loader

046. Ахқоф сураси

Од қавми яшайдиган жойларда шамоллар «Аҳқоф» деб номланган қўм тепаликларини пайдо қиларди.  Бу сурада худди мана шу қавмнинг яшаган жой ва қум тепаликларидан сўзлангани учун «ал-Аҳқоф» номини олган.

Бандаларга дунё ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ номи билан бошлайман.

1-4. Қуръонни нозил қилмоқлик Аллоҳ таоло тарафиданки, У ҳамма нарсага ғолиб ва мудаббирдир. Бизлар Ерни, Осмонни ва улар ўртасидаги нарсаларни рост тадбир билан, муайян вақт билан халқ қилдик, кейин яна бизнинг изнимиз билан йўқ бўлади. Кофирлар қўрқитилган охиратнинг азобини инкор қиладилар. Эй Муҳаммад, кофирларга айтгин, ягона Аллоҳни қўйиб, ибодат қилаётган илоҳларингизнинг ҳолидан менга хабар беринглар. Ва кўрсатинглар, улар Ердан нима нарсани халқ қиладилар? Улар нима нарсага қодирлар? Ёки осмонни халқ қилишликда Худога шерикликлари борми? Гапларинг рост бўлса, агар илгари бирор китобга ёзилган бўлса, ёки бирор илм сизларга қолган бўлса, олиб келиб менга кўрсатинглар.

5-8.Худодан тониб бутларга ибодат қиладиган бу гумроҳлар, Қиёматгача бутларидан мақсадларини сўраб, дуо қилсалар ҳам, илоҳлари дуоларини ижобат қилмайди. Балки дуоларида ҳам ғофилдирлар. Маҳшаргоҳда бу кофирлар бирла бутларини жам қилинса, бу «Худо»лари буларга душман бўлади. Ва буларнинг ибодатларига мункир бўладилар. Қачонки, Бизнинг равшан оятларимиз тиловат қилинса, кофирлар Қуръоннинг шаънига: «Бу очиқ сеҳрдир,» деб бўхтон қиладилар. Бу гап билан ҳам бас қилмай яна, «Буни Муҳаммад ўзи ёлғондан тўқиган» деб айтадилар. Уларга айтгин, агар мен Худонинг шаънига ёлғондан тўқиган бўлсам, бу қилган гуноҳимга Худо азоб берса, сизлар Худонинг азобини қайтаришга қодир эмассиз. Аллоҳ таоло сизларнинг тошу ботинларингизга донодир. Сизлар билан менинг ўртамдаги муомалаларга Худонинг гувоҳлиги кифоя қилади. Аллоҳ таоло кечирувчи ва меҳрибондир.

9-10 Эй Муҳаммад айтин, кофирларга, «Мен пайғамбарлардан янги биринчи пайғамбар эмасман. Мендан илгари ҳам пайғамбарлар келганлар. Ваҳоланки, сизлар менинг пайғамбарлигимдан таажжуб қиласизлар. Мен билмайманки, Аллоҳ тарафидан менга қандай муомала қилинади ва сизларга қандай муомала қилинади. Мен, Худо тарафидан юборилган ваҳийга амал қилган холда ва мен сизларни Худонинг азобидан қўрқитгувчиман. Эй Муҳаммад, улардан сўранг: «Эй аҳли китоб, Бани Исроилдан бир гуруҳ кишилар Қуръон Худо тарафидан нозил бўлганига, унинг Бани Исроилдан бир гуруҳ унинг ҳақлигига гувоҳлик берган бўлсалар, бас, ул шахс Қуръонга иймон келтирган ва сизлар бунга мункир бўлиб, кибр қилиб имон келтирмасаларинг, бас, бу ҳолда сизлар золим эмасмисизлар?! Албатта золимдирсизлар. Аллоҳ таоло золимларни ҳидоят қилмайди.

11-12. Кофирлар мўъминларнинг шаънларига айтдиларки, «Муҳаммаднинг дини ҳақ бўлганда эди, бу фақиру хақир кимсалар биздан илгари иймон келтирмаган бўлар эди». Аслида эса шаккокликлари, кибру ҳаволари туфайли бу диннинг ҳақлигига Худо тарафидан ҳидоят топмадилар. Энди айтадиларки, «бу қадимдан келган ёлғондир». Бу Қуръондан аввал Мусога Таврот келган, ва халққа ҳидоят ва раҳматнинг сабаби бўлган эди. Бу китоб ҳам Тавротни тасдиқ қилувчидир. Қуръон Араб тилида нозил бўлди, токи мушриклар фаҳмласинлар ва уларга панд ва насиҳат бўлсин ва Худонинг азобидан қўрқитсин. Ва яхшиларга жанатдан башорат бўлсин.

