loader

081. Таквир сураси

Маккада нозил бўлган бу сура йигирма тўққиз оятдан иборатдир.
«Таквир» – ўралиш демакдир. Суранинг илк оятлариданоқ қуёшнинг ўралиб қолиши ва Қиёмат аломатларининг зоҳир бўлиши ҳақида сўз боради. Шунингдек, инсонларнинг қайта тирилиб, Маҳшаргоҳга жам бўлиши, ҳисоб-китобга тортилиши, Қуръони карим ва унинг ваҳий қилиниши билан боғлиқ хабарлар сура давомида баён қилиб берилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

1-6. Вақтики офтоб ўраб йиғиштирилса, вақтики юлдузлар хира бўлиб, тўкилиб кетса, тоғлар майдаланиб, ўрнидан суриб ташланса, туғадиган (ҳомиласи ўн ойлик) туялар маътал бўлиб, эгасиз (қаровсиз) қолса, тамом ваҳший жониворлар бир-бирига аралашиб кетса, дарёларнинг суви қуриб, танурдек қизиб (ёниб) кетса;
7-14. Вақтики арвоҳлар ўз жасадларига жуфтлантирилса, вақтики тириклай кўмилган қизлар нима сабабдан қатл қилинганликлари тўғрисида савол қилинса, вақтики номаи аъмоллар очилиб ўқилса, вақтики осмоннинг пардаси йиртилиб, очилиб кетса, вақтики дўзахлар ўт билан қиздирилса, вақтики жаннат Маҳшаргоҳга яқинлаштирилса, ҳар бир нафс бу ерга нимани ҳозирлаб келтирганини билади.
15-21. (Кундузлари) орқага қайтувчи (пинҳон бўлгувчи) ва (кечалари) ҳаракат қилгувчи ва ғойиб бўлгувчи юлдузга қасам! Ва орқага қайт-ган (ўз зулмати билан кириб келган, ё ортга қайтган) кечанинг номига қасам! Ва ёруғ бўлган (ёришиб отаётган) субҳга (тонгга) қасам! (Албатта), бу Қуръон Худо тарафидан келган азиз элчи – улуғ ва қувват соҳиби, Аршнинг эгаси (бўлган) Парвардигорнинг ҳузурида мартабали, у жойда бошқа фаришталар унга фармонбардор, ўзи омонатдор – Жаброилнинг Расулуллоҳга олиб келган сўзидир.
22-29. Ва сизларнинг соҳибларингиз мажнун ҳам эмас ва коҳин ҳам эмас. У Муҳаммад (алайҳиссалом) очиқ уфқда Жаброил (алайҳиссалом)ни ўз ҳайъатида (асл қиёфасида) кўрди. Сизларнинг соҳибларингиз Худодан келган махфий ваҳийларга бахил эмас. У ҳаммасини сизларга таълим беради. Ва Қуръон мардуд шайтоннинг сўзи эмас. Бас, энди сизлар юзларингизни Ҳақдан ўгириб, қаёққа кетмоқдасизлар? У Қуръони карим олам аҳлига панд-насиҳатдир. Ва ҳам сизлардан кимки Ҳақ йўлида мустақим (собит) бўлишни истаса, ўша одамга панд-насиҳатдир. Сизлар ҳақ йўлда истиқомат қилишни хоҳламайсизлар, магар Парвардигори олам ирода қилсагина (хоҳлайсизлар).

Орқага Олдинга