Бу сура ҳам Маккада нозил қилинган бўлиб, эллик тўқиз оятдир. Сура Қуръони Каримнинг муборак Қадр кечасида нозил бўлгани ҳақида хабар бериш билан бошланади.
Сўнгра бу азиз Китобдан шак-шубҳада бўлган мушриклар осмондан "тутун" — ғубор ёғиладиган кун билан огоҳлантириладиларки, суранинг "Духон — Тутун", деб номланиши шундандир. Бу сурада Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавн қавмига юборилишлари ва у зотга иймон келтирган кишиларга қандай нажот берилиб, инкор этганлар қандай ҳалокатга йўлиққанлари батафсил баён қилинади.
Сура кофирлар тушадиган дўзах даҳшатлари ва мўминлар учун тайёрлаб кўйилган жаннат манзараларини тасвирлаш билан ниҳоясига етади.
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан
1. Ҳо. Мим.
2-3. Очиқ-Равшан Китобга — Қуръонга қасамки, албатта Биз уни бир муборак-баракотли кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз (инсонларни ушбу Қуръон билан Охират азобидан) огоҳлантиргувчи бўлдик.
Изоҳ: Кўпчилик уламоларнинг айтишларича, бу кеча Рамазон ойидаги Қадр кечаси бўлиб, Қуръони Карим ўша кечада нозил бўла бошлагандир. Унинг "муборак-баракотли кеча" дейилишига сабаб эса жаҳолат зулматларида қолиб, ўз йўлини йўқотиб қўйган инсоният олами ўша кечада осмон билан боғланиб, ундан ўзи учун то Қиёмат дастурул-амал бўладиган Илоҳий йўл-йўриқлар ола бошлаганидир. Бу кечанинг яна бошқа хислатлари ҳам борки, у ҳақда қуйидаги оятларда баён қилинади.
4. У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур).
Изоҳ: Ибн Аббос (Аллоҳ ундаи рози бўлсин) айтадиларки, Аллоҳ таоло бу кечада то келгуси сананинг шу кечасигача бўладиган, бандаларга тааллуқи барча ишлар ҳиқида ҳукм қилур.
5. (Бу кечада тақдир қилинадиган барча ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган Ишдир. Дарҳақиқат, Биз (башариятга пайғамбарлар) юборгувчи бўлдикки;
6. (Бу) Парвардигирингиз томонидан бўлган раҳмат-меҳрибонликдир. Албатта Унинг Ўзи (барча нарани) Эшитгувчи, Билгувчидир.
7. Агар ҳақиқий ишонгувчи бўлсангизлар (ўша сизларнинг Парвардигорингиз) осмонлар ва ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг ҳам Парвардигоридир.
8. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Сизларнинг Парвардигорнигиз ҳам, аввалги ота-боболарингизнинг Парвардигори ҳам (Унинг Ўзидир).
9. Йўқ, улар (яъни, мушриклир қайта тирилиш хусусида) шак-шубҳада бўлиб, (Аллоҳнинг пайғамбарларининг устидан масхара қилиб) ўйнарлар.
10. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз осмон очиқ (яъни, барчага кўрчинадиган) тутунни келтирадиган Кунга кўз тутинг!
11. У (тутун барча) одамларни ўраб олур. Бу аламли азобдир.
Изоҳ: Имом Бухорий ривоят қилишларича, қурайшликлар ўз куфру-исёнларидан қайтишмагач, пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таъолодан Юсуф пайғамбар замонларида бўлиб ўтган қаҳатчилик каби бало юборишини сўраган эканлар. Шунда бир неча йил давомида шундай қурғоқчилик ва қаҳатчилик бўлибдики, одамлар қўлларига тушган нарсани ея бошлабдилар ва қуриб-қақшаб кетган ердан кўтарилган чанг-тўзон уларнинг кўзларига тутундек кўрина бошлабди. Ана энди улар Аллоҳ таъолога ёлвориб дуо-илтижо қилишга тушадилар.
12. "Парвардигор, Ўзинг бизлардан бу азобни аритгин. Албатта бизлар иймон келтиргувчидирмиз".
