Юсуф сураси 111 оят бўлиб, 1, 2, 3-оятлари Мадинада, қолганлари Маккада нозил бўлган. Суранинг бошидан то охиригача Юсуф (а.с) ҳақида сўз кетганлиги учун шундай номланган.
Бандаларга дуё ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таъоло номи билан бошлайман.
1-5. Бу китоб оятлари ҳақни зоҳир қилувчи китобнинг оятларидир. Биз Қуръонни Муҳаммад (а.с)га шоядки сизлар бунинг мазмунини биларсизлар деб араб тилида нозил қилдик. Эй Муҳаммад, сенга шу Қуръонни ваҳий қилиш билан яхши қиссалардан Юсуф (а.с) нинг қиссасини баён қиламиз. Албатта сен бу сура нозил бўлишидан илгари бу қиссадан бехабар эдинг. Эй Муҳаммад, ёд қил ! Вақтики Юсуф (а.с) оталарига уйқуларидан паришон бўлиб туриб : “Эй ота, мен бир ажиб туш кўрдим. Тушимда офтоб, ой ва яна ўн битта юлдуз осмондан тушиб, ҳаммалари менга сажда қилдилар”-деб айтдилар. Ёқуб (а.с) : “Эй ўғилчам, бу тушингни биродарларингга айтмагин, чунки акаларинг сенга ҳасад қилиб, сени ҳалок қилишга ҳийла тайёрлайдилар. Шайтон ҳар кимни йўлдан оздиради, чунки шайтон инсонга равшан душмандир” дедилар.
6. Шунга ўхшаш, яъни уйқунгда сени биродарларингдан азиз қилиб фазилат берганга ўхшаш, келажакда ҳам сени азиз қилади. Сенга тушларнинг таъбирини таълим беради, сенга неъматини баркамол қилади. Ва ҳам келажакдаги пайғамбар бўладиган авлодларимизга неъматини комил ато қилади. Чунончи нубувват неъматини илгари боболаринг Иброҳим (а.с) ва Исҳоқ (а.с)га ато қилган эди. Албатта Парвардигоринг ҳар бир нарсага доно, ҳар бир иши ҳикматлидир.
7-10. Албатта Юсуф (а.с) ва биродарларининг қиссаларида савол қилувчиларга насиҳат ва ибратлар бор. Вақтики Юсуф (а.с)нинг биродарлари айтдиларки : “Албатта Юсуф ва унинг укаси Бунямин отамизга биздан кўра маҳбуброқдир. Ваҳоланки биз қувваатли ва меҳнаткашмиз. Бу хонадонда тириклик бизлар билан барпо бўлади. Отамиз бу ҳақда хато қилди. Уни биздан зиёда дўст тутади” Хилватда ўтириб, Юсуф (а.с) тўғрисида маслаҳат қиладилар. Айтдиларки :“Юсуфни ўлдиринглар ёки узоқ биёбонга олиб бориб ташланглар. Шундагина отангизнинг муҳаббати сизларга хос бўлади. Шундан кейин тавба қилиб яхши одам бўлинглар.” Булардан баъзи маслаҳат бериувчилари айтдиларки : “ Агар менинг маслаҳатимга амал қилсаларинг, Юсуфни ўлдирманглар. Ноҳақ қон тўкиш гуноҳи азимдир. Балки буни суви йўқ, қоронғу қудуққа ташланглар. Баъзи ўтувчи одамлар узоқ шаҳарга олиб кетади.” Шу маслаҳатга қарор қилдилар.
11-14. Вақтики Юсуф (а.с)нинг биродарлари Юсуф (а.с)ни ўзлари билан даштга олиб бориб қудуққа ташлашга иттифоқ қилдилар, Юсуф (а.с)нинг оталаридан сўрадилар. Ёқуб (а.с) ижозат бермадилар. Бу биродарлар айтдиларки: “Эй падари бузруквор сизга нима бўлди? Юсуф учун бизни амин билмайсизми ? Ваҳоланки биз унга хайрихоҳмиз. Эртага Юсуфни биз билан юборинг кенга яйловларда мевалар териб ейди ва ўйнайди. Биз ҳамиша уни сақловчимиз ”. Ёқуб (а.с) айтдиларки :“Юсуфни мендан жудо қилиб олиб кетишларинг, мени ғамгин қилади. Ва бўри еб кетишидан қўрқаман. Сизлар ундан ғофил бўлиб қоласизлар ”. Биродарлари айтидарки : “Биз қувватли жамоадирмиз. Бовужуд биз ҳозир туриб уни бўри ер экан, у ҳолда зиёнкорлардан бўламиз”.
15-18. Вақтики Юсуф (а.с)нинг биродарлари уни даштга олиб кетдилар, Юсуф (а.с)ни қоронғу қудуққа ташлашга иттифоқ қилдилар. Биз Юсуф (а.с)га шу мазмунда ваҳий юбордикки : “Албатта сен яқинда бу азоблардан нажот топасан. Буларнинг мана шу қилган ишларидан огоҳлантирасан. Ваҳоланки булар у ҳолда сени танимайдилар”. Шу оятдан маълум бўладики, Юсуф (а.с)га ёшлик чоғларида ваҳий келган экан, пайғамбар бўлган эканлар. Бу биродарлари Юсуф (а.с)ни чоҳга ташлаб кечқурун оталарининг олдиларига йиғлаб келдилар. Айтдиларки : “Эй ота биз Юсуфни чўлга олиб боргандан сўнг, бир-бирмиз билан югуришиш уйнар эдик ўқ отишлик қилар эдик. Матоларимизга Юсуфни қоровул қилиб қўйган эдик. Бас, қайтиб келсак, Юсуфни бўр еб кетибди. Агар биз бу сўзимизда ростгуй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмайсан ”. Ёлғондан Юсуф (а.с)нинг кўйлакларини қонга белаб келдилар. Ёқуб (а.с) қонли кўйлакни кўрдиларки, йиртилмаган бутун эди. Буларнинг сўзларининг ёлғонлиги маълум бўлди. Ёқуб (а.с)айтдиларки : “Бу айтганларинг тўғри эмас, балки нафсларинг сизлар учун бу ёлғонни тўқи йди. Энди мен учун Худонинг ҳукмига рози бўлиб, яхши сабр қилишдан бошқа чора йўқ. Сизларнинг бу айтган сўзларингиз учун Худодан ёрдам истайман”
19-20. Қудуқнинг атрофига қофила келиб тушдилар. Бу қофила Мисрга борувчи савдогарлар эдилар. Сув тортувчи ғуломларини қудуққа юбордилар. Бу ғулом сув оладиган челакни қудуққа ташлади. Аллоҳ тарафидан Юсуф (а.с)га : “Сен челакнинг (зарфнинг) ичига ўтиргин”-деган ваҳий келди. Вақтики далвни (челакни) қудуқдан тортиб олганда, Юсуф (а.с) чиқди. Буларнинг кўзи Юсуф (а.с)га тушди. Камоли хурсандликдан баланд овоз билан :“ Эй бизга ажиб хўрсандчилик ҳосил бўлди. Қудуқдан бу чиройли ёш бола чиқди. Мисрга олиб бориб сотсам бундан катта фойда оламан”. Қофиланинг бошлиғи Молик номли одам эди. /улом ҳам шунинг ғуломи эди. Аҳли қофилага :“Бу ғуломни яширинглар” - деб буюрди. Аҳли қофила матоларининг ичига Юсуф (а.с)ни яширдилар. Аллоҳ таъоло буларнинг қилган амалларини билиб турган эди. Юсуф (а.с)нинг биродарлари бу аҳволдан хабар топиб етиб келдилар. Айтдиларки : “бу бизнинг ғуломимиз эди, агар олсаларинг сотамиз . Қофила аҳли олмоқчи бўлдилар. Юсуф (а.с)нинг биродарлари арзимаган қийматга, бир ривоятга кўра қирқ тангага сотдилар. Бу биродарларининг мақсадлари Юсуф (а.с)ни ўзларидан жудо қилиб йўқотиб юбориш эди.
