loader

026. Шуаро сураси

Шуаро - шоирлар.
Сурада тавҳид, имон, Ислом, инсоний фазилатларга даъват, коинот сирлари, пайғамбарлар, охиратга тааллуқли маълумотлар ёритилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. То, Син, Мим.
2. Ушбулар аниқ Китоб оятларидир.
3. (Эй, Муҳаммад,) эҳтимол, Сиз (Макка мушриклари) мўмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилмоқчидирсиз.
4. Агар Биз хоҳласак, уларга осмондан мўъжиза нозил қилар эдик-да, у сабабли бўйинлари эгилиб қоларди.
5. Уларга Раҳмон (томони)дан янги эслатма келиши билан, албатта, улар ундан юз ўгирувчи бўлдилар.
6. Бас, улар (пайғамбарни) инкор этдилар. Уларга эса ўзлари масхара қилган нарсанинг ахбороти келур.
7. Ахир, (улар) ерга боқиб, унда барча турдаги фойдали навлардан қанчасини ундириб қўйганимизни кўрмадиларми?!
8. Албатта, бунда аломат бордир. (Лекин) уларнинг кўплари имон келтирувчи бўлмадилар.
9. Раббингиз эса, У қудратли ва раҳмлидир.
10. (Эй, Муҳаммад,) эсланг, Раббингиз Мусога нидо қилиб: "Золимлар қавмига боргин -
11. Фиръавн қавмига. Улар (Мендан) қўрқмайдиларми?!" (деган эди).
12. Мусо айтди: "Эй, Раббим (борурман, лекин) улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқаман.
13. Дилим танг бўлур, тилим эса бурро эмас. Бас, (биродарим) Ҳорунга ҳам (пайғамбарлик) юборгин!
14. Яна улар наздида менинг гуноҳим бор. Бас, мени ўлдириб қўйишларидан қўрқаман". Изоҳ: Яъни, мисрлик бир қибтий йигитни ўлдирганман.
15. (Аллоҳ) деди: "Ёъқ (ўлдира олмаслар)! Бас, (Ҳорун билан) мўъжизаларимизни олиб боринглар! Албатта, Биз сизлар билан бирга (савол-жавобларингизни) тинглаб турувчидирмиз.
16. Бас, икковингиз Фиръавнга бориб айтинглар: "Ҳақиқатан, биз оламлар Парвардигорининг элчиларимиз.
17. Исроил авлодини бизга қўшиб (ўз юртлари - Фаластинга) жўнатгин!"
18. (Фиръавн Мусога) деди: "Биз сени болалик чоғингда ўз ичимизда тарбияламаганмидик, умрингнинг бир неча йилида орамизда турган эдинг-ку!
19. Кейин ношукрлардан бўлиб қилган ишингни қилган эдинг-ку!"
20. (Мусо) айтди: "Ўшанда мен у ишни янглишганлардан бўлиб қилган эдим.
21. Сўнгра сизлардан қўрқиб қочиб кетдим.Кейин Раббим менга ҳикмат берди ва мени пайғамбарлардан қилди.
22. Ўша сен менга миннат қилаётган неъмат (аслида) сен Исроил авлодини қул қилиб олишинг туфайлидир".                     Изоҳ: Яъни, ўзингни ўтказган зулминг туфайли мен сенинг саройингга келиб қолганман. Акс ҳолда, ўз оиламда тарбия топган бўлур эдим. Шунинг учун мени парвариш қилганингни миннат қилма.
23. Фиръавн деди: "Оламлар Парвардигори (деганинг) нимаси яна?"
24. (Мусо) айтди: "Агар ишонадиган бўлсанглар, У осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларнинг Парвардигори (мураббийси)дир".
25. (Фиръавн) атрофидаги (аъён)ларга: "Ешитмаяпсизларми", - деди.
26. (Мусо) айтди: "(У) сизларнинг ҳам, ўтган ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигоридир".
27. (Фиръавн) деди: "Сизларга юборилган (бу) пайғамбарингиз, қасамки, жиннидир".
28. (Мусо) айтди: "Агар ақл ишлатувчи бўлсангизлар, У машриқ ва мағриб ҳамда уларнинг ўртасидаги нарсаларнинг (ҳам) Парвардигоридир".
29. (Фиръавн) деди: "Қасамки, агар мендан ўзгани илоҳ қилиб оладиган бўлсанг, албатта, мен сени зиндонбандлардан қилурман!"
30. (Мусо) айтди: "Агар мен сенга аниқ нарса (мўъжиза) келтирсам-чи?"
31. (Фиръавн) деди: "Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг, ўша (мўъжизанг)ни келтир-чи?!"
32. (Мусо) асосини ташлаган эди, бирданига у аниқ аждаҳога айланди.
33. Қўлини (қўйнидан) чиқарган эди, бехос у қараб турганларга оқ бўлиб кўринди, (ҳолбуки, Мусо ўзи қорамтир одам эди).
34. (Фиръавн) атрофидаги зодагонларга: "Аниқки, бу (Мусо) билимдон сеҳргардир.
35. У ўз сеҳри билан сизларни ўз ерларингиздан чиқармоқчи. Нима дейсизлар?" - деди.
36. Улар айтишди: "Уни ва акаси (Ҳорун)ни қўйиб тургин-да, ҳамма шаҳарларга (сеҳргарларни йиғиб келадиган кишиларни) жўнатгин!
37. Улар сенга барча ўткир сеҳргарларни келтирсинлар!"
38. Бас, сеҳргарлар маълум кунда белгиланган жойга тўпландилар.
39. Одамларга айтилди: "Сизлар тўпланиб бўлдингларми?
40. Балки, биз, сеҳгарлар ғолиб чиқсалар, уларга эргашурмиз"
41. Қачонки, сеҳргарлар келишгач Фиръавнга: "Агар биз ғолиб бўлсак, албатта, бизлар учун (катта) мукофот бўлурми?" - дейишди.
42. (У:) "Ҳа, у ҳолда, албатта, сизлар менинг яқинларимдан бўлурсизлар", - деди.
43. Мусо уларга: "Ташлайдиган нарсаларингизни ташланглар!" - деди.
44. Бас, улар арқон ва асоларни (ерга) ташладилар ва: "Фиръавннинг қудратига қасамки, албатта, бизлар ғолиб чиқувчидирмиз", - дедилар.
45. Сўнгра Мусо асосини ташлаган эди, бирдан у (асо) уларнинг "ясама"ларини юта бошлади.
46. Бас, у сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида ерга йиқилдилар.
47. "Барча оламларнинг Парвардигорига,
48. Яъни, Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига имон келтирдик", - дедилар.
49. (Фиръавн ғазаб билан) айтди: "Мен изн бермай туриб унга имон келтирдингизми?! Албатта, у (Мусо) сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир. Бас, яқинда билурсизлар Албатта, мен оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига (ўнг қўл, чап оёғингизни ёки аксинча) кесурман ва сизларнинг барчангизни осиб ташлайман!"
50. Улар дедилар: "Зарари ёъқ. Зеро, биз Раббимизга қайтувчидирмиз.
51. Биз (Мусога) имон келтирганларнинг биринчиси бўлганимиз сабабли, Раббимиз бизнинг гуноҳларимизни мағфират этишини умид қилурмиз".
52. Биз Мусога: "Бандаларим (Исроил авлоди) билан тунда ёълга чиққин! Албатта, сизларнинг изингизга тушилур", - деб ваҳий юбордик.
53. Бас, Фиръавн барча шаҳарларга (аскар) йиғувчиларни жўнатди (ва деди):
54. "Аниқки, улар озгина кишилардир.
55. Дарҳақиқат, улар (чиқиб кетишлари билан) бизларни ғазаблантирувчидирлар!
56. Бизлар эҳтиёткор жамоадирмиз".
57. Бас, уларни (Фиръавн ва унга эргашганларни) боғлар ва булоқлардан айирдик.
58. Хазиналар ва шинам маскандан ҳам.
59. Яна уларга Исроил авлодини ворис қилдик.
60. Бас, (Фиръавн лашкари) тонг пайтида уларнинг изига тушдилар.
61. Бас, қачонки, икки жамоа бир-бирини кўришгач, Мусонинг ҳамроҳлари: "Бизлар аниқ тутилдик", - дедилар.
62. (Мусо) айтди: "Ёъқ, мен билан бирга Парвардигорим бор. Албатта, У мени (хавфсиз) ёълга бошлар!"
63. Бас, Биз Мусога: "Асойинг билан денгизни ургин!" - деб ваҳий юбордик. Бас, (денгиз) бўлиниб, ҳар бир бўлак (сув) улкан тоғ каби бўлди.
64. Бошқаларни (Фиръавн ва унинг лашкарини ҳам) ўша (ёъл)га яқинлаштирдик.
65. Мусо ва у билан бирга бўлганларнинг барчаларини қутқардик.
66. Сўнгра бошқаларни (денгизга) ғарқ қилиб юбордик.
67. Албатта, бунда ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари имон келтирувчи бўлмадилар.
68. Албатта, Раббингиз қудратли ва раҳмлидир.
69. (Эй, Муҳаммад,) уларга Иброҳим хабарини ўқиб беринг!
70. Ўшанда у отаси ва қавмига: "Нимага ибодат қилмоқдасизлар?" - деди.
71. Улар: "Санамларга ибодат қилмоқдамиз. Бас, уларга сиғинишда давом этурмиз", - дедилар.
72. (Иброҳим) айтди: "Илтижо қилган пайтларингизда (бутларингиз) сизларни (илтижоларингизни) эшитадиларми?
73. Ёки сизларга фойда ё зарар етказа оладиларми?"
74. Улар дедилар: "Ёъқ, бизлар ота-боболаримизнинг мана шундай қилишларини кўрганмиз".
75. (Иброҳим) айтди: "Сиғинаётган нарсаларингни (ўйлаб) кўрдиларингизми?
76. Ўзларинг ва олдин ўтган ота-боболарингиз ҳам?
77. Албатта, улар менга душмандир. (Мен уларга эмас), оламлар Парвардигоригагина (ибодат қилурман).
78. У мени яратгандир, бас, У мени ҳидоят қилур.
79. Унинг Ўзигина мени едирур ва ичирур.
80. Касал бўлганимда, Унинг Ўзи менга шифо берур.
81. У мени ўлдирур, сўнгра (қиёмат куни қайта) тирилтирур.
82. У жазо куни (қиёматда) менинг хатоларимни мағфират этишини умид қилурман.
83. Эй, Раббим! Менга ҳикмат бахш этгин ва мени солиҳ (банда)ларга қўшгин!
84. Яна мен учун кейингилар ўртасида яхши гаплар пайдо этгин!
85. Яна мени неъматлар боғининг ворисларидан қилгин!
86. Отамни мағфират қилгин. У адашганлардан эди.
87. Қайта тириладиган Кунда мени шарманда қилмагин!".
88. У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас,
89. Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур).
90. (У кунда) жаннат тақводорларга яқин қилинур.
91. Дўзах эса ёълдан озганларга намойиш қилинур.
92. Ва уларга: "Ибодат қилиб ўтган бутларингиз қани
93. Аллоҳни қўйиб? Улар сизларга ёрдам бера оларми ёки ўзлари ёрдам ола билурми?!" - дейилур.
94. Бас, унга у (бут)лар, ёълдан озган кимсалар (дўзахга) улоқтирилур.
95. ва иблис лашкарларининг барчалари ҳам.
96. Улар (дўзахда) баҳслашар эканлар, дейдилар:
97. "Аллоҳга қасамки, албатта, бизлар аниқ залолатда эканмиз.
98. Қачонки, сизларни оламларнинг Парвардигорига тенглаштирган пайтимизда.
99. Бизларни айнан жиноятчилар ёълдан оздирдилар.
100. Энди бизлар учун на оқловчилар бор,
101. на бирор қадрдон дўст.
102. Бас, қанийди яна бир марта (яшашлик) бўлса-ю, бизлар ҳам мўминлардан бўлсак".
103. Албатта, бунда аломат (ибрат) бордир. (Лекин, одамларнинг) кўплари имон келтирувчи бўлмадилар.
104. Албатта, Раббингиз қудратли ва раҳмлидир.
105. Нуҳ қавми пайғамбарларни инкор этди.
106. Ўшанда уларга бирордарлари Нуҳ айтган эди: "Аллоҳдан қўрқмайсизларми?!
107. Албатта, мен сизларга юборилган ишончли пайғамбардирман!
108. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!
109. Мен сизлардан бу (даъватим) учун мукофот сўрамайман. Менинг мукофотим фақат оламларнинг Парвардигори зиммасидадир.
110. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!"
111. Улар дедилар: "Сенга разил (камбағал) одамлар эргашган бўлса, бизлар сенга (қандай қилиб) имон келтирайлик?!"
112. (Нуҳ) айтди: "Мен уларнинг нима иш қилувчи эканларини билмасман.
113. Агар сезсаларингиз, уларнинг ҳисобкитоби фақат Раббимнинг зиммасидадир.
114. Мен (сўзингизга кириб) мўминларни (ҳузуримдан) ҳайдовчи эмасман.
115. Мен фақат очиқ огоҳлантирувчидирман".
116. Улар дедилар: "Қасамки, агар (даъватингдан) тўхтамасанг, эй, Нуҳ, албатта, тошбўрон қилинувчилардан бўлурсан!"
117. (Шунда Нуҳ) айтди: "Эй, Раббим, қавмим мени инкор этдилар.
118. Энди Сен Ўзинг мен билан уларнинг орасини очиб қўйгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўминларга нажот бергин!"
119. Бас, Биз унга ва у билан бирга бўлган кишиларга (ичи) тўла кемада нажот бердик.
120. Сўнгра, (кема нажотидан) кейин қолганларни ғарқ қилдик.
121. Албатта, бунда аломат (ибрат) бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари имон келтирувчи бўлмадилар.
122. Албатта, Раббингиз қудратли ва раҳмлидир.
123. Од (қабиласи) пайғамбарларни инкор этди.
124. Ўшанда уларга биродарлари Ҳуд айтган эди: "(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?
125. Албатта, мен сизларга (юборилган) ишончли пайғамбардирман!
126. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!
127. Мен бу (даъватим) учун сизлардан мукофот сўрамайман. Менинг мукофотим фақат оламларнинг Парвардигори зиммасидадир.
128. Сизлар ҳар бир тепаликка ўйин-кулги учун бир белги (баланд бинолар) қураверасизларми?!
129. Гўё мангу яшаймиз, деб қасрларни солаверасизларми?!
130. Қачон (бирор кишини жазога) тутсан гизлар, бераҳмларча тутасизларми?!
131. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!
132. Сизларни ўзларингиз биладиган неъматлар билан сийлаган зотдан (Аллоҳдан) қўрқингиз!
133. У сизларни чорва ҳайвонлари ва ўғиллар билан қўллади,
134. боғлар ва булоқлар билан ҳам.
135. Мен сизларнинг устингизга улуғ кун (Қиёмат)нинг азоби (тушиши)дан қўрқаман".
136. Улар дедилар: "Сенинг насиҳат қилишинг ёки ваъз қилувчилардан бўлмаслигинг бизлар учун баробардир.
137. Албатта, бу (айшу ишратга берилиш) аввалгилардан қолган хулқ (одат)дир.
138. Бизлар шунинг учун азобланувчи эмасмиз".
139. Бас, улар (Ҳудни) ёлғончига чиқаришгач, Биз уларни ҳалок этдик. Албатта, бунда ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари имон келтирувчи бўлмадилар.
140. Албатта, Раббингиз қудратли ва раҳмлидир.
141. Самуд (қабиласи) пайғамбарларни инкор этди.
142. Ўшанда биродарлари Солиҳ уларга айтган эди: "(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?!
143. Албатта, мен сизларга (юборилган) ишончли пайғамбардирман!
144. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!
145. Мен бу (даъватим) учун сизлардан мукофот сўрамайман. Менинг мукофотим фақат оламларнинг Парвардигори зиммасидадир.
146. Сизлар тинчгина бу ердаги нарсаларга,
147. боғлару булоқларга,
148. экинлар ва новдалари мулойим хурмо дарахтлари ичига (мангу) қўйиб қўйилурмисиз?!
149. Яна зукколик билан тоғлардан уйлар ҳам ёънмоқдасизлар (ясамоқдасизлар)ми?!
150. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!
151. Ҳаддан ошувчиларнинг амрига итоат этманглар!
152. Улар ер юзида бузғунчилик қилурлар ва (ҳеч нарсани) ўнглай олмайдилар".
153. Улар дедилар: "Сен аниқ сеҳрланган кимсалардандирсан!
154. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамдирсан. Бас, агар (даъвоингда) ростгўйлардан бўлсанг, бирор мўъжиза келтир!".
155. У айтди: "(Менинг мўъжизам) мана шу туядир. (Маълум бир кун сув) ичиш навбати уникидир. Маълум бир кун эса сизларнинг ичиш навбатингиздир.
156. Яна унга бирор ёмонлик етказа кўрманглар, акс ҳолда сизларни улуғ кун (Қиёмат)нинг азоби тутар".
157. Бас, улар (туяни) сўйдилар-да, надомат қилувчиларга айландилар.
158. Уларни азоб тутди. Албатта, бунда аломат (ибрат) бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари имон келти рувчи бўлмадилар.
159. Албатта, Раббингиз қудратли ва раҳмлидир.
160. Лут қавми пайғамбарларни инкор этди.
161. Ўшанда уларга биродарлари Лут айтган эди: "(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?!
162. Албатта, мен сизларга (юборилган) ишончли пайғамбардирман.
163. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!
164. Мен бу (даъватим) учун сизлардан мукофот сўрамайман. Менинг мукофотим фақат оламларнинг Парвардигори зиммасидадир.
165. Сизлар оламлардан фарқли равишда эркакларга яқинлашурмисизлар?!
166. Ҳамда Раббингиз сизлар учун яратган жуфти ҳалолларингизни тарк қилурмисиз?! Ёъқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсизлар".
167. Улар дедилар: "Қасамки, агар тўхтамасанг, эй, Лут, албатта, сургун қилинувчилардан бўлурсан!"
168. У айтди: "Албатта, мен сизларнинг (бу) ишларингизни ёқтирмайдиганлардандирман.
169. Эй, Раббим, менга ва аҳлимга (мўминларга) улар қилаётган иш (касофати)дан нажот бергин".
170. Бас, Биз унга ва унинг барча аҳлига нажот бердик.
171. Илло (азобда) қолувчилардан бўлган бир кампирга (Лутнинг имонсиз хотинига нажот бермадик).
172. Сўнгра бошқаларни ҳалок қилдик.
173. Улар устига ёмғир (тош) ёг’дирдик. Бас, огоҳлантирилган (бу) кимсаларнинг ёмғири нақадар ёмон бўлди!
174. Албатта, бунда аломат (ибрат) бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари имон келтирувчи бўлмадилар.
175. Албатта, Раббингиз қудратли ва раҳмлидир.
176. Айка халқи ("Дарахтзор эгалари") (Шуайб пайғамбар қавми) пайғамбарларни инкор этдилар.
177. Ўшанда уларга Шуайб айтган эди: ("Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?!
178. Албатта, мен сизларга (юборилган) ишончли пайғамбардирман.
179. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!
180. Мен бу (даъватим) учун сизлардан мукофот сўрамайман. Менинг мукофотим фақат оламларнинг Парвардигори зиммасидадир.
181. Ўлчовни тўла ўлчанглар ва (одамларга) зиён етказувчилардан бўлманглар!
182. Шунингдек, тўғри тарози билан тортинглар!
183. Одамларга нарсаларни камайтириб берманглар ва ер юзида бузғунчилик тарқатиб юрманглар.
184. ҳамда сизларни ҳам, олдин яралганларни ҳам яратган Зотдан қўрқинглар!"
185. Улар дедилар: "Аниқки, сен сеҳрланган кимсалардандирсан!
186. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамдирсан. Бизлар сени ёлғончи кимсалардан деб гумон қилаяпмиз.
187. Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг, устимизга осмоннинг бир бўлагини ташлаб юбор!"
188. У айтди: "Раббим сизларнинг қилаётган амалларингизни яхши билувчидир".
189. Бас, улар (Шуайбни) инкор этишгач, уларни "соябон" кунининг азоби тутди. Дарҳақиқат, у улкан (даҳшатли) куннинг азоби эди.
Изоҳ: Ривоятларга қараганда, Шуайб қавми итоатсизлик қилаверганларидан кейин Аллоҳ таоло улар бошига иссиқлик балосини юборган. Улар булут остидан соя излаб турганларида кўкдан олов тушиб, уларни куйдириб юборган.
190. Албатта, бунда аломат (ибрат) бордир. (Лекин, одамларнинг) кўплари имон келтирувчи бўлмадилар.
191. Албатта, Раббингиз қудратли ва раҳмлидир.
192. Албатта, (бу Қуръон) оламлар Парвардигорининг нозил қилган (китоб)идир.
193. Уни Руҳул-амин (Жаброил) олиб тушди
194. қалбингизга, огоҳлантирувчи (пайғамбар)лардан бўлишингиз учун,
195. аниқ араб тилида.
196. Албатта, (Қуръондаги айрим хабарлар) ўтганларнинг китобларида ҳам бордир.
197. Ахир, (Қуръон ҳақида) Исроил авлоди олимларининг билишлари улар учун далил эмасми?!
198. Агар Биз (Қуръонни) ажамлардан (араб бўлмаганлардан) бирига нозил қилсак,
199. уни уларга ўқиб берганда ҳам имон келтирувчи бўлмас эдилар.
200. Куфрни жиноятчи кимсаларнинг дилларига мана шундай ёъллаб қўйганмиз.
201. Улар то аламли азобни кўрмагунларича, унга имон келтирмайдилар.
202. Бас, у (азоб) уларга ўзлари сезмаган ҳолларида тўсатдан келур.
203. Сўнгра улар: "Бизларга (бир оз) муҳлат берилармикан", - деб қолурлар.
204. Бас, улар Бизнинг азобимизни қистаяптиларми?!
205. (Эй, Муҳаммад,) кўрдингизми, агар Биз уларни (узоқ) йиллар (сиҳат-саломатлик, молдавлат билан) фойдалантирсак,
206. сўнгра уларга ваъда қилинган нарсалари (яъни, азоб) келганда,
207. уларга (дунёда) фойдаланган нарсалари асқотмайди-ку!
208. Биз бирорта ҳам огоҳлантирувчиси бўлмаган қишлоқ (шаҳар)ни ҳалок қилмадик.
209. Эслатма бўлсин, деб (шундай қилдик), Биз золим эмасмиз!
210. (Қуръонни осмондан) шайтонлар (жинлар) олиб тушганлари ёъқ.
211. Улар учун бунинг имкони ёъқ ва улар бунга қодир ҳам эмаслар.
212. Чунки улар (ваҳийни хуфёна) эшитиб олишдан четлатилгандирлар.
213. Бас, (эй, Муҳаммад,) Аллоҳга қўшиб бошқа (бирор) "илоҳ"га илтижо қилманг! Акс ҳолда азобланувчилардан бўлиб қолурсиз.
214. Яқин қариндошларингизни (Аллоҳ азобидан) огоҳлантиринг!
215. Сизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг!
216. Бас, агар улар итоатсизлик қилсалар, у ҳолда айтинг: "Албатта, мен сизлар қилаётган ишдан покдирман".
217. Қудратли ва раҳмли (Аллоҳ)га таваккул қилинг!
218. У Сизни (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам кўради,
219. сажда қилувчилар (намоз ўқувчилар) орасида кезган (вақтингизда ҳам) кўриб турур.
Изоҳ: Намоз ўқувчилар орасида кезган, яъни, тунда таҳажжуд намозини ўқиётган саҳобаларингиз ҳолидан хабар олиб юришингизни ҳам Аллоҳ кўриб-билиб турур.
220. Албатта, У эшитувчи ва билувчидир.
221. (Эй, Муҳаммад, айтинг): "Мен сизларга шайтонлар (жинлар) кимларга тушиши ҳақида хабар берайми?
222. Улар барча бўҳтончи, гуноҳга ботганларга тушурлар.
223. Эшитиб олганларини уларга ташларлар. (Лекин) Уларнинг кўплари ёлғончилардир".
224. Шоирларга ёълдан озганлар эргашурлар.
225. Уларнинг ҳар водийда (мавзуда) дайдишларини кўрмадингизми?!  
226. Ўзлари қилмайдиган нарсаларни гапиришларини ҳам?!
Изоҳ: 225 - 226 - оятлардаги шоирлардан мурод ўша даврдаги ёмон ниятли, лаганбардор, ёлғон тўқувчи маддоҳ шоирлардир. Аммо яхши шоирлар тўғрисида Муҳаммад алайҳиссаломдан қатор ҳадислар борки, уларда шеър ҳикматдан холи бўлмаслиги, шоирлар ўз қаламлари билан қилич қилаолмайдиган ишларни бажаришлари мумкинлиги ва бошқа фазилатларини баён қилганлар.
227. Аммо, имон келтирган ва эзгу ишларни қилган ҳамда доим Аллоҳни ёд этган ва (илгари) мазлум бўлганларидан кейин (Ислом равнақ топгач) ғолиб бўлган кишилар (мустаснодирлар). Зулм қилганлар эса яқинда қандай оқибат сари кетаётганларини билиб олурлар!

Орқага Олдинга