loader

070. Маориж сураси (70)

Бу сура Маккада нозил бўлган. У қирқ тўрт оятдир. Сура кофирларнинг туғёнга тушиб, ўзлари огоҳлантирилган Охират азобини инкор этишлари ҳақида хабар бериш билан бошланиб, сўнгра улар иймон келтирмаётган Қиёмат Кунида кофирларга бериладиган хақли жазодан ҳеч қандай тўлов билан қутулиб бўлмаслиги яна бир бор таъкидланади.
Бу сурада яна инсоннинг хафачиликни ҳам, хурсандчиликни ҳам кўтара олмайдиган ожиз вужуд эканлиги уқтирилиб, фақат тақво ва эзгу амалгина инсонни бундай ожизликдан омон сақлай олиши мумкинлиги айтилади.
Сура ниҳоясида кофирларнинг жаннатга кириш тўғрисида беҳуда-бефойда тамаъ қилишлари баён қилиниб, сўнгра Пайғамбар алайҳиссаломга уларни то ўзларига ваъда қилинган азобга йўлқишгунча тарк қилиш буюрилади. Сура номланган "Маориж" калимаси асли "Поғоналар" маъносида бўлиб, бу сурада "Осмон қаватлари" маъносида келгандир.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1-2-3. Бир сўрагувчи кимса (осмонларнинг барча) поғоналари — қаватлари Соҳиби бўлмиш Аллоҳ томонидан кофирларга тушгувчи, биров қайтара олмайдиган азобни (ўз устига тушишини) сўради.
Изоҳ: Бу оятлар мушриклардан Назр ибн Хорис ҳақида нозил бўлган. Пайғамбар алайҳиссалом кофирлар учун тайёрлаб кўйилган Аллоҳ таъолонинг азоби бор эканлигини билдириб, уларни огоҳлантирганларида Назр туриб: "Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин ёки бизларга аламли азоб келтиргин", дейди. Мана шу тилакнинг ўзидан Назр ва у кабиларпинг ким эканликлари маълумдир. Чунки улар Хақ Йўлга юришни истаган кишилар бўлганларида: "Эй Худо, агар мана шу Қуръон Сенинг даргоҳингдаи келган ҳақиат бўлса, бизларни ҳам унинг йўлига ҳидоят қилгин", деган бўлур эдилар.
Энди куйидаги оятда барча фаришталар Қиёмат Кунида осмон қаватларини босиб ўтишиб, Аллоҳ хузурига тўпланишлари зикр қилинади.

4. Фаришталар ва Руҳ (яъни, Жаброил) миқдори-узунлиги (дунё ҳисобида) эллик минг йил бўлган бир Кунда (яъни, Қиёмат Кунида) У Зотнинг ҳузурига кўтарилурлар.

5. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом, кофирларнинг озор-азийятларига) чиройли сабр билан сабр-тоқат қилинг!

6-7. Чунки улар у (Кун)ни узоқ деб билурлар, Биз эса унинг яқинлигини билурмиз!

8. У Кунда осмон эритилган ёғ каби бўлиб қолур.

9. Тоғлар эса юнг каби (енгил) бўлиб қолурлар.

10. Ва бирон дўст дўстидан (ҳол-аҳвол) сўрамас.

11-12-13-14. (Ҳолбуки,) улар (бир-бирларига) кўрсатилурлар! Жиноятчи-кофир кимса у Куннинг азобидан (қутулиш учун) ўғилларини, хотинини, биродарини, уни ўз паноҳига оладиган қариндош-уруғини ва ердаги барча кишиларини тўлов қилиб бериб юборишни, сўнгра (бу тўлов) унга нажот беришини истар.

15-16. Йўқ, (ҳеч қандай тўлов уни азобдан қутқара олмас)! Албатта у (яъни, кофирлар ташланадиган дўзах ўз ҳарорати билан) бош терилариии сидириб олгувчи бўлган бир оловдир!

17-18. У (Ҳақ Йўлидан) юз ўгириб, терс қараб кетган ва (пул-мол) йиғиб тўплаган (яъни, уни Аллоҳ буюрган жойларга сарфламаган) кимсаларни (ўзига) чорлаб турар!

19. Дарҳақиқат, инсон бетоқат қилиб яратилгандир.

20. Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса, у ўта бесабрлик қилгувчидир.

