loader

082. Инфитор сураси

Ўн тўқиз оятдан иборат бўлган бу сура ҳам Маккада нозил қилингандир.У ҳам Қиёмат Кунининг даҳшатли манзараларини чизиш билан бошланади ва инсонга хитоб қилиниб, уни йўқдан бор қилган ва унга шундай гўзал сурат бериб қўйган Парвардигорига ибодат қилишдан уни — инсонни нима тўсиб тургани сўралади.
Сўнгра жазо Куни ҳақ эканлиги айтилиб, хрр бир кишининг қилган амалини ёзиб турадиган улуғ фаришталар бирон ишни қолдирмасдан номаи аъмол саҳифаларини тўлдириб бораётганликлари яна бир бор уқтириб ўтилади.
Сура охирида Жазо Куни қандай Кун эканини Ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч ким била олмаслиги ва у Кунда барча ҳукм Ёлғиз Аллоҳ таъолонинг қўлида бўлиши ҳақида хабар берилади. Сура Қиёмат Кунида осмон ёрилиб — очилиб қолиши хусусидаги оят билан бошлангани учун уни "Инфитор — Ёрилиш" деб аталади.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. Осмон ёрилганида;
2. Юлдузлар (ҳар томонга) сочилганида;
3. Дарё-денгизлар (ўртасидаги тўсиқ-тўронлар) очилганида;
4. Қабрлар тўнкариб қўйилганида (яъни, уларнинг ичидаги инсонларга жон ато этилиб, Ер юзига чиқарилганларида);
5. (Ана ўша Кунда ҳар бир) жон ўзи (ҳаёти дунёдалик чоғида) қилиб ўтган ва (ўзидан кейин) қолдирган (барча) нарсаларни (яъни, яхши-ёмон амалларини) билур!
6. Эй инсон, нима сени Улуғ Парвардигоринг ҳақида (Унга ибодат қилмасанг ҳам бўлаверади, деб) алдаб қўйди?!
7. У сени яратиб, сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг (қоматингни ҳам) расо қилиб қўйган Зот-ку!
8. У сени Ўзи қай суратни хоҳлаган бўлса (ўша сурат — шаклда) таркиб топтирди — ижод қилди-ку!
Изоҳ: Ушбу оятларда Аллоҳ таъоло инсонга ўзининг Ким томонидан яратилиб, бундай ақл-хуш, мавзун қомат ва гўзал суратга эга бўлганини уқдирмоқда ва ундан ўзини бошқа барча махлуқотлардан ажратиб шундай азизу мукаррам қилиб яратган Улуғ Парвардигорига нега куллуқ — ибодат қилмаётганини сўраб танбеҳ бермоқда. Дарҳақиқат, инсон вужудидаги қай бир аъзога ибрат кўзи билан қаралса — ундаги мукаммалликни кўриб Яратгиннинг буюк кудратига, билим ва ҳикматига куллуқ килмасдан илож қолмайди. "Ким ўзини таниса, ўша Парвардигорини танир", деган ҳадиси шариф ҳам мазкур оятларнинг шарҳи, десак, хато бўлмас.
Энди куйидаги оятларда динсиз кимсалар Аллоҳ таъолонинг амрига итоат этмасликларининг сабаби нима эканлиги зикр қилинади.
9. Йўқ, балки сизлар жазо (Қиёмат Куни)ни ёлғон дерсизлар (шунинг учун ҳам Аллоҳ буюрган эзгу амалларни қимайсизлар ва У Зот қайтарган ёмон амаллардан қайтмайсизлар)!
10-11. Ҳолбуки, шак-шубҳасиз, сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб тургувчи улуғ (фаришта)лар бордир.
12. Улар сизлар қилаётган ишларни билурлар.
13. Шак-шубҳасиз, яхшилар (яъни, мўъминлар жаннат) неъматларидадирлар.
14. Шак-шубҳасиз, фисқ-фужур қилгувчи кимсалар (яъни, Қуръон ва Пайғамбарни ёлғончи қилгувчи, Жазо Куни ва қайта тирилишни инкор қилгувчи кимсалар) дўзахдадирлар!
15. Улар (дўзах)га Жазо (Қиёмат) Кунида кирурлар!
16. Ва улар (дўзахдан) ғойиб бўлгувчи (яъни, халос бўлгувчи) эмасдирлар!
17. (Эй инсон), сен Жазо Куни нима эканини қаердан ҳам билурсан?!
18. Сўнгра (яна такрор айтаманки), сен Жазо Куни ннма эканини қаердан ҳам билурсан?!
19. У Кунда ҳеч бир жон (бошқа) бир жонга бирон нарса қилишга (яъни, бирон фойда етказишга ёки ундан бирон зиёнии кетказишга) эга бўлмас! У Кунда барча иш ёлғиз Аллоҳники бўлур!

Орқага Олдинга