loader

060. Мумтаҳана сураси

Мумтаҳана - имтиҳон қилинувчи аёл.  
Сурада мушриклардан қочиб Мадинага ҳижрат қилиб келувчи баъзи аёлларни ҳақиқий мўмина эканлигини синаб кўриш лозимлиги, мусулмонларга қарши урушмаётган, қувғин қилмаётган ғайри динлар билан яхши муомалада бўлиш жоизлиги каби тавсиялар мавжуд.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Эй, имон келтирганлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманингиз бўлмиш мушрикларни дўст тутмангизлар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хабар) юборурсизлар, ҳолбуки, улар сизларга келган Ҳақ (дин ва Қуръон)ни инкор этгандирлар. (Яъни,) улар пайғамбарнинг ва сизларнинг Раббингиз бўлмиш Аллоҳга имон келтирганларингиз сабабли (ўз диёрларингиздан) ҳайдаб чиқармоқдалар. Агар сизлар Менинг ёълимда жиҳод қилиш учун ва Менинг розилигимни истаб чиққан бўлсангизлар (уларни дўст тутмангизлар)! Сизлар уларга пинҳона дўстлик қилмоқдасизлар. Ҳолбуки, Мен сизлар яширган ва ошкор қилган нарсани яхши билувчидирман. Сизлардан кимки шу (иш)ни қилса, бас, аниқки, у тўғри ёълдан озибди.
Изоҳ: Пайғамбар (а.с.)га хиёнат қилиб Макка зодагонларига яширинча хат ёзган Хотиб ибн Балтаа узр айтганда, узрини қабул этганлар. Лекин бу иш бошқаларга ибрат бўлиши учун оятда огоҳлантирилмоқда.
2. (Ей, мўминлар,) агар улар (мушриклар) сизлардан устун келсалар, душманларингиз бўлурлар ва сизларга қўл ва тилларини ёмонлик билан чўзурлар. Яна улар сизларни кофир бўлишларингизни истарлар.
3. (Қиёмат кунида) сизларга қариндошларингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам сира фойда бермас! Қиёмат куни (Аллоҳ) ўрталарингизни ажратиб қўяр. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.
4. Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда гўзал намуна бордир. Қайсики, улар ўз қавмларига: "Бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсаларингиздан безормиз. Бизлар сизларни инкор этдик. Токи, сизлар ёлғиз Аллоҳга имон келтирмагунларингача, сизлар билан бизнинг ўртамизда мангу адоват ва нафрат пайдо бўлди", - дедилар. Фақат Иброҳимнинг ўз отасига: "Албатта, мен (Аллоҳдан) сен учун мағфират сўрайман, (лекин) сенга Аллоҳ томонидан бўладиган бирор нарсани (азобни) қайтаришга молик эмасман", - деган сўзи бундан мустаснодир. (Иброҳим ва бирга бўлган мўминлар дуоси бу эди): "Ей, Раббимиз, Сенгагина таваккул қилдик, Ўзингга қайтдик ва қайтишимиз ҳам фақат сенинг ҳузуринггадир.
5. Эй, Раббимиз, Бизни кофир бўлган кимсаларга алданувчи қилиб қўймагин, бизни мағфират этгин! Эй, Раббимиз, албатта, Сен Ўзинг қудрат ва ҳикмат соҳибидирсан."
6. Дарҳақиқат, сизлар учун - Аллоҳ ва охират Кунидан умидвор бўлган кишилар учун - уларда (мазкурларда) гўзал намуна бордир. Кимки юз ўгириб кетса, бас, албатта, Аллоҳ (ҳар нарсадан) беҳожат ва ҳамдга лойиқ зотдир.
7. Эҳтимол, Аллоҳ сизлар билан сизлар душман тутиб юрган кимсалар ўртасида - (уларни Исломга киритиб) дўстлик пайдо қилиб қўяр. Аллоҳ қодирдир. Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.
8. Динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатлиларни севар.
9. Аллоҳ сизларни фақат динларингиз тўғрисида сизлар билан урушган ва сизларни ўз диёрларингиздан (ҳайдаб) чиқарган ҳамда сизларни ҳайдаб чиқаришда бир-бирларига ёрдамлашган кимсалар билан дўстлашишларингиздан қайтарур. Кимки улар билан дўстлашса, бас, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзидир.
10. Эй, мўминлар, қачонки, сизларга (Макка кофирлари томонидан) мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, сизлар уларни имтиҳон қилиб кўринглар! Аллоҳ уларнинг (дилларидаги) имонларини яхши билувчидир. Бас, агар уларнинг (ҳақиқатан) мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар! Булар (улар) учун ҳалол эмас ва улар булар учун ҳалол эмасдир, уларга сарфлаган маҳрларини эрларига (қайтариб) беринглар! Қачонки, уларга (ерларига) маҳрларини берсангизлар, уларни никоҳларингизга олишда сизларга гуноҳ ёъқдир. (Шунингдек), сизлар ҳам кофираларнинг қўлларини тутманглар!* Ўзларингиз сарфлаган маҳрни талаб қилинглар ва улар ҳам сарфлаган маҳрларини (мўминлардан) талаб қилсинлар! Бу Аллоҳнинг ҳукмидир. У сизларнинг ўртангизда ҳукм қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат соҳибидир.
Изоҳ: Яъни кофира хотинларингиз кофирлар билан қолишни истасалар, қаршилик қилмангизлар. Изоҳ(а): "Бу Аллоҳнинг ҳукмидир" оятигача маҳрни қайтариб олишга доир ҳукмлар мансух бўлган, яъни амалдан қолдирилган. (Мадорик тафсири).
11. Агар жуфтларингиздан бирортаси кофирлар томонига ўтиб кетса-ю, (маҳрини унинг эрига қайтармасалар) сўнг сизлар жазоласангизлар (ва ўлжа олсангизлар,) у ҳолда жуфтлари (кофирлар томонига ўтиб) кетган кишиларга улар сарфлаган маҳр миқдорини беринглар ва ўзларингиз имон келтирувчи бўлган Аллоҳдан қўрқинглар!
12. Эй, Пайғамбар, қачонки, Сизнинг олдингизга мўминалар келишиб, Сизга ўзларининг Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасликларига, ўғирлик қилмасликларига, зино қилмасликларига, ўз болаларини ўлдирмасликларига, қўллари ва оёқлари орасида тўқиб оладиган буҳтонни келтирмасликларига* ҳамда бирор яхши ишда Сизга итоатсизлик қилмасликларига қасамёд қилсалар, Сиз уларнинг қасамёдларини қабул қилинг ва улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.
Изоҳ: Бу оятдаги бўҳтон тўқишдан мурод бошқадан туқилган болани ўз эрига сендан деб ўтказишдир.
13. Эй, имон келтирганлар, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавм билан дўстлашмангизлар! Худди барча кофирлар қабр эгалари (қайта тирилишлари)дан ноумид бўлганларидек, улар ҳам охиратдан ноумид бўлгандирлар.

Орқага Олдинга