loader

025. Фурқон сураси

Маккада нозил қилинган бу сура етмиш етти оятдан иборатдир.
Сура ушбу Фурқонни — Ҳақ билан ботилни ажратиб бергувчи Китобни Муҳаммад алайҳиссаломга Буюк Аллоҳ таъоло нозил қилганини таъкидлаш билан бошланади.
Сўнгра: "Нега пайғамбар фаришта эмас, балки оддий одамларга ўхшаб таом еб, бозорларда юрадиган инсондан бўлар экан", дейдиган саркаш мушрикларнинг даъволари қатъий ҳужжатлар билан рад этилади.
Яна бу сурада доҳий «дўст»ларнинг васвасаларига учиб ўз иймон-эътиқод ва дину-диёнатларидан воз кечган кимсалар Охиратда бу қилмишларидан афсус-надомат чекиб бармоқларини тишлаб қолишлари ҳақида огоҳлантириб ўтилади.
Сура ниҳоясида эса Раҳмон бандалари — ҳақиқий мўъмин-мусулмонларнинг сифатлари ва уларни жаннат неъматларига эришишларига сабаб бўладиган хулқ-атворлари тасвирланади.
Куръони Каримда, Аллоҳ таъоло томонидан нозил қилинган барча Илоҳий Китоблар Фурқон — Ҳақ билан ноҳақни ажратиб бергувчи Китоб, деб аталаверади. Бу сурага ном бўлган Фурқондан мурод эса Қуръондир.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. Барча оламлар учун (Охират азобидан) қўрқитувчи бўлсин деб ўз бандаси (Муҳаммад алайҳиссалом)га Фурқон — Қуръон нозил қилган Зот — Аллоҳ, Баракотли — Буюкдир.

2. У — осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган, бола-чақа қилмаган, подшоҳликда бирон шериги бўлмаган ва барча нарсани яратиб (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган Зотдир.

3. (Мушриклар) эса У Зотни қўйиб, бирон нарса ярата олмайдиган, (балки) ўзлари яралгувчи бўлган, (ўзгалар у ёқда турсин, хатто) ўзларига ҳам бирон зиён ё фойда беришга эга бўлмайдиган ва на (бировларга) ўлим беришга, на ҳаёт беришга ва на қайта тирилтиришга эга бўлмайдиган «худолар»ни ушладилар (яъни, ўшаларга сиғиндилар).

4. Кофир бўлган кимсалар: "(Бу Қуръон) фақат (Муҳаммад) ўзи тўқиб олган бир ёлғондир. Унга бу (ёлғонни тўқишда) бошқа бир қавм (айрим аҳли Китоблар) ёрдам қилган", деб куфр келтирдилар ва бўҳтон қилдилар.

5. Яна улар: "(Бу) аввалгиларнинг афсоналаридир, (Муҳаммад) уларни кўчириб олган. Бас, (бу афсоналар бировлар томонидан) унга эрта-ю кеч ўқиб берилур", дедилар.

6. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Сиз уларга) айтинг: "Уни осмонлар ва Ердаги барча сир-асрорни биладиган Зот нозил қилгандир. Албатта У Мағфиратли Меҳрибон бўлган Зотдир".

7-8. Яна улар (масхара қилишиб): "Нега бу Пайғамбар (оддий одамлардек) таом ер ва бозорларда юрар?! Унга (пайғамбарлигини тасдиқлайдиган) бирон фаришта туширилиб, у билан бирга қўрқитгувчи бўлса эди. Ёки унга (осмондан) хазина ташланса (ва у бозорларда савдо-сотиқ билан тирикчилик ўтказмай ўша хазинадан сарф қилиб юрса) эди, ёҳуд унинг учун бир боғу-бўстон бўлиб, у (фақат ўша боғдан) еб-ичса эди", дедилар. Бу золим кимсалар (мўъминларга): "Сизлар фақат бир сеҳрланган — ақлдан озган кишига эргашмокдасиз", дедилар.

9. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қаранг, улар Сиз учун қандай мисоллар келтирдилар-а?! Бас, улар (Ҳақ Йўлдан) оздилар. Энди улар йўл топишга қодир эмаслар.

10. Агар хоҳласа Сиз учун (шу дунёдаёқ) ўшандан (яъни, улар айтган боғу-хазинадан) яхшироқ нарсани — остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларни қилиб бера оладиган ва Сиз учун қаср-саройларни қилиб бера оладиган Зот — Аллоҳ Баракотли — Буюкдир.

