loader

013. Раъд сураси

Бу сура қирқ уч оятдан иборат бўлиб, Мадинада нозил бўлган. Бу сура бошлаб, Аллоҳ таъолонинг борлиги ва бирлигига иймон келтириш масаласини ўртага ташлаб, сўнг қайта тирилш ва ҳаёти дунёда қилиб ўтилган ҳар бир ёмон-яхши амал учун Қиёмат кунида жазо-мукофот бўлиши ҳақида хабар қиладиган оятлар билан давом этади. Унда ҳақиқат билан ботил тўғрисида икки ибратли масал келтирилади. Уларнинг биринчисида жилғаларни тўлдириб оқиб келаётган ёмғир суви ҳақиқатга, сув устидаги кўпик эса ботилга ташбеҳ қилинса, иккинчисида ҳар қандай ер ости маъданлари ҳам эритилганида, улардан соф-қимматбаҳо маъдан билан бирга уларга аралашиб қолган оддий тошлар ҳам чиқиши айтилиб, соф маъдан ҳақиқатга, чиқиндилар эса ботилга ўхшатилади. Мана шунга ўхшаш ибратли мисолларни ўзига жо қилган бу сурада момақалдироқ ҳақида ҳам зикр қилиниб, хатто у ҳам Аллоҳ таъолога тасбеҳ айтиб, у зотни поклаб туриши баён қилинадики, бу суранинг «Раъд - Момақалдироқ« деб номланишининг сабаби шудир.
Бизнинг назаримизда, бу улуғ сура тўласича ҳам бир даҳшатли муомақалдироққа ўхшайди. У момақалдироқ мўъминларни ёмғирга - Аллоҳнинг раҳматига умидвор қилса, кофирларни чақмоқ уришидан - Аллоҳнинг азобига дучор бўлишдан қўрқувга солади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Алиф, лом, мим, ро. Ушбу (оятлар) Китоб (Қуръон) оятларидир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган бу нарса (яъни, Қуръон айни) ҳақиқатдир, лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмайдилар.

2. Аллоҳ осмонларни сизлар кўргудек устунларсиз кўтариб қўйган, сўнгра ўз аршига ўрнашган Зотдир. У Зот қуёш ва ойни (ўз амрига) бўйсунтирди. Уларнинг ҳар бири муайян муддатгача (яъни, қиёмат қойим бўлгунича) сайр қиладилар. (Аллоҳ) барча ишнинг табдирини қилур ва сизлар (қиёмат кунида) Парвардигорингизга рўбарў билишга иймон келтиришингиз учун ўз оятларини муфассал баён қилур.

3. У ерни ёйиқ қилиб яратиб, унда ўрнашган тоғлар ва дарёлар пайдо қилган Зотдир. У ердаги ҳар мевани иккитадан - жуфт-жуфт (яъни, эркак-урғочи) қилиб яратди. У кечани кундуз устига ўрар (яъни, кеча кундуз ҳам бир-бирларининг жуфтларидир). Албатта бу (мисоллар)да тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
Изоҳ: Дарҳақиқат, тафаккур қилиб кўрилса, бу оламда ҳамма нарса жуфт-жуфт қилиб яратилгани маълум бўлади: қуёшнинг жуфти ой, ернинг жуфти осмон, куннинг жуфти тун, дунёнинг жуфти охират… Агар мана шу мантиқ ҳақ бўлса, охират борлиги ҳам барҳақдир. Ёлғизлик фақат Аллоҳ таъолога ярашур.

