Маккада нозил бўлган бу сура ўн тўққиз оятдир. Сура аввалида барча нарсадан Олий ва Юксак бўлган Зот — Аллоҳ таъолонинг номини пок тутишга амр этилади. Бу суранинг "Аъло — Энг Олий Зот" деб номланишининг боиси ҳам шудир.
Сўнгра Ҳақ таъоло Ўз Пайғамбарига нозил қиладиган оятларини у кишининг қалбига ҳеч қачон ўчмайдиган қилиб муҳрлаб куйиши ҳақида башорат беради. Бу сурада фақат Яратгандан қўрқадиган кишиларгина панд-насиҳатни қабул қилиб фойдаланишлари, аммо дўзахи бадбахтлар эса насиҳат эшитишдан қочишлари баён қилинади.
Сура ниҳоясида ўзини пок тутиб, Парвардигорини ёд этиб намоз-ибодатини канда қилмайдиган ҳар бир киши нажот топиши ҳақида хабар берилади ва бу сўзлар аввал ўтган Иброҳим ва Мусо пайғамбарларга нозил қилинган саҳифаларда ҳам бор эканлиги уқтирилади.
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан
1. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), энг Олий Зот бўлмиш Парвардигорингизнинг номини (ҳар қандай айб-нуқсондан) покланг!
2. У (барча нарсани) яратиб, расо қилиб қўйган Зотдир.
3. У (ҳар бир нарса учун м0уносиб йўлни) белгилаб, (У нарсани ўша йўлга) ҳидоят қилиб қўйган Зотдир.
4-5. У ўт-ўланни ундириб чиқариб, сўнг уни қорамтир хас-хашак қилиб қўйган Зотдир.
6-7. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сизни (Жаброил фаришта воситасида Куръон) қироат қилдирурмиз. Бас, Сиз Аллоҳнинг Ўзи (унутишингизни) хоҳлаган оятлардан бошқа (бирон оят)ни унутмассиз. Албатта У Зот ошкора (сўз ва ишлар)ни ҳам, яширин нарсаларни ҳам билиб турур.
8. Биз Сизни осон (Динга) муваффақ қилурмиз.
Изоҳ: Дарҳақиқат, Шариати Исломийя динларнинг ичида энг осон ва енгилидир. У буюрган барча аҳомларни ҳар бир ақли расо киши ҳеч қийналмасдан адо этиши мумкин. Фақат Ёлғиз Аллоҳга ва У Зот юборган Куръонга сидқидилдан иймон келтирган бўлса, бас.
9. Бас, Сиз агар панд-насиҳат фойда берса, (кишиларга) панд-насиҳат қилинг! (Яъни, насиҳат кор қилмайдиган кимсаларга сўзингизни исроф қилманг!)
10. (Аллоҳдан) қўрқадиган киши панд-насиҳат олажак.
11-12. Катта ўтга (дўзахга) кирадиган бадбахт кимса эса ўзини у (насиҳат)дан четга олур.
13. Сўнгра у жойда у на ўла олур ва на яшай олур!
14-15. Дарҳақиқат, (куфру исёндан) пок бўлган ва Парвардигорининг номини ёд этиб намоз ўқиган (ҳар бир) киши нажот топгандир.
16. Йўқ, сизлар (эй кофирлар), ҳаёти дунёни устун қўюрсизлар!
17. Ҳолбуки, Охират яхшироқ ва боқийроқдир.
18-19. Дарвоқеъ, бу (сурада мазкур бўлган панд-насиҳатлар) аввалги (пайғамбарларга нозил бўлган) саҳифаларда — Иброҳим ва Мусо саҳифаларида ҳам бордир.