loader

069. Ал-Хааққа сураси

Бу сура эллик икки оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил қилингандир. "Ал-ҳаақа — Аниқ рўй бергувчи" деб номланган бу сурада асосан қиёмат Кунида содир бўладиган воқеа-ҳодисалар ҳақида сўз юритилади.
Шунингдек, бу сурада ўтмишдаги куфр йўлини тутган миллатларнинг топган оқибатлари, Сур чалинадиган Кунда осмону заминда рўй берадиган даҳшатли ҳодисалар ва шундан кейин ҳар бир банда ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амаллари тўғрисида ҳисоб бериши, ўша ҳисоб-китоб Кунида номаи аъмоли ўнг кўлидан келадиган саодатманд кишиларга ато этиладиган улуғ мукофотлар ва номаи аъмоли чап томонидан келадиган бадбахт кимсалар дучор бўладиган мудҳиш азоб-уқубатлар хусусида хабар бергувчи оятлар ҳам мавжуддир.
Сура Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ Пайғамбар эканликларини ва Қуръони Каримнинг чин Илоҳий Китоб эканини таъкидлайдиган оятлар билан хотима топади.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. Аниқ рўй бергувчи (Қиёмат)...

2. Ўша аниқ рўй бергувчи нимадир?

3. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз Аниқ рўй бергувчининг нима эканлигини қаердан билурсиз?
Изоҳ: Ушбу оятларда "Ал-ҳааққа" (Қиёмат Кунининг номларидаи бири) яъни, Аниқ рўй бергувчи Қиёмат ибораси кетма-кет уч бор такрорланди. Бунга сабаб, у Куннинг Аллоҳ таъоло наздида нақадар улуғ мақом тутишини таъкидлашдир. Шунинг учун ҳам сўнгги оятда Пайғамбар алайҳиссаломга хитоб қилиниб, у Куннинг қандай Кун эканини, моҳият-ҳақиқатини Сиз билмассиз, дейилди. Энди қуйидаги оятларда ўша Қиёмат Куни ҳақ эканлигини инкор этиб ҳалокатга дучор бўлган қавмлар ҳақида хабарлар берилади.

4. Самуд ва Од (қабилалари ўз даҳшатлари билан қалбларни) қаттиқ қоқувчи (Қиёмат Куни)ни ёлғон, дедилар.

5. Энди Самуд (қабиласига келсак), бас, улар ҳаддан ташқари қаттиқ нарса (қичқириқ) билан ҳалок қилиндилар.

6. Энди Од (қабиласига келсак), бас, улар бир даҳшатли, қутурган бўрон билан ҳалок қилиндилар.

7. У (бўронни Аллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳоким қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни худди чириб — ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб — ҳалок бўлиб ётганларини кўрурсиз.

8. Бас, улардан бирон (омон) қолгувчини кўрармисиз? (Асло, уларнинг барчалари ҳалок бўлиб битдилар).

9. Фиръавн ҳам, ундан аввал (ўтган динсиз) кимсалар ҳам, зеру забар бўлган қишлоқлар (яъни, Лут пайғамбар қавмининг қишлоқлари) ҳам катта хато қилдилар —

10.— Улар Парвардигорларининг пайғамбарига итоатсизлик қилдилар. Бас, У Зот уларни ортиқча қаттиқ ушлаш билан ушлади (яъни, мислсиз қаттиқ азоб билан азоблади).

11. Дарвоқеъ, Биз сув туғёнга тушган вақтида сизларни (Нуҳ пайғамбар ясаган) кемада кўтардик.

12. Биз у (ишни, яъни, мўъминларга нажот бериб, кофирларни сувга ғарқ қилиб юбориш)ни сизлар учун эслатма-ибрат қилиш учун ва англагувчи қулоқлар англаб-эшитиб олишлари учун (қилдик).

13. Бас, қачон сур бир бор чалинганида;

14. Ва еру тоғлар (ўз жойларидан) кўтарилиб, (бир-бирларига) бир бор урилиб (чилпарчин бўлганида);

15. Ана ўша Кунда Воқеа воқеъ бўлур! (Яъни, Қиёмат қойим бўлур!)

16. Ва осмон ёрилур! Чунки (осмон) у Кунда заиф бўлиб қолур!