4. Бу ерда бир-бирига қўшни бўлган бўлак-бўлак (яъни, бири унумдор бўлса, бири шўр ерлар), узумзор боғлар, экинзорлар ва шоҳлаб кетган-шоҳламаган хурмолар бўлиб, (уларнинг ҳаммаси ҳам) бир сув билан суғорилур. (Лекин) биз уларнинг айримларидан айримларини таъмлироқ-ейишлироқ қилиб қўюрмиз. Албатта, бунда ҳам ақл юргизадиган қавм учун (Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган очиқ) оят-ибратлар бордир.
Изоҳ: Дарвоқеъ, оёғимиз остидаги ерга ибрат назари билан боқайлик, ақл юритайлик. Нега бир ердан, бир хил сув ичиб чиқаётган экинлар, меваларнинг суратлари-кўринишлари бу қалар хилма-хил, таъмлари-мазалари мутлақо бир-бирларига ўхшамайди - бири тотли, бири аччиқ, бири ширин, бири нордон… Демак, гап ер билан сувда эмас, балки еру сувнинг ҳам, тоғ ва дарёларнинг ҳам, қуёш ва ойнинг ҳам эгаси бўлган Аллоҳ таъолонинг қудрат ва хоҳишида, еру осмондаги барча нарсани инсон зотига хизматкор қилиб қўйган илоҳий меҳрида, марҳаматида экан.

5. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар (бирон нарсадан) ажаблансангиз, у ҳолда уларнинг (кофирларнинг): «Тупроқ бўлиб кетгач, бизлар яна янгитдан яратилар эканмизми?», деган гаплари ажабланарлидир. Улар (ўзларини яратган) Парвардигорларига кофир бўлган кимсалардир. (Қиёмат кунида) уларнинг бўйниларида кишанлар бўлур. Улар дўзах эгаларидирлар, ўша жойда абадий қолурлар.

6. Улар сиздан яхшилик - Аллоҳнинг раҳматидан аввал ёмонлик - Аллоҳнинг азоби келишини талаб қиладилар. Улардан илгари ҳам бундай мисоллар (кофирликлари сабабли Аллоҳнинг азобига дучор бўлганлар) ўтгандир. Албатта, Парвардигорингиз одамлар ўзларига зулм қилгувчи бўлган ҳолларида ҳам мағфират эгасидир. Албатта, Парвардигорингиз азоби қаттиқ зотдир.
Изоҳ: Бу оят - Макка мушриклари пайғамбар алайҳиссаломни масхаралаб: «Агар ҳақ пайғамбар бўлсанг, тангрингга бир дуо қил - бизга азоб юборсин», деганларида нозил бўлгандир. Унда одамлар ҳар қанча зулму-ноҳақликка берилсалар ҳам, Парвардигор уларни мағфират қилар, яъни азобга гирифтор турмай қилиши мумкинлиги, лекин азоблаганида азоби қаттиқ бўлиши ҳақида ва бу мушрикларга ўхшаганлар илгари ҳам ўтганлиги ва қилмишларига яраша жазо олганлиги тўғрисида баён қилинади.

7. Кофир бўлган кимсалар: «Унга (Муҳаммад алайҳиссаломга) Парвардигори томонидан бирон оят-мўъжиза нозил қилинса эди», дейдилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, бу сизнинг қўлингиздаги иш эмас, чунки) сиз фақат (кофирларни Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиргувчидирсиз. Ҳар бир қавм учун бир ҳидоят қилгувчи - (Аллоҳ йўлига) етакловчи бордир.

8. Ҳар бир аёлнинг кўтариб юрган ҳомиласини (ўғилми-қизми, умри узунми-қисқами, расоми-норасоми, чиройлими-хунукми, бахтлими-бахтсизми эканини) ҳақ, бачадонлар (муддатидан илгари) ташлайдиган болани ҳам, (тўққиз ойдан) ортиқроқ туриб қоладиган болани ҳам ёлғиз Аллоҳ билур. У Зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир.

9. У ғайбу шаҳодатни (яъни, махфий ва ошкора барча нарсани) билгувчи, буюк ва юксак зотдир.

10. Сизларнинг орангиздаги ўз гапини яширган киши ҳам, уни ошкора қилган киши ҳам, кеча қоронғусида яширинувчи ҳам, кундузи очиқ-ошкора юрувчи ҳам (у Зот учун) баробардир.