13-14. (Лекин) улар учун қаёқдан ҳам (бошларига тушган бу бало-офатлардан) эслатма-ибрат олиш бўлсин?! Ҳолбуки, уларга очиқ Пайғамбар (яъни, Муҳаммад алайҳиссалом) келди, сўнгра ундан юз ўгирдилар ва: "(Унга Қуръон бировлар томонидан) ўргатиб қўйилган, (у) мажнун", дедилар-ку?! (Бас, очиқ-равшан мўъжиза — Қуръонни келтирган Пайғамбарга иймои келтирмай, ундан юз ўгирган кимсалар бошқа бирон нарсадан панд-насиҳат олармидилар?!
15. Албатта Биз бу азобни (сизлардан) бир оз (вақтгача) аритгувчидирмиз, сизлар хам шак-шубҳасиз, (ўз куфру исёнларингизга) қайтувчидирсизлар.
16. Биз даҳшатли ушлаш билан ушлайдиган кунда (яъни, Бадр жангида ёки Қиёмат Кунида Биз улардан интиқом олурмиз). Зеро, Биз Интиқом олгувчидирмиз.
17. Аниқки, Биз улардан илгари Фиръавн қавмини ҳам имтиҳон қилганмиз ва уларга бир улуғ пайғамбар (яъни, Мусо алайҳиссалом) келгандир.
18. (У Фиръавн ва унинг одамларига деди): "Сизлар менга Аллоҳнинг бандаларини (яъни, бани Исроил қавмини) топширинглар! Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман".
Изоҳ: Маълумки, Фиръавн ва унинг қавми бўлган мисрлик қибтийлар бани Исроил қавмини мустамлака қилиб, уларга кўп зулму зўравонликлар қилар эдилар. Мусо пайғамбар Аллоҳ таъолонинг амри билан Фиръавн олдига бориб, ундан бани Исроил қавмини Мисрдаги тутқунликдан озод қилиб, ўз ватанлари Шом диёрига кетишларига йўл беришини талиб қилади. Мазкур ва қуйидаги оятларда шу ҳақда хабар берилади.
19. "Ва Аллоҳга кибру ҳаво қилманглар! Албатта мен сизларга (ўзимнинг ҳақ пайғамбар эканлигимга) очиқ-равшан ҳужжат (мўъжизалар) келтирурман".
20. (Шунда Фиръавн ва унинг қавми Мусони ўлдириш билан таҳдид солганларида у деди): "Албатта мен Парвардигорим ва Парвардигорингиз (бўлмиш Аллоҳ)дан сизлар мени тошбўрон қилишларингиздан паноҳ сўрагайман, (демак, сизларнинг таҳдидларингиздан қўрқмайман).
21. Агар менга иймон келтирмасангизлар, у ҳолда мени холи қўйинглар!''
22. Бас, у Парвардигорига: "Дарҳақиқат, улар жиноятчи қавмдир (яъни, Ўзинг уларнинг жазоларини бергин)», деб дуо қилди.
23. Бас, (Аллоҳ Мусога ваҳий юбордики), "Бандаларим (яъни, бани Исроил қавми) билан бирга тунда йўлга чиққин! Албатта сизларнинг изингизга тушилур. (Яъни, Фиръавн ва унинг қўшини ортингиздан қувиб етур).
24. Ва денгизни сокин (яъни, сизлар ўтаётганда иккга бўлинган эди, ана ўша ҳолида) қўявергин (ва Фиръавн ундан ўз қўшини билан ўтиб олишидан қўрқма). Шак-шубҳасиз, улар ғарқ қилингувчи қўшиндир".
25-26. Улар қанчадан-қанча боғларни, чашмаларни, экинзорларни ва улуғ-гўзал жойларни қолдириб (ўзлари ғарқ бўлиб) кетдилар!
27. Ва (қанчадан-қанча) ўзлари вақтичоғлик қилган неъматларни (қолдириб кетдилар)!
28. Шундай қилиб, Биз у (неъматларни) бошқа бир қавмга мерос қилиб бердик!
29. Бас, уларга осмон ҳам, ер ҳам (аза тутиб) йиғлагани йўқ ва уларга (тавба-тазарруъ учун) муҳлат ҳам берилмади!
30-31. Дарҳақиқат, Биз бани Исроилга хор қилгувчи азобдан — Фиръавндаи нажот бердик. У ҳақиқатан, мутакаббир, хаддан ошувчилардан эди.
32. Дарҳақиқат, Биз уларни (бани Исроил қавмини) билган ҳолимизда (ўз замонларидаги) барча оламлар — одамлардан танлаб олдик — афзал қилдик.
