loader

040. Ғофир сураси

Бир пайтнинг ўзида «Ғофир» номини олган бу сура 85 оятдан иборатдир. 56 ва 57-оятлари Мадинада нозил бўлган. Сура номи Фиравн оиласидан ишонган (имон келтирган) бир инсоннинг сифатларининг саналган 28-45 чи оятлардан олинган.
(Маккада нозил бўлган, 85 оятдир)

Аллоҳ таолонинг номи билан бошлайман. У Зот бандаларга
шу дунёда ва ҳам охиратда бандаларига меҳрибондир

1-4. Ҳа, Мим. Пайғамбарларга китоб нозил қилмоқ Аллоҳ тарафидандир. Аллоҳнинг сифати шуки, ҳамма нарсадан ғолибдир ва ҳамма нарсани билади. Гуноҳларни кечирувчи, тавбани қабул қилувчидир, азобни қаттиқ қилувчи соҳиби қудратдир. Ундан бошқа ҳеч маъбуд йўқ, ҳамманинг борадиган жойи унинг хузуригадир. Худонинг оятларига ҳеч ким мужодала қилолмайди, магар кофирлар қилади. Эй Муҳаммад, кофирларни шаҳардан шаҳарга сафар қилиб, тижорат қилиб фойда олишлари сени чалғитиб қўймасин, буларнинг роҳатлари вақтинчадир.

5-6. Эй Муҳаммад, сенинг умматингдан илгари қавми Нуҳни ҳам такзиб қилган эдилар. Булардан кейин бошқа жамоалар ҳам ўзига келган пайғамбарларга итоат қилмади. Ҳар бир тоифа ўзининг пайғамбарига қасд қилиб, озор бермоқчи, ушлаб ўлдирмоқчи бўлди. Ботил ҳужжатлар келтириб жанжал кўтарди. Шу билан ҳақни мағлуб қилмоқчи бўлишди. Бас, Мен уларни ҳалок қилдим. Менинг азобимнинг кайфияти қандай экан, эй кофирлар?! Шунга ўхшаш кофирларга Худонинг, булар аҳли дўзах эдилар, деган ҳукми вожиб бўлди.

7-9. Худонинг Аршини малоикалар кўтариб турадилар ва бир малоикалар гуруҳи эса Аршнинг атрофида тафов қиладилар. Парвардигорнинг ҳамди ва тасбеҳини айтиб, Парвардигорнинг ҳукмига итоат қиладилар, мўъминларнинг гуноҳини тилайдилар. Айтaдиларки, «Эй Парвардигоро сени раҳматинг ва илминг ҳамма нарсадан улуғдир. Тавба қилувчиларнинг гуноҳларини кечир. Ва сенинг йўлингда юрган бу одамларни дўзах азобидан сақла!» Яна айтадиларки: «Эй Парвардигоро, лутфу марҳаматинг билан буларни ҳамиша иқомат қилинадиган жаннатга доҳил қил! Ўз фазлинг билан уларга жаннатни ваъда қилган эдинг ҳамда уларнинг авобу аждодларидан, хотинларидан яхши амал қилганларини ҳам жаннатга доҳил қил! Сенинг қудратинг ҳамма нарсадан ғолиб ва феълинг ҳикматлидир. Яна уларга тавфиқ бериб, ёмон амаллардан сақла! Ҳар кимники ёмон амаллардан сақласанг, охиратда раҳматинга лойиқ бўлади».

10-12. Қачонки, кофирлар дўзахга кирганда ўз нафсларини иймон келтирмагани учун ёмон кўриб маломат қилар, шу ҳолатда малоикалар уларга нидо қилиб, айтар эканлар: «Сизлар нафсларингизга душманлигингиздан сизларни Худони душман тутиш қаттиқроқдир. Сизлар ўз нафсларингизни душман тутишдан. У дунёда пайғамбарлар тарафидан сизларни иймонга даъват қилинган эди. Лекин сизлар қабул қилмасдан кофир бўлдиларинг. Дўзах аҳли Парвардигорга ёлвориб айтадиларки: «Парвардигоро, бизни икки марта ўлдирдинг. Икки марта тирилтирдинг. Энди бизлар ўз гуноҳимизга иқрор қилдик ва тавба қилдик. Энди бизларга бу дўзахдан нажот борми?» Худо тарафидан жавоб бериладики, «Энди бу жойда ҳеч кимнинг тавбаси қабул бўлмайди. Бу азоблар сизларга шунинг учунки, у дунёда Худонинг ваҳдониятидан гапирилса, инкор қилдиларинг. Агар Худога ширк келтирилса унга ишондиларинг, энди ҳукм қилмоқлик Улуғ ва Олий Парвардигор қўлидадир».

