loader

014. Иброҳим сураси

Маккада нозил қилинган бу сура эллик икки оятдир. Бу сурада ҳам Макка сураларининг аксарида бўлгани каби, эътиқод, ваҳий, тавҳид-Аллоҳнинг бирлигига иймон келтириш, қайта тирилиш ва хусусан қиёмат кунида бўладиган ҳисоб-китоб ва жазо-мукофот тўғриларида батафсил сўз юритилади.
Сура пайғамбарлар зиммасига юклатилган вазифа инсониятни зулматлардан нурга олиб чиқиш эканини баён этувчи оят билан бошланади. Бу билан биринчидан ҳаётда зулматлар - эгри-нотўғри йўллар кўп, нур - ҳақиқат йўли эса танҳо бўлиши баён қилинса, иккинчидан ўша ягона нурга фақат пайғамбарлар - Аллоҳнинг элчиларига нозил бўлган ваҳий воситасидагина етиш мумкинлиги уқтирилади. Яна бу сурадан Мусо пайғамбарнинг ўз қавми билан бўлган мулоқотларидан бири ҳақидаги оятлар ҳам жой олгандир.
Суранинг «Иброҳим» деб аталишига сабаб унда пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссаломнинг Маккага келишлари ва у ерда Аллоҳ таъолога қилган дуо-илтижолари хусусида муфассал ҳикоя қилинганидир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Алиф, лом, ро. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, бу Қуръон), сиз одамларнинг Парвардигорларининг изни-иродаси билан зулматлардан нурга - қудрат ва ҳамду сано эгаси бўлган зотнинг йўлига - олиб чиқишингиз учун биз сизга нозил қилган китобдир.

2. Аллоҳ - осмонлардаги бор нарса ва ердаги бор нарса ўзиники бўлган зотдир. Кофирлар учун қаттиқ азоб - ҳалокат бўлгай.

3. Улар ҳаёти дунёни охиратдан афзал биладиган, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган ва уни эгишни-бузишни истайдиган кимсалардир. Улар узоқ-қаттиқ адашишдадирлар.

4. Биз ҳар бир пайғамбарни (Бизнинг ҳукмларимизни) баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юборганмиз. Сўнгра Аллоҳ ўзи хоҳлаган кимсани йўлдан оздирур ва ўзи хоҳлаган кишини ҳидоят қилур. У Қудратли, Ҳикматли Зотдир.
Изоҳ: Пайғамбарларнинг вазифаси даъватдир. Бирон кишини йўлдан оздириш ёки ҳақ йўлга ҳидоят қилиш эса ҳеч қайси пайғамбарнинг қўлидан келмайди - бу ёлғиз Аллоҳ таъолонинг хоҳишига боғлиқ ишдир.

5. Дарҳақиқат, Биз Мусони (бани Исроил қавмига) ўз оятларимиз билан юбориб, (унга дедик): «Қавмингни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига олиб чиққин ва уларга Аллоҳнинг кунларини (яъни, Аллоҳнинг неъматларини) эслатгин! Албатта, бу (неъматлар)да ҳар бир сабр-қаноатли, шукр қилгувчи киши учун оят-ибратлар бордир».

6. Ўшанда Мусо қавмига айтди: «Аллоҳнинг сизларга берган неъматини - сизларни оғир азоблар билан қийнаётган, ўғилларингизни сўйиб, хотинларингизни тирик қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганини эслангиз. Ана ўша ишларда Парвардигорингиз томонидан буюк синов бордир.

7. Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзларни) эслангиз: «Қасамки, агар сизлар (менинг берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Энди агар куфроний (неъмат) қилсангизлар, албатта азобим ҳам жуда қаттиқдир».

8. Мусо яна деди: «Агар сизлар ўзингиз ва ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсангизлар ҳам (Аллоҳга бирон зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Аллоҳ (сизларнинг шукр қилишингиздан) беҳожат, ҳамду сано эгасидир».

9. Сизларга илгари ўтган кишиларнинг - Нуҳ қавмининг, Од, Самуд (қабилаларининг) ва улардан кейин ўтган, (сону-саноқларини) фақат Аллоҳгина биладиган қавмларнинг хабари келмадими? Уларга пайғамбарлари (ўзларининг ҳақ пайғамбар эканликларини билдирувчи) ҳужжатлар келтирганларида, улар қўллари билан (пайғамбарларнинг) оғизларини тўсиб, дедилар: «Биз сизлар элчи қилиб юборилган нарсага - динга кофир бўлдик. Чунки биз сизлар бизни даъват қилаётган динингиздан шак-шубҳададирмиз».

