loader

101. Қориъа сураси

Маккада нозил бўлган. 11 оятдан иборат.
Бу сураи карима қиёмат куни ҳақида сўз юритиб, у кунни янги «Ал-Қориъату» ( шиддат билан қоқувчи ) номи билан атайди. Бу номнинг ўзи даҳшатли, чунки қалбларни қўрқинчга тўлдирувчи маъноси бор.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Ал-Қориъату.
2. Қориъату нима?
3. Қориъат қандоқ нарса эканлигини сенга нима билдирди?
4. У кунда одамлар тўзиб кетган капалакка ўхшаб қоларлар.
5. Ва тоғлар титилган жунга ўхшаб қолар.
6. Кимнинг торозуси оғир келса...
7. Бас, у розилик ҳаётидадир.
8. Ва аммо кимнинг тарозуси енгил келса...
9. Бас, унинг онаси дўзахдир.
(Одатда она доим паноҳ бўлган. Инсон айниқса оғир пайтларда онасига интилгандай, қиёматда ҳам онасини қўмсаганда жаҳаннам уларни она ўрнида кутиб оларкан. Меҳр-муҳаббат, шафқат излаб турганда, кони азобга, қийноққа, даҳшатли оловда ёнишга дуч келиши ниҳоятда катта бахтсизлик.)
10. У  қандоқ нарса эканлигини сенга нима билдирди?
11. У қаттиқ қизиган ўтдир.

Орқага Олдинга