Икки юз йигирма етти оятдан иборат бўлган "Шуаро" сураси ҳам Макка сураларидандир.
У Қуръонинг Аллоҳ томонидан нозил қилинган (очиқ оятлардан) иборат Эслатма эканини таъкидлаш билан бошланиб, Пайғамбар алаҳиссаломга мушрикларнинг иймонсизликларидан қайғурмаслик кераклигини уқтиради ва улар яқинда — Қиёмат Кунида Аллоҳинг азобига дучор бўлишлари ҳақида хабар беради.
Бу сурада ҳам аввал ўтган айрим пайғамбарлар ҳақида ҳикоя қилиниб, уларнинг барчалари бир нарсага — Якка-ю Ягона Аллоҳга иймон келтириб, У Зотнинг Ўзигагина итоат этишга даъват қилганлари айтилади ва уларни ёлғончи қилган кимсаларнинг топган оқибат-ҳалокатлари тасвирланади.
Сура ниҳоясида сўз яна Қуръонга қайтиб, унинг жинлар келтирган чўпчак ё шоирлар битган шеър эмас, балки Аллоҳ томонидан Жаброил фаришта воситасида очиқ араб тилида нозил қилинган Илоҳий Китоб эканлиги таъкидланади. Бу сурадан Аллоҳ таолонинг шоирлар ҳақидат сўзлари ҳам ўрин олгани сабабли у "Шуаро" сураси деб аталгандир.
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан
1. То, Син, Мим.
2. Ушбу (оятлар) очиқ-равшан Китоб оятларидир.
3. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эҳтимол Сиз (Макка мушриклари) мўъмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилгувчидирсиз. (Ундоқ қилманг, чунки),
4. Агар Биз (уларнинг мўъмин бўлишларини) хоҳласак уларга осмондан оят-мўъжиза нозил қилиб шу билан бўйинлари эгилиб қоларди. (Лекин, Биз буни истамаймиз, зеро, иймон-ишонч ночор-ноиложликдан эмас, балки қалб қаноати билан ихтиёрий бўлиши лозимдир).
5. Уларга Раҳмон томонидан бирон бир янги Эслатма келса, албатта улар ундан юз ўгирувчи бўлдилар.
6. Мана улар (Пайғамбар алайҳиссаломни) ёлғончи қилдилар. Энди яқинда уларга ўзлари масхара қилган нарсанинг хабарлари (яъни, оқибати) келур.
7. Ахир улар ерни — Биз унда барча турли фойдали (ўсимлик) навларидан қанчасини ундириб қўйганимизни кўрмадиларми?!
8. Албатта бунда оят-ибрат бордир. (Лекин Макка мушрикларининг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар.
9. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўъминларга) Меҳрибондир.
10-11. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Парвардигорингиз Мусога нидо қилиб: "У золим қавмга — Фиръавн қавмига боргин, улар (Мендан) қўрқмайдиларми?!", (деган эди);
12. Мусо айтди: "Парвардигорим, (албатта амрингга итоат этурман — у золим қавм олдига борурман, фақат) улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқурман;
13. Ва (улар мени ёлғончи қилишларидан) дилим сиқилур, тилим бурро эмасдир, бас, (Мисрда — Фиръавн зулми остида яшиб турган биродарим) Ҳорунга (ҳам) пайғамбарлик юборсанг, (у менга ёрдамчи бўлса).
14. Яна уларнинг наздида мен гуноҳкорман (яъни, улар мени бир мисрлик-Қибтий йигитни қасддан ўлдиришда айблайдилар), бас, мени (Сенинг фармонингни уларга етказмасимдан) ўлдириб куйишларидан қўрқурман".
15. (Аллоҳ) деди: "Йўқ, (улар сени ўлдира олмаслар). Бас, (биродаринг Ҳорун билан бирга) Бизнинг оят-мўъжизаларимиз билан боринглар! Албатта Биз сизлар билан бирга (савол-жавобларингизни) Эшитиб тургувчидирмиз.
16. Энди Фиръавнга бориб айтинглар: "Ҳақиқатан, биз барча оламлар Парвардигорининг элчиларидирмиз.
17. (Қўл остингдаги) бани Исроил (қавми)ни бизга қўшиб (ўз юртлари — Фаластинга) жўнатгин".
18. (Улар келиб Фиръавнга шу сўзларни айтишгач, у Мусого қараб) деди: "Биз сени болалик чоғингда ўз ичимизда (яъни, саройимизда) тарбияламаганмидик, умрингнинг бир неча йилида орамизда турган эдинг-ку!
