loader

028. Қасас сураси

Қасас - қисса.
Сурада Мусо(а.с.) нинг ҳаёт ва фаолиятлари тўғрисида кенгроқ маълумот берилади. Ёвузлик тимсоли сифатида Фиръавн ва Қорун каби "қутурган" шахслар ҳақида ҳам ибратомуз оятлар берилган. Қолган оятларда, одатдагидек, тавҳид, имон, эътиқод, тақво ва солиҳ амалларга тарғибот, куфр, ширк, маъсият каби разилликлардан покланишга қаратилган даъватлар талқин этилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. То, Син, Мим.
2. Ушбу (оятлар) аниқ Китоб оятларидир.
3. (Эй, Муҳаммад,) имон келтирадиган қавм учун Сизга Мусо ва Фиръавн хабарини ҳақиқати билан тиловат қилиб берурмиз.
4. Дарҳақиқат, Фиръавн ерда (Мисрда) туғёнга кетиб, унинг аҳолисини бўлиб ташлади. Улардан бир тоифани (Исроил авлоди қавмини) хорлаб, ўғилларини сўяр, аёлларини тирик қўяр эди. Албатта, у бузғунчилардандир.
5. Биз эса у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни, уларни (хорликдан чиқариб, барчага) пешво зотларга айлантиришни ва уларни (Фиръавн мулкига) меросхўр қилишни истаймиз.
6. Яна уларни ўша ерда барқарор қилиб, Фиръавн ва (унинг вазири) Ҳомонга ҳамда икковининг лашкарларига улар хавотирланаётган нарсани кўрсатиб қўйишни (истаймиз).                        Изоҳ: Хавотирланган нарсалари мол-мулк мероси ва ҳукмронлик Исроил авлоди қўлига ўтиб кетиши бўлиб, улар шундан чўчир эдилар.
7. Биз Мусонинг онасига ваҳий қилдикки: "Уни эмизавер. Бас, (уни ўлдириб кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам. Зеро, Биз уни сенга қайтарувчидирмиз ва уни пайғамбарлардан қилувчидирмиз".
8. Бас, Фиръавн хонадони уни (ўсиб-улғайгач,) ўзларига "душман ва ташвиш" бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва уларнинг лашкарлари янглишган эдилар.
9. Фиръавннинг хотини (унга): "(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни фарзанд қилиб олсак", - деди. Ваҳоланки, улар (ҳақиқатни) сезмас эдилар.
10. Мусо онасининг қалби ташвишдан фориғ бўлди. - Агар Биз ("Мусони ўзинга қайтарурмиз", деган ваъдамиз)га имон келтирувчилардан бўлиши учун унинг кўнглини хотиржам қилмаганимизда, албатта, у (ўз ўғли экани)ни очиб қўйган бўлур эди.
11. (Она Мусонинг) опасига: "Унинг (ортидан) тушгин", - деди. Бас, у улар сезмаган ҳолларида (Мусони) бир четдан кузатиб турди.
12. Биз олдиндан (Мусога барча) эмизувчи аёлларни тақиқладик (у ҳеч бир аёлни эммади), шунда (унинг опаси келиб): "Мен сизларга унга кафил бўлиб (емизадиган) ва унга холис (тарбия берадиган) бир оилани кўрсатайми?" - деди.
13. Шундай қилиб, Биз (Мусонинг онасининг) кўзлари қувониши ва ғам чекмаслиги учун ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун уни онасига қайтардик. Лекин, кўпчилиги (буни) билмайдилар.
14. Қачонки, у вояга етиб, (ақли) тўлгач, Биз унга ҳикмат ва билим ато этдик. Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз.
15. (Кунлардан бирида Мусо) шаҳарга унинг аҳолиси қафлатда бўлган (пешин) пайтида кирган эди, унда икки кишини урушаётган ҳолатда топди. Буниси ўз гуруҳидан (Исроил авлоди қавмидан) ва униси душманидан (қибтийлардан) эди. (Бас, Мусонинг) гуруҳидан бўлган киши ундан душманига қарши ёрдам сўради. Шунда Мусо бир мушт уриб, уни ўлдириб қўйди. (Сўнг пушаймон бўлиб,) деди: "Бу шайтоннинг ишидандир. Албатта, у аниқ адаштирувчи душмандир".
