loader

080. Абаса сураси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

[1]    . (Муҳаммад) юзини буриштирди ва юз ўгирди.

[2]    . Зеро, унинг ҳузурига кўзи ожиз одам келган эди.
Ҳасан зикр қилишича, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юз буриштиришлари ва юз ўгиришлари кўзи ожиз одамнинг у зот ҳузурларига келиши сабабидан бўлган, холос. Бу нарса оятнинг зоҳиридан ҳам маълум. Чунки ривоят қилинишича, (ўша пайтда) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида мушрикларнинг улуғлари бор бўлиб, у зот уларни исломга даъват қилиб, уларга панду насиҳат бериб турган бўлганлар. Шу пайт Ибн Умму Мактум савол сўраб, у зотнинг ҳузурларига келиб қолган. У зот эса ўша қавмнинг мавқеини инобатга олиб, исломга кириб қолармикинлар, деган умидда ундан юз ўгирганлар ва юзларини буриштирганлар.
Ҳасан (Басрий)дан бошқа муфассирлар айтадиларки, Ибн Умму Мактум Пайғамбар алайҳиссаломдан ўзини тўғри йўлга соладиган ва ҳидоятга бошлайдиган нарсалар ҳақида сўраганида у зот айтаётган сўзларини бўлиб қўйгани учун юзларини бу-риштириб, ундан юз ўгирганлар.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг ана шу юз буриштиришлари шундай бир иш юзасидан бўлган эдики, агар буни тўплаб ер аҳлининг барча яхшиликлари билан солиштириладиган бўлса, уларнинг яхшиликлари-ю гўзал амалларидан бу оғир келган бўлар эди. Чунки юқорида зикр қилинганидек, у зот кофирларнинг бошлиқларига юзланиб, уларга ваъз-насиҳат қилаётган, мусулмон бўлишларини умид қилиб, исломга қизиқтираётган эдилар. Улар ўша қавмларнинг олий табақа вакиллари ва улуғларидан бўлганлари учун ҳам уларнинг исломни қабул қилишлари ўз қавмларидан кўплаб кишиларнинг мусулмон бўлиши умидини берар эди. Бинобарин, уларнинг мусулмон бўлишлари ўз қавмлари орасидан уларга эргашадиганларнинг исломни қабул қилишларига умид уйғотар эди. Натижада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг исломга киришлари орқали бошқалар барча яхшиликлари билан ҳам ета олмайдиган катта савоб ва улуғ мартабага муносиб бўлар эдилар. Ибн Умму Мактумнинг савол бериши ана шу катта савоб ва олийжаноб хислатларни қўлга киритишдаги мақсадга тўсқинлик қилди. Бундай ҳолатда юзни буриштириш мумкин бўлган ва инкор этилмайдиган енгил бир ишдир. Иккинчидан, кўзи ожиз кишига нисбатан юз буриш-тириш ва юз ўгириш унга кўринмайди. Кўрмагандан кейин бу ҳолни дағаллик деб ҳисобламайди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўз ҳузурларида турган қавмга юзланишлари ва улар билан чиройли муносабатда бўлишлари негизида Қурайш улуғларининг исломга киришларига бўлган умид ётар эди. Чунки у зот алайҳиссаломнинг уларга юзланишлари ва улар билан чиройли муносабатда бўлишлари уларга кўриниб турар эди. Улардан юз ўгириш эса ўша умидни пучга чиқарар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга нисбатан очиқ дағаллик қилган бўлар эдилар.
Унда дағаллик қилишдан сақланиш ва ҳалокатдан ҳидоятга ҳамда дин ва дунёнинг манфаати бор бўлган нарсага чақириш мавжуд бўлиб турган юзни унда дағалликдан сақланиш белги-лари бўлмаган юздан афзал деб билса, бундай киши етуклик ва ақл эгалари томонидан мақталгандир. Қолаверса, Набий алайҳиссаломнинг ўз ҳузурларида турган қавмга юзланишлари уларни исломга чақириш мақомида турганлари сабабидан бўлган экан, - ҳолбуки, биз исломга даъват қилиш йўлида молу жонимизга талафот етса ҳам, кофирларни исломга чақиришга буюрилганмиз, - ана шу даъватнинг унда мусулмонлардан бирига нисбатан юзни буриштиришдан бошқаси бўлмаган юздан осон қабул қилиш тўғрироқ ва муносиброқ бўлар эди.