13-14. Албатта ул гуруҳларки, Парвардигоримиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзидир, дедилар. Сўнгра то ўлгунларича шу сўзларида мустаҳкам бўлиб, имон билан кетдилар. Қиёматда буларга ҳеч қандай хавф йўқдир ва булар ғамгин ҳам бўлмайдилар. Булар жаннат аҳлидирлар, Қилган ишларининг бадалига жаннатда ҳамиша қоладирлар.

15-16. Биз инсонга ота-оналарига яхшилик қилиш тўғрисида амр қилдик. Чунки она болани қорнида машаққат билан кўтариб юриб, кейин машаққат билан туғади. У то сутдан ажралгунча ўттиз ой ўтади. Шу ўттиз ойдан кейин ҳам ота-онаси токи у қувват олиб балоғатга етгунича машаққат билан тарбия қилади. Сўнгра у қирқ ёшига етганида интиҳо даражада ақлу хушга эга бўлади, аъзолари ҳам камолга етади. Сўнгра, Худо тарафидан ҳидоят ва тавфиқ топиб, Парвардигорга дуо қилади: «Эй Парвардигоро! Менга илҳом қилгин, Сен менга инъом қилган ва ота-онамга инъом қилаган неъматларингга шукр қилай. Ва ҳам менга тавфиқ бергинки, Сен рози бўладиган яхши амаллар қилай. Менинг бола-чақаларимни ҳам солиҳ қилгин. Мен Сенга тавба қилдим ва Сенинг ҳукмингга бўйин эгувчиларданман». Бу гуруҳнинг яхши амалларини Биз қабул қиламиз ва гуноҳларини кечириб, жаннат аҳлидан қиламиз. Бу Бизнинг тарафимиздан берилган рост ваъдалардандир. Албатта, Биз вафо қилурмиз.

17-19. Ва у кишики ўз ота-онасига айтди: «Афсус сизларга! Сизлар менга гўрдан қайтиб тирилиб чиқишимнинг ваъдасини берасизларми? Ваҳоланки, мендан илгари кўп гуруҳлар ўтиб кетганлар. Уларнинг бирортаси ҳам қайтиб келганлари йўқ.» Ота-оналари Парвардигорга дод-фарёд қилиб, айтадиларки, «Вой сенга, охиратга ишонгин, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир.» Ўғли жавобига айтадирки, «Бу хилдаги сўзлар аввалгиларнинг афсоналаридир.» Бу ҳам ўзидан аввалги Худонинг ғазабига мубтало бўлган, азоби, оқибати хусусида Аллоҳнинг хукми собит бўлганинсу жинслардан иборат кофир, бадбахт тоифалардандир. Ҳаммалари ўзларига зиён қилувчилардан бўлдилар. Қиёматда ҳар бир фирқанинг амалига яраша мартабалари бордир. Аллоҳ тоало амалларининг ажрини ёки жазосини комил беради: Яхши бўлса, яхши ажр, ёмон бўлса, ёмон жазо. Буларга зулм қилинмайди.

20. Кофирлар дўзахга рўбарў қилинган кунда малоикалар тарафидан айтиладики: «Эй кофирлар дунёда кечирган ҳаётларингизда дунёнинг лаззатларидан роҳат кўриб, охиратга қолдирмасдан ҳаммасини тамом қилдиларинг. Энди охиратда роҳатдан насибаларингиз йўқ. Энди бу кун Ер юзида кибр қилганларингиз бадалига ва фисқ қилганларингиз эвазига хор қилувчи азобга мубтало бўласизлар.

21-23. Эй Муҳаммад! Однинг биродари Ҳуд (а.с.)нинг қиссасини ёд қилгин. Вақтики, Ҳуд (а.с.) ўз қавмини Аҳқоф деган жойда насиҳат қилиб, Худонинг азобидан қўрқитди. У қавмга Ҳуд (а.с.)дан илгари ҳам пайғамбарлар келган эди. Ҳуд (а.с.) қавмига айтди: «Бир Аллоҳдан бошқага ибодат қилманглар. Мен сизларнинг тепаларингга улуғ азоб келишидан қўрқаман». Қавмлари айтди: «Эй Ҳуд, сен бизни маъбудларимизнинг ибодатидан қайтаришга келдингми? Агар сен рост айтсанг бизга ваъда қилган азобингни олиб келгин». Ҳуд (а.с.) айтдилар: «Азобнинг қачон келишини Парвардигорнинг ўзи билади. Мен сизларга Худонинг буйруғини етказдим. Лекин мен кўриб турибман, сизлар жоҳил қавм экансиз.