11. Унинг (яъни, ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар. Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас. Қачон Аллоҳ бирон қавмга ёмонлик - бало юборишни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас ва улар учун ундан ўзга ҳоким йўқдир.
Изоҳ: Бу оятда исломий ақидадаги асосий рукнлардан бири ўз аксини топгандир. «То бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас», яъни, бирон қавмнинг аҳволи ёмон томонга ўзгарар экан, бунга сабаб устиларидаги золим ҳокимгина эмас, балки уларнинг ўзлари ҳақ йўлидан озганлари ҳамдир. Бинобарин, ҳаётлари яхшилик томонга ўзгаришини истайдиган бўлсалар, аввало ўзларини ўнглаб, иймон-эътиқод йўлини тутмоқлари лозимдир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ушбу ҳадислари юқоридаги оятга ҳамоҳангдир: «Ўзларингиз қандай бўлсангиз, устингизга шундай ҳоким келур».

12. (Эй одамлар, Аллоҳ) шундай зотки, сизларга (момақалдироқдан) қўрққан ва (ёмғир ёғишидан) умидвор бўлган ҳолингизда чақмоқни кўргизур ва вазмин булутларни пайдо қилур.

13. Момақалдироқ ҳам (Аллоҳга) ҳамду-сано билан тасбеҳ айтур. Фаришталар ҳам у зотдан қўрққанлари сабабли (тасбеҳ айтурлар). У Зот чақмоқлар юбориб, улар билан ўзи хоҳлаган кимсаларни - у кимсалар Аллоҳ хусусида талашиб-тортишиб турган ҳолларида, урар. У (ушлаган вақтида) қаттиқ ушловчи зотдир.

14. Ҳақиқий дуо-илтижо фақат унга қилинур. Ундан ўзга - (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган бутлар у (мушрик)ларнинг биронта дуосини мустажоб қилмас. Илло, улар бир кимсага ўхшайдиларки, у кимса кафтларини суфга ёзиб, у сув оғзига етишини кутиб турар. Ҳолбуки, у (сув) унинг оғзига етгувчи эмасдир (яъни, худди сув жонсиз нарса бўлгани сабабли, ташна кишининг ҳолидан бехабар бўлиши, бинобарин, унинг оғзига бориб етмагани каби, у мушриклар дуо-илтижо қиладиган бутлари ҳам жонсиз нарса бўлганлари сабабли, уларнинг дуоларини эшитмас - мустажоб қилмас). Бундай кофирларнинг дуолари мутлақо хато-бефойдадир.

15. Осмонлар ва ердаги барча жонзод хоҳ истасинлар, хоҳ истамасинлар, шунингдек, уларнинг соялари ҳам эрта-ю кеч фақат Аллоҳганига сажда қиладилар-бўйсунадилар.
Изоҳ: Ислом таълимотига кўра, коинотдаги барча мавжудот Аллоҳ таъолога сажда қилади, яъни, Аллоҳнинг зиммасига қўйган вазифани адо этиш билан бирга У Зотга итоат қилади. Зотан, Яратганга итоатсизлик ҳалокат демакдир. Масалан, кўкдаги қуёш ўзининг сайрини бир дақиқа тўхтатса, денгизлар буғланиб-қуриб, қуруқликлар ёниб кетган бўлур эди. Шунингдек, хоҳ мўъмин, хоҳ кофир бўлган инсон баданидаги бирон аъзо ўз вазифасини бажаришдан тўхтаса, ўша инсоннинг бутун ҳаёти издан чиқади. Демак, хаёт интизоми бузилмаслиги учун еру осмондаги ҳамма нарса Ёлғиз Яратувчига бўйсуниши шарт экан. Фақат юқоридаги оятда уқтирилишича, мўъмин ўз изтиёри билан итоат қилса, кофир мажбуран бўйсунар экан. Бу оят навбатдаги сажда оятидир.

16. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг (қавмингиздан сўранг): «Осмонлар ва ернинг Парвардигори - эгаси ким?» «Аллоҳ», деб жавоб қилинг (чунки улар бундан бошқа жавоб топа олмайдилар. Улардан): «Бас, Ўша (Аллоҳни) қўшиб, (ўзгалар эмас, ҳатто) ўзларига ҳам фойда-зиён етказишга қодир бўлмайдиган «дўстларни» (яъни жонсиз бутларни) ушлаб олдингизларми?» деб сўранг. Яна айтингки, «Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (Ҳақ йўлга ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?» Ё улар (Аллоҳ) яратгани каби ярата оладиган бутларни Аллоҳга шерик қилишиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсалар(ни Аллоҳ яратганми ёки сиғинаётган бутлари яратганми) номаълум бўлиб қолдими? Айтинг: «Аллоҳ барча нарсани Яратгувчидир ва У Танҳо Ғолибдир».