21-22. Вақтики Молик Юсуф (а.с)ни олиб Мисрга келди, уни сотиш учун бозорга (келтириди) солди. Подшоҳнинг вазири бундан хабар топиб, уни сотиб олди. Уйига олиб келиб, Зулайхо номли хотинига :“Буни яхши сақлагин. Агар сотсак кўп фойда келтиради. Ё ўзимизга ўғил қилиб оламиз” - деб айтди. Бу (биз) Юсуф (а.с)ни қандай роҳат ва ором билан Мисрга олиб келган бўлсак, шундай ором ва роҳат билан Мисрдан жой бердик. Мисрнинг ерларини тасарруф қилиш учун қудрат бердитк. Ҳатто бунга тушлар таъбирини ўргатдик. Аллоҳ таъоло ўз ишида ғолибдир. Қандай тасарруф қилса, шундай қилади. Ҳеч нарса унинг иродасидан қайтаролмайди. Лекин кўпчилик одамлар буни билмайдилар. Вақтики Юсуф (а.с) балоғатга етганларида, унга донолик ва илм бердик. Яхши иш қилувчиларга шундай мукофот берамиз.
23-24. Миср азизининг хотини, чунончи Юсуф (а.с) унинг уйида эдилар, Юсуф (а.с)нинг нафсларидан муродини талаб қилди. Уйга олиб кириб дарвозаларини беркитди. Юсуф (а.с)га : “Менга яқин кел” деди. Юсуф (а.с) : “Сенга яқин бўлишдан Худодан паноҳ тилайман. Азизи Миср менинг моликимидир. Унинг ҳақини сақлайман, чунки у менга ҳурмат ва иззат билан ўз уйидан жой берди. Мен учун давлатини сарф қилди. Ҳаддан тажовуз қилувчилар нажот топмайдилар. Албатта Азизнинг хотини Юсуф (а.с)га қасд қилди. Агар Юсуф (а.с) Худонинг далили ва бурҳонини кўрмаганида эди, Зулайҳога қасд қилган бўлар эди. Биз Юсуф (а.с)дан ёмон иш ва ношоиста феълларни дафъ қилиш учун уни шундай покиза сақладик. Чунки у покиза ва ихлосли бандаларимиздан эди.
25-29. Юсуф (а.с) ва Зулайҳо бир-бирларини қувган ҳолда дарвозага етдилар. Зулайҳо Юсуф (а.с)нинг орқаларидан етиб бориб кўйлакларидан тортиб уни йиртди (поралади). Зулайҳонинг эрини дарвозанинг олдида топдилар. Зулайҳо ўзидан туҳматни дафъ қилиш учун айтдики :“Сенинг аҳлингга ёмонлик қилишни ирода қилган одамнинг жазоси нима бўлади? Магар уни зиндонга солмоқ керак ё уриб жазолаш керак”. Шунда Юсуф (а.с) :“Бу тўғрида менда гуноҳ йўқ. Зулайҳо ўзи меннинг нафсимдан мақсадини талаб қилди” деди. Азиз айтдики : “Бу гапга қандай ишонса бўлади?”. Юсуф (а.с) айтдиларки: “Шу уйда тўрт ойлик гўдак бешикда ётибди. Шу мен учун гуврҳлик беради”. Зулайҳонинг эри у гўдакдан сўради. У гўдак Зулайҳонинг холасининг ўғли эди. Зулайҳо аҳлидан эди. Гўдак гувоҳлик бериб айтдики :“ Эй Азиз, назар қилгин, агар Юсуфнинг кўйлаги олдидан йиртилган бўлса, у ҳолда Зулайҳо рост айтади, Юсуф ёлғончилардандир ва агар Юсуфнинг кўйлаги орқадан пора қилинган бўлса, бас, Зулайҳо ёлғон айтади ва Юсуф рост айтувчилардандир. Азиз назар қилиб кўрдики, Юсуфнинг кўйлаги орқадан йиртилибди. Бас Азиз ғазаб билан Зулайҳога қараб дедики :“Албатта бу иш макр ҳийлаларингиздадир. Албатта сиз хотинларнинг макрларингиз ниҳоятда улуғдир”. Юсуф (а.с)га қараб :“Эй Юсуф, бу ишдан ўзингни ўгир, бу ҳолни бошқалар билмасин. Эй Зулайҳо бу гуноҳинг учун Юсуфдан кечирим сўра. Сен албатта хатокорлардан бўлдинг”.
