Қирқ икки оятдан ташкил топган бу сура ҳам Маккада нозил бўлгандир.
У хузурларига келган кўзи ожиз бир кишига рўйхуш бермаган Пайғамбар алайҳиссаломга танбеҳ бериш билан бошланади (шунинг учун ҳам бу сура "Абаса — Қош чимирди", деб номлангандир) ва у зотга зиммаларидаги вазифалари яна бир бор уқтирилиб, сўнгра Қуръон оятлари Аллоҳ таоло томонидан панд-насиҳат оладиган бандалар учун юборилган бир эслатма эканлиги таъкидланади. Бу сурада ниҳоят ихчам суратда инсонга ўзининг қаердан келганидан тортиб, то қаерга бориши ва кейинги ҳоли нима қечишигача баён қилиниб, сўнгра инсон учун яратилган ноз-неъматлар, санаб ўтилади ва ўртага бир ҳақоний савол ташланади: ҳаёт йўлини кўрсатиб берадиган Қуръон неъмати ҳам, ер юзидаги одамлар роҳат-фароратда яшашлари учун ато этилган барча ноз-неъматлари ҳалқ ақл эгаларини Ёлғиз Яратганга иймон келтириб, У Зотга шукр қилишга даъват этиб турибди-ку, бас, инсон зотини бу қадар куфру туғёнга қайтишга нима мажбур қилди?! Сура кишилар аниқ икки тоифага бўлиниб келадиган Қиёмат Кунида рўй берадиган даҳшатли воқеа-ҳодисалар ҳақида хабар бериш билан хотима топади.
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан
1-2. (Пайғамбар алайҳиссалом) ўзининг олдига кўзи ожиз киши келгани учун қош чимирди ва (ундан) юз ўгирди.
Изоҳ: Ривоят қилинишича, бир куни Пайғамбар алайхиссалом Қурайш зодагонларидан бир гуруҳини Исломга даъват қилиб турганларида олдиларига Абдуллоҳ ибн умми Мактум исмли кўзлари ожиз бир саҳоба келиб, бир неча бор: "Ё Расулуллоҳ менга Аллоҳ Сизга билдирган нарсалардан таълим беринг", деб такрорлади. Чунки у киши аъмо бўлганлари сабабли Пайғамбаримизнинг бошқалар билан банд эканликларини сезмаган эди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳалиги Курайш катталари Исломни қабул қилишса, уларга эргашиб орқаларидаги тобеълари ҳам мусулмон бўлиб келади, деган умид билан берилиб сўзлаётганлари сабабли, мана шу пайтда Абдуллоҳ ибн умми Мактум келиб сўзларини бўлганидан аччиқаниб, қовоқ солдилар ва у кишига орқа ўгириб Қурайш катталари билан сўзлашишда дивом этдилар. Шунда Пайғамбаримизга танбеҳ бўлиб мазкур вақкуйидаги оятлар нозил бўлди.
Шу ўринда биз эътиборинигизни мазкур оятлардаги икки ибратли нуктага жалб этмоқчимиз.
Биринчидан, Аллоҳ таъоло Ўзининг ҳабиби ва сўнгги Пайғамбарига танбеҳ берар экан, у кишига бевосита хитоб қилмади, балки гўё учинчи шахс ҳақида гапираётгандек танбеҳх бердики, бу Дўст Дўстга қиладиган муомаланинг беназир намунасидир.
Иккинчидан, агар бизда Аллоҳ таъолонинг Ўзи: "Шак-шубҳасиз, Сиз улуғ Хулқ устидадирсиз", (Қалам сураси, 4-оят) деб таърифлаган Пайғамбаримиз мазкур воқеада бир аъмо кишига озор бердиларми, деган савол турилса, бундай саволнинг жавоби ҳам ўша воқеанинг ўзида мавжуддир, яъни, юқоридаги оятлар гувоҳлик беришича Пайғамбар алайҳиссалом у кишининг дилига озор берадиган бирон қаттиқ сўз айтганлари йўқ балки фақатгина қовоқларини уюб, юз ўгирдилар холоски, бундай ҳолатни кўзи ожиз одам кўра олмагани учун озор топмаслиги аниқдир.