21. Қачон унга яхшилик (бойлик, саломатлик) етса, у ўта манъ қилгувчи-бахилдир.

22. Фақат намоз ўқигувчи зотлар (яъни, мусулмонларгина ундоқ эмасдирлар)ки,

23. Улар намозларида доим-барқарор бўлгувчи зотлардир.

24-25. Улар (топган) мол-мулкларида сўрагувчи — тиланчи ва (мол-давлатдан) махрум кишилар учун маълум хақ (яьни, закот) бўлган зотлардир.

26. Улар Жазо — Қиёмат Кунини тасдиқ этадиган зотлардир.

27. Улар Парвардигорларининг азобидан қўрқувчи бўлган зотлардир.

28. Зотан, Парвардигорларининг азоби (ҳеч ким учун) бехатар эмасдир (яъни, ҳеч кимнинг "Менга Аллоҳнинг азоби тушмайди", деб хотиржам бўлишга ҳаққи йўқдир).

29. Улар авратларини (ҳаромдан — зинодин пок) сақлагувчи зотлардир.

30. Магар ўз жуфти ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас, улар маломат қилинмаслар.

31. Энди ким бундан ўзгани (яъни, зино аа шу каби Шариати Исломийяда ҳаром қилингаи бошқа нарсиларни) истаса, бас, ана ўшалар хаддан ошгувчи кимсалардир.

32. — Улар (яъни, мўъмин-мусулмонлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга берган) аҳд-паймонларига риоя қилгувчи зотлардир.

33. Улар ўз гувоҳликларини тўғри-холис адо қилгувчи зотлардир.

34. Улар намозларини (вақтида адо этиб, қазо бўлишдан) сақлагувчи бўлган зотлардир.

35. Ана ўшалар жаннатларда ҳурмат-иззат кўргувчидирлар.
Изоҳ: Мазкур оятларда ҳақиқий мўъмин-мусулмонларнинг сифат-фазилатлари баён қилинди ва ана ўшалар жаннат неъматларига сазовор бўлгувчи зотлар эканликлари уқдирилди. Энди қуйидаги оятларда Пайғамбар алайҳиссалом атрофларига келишиб, тўп-тўп бўлиб ўтиришиб олишиб, у зот айтган сўзларни масхара қиладиган ва бир-бирларига саҳобаларни кўрсатишиб: "Агар мана шулар Муҳммад айтаётгандек, жаннатга кирадиган бўлсалар, бизлар ҳеч шак-шубҳасиз, улардан олдинроқ ўша жойга кирамиз", деб сафсатабозлик қиладиган мушриклар ҳақида сўзланиб, уларнинг бундай тамаълари бефойда эканлиги таъкидланади ва Пайғамбар алайҳиссаломни улардан юз ўгиришга амр этилади.

36-37. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), бу кофир бўлган кимсаларга нима бўлдики, улар ўнг ва сўлдан тўда-тўда бўлиб, Сиз томонга чопурлар?!

38. Ё улардан ҳар бир кимса ноз-неъмат жаннатига киритилишни тамаъ қилурми?!

39. Йўқ, (улар ҳеч қачон жаннатга кирмаслар)! Албатта Биз уларни ўзлари биладиган нарсадан (яъни, бир томчи сувдан) яратдик.

40-41. Бас, (шундоқ экан) Машриқу Мағрибларнинг Парвардигорига қасам ичурманки, шак-шубҳасиз, Биз (бу кофирларни ҳалок қилиб, ўринларига), улардан яхшироқ (инсонларни) алмаштириб қўйишга Қодирдирмиз ва Биз (бу ишга) ожиз эмасдирмиз.

42. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз уларни тарк қилинг! Улар то ўзларига ваъда қилинаётган Кунларига рўбарў бўлгунларича (ўз ботил-беҳуда ҳаёлларига) шўнғишиб, ўйнаб-кулиб юраверсинлар!

43-44. У Кунда улар гўё (ўзлари сиғинадиган) бутларга қараб чопишаётгандек шошилган, кўзлари (қуйига) эгилган, хорлик уларни ўраб-эгаллаб олган ҳолларида қабрларидан чиқиб келурлар! Мана шу (ҳаёти дунёда) уларга ваъда қилингувчи бўлган Кундир!

Орқага Олдинга