30-32. Миср шаҳридаги Зулайҳонинг таниш хотинлари бир-бирларига айтдиларки :“Азизнингг хотини ўз ғуломидан мақсадини талаб қилар экан, унинг муҳаббатини дилида сақлар экан. Биз Азизнинг хотинини очиқ гумроҳ бўлган деб биламиз. Бавужуди обрўли эри бўлган ҳолда ўзининг ғуломи билан ишқбозлик қилар экан. Вақтки Зулайҳо буларнинг махфий сўзларини эшитди, уларни зиёфатга чақирди. Буларга ўтирадиган жойлар муҳаё қилди. Ҳар бирларининг қўлларига гўштни майдалаб ейишлари учун пичоқ берди. Зулайҳо ҳазарти Юсуф (а.с)га :“Бу хотинларнинг олдига чиққин” деди. Юсуф (а.с) Зулайҳонинг амрини бажо келтириб, хотинларнинг олдига чиқди. Бас, вақтики хотинларнинг назари Юсуф (а.с)га тушди, улуғ соҳиб жамолни кўрдилар. Ҳаммалари унинг дийдорини кўриб ақлиллари адашиб қолди. Гўшт ўрнига қўлларини туғрай бошладилар. Дардини билмадилар. Айтдиларки :“Ҳоша Лиллаҳи” яъни, Худонинг қудрати улуғдир. Худо ожизликдан покдир. Бу башар эмас, балки малоикадир”. Зулайҳо хотинларга айтдики :“Сизларни мени ман шу ғуломнинг ишиқида маломат қилар эдиларнинг. Бир назар билан ҳолларингиз қандай бўлди ? Албатта бу ғуломнинг нафсидан ўз мақсадимни талаб қилдим. Бу ўзини мендан сақлади. Менга итоат қилмади. Агар амримни бажо келтирмас экан, албатта зиндонга юборилади. У жойда аҳволи ёмон бўлиб, хор бўлади”
33-37. Вақтик Юсуф (а.с) Зулайҳонинг бу сўзини, яъни амрини бажо келтирмаса, зиндонга солинади, деган сўзини эшитганларида, Парвардигорига дуо қилиб айтдиларки :“ Бу хотинларнинг мендан талаб қилган хоҳишларидан менга зиндон яхшироқ эди. Агар мендан буларнинг макрларини қайтармасанг башарият тақозоси билан буларнинг тарафига мойил бўлишим мумкин. У ҳолда мен жоҳиллардан бўламан”. Бас Парвардигор Юсуфнинг талабини ижобат қилди. Хотинларнинг макрини бундан қайтарди. Зиндонни муяссар қилди. Албатта Аллоҳ таъоло дуоларни эшитгувчи ва бандаларнинг ҳолини билувчидир. Бас буларга шундай муқаррар бўлдики, Юсуф (а.с)нинг бегуноҳликларига далолат қилувчи гувоҳларни кўргандан сўнг, токи Зулаҳонинг шаънига бўлган итҳомлар паст бўлиши учун, Юсуф (а.с)ни бир муддатгача зиндонга юборишга қарор қилдилар Юсуф (а.с) билан подшоҳнинг икки хизматкори ҳам зиндонга дохил бўлди. Бўларнинг бири соқий эди, подшоҳга шарбат тайёрлар эди. Яна бири ошпаз эди. Булар подшоҳга заҳар беришда мутҳам бўлган эдилар. Зиндонда туш кўриб, ҳазрат Юсуф (а.с)дан таъбирини сўрадилар. Соқий айтдики : “Мен бир туш кўрдим, ўзимни шундай кўрдимки узумни сиқиб подшоҳга хамр тайёрлар эдим”. Ошпаз айтдики: “Мен ҳам бир туш кўрдим. Бир саватда нонни бошимга кўтарган эдим , паррандалар бошимдаги нонни ер эдилар. Бизга бу тушнинг таъбири билдиринг. Биз сизни яхши одамлардан деб биламиз”. Юсуф (а.с) айтдиларки : “Бу таъбир илмини Аллоҳ таъоло менга таълим берган. Менга илҳом билан маълум қилади. Ҳатто олдиларингизга таъом келмасдан илгари қайси рангда, қандай таъми бор, қандай фойда қилади, қандай зарар қилади – ҳаммасини айтиб бераман. Мен Худога иймон келтимайдиган ва охиратга кофир бўладиган қавмнинг миллатини тарк қилганман.”
38.Мен кофир қавмга тобеъ бўлмасдан ота ва аждодларим Иброҳим (а.с), Исҳоқ (а.с) ва Ёқуб (а.с) миллатларига тобеъ бўлдим. Бизга Худонинг ибодатида бирон нарсани Худога шерик қилишимиз жоиз эмас. Бу тавҳид бизга ва бошқа халқларга Худонинг фазл ва марҳаматидир. Лекин аксарият инсонлар Худонинг шукрини бажо келтимайдилар.
39-42. Эй зиндондаги ҳамроҳларим, сизларнинг бир-бирига ўхшамаган ибодат қиладиган Худоларнинг яхшими ёки бир “Аллоҳу воҳид ла шарик” ҳаммага нарсага ғолиб яхшими ? Сизлар Худодан бошқа ўзларингча ном қўйиб олган ва ота-боболарингиз ҳам шунга ибодат қилган бутларга ибодат қиласизлар. Сизларга Аллоҳ таъоло тарафидан буларнинг худолигига ҳеч ҳужжат йўқдир. Буларда ҳеч қандай ҳукм ва қудрат йўқдир. Худо сизлардан бир Худодан бошқага ибодат қилмасликларингни амр қилади. Мана шу дин ҳақ ва ростдир. Лекин аксар кишилар ҳақлигини билмажилар. Эй зиндондаги ҳамроҳларим, мендан мендан сўраган тушларингнинг таъбири шудир. Сизлардан бирларингиз соқий, зиндондан халос бўлиб яна ўз мураббийясига соқий бўлиб шароб ичкизади. Аммо иккинчилариники, ошпаздир, дорга осилади, қушлар келиб бошига ўтириб гўштларини ейди. Бу ҳолда ошпаз айтдики : “Мен бу тушимни кўрмаган эдим”. Юсуф (а.с) айтдиларки :“Хоҳ бу тушни кўринг, ё кўрманг сўраган тушларингнинг таъбири шундай муқаррар бўлди.” Юсуф (а.с) бу икковидан бири яъни нажот топувчига айтдиларки : “Халос бўлиб борсанг, мураббий ва мавлонга бегуноҳ зиндонда ётганимни зикр қилгин”. Бас, шайтон соқийнинг дилидан ҳазрат Юсуфни подшоҳ олдида зикр қилишни фаромуш қилдирди (эсидан чиқарди). Бас, Юсуф (а.с) неча йиллар қолиб кетдила. Баъзи ривоятда етти йил қолиб кетдилар, дейдилар. Ҳақ таъоло махлуқдан ёрдам сўраганликлари туфайли Юсуф (а.с)ни етти йил зиндонда сақлаш билан жазолади.