16. (Кейин Аллоҳга илтижо қилиб,) деди: "Эй, Раббим, дарҳақиқат, мен ўзимга зулм қилиб қўйдим. Бас, мени мағфират эт". (Аллоҳ) уни мағфират этди. Албатта, Унинг Ўзигина мағфиратли ва раҳмли зотдир.
17. У (яна) деди: "Эй, Раббим, менга қилган инъоминг ҳаққи энди сира жиноятчиларга ёрдам қилувчи бўлмасман!"
18. Бас, у эрта тонгда шаҳарда қўрқувга тушиб, (бирор кўнгилсизликка) кўз тутган ҳолда кетаётган эди, қараса, бирдан кеча ундан ёрдам сўраган кимса яна уни ёрдамга чақираётибди. Мусо унга деди: "Дарҳақиқат, сен аниқ гумроҳдирсан!"
19. Энди у иккисига душман бўлган кимсани (Қибтийни) тутмоқчи бўлган эди, "Эй, Мусо, кеча бир жонни ўлдирганинг каби (бугун) мени ҳам ўлдирмоқчимисан?! Сен фақат ер юзида жабр қилувчи бўлмоқчисан. Сен ислоҳ қилувчилардан бўлишни истамайсан",- деди.
20. Шаҳарнинг ичкарисидан бир киши шошганча келиб: "Эй, Мусо, зодагонлар сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас, сен (бу шаҳардан) чиқиб кетгин. Албатта, мен сенга насиҳатгўй кишилардандирман",- деди.
21. Бас, у қўрқувга тушиб, (атрофни) кузатган ҳолда у ердан чиқиб, деди: "Эй, Раббим, Ўзинг менга (бу) золимлар қавмидан нажот бергин!"
22. Қачонки, Мадян (шаҳри) томонга равона бўлгач, деди: "Зора Раббим мени тўғри ёълга ҳидоят этса!"
23. Қачонки, Мадяннинг суви (қудуғи)га етиб келгач, у жойда бир тўп одамлар (чорваларини) суғораётганларини кўрди ва улардан берироқда икки аёл (ўз қўйларини) қўриқлаб турганларини кўриб: "Сизларга не бўлди?" - деди. Улар: "Биз, то подачилар (молларини) қайтармагунча, суғора олмаймиз. Отамиз эса қари чол", - дедилар.
24. Шунда (Мусо) уларга (қўйларини) суғориб берди. Сўнгра (бир четдаги) сояга бориб (ўтириб), деди: "Эй, Раббим, мен учун нима яхшилик (ризқ) туширсанг, ўшанга муҳтождирман".
25. Бас, улардан бири ҳаё билан юриб келиб: "Отам сени бизларга (қўйларимизни) суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда",- деди. Бас, (Мусо Шуайбнинг ҳузурига) келиб, унга ўз қиссасини, сўйлаб бергач, у: "Қўрқмагин. Сен золимлар қавмидан нажот топдинг", - деди.
26. (Қизлардан) бири: "Эй, ота, уни (ишга) ёллагин! Зеро, сен ёллаган энг яхши киши кучли, ишончли кишидир", - деди.
27. (Шуайб) айтди: "Менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман. Энди, агар ўн йилни битирсанг (ўн йил ишлаб берсанг) ўзингдан (марҳамат)дир. Мен сени қийнашни истамайман. Иншоаллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни билурсан".
28. (Мусо) деди: "Мана шу сен билан менинг ўртамиздаги (битим)дир. Икки муддатдан қай бирини адо қилсам, бас, менга адоват қилинмас. Аллоҳ айтаётган сўзимизга гувоҳдир".