24-26. Вақтики, Ҳуд (а.с.) буларнинг иймонидан ноумид бўлди. Буларга Аллоҳдан бало тилади. Осмонни қора булут босди. Вақтики, кофирлар бу булутни кўрдиларки, буларнинг водийлари тарафига келмоқда эди, айтдиларки, бу булут бизга ёмғир ёғдиради. Ҳуд (а.с.) айтдиларки, «Бу булутдан сизларга ёмғир ёғмайди, балки сизлар шошилиб талаб қилган нарсаларингиздир. Яъни бир шамолдурки, унда қаттиқ азобдан бошқа нарса йўқдир.» Парвардигорнинг амри билан, нима нарсага тегса, вайрон қилади. Бас, бу шамол етти кеча давом этди. Ҳаммани ҳалок қилди. Ўткинчиларга бу ерда хароб бўлган уйлардан бошқа нарса маълум бўлмас эди. Шуларнинг азобига ўхшаш гуноҳкор қавмларга жазо берамиз. Эй Қурайш! Сизларга берган қудратга ўхшаш, Одга ҳам қудрат ва шавкат, мол ва дунё, қулоқ ва кўз, ҳар бир нарсани фаҳмлаш учун қалб берган эдик. Лекин қулоқлари ҳақни эшитмади, кўзлари ҳақни кўрмади ва диллари Худони танимади. Худо берган неъматлар буларга нажот бермади. Чунки булар Худо расуллари орқали келтирган очиқ-равшан далилларни инкор қилдилар ва мўъжизотларга мункир бўлдилар. Булар масхара қилган ишларнинг азоби бошларига келди.

27-28. Эй аҳли Макка. Албатта Биз., атрофингиздаги кофир миллатларни ва қабилаларни ҳалок қилдик. Бу «аҳли қория»га ҳар хил нишоналар кўрсатдик, шоядки куфрларидан қайтсалар, деб. Лекин куфрларидан қайтмадилар ва ҳаммалари ҳалок бўлдилар. У қавмларнинг бутлари нима учун азоб келган вақтида ёрдам бермадилар?! Ёрдам бериш қаёқда, ўзларидан аввал йўқ бўлиб кетдилар. Бутларини «Худо» дейишлари уйдирма, ўзлари тўқиган ёлғон эди.

29-32. Эй Муҳаммад, ёд қилгин, вақтики, бизлар жинларнинг бир жамоасини Қуръонни эшитсинлар, деб сенинг тарафингга юбордик. Бас, жинлар ҳозир бўлиб, бир-бирларига «Жим бўлинглар ва Қуръонни эшитинглар», дедилар. Қачонки, Қуръон тиловати тамом бўлгач, ҳаммалари иймон келтирдилар. Расулуллоҳ буларни қамвларига мубаллиғ қилиб тайин қилдилар. Булар ўз қавмларига насиҳат қилиб, имонга далолат қилиш учун қайтиб кетдилар. Айтдиларки, эй қавмим билингларки, бизлар Мусодан кейин нозил қилинган Қуръонни эшитдик. Бу Қуръон бошқа китобларни тасдиқ қилувчидир. Ва бу Қуръон ҳақ дин тарафига ҳидоят қилади ва тўғри йўлга даъват қилади.
Эй қавмим, Аллоҳга даъват қилувчи Маҳаммад (а.с.)нинг сўзларини қабул қилинглар ва унга имон келтиринглар, токи Аллоҳ таоло гуноҳларингни кечирсин ва қаттиқ азобдан нажот берсин. Кимки Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад (а.с.)га ижобат қилмаса, ер юзида ҳеч кимни ожиз қилолмайди ва унга Аллоҳдан бошқа ёр ва мададкор бўлмайди. У очиқ гумроҳликдадир.

33-35. Наҳотки, булар (кофирлар) осмону ерни, булутларни яратгач, уларни яратишда на чарчаган ва на бир хато қилмаган Аллоҳнинг ҳамма нарсага қодирлигини ўйлаб кўрмайдиларки, тушунмайдилар!?. Албатта Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодирдир. У ўликларни ҳам тирилтиришга қодирдир, оре, қодирдир. Кофирларни дўзахга рўбарў қилинган кунда малоикалар айтадиларки, «Аё бу ҳақ эмас эканми?» Кофирлар айтадилар, «Оре Парвардигорга қасамки, ҳақ экан.» Малоикалар айтадиларки, «Ундай бўлса, мункир бўлганларинг учун азобни тотинглар.» Эй Муҳаммад, ҳар бир ишда сабр қилгин. Чунончи, улуғ ҳимматли пайғамбарлар сабр қилдилар ва умматинг интиқомига шошилмагин. Чунки булар Қиёматда ваъда қилинган азобни кўрганларида шундай ҳолга тушадиларки, қўқувдан довдираб, дунёда бир соатдан зиёда турганиз йўқ, деб ўйлаб қоладилар. Бу сурада айтилган пандлар етарликдир. Бас, фосиқ қавмлардан бошқаси ҳалок қилинмайди.

Орқага Олдинга