19. Кейин нонкўрлардан бўлиб қилган қилмишингни — қилган эдинг-ку (яъни, бир Қибтийни ўлдириб қўйиб қочиб кетган эдинг-ку)!"
20. (Мусо) айтди: "Ўшанда мен у ишни билмаган ҳолда қилган эдим.
21. Сўнг сизлардан қўрқиб қочиб кетдим. Кейин Парвардигорим, менга ҳикмат - илм ҳадя этди ва мени пайғамбарлардан қилди.
22. Ўша сен менга миннат қилаётган неъмат (аслида) сен бани Исроилни қул қилиб олишингдир".
Изоҳ: Бу оятни шундай тушунмоқ лозим: "Эй Фиръавн, сен мени болалигимдан тарбиялиб ўстирганингни менга миннат қилмоқдасан. Аслида нима сабабдан мен сенинг саройингга келиб қолдим? Сен бани Исроил қавмини қул қилиб, уларнинг барча ўғил болиларини ўлдираётганинг учун онам мени аниқ ўлимдан қутулиб қолармикан, деб сандиққа солиб дарёга оқизганида сенинг хотининг мени дарёдан тутиб олгаш эди-ку! Агар снн бани Исроил қавмига бундай зулму ситамлар қилмаганингда, мени ҳам ўз ота-онам тарбиялаган бўлар эди-ку! Ана ўша қилмишингни неъмат деб аташга уялмайсанми?!" Бу оят ўзга юртларни босиб, ўзига қарам қилиб олган, сўнгра "Биз сенларни тарбиялаб одам қилганмиз", деб даъво қиладиган барча мустамлакачиларга берилган жавобдир.
23. Фиръавн деди: "Барча оламларнинг Парвардигори (деганинг) нимаси яна?"
24. (Мусо) айтди: "Агар ишонадиган бўлсанглар, (Аллоҳ) осмонлар ва ернинг ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларнинг Парвардигори — Хожасидир".
25. (Фиръавн) атрофидаги (аъёнлар)ига.: "Қулоқ солмайсизларми", деб (масхара қилди).
26. (Мусо) айтди: "(Аллоҳ) сизларнинг ҳам, ўтган ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигоридир".
27. (Фиръавн) деди: "Сизларга элчи қилиб юборилган бу пайғамбарингиз шак-шубҳасиз, жиннидир".
28. (Мусо) айтди: "Агар ақл юргизувчи бўлсангизлар, (Аллоҳ) Машриқ ва Мағрибни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг Парвардигоридир".
29. (Фиръавн) деди: "Қасамки, агар сен мендан ўзгани илоҳ қилиб оладиган бўлсанг албатта мен сени зиндонбанд кимсалардан қилиб қўюрман!"
30. (Мусо) айтди: "Агар мен сенга (ўзимнинг ҳақ Пайғамбар эканлигимга далолат қиладиган) очиқ нарса — мўъжиза келтирсам ҳам-а?"
31. (Фиръавн) деди: "Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг ўша (мўъжизангни) келтир-чи?!"
32. Шунда (Мусо) асосини ташлаган эди, баногоҳ у ростакам аждарга айланди.
33. Кейин қўлини (чўнтагидан) чиқарган эди, баногоҳ у қараб турганларга (кундан ҳам) оқ бўлиб кўринди, (ҳолбуки, Мусо ўзи қорамағиз одам эди).
34. (Фиръавн) атрофидаги одамларга: "Шубҳасиз, бу (Мусо) ўткир сеҳргардир.
35. У ўз сеҳри билан сизларни ўз ерларингиздан чиқармоқчи, нима дейсизлар", деди.
36-37. Улар айтишди: "Уни ва акаси (Ҳорун)ни қўйиб тургин-да, ҳамма шаҳарларга (билимдон, сеҳргарларни) йиғиб келадиган кишиларни жўнатгин, улар сенга жами ўткир сеҳргарларни келтирсинлар".
38. Бас, сеҳргарлар маълум кунда белгиланган жойга тўпландилар.
39-40. Ва одамларга: "Сизлар ҳам тўпланиб бўлдингларми? Агар сеҳргарлар ғолиб бўлиб чиқсалар, эҳтимол бизлар ўшаларга эргашурмиз", дейилди.
