loader

099. Залзала сураси

Мадинада нозил бўлган бу сура саккиз оятдан иборатдир.
Зилзила маъносидаги «Зилзол» сўзи суранинг илк оятларида келади. Нисо сурасидан кейин нозил бўлган бу сурада Қиёмат бўлишидан, инсонларнинг қайтадан тирилиб ҳисоб беришларидан, ҳар ким яхши, ёки ёмон амаллари эвазига жазо, ёки мукофот олишидан сўз юритилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

1-4. Вақтики ер қаттиқ қимирлатилса, вақтики ер ўз бағридан оғирликларини (остидаги бор-будини) чиқариб ташласа, инсонлар (ажабланиб) бир-биридан: «Бу ерга нима бўлди?» – деб сўрасалар, ўша кунда ер ўзининг қиссасини баён қилиб беради, чунки Парвардигор унга илҳом қилади.
5-8. Ўша кунда (Қиёматда) тамом (барча) халойиқ паришон (гуруҳ-гуруҳ) бўлиб ҳисобгоҳга борадилар. Токи қилган амалларини(нг натижасини) кўриш учун. Кимки яхши ишлардан зарра миқдорича қилган бўлса, унинг (ажр-мукофотини) кўради. Ва номаи аъмолида ўқийди. Кимки зарра миқдорича ёмонлик қилган бўлса, у ҳам (жазосини) кўради. 

Орқага Олдинга