loader

096. Алақ сураси

Маккада нозил бўлган бу сура ўн тўққиз оятдан иборатдир.
Сурага ном бўлган «алақ» сўзи инсоннинг яратилиш босқичларидан бўлган уруғланган тухум ҳолати – «лахта қон»ни ифода этади. Бу сурани «Иқраъ» деб ҳам аташади. Дастлабки беш ояти Қуръони каримнинг илк нозил бўлган оятларидир. Сурада ўқиш-ўрганишнинг афзаллиги, инсоннинг яратилиши, қаламнинг хусусияти, буларнинг  барчаси Аллоҳнинг эҳсони эканлиги, инсон буларни тушуниши, Роббига итоат этиши  кераклиги, акс ҳолда, азобга дучор бўлиши англатилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

1-5. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), ҳамма (барча) оламни халқ қилган Парвардигоринг номи билан ўқишни бошла! У Парвардигор инсонни ивиган қондан халқ қилган (яратган). Улуғ (энг карамли) Парвардигорингнинг номи билан ўқишни бошла! У қалам воситасида ёзишни таълим берган (Зотдир). У Парвардигор инсонга билмаган нарсаларини ўргатди.
6-14. Албатта, бу сўз ҳақдирки, инсон ўзини мустағний (бой-беҳожат) билса, ҳаддидан ошади. Албатта, ҳамма нарса Парвардигорингга қайтади. Эй мухотаб (хитоб қилинган инсон), у бандани (Муҳаммад алайҳиссаломни) намоз ўқиса (ўқиётганида) (намоздан) манъ қиладиган кофирни (Абу Жаҳлни) кўрдингми? Агар у банда ҳидоятда бўлса ҳам, ёки тақвога амр қилса ҳам,  маломат қиладиган у кофирни кўрдингми? Агарчи ўзи динни ёлғон деб ва ундан юз ўгирса ҳам, бошқа мусулмонларга таъна қиладиган у кофирни кўрдингми? (Бу эътирозчи кофир) Аллоҳ таоло ҳамма амалларини кўриб турганини, оё, кўрмайдими (билмайдими)?
15-19. (Йўқ!) Ҳаргиз ундай қилмаслиги керак! Парвардигор зотига қасамки, агар куфридан қайтмаса, пешона (сочи)дан ушлаб уни дўзах тарафига тортамиз. У пешонанинг эгаси ёлғончи ва хатокордир. Унга айтгил, аҳли мажлис рафиқларини ва ёрдамчиларини Сенинг муқобилингга (қарши) чақирсин. Биз ҳам (тезда) дўзах муаккалларини (азоб фаришталарини) чақирамиз. У ҳаргиз чақиролмайди. Шундай бўлгач, унга итоат қилма ва намозингни ўқи! Ҳамда Худога яқин бўлишни талаб қил! (19-оят сажда оятидир).

Орқага Олдинга