29. Бас, қачонки, Мусо (келишилган) муддатни ўтаб, оиласи билан (Миср томон) ёълга тушгач, Тур (тоғи) тарафидан бир оловни кўриб қолди. У оиласига: "Сизлар (шу ерда) кутиб туринглар. Мен бир оловни кўриб қолдим. Шояд сизларга бирор хабар ёки исиниб олишларингиз учун (у) оловдан чўғ олиб келсам", - деди.
30. Бас, қачонки, унинг олдига етиб келгач, у муборак жойдаги водийнинг ўнг тарафидан - дарахтдан унга нидо қилинди: "Эй, Мусо, Мен (барча) оламларнинг Парвардигори - Аллоҳдирман!
31. Асойингни (ерга) ташла!" Бас, қачонки, (Мусо) уни илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. (Унга дейилди:) "Эй, Мусо, қайт ва қўрқма! Зеро, сен (хавфу-хатардан) омонликдаги кишилардандирсан!
32. Қўлингни қўйнингга тиққин, бирор ёмонликсиз оппоқ бўлиб чиқур ва қанотингни (яъни, қўлингни) қўрқувдан юмиб олгин (у яна ўз ҳолига қайтур). Бас, шу иккиси (асо билан қўл) Раббинг томонидан Фиръавн ва унинг зодагонларига икки ҳужжатдир. Дарҳақиқат, улар фосиқлар қавми эдилар".
33. (Мусо) деди: "Эй, Раббим, мен улардан бир жонни ўлдириб қўйганман. Бас, мени ўлдиришларидан қўрқурман.
34. Биродарим Ҳорун мендан кўра тили бурророқ. Бас, уни ҳам мен билан бирга мени тасдиқлайдиган ёрдамчи қилиб юборгин. Чунки улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқурман".
35. (Аллоҳ) айтди: "Биз сени биродаринг билан қувватлантирурмиз ва иккингиз учун салтанат (ғалаба ато) қилурмиз. Бас, улар сизларга (бирор) зиён етказа олмаслар. Бизнинг мўъжизаларимиз билан сизлар ҳам, сизларга эргашганлар ҳам ғолибдирлар".
36. Бас, қачонки, Мусо уларга Бизнинг аниқ мўъжизаларимизни келтиргач, улар: "Бу сеҳрдан бошқа нарса эмас. Бизлар бу нарсани ўтган ота-боболаримиз (замони)да бўлганини эшитган эмасмиз",- дедилар.
37. Мусо айтди: "Раббим Ўзининг ҳузуридан кимга ҳидоят келтирганини ҳам, охират диёридаги оқибат кимга бўлишини ҳам жуда яхши билувчидир. Албатта, золимлар толе топмаслар".
38. Фиръавн: "Эй, одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа (бирор) илоҳни билмасман. Бас, эй, Ҳомон, лойни пишириб, (ғишт қуйиб) мен учун бир баланд бурж (минора) бино қил, шоядки, мен (унинг устига чиқиб) Мусонинг илоҳини кўрсам. Мен уни ёлғончилардан деб ўйламоқдаман", - деди.
39. У (Фиръавн) ва унинг лашкарлари ер юзида ноҳақ кибрландилар ва ўзларини Бизга қайтарилмайдилар, деб гумон қилдилар.
40. Бас, Биз уни ва лашкарларини тутдик-да, денгизга ташладик. Бас, золимларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг!
41. Уларни дўзахга чорлайдиган пешволар қилиб қўйдик. Қиёмат кунида ҳам уларга ёрдам берилмас.
42. Биз бу дунёда уларга лаънатни эргаштирдик. Қиёмат кунида ҳам улар қабиҳ кимсалардандирлар.
43. Биз аввалги авлодларни (кофирликлари сабабли) ҳалок қилганимиздан кейин Мусога одамлар учун нур, ҳидоят ва раҳмат бўлган Китоб ато этдик. Шояд, улар эслатма олсалар!
44. (Эй, Муҳаммад,) Биз Мусога ишни (гаплашиш ва нажотни) ҳукм қилган пайтда Сиз (Тур тоғининг) ғарб томонида (Биз билан Мусо ваъдалашган жойда) бўлмагансиз ва гувоҳлардан ҳам эмас эдингиз.