41. Энди қачонки, сеҳргарлар келишгач, Фиръавнга: "Агар биз ғолиб бўлсак, бизлар учун аниқ мукофот бўлурми?", дейишди.
42. У: "Ҳа, у ҳолда албатта сизлар (менинг) яқинларимдан бўлурсизлар", деди.
43. Мусо уларга: "Ташлайдиган нарсаларингизни ташланглар", деди.
44. Бас, улар арқон ва асоларини (ерга) ташладилар ва: "Фиръавннинг қудратига қасамки, албатта бизларгина ғолиб бўлгувчидирмиз", дедилар.
45. Сўнг Мусо асосини ташлаган эди, баногоҳ у (асо) уларнинг «уйдирма»ларини юта бошлади.
46-47-48. Шунда у сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида ерга ташланиб: "Барча оламларнинг Парвардигорига — Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига иймон келтирдик", дедилар.
49. (Фиръавн) айтди: "Мен сизларга изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми?! Албатта у (Мусо) сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир. Энди яқинда билурсизлар — албатта мен оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига (ўнг кўл, чап оёғингизни ёки аксинча) кесурман ва сизларнинг барчангизни (дорга) осурман".
50. Улар дедилар: "Зарари йўқ. Зеро, бизлар Парвардигоримизга қайтгувчидирмиз.
51. Албатта бизлар (Мусога) биринчи иймон келтирган кишилар бўлганимиз сабабли Парвардигоримиз бизларнинг хато-гуноҳларимизни мағфират этишини умид қилурмиз".
52. Биз Мусога: "Бандаларим (яъни, бани Исроил қавми) билан тунда йўлга чиққин! Албатта сизларнинг изингизга тушилур (яъни, Фиръавн ва унинг кўшини ортингиздан кувиб етур"), деб ваҳий юбордик.
53. Бас, (Мусо ва унинг қивми йўлга тушганларидан хабар топгач), Фиръавн барча шаҳарларга (аскар) йиғувчиларни жўнатди (ва деди):
54. "Аниқки, улар бир ҳовуч ялангоёқлардир.
55. Дарҳақиқат, улар (қўл остимиздан чиқиб кетишлари билан) бизларни ғазаблантирдилар.
56. Шубҳасиз, бизлар барчамиз эҳтиёт чораларини кўриб тургувчи қавмдирмиз".
57-58-59. Бас, мана шундай қилиб Биз уларни (яъни, Фиръавн ва унга эргашганларни) боғлар ва булоқлардан, хазиналар ва улуғ-гўзал маскандан айирдик ва мана шундай қилиб, Биз улар(нинг барчаси)га бани Исроилни ворис қилдик.
60. Бас, (Фиръавн ва унинг лашкари) тонг пайтида уларни қувиб етдилар.
61. Энди қачонки икки жамоат бир-бирларини кўришгач, Мусонинг ҳамроҳлари: "Бизлар аниқ тутилдик, (чунки олдмизда ҳеч қандай йўл йўқ фақат денгиз бор)", дедилар.
62. (Мусо) айтди: "Йўқ, аниқки, мен билан бирга Парвардигорим бор. Албатта У мени (нажот) йўлига бошлар".
63. Бас, Биз Мусога: "Асойинг билан денгизни ургин", деб Ваҳий юбордик. Бас, (у асосини текизган эди, денгиз ўртасидан) бўлиниб ҳар бир бўлак (сув) баланд тор каби бўлди. (Сўнг Мусо ва унинг қавми денгиз ўртасидан очилган йўлга тушдилар).
64. Ва кейингиларни (яъни, Фиръавн ва унинг қўшинини ҳам) ўша (йўлга) яқин қилдик.
65. Ва Мусо ҳамда у билан бирга бўлган кишиларнинг барчаларига нажот бердик.
66. Сўнгра кейингиларни (денгига) ғарқ қилиб юбордик.
67. Албатта бунда (Фиръавн ва унинг қавми ҳалокатида) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар.
68. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) Ғолиб, (мўъминларга) Меҳрибондир.
69. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларга Иброҳим хабарини тиловат қилинг!
70. Ўшанда у отаси ва қавмига: "Нимага ибодат қилмоқдасизлар?", деганида;
71. Улар: "Бут-санамларга ибодат қилмоқдамиз. Бас, уларга содиқлигимизча қолурмиз", дедилар.
72-73. (Иброҳим) айтди: "Дуо-илтижо қилган пайтларингизда (бутларингиз) сизларни(нг дуо-илтижоларингизни) эшитадиларми ёки сизларга фойда ё зиён етказа оладиларми?!"
