Маккада нозил бўлган бу сура қирқ олти оятдан иборатдир. Сура аввалида фаришталар номига қасам ичиш билан қайта тирилиш ҳақ эканлиги таъкидланади ва буни инкор қилган мушрикларнинг ўша Кунда қандай ёмон ахволга тушиб қолишлари ҳақида хабар берилади.
Сўнгра Макка кофирларининг туғён ва қайсарликларидан озор чекаётган Пайғамбар алайҳиссаломга таскин-тасалли бериш учун ўзларининг салафларидан бўлмиш Мусо пайғамбар ҳақида ҳикоя қилиниб, ўша зот ҳам Фиръавн ва унинг одамларини Аллоҳнинг Динига даъват қилганларида, у малъун бу даъватни қабул қилиш ўрнига ўзини худо деб даъво қилгани ва Ҳақ Йўлига қарши тургани оқибатида ўзи ҳам, одамлари ҳам ҳалокатга дучор бўлганликлари баён этилади.
Сура ниҳоясида яна Қиёмат Соати ҳақидаги мавзуга қайтилиб, у Куннинг даҳшатини кўрган пайтларида кофирлар бу ҳаёти дунёда бир кун ҳам турмагандек бўлиб қолишлари уқдирилади. Сура ўзининг илк ояти билан "Ван-нозиот — Жон олгувчи фаришталарга қасам" деб номлангандир.
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан
1. (Кофирларнинг жонларини баданларининг) ич-ичидан қаттиқ суғуриб оладиган (фаришта)ларга қасам;
2. (Мўминларнинг жонларини осонлик билан) илдам тортиб оладиган (фаришта)ларга қасам;
3-4-5. (Осмонлар билан ер ўртасида) силлиқ сузиб, (ўз зиммаларидаги вазифаларини адо этишда) шошиб-ўзиб, (Аллоҳ буюрган барча) ишнинг тадбирини тузиб турадиган (фаришта)ларга қасамки, (сизлар албатта қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсизлар).
Изоҳ: Мазкур оятларда Аллоҳ таъоло Ўз фаришталарининг номига қасам билан ўлгандан кейин қайта тирилиш ва бу дунёда қилиб ўтилган ҳар бир иш учун ҳисоб бериш бор эканининг хабарини берди. Дарвоқеъ, Аллоҳинг лашкарлари ҳисобланмиш, сон-саноғини Ёлғиз Яратгандан ўзга ҳеч ким билмайдиган фаришталар Ҳақ таоло амр этган ҳар бир ишни адо қилишга ҳозиру нозир бўлиб турар эканлар. Хусусан, ўлим фариштаси Азроил ва унинг ёрдамчилари томонидан бандаларнинг жонларини олиш соати ибратлидир. Ҳадиси шарифда айтилишича, улар кофирнинг жонини олишда худди бадасининг ҳар бир аъзосидан мих сурургандек азоблаб олар эканлар, мўъминнинг жони эса унинг танасидан гўё боғлиқ кўл арқондан бўшатилгандек осон ва роҳат билан чиқиб кетар экан. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом доим намозларидан кейин: "Парвардигоро, бизларга ўлим мастлигини (яъни, жон чиқар соатидаги машаққатни) осон қилгил", деб дуо қилар эдилар. Энди қуйидаги оятларда юқорида зикр қилинган қайта тирилиш соатидаги аҳвол тасвирланади.
6-7. У Кунда (сур биринчи марта чалиниши билан) титрагувчи (ер) титраб (устидаги бор жонзот ҳалок қилинади), унга эргашувчи эргашур (яъни, орадан қирқ сана ўтгач, сур иккинчи марта чалиниб, барча нарсага қайтадан хаёт ато этилади ва Қиёмат Куни бошланади).
8. У Кунда (кофирларнинг) диллари қўрқувга тушгувчи;
9. Кўзлари эса (даҳшатдан ерга) эгилиб қолгувчидир!
10. Улар (бу дунёда) дерлар: "Ҳақиқатан ҳам бизлар (ўлганимиздан кейин яна қайта тирилиб) аввалги ҳолатимизга қайтарилгувчимизми?
11. Чириган суякларга айланиб қолган вақтимизда-я?"
12. Улар (истеҳзо билан); "Ундоқ бўлса, бу (бизлар учун) зиён қилгувчи қайтиш-ку!", дедилар.
13. Бас, у (қайтиш) фақат биргина даҳшатли қичқириқдир (яъни, сурнинг иккинчи марта чалинишидир).
14. Сўнг баногоҳ улар (тирик ҳолда) ер устида бўлиб қолурлар!
15. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сизга Мусонинг хабари келдими?
16. Эсланг, Парвардигори унга муқаддас Туво водийсида (шундай) нидо қилган эди:
17. "(Эй Мусо), сен Фиръавннинг олдига боргин, чунки у (куфру исён билан) ҳаддидан ошди.