11. Йўқ улар (Қуръон оятларига боқмайдилар, чунки улар Қиёмат) Соатини ёлғон деганлар. Биз эса у Соатни ёлғон деган кимсалар учун дўзах ўтини тайёрлаб қўйгандирмиз.

12. (Дўзах) уларни узоқ жойдан кўрган вақтидаёқ унинг хайқириқ ва бўкиригини эшитурлар.

13. Қачон улар кишанланган ҳолларида (дўзахдан) тор бир жойга ташланганларида ўша жойда (ўзлирига) ўлим тилаб қолурлар.

14. (Шунда уларга): "Сизлар бугун бир ўлимни эмас, кўп ўлимларни тиланглар (чунки сизлар бутун умрларингизни куфру исёнда ўтказганларингиз учун кўпдан-кўп ўлим-халокатларга дучор бўлурсиз", дейилур).

15. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) айтинг: "Шу (дўзах) яхшироқми ёки тақводор зотларга ваъда қилинган мангу жаннатми?!" У (яъни, жаннат тақводорлар) учун мукофот ва оқибат — борар жой бўлди.

16. Улар учун ўша жойда мангу қолгувчи бўлган ҳолларида барча хоҳлаган нарсалари (муҳайё) бўлур. Бу Парвардигорингиз зиммасидаги сўралгувчи ваъда бўлди.

17. (Аллоҳ) уларни (яъни, мушрикларни) ҳам, улар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларини ҳам тўплаб (у бутларга): "Менинг анави бандаларимни сизлар йўлдан оздирдингизларми ёки уларнинг ўзлари (Тўғри) Йўлдан оздиларми?", дейдиган Кунда;

18. Улар дерлар: "Эй Пок Парвардигор бизлар учун Сендан ўзга бирон дўст тутиш жоиз бўлган эмасдир (бас, қандай қилиб ўзгаларни бизга бандалик қилиб сиғинишга мажбурлаб йўлдан оздирайлик)?! Лекин Сен уларни ва ота-боболарини (узоқ умр ва мўл-кўл ризқу рўз билан шундай) фойдалантирдингки, хатто улар (Сенинг ўзингни) эслашни ҳам унутдилар ва ҳалок бўлгувчи қавм бўлиб қолдилар.

19. (Эй мушриклар), мана, (сизлар «Худо»лар деб сиғинган бутлар) сизларни айтаётган сўзларингизда аниқ ёлғончи қилдилар. Энди (азобдан) қутулишга ҳам, (ўзларингга) бирон ёрдам қилишга ҳам қодир эмассизлар. Сизлардан ким золим — мушрик бўлса, Биз унга катта азобни тотдирурмиз.

20. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сиздан илгари юборган барча пайғамбарлар ҳам, шак-шубҳасиз, таом ер ва бозорларда юрар эдилар. Биз сизларнинг баъзиларингизни баъзиларингиз учун фитна — синов қилиб қўйдик (яъни, Сизнинг оддий одамлар киби фақирона кун кечиришингиз бошқалар учун бир синовдир. Чунки агар Биз Сизни бой-бадавлат қилиб кўйганимизда, улар Сизга мол-дунёингиз учун итоат қилган бўлур эдилар). Сизлар (Бизнинг бу синовимизга) сабр қила олурмисизлар? Парвардигорингиз Кўриб тургувчи бўлган Зотдир.

 
Ўн тўққизинчи жузъ

21. Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсалар: "Бизларга (пайғамбарлик учун одам эмас, балки) фаришталар туширилса эди ёки бизлар Парвардигоримизни (ўз кўзимиз билан) кўрсак (ва У бизларга Муҳаммаднинг ҳақиқий Пайғамбар эканлигини билдирса) эди", дедилар. Дарҳақиқат, улар ўзларига бино қўйдилар ва жуда катта кетдилар.

22. Улар фаришталарни кўрадиган Кунни (яъни, Қиёмат Кунини эсланг)! У Кунда жиноятчи кимсалар учун бирон хушхабар бўлмас. Ва (фаришталар уларга) дерлар: "(Ҳар қандай хушхабар сизлар учун) бутунлай ҳаромдир".