13-17. Парвардигор шундай зотки, сизларга қудратининг нишонасини кўрсатади, сизларга ризқининг асбобини осмондан нозил қилади. Бу оятлардан Худога ружуъ қилиб, залолатдан қайтган одамлар насиҳат олади. Бас, эй бандалар агарчи кофирлар сизларни ёмон кўрса-да динларингизни риёкорликдан пок қилиб Худога ибодат қилинглар. Парвардигор бандаларининг мартабаларини кўтаргувчи ва Аршнинг эгасидир. Ўзининг амри билан бандаларнинг ичидан хоҳлаган одамга Жаброилни юбориб, пайғамбар қилади. Сўнгра у пайғамбар бандаларни Худога рўбарў бўладиган Қиёмат кунидан қўрқитади. Қиёмат куни бўлганда ҳамма ўликлар қабрдан тирилиб чиқадилар. Аллоҳ таолога бандаларининг қилган амалларидан ҳеч нарса маҳфий қолмайди. У ҳолда нидо қилувчи нидо қилиб айтади: «Бу кун подшохлик кимники?» Яна ўзи жавоб бериб айтади: «Бу кун мулк якка ва ягона қудратли Парвардигорникидир. Бу кун ҳар бир нафсни қилган амалига яраша жазо берилади. Бу кун ҳеч кимга зулм қилинмайди. Албатта, Аллоҳ таоло тез ҳисоб олувчидир».

18-20. Эй Муҳаммад мушрикларни яқин келадиган қиёмат кунидан қўрқит! Кофирлар азобни кўрганларида интиҳо даражада қўрқув ва ғамдан юраклари тамоқларига тиқиладир. У вақтда бу золимларга ҳеч қандай дўст ҳам ҳеч қандай шафоат қилувчи ҳам бўлмайди. Аллоҳ таоло кўзлардан содир бўлган ҳиёнатни ҳам, диллардаги ёмон ниятларни ҳам билади. Аллоҳ таоло адолат билан ҳукм қилади. Бир Аллоҳдан бошқа мушрикларнинг ибодат қилган Худолари ҳеч нарсага ҳукм қилолмайдилар. Аллоҳ таоло бандаларнинг дуоларини эшитгувчи, ҳолларини кўргувчидир.

21-22. Нима учун Қурайш кофирлари ер юзини сайр қилиб кўрмайдилар, токи муқаддам ўтган кофирларнинг оқибатлари нима бўлганини билсалар. Ва ҳолбуки, уларнинг қувватлари буларнинг қувватларидан зиёда ва нишоналари ер юзида улуғ эди. Худои таоло уларнинг гуноҳларини сабаби билан ҳаммасини ҳалок қилди. Худнинг азобидан уларни сақлаб қолувчи бўлмади. Бу азобларнинг боиси шу эдики, буларга пайғамбарлар мўъжиза олиб келгандилар, лекин булар кофир бўлдилар.

23-27. Биз Мусони мўъжиза ва зоҳир далиллар билан Фиръавн, Ҳомон ва Қорунга пайғамбар юбордик. Мусо ўзининг пайғамбарлигини буларга изҳор қилди. булар айтдилар: «Бу ёлғончи, жодугардир». Қачонки, Бизнинг тарафимиздан ҳақ дин буларга етгандан сўнг булар айтдиларки, « Мусога иймон келтирганларни ўғил болаларини ўлдиринглар, қизларини ва хотинларини хизматкор қилинглар». Лекин кофирларнинг макрлари ҳамиша ботил бўладир. Фиръавн айтдики, «Мени қўйинглар, Мусони ўлдираман. Мусога айтинлар Худосини ёрдамга чақирсин. Мен қўрқаманки, Мусо тирик бўлса динларингни ўзгартириб юборади ёки фитна қилиб, ер юзида фасод тарқатиб юборади». Мусо айтди: «Мен қиёматга иймони йўқ ҳар бир мутакаббирнинг шарридан Парвардигоримдан паноҳ тилайман».