10. Пайғамбарлари айтдилар: «Осмонлар ва ернинг яратгувчиси бўлмиш Аллоҳ(нинг борлиги ва бирлиги) хусусида шак-шубҳа бўлиши мумкинми?! У Зот сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилиш ва ўзларингизни маълум муддатгача (ҳалок қилмай) қолдириш учун (иймонга) даъват қилмоқда-ку!» Улар дедилар: «Сизлар ҳам худди ўзимизга ўхшаган одамларсиз. Фақат бизни ота-боболаримиз ибодат қилиб ўтган нарсадан (санамларга сиғинишдан) тўсмоқчисизлар, холос. Бас, (агар чин пайғамбар бўлсангизлар) бизга аниқ бир ҳужжат-далил келтиринглар-чи?!»

11. Пайғамбарлари уларга айтдилар: «(Ҳа), биз ҳам худди сизларга ўхшаган одамлармиз. Лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандаларига (пайғамбарлик) инъом қилур. Биз сизларга бирон ҳужжат келтира олмаймиз. Магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (келтиришимиз мумкин). Мўъминлар ёлғиз Аллоҳгагина таваккул қилсинлар.

12. (Ахир) бизни (тўғри) йўлимизга ҳидоят қилган Аллоҳга нечун таваккул қилмаймиз. Албатта биз сизлар етказган озорларга сабр қилурмиз. Таваккул қилгувчилар ёлғиз Аллоҳга таваккул қилсинлар».
Изоҳ: Ибн ал-Жавзий айтишларича, Муҳаммад алайҳиссаломга ўтган пайғамбарларнинг қиссалари бу тарзда сўйлаб берилишига сабаб, биринчидан, у зотга ўзидан аввалги салафларнинг ҳоли-хабарларини етказиш бўлса, иккинчи томондан ўзларининг бошларига ҳам у пайғамбарлар ўз умматлари тарафидан кўрган кўргиликлар тушиши мумкинлиги ва бундай ҳолатда улар каби сабр-тоқат қилиш лозимлигини уқтиришдир. Таваккул - уламолардан Абу Туробнинг таърифлашича, ўзини мудом ибодатга чоғлаш, дилни ёлғиз Парвардигорга боғлаш, сафоли кунларда шукр қилиш, балоли кунларда сабр қилишдир.

13-14. Куфр йўлини тутган кимсалар ўзларига келган пайғамбарларга: «Албатта, биз сизларни еримизда хайдаб чиқарурмиз, ёки сизлар бизнинг динимизга қайтурсизлар», дедилар. Шунда Парвардигорлари уларга (яъни, пайғамбарларга): «Албатта, биз бу золимларни ҳалок қилурмиз ва улардан сўнг шу ерни сизлар учун маскан қилурмиз. Бу (ваъда қиёмат кунида) менинг ҳузуримда (сўроқ-савол бериб) туришдан қўрқувчи ва менинг (кофирларни дўзахга гирифтор қилиш хусусидаги) ваъдамга хавф қилгувчи кишилар учундир», деб ваҳий юборди.

15. (Сўнгра пайғамбарлар Аллоҳдан) мадад тиладилар. (Аллоҳ уларнинг дуо-илтижоларини мустажоб қилди) ва барча жабркор-саркаш кимсалар бахтсизликка дучор бўлдилар.

16-17. Унинг (яъни, ҳар бир кофир бўлган кимсанинг) олдида жаҳаннам бордир. (Жаҳаннамда) унга йирингли сувдан берилганида, уни ютмоқчи бўлади-ю, (томоғидан) ўтказолмайди, унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўлолмайди. Унинг ортида (бундан-да) оғир азоб бордир.

18. Парвардигорларига кофир бўлган кимсалар қилган амалларининг мисоли худди бўронли кунда қаттиқ шамол учириб кетган кулга ўхшайди - улар қилган амалларидан бирон фойдага эга бўлолмайдилар. Бу узоқ-қаттиқ йўлдан озишдир.

19. (Эй инсон), Аллоҳ осмонлар ва ерни ҳақ (қонун) билан яратиб қўйганини кўрмадингми?! Агар у зот хоҳласа, сизларни кетказиб, (ўрнингизга ўзгаларни) янгитдан яратур.

20. Бу (иш) Аллоҳ учун қийин эмасдир.

21. (Қиёмат кунида) барча (халойиқ) Аллоҳга рўбарў бўлиб, бечора (эргашувчи)лар мутакаббир кимсаларга (яъни, ўзларининг собиқ йўлбошчиларига): «бизлар сизларга эргашган эдик, энди сизлар бизларни Аллоҳнинг бирон азобидан қутқара олурмисизлар?!», деганларида, улар айтдилар: «Агар Аллоҳ бизни (ҳақ йўлга) ҳидоят қилганида, биз ҳам сизларни ҳидоят қилган бўлур эдик. (Энди эса) дод-вой қиламизми, сабр-қаноат қиламизми, биз учун баробардим - ҳеч қандай нажот йўқдир.