43-44. Мисрнинг подшоҳи бир даҳшатли туш кўрди. Ўз вазирларига ва донишмандларига айтдики : “Мен туш кўрдимки, еттита семиз мол дарёдан чиқди, унинг ортидан етти дона ориқ мол чиқди. Семиз молларни еб тамом қилди. Сўнгра етти дона буғдойнинг пояси ердан кўкариб чиқди. Унинг орқасидан етти дона буғдойнинг қуриб қолган поялари пайдо бўлди. Кўкариб ётган пояларга чирмашиб, уларни ҳам қурутди. Сўнгра ҳаммаси ғойиб бўлди.” Подшоҳ бу ҳайбатли тушни кўрганидан сўнг айтдики : “Эй қавмларим, агар сизлар тушларнинг таъбирини билувчи бўлсангиз, менинг тушумнинг таъбирини айтинглар.” Подшоҳнинг вазирлари айтдиларки : “Сизнинг бу тушингиз ботил ва беҳақиқитдир. Биз бундай паришон, ботил тушнинг таъбирини билмаймиз”.
45-46. Зиндондан нажот топган соқий кўп замонлардан кейин Юсуф (а.с) топширган (айтган) сўзлар ёдига келиб айтдики :“Сизларга бу тушнинг таъбирини мен огоҳлантираман. Мени зиндонга юборинглар. Подшоҳ соқийга рухсат берди. Соқий зиндонга келиб айтдик : “Эй рост сўзлайдиган Юсуф, бизга подшоҳнинг кўрган тушларининг таъбири айтгин. Подшоҳ тушида етти дона семиз молни етти дона ориқ молни ебди ҳам етти дона буғдойнинг кўкариб турган сунбулини, етти дона қуруқ буғдой пояси қурутганини кўрибди. Шоядки сизнинг жавобингизни халққа олиб борсам, улар ҳақиқати ҳолни билган булар эди ”.
47-49. Юсуф (а.с) подшоҳнинг тушуни шундай таъбир қилдиларки : “Одамларингга мувориқ етти йил пайдарпай буғдой экасизлар. Вақтики буғдойни бир қанча ўрганларингдан кейин янчимасдан боши билан қолдиринглар, магар ҳожатларингга яраша янчиб олинглар. Бу етти йилдан сўнг етти йил қаҳатчилик йили келади. Осмондан ёмғир ёғмайди. Бас, сизлар илгари захира қилиб қўйган буғдойларингни енглар. Магар озгина экиш учун сақлайсизлар. Сўнгра шундан кейин шундай йиллар келадики, халқнинг тепасига ёмғир ёғдирилади ва ердан гиёҳлар кўкаради ва узумлардан шароблар тайёрлайдилар”.
50-52. Вақтики соқий келиб тушнинг таъбири ҳикоя қилганд, подшоҳ : “Юсуфни менинг олдимга олиб келинглар” -деб айтди. Вақтики, Юсуф (а.с)ни олиб кетгани подшоҳнинг элчилари келганларида, Юсуф (а.с) элчига айтдиларки: “Подшоҳинг олдига қайтиб боргин. Подшоҳга савол қилгинки, токи Подшоҳ қўлларини кесган хотинлардан уларнинг ҳолларини қандайлигини, менинг хусусимда нима воқеа бўлганлигини сўрасин. Макр қилмоқчи эдилар. Албатта менинг Парвардигорим уларнинг макрига донодир”. Подшоҳ хотинларни ва Зулайҳони ҳузурига чақирди. Подшоҳ хотинларга айтдики :“Вақтики Юсуфнинг нафсидан мақсадларингни талаб қилганларингда, сизларнинг воқеларинг нима (бўлган) эди. Бу тўғрида гуноҳ Юсуф тарафида эдими? Хотинлар айтдилрки :“Ҳаргиз ундай эмас. Худои таъоло ҳамма айблардан покдир. Юсуфда ҳеч қандай ёмонлик кўрмадик. Юсуф бу туҳматлардан пок эди”. Азизнинг хотини Зулайҳо айтдики : “Энди ҳақ зоҳир ўлди. Бу тўғрида мен гуноҳкорман. Мен ундан васлни талаб қилган эдим. Юсуф бу туҳматлардан покдир. У ростгўйлардандир.” Юсуф (а.с) айтдиларки :“мен бу сўзни хотинларни жазолаш учун айтганим йўқ. Мен шунинг учун айтдимки, то Азиз билсинки, унинг йўқлигида унинг хонадонига хиёнат қилмадим. Аллоҳ таъоло ҳийла қилувчи хотинларнинг ҳийласини ислоҳ қилмайди.”
53. Юсуф (а.с) айтдиларки: “Мен ўз нафсимни покликка нисбат бермайман ва нафсимни покиза деб даъво қилмайман. Чунки нафс инсонни ёмон ишларга амр қилувчидир. Магар Парвардигорим раҳм қилиб нафсимни ёмон ишлардан сақласа. Албатта Аллоҳ таъоло хатоларни кечирувчи меҳрибондир.”