28-29. Фиръавннинг қариндошларидан бир мўъмин одам ўзининг иймонини Фиръавндан яширар эди. Кофирларга айтди: «Бир одам: «Менинг Парвардигорим Аллоҳ», - деса уни ўлдирасизларими?! Ваҳоланки у одам Аллоҳ тарафидан мўъжизалар олиб келди. Агар ёлғончи бўлса, ёлғонининг зиёни ўзига тегади, агар рост айтса, у ҳолда сизларга ваъда қилинган азоб албатта келади. Аллоҳ таоло ҳаддидан ошган кофирларни ҳидоят қилмайди. Эй қавм, бугунлик кунда подшоҳлик сизларнинг қўлларрингизда, бу шаҳарларда сизлар ғолибсизлар. Агар Худонинг азоби бизга келса, бизга ким ёрдам беради?» Фиръавн қавмига айтди: «Мен ўзимга маъқул бўлган маслаҳатни сизларга кўрсатган в сизларни тўғри йўлга солган эдим, сизлар Мусони ўлдиришларинг керак эди.

30-33. Бир иймон келтирган одам қавмига: «Эй қавм, агар иймон келтирмасаларинг, қўрқаманки ҳолларинг илгари ҳалок бўлган кофирларнинг, Нуҳ, Од ва Самуд қавмига ва булардан кейин келган мўътафика(?) қавмининг ҳолига ўхшаган бўлади», - деб айтди. Буларнинг ҳаммаси ўз пайғамбарларига иймон келтирмай, ҳалок бўлганлар. Аллоҳ таоло ҳеч бандага зулмни истамайди. Ҳаммаси ўз феълларидан ҳалок бўлади: У мўъмин яна айтди: «Мен сизлар учун бир-бирини ёрдамга чақирадиган қиёмат кунидан қўрқаман, у куни сизларни ҳисобгоҳдан қайтариб, дўзах тарафига олиб борадилар. У вақтда сизларни Худонинг азобидан ҳеч ким сақлай олмайди. Парвардигор ҳар кимни гумроҳ қилса, унинг ҳидоят қилувчи бўлмайди».

34-35. Мусодан (а.с) аввал Юсуф(а.с) Худо тарафидан мўъжизалар билан Миср аҳлига пайғамбар бўлиб келган эди. Сизлар ҳамиша дин хусусида унинг Худо тарафидан олиб келган аҳкомларига шак ва шубҳада бўлган эдиларинг. Қачонки, Юсуф (а.с.) оламдан кетди, айтдиларингиз: «Сизлар Юсуфдан кейин Худо бизга ҳеч қандай пайғамбар юбормайди». Ўз ҳаддидан тажовуз қилиб, динда шак қилувчиларни Худонинг оятларига беҳужжат жанжал қилувчиларни Худойи таоло шундай гумроҳ қиладики булар Худойи таолоники ва мўъминларнинг душманликлари кофирларга улуғдир. Ҳар мутакаббирнинг дилига Аллоҳ таоло шундай муҳр босадики, унинг дилига ҳеч қандай ҳақиқат ва насиҳат кирмайди.

36-37. Фиръавн ўзининг вазири Ҳомонга айтди: «Менга минорага ўхшаш баланда қаср қил, шоядки мен осмонга чиқадиган йўлни топсам. Кейин Мусонинг Худосини маълум қилсам, яъни кўрсам. Мен Мусонинг Худо тарафидан пайғамбардирман деб ёлғон айтади деган гумондаман». Фиръавн Худо осмонда деб ўйлади. Фиръавннинг бу ҳилдаги қилган ёмон амаллари ўзига маъқул бўлиб, кўринар эди. Шунинг учун ҳам тўғри йўлдан гумроҳ бўлди. Фиръавннинг бу хилдаги ҳийлалари барбодликдан бошқа нарса келтирмайди. Охири у бино битди. Парвардигор Жаброил (а.с.)га буюрди. Жаброил (а.с.), бир ишора билан вайрон қилдилар.

