loader

059. Ҳашр сураси

Ҳашр - тўплаб сургун қилиш.  
Сурада Мадинадаги Бану Назир исмли яҳудийлар қабиласининг ёвуз кирдикорлари туфайли юртларидан сургун қилинишлари тўғрисида маълумотлар бор. Шунингдек, унда мўминлар ва мунофиқлар, яхшилар ва ёмонларнинг таъриф ва тавсифлари ифода этилган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Аллоҳга тасбеҳ айтур. У қудрат ва ҳикмат соҳибидир.
2. У аҳли китоблардан (яҳудийлардан) кофир бўлган кимсаларни биринчи "тўплаш"даёқ ўз диёрларидан ҳайдаб чиқарган зотдир. (Эй, мўминлар,) сизлар уларни чиқиб кетишларини ўйлаган ҳам эмас эдингиз, улар ҳам ўзларининг қалъаларини Аллоҳ (азоби)дан тўсувчи деб ўйлаган эдилар. Бас, Аллоҳ(нинг азоби) улар ҳисобга олмаган томондан келди ва дилларига қўрқинч солди. Улар уйларини ўз қўллари ва мўмин-ларнинг қўллари билан бузар эдилар. Бас, эй, ақл эгалари, (улардан) ибрат олингиз!
Изоҳ: Қамалда қолган Бану Назир қабиласи кишилари иккинчи бор сулҳ тузишни таклиф қиладилар, лекин Расулуллоҳ бир марта сулҳга хиёнат қилган бу қабила билан сулҳ тузишдан бош тортадилар ва нарсаларини олиб юртдан чиқиб кетишларини талаб қиладилар. Талаб амалга ошади.
3. Агар Аллоҳ уларга сургунни ёзмаганида, албатта, уларни мана шу дунёда (қатл қилиш ёки асрга олиш билан) азоблаган бўлур эдик. Улар учун охиратда дўзах азоби ҳам бордир.
4. Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турганларидир. Кимки Аллҳга қарши турса, бас, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир.
5. (Эй, имон келтирганлар,) сизлар (Бану Назир хурмозорларидан) бирор хурмо дарахтини кесдингларми ёки уни ўз таналарида турган ҳолида қолдирдингларми, бас, (қилинган иш) Аллоҳнинг изни билан ва фосиқ (итоатсиз) кимсаларни расво қилиш учундир.
6. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига улардан ўлжа қилиб берган нарсалар устига сизлар от ва туяларни миниб борганларингиз ёъқ (қийналиб қўлга киритганларингиз ёъқ), лекин Аллоҳ Ўз пайғ амбарларини Ўзи хоҳлаган кимсалардан устун қилиб қўяр. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
7. Аллоҳ қишлоқ (шаҳар)ларнинг (кофир) аҳолисидан ўз пайғамбарига ўлжа қилиб берган нарсалар - токи сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина қўлма-қўл бўлиб юраверадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун - Аллоҳга, Пайғамбарга ва (у зотнинг) қариндошлари, етимлар, мискинлар ва мусофирларга тегишлидир. Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олинглар, у сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир.
8. (У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар - камбағал муҳожирларникидир, зеро, улар Аллоҳдан фазл ва ризолик истаганлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайқамбарига ёрдам берганлар. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар.
9. Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадинадек) диёрда яшаган ва имонни сақлаганлар (ансорлар) эса ўзлари (ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга берилган нарса (ўлжалар) сабабли ҳасад сезмаслар ҳамда ўзларида эҳтиёж бўла туриб, (еҳсон қилишда ўзгаларни) ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар иқболлидирлар.
Изоҳ: Бу ояти каримада мадиналик мусулмонлар қанчалик олийжаноб мурувватли ва сахий эканлари таъриф этилган. Ўзлари муҳтож бўлатуриб, нарсаларини ўзга муҳтожларга эҳсон қилиш бу саховат ва карамнинг энг юқори чўққисидир. Бу хислат араб тилида "ийсор" дейилади.
10. Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: "Эй, Раб бимиз, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари имон билан ўтганларни мағфират қилгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз, албатта, Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан!"
11. (Эй, Муҳаммад,) мунофиқ кимсалар ўзларининг аҳли китобларидан (яҳудийлардан) бўлмиш кофир биродарларига: "Қасамки, агар сизлар (Мадинадан) қувиб чиқарилсангизлар, албатта, бизлар ҳам сизлар билан бирга чиқиб кетурмиз ва сизлар(га қарши ҳаракат)да ҳеч қачон ҳеч кимга итоат этмасмиз. Агар сизларга қарши жанг қилинса, албатта, бизлар сизларга ёрдам берурмиз",- дйишларини кўрмайсизми? Аллоҳ гувоҳлик берурки, улар, албатта, ёлғончидирлар.
12. Қасамки, агар (яҳудийлар ўз диёрларидан) қувиб чиқарилсалар, (мунофиқлар) улар билан бирга чиқиб кетмаслар. Қасамки, агар (яҳудийларга қарши) жанг қилинса, (мунофиқлар) уларга ёрдам ҳам бермаслар. Мабодо ёрдам берсалар ҳам, албатта, яҳудийлар (мағлуб бўлиб) ортларига қараб қочурлар ва кейин уларга ёрдам берилмас.
13. (Эй, мўминлар,) сизлар (мунофиқларнинг) дилларида Аллоҳдан кўра қўрқинчлироқдирсизлар. Бунга сабаб, улар (Аллоҳнинг қудратини) англамайдиган қавм эканликларидир.
14. Улар (мунофиқ ва яҳудийлар) ҳаммаси сизлар билан фақат қалъали қишлоқлар (ичида беркиниб) ёки деворлар ортидагина жанг қила олурлар. Улар ўз ўрталарида "кучли"дирлар. (Сўзларидан) уларни бир деб ҳисоблайсиз-у, (аммо) диллари хилма-хилдир. Бунга сабаб уларнинг ақлсиз қавм эканликларидир.
15. (Улар) худди ўзларидан озгина олдин ўтган, ўз қилмишларининг уволига қолган кимсаларнинг (Бадр жангида енгилган мушрикларнинг) ўхшашидирлар. Уларга (охиратда ҳам) аламли азоб бордир.
16. (Улар) худди шайтоннинг ўхшашидирлар.Қайсики, у инсонга: "Кофир бўл", - дейди. Бас, қачонки, (инсон) кофир бўлгач, (шайтон унга): "Мен сендан безорман. Зеро, мен (барча) оламлар Парвардигори - Аллоҳдан қўрқарман", - дейди.
17. Бас, иккисининг (шайтон ва кофирнинг) оқибати дўзахга кириб, унда мангу қолишлари бўлди. Золим кимсаларнинг жазоси шудир.
18. Эй, имон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон (егаси) эртанги кун (Қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
19. Сизлар Аллоҳни унутиб қўйганлар, бас, (шундан кейин Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унутдириб қўйган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқ (итоатсиз) кимсалардир.
20. Дўзах аҳли билан жаннат аҳли баробар бўлмас. Жаннат аҳли ютуққа эришган зотлардир.
21. Агар Биз ушбу Қуръонни бирор тоғ узра нозил қилганимизда эди, албатта, у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан бўйин сунган ва ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. Биз бу мисолларни одамларга зора улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз.
22. У - Аллоҳ, шундай зотдирки, Ундан ўзга илоҳ ёъқдир. (У) яширин ва ошкора нарсаларни билувчидир. У меҳрибон ва раҳмлидир.
23. У - Аллоҳ, шундай зотдирки, Ундан ўзга илоҳ ёъқдир. (У) подшоҳ, (барча айб-нуқсонлардан) пок, (бандаларига) омонлик берувчи, кузатиб турувчи, қудрат соҳиби, бўйин сундирувчи ва кибр эгасидир. Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан покдир.
24. У - Аллоҳ, яратувчи, (ёъқдан) бор қилувчи, (барча нарсага) сурат (ва шакл) берувчидир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Унга тасбеҳ айтур. У қудрат ва ҳикмат соҳибидир.

Орқага Олдинга