Бу сура ўттиз олти оят бўлиб, Макка сураларидандир. У дастлаб Охират ҳисоб-китобидан кўрқмаганлари учун бировнинг ҳақидан ҳазар қилмайдиган кимсалар Аллоҳ таъолонинг ғазабига дучор бўлишлари тўғрисида хабар бергувчи оятлар билан бошланади.
Бу сурада ҳаётларини фисқу фужур билан ўтказадиган иймонсиз кимсалар топадиган даҳшатли оқибат — дўзах азоби ҳақида огоҳлантиргувчи оятлар ҳам, бу тўрт кунлик дунёдан Ҳақ Йўлини маҳкам тутиб ўтадиган аҳли иймон учун тайёрлаб қўйилган саодати абадийя — жаннат неъматлари зикр қилинган оятлар ҳам мавжуддир.
Суранинг номи бўлмиш "Мутаффифун" калимаси "(Бировларнинг ҳақларидан) уриб қолгувчилар" деган маънони англатади.
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан
1. (Ўлчов ва тарозидан) уриб қолгувчи кимсаларга ҳалокат бўлгай!
2-3. Улар одамлардан (бирон нирсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёкн тортиб берган вақтларида эса кам қилиб берадиган кимсалардир.
4-5-6. Улар ўзларининг улуғ бир Кунда — барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб берадиган Қиёмат) Кунида қайта тирилгувчи эканликларини ўйламайдиларми?!
7. Йўқ, (бировларнинг хақларидан уриб қолишдан ҳазар қилинглар)! Чунки (бундай) фисқ-фужур қилгувчи кимсаларнинг номаи аъмоллари албатта Сижжийнда бўлур!
8. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз Сижжийн нима эканини қаердан ҳам билурсиз?!
9. (У) битилган китобдир.
Изоҳ: Сижжийн — уламоларнинг таъкидлашича, етти қават ер остида тургувчи, инсу жиндан бўлган кофирларнинг номаи аъмоллари битиб кўйиладиган бир китобдир.
10. У Кунда (ўша Кунни) ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!
11. Улар Жазо (Қиёмат) Кунини ёлғон дейдиган кимсалардир!
12. У (Кун)ни фақат барча гуноҳга ботган тажовузкоргина ёлғон дер!
13. Қачон (ундай кимсага) Бизнинг оятларимиз тиловат қплинса, у: "(Бу) аввалгилардан (қолган) афсоналар", дер.
14. Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳлари қоплаб олгандир!
Изоҳ: Яъни, уларнинг дилларини ўзларининг доимий касб-корлари бўлган гуноҳ ва жиноят занглари босиб қолгани сабабли улар Илоҳий ҳақиқатни афсонадан ажрата олмаслар.
15. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, улар ўша (Қиёмат) Кунида Парвардигорларидан тўсилгувчидирлар. (Яъни, Парвардигорнинг дийдорига етиш уларга ҳеч насиб қилмагай)!
16. Сўнгра шак-шубҳасиз, улар дўзахга киргувчидирлар.
17. Сўнгра (уларга): "Мана шу сизлар ёлғон деб юрган нарса — азобдир", дейилур.
18. Дарҳақиқат, яхшиларнинг номаи аъмоллари шак-шубҳасиз, Иллиййундадир.
19. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз Иллиййун нима эканини қаердан ҳам билурсиз?!
20. (У) битилган китобдирки;
21. Унга (Аллоҳинг) яқин (фаришта)лари гувоҳ бўлурлар.
Изоҳ: Иллиййун — Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, еттинчи осмонда, Аллоҳ таъолонинг Арши аълоси остидаги бир макон бўлиб, инсу жиндан бўлмиш мўъминларнинг номаи аъмоллари битилган китоб ўша маконда сақланади.
22. Шак-шубҳасиз, яхшилар (яъни, мўъминлар жаннат) неъматларидадирлар.
23. Улар сўриларда (Аллоҳ таъоло ўзларига ато этган неъматларга) боқиб (ўтирурлар).
24. Сиз уларнинг юзларида неъматларнинг жилвасини танирсиз — кўрурсиз.
25. Улар (жаннатда) муҳрланган майдан суғорилурларки;
26. У (май)нинг муҳри мушк бўлур. Бас, баҳслашгувчи — мусобақа қилгувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар — мусобақа қилсинлар.
27. У майнинг мизожи — аралашмаси Таснимдандир.
28. (Тасним Оллоҳнинг) яқин (банда)лари ичадиган бир чашмадир.
29. Дарвоқеъ, жинояткор — кофир кимсалар иймон келтирган зотлардан (масхара қилиб) кулгувчи бўлдилар.
30. Қачон (мўъминлар) уларнинг олдидан ўтсалар, улар бир-бирларига кўз қисишиб имо-ишоралар қилурлар.
31. Қачон уйларига қайтсалар, (мўъминларни масхара қилиб озор берганларидан) шодланиб қайтардилар.
32. Қачон (мўъминларни) кўрсалар: "Ана улар шак-шубҳасиз, йўлдан озгувчи кимсалардир", дердилар.
33. Ҳолбуки, улар (мўъминларнинг) устига қўриқчи қилиб юборилган эмасдилар.
34. Энди бу (Қиёмат) Кунида иймон келтирган зотлар кофирлардан кулурлар.
35. Улар (жаннатдаги) сўриларда (кофирларнинг азобланишига) боқиб (ўтирурлар).
36. Кофирлар ўзлари қилиб ўтган қилмишларининг жазосини олдиларми? (Албатта олдилар).