Мадинада нозил бўлган бу сура уч оятдан иборатдир.
«Наср» сўзи «ёрдам» маъносини англатади. Аллоҳ таолонинг Пайғамбар алайҳиссаломга ёрдам бериб, фатҳ (ғалаба)ларга етиштиргани учун бу сура «Наср» номини олган. Сура Макка фатҳи ҳақида нозил бўлишига қарамай, Мадина даврида, яъни ҳижратдан кейин нозил бўлганлиги учун Маданий (Мадинада тушган) суралардандир. Унда Ислом зафаридан хабар берилади. Ибн Умардан ривоят қилинган нақлга кўра, бу сура нозил бўлгандан кейин Пайғамбаримиз 80 кун умр кўрганлар.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
1-3. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), вақтики Худонинг ёрдами, фатҳи ва зафари келса, халқнинг фавж-фавж (гуруҳ-гуруҳ) бўлиб динга (Исломга) дохил бўлаётганларини кўрсанг, бас, бунинг шукри учун Парвардигорингни поклик билан ёд қилгил. Ва Унга ҳамду сано айтгил ва Ундан кечирим сўрагил. Албатта, Аллоҳ таоло тавбаларни қабул қилгувчидир.
Орқага Олдинга