38-40. Иймон келтирган бир одам айтдики: «Эй қавмим мени гапимга тобеъ бўлинглар. Мен сизларга тўғри йўлни кўрсатаман. Эй қавмим бу дунёнинг ҳаёти озгина маишат, аммо охират абадий, турадиган жойдир. Ҳар ким ёмон амал қилса, амалига яраша жазо берилади. Ҳар кимки хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, иймон келтирган ҳолда яхши амал қилса, жаннатга дохил бўлади. У жаннатда ҳисобсиз нозу-ноимлар берилади».

41-44. Эй қавмим, менинг ҳолимга нима бўлдики мен сизларни нажот тарафига чақираман, сизлар эса мени дўзах тарафига чақирасизлар. Сизлар яна мени Худога куфр қилишимга тарғиб қиласизлар. Сизлар Парвардигорга ширк келтиришимни таклиф қиласизлар. Ҳолбуки менда бу тўғрида ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Мен сизларни кечирувчи улуғ Парвардигор тарафига чақираман, бунда ҳеч шак ва шубҳа йўқ, мени бутга ибодат қилишга таклиф қиласизлар. Ваҳоланки у бутда бандаларнинг талабларини ижобат қилишга на бу дунёда ва на охиратда ҳеч қандай қудрат йўқ. Бунда шубҳа йўқки қайтадиган йўлимиз Парвардигор ҳузуригадир. Ҳаддан тажовуз қилувчилар дўзах аҳлидир. Яқинда мен айтган сўзларимнинг ҳақлигини биласизлар. Мен ўз ишимни Худога топшираман. Албатта Аллоҳ таоло бандаларининг ҳолларини кўриб туради.

45-50. Сўнгра Фиръавн бу мўъминни ушлаб ўлдиришга ҳукм қилди. Парвардигор кофирларнинг макридан бу мўъминни сақлади, нажот берди. Бу мўъмин Фиръавн қавмидан қочиб бир тоғга бориб ибодат қилишга машғул бўлди. Фиръавннинг ва унинг қавмини қаттиқ азоб ўраб олди, яъни ғарқ бўлиб ҳалок бўлдилар. Энди то қиёматгача буларнинг жасадлари қаерда бўлса ҳам дўзах ўтини рўбарў қилиб азоб берилади. Қачонки қиёмат қоим бўлса, Аллоҳ таоло тарафидан фаришталарга «Фиръавннинг қавми билан дўзахга дохил қилинглар ва қаттиқ азобга мубтало қилинглар», - деб буйруқ берди. Эй Муҳаммад у вақтни фикр қилки, аҳли дўзах бир бирлари билан жанжал қиладилар. Заиф бечоралари катталарига айтадилар: «У дунёда бизлар сизларга тобеъ эдик, энди сизлар озгина бўлса-да биздан азобни даф қилмоқликларинг мумкинми? Катталар айтадиларки: «Бизлар ҳаммамиз дўзахдадирмиз, биз ўзимиздан азобни даф қилишга қодир эмасмиз, сизлардан қандай даф қиламиз. Аллоҳ таоло бандалар ўртасида ҳукм қилиб бўлган. Дўзах аҳли дўзахдаги малоикаларга айтадиларки «Сизлар Парвардигордан дуо қилиб сўранглар бир кун азобни енгил қилсин. Дўзахнинг муаккаллари айтадиларки: «Сизларга пайғамбарлар мўъжизалар билан келган эмасми?» Дўзахийлар айтадиларки ... , Оре келган эди, лекин бизлар иймон келтирмадик. Муаккал фаришталар айтадиларки: «Ундай бўлса ўзларинг дуол қилаверинглар, биз аралашмаймиз». Албатта кофирларнинг дуоси беҳуда кетади.

51-52. Албатта биз пайғамбарларга ва мўъминларга у дунёда ҳам, Қиёмат куни гувоҳлар қоим бўлганда ҳам ёрдам берамиз. Қиёмат куни золимларга узрлари фойда бермайди ва қабул қилинмайди. Буларга Худонинг раҳматидан маҳрумлик. Ва буларга Жаҳаннам ёмон уйдир.

53-55. Биз Мусога тўғри динни бердик. Бани Исроилга «Тавротни» ҳидоят учун, ақлли одамларга насиҳат учун мерос қолдирдик. Эй Муҳаммад, кофирларнинг азиятларига сабр қил! Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир охири сенга ёрдам беради. Хатоларингга Худодан кечирим сўра! Эртаю кеч, Худога ҳамду сано билан тасбеҳ айт!

