Маккада нозил бўлиб, 37 оятдан иборатдир. Сура номи 28-оятда келган ва Қиёматда тизза чўккалаб турадиганларни англатган «жозия» сўзидан олинган. Бу сурага «Шариат» ва «Даҳр» ҳам деб аталган.
Аллоҳ таолонинг номи билан бошлайман. У Зот
шу дунёда ва ҳам охиратда бандаларига меҳрибондир.
1-6. Ҳо, мим. Бу Қуръоннинг нузули мудаббир ва ғолиб Парвардигорнинг тарафидандир. Осмонда ва ерда мўъминлар учун Худонинг қудратига далил бўладиган нишоналар бор. Эй бандалар, ўзларингизни халқ бўлишларингизда ва ер юзида ҳаракат қилиб юрган ҳайвонларда Худонинг сунъатига (суннатига) аниқ ишонувчи қавмлар учун далил бўладиган нишоналар бор. Ва ҳам кеча ва кундузнинг ўзгаришлигида Худонинг қудратига аломат бор. Ва ҳам осмондан Парвардигорнинг бандаларга ризқининг сабаби бўладиган ёмғирларнинг нозил қилишида нишоналар бор. Бас, ерлар қуриб қолгандан сўнг Аллоҳ таоло шу ёмғирларни сабаби билан у ерларга ҳаёт беришида ва шамолларни ер юзида айланишида фикр қиладиган қавмлар учун Худонинг қудратига далил бўладиган нишоналар бор. Бу далиллар Худонинг қудратининг далилларидирки, сенга Қуръондан ростлик билан тиловат қиламиз. Аллоҳ таолонинг каломи ва оятидан кейин бунга ишонмасалар, бошқа қайси гапга ишонадилар ?!
7-9. Ҳар бир гуноҳкор ва ёлғончининг ҳолига вой! Булар тиловат қилинган Худонинг оятини эшитадилар. Гўёки эшитмагандек бўлиб кибр билан ўз гапларида мустаҳкам турадилар. Эй Муҳаммад, сен буларга қаттиқ азобдан башорат бер! Бу кофирлар бизнинг оятимиздан бирор нарсани билсалар, уни масхара қиладилар. Буларга Худо тарафидан хор қилувчи азоб муҳаррар.
10-11. Бу мункирларнинг бу дунёдан кейин у тарафларида Жаҳаннам турибди. Буларнинг топган дунёлари булардан ҳеч азобни даф қилмайди. Худодан бошқа дўст тутиб ибодат қилган бутлари ҳам фойда бермайди. Буларга қаттиқ азоб муқаррар. Бу Қуръон халқни ҳидоят қилувчи, лекин Худонинг оятига мункир бўлганларга энг қаттиқ азоб муҳайёдир.
12-13. Аллоҳ таоло шундай зотки, сизларга дарёлар мусаххар қилди. Худонинг амри билан кемаларингиз у дарёда ҳаракат қиладилар. Ва Аллоҳнинг фазли билан сизлар у кемаларда юриб ризқалнрингизни талаб қиласизлар. Шоядки сизлар Худонинг бу неъматига шукр қилсаларингиз ва сизларга осмондаги малоикаларни ва ердаги нарсаларнинг ҳаммасини мусаххар қилди. ҳаммаси сизларнинг фойдангизга ишлайдилар. Буларни мусаххар қилишда фикр қилувчи қавмлар учун Худонинг марҳаматига нишоналар бор.
14-15. Эй Муҳаммад, мўъминларга айт: «шу одамларни кечирсинларки, Худонинг Қиёмат кунлари, яъни азоб берадиган кунларидан қўрқмайдилар. Ва умид ҳам қилмайдилар. Яъни мўъминлар кофирларнинг берган азиятларига ўч олишни фикр қилмасинлар. Чунки Аллоҳ таоло ҳар бир қавмнинг қилган амалига лойиқ жазо беради. Ҳар кимки яхши амал қилса, ўз нафсининг фойдасига амал қилади. Ва ҳар кимки ёмон амал қилса, ўз нафсининг зараригадир. Сўнгра сизлар Парвардигорларинг тарафига қайтариласизлар.
16-17. Биз Бани Исроилга Таврот китобини бердик, ҳукмронликни ва пайғамбарликни ато қилдик. Ва покиза ризқлар бердик. Уларни ўз замоналари аҳлидан улуғ қилдик. Уларга дин тўғрисида равшан далиллар бердик. Бас, булар ҳаққа илмлари ҳосил бўлганидан сўнг ўз ораларида ҳасад қилиб ихтилоф қилдилар. Албатта Парвардигоринг Қиёмат куни буларнинг ихтилоф қилган масалаларини булар ўрталарида ҳукм қилади.
18-20. Эй Муҳаммад, бани Исроилдан кейин сенга диндан бир равшан йўл муқаррар қилдик. Албатта сен шу йўлдан юр, жоҳилларнинг хоҳишларига тобеъ бўлма. Чунки агар сенга Худо тарафидан бало келса, булар сендан балони қайтаролмайдилар. Золимлар бир-бирларига дўст бўлади. Ва муттақийларнинг дўстлари эса Парвардигордир. Қуръон очиқ далил ва Халқни Худони танишига ва яқин қилувчилар учун Худо тарафидан ҳидоят ва раҳматдир.
