loader

093. Зуҳо сураси

Маккада нозил бўлган бу сура ўн бир оятдан иборатдир.
«Зуҳо» – чошгоҳ вақти демакдир. Суранинг номига кўчган бу сўз унинг илк оятида келади. Фажр сурасидан кейин нозил бўлган бу сурада охир замон Пайғамбарининг бир неча хусусиятларидан, шу жумладан, етим бўлганликлари зикр қилинади ва у зотга меҳру шафқат билан тасалли берилади.
Вақтики Расулуллоҳга бир мунча вақт ваҳий келмай тўхтаб қолди. Қурайш кофирлари таъна қилиб, айтдиларки: «Энди Муҳаммаднинг Худоси Уни ўз ҳолига ташлаб қўйди ва ёмон кўриб қолди». Ҳақ таоло уларнинг сўзларини рад этиб, ушбу сурани нозил қилди.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

1-4. Чошт (чошгоҳ) вақтига қасам! Ва кечага қасам, вақтики қоронғулиги билан оламни ёпса (ўраб-қоплаб олса)! Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), Аллоҳ таоло Сени ташлаб қўйгани ҳам йўқ ва ёмон ҳам кўриб қолгани йўқ. Албатта, Сен учун охират бу дунёдан яхшироқдир.
5-11. Ва албатта, Аллоҳ таоло Сенга (тезда) шу қадар (улуғ) эҳсон қиладики, Сен Аллоҳдан рози бўласан. Энди Сен Худонинг ризоси учун етим ва мискинларга яхшилик қил! Парвардигор Сени етим (ҳолда) топмадими? Кейин Сенга паноҳ (бошпана) берди. (Парвардигор) Сени йўлдан адашган топди, кейин Сени (тўғри) йўлга солиб қўйди. (Парвардигор) Сени фақир топди, кейин мустағний (беҳожат, бой) қилди. Энди Сен(эй Муҳаммад), етимларга аччиқланма (қўпол муомала қилма) ва савол қилувчиларни (ҳузурингга ночорликдан бирор нарса сўраб келгувчиларни) рад қилма! (Имкон даражасида ноумид қайтарма) ҳамда Парвардигоринг (берган) неъматига шукр қил. (У ҳақда одамларга сўзлаб бер).

Орқага Олдинга