Маккада нозил бўлган бу сура йигирма бир оятдан иборатдир.
Сура «Вал-лайл» (кечага қасам) билан бошланганлиги учун «Лайл» деб номланади. Бу сурада инсонларнинг икки қарама-қарши хатти-ҳаракатларидан: сахийлик ва хасисликдан сўз юритилади. Шунингдек, иймонли бўлиш билан сахийлик ва имонсиз бўлиш билан хасислик орасидаги боғлиқлик ва фарқлиликка диққат қаратилади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
1-7. Кечага қасам, вақтики ўзининг қоронғулиги билан тамом оламни ёпиб (қамраб) олса! Кундузга қасам, вақтики равшан бўлса! Эркак ва урғочини халқ қилган у Зотга қасамки, албатта, сизларнинг амалларингиз ҳар хилдир: Биров шақоват (гуноҳ) йўлига юради ва биров ҳидоят йўлига юради. Аммо кимки Худо йўлида молини (садақа) берди, куфр ва ширкдан парҳез қилди ҳамда Калимаи таййибани тасдиқ қилди, ана шундай одамга роҳат (саодат) йўлини осон қилиб қўямиз.
8-13. Ва аммо кимки молини Худо йўлида (инфоқ) этмасдан, бахиллик қилди, ўзини мустағний (беҳожат) деб билди ва Калимаи таййибани ёлғонга чиқарди, унга шақоват (бадбахтлик) йўлларини осон қилиб қўямиз. Ва унинг бахиллик қилган (хасислик билан асраган) моли (дўзахда) азоб тортган вақтида фойда бермайди. Албатта, (инсонларни) ҳидоят қилиш Бизнинг зиммамиздадир. Ва, (албатта), дунё ва охиратнинг ҳукми Бизнинг тасарруфимиздадир.
14-21. (Бас), Мен сизларни ёниб турган ўтдан (жаҳаннамдан) қўрқитаман. У ўтга бандаларнинг фақат динни ёлғон деган ва ундан юз ўгирган бадбахти киради. У ўтдан яхши тақволи ва молини Худо йўлида берувчи ва нафсини пок тутувчи одам узоқ қилинади. У одамнинг наздида (зиммасида) адо қилиши керак бўлган бировнинг (хайр) эҳсони ва қарзи йўқдир. Фақат у молини Худонинг ризоси учун беради. Ва яқинда у Парвардигорнинг эҳсонидан рози бўлади.