга иътоб қилиб айтадиларки, сизларга ўз жинсларингиздан нсиҳат қиладиган пайғамбарлар келмаганмиди? Худонинг каломини ўқиб, сизларга эшиттирмаганмиди? Бу ерга келишларингиздан сизларни қўрқитмаганмиди? Кофирлар айтадиларки: «Оре, пайғамбарлар бу азоблардан бизларни қўрқитган эдилар. Бизлар шақоватимиз сабабидан итоат қилмадик, энди бизнинг тепамизга азоб учун Худонинг хукми собит бўлди, чунки Худо китобида «кофирларга азоб қиламан», деб ваъда қилган эди». Малоикалар тарафидан айтиладики, ундай бўлса жаҳаннамнинг дарвозасидан киринглар, энди дўзахда ҳамиша бўласизлар. Бу дўзахда мутакаббирларнинг жойлари кўп ёмондир. Шунга ўхшаш у дунёда Парвардигордан қўрқиб яхши амал қилганларни гуруҳ-гуруҳ жаннат тарафига равона қилинади. Вақтики, бу зотлар жаннатнинг дарвозасига келганларида жаннатнинг дарвозаси очилади. Жаннатнинг ходимлари буларга айтадиларки, сизларга Худонинг саломи бўлсин, сизлар у дунёда пок юрдинглар, энди жаннатга киринглар, бу жойда абадий бўласизлар. Аҳли жаннат хурсанд бўлиб айтадиларки: «Аллоҳга ҳамду сано бўлсин, Аллоҳ таоло бизларга ўз ваъдасини рост қилди. Бизга жаннатни ато қилди. Энди бизлар жаннатнинг қайси маконини айтсак у жойда ором оламиз». Яхши амал қилувчиларнинг жойлари қандай яхши экан. Эй Муҳаммад у вақтда малоикалар Аршнинг атрофини ўраб олиб, «Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи» деб, Аллоҳга тасбеҳ айтадилар. Парвардигор тарафидан ҳамма бандалар ўрталарида адолат билан ҳукм қилинади. Ҳаммаларини ўз мартабаларидан жой бериб, осойишта қиладилар. Ҳамма бандалар тарафидан Парвардигорга ҳамду сано айтилади.

Орқага Олдинга