Маккада нозил бўлган бу сура ўн беш оятдан иборатдир.
Қадр сурасидан кейин нозил бўлган ушбу суранинг номи унинг илк оятида келган «шамс», яъни қуёш сўзидан олинган. Сурада инсоннинг фитратида яхшилик ва ёмонлик хислатлари мавжудлиги, тўғри йўлни танлаган киши саодатга эришиши, нотўғри йўлни ихтиёр қилган эса дўзахга тушиши айтилади. Суранинг охирида Самуд қавми ва уларнинг ҳалок бўлиши мисолида инсонлар ибрат олишга чақирилади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
1-7. Офтобга қасам! Ва унинг равшанлигига қасам! Офтоб (ботганидан сўнг) кетидан эргашган ойга қасам! Кундузга қасам, вақтики офтобни зоҳир қилганда! Кечасига қасам, вақтики қоронғулиги билан офтобнинг бетини беркитганда! Осмонга қасам! Ва уни бино қилган Зотга қасам! Ерга қасам! Ва уни (яшаш учун) текис қилиб қўйган Зотга қасам! Одамнинг нафсига қасам! Ва унинг аъзоларини баробар (мутаносиб) қилган Зотга қасам!
8-10. Бас, Парвардигор нафсга гуноҳларини ҳам ва тақвосини ҳам (илҳом билан) таълим берди, яъни (нафсга) гуноҳ ва тақво йўлини кўрсатди. Бас, кимки нафсини гуноҳлардан тоза (пок) қилса, у нажот топди. Ва, бас, кимки нафсини гуноҳларга олуда қилса (булғаса), хор этди ва ўз нафсига зиён қилди.
11-15. Самуд қавми ўзининг саркашлиги билан Солиҳ (алайҳиссалом)ни такзиб қилди (ёлғончига чиқарди). Бу қавмнинг энг бадбахт одами туяни ўлдиришни қасд қилганида, уларга Худонинг Пайғамбари айтдики: «Худонинг туясидан қўлларингизни тортинглар. Ва унинг ичадиган сувига монелик қилманглар. Агар шундай қилсангизлар, Худо тарафидан бало келади». Бас, Самуд қавми Солиҳ (алайҳиссалом)нинг бу сўзларини ёлғонга чиқарди ва туяни ўлдирди (сўйиб юборди). Бу гуноҳлари сабабидан Парвардигор уларнинг бошига бирдан ҳалокат юборди. Катта ва кичик (барчаларини) баробар балога (азобга) мубтало қилди. Ва Парвардигор (бу) ҳалокатнинг оқибатидан қўрқмайди.