22. Қачонки, иш тугагач (яъни, жаннат аҳли жаннатга сазовор бўлиб, дўзахилар дўзахга ҳукм қилингач), шайтон деди: «Албатта, Аллоҳ сизларга ҳақ ваъда қилган эди. Мен эса (ёлғон) ваъдалар бериб, сизларни алдаган эдим. (Лекин) мен учун сизларнинг устингизда ҳукмронлик йўқ эди, илло мен сизларни (куфр йўлига) чақиришии биланоқ, ўзингиз менга итоат этдингиз. Энди мени маломат қилмай, ўзларингизни маломат қилингиз. Мен сизларга ёрдам бера олмайман. Сизлар ҳам менга ёрдам бергувчи эмасмиз. Албатта, мен сизлар илгари (Аллоҳга) мени шерик қилганингизни инкор қилурман. Албатта, золимлар (яъни, кофирлар) учун аламли азоб бордир».

23. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритилиб, Парвардигорларининг изни-иродаси билан у жойда мангу қолдилар. Уларнинг (жаннатдаги) салом-аликлари бир-бирларига тинчлик-омонлик тилашдир.
Изоҳ: Эътибор берган бўлсангиз, юқоридаги оятларда қиёмат куни бўладиган воқеа-ҳодисларнинг ҳаммаси ўтган замон феъли билан ифодаланди. Муфассирларнинг таъкидлашларича, бу қиёмат қойим бўлиши аён ҳақиқат эканлигига бир ишорадир. Зеро, бўлиши ё келиши аниқ бўлган иш-воқеалар ҳақида ўтган замон тилида гапириш ҳамма халқларда ҳам бор бўлган услубдир. Масалан, ўлим жазосига мустаҳиқ бўладиган жиноятни қилган кимсага, «Энди ўлдинг», дейилади ва ҳоказо.

24-25. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ яхши сўзга (яъни иймон калимасига) қандай мисол келтирганини кўринг: у сўз худди бир асл дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (ер остига) мустаҳкам ўрнашган, шоҳлари эса осмонда бўлиб, Парвардигорининг изни-иродаси билан мудом мева берур. Аллоҳ одамлар эслатма-ибрат олишлари учун мана шундай мисоллар келтирур.

26. Ёмон сўзнинг (яъни, куфр сўзининг) мисоли эса худди (илдизи йўқлиги сабабли) ернинг остидан узиб олинган, бир жойда (ўрнашиб) қўним топмайдиган нопок дарахтга ўхшар.

27. Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур. Золимларни эса Аллоҳ (Ҳақ) йўлдан оздирур. Аллоҳ ўзи хоҳлаган ишни қилур.

28-29. (Эй инсон), Аллоҳнинг неъматини (яъни иймонни) куфрга алмаштириб юборган ва қавмларини (яъни, ўзининг ортидан эргашганларни) ҳалокат чоҳига - ўзлари кирадиган жаҳаннамга қулатган кимсаларни кўрмадингми?! Нақадар ёмон жой у!

30. Улар (одамларни) Аллоҳ йўлидан оздириш учун У Зотга «тенг»ларни (ўйлаб) топдилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Фойдаланиб қолинглар, ҳеч шубҳа йўқки, оқибат борадиган жойларингиз дўзахдир».

31. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), иймон келтирган бандаларимга айтинг, олди-сотди ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган кун (Қиёмат) келиб қолишидан илгари намозни тўкис адо қилсинлар ҳамда биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қилсинлар.

32. Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўладиган меваларни чиқарган Зотдир. У Ўз амри амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйсунтирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйсунтирди.

33. У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйсунтирди (яъни, сизлар яхши яшашингиз учун тартиб-интизомга солиб қўйди). Яна у зот кеча ва кундузни сизлар учун бўйсунтирди.

34. Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар. Ҳақиқатан, инсон зоти ўта золим ва жуда ношукрдир.

35. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Иброҳим айтган эди: «Парвардигорим, бу шаҳарни (яъни Маккани) тинч шаҳар қилгин. Мени ва болаларимни бутларга бандалик қилишдан йироқ қилгин.

36. Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (яъни, менинг динимдадир). Ким менга исён қилса, яна ўзинг мағфиратли, меҳрибонсан (яъни, ундай кимсаларни ҳам ҳақ йўлга ҳидоят қилишга қодирсан).

37. Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (бир қисмини - ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) сенинг ҳурматли байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Парвардигоро, (улар) намозни тўкис адо қилсинлар, деб, (шундай қилдим). Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгил ва уларни (барча) мевалардан баҳраманд этгил. Шояд шукр қилсалар.
Изоҳ: Ривоят қилишларича, Иброҳим алайҳиссаломнинг Ҳожар исмли хотинлари Исмоил алайҳиссаломни туққанларида, Сора (Иброҳим пайғамбарнинг бошқа хотинлари) бундан ғашланиб, Ҳожарга рашк қила бошлаган экан. Шунда Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таъоло амри билан ўғиллари Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни олиб Шомдан Маккага бориб, уларни ўша жойга жойлаштириб қайтаётиб, Аллоҳ таъолога илтижо қилиб мана шу оятларда мазкур бўлаётган дуоларни ўқиган эканлар. Ҳадиси шарифда зикр қилинишича, Аллоҳ таъоло ўз пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоларини ижобат қилиб, ўша саҳродан «Замзам» чашмасини чиқариб, у ерда қолганларга оби ҳаёт ато этган экан.

38. Парвардигоро, албатта Сен бизлар яширадиган нарсани ҳам, ошкор қиладиган нарсани ҳам билурсан. Аллоҳ учун Еру осмондаги бирон нарса махфий эмсадир.

39. Менга кексалик пайтимда Исмоил ва Исҳоқни ҳадя қилган Зот - Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Албатта Парвардигорим (барча) дуоларни Эшитгувчидир.

40. Парвардигор, мени ва зурриётимдан (бўлган болаларимни) намозни тўкис адо этувчи қилгил. Парвардигоро, дуоимни қабул айла.

41. Парвардигоро, ҳисоб-китоб қилинадиган (Қиёмат) Куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгил.

42. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил», деб ўйламанг! Фақат Аллоҳ уларни (нг жазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли Қиёмат) Кунида қолдирмоқда, холос.

43. (У Куни) улар бошларини (осмонга) кўтарган ҳолларида (чорланган томонга ҳисоб-китоб учун) чопурлар. Кўзлари ўзларига қайтмайди (яъни, қўрқувдан қотиб қолиб, ўзларининг қандай ҳолда эканликларини ҳам кўрмайдилар). Диллари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур.

44. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), одамларни огоҳлантириб қўйингки, уларга азоб келар Кунда (Қиёматда) золим кимсалар: «Парвардигоро, бизларга озгина муҳлат бергин, (яъни, бизларни дунёга қайтариб, озгина ҳаёт бергин, албатта) Сенинг даъватингни қабул қилуримз ва пайғамбарларинга эргашурмиз», дейдилар. (Шунда уларга жавоб қилинур): «Илгари (ҳаёт пайтларингизда) ҳеч қачон заволга  юз тутмаслигингиз (яъни, ҳеч қачон ўлмаслигингиз ва Охират жазосига дучор бўлмаслигингиз) ҳақида қасам ичмаган эдингизларми?!

45. Ҳолбуки, сизлар ўзларига зулм қилган кимсаларнинг масканларига (улар заволга юз тутганларидан кейин) жойлашган эдингизлар. Уларни қандай (ҳалок) қилганимиз ҳам сизларга аниқ маълум эди. Бизлар сизлар учун (қанчадан-қанча) мисоллар келтирган эдик (лекин сизлар бу кўрган-билганларингиздан ибрат олмадингизлар, Ҳақ Йўлга юрмадингизлар)».

46. Дарҳақиқат, улар (яъни, Макка мушриклари) ўзларининг макр-ҳийлаларини қилдилар. (Лекин) агар уларнинг макрлари сабабли тоғлар емирилиб кетадиган бўлса-да, уларнинг (бу) макр-ҳийлалари Аллоҳ ҳузурида (маълумдир).
Изоҳ: Бу оятда мушрикларнинг Муҳаммад алайҳиссаломга қарши қилган ҳийла-найрангларига ва Аллоҳ таъоло уларнинг барча уринишларини беҳуда кетказганига ишора қилинмоқда.

47-48. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз ҳаргиз Аллоҳни Ўз пайғамбарига берган («Биз албатта пайғамбарларимизни ғолиб қилурми», деган) ваъдасига хилоф қилувчи, деб ўйламанг! Албатта Аллоҳ Ер бошқа Ерга, осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар) Ёлғиз ва Қудратли Аллоҳга рўбарў бўладиган Кунда (Қиёматда) Ғолиб ва Интиқом олгувчидир.

49. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), у Кунда жиноятчи кимсаларни кишанлар билан боғланган ҳолларида кўрурсиз.

50. Уларнинг кийимлари қора мойдан бўлиб, юзларини олов ўраб олур.

51. Аллоҳ ҳар бир жонга қилган ишига яраша жазо бериш учун (мана шундай қайта тирилтирур). Албатта Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчидир.

52. Бу (Қуръон) одамлар огоҳлантирилишлари ва (Аллоҳ) Ягона Илоҳ эканини билишлари ҳамда ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун (Аллоҳ тарафидан нозил қилинган) бир Баёнот - Хабардир.

Орқага Олдинга