Маккада нозил бўлган бу сура ўттиз олти оятдан иборатдир.
«Мутаффифин» – бировларнинг ҳақларидан уриб қолгувчилардир. Суранинг бошида ўлчов ва тарозиларидан бировларнинг ҳақларини уриб қолгувчилар мазаммат қилингани учун унга «Мутаффифин» номи берилган. Ўлчов ва тарозига хиёнат қиладиганлар, фосиқ ва фожирлар учун оқибат дўзах тайёрлаб қўйилган бўлса, аҳли иймон учун ноз-неъматли жаннатлар ҳозирлаб қўйилганлиги сурада таъкидлаб ўтилади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
1-6. Одамларнинг ҳақларини (ўлчов, тарозидан) кам қилувчилар (уриб қолувчилар)нинг ҳолларига вой! Улар шундай жамоадирларки, вақтики халқдан ҳақларини ўлчаб, ёки тортиб олсалар, тўлиқ (тортиб) оладилар. Агар бошқаларга ҳақларини ўлчаб, ёки тортиб берсалар, кам қилиб (уриб қолиб) берадилар. Қиёматда халқ тирилиб, Парвардигори олам ҳузурида ҳозир бўлганларида бу гуруҳлар ҳам ҳозир бўлишларини билмайдиларми?
7-12. Бу ҳақ ва муқаррардирки, гуноҳкорларнинг номаи аъмоллари «Сижжийн»да бўлади. Сижжийн нима эканлигидан Сени нима огоҳлантирди? Сижжийн – ёзилган бир китобдир. Бу Қиёмат кунини инкор қилувчиларнинг ҳолига вой! Улар шундай гуруҳларки, «Явмул жазо» (Жазо куни – Қиёмат)га ишонмайдилар. «Явмул жазо»ни фақат золимлар ва гуноҳкорларгина инкор қиладилар.
13-17. Вақтики Бизнинг оятларимиз у (инкорчи)нинг ҳузурида тиловат қилинса: «Бу илгари ўтган одамларнинг афсонасидир», – деб айтади. (Йўқ!) У (оятлар) афсона эмас, балки Худонинг каломидир. Лекин уларнинг дилларини қилган гуноҳларининг кири босиб (қоплаб) олгандир. Балки улар у кунда Парвардигорнинг марҳамат нуридан парда (орти)да беркиниб қолувчилардир. Сўнгра улар, (албатта), дўзахга киргувчилардир. Кейин малои-калар тарафидан айтиладики: «Сизлар у дунёда «ёлғон» деб инкор қилган дўзах – мана шудир».
18-28. Бу ҳақ ва муқаррардирки, яхши одамларнинг номаи аъмоллари «Иллийюн»да бўлади. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), «Иллийюн» нималигини Сен қайдан ҳам биласан? Иллийюн ёзилган бир китобдирки, фаришталарнинг қўлларидадир. Муқарраб фаришталар ҳамиша у китобни сақлайдилар. Қиёмат куни яхши амал қилгувчилар жаннатда нозу неъмат ичида бўладилар. Ва тахтларда ҳар тарафга (мамнун) назар қилиб ўтирадилар. Уларнинг юзларидан жаннатнинг хурсандчилиги (неъматлардан масрурлик) борлигини биласан (туясан). Уларга муҳрланган холис, (покиза) шароб ичкизилади. У шаробнинг идишларига мушк билан муҳр босилгандир. Шу холис шаробни ичиш учун рағбат қилувчилар рағбат қилишлари ва яхши амаллар бажаришлари керак. У шароб Тасним билан аралаштирилгандир. Тасним бир чашманинг номидирки, ундан муқаррабин (Аллоҳга яқин) бандалар ичадилар.
29-31. Албатта, гуноҳ қилувчилар иймон келтирганларнинг аҳволларини масхара қилиб кулади(ган жамоалар эди)лар. Ва агар мўминларнинг олдиларидан ўтсалар, кўзлари билан ишора қилиб, таҳқир қилардилар. Вақтики ўз аҳли аёлларига қайтиб борсалар, қилган ишларидан хурсанд бўлиб, фахрланиб борардилар.
32-36. Ва вақтики кофирлар мусулмонларни кўрсалар: «Бу жамоа йўлдан адашган гумроҳлардир», – деб айтардилар. Ваҳоланки, улар мусулмонларнинг қилаётган амалларига қоровул қилиб юборилмаганлар. Энди бу кун – Қиёмат куни мўминлар кофирларнинг аҳволларини кўриб, масхара қилиб куладилар. Улар тахтларда ўтириб кофирларнинг аҳволларига назар соладилар. «Оё, кофирларнинг қилган амалларига (лойиқ) жазо берилдими?» Албатта берилди.