23. (Зотан), Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз.
Изоҳ: Исломий ақидага кўра ёлғиз Аллоҳга иймон келтирмасдан туриб қилинган ёки Ягона Аллоҳни кўзламасдан хўжакўрсинга қилинган ҳар қандай яхши амал ҳам худди ҳавода учиб юрган чанг-тўзон каби фойдасиздир. Шу боисдан бут-санамлар йўлида қилинган ёки яхши ном чиқариш учун риёкорлик билан қилинган «савоб иш»ларнинг эгалари учун Қиёмат Кунида бирон ажру-мукофот бўлмас.

24. Жаннат эгалари эса у Кунда энг яхши қароргоҳлар ва энг гўзал истироҳатгоҳларда бўлурлар.

25. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), осмон булут билан ёрилиб, (барча) фаришталар (ўша булутларда қўлларида бандаларнинг номайи аъмоллари билан ер юзига) туширилган (Қиёмат) Кунини (эсланг)!

26. Ўша Кунда (барча подшоҳлар йўқ бўлиб), хақ — собит подшоҳлик (Ёлғиз) Раҳмон учун бўлур. (Чунки бошқа барча муваққат подшоҳликлар йўқ бўлиб битур). У (Кун) кофирларга кўп қийин Кун бўлур.

27. У Кунда бу золим қўлларини (бармоқларини) тишлаб (надоматлир қилиб) дер: "Э, қани эди мен ҳам Пайғамбар билан бир йўлни тутганимда эди;

28. Ўлим бўлсин менга, қани эди мен фалончини дўст тутмаганимда эди;

29. Аниқки, менга Эслатма — Қуръон келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди". (У Кунда) шайтон (ҳаёти дунёда ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўйгувчидир".
Изоҳ: Бу оятлардаги "золим" Уқба ибн аби Муайт, фалончи эса Убай ибн Халафдир. Уқба Пайғамбар алиҳиссаломнинг даъватларини қабул қилиб Исломга кирганидан сўнг ўша дўсти Убай уни йўлдан оздириб, васвасага солиши оқибатида муртад бўлиб, диндан чиқади. Мазкур оятларда Аллоҳ таъоло ана шундай шайтонларнинг васвасаларига учиб ўз динларидан воз кечадиган золимларнинг Қиёмат Кунидаги аҳволини тасвирлайди ва у шайтонлар Охиритда бирон ёрдам бермаслигини таъкидлайди.

30. Пайғамбар айтди: "Ё Парвардигорим, дарҳақиқат, менинг қавмим (Қурайш қибиласи) ушбу Қуръонни тарк қилиб (ундан юз ўгирдилир)."

31. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз (Сиздан илгари ўтган) ҳар бир пайғамбар учун (ҳам) жиноятчи кимсалардан мана шундай душман(лар) қилганмиз. Парвардигорингизнинг ўзи етарли Етакчи ва Ёрдамчидир.

32. Кофир бўлган кимсалар: "(Нега) бу Қуръон унга (Пайғамбир алайҳиссаломга) битта тўплам бўлган ҳолида нозил қилинмади?", дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз у — Қуръон билан Сизнинг дилингизни устивор қилиш учун мана шундай (парча-парча ҳолда нозил қилдик) ва уни дона-дона қилиб баён этдик.

33. Улар Сизга (Қуръонни айблаш учун юқоридаги каби) бирон мисол келтирсалар албатта Биз Сизга ҳақ (жавобни) ва энг гўзал шарҳни келтириб қўйдик.

34. Юзтубан ҳолларида жаҳаннам томонга судраладиган кимсалар — ана ўшалар энг аҳволи ёмон ва бутунлай йўлдан озган кимсалардир.

35-36. Қасамки, Биз Мусога Китоб — Таврот ато этдик ва биродари Ҳорунни у билан бирга бўлгувчи вазири қилиб, дедик: "Бизнииг оятларимизни ёлғон деган қавм (Фиръавн ва унинг қавми) олдига боринглар!" Бас, (икковлари бориб Аллоҳнинг Динига даъват қилган вақтларида улар ўз куфрларидан қайтишмагач), Биз уларни (денгизга ғарқ қилиш билан) қириб ташладик.

37. Нуҳ қавмини (эсланг)! Қачонки, улар пайғамбарларини ёлғончи қилишгач, Биз уларни ғарқ қилдик ва уларни одамлар учун оят-ибрат қилиб қўйдик. Яна Биз золим-кофир кимсалар учун (Охиратда ҳам) аламли азоб тайёрлаб қўйгандирмиз.