17. (Аллоҳ) осмондан сув (ёмғир) ёғдирганида, жилғалар тўпланиб-тошиб, оқиб, бу сел ўз устида кўпикларини ҳам кўтариб келур. (Одамлар) зеб-зийнат ёки асбоб-ускуна ясаш учун ўтда эритадиган нарса-маъданлардан ҳам шунга ўхшаш кўпик (чиқинди пайдо) бўлур. - Аллоҳ ҳақ билан ботилни мана шундай (мисол билан) баён қилур. - Энди у кўпик чиқинди ўз устидан йўқ бўлиб кетар, одамларга фойдали бўлган нарса эса ер юзида қолур. Аллоҳ мисолларни мана шундай баён қилур.

18. Парвардигорларига итоат этган зотлар учун гўзал мукофот - жаннат бордир. У Зотга итоат қилмаган кимсалар эса агар ердаги бор молу давлат (яна) икки баробар (кўпайиб) уларнинг ўзлариники бўлса, албатта, уни (қиёмат кунида Аллоҳнинг азобидан қутулиш учун) фидо қилган бўлур эдилар. Улар учун энг ёмон ҳисоб-китоб бўлур. Уларнинг жойлари жаҳаннамдир. Нақадар ёмон жой у!

19-20. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ахир сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса аниқ ҳақиқат эканини биладиган - иймон келтирадиган киши (кўнгил кўзи) кўр кимсага ўхшайдими? (Бу оятлардан) фақат Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва мийсоқ - ваъдаларини бузмайдиган ақл эгаларигина эслатма олурлар.

21. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни, қариндош уруғлар билан алоқани) боғлайдилар. Парвардигорларидан қўрқадилар ва оғир ҳисоб-китобга дучор бўлишдан қўрқиб (доим чиройли амаллар қилишга интиладилар).

22-23. Парвардигорларининг юзини кўзлаб, (меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилган, номозларини тўкис адо этган ва биз ризқ қилиб берган нарсалардан маҳфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қилган ҳамда ёмонликни яхшилик билан қайтаридиган зотлар - ана ўшалар учун охират диёри бордирки, (у диёр) абадий туриладиган жаннатлар бўлиб, улар у жойларга ота-боболари, жуфти-ҳалоллари ва зурриётларидан иборат бўлган солиҳ кишилар билан бирга кирурлар. Сўнг, уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб (дерлар):

24. «(Аллоҳ йўлида меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу жаннатларда) сизларга тинчлик-осойишталик бўлгай. Охират диёри нақадар яхши!»

25. Аллоҳга берган аҳд-паймонларини мустаҳкам бўлганидан кейин бузадиган, Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни узадиган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳнинг) лаънати бўлур ва улар учун энг ёмон диёр - жаҳаннам бордир.

26. Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. (Мушриклар) мана шу ҳаёти дунё билан шоду-ҳуррам бўлдилар, ҳолбуки, бу ҳаёти дунё охират олдида бир арзимас матодир.

27. Куфр йўлини тутган кимсалар: «Унга (Муҳаммад алайҳиссаломга) Парвардигори томонидан бирон оят-мўъжиза нозил қилинса эди», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) айтинг: «Албатта, Аллоҳ ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва (Аллоҳга) ижобат-тавба қилган кишиларни ўз (динига) ҳидоят қилур».

28. Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳни зикр қилиш-эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур.

29. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар учун хушнудлик ва гўзал оқибат - жаннат бордир.

30. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), шундай қилиб, биз сизни (кўпдан-кўп) авлодлардан кейин келган бир авлодга биз сизга ваҳий қилган нарсаларни тиловат қилиб беришингиз учун пайғамбар қилиб юбордик. Улар эса меҳрибон (Аллоҳга) кофир бўлмоқдалар! Айтинг: «У (Меҳрибон Аллоҳ) менинг Парвардигоримдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат унинг ўзи бордир. Унинг ўзига таваккал қилдим, суяндим ва унинг ўзига тавба-тазарру қилурман».

31. Агар бир Қуръон бўлиб, унинг ёрдами билан тоғлар жойидан жилдирилса ё унинг ёрдами билан ер ёрилиб (дарёлар пайдо қилинса) ёки унинг ёрдами билан ўликлар тилга киритилса ҳам (кофир бўлган кимсалар иймон келтирмайдилар). Йўқ, барча иш ёлғиз Аллоҳнинг (илкидадир. Яъни, Аллоҳ хоҳласа иймон келтирадилар, агар у зот хоҳламас экан, барча талаблари бажо қилинганида ҳам улар иймон келтирмайдилар). Иймон келтирган кишилар агар Аллоҳ хоҳласа, шак-шубҳасиз, (бирон мўъжиза нозил қилмасданоқ) барча одамларни ҳидоят қилишини (бу иш Аллоҳ уни осон эканини) билмадиларми?! (Лекин Аллоҳнинг Ўзигина биладиган ҳикмат сабабли У Зот Ҳидоят Йўлига юриш ё юрмасликни бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйгандир). То Аллоҳнинг ваъдаси келгунича (яъни, Макка мусулмонлар тарафидан фатҳ қилингунча ҳам) куфр йўлини тутган кимсаларга ўзларининг қилган қилиқлари сабабли мудом турли офат-балолар етиб турар ёки уларнинг диёрларига яқин жойларга (кулфат) тушиб (уларни безовта, беҳаловат қилиб турар). Албатта Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас.
Изоҳ: Ушбу оят мушриклар Пайғамбар алайҳиссаломга: «Агар ҳақиқий пайғамбар бўлсанг, тоғларни жойидан жилдириб, уларнинг ўрнида дарёлар ва чашмалар пайдо қилгин; ўлган ота-боболаримизни тирилтиргин; улар тилга кириб, сенинг пайғамбарлигингга гувоҳлик берсинлар, шунда бизлар ҳам сенга иймон келтирамиз»,- деганларида нозил бўлгандир. Оят давомида келадиган қуйидаги жумлаларда: «Бирон мўъжиза кўрсатилса мана шу мушриклар ҳам иймон келтирармиканлар», деб умидвор бўлган айрим саҳобаларга танбеҳ бериб айтилади.

32. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиздан аввалги пайғамбарларнинг устидан ҳам кулиб-масхара қилинганида, Мен ўша (пайғамбарларни ёлғончи қилиб) куфр йўлини тутган кимсаларга (бир оз) муҳлат бериб сўнгар уларни (Ўзимнинг азобим билан) ушлаганман. Сўнг уларни қандай жазолаганимни (билурсиз).

33. Ҳар бир жоннинг қилган амали устида (Кузатиб) тургувчи Зот (ҳеч нарсани кўрмайдиган, эшитмайдиган жонсиз бутларга ўхшайдими?!») Улар (турли махлуқларни) Аллоҳга шерик қилиб олдилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) айтинг: «У бутларингизнинг номларини (ва уларнинг қўлларидан келадиган ишларни) айтинглар-чи? Балки (Аллоҳга) ер юзидаги у зот билмайдиган бирон нарсанинг хабарини берарсизлар?! Ёки фақат юзаки гап билан (яъни, ҳеч қандай иш-амал қўлидан келмайдиган жонсиз нарсаларни қуруқ сўзларга ишониб худо деб сиғиниб юрибсизларми?») Йўқ, куфр йўлини тутган кимсаларга ўзларининг макр-алдовлари чиройли кўрсатилди ва улар (Ҳақ) Йўлдан тўсилдилар. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.

34. Улар учун ҳаёти дунёда ҳам азоб бўлур. Аммо охират азоби оғирроқ-қаттиқроқдир. Уларни Аллоҳ (азоби)дан сақловчи йўқдир.

35. Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (будир): унинг остидан дарёлар оқур, мевалари ва соялари боқийдир. Бу тақво-парҳез билан ўтган зотларнинг оқибати-келажагидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир.

36. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Китоб (Таврот, Инжил) ато этган кишилар сизга нозил қилинган нарса (Қуръон) сабабли шодланадилар. (Яҳудий ва насронийлардан сизга қарши бўлган) тўдалар орасида унинг (Қуръоннинг) бир қисмини инкор қиладиган кимсалар ҳам бордир. (Уларга) айтинг: «Албатта, мен ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга ва Унга (бировни) шерик қилмасликка маъмурман (амр этилганман). Мен фақат ўша Зотга (ибодат қилишга) даъват қилурман ва ёлғиз унинг ўзига қайтишим бордир».
Изоҳ: Ривоят қилишларича, яҳудий ва насронийлардан бўлган Абдуллоҳ ибн Салом, Нажжоший каби айрим кишилар Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръон нозил бўлганидан хабар топишгач, ўзларининг китоблари - Таврот ва Инжилдаги Аллоҳ таъоло Ўзининг охирги пайғамбарини юбориш ҳақида берган ваъдаси амалга ошганидан шадланишиб, пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтирган эдилар.

37. Шунингдек, (яъни, илгари ўтган пайғамбарларимизга ўз тилларида ваҳий юборганимиз каби) Биз уни (Қуръонни) арабий ҳукм ҳолида нозил қилдик. Қасамки, агар Сиз (эй Муҳаммад алайҳиссалом), ўзингизга келган бу билимдан сўнг уларнинг ҳою ҳавасларига эргашсангиз, Сиз учун Аллоҳ томонидан бирон дўст ҳам, сақловчи ҳам бўлмас.

38. Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга жуфтлар ва зурриётлар берганмиз. Бирон пайғамбар учун бирон оят-мўъжиза келтириш имкони бўлмаган, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (келтирганлар). Ҳар бир вақт учун (муносиб) китоб-ҳукм бордир.

39. Аллоҳ ўзи хоҳлаган нарсани (яъни, ҳукмни) ўчирур ва (Ўзи хоҳлаган ҳукмни) устивор қилур. Асл китоб (яъни, Лавҳул-Маҳфуз) Унинг даргоҳидадир.

40. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар Биз сизга (кофирларга) ваъда қилган айрим нарсаларни (яъни, азобларимизни) кўрсатсак ҳам ёки Сизни (уларни азоблашдан илгари) вафот қилдирсак ҳам, албатта Сизнинг зиммангизда (барибир Ҳақ Динни одамларга тўла) етказиш, Бизнинг зиммамизда эса ҳисоб-китоб қилиш бордир.

41. (Макка мушриклари) Биз уларнинг ерларига келиб уни атрофидан камайтирганимизни (яъни, мусулмонлар қадам-бақадам фатҳ қилиб келаётганларини) кўрмайдиларми? Аллоҳ ҳукм қилур - Унинг ҳукмини текширувчи бўлмас. У тез ҳисоб-китоб қилгувчидир.

42. Улардан илгари ўтган кимсалар ҳам (ўзларининг пайғамбарларига қарши турли) макр-ҳийлалар қилганлар. Аммо барча макр-ҳийлалар Аллоҳнинг (илкидадир. Демак, Ўша Зотдан амр бўлмаса, бирон макр фойда-зарар етказа олмайди). У Зот ҳар бир жоннинг қилаётган ишини билур. Яқинда кофирлар охират диёри кимники эканини билиб олажаклар.

43. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, сизга) кофир бўлган кимсалар: «Пайғамбар эмассан», дейдилар. Айтинг: «Мен билан сизларнинг орамизда Аллоҳ етарли гувоҳдир ва китоб - Қуръон илмидан хабардор бўлган (яъни, Аллоҳнинг каломини бандаларнинг сўзларидан ажрата оладиган) ҳар бир киши (етарли гувоҳдир).

Орқага Олдинга