Лекин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг (Қурайш улуғларини) бундай кўринишда (кўзи ожиз одамдан) устун қўйишлари у зотнинг шахсий ижтиҳод ва мустақил фикрларининг натижаси эди. Аллоҳ таоло тарафидан изн берилмаган ишларни қилганлари учун пайғамбар алайҳиссаломларга, агар ўша қилган ишлари халқни бошқаришдаги мақталган ишлардан бири бўлса ҳам, Аллоҳ таоло томонидан итоб келган. Масалан, Юнус алайҳиссалом (Аллоҳнинг изнисиз) ўз қавмини ташлаб кетгани учун итобга қолганлар.(Қаранг: Юнус сураси, 87-88-оятлар, Соффот сураси, 139-148-оятлар.) Агар худди шунга ўхшаб ер юзидаги бирор киши ўз қавмини ташлаб кетадиган бўлса, унинг эвазига мақтов ва олқишга сазовор бўлган бўларди. Чунки бу ташлаб кетиш учта ишнинг биридан холи эмас.
Биринчиси, Юнус алайҳиссаломнинг қавми кофир бўлиб, дин ишларида унга душман эди. Улардан қутулиш ва ўз динини саломат сақлаб қолиш мақсадида Юнус алайҳиссалом уларни ташлаб кетган эди. Агар ана шундай ишни пайғамбар алайҳис-саломлардан бўлмаган бирор киши қилганида эди, бу иш унинг энг афзал хислатларидан бири деб ҳисобланар эди.
Иккинчиси, Юнус алайҳиссалом ўз қавмини уларни қўрқитиб, чўчитиб қўйиш мақсадида ташлаб кетган эди. Чунки олдинги қавмларнинг пайғамбарлари қавмга азоб тушишини хоҳлаган пайтларида уларни тарк қилиб, чиқиб кетар эдилар. Юнус алайҳиссаломнинг бу ташлаб кетишида уларни қўркитиб қўйиш ва уларга таҳдид қилиш маъноси бўлган. Бу нарса уларни ўзлари унинг устида бўлиб турган залолатдан воз кечишга ва Аллоҳ таолога илтижо қилишга чақирар эди. Бир одамни унинг ҳидоят топиши ва залолатдан қайтишига сабаб бўладиган иш билан қўрқитадиган киши насиҳатни маромига етказган ва бу борада тўғри йўлни тутган ҳисобланади.
Учинчиси, Юнус алайҳиссалом «ўз қавмимга қарши бошқалардан ёрдам сўрасам ва улар менга ёрдам берсалар, улар-нинг ёрдамлари билан мен қавмимни исломга чақиришда яна ҳам қодирроқ ва яна ҳам кўпроқ имкониятга эга бўлсам», деган мақсад билан уларни ташлаб кетган.
Кейин ана шуларнинг барчасига қарамасдан Юнус алайҳис-салом итобга қолдилар. Аллоҳ таоло Ўз Китобида унинг қиссасини биз айтиб ўтган тарзда зикр қилиб қўйган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга бўлган итоб ҳам худди ана шу тарзда бўлган. У зотга энг афзал салавот ва энг мукаммал саломлар бўлсин!
Муфассирларнинг айримлари айтадиларки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Умму Мактумга қасддан юз буриштирмаган ва ундан атайлаб юз ўгирмаганлар. Аммо у Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзларини бўлиб қўйгач ва бу иши билан ўша қавмнинг исломни қабул қилишларига бўлган умидни йўққа чиқариб қўйгач, унинг бу қилмиши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир ботади ва бундан қаттиқ қайғуга тушадилар. Ана шу хафаликнинг аломати у зотнинг юзларида ҳам билинди. Ана шу юз буриштириш ва юз ўгириш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафидан атайлаб содир бўлган эмас эди.
Бошқа бир фикрга кўра шундай дейилади. Албатта, Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига барча оламларга нисбатан меҳр-шафқат солиб қўйган. Ҳатто бу шафқат у зот алайҳиссаломнинг қалбларига Аллоҳнинг динидан ва Унга имон келтиришдан юз ўгирганларга нисбатан ҳасрат туйдириб қўядиган даражада бўлган. Ҳатто бу ҳақда (Қуръонда) шундай дейилган:
«(Эй Муҳаммад!) Эҳтимол, Сиз (Макка мушриклари) мўмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилмоқчидирсиз».(Шуъаро сураси, 3-оят.)
Яна:
«Уларга (яъни мушрикларнинг қилмишлари сабабли) гамгин бўлманг! Уларнинг макр қилишларидан сиқилманг ҳам!».(Наҳл сураси, 127-оят.) (Фотир сураси, 8-оят.)