54-57. Вақтики подшоҳ Юсуф (а.с)нинг аҳволларини соқийдан эшитди, кўришга шавқланиб айтдики :“Юсуфни менинг олдимга олиб келинглар. Мен уни ўзимга яқин хосларимдан қилиб оламан. Вақтики, Юсуф (а.с)ни олиб келдилар, подшоҳ Юсуф (а.с) билан сўзлашди, сўнгра айтдики : “ Эй Юсуф, сен бу кун бизнинг олдимизда улуғ мартабали ва омонатдор одамсан. Барча давлат ишларини сенинг ихтиёрингга топшираман. Юсуф (а.с) подшоҳга айтдиларки : “Менга бошқа мансабинг керак эмас, мени ердан чиқадиган ҳосиллар учун муқаррар қилгин. Мн бу ҳосилларни яхши сақлагувчиман. Шунга ўхшаш биз подшоҳни Юсуф (а.с)га меҳрибон қилганимиздек, Миср ерида Юсуфни мутамаккин қилиб ҳукмрон қилдик. Миср ерида қаерни хоҳласа, шу жойда сукунат қилади. Биз раҳматимизни хоҳлаганимизга ато қиламиз. Яхшиларнинг ажрини бу дунё ва охиратда зоеъ қилмаймиз. Лекин мўъминлар ва муттақийлар учун охиратнинг ажри бу дунёнинг ноз наимларидан яхшироқдир”
58-62. Вақтики қаҳатчилик йиллари биошланганда, ҳазрати Ёқуб (а.с) ўғилларига айтдиларки: “Миср подшоҳи очларга таъом ьерувчи ва эҳсон қилувчи экан. Уй-рўзғорларни туяга ортиб олиб боринглар. /аллага алиштириб келинганлар”. Ёқуб (а.с)нинг ўғиллари оталарининг фармони билан Мисрга келдилар. Вақтики Юсуф (а.с)нинг биродлари Мисрга келиб, унинг ҳузурларига дохил бўлдилар, Юсуф (а.с) буларни кўрган ҳамони танидилар. Аммо улар Юсуф (а.с)ни танимадилар. Вақтик Юсуф (а.с) буларнинг юкларини тайёрлаб қўлларига бердилар : “ Оталарингдан неча ўғилсизлар?” деб сўрадилар. Булар айтдиларки : “Ўн икки ўғилмиз”. Юсуф (а.с) айтдиларки: “Сизлар ўн киши келдиларинг, иккиталаринг қани?”. Булар айтдиларки : “Бир биродаримизни бўри еган, кичкина укамиз отамиз билан қолган”. Юсуф (а.с) айтдилдарки : “Иккинчи (марта) келганларингда уша ота бир укаларингни олиб келингалар”. Агар олиб келсаларинг мен кўп ғалла берман, чунки кўрмаяпсизларнми мен ҳаммага кўп ғалла бериб турибман? Хусусан мен узоқдан келган меҳмонни яхши риоя қилман. Агар биродарларингни олиб келмасаларинг, мен сизларга ҳеч қандай ғалла бермайман. Ва бу жойларга яқин келманглар” .Биродарлари айтдиларки: “Биз тезлик билан бориб, отамиздан талаб қилиб биродаримизни олиб келамиз. Биз бу ишни албатта қиламиз ”. Юсуф (а.с) ғуломларга айтдиларки: “Буларга билдирмасдан олиб келган бизотларини қайтариб, юкларига солиб беринглар. Вақтики булар ўз аҳилларига борсалар, бизоатларининг қайтиб келганини биладилар.. Эҳтимол, шу сабаб бўлиб, орқаларига қайтиб келсалар”.
63-65. Вақтики оталарининг олдига қайтиб келдилар. Айтдиларки : “ Эй падари бузуруквор, агар биз укамизни олиб бормасак, бизга ғалла бериш манъ қилинади. Энди биродаримизни биз билан юборинг, токи бизга ваъда қилинган ғалла берилси. Биз укамизни эҳтиёт билан сақлаймиз”. Ёқуб (а.с) айтдиларки: “Илгари сизларни омонатдор деб ишониб биродарини топширган эдим. Энди бу биродарини ҳам сизларга ишониб топширайми? Силар Юсуфга хиёнат қилдиларинг, муҳофазат қилмадиларинг. Сизларнинг муҳофазат қилишларингга ишонмайман. Мен Аллоҳнинг ҳифзига ишонаман. Чунки Аллоҳ яхши муҳофазат қилувчи ва мерибонларнинг мерибонроғидир”. Вақтики Юсуф (а.с)нинг биродарлари уйларига қайтиб келиб, юкларини очганларида, ўзларнинг олиб борган бизоатларини юкнинг ичидан топдилар. Буларга қайтариб юборилган экан. Булар айтдиларки: “Эй ота, энди биз қандай эҳсонни умидини қиламиз. Бу бизоатимиз қайтарилиб берилибди. Бизга лозим бўлдики, Миср подшоҳига биродаримизни олиб қайтиб борайлик ва аҳлли аёлларимиз учун ғалла олайлик. Биз биродаримизни муҳофаза қиламиз ва биродаримиз учун бир туя ғаллани зиёда оламиз. Бу олиб келган ғалламиз озгинадир”.
66. Ҳазрати Ёқуб (а.с) айтдиларки : “ Сизлар Худо тарафидан менга мустаҳкам қасам билан аҳд қилмагунларингча, мен Биняминни сизлар билан юбормайман. Магарам, сизларнинг ҳаммаларингизни душман ўраб олса, у вақта сизлар ҳам маъзурзсизлар”. Вақтики оталарига аҳд- паймон бердилар, Ёқуб (а.с) айтдиларки: “Аллоҳ таъоло бизнинг ўртамизда бўлган аҳд-паймонга гувоҳдир”.
67. Ёқуб (а.с) ўғилларига айтдиларки : “Эй ўғилларим ҳаммаларинг Миср шаҳрининг бир дарвозасидан кирманглар, мутафарриқа бўлиб ҳар дарвозадан киринглар ”. Бу васиятни шунинг учун айтдиларки :“ Ёқуб (а.с)нинг ҳамма ўғиллари соҳиб жамол, қад ва қоматлари келишган йигитлар эдилар. Мабодо ўғилларига кўз тегади деб шу таъбирни қилган эдилар. Яна айтдиларки : “Мен Худо тарафидан бўладиган қазо ва қадарни даф қилолмайман. Бу тўрида ҳеч кимнинг ҳукми юрмайди, магар Худонинг ҳукми юради. Мен бир Худонинг ўзига таваккул қилдим. Таваккул қилувчилар Худога таваккул қилишлари керак”.
68-69. Вақтики Ёқуб (а.с)нинг ўғиллари оталарининг амрига мувофиқ Миср шаҳрининг бошқа-бошқа дарвозасидан кирдилар. Лекин бу тадбир Худонинг муқаддаротини даф қилмади. Лекин Ёқуб (а.с) дилларидаги оталик меҳрини адо этиб, бу тадбирни қилган эдилар. Лекин Ёқуб (а.с) бизнинг ваҳий орқали таълим берган илмимизга эга эдилар. Бидиларки ҳеч иш Худонинг ҳукмидан ташқарида бўлмайди. Лекин аксар инсонлар бу сирни билмайдилар. Вақтики биродарлари ҳазрати Юсуф (а.с)нинг ҳузурларига кирганларида, ҳазрати Юсуф (а.с) буларни зиёфат қилиб, олдиларига овқат қўйдирдилар. Буюрдиларки: “Бир туғишган бир табаққа шерик бўлсин”. охирида Биняминнинг ўзи якка бир табаққа қолди.Бинямин таом емасдан йиғлай бошлади. Юсуф (а.с) : “Сен нима учун йиғлаяпсан?” - деб сўрадилар. Бинямин айтдики : “ Биродарим бўлганда мсен бирга еган бўлардим”. Юсуф (а.с) буни эшитиб : “Бўлмаса мен билан таъом егин” - деб парданинг ичига чақириб олди. Вақтики Юсуф (а.с) ва Биямин бир табаққа кўл узатганларида, Бинямин яна йиғлай бошлади. “Энди нимага йиғлаяпсан?” - деб сўрадилар. Бинямин айтдики : “Эй подшоҳ қўлингиз йўқолган биродаримнинг қўлига ўхшайди”. Юсуф (а.с) айтдиларки : “ Ундай бўлса, билгинки, мен сенинг биродаринг Юсуфман ” -деб юзларидан пардани олдилар. Икков биродар бир-бирларини танишиб, қучоқлашиб ҳушларидан кетдилар. Юсуф (а.с) айтдиларки : “Биродарларимизнинг қилган ишларига ғамгин бўлма, буларнинг менга берган кулфатлари роҳатимга сабаб бўлди. Энди бу биродарлар билмасин, сирни ошкор қилма”. Бинямин айтдики : “Энди мен сиздан жудо бўлмайман”. Юсуф (а.с) : “ Ундай бўлса бир тадбир қилиб сени олиб қолман”- деб айтдилар.