Аллоҳ таъолонинг танбеҳидан сўнг Расулуллоҳ алайҳиссалом қачон Абдуллоҳ ибн умми Мактумни кўриб қолсалар: "Марҳабо, эй менга Парвардигоримдан дашном олиб берган зот", деб у кишига пешвоз чиқадиган бўлган эканлар.
3. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз қаердан билурсиз, эҳтимол у (Сиздан ўрганадиган илму маърифати ёрдамида ўз гуноҳларидан) покланар.
4. Ёки панд-насиҳат олар-да, сўнг бу панд-насиҳат унга фойда берар?!
5. Энди (ўз мол-мулки билан иймондан) истиғно қилиб турган кимса бўлса;
6. Бас, Сиз ўшанга иқбол қилиб — юзланмоқдасиз!
7. Ҳолбуки, у (ўзининг куфридаи) покланмаслиги сабабли Сизга бирон зиён етмас!
8-9. Энди (Аллоҳдан) қўрққан ҳолида олдингизга югуриб-елиб келган зот бўлса;
10. Бас, Сиз ундан чалғиб — юз ўгириб олмоқдасиз!
11. Йўқ, (Сиз асло бундай қилманг)! Албатта (Қуръон оятлари) бир панд-насиҳатдир.
12. Бас, ким хоҳласа ундан панд-насиҳат олур.
13-14. (У оятлар Аллоҳ наздида) азизу мукаррам, қадри баланд, покиза саҳифаларга;
15-16. Мукаррам, итоатли мирзолар (яъни, фаришталар) қўллари билан (Лавҳул-Маҳфуздан кўчириб битилгандир).
17. Ҳалок бўлгур инсон-а! Бунчалар кофир бўлмаса!
18. (Аллоҳ) уни қай нарсадан яратди ўзи?!
19. Уни бир (хақир) нутфадан яратиб, сўнг Ўзи уни(нг она қорнидаги ривожини ва ой-кунини) белгилаб қўйди-ку!
20. Сўнгра Ўзи унга (она қорнидан чиқиш) йўлини осон қилди.
21. Сўнгра унга ўлим бериб, қабрга киритди (яъни, бошқа ҳайвонлар сингари унинг жасадини Ер юзида қолдириб, йиртқичларга ем қилиб кўйгани йўқ).
22. Сўнгра Ўзи хоҳлаган вақтида уни яна қайта тирилтирур.
23. Йўқ, у (кофир кимса Аллоҳ) ўзига буюрган бирон нарсани адо қилмади.
24. Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан бир) қараб кўрсин-чи!
25. Биз (осмондан) сув-ёмғирни қуйдирдик.
26. Сўнгра ерни (гиёҳлар билан) ёрдик.
27-28-29-30-31-32. Сўнг Биз унда дон-дунни, узум ва кўкларни, зайтун ва хурмоларни, қуюқ дарахтзор боғларни, мева-чева-ю, ўт-ўланларни сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаат бўлсин деб ундириб-ўстириб қўйдик-ку!
33. Бас, қачон (кулоқарни) кар қилгувчи (даҳшатли қичқириқ) келганида (яъни, сур иккинчи марта чалиниб, барча халойиққа қайтадан жон ато этилганда, ҳар бир инсон ўзи билан ўзи бўлиб қолур)!
34-35-36. У Кунда киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотини-ю, бола-чақасидан ҳам қочур!
37. (Чунки) улардан ҳар бир киши учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлур!
38-39. У Кунда (мўъминларнинг) юзлари ёруғ, кулгувчи ва хуррам бўлур.
40. Ва у Кунда (кофирларнинг) юзлари устида чанг-ғубор бўлиб,
41. У (юз)ларни қаролик қоплаб олур!
42. Ана ўшалар фисқу фужур қилгувчи кофирларнинг ўзидир!