17. Ва фаришталар (осмоннинг) чор-атрофида (Аллоҳнинг амрига мунтазир бўлиб) турурлар. Уларнинг устида Парвардигорингизнинг Аршини у Кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур.

18. Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар — сизларнинг бирон сирингиз махфий қолмас.

19-20. Бас, энди ўз китоби — номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган киши: "Мана менинг китобимни ўқинглар. Дарҳақиқат, мен ҳисоб-китобимга (яъни, Охиратдаги ажр-мукофотга) рўбарў бўлишимни билган эдим", дер.

21-22-23. Сўнг у кўнгилли ҳаётда, мевалари (аҳли жаннат учун) яқин бўлган юксак жаннатда бўлур.

24. (Жаннат аҳлига): "Ўтган кунларда (яъни, ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингпз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичаверинглар", (дейилур).

25. Энди ўз китоби чап қўлидан берилган кимса эса дер: "Эҳ қани энди менга китобим берилмаса эди!

26. Ва мен ҳисоб-китобим (яъни, оладиган жазойим) нима эканлигини билмасам эди!

27. Эҳ қани энди ўша (биринчи ўлим барча нарсани) тугатгувчи-узгувчи бўлса (ва Қиёматдаги мана бу қайта тирилиш бўлмаса) эди!

28. Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я!

29. Мулку салтанатнм ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!"

30. (Бас, Аллоҳ жаҳаннам қўриқчиларига дер): "Уни ушлаб, кишанланглар!

31. Сўнгра дўзахга ташланглар!

32. Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар!"

33. Чунки у (ҳаёти дунёдалик пайтида) Улуғ Аллоҳга иймон келтирмас эди.

34. Ва мискин-бечорага таом беришга (ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам) тарғиб қилмас эди.

35. Бас, Бугун, бу ерда унинг учун бирон дўст-мададкор йўкдир!

36. Ва бирон таом ҳам йўқдир! Фақат йирингдан бўлган (бир "таом" борки);

37. Уни фақат (йўлдан) адашган (кофир)ларгина ерлар!

38-39-40. Бас, Мен сизлар кўрадиган нарсаларга ҳам, сизлар кўра олмайдиган нарсаларга ҳам қасам ичурманки, у (Қуръон) шак-шубҳасиз, улуғ Пайғамбарнинг (Аллоҳ даргоҳидан келтирган) сўзидир?

41. У бирон шоирнинг сўзи эмасдир! Сизлар (ушбу Куръон Аллоҳнинг Каломи эканлигига) камдан-кам иймон келтирурсизлар!

42. Ва бирон коҳин-фолбиннинг сўзи ҳам эмасдир. Сизлар камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар!

43. (У) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилинган (Китобдир).

44. Агар (Пайғамбир) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида;

45-46. Албатта Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шохтомирини узиб ташлаган бўлур эдик.

47. У ҳолда сизлардан бирон киши ундан (яъни, Пайғамбардан ҳалокатни) тўса олгувчи бўлмас эди. (Бас, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг Каломига ўз томонидан бирон сўз қўшмагани, балки зиммасидаги омонат-Пайғамбарликни ҳалол адо қилиб келаётгани учун ҳам сизларнинг орангизда соғу-омон ҳаёт кечирмоқда, акс ҳолда Аллоҳ уни ҳалок қилган бўлур эди. Бу Муҳаммад алийҳиссаломнинг хақ Пайғамбар эканликларининг яна бир ёрқин далилидир).

48. Албатта у (Қуръон) тақводор зотлар учун панд-насиҳатдир.

49. Шак-шубҳасиз, Биз сизларнинг орангизда (Қуръонни) ёлғон дегувчилар ҳам бор эканини аниқ билурмиз.

50. Албатта у (Қуръон) кофирларга (улар Қиёмат Кунида Куръонга иймон келтирган кишиларнинг савобга эга бўлганлирини кўрган вақтларида) ҳасрат-надомат бўлур.

51. Албатта у (Куръон) аниқ Ҳақиқатдир!

52. Бас, Улуғ Парвардигорингизнинг номини (мудом, барча айб-нуқсонлардан) пок тутинг!

Орқага Олдинга