70-75. Вақтики Юсуф (а.с) биродарларининг олиб кетадиган юкларини тайёрлаганларида, сув ичадиган жомни Бинямининг юкига жойладилар. Карвонлар жўнаб кетгандан сўнг орқаларидан подшоҳнинг хизматкорлари етиб келиб, ичларидан бир низо қилувчи чақириб айтдиларки : “ Эй карвон аҳли, сизлар ўғрисизлар”. Юсуф (а.с)нинг биродарлари буларга юз ўгириб, айтдиларки : “Сизлар нимани истайсизлар ?”. Подшоҳнинг ходимлари : “Биз подшоҳнинг сув ичадиган жомини истаймиз. Подшоҳнинг сув ичадиган жомини йўқотдик. Кимки жомни топиб олиб келса, унга бир туя ғалла берилади. Мен ушбу ваъдага каилман” - деб айтди. Юсуф (а.с)нинг биродарлари айтдиларки : “Аллоҳнинг номига қасамёд қилиб айтамизки, биз жомни олмадик. Албатта сизлар биласизларки, бу ерга фасод қилиш учун келганимиз йўқ. Биз ўғри эмасмиз”. Ходимлар айтдиларки : “Агар ёлғончи бўлсаларинг жазоси нимадир?” Биродарлари айтдиларки : “Жом кимнинг юкидан топилса, жазосига ўша одамнинг ўзини жом эгасига топширилади. Бизлар ўғриларни шундай жазолаймиз”.
76. Жомни топиш учун аввал Биняминдан бошқа биродарларининг юкларини қарадилар. Охирида Биняминнинг юкини қидириб, унинг ичидан жомни чиқариб олдилар. Биз Юсуф (а.с)га шундай тадбирни инъом қилдик. Миср подшоҳининг динида ўғрини асир қилиб олиш йўқ эди. Лекин Юсуф (а.с) биродардарини асир қилиб олишни Худо хоҳлади. Биз кимни хоҳласак, мартабасини юқори кўтарамиз. Юсуф (а.с)ни ҳам илм ва ҳикматда мартабасини юқори қилдик. Ҳар бир илимлининг юқорисида донороқ ва мартабаси баландроқ бўлади.
77. Юсуф (ас) айтдиларки : “Сизлар келиб биз пайғамбарзода деб айтган эдиларинг. Бу ёмон ишни нима учун қилдиларинг ?”. Биродарлари айтдиларки : “Агар бу ўғрилик қилган бўлса, бу ажабланарли (ҳол) эмас. Бунинг бир тўғишган биродари бор эди. У ҳам ўғрилик қилган эди”. Юсуф (а.с) буларнинг сўзларини дилларида махфий тутдилар ва буларга ошкора қилмадилар. Яъни Юсуф(а.с)га ўзларининг бароатларини зоҳир қилишга мақом эмас эди. Юсуф (а.с) айтдиларки : “Сизларнинг сиатларингиз бундан ҳам бадттароқдир. Сизларнинг бу баёнларингизга Аллоҳ донодир”.
78-79. Юсуф (а.с)нинг биродарлари оталарига Биняминни саломат олиб келамиз, деб қасамёд қилган эдилар. Энди Биняминни ташлаб кетишга ҳаёрон бўлиб айтдиларки :“Эй Азиз, бу Биняминнинг ниҳоятда пир бўлиб қолган отаси бордир. Энди у бусиз ҳаёт кечиролмайди. Биз сизни ниҳоятда эҳсон қилувчилардан деб биламиз. Бизнинг мўйсафид отамизга раҳм қилинг. Биняминнинг бадалига бизлардан биримизни олиб қолинг”. Юсуф (а.с) айтдиларки :“Мен матомизни топган ўғрининг ўрнига бошқа одамни жазолашдан қўрқаман. Агар мен шундай қилсам золимлардан бўламан”.
80-81. Вақтики биродарлари Биняминдан ноумид бўлдилар, хилватда ўтириб маслаҳат қилдилар. Ҳаммаларидан катталари туриб айтдики : “Сизлар билмайсизларми, оталаринг сизлардан Бинямини сиҳат-саломат олиб келишга қасам билан аҳд-паймон олгандир. Бундан илгари Юсуф тўғрисида ҳам хато қилган эдиларинг. Отамизга яна Бинямин тўғриисда ҳам узр айтмасизларми? Мен отам то :“Келсин” демагунча шу жойдан қимирламайман, ё Худои таъоло менга бирор ҳукм қилар. Парвардигор ҳукм қилувчиларнинг афзалидир. Сизлар оталаринг ҳузурига қайтинглар. ва : “ўғлинг ўғрилик қилди” деб айтинглар”. Биз зоҳирда кўрган ва билганимизни айтамиз. Биз ғайбни билувчи ва ёд қилувчилардан эмасмиз. Ҳақиқат ҳолни Аллоҳ таъоло билади”.
82-83. Эй падари бузургвор, агар бизнинг сўзимизга ишонмасангиз, биз бўлган қишлоқ аҳлидан сўранг ва биз бирга келган қабиланинг аҳлидан сўранг. Албатта биз рост айтамиз. Ёқуб (а.с) айтдиларки : “Ундай эмас, нафсларинг яна бу тўғрида ҳийла ва тадбир тайёрлади. Энди менга яхши сабр қилишдан бошқа йўл қолмади. Парвардигордан умид қиламанки, йўқолганларнинг ҳаммасини менга қайтариб беради. Албатта Парвардигор ҳамма махфий нарсаларга олимдир ва қилган ишлари ҳикматлидир ”.
84-86. Ҳазрат Ёқуб фарзандлваридан юз ўгирдилар, камоли бетоқатликдан фарёд айтдиларки :“Эй менинг андуҳим, энди Юсуф фироқига менга ҳужум қил. Сенинг менга ҳужум қиладиган вақтинг етди”. Шу аҳволда йиғлаб нола қилишдан кўзлари оқарди, диллари ғамга тўлди. Фарзандлари кўрдиларки, оталари кўп нола қилишдан заиф бўлиб қолдилар. Айтдиларки : “Эй падари бузругвор, ҳамиша Юсуфни ёд қилишдан охир касалликка учрайсан, ёки ҳалок бўласан”. Ёқуб (а.с) айтдиларки :“Эй фарзандларим мен ғам-андуҳимнинг такясини Парвардигоримга қиламан. Мен сизларга дод демайман. Мен Худо тарафидан ваҳий орқали сизлар билмайдиган нарсани биламан”. Ривоят қиладиларки, Ҳазрати Азроил (а.с) Ёқуб (а.с)нинг зиёратларига келган эканлар. Ёқуб (а.с) Азроил (а.с)дан : “Аллоҳнинг номи билан сенга қасам бериб сўрайман. Фарзандим Юсуфнинг жонини олганмисан, ё йўқми”-деб сўрадилар. Азроил (а.с) айтдиларки : “Мен жонини олганим йўқ”. Ёқуб (а.с) айтдиларки :“Ундай бўлса у қаерда ?”. Азроил (а.с) айтдиларки : “Бу сирни айтишга рўхсат йўқ”.
87. Ёқуб (а.с) айтдиларки: “ Эй ўғилларим, боринглар Юсуфни ҳам , биродари Биняминни ҳам истанглар. Худонинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Чунки ҳеч ким Худонинг раҳматидан ноумид бўлмайди, магар кофирлар ноумид бўлади”.
88-92. Яна Ҳазрати Ёқуб (а.с)нинг фарзандлари ғалла олиш учун мисрга бормоқчи бўлдилар. Ҳазрат Ёқуб (а.с) Юсуф (а.с)га бир мактуб ёзиб юбордилар. Мактубнинг мазмуни шундан иборат эдики : “Эй Миср подшоҳи, менинг яхши кўрган фарзандларимни ўғри деб, туҳмат қилиб, олиб қолибсан. Менинг фарзандларимини қайтариб юборгин. Ва агар сенинг тарафингга дуо ўқини отаман вассалом. Вақтки биродарлари Мисрга бориб, Ҳазрат Юсуф ҳузурларига дохил бўлиб айтдиларки :“ Эй Азиз, бизнинг аҳли аёлларимизни очлик ушлади. Биз арзимас бизоатни сенинг ҳузурингга олиб келдик, токи ғаллага алмаштириб бергин ва бизга яхшилик қилгин. Аллоҳ таъоло садақа қилувчиларга яхши ажр беради”. Сўнга Ёқуб (а.с)нинг мактубларини Юсуф (а.с)га бердилар. Юсуф (а.с) хилватга кириб мактубни ўқидилар, кўп йиғладилар. Сўнгра Юсуф (а.с) биродарларинг олдига чиқиб юзларидан ниқобни олиб айтдиларки : “Эй биродарлар, Юсуфга ва унинг биродарига нима қилганликларингизни биласизларми ?Сизлар у замонда нодон эдиларинг. Зулмнинг қабоҳатини билмас эдиларинг”. Биродарлари :“Сен Юсуфмисан”-деб айтдилар. Юсуф (а.с) айтдиларки: “Ҳа, мен Юсуфман. Мана бу биродарим Биняминдир. Худои таъоло мени қулликдан озод қилди, Миср тахтига сазовор қилди. Менга улуғ неъматлар ато қилди. Чунки кимки Худодан қурқар экан, балоларга сабр қилар экан, Аллоҳ таъолор унинг қилмишларини ва амалларини зоеъ қилмайди. Чунки Аллоҳ таъол эҳсон қилувчиларнинг ажрини зоеъ қилмайди”. Биродарлари ўз хатоларига иқрор бўлиб, айтдиларки : “Худога қасамки, Аллоҳоҳ таъоло сени биздан юқориқилибди, бизлар албатта ҳамкорларданмиз”. Ҳазрати Юсуф (а.с) айтдиларки : “Сизлар ҳеч хафа бўлмангалар. Мен сизлардан қилмишларинг учун ҳеч интиқом олмайман ва сизларни маломат қилмайман. Худо сизларни кечирсин. Албатта Аллоҳ таъоло меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир(энг меҳрибонидир)”.
93-95. Вақтеки Юсуф (а.с) биродарларини кечириб , кўп ҳурматлаб хурсанд қилганларидан сўнг айтдиларки: “Сизлар қабилагоҳларинг ҳузурига боринглар. Менинг бу кўйлагимни олиб бориб падари бузургворимизнинг юзларига ёпинглар. Кўзлари албатта аввалги ҳолига қайтиб, равшан бўлади. Сўнгра барча аҳли аёлларингизни ва падари бузругворингизни менинг ҳузуримга олиб келинглар. Вақтики карвонлар Мисрдан чиққанларида Ҳазрати Ёқуб (а.с) аҳли аёлларига айтдиларки :“ Агар сизлар мени ақлига нуқсон етибди дманглар. Бунга мен айтаманки, Юсуфнинг иси менинг димоғимга келяпти”. У аёллар айтдиларки :“Худога қасамки, эй падари бузургвор, сен илгариги хато қилган (адашган) ҳолатингдасан. Ўзгарганинг йўқ”.