74. Улар дедилар: "Йўқ, бизлар ота-боболаримизнинг мана шундай (бутларга ибодат) қилишларини кўрганмиз (шунинг учун бизлар ҳам бутларга ибодат қиламиз).
75-76. (Иброҳим) айтди: "Сизлар ўзингиз ҳам, қадим-қадим ота-боболарингиз ҳам ибодат қилгувчи бўлган бутларингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?
77. Шак-шубҳасиз, улар мен учун душмандир (бас, мен уларга ибодат қилмайман), магар барча оламлар Парвардигоригагина (ибодат қилурман).
78. У мени яратгандир, бас, Ўзи мени ҳидоят қилур.
79. Унинг Ўзигина мени тўйдирур ва қондирур.
80. Касал бўлган вақтимда Унинг Ўзи менга шифо берур.
81. У мени ўлдирур, сўнгра (Қиёмат Кунида қайта) тирилтирур.
82. Жазо (Қиёмат) Кунида менинг хато-гуноҳларимни Унинг Ўзи мағфират этишини умид қилурман.
83. Парвардигорим, менга ҳикмат — илм ҳадя этгин ва мени солиҳ (бандаларинг) қаторига қўшгин.
84. Яна мен учун кейин келгувчи кишилар ўртасида рост мақтовлар қилгин.
85. Яна мени ноз-неъматлар боғининг ворисларидан қилгин.
86. Отамни ҳам мағфират қилгин. У шубҳасиз, адашганлардан бўлди.
87. Ва (барча жонзот) қайта тириладиган Кунда мени шарманда қилмагин".
88. У Кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда бермас;
89. Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур).
90. (У Кунда) жаннат тақводор бўлган зотларга яқин қилинди.
91. Дўзах йўлдан озган кимсаларга кўрсатиб қўйилди.
92-93. Ва уларга: "Сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилиб ўтган бутларингиз қани?! Улар сизларга ёрдам бера олурми еки ўзлари ёрдам ола билурми?!", дейилди.
94-95. Бас, у (бутлар) ва йўлдан озган кимсалар ҳамда иблис лашкарлари (яъни, кишиларни ҳақ Йўлидан оздирган доҳийлар) барчалари (дўзахга) улоқтирилди.
96. Улар (дўзахда) талашиб-тортишар эканлар, дедилар:
97-98. "Аллоҳ, номига қасамки, албатта бизлар сизларни (эй бут ва санамлар), барча оламларнинг Парвардигорига тенглаштирган пайтимизда очиқ залолатда бўлган эканмиз.
99. Бизларни фақат жиноятчи («доҳий»)лар йўлдан оздирдилар.
100-101. Энди бизлар учун на қўлловчилар ва на бирон қадрдон дўст бордир.
102. Қани энди биз учун яна бир марта (яшашнинг иложи) бўлса-ю, бизлар ҳам мўминлардан бўлсак".
103. Албатта бунда (яъни, Иброҳим ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар.
104. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) Меҳрибондир.
105. Нуҳ қавми пайғамбарларини ёлғончи қилди (яъни, Нуҳни ҳам, бошқа пайғамбарларни ҳам инкор қилдилар).
106. Ўшанда уларга биродарлари Нуҳ айтган эди: "(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?!
107. Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман.
108. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!
109. Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳнинг зиммасидадир.
110. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!"
111. Улар дедилар: "Сенга пасткаш (ялангоёқ) кимсалар эргашган бўлса, бизлар сенга иймон келтирурмизми?"
112. (Нуҳ) айтди: "Мен уларнинг нима иш-амал қилгувчи эканликларини билмасман.
113. Агар пайқай олсангизлар уларнинг ҳисоб-китоби ёлғиз Парвардигоримнииг зиммасидадир.
114. Ва мен (сизнинг сўзингизга кириб) мўъмин бўлган кишиларни (ҳузуримдан) қувмайман ҳам.
115. Мен фақат очиқ огоҳлантиргувчидирман".
116. Улар дедилар: "Қасамки, агар (бу даъватингдан) тўхтамасанг, эй Нуҳ, албатта тошбўрон қилингувчилардан бўлурсан!"
117. (Шунда Нуҳ) айтди: "Парвардигорим, қавмим мени ёлғончи қилдилар.