45. Лекин Биз (Мусодан сўнг, кўп) авлодларни пайдо қилдик, бас, уларга умр (замон) чўзилиб кетди. Сиз Мадян аҳли орасида турувчи ҳам, уларга оятларимизни тиловат қилувчи ҳам бўлмагансиз. Лекин, Биз (Сизни) пайғамбар қилиб юборувчи бўлдик.
46. Биз (Мусога) нидо қилган пайтда Сиз Турнинг ёнида бўлмагансиз. Лекин, Раббингиз (томони)дан раҳмат сифатида Сиздан илгари бирор огоҳлантирувчи келмаган бир қавмни огоҳлантириш учун (пайғамбар қилиндингиз). Шояд, улар эслатма олсалар.
47. Боридию уларга ўз қилмишлари сабабли бирор мусибат етганида: "Парвардигоро, бизларга пайғамбар юборганингда эди, Сенинг оятларингга эргашар ва имон келтирувчилардан бўлар эдик", - дейишмаганда (Биз Сизни уларга пайғамбар қилиб юбормас эдик).
48. Бас, қачонки, уларга Бизнинг ҳузуримиздан Ҳақ (пайғамбар) келгач эса, улар: "Унга (яъни, Муҳаммадга) ҳам Мусога берилган нарса (мўъжиза) берилганида эди (бизлар унга эргашган бўлардик)",- дедилар. Ахир, улар илгари Мусога берилган нарса (мўъжиза)ни ҳам инкор қилмаганмидилар?! Улар: "(Таврот ва Қуръон) бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган икки сеҳрдир",- дедилар ва: "Бизлар (бу икки китобнинг) ҳар бирига кофирдирмиз",- дедилар.
49. Айтинг: "Агар ростгўй бўлсанглар, Аллоҳ ҳузуридан у икки (Китоб)дан кўра тўғрироқ бўлган бирор китоб келтиринглар, мен унга эргашайин.
50. Бас, агар улар Сизга жавоб бера олмасалар, бас, билинки улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ (томони)дан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавойи нафсига эргашган кимсадан ким ҳам озганроқдир?! Албатта, Аллоҳ золимлар қавмини ҳидоят этмас!
51. Эслатма олишлари учун уларга Сўзни (Қуръонни) муттасил нозил қилдик.
52. Биз (Қуръондан) илгари Китоб (Таврот, Инжил) берган зотлар (яҳудий ва насронийларнинг мўминлари) унга (Қуръон)га имон келтирурлар.
53. Қачонки, уларга (Қуръон) тиловат қилинса: "Бизлар унга имон келтирдик. Албатта, у Раббимиз томонидан (келган) Ҳақиқатдир. Бизлар (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам мусулмон эдик", - дерлар.
54. Ана ўша зотларга (имон ёълида) сабр қилганлари сабабли мукофотлари икки баробар ато этилур. Улар ёмонликни (яъни, кофирларнинг озорларини) яхшилик (сабр) билан даф қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар.
55. Қачонки, беҳуда (сўз ё иш)ни эшитсалар, ундан юз ўгирурлар ва: "Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Омон бўлинглар. Бизлар нодон кимсаларни хоҳламаймиз", - дерлар.
56. (Эй, Муҳаммад,) Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топувчиларни яхши билувчидир.
57. Улар (Қурайш кофирлари): "(Эй, Муҳаммад,) агар бизлар сен билан бирга тўғри ёълга эргашсак, еримизни олдириб қўярмиз",- дедилар. Ахир, Биз уларга осойишта Ҳарамни мақом қилиб бермадикми?! Барча нарсанинг ҳосиллари Бизнинг даргоҳимиздан ризқ бўлган ҳолда ўша жойга йиғилади-ку! Лекин, уларнинг аксарияти (буни) билмаслар.
58. Биз қанчадан-қанча маишати ҳаддан ошган юртларни ҳалок қилдик. Бас, масканларида улардан кейин камдан-кам истиқомат қилинди. (Уларнинг мулку-диёрларига) Биз ворис бўлдик.