33. Ва уларга оят-мўъжизалардан (денгизнинг қоқ ўртасидан бўлиниши, осмондан ризқу рўз ёғилиши каби) нарсаларни ато этдикки, уларда (тафаккур қилгувчи учун) очиқ имтиҳон-синов бордир.
34-35-36. Албатта ана улар (яъни, Қурайш кофирлари: "ўлим) фақат биринчи ўлимимиздир ва бизлар қайта тирилгувчи эмасмиз. Бас, агар ("Охират ҳаёти ҳам бор", деган сўзларингизда) ростгўй бўлсангизлар (ўлиб кетган) ота-боболаримизни (қайта тирилтириб) келтиринглар-чи?", дерлар.
37. Улар (куч-қувватда) яхшироқми ёки Туббаъ қавми ва улардан аввалги кимсаларми?! Биз уларни ҳалок қилдик. Чунки улар жиноятчи — осий эдилар.
Изоҳ: Туббаъ — қадим замонда Мадина атрофида яшаб ўтган бир солиҳ подшоҳ бўлиб, унинг қавми жуда бақувват кишилар эди. Улар куч-қувватларига ишониб Туббаъги итоат этмаганлиридан кейин Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилган эди. Ушбу оят "Бизларни ёшимизни яшаб бўлгунмизча ҳеч ким ҳалок қила олмайди ва ўлганимиздан кейин ҳеч киш тирилтира олмайди", дейдиган Қурайш кофирлари ҳақидадир.
38. Биз осмонлар ва ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб-беҳуда яратганимиз йўқ.
39. Биз уларни фақат Ҳақ (қонун, интизом) билан яратганмиз. Лекин уларнинг кўплари билмаслар.
40. (Ҳақ билан ботилиинг) ажралиш Куни (яъни, Қиёмат Куни) барчаларининг (инсонларнинг ҳисоб-китоб) вақтидир.
41. У Кунда дўст дўстга бирон нарсада асқотмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас.
42. Магар Аллоҳ раҳмат қилган кишиларгагина (ёрдам берилур). Албатта Унинг Ўзигина Қудратли ва Меҳрибондир.
43-44. Албатта (дўзахнинг ўртасида ўсадиган) Заққум дарахти гуноҳкорнинг таомидир.
45-46. (У таом) мисоли қайноқ сувнинг қайнаши каби қоринларда қайнайдиган эритилган (дорланган) ёғдир!
47-48. (Дўзах фаришталарига): "Уни (гуноҳкорни) ушлаб дўзахнинг ўртасига судраб олиб боринглар, сўнгра боши устидан қайноқ сувдан — азобдан қуйинглар!" (деб амр этилур).
49-50. (Унга масхара қилиш учун: "Мана бу азобни) тотиб кўргин! Ахир сен "қудратли ва улуғсан-ку". Дарвоқеъ, бу (азоб) сизлар (ҳаёти дунёдалик пайтингизда) шак-шубҳа қилган нарсангиздир!", (дейилур).
51-52. Албатта тақводор зотлар (У Кунда) осойишта жойда, боғлар ва чашмалар устида бўлурлар.
53. Улар бир-бирларига рўбарў бўлган ҳолларида ипак-шойидан либослар кийиб (ўлтирурлар).
54. Мана шундай! Яна Биз уларга оҳукўз хурларни жуфти ҳалол қилиб қўйгандирмиз.
55. Улар у жойда тинч-хотиржам бўлган ҳолларида (хизматкорлардан) барча мева-чевани чақирурлар.
56. Улар (жаннатда) биринчи ўлимдан (яъни, ҳаёти дунёдан кўз юмганларидан) бошқа ўлимни тотмаслар. (Аллоҳ) уларни дўзах азобидан сақлагандир.
57. (Бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган фазлу марҳаматдир. Мана шу буюк саодатдир.
58. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), дархақиқат, шояд улар эслатма-ибрат олсалар, деб Биз (бу Қуръонни) Сизнинг тилингиз билан осон-енгил қилиб бердик, (Лекин улар Куръон панд-нисиҳатларини қибул қилмадилар).
59. Бас, энди Сиз (уларнинг ҳоллари не кечишига) кўз тутинг! Улар ҳам албатта (Сизнинг ҳалокатингизга) кўз тутгувчидирлар.