118. Энди Сен Ўзинг мен билан Уларнинг орасини очиб қўйгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўъмин кишиларга нажот бергин".
119. Бас, Биз унга ва у билан бирга бўлган кишиларга (одамлар, ҳайвонлар ва паррандалар билан) лиқ тўла бўлган кемада нажот бердик.
120. Сўнгра (уларга нажот берганимиздан) кейин қолганларни ғарқ қилдик.
121. Албатта бунда (яъни, Нуҳ ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар.
122. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлир устидан) ғолиб, (мўминларга) Меҳрибондир.
123. Од (қабиласи) пайғамбарларини ёлғончи қилди.
124. Ўшанда уларга биродарлари Ҳуд айтган эди: (Аллоҳдаи) қўрқмайсизларми?!
125. Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман.
126. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!
127. Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир.
128. Сизлар ҳар бир тепаликка ўйин-кулги учун бир белги — баланд бино қураверасизларми?!
Изоҳ: Нақл қилишларича, Од қабиласи ҳою-ҳавасга жуда берилган бўлиб, ўз шаҳарларидан ташқаридаги йўл ёқаларига ҳам ўйин-кулги қиладиган баланд-қимматбаҳо иморатлар куришар ва ўзлари яшайдиган уй-жойларни ҳам гўё ҳеч қачон ўлмайдигандек ҳаддан ортиқ мустаҳкам ва нақшу нигорли қилиб қуриб бутун умрларини мана шундай беҳуда ишларга сарфлашар ва бу билан фахрланиб, мақтаниб юрар эдилар.
Муҳтарам ўкувчи! Эътибор беринг, замонамиз боёнларининг кўплари Охиратни унутиб, дунё ҳою-ҳавасларига берилишда худди ўша Од қабиласига ўхшаб кетмайдими?!
Юқоридаги ва қуйидаги оятларда Ҳуд алайҳиссалом уларни бундай беҳуда ишлар билан машғул бўлишдан қайтариб, дунё ва Охират учун фойдали юмушлар билан банд бўлишга даъват қилганлари ҳақида хабар берилади.
129. Ва гўё мангу яшаб қоладигандек қаср-саройлар соласизлар?!
130. Қачон (бирон кишини жазолаш учун) ушласангизлар бераҳмларча ушлайсизлар?!
131. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!
132. Ва сизларни ўзларингиз биладиган (неъматлар) билан қўллаган-сийлаган Зотдан (Аллоҳдан) қўрқингиз!
133-134. У сизларни чорва ҳайвонлари ва ўғиллар билан, боғлар ва булоқлар билан қўллади-ку!
135. Албатта мен сизларнинг устингизга улуғ Куннинг - Қиёматнинг азоби (тушиши)дан қўрқурман".
136. Улар дедилар: "Сенинг ваъз-насиҳат қилишинг ёки ваъз қилгувчилардан бўлмаслигинг бизлар учун баробардир (яъни, бизларга панд-насиҳат қилиб овора бўлма).
137. Албатта бу (айшу ишратга берилиб умр ўтказиш) аввалгилардан қолган одатдир.
138. Бизлар азоблангувчи эмасмиз".
139. Бас, улар (Ҳудни) ёлғончи қилишгач, Биз уларни ҳалок этдик. Албатта бунда (яъни, Ҳуд ва унинг қавми бўлмиш Од қабиласи хақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар.
140. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнииг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўъминларга) Меҳрибондир.
141. Самуд (қабиласи) пайғамбарларини ёлғончи қилди.
142. Ўшанда уларга биродарлари Солиҳ айтган эди: (Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?!
143. Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман.
144. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!
145. Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир.
146-147-148. Сизлар бу Ердаги нарсаларда — боғлару булоқларда, экинлар ва мевалари ғарқ пишган хурмо дарахтлари ичида қўйиб қўйилурмисиз (яъни, шундай нозу неъматлардан фойдаланиб мангу яшайверамиз, деб ўйлайсизларми)?!
149. Яна моҳирлик билан тоғлардан уйлар ҳам йўнмоқдасизлар (ясамоқдасизлар)?!
150. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!
151-152. Ва ер юзида бузғунчилик қиладиган ва (ҳеч нарсани) ўнглай олмайдиган ҳаддан ошувчи кимсаларнинг амрига итоат этманглар!"
153. Улар дедилар: "Ҳеч шак-шубҳасиз, сен сеҳрланган — ақлдан озган кимсалардандирсан.
154. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамдирсан. Бас, агар (пайғамбарман деган даъвойингда) ростгўйлардан бўлсанг бирон оят-мўъжиза келтир!"
155. У айтди: "(Менинг мўъжизам) мана шу туядир. (Маълум бир кун сув) ичиш навбати уникидир. Маълум бир кун эса сизларнинг ичиш навбатингиздир.
156. Яна унга бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда сизларни улуғ Куннинг — Қиёматнинг азоби ушлар".
157. Бас, улар (туяни) сўйдилару, надомат қилгувчиларга айландилар.
158. Уларни азоб ушлади. Албатта бунда (яъни, Солиҳ ва унинг қавми хақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар.
159. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) Меҳрибондир.
160. Лут қавми пайғамбарларини ёлғончи қилди.
161. Ўшанда уларга биродарлари Лут айтган эди: "(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?!
162. Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман.
163. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!
164. Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир.
165. Сизлар бутун оламлардан (ажраб — ҳеч бир жонзот қилмаган ишни қилиб, аёлларга уйланиш ўрнига) эркакларга яқинлашурмисизлар?!
166. Ва Парвардигорингиз сизлар учун яратган жуфти ҳалолларингизни тарк қилурмисиз?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсизлар".
167. Улар дедилар: "Қасамки, агар тўхтамасанг эй Лут, албатта сургун қилингувчилардан бўлурсан".
168. У айтди: "Албатта мен сизларнинг (бу) ишларингизни ёмон кўргувчиларданман.
169. Парвардигорим, менга ва аҳлимга (яъни, менга иймон келтирган кишиларга) улар (кофирлар)нинг қилаётган амаллари (оқибати)дан нажот бергин".
170. Бас, Биз унга ва унинг барча аҳли тобеъларига нажот бердик. —
171. Магар (азоб остида) қолгувчилардан бўлган бир кампирга (яъни, Лутнинг иймонсиз бўлган хотинига нажот бермадик). —
172. Сўнгра бошқаларни ҳам ҳалок қилдик.
173. Ва уларнинг устига (тош) ёмғир ёрдирдик. Бас, (азоб ҳақида) огоҳлантирилган (лекин ўзларининг ярамас қилмишларидан қийтмаган) кимсаларнинг ёмғири нақадар ёмон бўлди.
174. Албатта бунда (Лут ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар.
175. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўъминларга) Меҳрибондир.
176. Дарахтзор эгалари (яъни, Шуайб пайғамбар қавми) пайғамбарларини ёлғончи қилдилар.
177. Ўшанда уларга Шуайб айтган эди: "Аллоҳдан" қўрқмайсизларми?!
178. Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман.
179. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!
180. Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир.
181. Ўлчовни тўла ўлчанглар ва камайтириб (тортгувчилардин) бўлманглар!
182. Ва тўғри тарози билан тортинглар!
183. Одамларга нарсаларини камайтириб берманглар ва ер юзида бузғунчилик қилиб санқиб юрманглар!
184. Ҳамда сизларни ҳам (сизлардан) аввал яралган умматларни ҳам яратган Зот — Аллоҳдан қўрқинглар!"
185. Улар дедилар: "Ҳеч шак-шубҳасиз, сен сеҳрланган — ақлдан озган кимсалардандирсан.
186. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамдирсан. Албатта бизлар сени ёлғончи кимсалардан, деб гумон қилурмиз.
187. Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг, устимизга осмондан бир бўлагини ташлаб юбор!"
188. У айтди: "Парвардигорим Ўзи сизларнинг қилаётган амалларингизни жуда яхши Билгувчидир (яъни, сизлар қандай азобга мустаҳиқ бўлсангиз Аллоҳ, Ўзи билиб жизойингизни бергувчидир)".
189. Бас, улар (Шуайбни) ёлғончи қилишгач, уларни "соябон" кунининг азоби ушлади. Даиҳақиқат, у улуғ-даҳшатли Куннинг азоби эди.
Изоҳ: Уламолар айтишларича, Аллоҳ таъоло Шуайб алсҳиссаломнинг қавмини Шуайбга иймон келтиришдан бош тортишгач, аввало қаттиқ иссиқ билан ушлиган экан. Шунда улар нафаслари қайтиб уйларидан ташқарига — очиқ саҳрога чиққанларида Аллоҳ таъоло уларнинг устига соябон қилиб бир булут юборган ва улар ўша "соябон" остида тўпланиб турганларида осмондан олов ёғилиб барчалари тириклай ёниб кетган эканлар.
