Маккада нозил бўлган бу сура саккиз оятдан иборатдир.
«Шарҳ» изоҳламоқ, кенг қилмоқ ва очмоқ маъноларида келади. «Зуҳо» сурасидан кейин Маккада нозил бўлган мазкур сурада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламни ёшлигида рисолатга тайёрламоқ учун қалбларининг очилиб тозаланганлиги, покланганлиги ҳақида сўз юритилади. Бундан ташқари қийинчиликлардан кейин енгилликлар келишига ва бунинг учун Аллоҳга шукр қилишга ташвиқ қилинади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
1-8. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), (Биз) Сенинг дилингни (кенг қилиб) очиб қўймадикми? Ва Худонинг нури билан тўлдирмадикми? Устингдан оғир юкни олиб қўйдик. У юк Сени орқангга (елкангга) ниҳоятда оғир бўлган (босиб турган) эди. Яъни, кофирларнинг ғами Сенга оғир (Сени босиб турган) эди. Сени улардан ғолиб қилдик ва (Сенга) ёрдам бердик. Сенинг зикрингни (номингни) юқорига кўтардик (улуғ қилдик) ва (Сени) пайғамбарларга сарвар қилдик. Албатта, ҳар бир қийинчилик ила осонлик бордир. Албатта, яна ҳар бир мушкуллик билан осонлик бордир. Вақтики пайғамбарлик вазифасидан фориғ бўлсанг, Худога ибодат қил ва Парвардигор тарафига мутаважжиҳ бўл (юзлан)!
Орқага Олдинга