21-22. Оё бу дунёда Куфрни ва фисқни касб қиладиган гуруҳлар биз уларни яхши амал қилувчи мўъминлар билан бирга азиз ва мукаррам қилишимизни гумон қиладиларми? Буларнинг бу ҳукмлари ниҳоятда хато ва ёмондир. Шунинг учунки, буларнинг ҳаётлари ва мамотлари баробардир. Яъни куфр билан ўлгандар куфр билан ва иймон билан ўлганлар иймони билан маҳшаргоҳга келади. Ҳар бир гуруҳ қилган амалига мувофиқ жазоланади. Аллоҳ таоло осмон ва ерни адолат ва ҳикмат билан халқ қилди. Албатта Қиёмат куни ҳар шахсга қилган касбига мувофиқ адолат билан жазо берилади. Уларга зулм қилинмайди.
23-24. Эй Муҳаммад, бу кофирларнинг ўз нафсоний хоҳишларини ўзларига Худо қилиб олганларини кўрдингми? Шунинг фармонини бажо келтирадилар. Аллоҳ таоло буларнинг бовужуд илмлари бўлсада гумроҳ қилган, қулоқларига ва дилларига муҳр босиб кўзларига парда тортган. Булар ҳақни кўрмайдилар ва билмайдилар. Бир кишини Худо гумроҳ қилгандан кейин ким уни ҳидоят қила олади? Сизлар буларнинг ҳолларидан иборат олмайсизларми? Қиёматга мункир бўлгандар айтадики: «Бизга фақат шу дунёдаги ҳаёт холос, бошқа ҳаёт йўқдир. Биз туғиламиз ва ҳаёт кечирамиз, сўнгра ўламиз. Бизни фақат замонниг ўтмиши ўлдиради». Булар бу гапларни ҳужжатсиз ва далилсиз гапирадилар. Буларнинг сўзлари гумондан бошқа нарса эмас.
25-27. Қачонки, Қиёматга мункир (бўлган) кофирларга Қиёмат хусусида келган оятларимиз тиловат қилинса, кофирларнинг ҳужжатлари фақат шу бўладики: «Эй мўъминлар, агар Қиёмат бўлади деб рост айтсаларинг бизнинг ўлган ота-боболаримизни олиб келинглар. Биз шунда ишонамиз». Эй Муҳаммад, буларга: «Аллоҳ таоло сизлани қабрларингиздан тирилтириб олиб чиқади. Сўнгра Қиёмат куни сизларни жам қилади ва амалларингизга яраша жазо беради. Бунга ҳеч қандай шак ва шубҳа йўқ деб айт. Лекин одамларнинг кўплари жоҳилки, билмайдилар. Ер ва осмоннинг подшоҳлиги Худоники. Қиёмат қоим бўлган кунда ҳам ҳукм Худоникидир. У кун ботил динда бўлгандар зиён тортадилар».
28-31. Эй Муҳаммад, Қиёмат куни Қиёматнинг ҳайбатидан ҳар гуруҳни тиззалари билан ўтиргани ҳолда кўрасан. Сўнгра ҳар гуруҳни номаи аъмолларини олишга чақирилади. Малоикалар тарафидан айтиладики: «Бугун сизларга амалларингизга яраша жазо берилади. Бу ёзган номаи аъмолимиз, сизларга ростлик билан амалларингизни кўрсатиб беради. Сизларнинг амалларингизни бу номага ёзган эдик». Энди халқ икки гуруҳга бўлинади. Иймон келтириб яхши амаллар қилганлар гуруҳларни Парвардигор раҳматига дохил қилади ва Жаннатни муяссар қилади. Булар улуғ мақсадларига етадилар, лекин кофир бўлган гуруҳларга Худо тарафидан айтиладики: «Сизларга менинг оятларим тиловат қилинмаганмиди? Нима учун иймон келтирмадингизлар, кибр қилдиларингиз ва гунҳкор қавмга қўшилдиларингиз? Энди азоб тортишларинг керак.
32-33. Қачонки кофирларга, Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақ ва Қиёматнинг келишига ҳеч шак ва шубҳа йўқ деб айтилса, улар биз Қиёмат нима билмаймиз. Биз сизларнинг гумонларингга ўхшаш гумон қиламиз, ҳеч қайсимиз кўзимиз билан кўрганимиз йўқ. Биз ишонувчи эмасмиз» дейишарди. Қиёмат куни буларга ёмон амаллари зоҳир бўлади. Ва буларнинг масхара қилган амалларининг азоби буларга келади.
34-37. Кофирларга айтиладики: «Бу кун сизларни меҳрибонлик билан ёд қилмаймиз. Чунончи сизлар у дунёда бу куннинг келишини эсларингдан чиқарган эдиларинг. Энди сизларнинг жойларинг дўзахдир. Сизларга ёрдам берувчи бўлмайди. Бу азоблар сизларга шунинг учунки, Худонинг оятларини масхара қилдиларинг ва дунё ҳаёти сизларни мағрур қилди. энди бу кун Дўзахдан чиқарилмайдилар ва улардан узрхоҳлик ҳам қабул қилинмайди. Тамоми яхшиликлар осмонни ва ерни халқ қилувчи ва тамом оламнинг Парвардигори яккаю ягона Аллоҳнинг ўзига хосдир. Осмон ва ерда улуғлик у Парвардигорга хосдир. У ҳамма нарсага ғолиб ва у ҳар бир феълида мудаббирдир.
26-пора
Орқага Олдинга