38. Од, Самуд (қабилаларини) ва қудуқ эгаларини (яъни, Шуъайб пайғамбарни ёлғончи қилганлари сабабли кудуққа қулаб ҳалок бўлган кимсаларни) ҳамда шу орадаги кўпдан-кўп асрларни ҳам (эсланг)!

39. Барчаларига Биз мисоллар — далиллар келтирдик ва (Бизнинг панд-насҳатларимиз кор қилмагач), барчаларини бутунлай йўқ қилиб юбордик.

40. Аниқки, улар (яъни, Макка мушриклари ўзларининг сафар-саёҳатларида) энг ёмон ёмғир (яъни, тош) ёғдирилган шаҳардан ўтгандирлар. Ахир улар уни кўриб ибрат олмайдиларми?! Йўқ, улар қайта тирилишдан умидсиз бўлган кимсалардир.

41-42. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қачон улар Сизни кўрсалар: "Аллоҳ мана шуни пайғамбар қилиб юбордими?! Агар сабр қилиб (маҳкам турмаганимизда) ҳақиқатан, у бизларни худоларимиздан оздираёзди-я", деб Сизни масхара қилурлар. Яқинда азобни кўрган вақтларида ким йўлдан озганроқ эканини билиб олурлар.

43. Хабар беринг-чи, ким ҳавойи нафсини илоҳ қилиб олган (яъни, нафс бандаси бўлиб қолган) бўлса Сиз унинг устида вакил-қўриқчи бўлурмисиз?! (Йўқ Сизнинг вазифангиз ҳавойи нафсига қуллик қиладиган кимсаларни бу қилмишларидан сақлаш - қўриқлаш эмас, балки фақат Биз Сизга юборган ваҳийни бандаларимизга еткизмоқдир).

44. Ёки Сиз уларнинг кўпларини (ҳақ сўзни) тинглай оладилар ё англай оладилар деб ўйлайсизми?! (Ундоқ эмас, зеро), улар (Ҳақни англамасликларида) ҳеч нарса эмаслар, магар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Йўқ, улар янада йўлдан озганроқ кимсалардир!

45. Парвардигорингизнинг (қудратини) - сояни қандай ёйиб қўйганини кўрмадингизми?! Агар хоҳласа уни сокин - жилмас қилиб қўйган бўлур эди. Сўнгра қуёшни унга (яъни, соянинг борлигига) далил қилдик.

46. Сўнгра уни аста-секин ўзимизга тортиб олдик.
Изоҳ: Юқоридаги икки оятни муфассирлар қуйидагича тафсир қиладилар. Субҳи содиқдан то қуёш чиққунича уфқда ёйилган қоронғулик билан ёруғлик ўртасидаги ҳолат — Аллоҳ ер юзи узра ёйиб қўйган бир соядир. У Зот агар хоҳласа уни кетмайдиган қилиб қўяр эди, лекин Аллоҳ таъоло чиқаётган қуёшни соя борлигига далил қилди — зеро, нур бўлмаса соянинг борлиги билинмас — ва У Зотнинг Ўзи қуёш кўтарилган сари у соя — пардани ер юзидан аста тортиб олди.

47. (Аллоҳ) сизлар учун кечани (ўраб олгувчи) бир либос, уйқуни эса (баданларингиз учун) бир ором қилиб қўйган, кундузни эса (сизлар учун) қайта тирилиш қилган Зотдир.

48-49. У Ўз раҳматининг (яъни, ёмғирнинг) олдидан хушхабар қилиб шамолларни юборган Зотдир. Биз ўлик шаҳар-масканларни тирилтириш ва Ўзимиз яратган кўплаб чорва ҳайвонлари ҳамда инсонларни суғориш учун осмондан пок сув ёрдирдик.

50. Ва у (сувни) эслатма олишлари учун (одамлар) орасида тақсимлаб қўйдик, (аммо) одамларнинг кўплари фақат куфрони неъмат қилишнигина истадилар.

51. Агар Биз хоҳласак ҳар қишлоқ-шаҳарга бир (Охират азобидан) қўрқитгувчи — пайғамбар юборган бўлур эдик. (Лекин Биз бирча қишлоқ-шаҳарларни Охират азобидан огоҳ қилиш бурчини Сизнинг зиммангизга юкладик, эй Муҳаммад алайҳиссалом)!