56-58. Кофирлар ҳеч қандай далил ва ҳужжатсиз Худонинг оятларига жанжал қиладилар. Дилларида улуғлик ва ғалаба қилишдан бошқа нарса йўқдир. Лекин бу мақсадларига ета олмайдилар. Уларнинг шарридан Худонинг паноҳини тила! Шубҳасиз Аллоҳ таоло бандаларининг дуоларини эшитувчи ва ҳолларини кўрувчидир. Албатта ер ва осмонни ижод қилмоқ халқни ижодидан улуғ ва қийиндир. Лекин кўп одамларнинг илмлари етмайди. Кўр билан кўрувчи баробар эмаслиги каби, Худога иймон келтириб яхши амал қилувчилар билан ёмон амал қилувчилар баробар эмасдир. Лекин камроқ ўйлайсизлар.

59-61. Албатта Қиёмат келувчидир. Бунга шубҳа йўқ. Лекин кўп одамлар ишонмайдилар. Парвардигорларинг айтадики, «Менга тазарруъ билан ибодат қилиб дуо қилинглар қабул қиламан». Лекин кибр қилиб менинг ибодатимдан юз ўгирувчи гуруҳлар, яқинда хор бўиб жаҳаннамга кирадилар Аллоҳ таоло шундай зотки, сизлар ором олишингиз учун кечани ва тириклик қилишларинг учун кундузни равшан қилди. Албатта Аллоҳ таоло фазл ва марҳамат эгасидир. Лекин кўп одамлар Худога шукр қилмайдилар.

62-63. Аллоҳ таоло - сизларнинг Парвардигорингиз, ҳар бир нарсани халқ қилувчидир. Ундан бошқа ҳеч маъбуд йўқ. Бас, шундай экан нима учун унинг ибодатидан юзларингиз ўгирилади. Шунга ўхшаш Худонинг оятларига мутакаббир бўлувчи гуруҳларнинг юзлари бошқа тарафга ўгирилади.

64-66. Аллоҳ таоло шундай зотки, сизлар учун ерни қарор оладиган, яъни ором оладиган жой қилиб яратди. Осмоннинг биносини тепаларингга кўтарди. Сизларни одам суратида қилди. Суратларингни зебо қилди ва сизларга покиза ризқлар берди. Мана шу зот сизларнинг Парвардигорингиздир. Ҳамма нарсадан улуғ ва олмани тарбия қилувчидир. У ҳамиша тирикдир. Ундан бошқа ҳеч маъбуд йўқ. Энди сизлар динларингни ширк ва риёдан пок қилиб, унга ибодат қилинглар. Оламни тарбия қилувчи Парвардигорга яхшиликлар бўлсин. Эй Муҳаммад кофирларга айтки: «Менга Парвардигор тарафидан пайғамбарлик келгандан сўнг, сизларнинг ибодат қилган бутларингизга ибодат қилишим Худо таоло тарафидан ман қилинди. Яна Худо тарафидан Парвардигори оламнинг ҳукмига бўйнимни эгиб итоат қилишга маъмур бўлдим».

67-68. Аллоҳ таоло шундай зотки, сизларнинг боболарингизни тупроқдан халқ қилди. Сўнгра сизларни нутфадан халқ қилди. Сўнгра нутфалик ҳолатидан увиган қонга айлантирди. Сўнгра сизларни увиган қондан чиқарди. Сўнгра гўдаклик ҳолингизда онанинг қорнидан чиқарди. Сўнгра сизлар балоғатга етасизлар. Ундан кейин қариялик ҳолига етасизлар. Сизлардан баъзиларингиз мўйсафид бўлишдан олдин вафот қиласизлар. Қолганларингиз муайян муддатгача умр кўрасизлар. Албатта сизлар ўзларингизнинг яратишингизни ўйлайсизлар. Парвардигор шундай зотки, жонсизларга ҳаёт бағишлайди. Сўнгра ўлдиради. Қачонки, бир нарсанинг ижодига ҳукм қилмоқни ихтиёр этса, у нарсага «Бўл!» дейди, Бас, у нарса бўлади.