59. Раббингиз барча юртларнинг марказларига оятларимизни уларга тиловат қиладиган пайғамбар юбормагунича, у (юртлар)ни ҳалок қилувчи бўлмади. Биз юртларни фақат уларнинг аҳолиси золим (кофир) бўлгандагина ҳалок қилувчи бўлдик.
60. Сизларга нима берилган бўлса фақат дунё ҳаётининг мато ва зийнатларидир. Аллоҳ ҳузуридаги (мукофот) эса яхшироқ ва боқийроқдир. Ахир, ақл юргизмайсизларми?!
61. Ахир, Биз гўзал ваъда (жаннат)ни ваъда қилган ва унга эришган киши, Биз дунё ҳаёти матосидан озгина фойдалантириб, сўнгра қиёмат кунида (мангу азобга) ҳозир қилинувчи кимса каби бўлурми?!
62. (Есланг, Аллоҳ қиёмат куни) уларга нидо қилур: "Сизлар (бор деб) эътиқод қилиб юрган "шерикларим" қани?!" - деб.
63. Устиларидан (азоб ҳақидаги) Сўз муқаррар бўлган кимсалар: "Эй, Раббимиз, ана у бизлар ёълдан оздирган кимсаларни ҳам худди ўзимиз озган каби ёълдан оздиргандирмиз. Бизлар Сенга (айбдор эмас) оқдирмиз. Улар бизларга ибодат қилувчи бўлмаганлар", - дерлар.
64. Уларга: "Ширкларингизни (ёрдамга) чорлангиз",- дейилур, уларга илтижо қилганларида (улар) жавоб қилмаслар ва улар азобни кўрурлар. Агар ҳидоят топсалар эди (азобни кўрмас эдилар).
65. (Аллоҳ) уларга нидо қилиб: "Пайғамбарларимга не жавоб қилган эдинглар?" - дейдиган кунда,
66. ўша кунда уларга хабарлар (баҳона ва сабаблар) кўринмай қолур, бас, бир-бирларидан ҳам сўраша олмаслар.
67. Бас, ким тавба қилиб, имон келтириб, солиҳ амал қилган бўлса, шоядки (у) нажот топувчилардан бўлса.
68. Раббингиз Ўзи хоҳлаган нарсани яратур ва (хоҳлаган ишни) ихтиёр қилур. Уларда ихтиёр ёъқдир! Аллоҳ уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир!
69. Раббингиз уларнинг диллари яширган нарсаларини (сирларини) ҳам, ошкор қилган нарсаларини (сўзларини) ҳам билур.
70. У Аллоҳдир. Ундан ўзга илоҳ ёъқдир! Аввалу охирда (яъни, дунёю охиратда) ҳамд фақат Унинг учундир. Ҳукм ҳам Уникидир ва Унгагина қайтарилурсизлар.
71. (Эй, Муҳаммад,) айтинг: "Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кечани қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси "илоҳ" сизларга бирор ёруғлик келтира олур?! Ахир, эшитмайсизларми?!"
72. Айтинг: "Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кундузни қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси "илоҳ" сизларга таскин топадиган кечани келтира олур?! Ахир, кўрмайсизларми?!
73. (Аллоҳ) сизлар учун кеча ва кундузни унда (яъни, кечада) ором олишларингиз, (кундузи эса) Унинг фазли (ризқи)дан исташларингиз ва шукр қилишларингиз учун пайдо қилиб қўйгани Унинг раҳматидандир!
74. (Есланг, Аллоҳ қиёмат кунида) уларга нидо қилиб: "Сизлар (бор деб) гумон қилиб юрган "шерикларим" қани?!" - дер.
75. Биз (у кунда) ҳар бир умматдан бир гувоҳни (пайғамбарни) чиқариб, (келтирган ширкларингизга) ҳужжатларингизни келтиринглар-чи", - деймиз. Бас, улар ҳақиқат Аллоҳ томонда эканини биладилар ва ўзлари тўқиб олган ("худолари") эса улардан ғойиб бўлур.
76. Албатта, Қорун Мусо қавмидан эди. Бас, у (қавм)ларга кибр қилди. Биз унга хазиналардан калитлари бақувват жамоатга ҳам оғирлик қиладиган нарсаларни ато этган эдик. Ўшанда қавмдошлари унга: "Ҳовлиқмагин. Чунки, Аллоҳ ҳовлиқувчиларни суймас!
77. Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама. Чунки, Аллоҳ бузғунчиларни суймас", - дедилар.
78. (У:) "Мен унга фақат ўзимдаги билим сабаблигина эришдим",- деди. Ахир, у ўзидан аввал Аллоҳнинг ундан кўра қувватлироқ ва захираси ҳам кўпроқ (қанчадан-қанча) авлодларни ҳалок қилганини билмасми?! Жиноятчилардан гуноҳлари ҳақида сўраб ўтирилмас!
79. Сўнг, (Қорун) қавми олдига ясаниб чиққан эди, дунё ҳаётини истайдиган кимсалар: "Эҳ, қани эди, бизларга ҳам Қорунга ато этилган нарса (бойлик) бўлса. Дарҳақиқат, у улкан насиба эгасидир", - дедилар.
80. Илм ато этилган кишилар эса: "Ўлим бўлсин сизларга! Имон келтирган ва эзгу иш қилган киши учун Аллоҳнинг савоби яхшироқ-ку! У (савоб)га фақат сабрли кишиларгина эришурлар", - дедилар.
81. Бас, Биз уни ҳам, ҳовлисини ҳам ерга юттирдик. Сўнг унинг учун Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирор жамоа бўлмади ва унинг ўзи ҳам ғолиблардан бўлмади.
82. Куни кеча унинг мақомини орзу қилганлар: "Во ажаб, Аллоҳ бандаларидан ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилиб, (Ўзи хоҳлаганларининг ризқини) танг қилиб берар экан-да! Агар Аллоҳ бизларга марҳамат қилмаганида, бизларни ҳам (ерга) юттирган бўлур эди. Во ажаб, кофирлар нажот топмас экан да!" - деб қолдилар.
83. Биз ўша охират диёрини ер юзида зулм ва бузғунчилик қилишни истамайдиган кишилар учун яратурмиз. Оқибат эса, тақволи кишиларникидир!
84. Ким яхшилик билан келса, бас, унинг учун ундан яхшироқ (мукофот) бўлур. Ким ёмонлик билан келса, бас, ёмонликларни қилган кимсалар фақат ўзлари қилган ёмонликлари баробаридагина жазоланурлар.
85. (Эй, Муҳаммад,) албатта, Сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган Зот, шак-шубҳасиз, Сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир. (Мушрикларга) айтинг: "Раббим ҳидоят билан келган кишиларни ҳам, аниқ залолатдаги кимсаларни ҳам яхши билувчидир!"
Изоҳ: Қуръонни фарз қилгани - уни тиловат қилишни, ҳукмига амал қилишни ва уни умматга етказишни фарз қилганидир. Маккага қайтишлари эса ҳижратдан кейинги орзуларидан бири эди.
86. Сиз ўзингизга Китоб (Қуръон) туширилишидан умидвор ҳам эмасдингиз. Фақат Раббингиз (томони)дан раҳмат сифатида (у нозил қилинди). Бас, кофирларга сира мададкор бўлманг!
87. Сизга Аллоҳнинг оятлари нозил қилинганидан сўнг зинҳор улар Сизга тўсқинлик қилмасинлар! Сиз (одамларни) Раббингизга (ибодат қилишга) чорланг ва сира мушриклардан бўлманг!
88. Аллоҳга қўшиб бошқа "илоҳ"га илтижо қилманг! Ундан ўзга илоҳ ёъқдир. Унинг "юзи"дан бошқа барча нарса ҳалок бўлувчидир. Ҳукм Уникидир ва Унгагина қайтарилурсизлар!

Орқага Олдинга