18. Бас, (унга) айтгин: "Сенинг (куфр иллатидан) покланишга рағбат-хоҳишинг борми?—
19.— Мен сени Парвардигоринг (Йўли)га ҳидоят қилсам, бас, сен (У Зотдан) қўрқсанг".
20-21. Сўнг (Мусо) унга бир улкан мўъжиза кўрсатган эди, (Фиръавн уни) ёлғончи қилди (яъни, Мусога: "Сен сеҳргарсан", деб туҳмат қилди) ва (Аллоҳ таолога) осий-итоатсиз бўлди.
22. Сўнгра (фисқу фасодни ёйиш йўлида) саъй-ҳаракат қилган ҳолида (Мусодан) юз ўгириб кетди.
23-24. Сўнг (ўз одамларини) тўплади-да, жар солиб: "Мен сизларнинг энг юксак парвардигорингиздирман", деди.
25. Бас, Аллоҳ уни ҳам Охират, ҳам дунё азоби билан ушлади (яъни, дунёда у денгизга ғарқ қилиб юборилди, Охиратда эса дўзах азобига дучор бўлур).
26. Албатта бу (қисса)да (Аллоҳдан) қўрқадиган кишилар учун ибрат бордир.
Изоҳ: Юқоридаги оятларда Мусо алайҳиссалом қилган даъватни қабул қилмасдан, унга қарши фитна-фасод тарқатиб юргани сабабли дунё ва Охират азобига гирифтор қилинган Фиръавн қиссаси зикр қилингач, бу қиссадан фақат Аллоҳдан кўрқадиган кишиларгина ибрат ва панд-насиҳат олишлари таъкидланди. Бинобарин, Яратгандан қўрқмайдиган эътиқодсиз кимсаларга ҳеч қандай мўъжиза ёки ваъз-насиҳат кор қилмаслиги аниқ экан. Энди қуйида Аллоҳ таоло Қиёмат Кунида барча халойиқни қайта тирилтириб, уларни ҳаёти дунёда қилиб ўтган амалларига яраша жазолашига шак келтиргувчи кимсаларга хитоб қилинади.
27. (Эй мушриклар), сизларни яратиш қийинроқми ёки осмонними?! (Яъни, бутун ер куррасининг атрофини ўзга сайёралардан бирон зиён етмаслиги учун том — осмон билан қоплаб кўйишга Қодир бўлган Зот учун сизларни яратиш ёки қайта тирилтириш ҳеч гап эмас-ку Аллоҳ) уни бино қилди;
28. Шифтини баланд қилиб, тиклади.
29. Ва У ўша (осмон)нинг тунини қоронғу қилиб, (ундан) кундузини чиқарди.
30. Ва шундан кейин Ерни ёйиб-текис қилди.—
31.— Ундан сувни, ўтлоқларини чиқарди.
32. Ва у (Ер)га тоғларни ўрнаштирди.
33. (Буларнинг барчаси) сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаат бўлсин деб қилингандир).
34. Бас, қачон катта бало (яъни, Қиёмат) келганида —
35.— Инсон ўз қилмишини эслаб қоладиган Кунда;
36. Ва дўзах кўрадиган (ҳар бир) кишига кўрсатиб қўилганида;
37. Бас, ана ўшанда ким (ҳаёти дунёда куфру исён билан) туғёнга тушган;
38. Ва ҳаёти дунёни (Охиратдан) устун қўйган бўлса;
39. У ҳолда фақат жаҳаннамгина (унинг учун) жой бўлур!
40. Энди ким (ҳаёти дунёдалик пайтида Қиёмат Куни маҳшаргоҳда) Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва У Зотга ҳисоб-китоб бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса;
41. У ҳолда фақат жаннатгина (унинг учун) жой бўлур.
42. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушриклир) Сиздан (ўша Қиёмат) Соатини қачон воқеъ бўлиши ҳақида сўрарлар.
43. Сиз қаердасиз-у, уни (яъни, Қиёмат қачон бўлишини) зикр қилиб-эслаш (қаерда? Яъни, Сиз ҳеч қачон у Куннинг вақтини айтиб бера олмайсиз).
44. Уни (билиш) ёлғиз Парвардигорингизга бориб тўхтар.
45. Сиз фақат ўша Қиёматдан қўрқадиган кишиларни огоҳлантиргувчисиз, холос. (Аммо у Куннинг қачон воқеъ бўлишини айтиб бериш Сизнинг вазифангиз эмасдир).
46. Улар у (Қиёмат Соати)ни кўрадиган Кунда (бу дунёда) гўё биргина пешиндан сўнг ёки чошгоҳ пайтида тургандек (яъни, бир кун ҳам яшамагандек) бўлиб қолурлар!