Маккада нозил бўлган бу сура саккиз оятдан иборатдир.
«Тийн» – анжир деганидир, тоғ номини ҳам билдиради. Буруж сурасидан кейин нозил бўлган ушбу сурада инсоннинг гўзал шаклда яратилганлиги, айни пайтда ҳаётининг мураккаблиги, яхши ва ёмон инсонлар ҳақида сўз боради. Аллоҳ таоло ўзининг энг адолатли ва ҳокими мутлоқ эканлигини билдиради.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
1-5. Анжирга қасам! Зайтунга қасам! Ҳазрати Мусо (алайҳиссалом)нинг Худо билан сўзлашган жойлари – Тур тоғига қасам! Ва шу амну омонлик жойи – Маккага қасамки, Биз инсонни яхши, зебо (мукаммал) суратда халқ қилдик. Кейин уни энг паст (жуда заиф, ожиз) мўйсафидлик (кексалик) ҳолига қайтарамиз. Ўша ҳолда ибодатлари ноқис бўлиб, маи-шати (яшаш тарзи) ҳам аччиқ бўлади.
6-8. Магар ихлос билан иймон келтирган ва яхши амаллар қилганларнинг ажрлари узилмайди (уларга ниҳоятсиз-туганмас ажрлар берилади). Энди шу қадар панду насиҳатдан кейин дин хусусида Сени ким такзиб қилади (ёлғончига чиқаради)?! Оё, Парвардигор ҳукм қилувчиларнинг (энг адолатли) ҳокими эмасми?!