190. Албатта бунда (яъни, Шуайб ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар.
191. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўъминларга) Меҳрибондир.
Изоҳ: Ушбу сурада ўтган пайғамбарлар ва уларнинг қавмлари ҳақидаги етти қисса мазкур бўлди. Аллоҳ таъоло Ўзининг сўнгги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга Макка мушрикларининг иймонсизликларидан беҳад озор чекиб турган пайтларида аввалги пайғамбарларнинг қиссалирини сўйлаш билан у кишига таскин-тасалли бериб, бундай иймонсиз кимсалир илгари ҳам бўлганини ва бундан кейин ҳам албатта бўлишини билдиради. "Албатта бунда оят-ибрат бордир".
192. Албатта (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир.
193-194-195. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз (Охират азобидан) огоҳлантиргувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга уни (яъни, Қуръонни) Руҳул-Амин — Жаброил очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди.
196. Албатта (Қуръон ҳақидаги хабарлар) ўтганларнииг Китобларида ҳам бордир.
197. Ахир (Қуръон ҳақида) бани Исроил олимлари ҳам билишлари (Макка мушриклари) учун (Қуръон ҳақиқатан, Аллоҳ томонидан нозил бўлганига) оят-далил эмасми?!
198-199. Агар Биз (Қуръонни) ажамлардан (яъни, араб бўлмаган кишилардан) бирига нозил қилсак, бас, у (Қуръонни) уларга ўқиб берса, унга ҳам иймон келтиргувчи бўлмас эдилар.
200. (Пайғамбарларни ёлғончи қилишни) жиноятчи кимсаларнинг дилларига мана шундай йўллаб-киритиб қўйганмиз.
201. Улар то аламли азобни кўрмагунларича (Қуръонга) иймон келтирмайдилар.
202. Бас, у (азоб) уларга ўзлари сезмаган ҳолларида тўсатдан келур.
203. Сўнг улар: "Бизларга (бир оз) мухлат берилармикан, (албатта иймон келтирган бўлур эдик)", деб қолурлар.
204. Бас, улар Бизнинг азобимизни шоштирурларми?!
205-206-207. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), хабар беринг-чи, агар Биз уларни (узоқ) йиллар (сиҳат-саломатлик, мол-давлат билан) фойдалантирсак-да, сўнгра уларга ваъда қилинган нарсалари (яъни, азоб) келса, (ўша пайт) уларга (ҳаёти дунёда) фойдаланган нарсалари асқотурми?!
208-209. Биз бирон қишлоқ-шаҳарни ҳалок қилмадик, магар унииг учун (азоб-ҳалокатдан) огоҳлантиргувчи (пайғамбарлар) бўлган ҳолида (у қишлоқ аҳли ўз пайғамбарларини ёлғончи қилганларидан кейингина келажак авлод учун) эслатма-ибрат бўлсин, деб (ҳалок қилдик). Ва Биз золим бўлмадик.
210. (Қуръонни осмондан) жинлар олиб тушганлари йўқ.
211. Улар учун бунинг имкони йўқ ва улар бунга қодир ҳам эмаслар.
212. Чунки улар (ваҳийни ўғринча) эшитиб олишдан четлатилганлари аниқдир.
Изоҳ: Макка мушриклари аввал "Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи ёзиб олган", деб кўрдилар, лекин бу иғволари фойда бермади, чунки Пайғамбар алаҳиссаломнинг Қуръондек беназир Китобни ёзиш эмас, балки уни ўқиб беришга ҳам қодир бўлмаган саводсиз киши эканликлири Маккаликларга маълум эди. Шундан кейин, улар "Муҳаммаднинг ҳам бошқа коҳин-фолбинларга ўхшаб ўз жинлари бор, Қуръонни унга ўшалар ўргатадилар", деган янги ёлғонни ўйлаб топдилар. Мазкур оятларда Аллоҳ таъоло бу иш жинларнинг кўлидан келмаслигини, улар осмон хабарларини эшитишдан четлатилганларини айтиб, (бу ҳақда Ҳижр сурасининг 17-18-оятларида ҳам зикр қилингин эди) Қуръони Карим У Зотнинг Ўзи нозил қилган Китоб эканини таъкидлайди. Суранинг 221-22З-оятларида яна шу мавзуга қайтилиб, жинлар кимларнинг олдига тушиши аниқ айтилади.
213. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз Аллоҳ, билан бирга бошқа бирон «илоҳ»га илтижо қилманг! Акс ҳолда азоблангувчи кимсалардан бўлиб қолурсиз.
214. Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!
Изоҳ: Ушбу икки оятда Аллоҳ таъоло Ўз пайғамбарига Ёлғиз Аллоҳдан ўзга бирон кимса ё нарсага сиғинмасликни ва бошлаб бу Ҳақ Динга ўз қариндош-уруғларини чорлашни буюрди. Шу оятлар нозил бўлиши билан Пайғамбар алайҳиссалом қариндошларини йиғиб, уларни Охират азобидан фақат ўз иймон-амаллари билангина халос бўлишлари мумкин эканлиги ҳақида огоҳлантирадилар ва жумладан ўз қизларига қараб шундай дейдилар: "Эй Фотима, қанча сўраб-ёлвормагин, Охират Кунида мен сенга асқотмайман (яъни, Охират азобидан Пайғамбар қизи бўлганинг учун эмас, балки ўз амалинг билангина қутула олурсан)", дейдилар. Бу Муҳаммад алайҳиссаломнинг барча умматларига сабоқдир.
215. Ўзингизга эргашган мўъминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни, уларга хуш хулқ билан камтарона муомалида бўлинг)!
216. Бас, агар улар итоатсизлик қилсалар, у ҳолда айтинг: "Албатта мен сизларнинг амалингиздан покдирман".
217. Ғолиб ва Меҳрибон (Аллоҳ)га таваккул қилинг!
218-219. У Сизни ўзингиз (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам, сажда қилгувчилар (намоз ўқувчилар) орасида (имом бўлган ҳолингизда намоз рукнларининг биридан иккинчисига) кўчаётган (вақтингизда ҳам) кўриб турар.
220. Шак-шубҳасиз, У Эшитгувчи, Билгувчи Зотдир.
221. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, айтинг): "Мен сизларга жинлар кимларга тушиши ҳақида хабар берайми?
222. Улар барча гуноҳга ботган товламачиларга тушиб;
223. Эшитиб олганларини уларга ташларлар. Уларнииг (жинларнинг) кўплари ёлғончилардир".
224. Шоирларга йўлдан озганлар эргашур.
225-226. Уларнинг (сўз водийларидан) ҳар водийда дайдишларини (яъни, ўзларига ёқиб қолган энг тубан кимса ё нарсаларни ҳам кўкка кўтариб, ёқтирмаганларини тупроққа қоришларини) ва ўзлари қилмайдиган нарсаларни айтишларини кўрмадингизми?!
Изоҳ: Бу оятлар барча замонлардаги Аллоҳдан қўрқмайдиган, устларидаги ҳокимият — сиёсат ўзгариши билан ёзаётган мавзулари, қаҳрамонлари ҳам ўзгариб кетаверадиган, ўзгаларга тўғрилик, эзгулик ҳақида лоф уриб, ўзлари нопок йўллардан юрадиган маддоҳ қаламкашлар ва ўзларининг бор илҳом-истеъдодларини маъшуқаларининг таъриф-тавсифларига сарф қилидиган назмбозлар ҳақидадир. Лекин иймонли, эзгу амаллар қиладиган ва доим Аллоҳни ёдда тутадиган шоирлар бундан мустасно эканлиги тўғрисида қуйидаги ояти каримада айтиб ўтилади. Яна бу хусусда Пайғамбар алайҳиссаломдан ҳам кўп ҳадислар ривоят қилинган. Шулардан бири мана бу ҳадисдир: Саҳобалардан бўлган бир шоир келиб пайғамбар алайҳиссаломга, Аллоҳ таъоло шоирлар ҳақида айтган бу сўзлардин кейин бизларнинг ҳолимиз не кечади, деганларида Ҳазрат шундай жавоб берганлар: "Мўъмин киши ҳам тиғи билан, ҳам тили (яъни, қалами) билан Аллоҳ Йўлида жиҳод қилур. Яратган Эгамнинг номига қасамки, сизлар отадиган ўқнинг тиғи ўткаиррорқдир".
227. Магар иймон келтирган ва яхши амаллар қилган ҳамда доим Аллоҳни ёдда тутган ва (илгари) мазлум бўлганларидаи кейин (Ислом зафар топгач), ғолиб бўлган кишилар (яъни, шоирлар йўлдан оздиргувчи эмаслар). Золим кимсалар эса яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар.