loader

044. Духон сураси

Духон-тутун. Суранинг 10-оятида тутун ҳақида сўз юритилган.  
Сурада Макка мушрикларининг мусулмонларга, хусусан Расул (а.с.)га берган азиятлари ва Аллоҳнинг уларга келажакда азоб-уқубатлар бўлишлиги Тўғрисида огоҳлантиришлар, шунингдек, Мусо (а.с.) билан Фиръавн ўртасидаги можаролар ва бошқа маълумотлар баён этилган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Ҳо, Мим.
2. Аниқ Китоб (Қуръон)га қасамки,
3. албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз огоҳлантирувчидирмиз.
Изоҳ: Муборак кеча - бу Лайлатул-қадр кечаси. Ҳадисларда келган маълумотларга қараганда, "Қадр кечаси" Рамазон ойининг 26-дан 27-га ўтар кечаси эканлиги маълум бўлади. Ушбу суранинг 4-оятида ва Қадр сурасининг 4-оятида берилган илоҳий башоратларга қараганда, шу қадр кечасида келгуси йилнинг шу кечасига қадар юз берадиган барча ишлар ўлчаб-ҳисобланиб қўйилар экан.
4. У (кеча)да барча ҳикматли иш(лар) ажрим қилинур.
5. (У ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган ишлардир. Дарҳақиқат, Биз (пайғамбар) юборувчидирмиз.
6. Бу Раббингиз (томони)дан раҳматдир. Албатта, Унинг Ўзи эшитувчи ва билувчидир.
7. Агар (чиндан) ишонувчи бўлсангизлар, (Раббингиз) осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг ҳам Парвардигоридир.
8. Ундан ўзга илоҳ ёъқдир. (У) ўлдиради ва тирилтиради. Сизларнинг Парвардигорингиз ҳам, аввалги ота-боболарингизнинг Парвардигори ҳам (Унинг Ўзидир).
9. йуқ, улар (ҳали ҳам) шак ичра (масхара қилиб) ўйнарлар.
10. Бас, (эй, Муҳаммад,) Сиз осмон аниқ тутунни келтирадиган Кунни кутинг!
11. У (тутун барча) одамларни ўраб олур. Бу аламли азобдир.
Изоҳ: Оятдаги тутундан мурод, Имом ал-Бухорий ривоятларига қараганда, Макка мушрикларининг ёвуз қилмишлари эвазига қаҳатчилик ва қурғоқчилик бўлиб, ердан кўтарилувчи чанг-тўзон бамисоли тутун бўлиб кўриниши ҳақида огоҳлантириш, демакдир. Ҳақиқатан, хабар берилган нарса рўй бергани Тўғрисида ҳадис ва сийрат китобларида ёзилган.
12. "Ей, Раббимиз, бизлардан (бу) азобни аритгин. Албатта, бизлар имон келтирувчидирмиз" (- дейдилар).
13. Уларда қаёқдан ҳам эслатма бўлсин, ҳолбуки, уларга аниқ пайғамбар келган эди.
14. Сўнгра ундан юз ўгирдилар ва: "(Унга Қуръон бировлар томонидан) ўргатиб қўйилган, (у) мажнун", - дедилар.
15. Биз бу азобни (сизлардан) бироз аритувчидирмиз, сизлар ҳам (ўз куфру исёнларингизга) қайтувчидирсизлар.
16. Даҳшатли тутиш билан тутадиган кунимизда (Бадр жангида ёки Қиёматда) Биз интиқом олувчидирмиз.
17. Биз улардан илгари Фиръавн қавмини ҳам имтиҳон қилганмиз ва уларга бир улуғ пайғамбар (Мусо) келган эди.
18. (У уларга деган эди): "Сизлар менга Аллоҳнинг бандаларини (Исроил қавмини) топширинглар! Албатта, мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман.
19. Аллоҳга кибр қилманглар! Мен сизларга (пайғамбар эканимга) аниқ ҳужжат (мўъжиза) келтирурман.
20. Мен Раббим ва Раббингиздан мени тошбўрон қилишларингиздан паноҳ сўрадим.
21. Агар менга имон келтирмасангизлар, у ҳолда мендан четланингизлар!"
22. Бас, у Парвардигорига: "Улар жиноятчи қавмдир", - деб дуо қилди.
23. Бас, (Мусога ваҳий бўлдики:) "Бандаларим (Исроил авлоди) билан бирга тунда ёълга чиққин! Албатта, сизларнинг изингизга тушилур.
24. Денгизни сокин қўявергин. Улар ғарқ қилинувчи қўшиндир".
25-26. Улар қанчадан-қанча боғларни, чашмаларни, экинзорларни ва сўлим жойларни қолдириб (ғарқ бўлиб) кетдилар.
27. Яна (қанчадан-қанча) ўзлари баҳраманд бўлган неъматларни (қолдириб кетдилар).
28. Мана шундай. Биз у (неъматлар)ни бошқа қавмга мерос қилиб бердик.
29. Бас, уларга осмон ҳам, Ер ҳам (аза тутиб) "йиғлагани" ёъқ ва уларга (тавба қилиш учун) муҳлат ҳам берилмади.
30. Дарҳақиқат, Биз Исроил авлодига хор қилувчи азобдан нажот бердик,
31. Фиръавндан. У, ҳақиқатан, мутакаббир ва ҳаддан ошувчилардан эди.
32. Дарҳақиқат, Биз уларни (Исроил авлодини) билган ҳолимизда оламлар (одамлар)дан танлаган эдик.
33. Яна уларга мўъжизалардан зимнида аниқ синов борларини ато этдик.
34. Албатта, ана улар айтадилар:
35. "Ўлим фақат биринчи ўлимимиздир ва бизлар қайта тирилувчи эмасмиз.
36. Бас, агар ("охират бор" деган сўзларингизда) ростгўй бўлсангизлар, ота-боболаримизни (қайта тирилтириб) келтиринглар-чи?"- дерлар.
37. Улар (куч-қувватда) яхшироқми ёки Туббаъ қавми ва улардан аввалги кимсаларми?! Биз уларни ҳалок қилдик. Чунки, улар жиноятчи (осий) эдилар.
Изоҳ: Туббаъ қавми деганда қадимда яшаб ўтган Туббаъ исмли бир солиҳ подшонинг фуқаролари тушунилади. Улар жуда бақувват ва баҳайбат бўлишларига қарамай ўз подшоҳларига итоат этмаганларидан кейин Аллоҳ таоло у қавмни ҳалок қилиб юборган. Макка аҳлининг итоатсизлиги туфайли шу каби ҳалокатга дучор бўлишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилмоқда.
38. Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб (беҳуда) яратганимиз ёъқ.
39. Биз уларни фақат Ҳақ (жиддият) билан яратганмиз. Лекин, уларнинг аксарияти билмайдилар.
40. Ажрим куни (қиёмат куни) барчаларининг (ҳисоб-китоб) вақтидир.
41. У Кунда дўст дўстга бирор нарсада асқотмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас.
42. Илло, Аллоҳ раҳмат қилган кишиларгагина (ёрдам берилур). Албатта, Унинг Ўзи қудратли ва раҳмлидир.
43. Албатта, (дўзахда ўсадиган) Заққум дарахти
44. гуноҳкорнинг таомидир.
45. (У) қоринларда ёғдек қайнар
46. қайноқ сувнинг қайнашидек.
47. (Дўзах фаришталари:) "Уни (гуноҳкорни) ушлаб дўзахнинг ўртасига судраб олиб боринглар
48. сўнгра бошидан қайноқ сув азобидан қуйинглар!", - дерлар.
49. (Унга масхара сифатида: "Мана бу азобни) тотиб кўргин! Дарҳақиқат, сен "азиз ва мукаррам"дирсан.
50. Дарвоқе, бу (азоб) сизлар шубҳа қилиб юрган нарсангиздир!" (дейилур.)
51. Албатта, тақволи зотлар (У Кунда) осойишта жойда -
52. боғлар ва чашмалар устида бўлурлар.
53. Улар бир-бирларига рўбарў бўлган ҳолларида, қалин ва юпқа шойидан либослар киюрлар.
54. Мана шундай! Яна, Биз уларни тиниқ ва кенг кўзли ҳурларга уйлантирурмиз.
55. Улар у жойда хотиржам бўлган ҳолларида ҳар турли мевани чорлагайлар.
56. Улар (жаннатда) биринчи (дунёдаги) ўлимдан бошқа ўлимни тотмаслар. (Аллоҳ) уларни дўзах азобидан сақлагандир.
57. (Бу) Парвардигорингиз (томони)дан бўлмиш фазлдир. Мана шу улкан ютуқдир.
58. Бас, (эй, Муҳаммад,) дарҳақиқат, эслатма олишлари учун Биз (бу Қуръонни) Сизнинг тилингиз билан осон (енгил) қилиб бердик.
59. Бас, энди Сиз (кофирлар ҳоли не кечишига) кўз тутинг! Улар ҳам, албатта, (сизнинг ҳалокатингизга) кўз тутувчидирлар.

Орқага Олдинга