96-99. Юсуф (а.с)нинг Яҳудо номли биродарлари кўйлакни олиб айтдики :“ Мен қонли кўйлакни олиб ғамгин қилган эдим. Энди бу кўйлакни олиб бориб, хурсанд қилайин”-деб равона бўлди. Вақтики башорат берувчи Яҳудо Ёқуб (а.с)нинг ҳузурларига келиб, кўйлакни Ёқуб (а.с)нинг юзларига ёпди, шу ҳолда Ёқуб (а.с) бино (кўрувчи) бўлдилар. Айтдиларки : “Эй болаларим, мен сизларга айтмадиммики, сизлар билмайдиган нарсани Худо тарафидан ваҳий орқали мен биламан”. Ёқуб (а.с)нинг фарзандлари айтдиларки: “Эй падари бузругвор, Худодан бизнинг гуноҳимизни кечиришини сўранг. Албатта биз гуноҳкормиз”. Ҳазрат Ёқуб (а.с) айтдиларки :“Яқинда сизлар учун Аллоҳдан кечирим сўрайман. Албатта Парвардигор бандалар гуноҳини кечирувчи ва меҳрибондир”. Вақтики Юсуф (а.с)нинг талабларига мувофиқ Ёқуб (а.с) аҳли аёллари билан Мисрга равона бўлдилар, Миср шаҳрига киргандан сўнг, Юсуф (а.с) ҳузурларига кирдилар. Ёқуб (а.с) неча йиллар Юсуф (а.с)дан жудоликдан кейин, ота-бола бир-бирларига қовушиб, бир-бирларинг дийдорларига мушуарраф бўлдилар. Юсуф (а.с) ота-оналарини ўз даргоҳларига жойлаб, айтдиларки :“ Иродаи илоҳий сизларни осиишталарингга ва роҳатларингга минбаъд тааллуқ топган бўлса, Миср шаҳрига дохил бўлиб, омон-омонда сукунат қилинглар (яшанглар)”.
100. Ҳазрат Юсуф (а.с) ота-оналарини ҳурмат қилиб, тахтга ўтқазди. Ҳаммалари қатор бўлиб, Юсуф (а.с)га сажда қилдилар, чунки уша даврда улуғларни ҳурмат қилиш сажда билан бўлар эди. Юсуф (а.с) айтдиларки : “Эй падари бузругвор, ман шу сизларнинг сажда қилишларингиз менга илгари, ёшликда кўрган тушумнинг таъбиридир. Парвардигорим бу тушумни ростга айлантирди. Парвардигор менга кўп эҳсон қилди. Вақтики мени зиндондан чиқариб подшоҳ қилди. Сизларни Мисрга олиб келиб менга қўшди. Худои таъол менга бу эҳсонни биродарларим билан менинг ўртамизда шайтон иғво қилиб, шунча жудоликларга сабаб бўлгандан сўнг ато қилди. Албатта Парвардигорим хоҳлаганига меҳрибондир. Албатта У ҳар банданинг ҳолига донодир. Ҳар бир феълида ҳокимдир”.
101-102. Юсуф (а.с) умрларининг лхирида Худога муножот қилиб айтдиларки :“Эй Парвардигорим, менга подшоҳликни ато қилдинг, хорликдан сўнг азиз қилдинг , менга тушлар таъбирини ўргатдинг. Эй ер ва осмонни халқ қилувчи Парвардигор, Сенга мутеъ бўлган ҳолимда мавт ато қилгин. Ота аждодларимга ва солиҳинларга мени ҳамроҳ қилгин”. Эй Муҳаммад, бу Юсуф (а.с) нинг қиссалари ғайб хабарлариданэди. Мен сенга ваҳий орқали билдирдим. Вақтики Юсуф(а.с)нинг биродарлари макр қилишиб уни чоҳга ташлаганда сен йўқ эдинг.
103-106. Агарчи сен бу мушрикларнинг имон келтиришларига хорис бўлсанг ҳам кўплари имон келтирмайдилар. Ваҳонланки сен бу панд-насиҳатинг учун булардан ҳеч қандай ажр сўрамайсан. Бу панд-насиҳатларинг олам аҳлига Худо тарафидандир. Нафсинг учун эмасдир. Ерда ва осмонда Худонинг азаматига далолат қилувчи кўп нишоналар бордир. Мушриклар бу нишонларни кўриб ўтадилар, аммо кўз юмган ҳолда юз ўгириб кетадилар. Буларнинг кўплари бошқа махлуқларни Худога шерик қиладилар ва имон келтирмайдилар.
107. Оё бу мушриклар Худонинг азоби келиб, буларни ураб олишидан эмин бўладиларми ва қўрмайдмиларми? Ёки буларнинг ғофиллик ҳолларида қиёмат қойим бўлишидан қўрқмайдиларми? Албатта Худонинг азобидан ғофил бўлмасликлари керак.
108. Эй Муҳаммад, мушрикларга айтингки : “Ман шу Худо тарафига даъват этиш менинг йўлимдир. Мен бу йўлдан қайтмайман. Ва менга тобеъ бўлиб, имон келтирган мўъминлар халқи даллилар ва мўжизалар билан Худо тарафига чақирамиз. Аллоҳ таъоло мушрикларнинг нисбат берган айбларидан, шерикларидан покдир. Мен ҳаргиз мушриклардан бўлмайман.
109-110. Эй муҳаммад биз сендан илгари аҳли қориялардан эркакларини пайғамбар қилиб юбордик. Уларга халқни даъват қилиш учун ваҳий юбордик. Натижада умматлари такзиб қилиб (ёлғонга чиқариб), ҳалок бўлдидалр. Энди Макка мушриклари ер юзини айланиб ҳалок бўлганларини кўриб, ибрат олсалар бўлмайдими ?. Булардан илгари пайғамбарларини такзиб қилувчиларнинг (ёлғончига чиқарувчиларнинг) оқибати нима бўлган эди. Албатта, имон келтириб, Худодан қўрқувчиларга охиратда беҳиштнинг нозу-неъматлари бу дунёнинг нозу-неъматлридан яхшироқдир. Оё (Ахир) буни фикр қилмайдиларми ?. Вақтики у пайғамбарлар кофирларнинг имонларидан ноумид бўлиб, гумон қилдиларки, бўларнинг сўзларини ҳеч ким тасдиқламайди, балки ёлғонга нисбата беради. Буларга бизнинг мададимиз келди. Такзиб қилувчиларни ҳалок қилдик. Бас, биз хоҳлаган бандаларимизга нажот бердик.Албата кофирлар гуруҳидан бизнинг азобимиз қайтарилмайди. Ҳечи ким қайтаришга қодир ҳам эмасдир.
111. Албатта Юсуф (а.с) ва биродарларинг қиссларида бират ва панд-насиҳатлар бор. Қуръон Худо тарафидан келган каломдир. Инсон тарафидан айтилган сўз эмасдир. Албатта Қуръон илгари ўтган китобларни тасдиқлайди. Бу Қуръонда халқнинг саодатига керак бўлган ҳар бир нарсанинг баёни бордир. Халқни Худо тарафига ҳидоят қилувчи ва мўъминларга раҳмат сабабидир.