loader

082. Инфитор сураси

Маккада нозил бўлган бу сура ўн тўққиз оятдан иборатдир.
«Инфитор» сўзининг маъноси ёрилмоқ бўлиб, сурада осмоннинг ёрилиши ҳақида сўзланганлиги учун шундай ном олган. Сура Қиёматнинг ўзига хос аломатларини баён қилиш билан бошланади. Охиратни инкор қилган саркаш ва мағрур инсон огоҳлантирилади ва ҳар бир амални ёзиб борадиган фаришталар борлиги айтилади. Қиёматда яхшилар жаннатда, фожирлар абадий дўзахда қолажакларидан ва у кунда ҳукм қилиш фақат Аллоҳга хослигидан хабар берилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

1-5. Вақтики осмон пора-пора бўлиб, пардалари йиртилса, вақтики юлдузлар нурсиз бўлиб тўкилса (сочилиб кетса), вақтики дарё (денгиз)-лар (аралашиб) жорий қилиниб (тошса ва) йўқ қилинса, вақтики қабр аҳли тирилиб чиқса, ҳар бир нафс ўзининг илгари қилган амалларини, ё (ўзидан кейин) қолдирган амалларини билади.
6-12. Эй инсон, нима нарса сени алдаб қўйдики, улуғ Парвардигорингни (унутиб) инкор қилдинг? У Парвардигор сени халқ қилган эди. Онанинг қорнидаёқ аъзоларингни баробар (мутаносиб) қилиб, сўнгра қоматингни баробар (расо, мукаммал) айлади. Сени қандай суратда хоҳласа, (шундай) таркиб берди. (Йўқ!) Сизлар (эй кофирлар), албатта, Худони инкор қилмаслигингиз керак эди. Балки сизлар Қиёматда жазо берилишини ҳам инкор қиласизлар. Албатта, сизларнинг устингизда амалларингизни муҳофаза қилувчи Кироман котибин (улуғ фаришталар) бор. Улар нима қилаётганингизни биладилар.
13-19. Албатта, яхшилар жаннатда нозу неъмат ичида бўладилар. (Ва), албатта, фожирлар ва мункирлар дўзахда бўладилар. (Улар) Қиёмат куни дўзахга кирадилар ва дўзахдан ғойиб бўлолмайдилар. Сенга ким билдирдики, «Явмуд-дин» (Қиёмат куни) нимадир? Яна сендан такроран сўрайманки, «Явмуд-дин» (Қиёмат куни) нимадир? «Явмуд дин» (Қиёмат куни) шундай кундирки, ҳеч бир нафс (шахс) яна (бошқа) бир нафснинг фойдаси учун бирор нарса қилишга молик бўлмайди. У кунда (барча) фармон (ҳукмлар) Худоники (Худога хос)дир.

Орқага Олдинга