69-77. Эй Муҳаммад кўрмайсанми, айрим кимсалар Худонинг оятларида жанжал қилди, уларнинг юзлари ботил тарафга қандай ўгирилади. Бу жанжал қилувчилар Худонинг китобига ва пайғамбарлар Худо тарафидан олиб келган ҳақ динга инкор қиладилар. Яқинда бўйинларига ҳалқа тушган, оёғларини занжир билан боғлаб дўзах тарафига судраган ва дўзах ўтида куйдирилган вақтда ҳақ нима, ботил нима, биладилар. Сўнгра малоикалар тарафидан буларга айтиладики: «Худога шерик қилган бутларингиз қаерда қолди?» Булар жавоб бориб айтадиларки, «улар бизнинг назаримиздан йўқолди». Сўнгра инкор қилиб айтадиларки, «балки бизлар у дунёда ҳеч нарсага ибодат қилганимиз йўқ». Аллоҳ таоло кофирларни шу тариқада гумроҳ қилади. Сўнгра малоикалар айтадилар: «Бу азоблар сизларга шунинг учунки, у дунёда ботил динга хурсанд бўлар, кибр ва ғурур қилар эдингиз. Энди жаҳаннамнинг дарвозасидан ичкарига киринглар. Дўзахда Мутакаббирларнинг жойлари кўп ёмон жойдир. Эй Муҳаммад, кофирларнинг азийятларига сабр қил! Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақ. Агар сенга ваъда қилинган баъзи ашёларни кўрсатсак, кўриб хурсанд бўласан, ёки сенинг руҳингни юқори оламга олиб кетамиз. У ҳолда баъзи қилган ваъдаларимизни кўра олмайсан. Ҳамма нарсалар бизнинг ҳузуримизга қайтарилади.

78-81. Эй Муҳаммад сендан илгари пайғамбарлар юборган эдик. Улардан баъзиларининг қиссаларини сенга баён қилиб, маълум қилдик ва баъзиларини сенга қисса қилмадик. Ҳеч бир пайғамбар кофирларга мўъжизани Худонинг буйруғисиз кўрсатиши мумкин эмас. Қачонки Худонинг фармони келса, ботил ботиллигига ва ҳақни ҳақлигига адолат билан ҳукм қилинади. У вақтда ботил йўлда юрганлар зиён тортиб, расво бўлади. Аллоҳ таоло сизларнинг фойдаларингиз учун тўрт оёқли жонворларни халқ қилди. уларда баъзиларини минасизлар, баъзиларининг гўштини ейсизлар. Ва яна уларда сизлар учун бошқа манфаатлар бор. Масалан сутини ичасизлар, жунини либос қиласизлар ва баъзиларини миниб узоқ сафарларга бориб, дилларингиздаги ҳожатларингизни ҳосил қиласилар. Шундай ҳайвонларга ва кемаларга юкларингиз юкланади. Аллоҳ таоло сизлар учун ўз қудратига далолат қилувчи кўп нишоналар кўрсатади. Энди сизлар Худонинг қайси нишоналарига мункир бўласизлар?!

82-85. Оё макка мушриклари ер юзини сайр қилиб кўрмайдиларми, булардан илгари ўтган кофирларнинг оқибати қандай бўлган? Уларнинг ҳолларидан ибрат олар эдилар. Уларнинг молу давлатлари ва сонлари булардан кўп, қувватлари ҳам зиёда эди. Ер юзида асарлари ҳам кўп эди. Бас, касб қилган молу давлатлари булардан Худонинг балосини қайтара олмади. Қачонки, пайғамбарлар мўъжизалар олиб кесалар, бу кофирлар инкор қилиб, ўзларининг ботил эътиқодларига хурсанд бўлдилар. Охирида масхара қилган амалларининг жазоси буларни ўраб олди. Қачонки бизнинг қаттиқ азобимизни кўрганларидан сўнг айтдиларки, «биз якка ва ягона Худога иймон келтирдик. Худога шерик қилган бутларимизга кофир бўлдик». Бас, энди буларга иймонлари фойда бермади, вақтики азобни кўрдилар. Аллоҳ таолонинг одати илгари ўтган бандаларга жорий бўлган эди, яъни кофирларни азоб қилиш ва мўъминларга нажот бериш. Энди бу жойда кофирлар куфр қилиб зиён тортдилар.

Орқага Олдинга