52. Бас, Сиз кофир кимсаларга бўйсунманг ва (Қуръон) ёрдамида уларга қарши қаттиқ курашинг!

53. (Аллоҳ) икки денгиз — дарёни буниси чучук — ширин, униси шўр — аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва уларнинг ўртасида (бир-бирларига аралашиб кетишдан тўсиб турадитан) тўсиқ-тўғон ва кўринмас парда қилиб қўйган Зотдир.

54. У Зот сувдан — нутфадан инсонни яратиб, сўнг уни насл-насаб (эгаси) ва қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Дарҳақиқат, Парвардигорингиз (ҳар ишга) Қодирдир.

55. (Кофирлар эса мана шундай ҳар ишга Қодир) Аллоҳни қўйиб, ўзларига фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар. Кофир ўз Парвардигорига қарши (шайтонга) ёрдамчи бўлган кимсадир.

56. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сизни фақат (мўъминларга жаннат) хушхабарини етказувчи, (кофирларни эса Охират азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик.

57. Айтинг: "Мен Сизлардан бунинг учун хеч қандай хақ сўрамайман, фақат Парвардигор томонга йўл тутишни хоҳлаган кишилар (ўша йўлни тутишларини сўрайман").

58. Ва ўлмайдиган Тирик Зотга таваккул қилинг ҳамда У Зотга ҳамду сано айтиш билан покланг! У Ўз бандаларининг гуноҳларидан етарли Огоҳ Зотдир.

59. У осмонлар ва ерни ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз Аршига ўрнашган Зотдир. (У) Раҳмондир. Бас, У Зот хақида Огоҳ-Билимдон (Зотдан, яъни, Аллоҳ таолонинг Ўзи)дан сўранг!

60. Қачон (мушрикларга): "Раҳмонга сажда қилинглар", дейилса, улар: "Нима у Раҳмон? Сен буюрган нарсага сажда қилаверамизми?!", дейишар ва (бу сўз) уларни янада (иймондан) йироқлаштирар.
Изоҳ: Ушбу оят навбатдаги сажда оятидир.

61. Осмонда буржларни барпо қилган ва унда чироқ — қуёшни ва нурли ойни пайдо қилган Зот Баракотли — Буюкдир.

62. У эслатма-ибрат олмоқчи бўлган ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган Зотдир.

63. Раҳмоннинг (суюкли) бандалари Ерда тавозуъ билан юрадиган, жоҳил кимсалар уларга (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам "Омон бўлинглар", деб жавоб қиладиган кишилардир.

64. Улар кечаларни Парвардигорга сажда қилиб ва (жойнамоз устида) тик туриб — бедор ўтказадиган кишилардир.

65-66. Улар: "Парвардигоро, Ўзинг бизлардан жаҳаннам азобини дафъ қилгин. Дарҳақиқат, унинг азоби кетмас — мангу (азобдир). Дарҳақиқат, у энг ёмон қароргоҳ ва энг ёмон жойдир", дейдиган кишилардир.

67. Улар инфоқ-эхсон қилган вақтларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (балки эҳсонлари) ана ўша (хасислик билан исрофнинг) ўртасида — мўътадил бўлур.

68. Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга дуо-илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур.

69. Қиёмат Кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур.

70. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ, Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир.

71. Ким тавба қилиб яхши (амаллар) қилса, бас, албатта у Аллоҳнинг (ризо-мағфиритига) қайтган бўлур.

72. Улар (яъни, Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермайдиган ва лағв (беҳуда сўз ё амал) олдидан ўтган вақтларида олийжаноблик билан (яъни, ундан юз ўгирган ҳолларида) ўтадиган кишилардир.

73. Уларга Парвардигорларининг оятлари эслатилган вақтида у (оятларга) гунг ва кўр ҳолларида ташланмайдиган, (балки уларни англаб-билиб амал қиладиган) кишилардир.

74. Улар: "Парвардигоро, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин", дейдиган кишилардир.

75. Ана ўшалар сабр-қаноат қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак манзиллар билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар.

76. Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ (энг гўзал) манзилдир.

77. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушрикларга) айтинг: Агар дуо-илтижо қилмас экансизлар, Парвардигорим сизларга парво қилмас. Бас, сизлар (У Зот юборган Пайғамбарни) ёлғончи қилдингиз. Энди албатта (азоб-уқубат) сизларга лозим бўлур".

Орқага Олдинга