Яна:
«Бас, (Эй Муҳаммад!) Уларга ҳасратлар чекиб жонингиз (чиҳиб) кетмасин»
Бу оятнинг таъвили шуки, «Уларнинг тутган ўрни сизни жуда маҳзун қилиб қўймасин». Бинобарин, унда Пайғамбар алайҳиссаломни маҳзун бўлиш ва ҳасрат чекишдан ман қилиш эмас, ишни енгиллатиш бор. Шунингдек, Аллоҳ таоло:«Эй Пайгамбар! Нега хотинларингизнинг розилигини истаб, Аллоҳ сиз учун ҳалол қилган нарсани (асални) ҳаром қилиб олурсиз!»(Таҳрим сураси, 1-оят.) - деган. Унинг маъноси - яна ҳам Аллоҳ билувчироқ - Аллоҳ фойдаланишни сиз учун ҳалол қилиб қўйган нарсалардан хотинларингизнинг розилиги учун ўзингизни тийиб, жонингизни жуда қийнаб юборманг, маъносида бўлиб, бундан хотинларининг розилигини исташдан қайтарилмаганлар. Аксинча, қуйидаги оят билан ўз аёлларининг розилигини топишга чорланганлар: «Бууларнинг кўзлари кувони-ъиига, гамгин бўлмасликларига ва сиз уларга ато этган нарсага барчалари рози бўлишларига яцинроц (йўлўдир»).(Аҳзоб сураси, 51 -оят.)
Бинобарин, яна шундай дейишимиз мумкин - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша қавмнинг имондан юз ўгириши ўта оғир ва ёқимсиз иш бўлган. Ҳатто юзларининг ранги ўзгариб, унда буришиш намоён бўлган. Ана шунда Аллоҳ таолонинг «(Муҳаммад) юзини буриштирди ва юз ўгирди» ояти нозил бўлиб, у кишини ўраб олган қаттиқ хафалик у зотнинг юзларигача таъсир қилганини баён қилиб беради. Оятда у зотни айблаш ва қоралаш маъноси йўқ.
Сўнгра бу оятда бошқа бир қатор фойдалар ҳам бор. Шуларнинг бири ижтиҳод билан иш кўришнинг жоизлигидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай кўринишдаги ишларни ҳужжат асосида эмас, балки ижтиҳод асосида қилганлар. Агар юз буриштириш ва юз ўгиришга олдиндан изн берилган бўлганида эди, буюрилган ишни қилганлари учун у зот алайҳиссалом айбланмаган бўлар эдилар.
Агар: «Қандай қилиб ушбу итоб у зотни шунга ўхшаш ишни (юз буриштириш, юз ўгиришни) қилишдан қайтаришга ва ижтиҳод қилиш у зотга ҳаром бўлишига далолат қилмайди?» - дейиладиган бўлса, унга шундай жавоб берилади: «Бордию бу итоб (ижтиҳод билан иш қилишдан) тақиқ бўладиган бўлса, шундан кейин қайтиб ижтиҳод билан иш кўрмаган бўлар эдилар. Ҳолбуки, у зот алайҳиссаломнинг бундан кейин ҳам ижтиҳод билан иш қилганлари маълум. Бунинг далили қуйидаги оятлардир:
«Аллоҳ Сизни афв этди. (Лекин) ... негауларга (жангдан қолишга) рухсат бердингиз?».(«Аллоҳ Сизни афв этди. (Лекин) Сизга ростгўйлар аниқланиб, ёлғончиларни билмагунингизгача, нега уларга (жангдан қолишга) рухсат бердингиз?» (Тавба сураси, 43-оят.))
«Эй Пайгамбар! Нега Аллоҳ Сиз учун ҳалол ҳилган нарсани (асални) ҳаром ҳилиб олурсиз?!»
Бас, аниқ бўлдики, бу оятда (ижтиҳод билан иш қилишдан) қайтариш маъноси йўқдир.
Оятда кофир киши ўз қавми орасида ҳурмат қозонган ва шуҳрат топган киши бўлса ҳам, уни ҳурмат қилиш ва улуғлаш мўминлар зиммасига вожиб эмаслиги, аксинча, уни паст ҳисоблаш ва уларга беписандлик билан қараш кераклиги, мусулмон киши эса халқнинг назарида ҳақир ва эътиборсиз бўлса ҳам улуғланиши ва иззат-икромга лойиқ кўрилиши лозим, деган маънолар ифодаланган.
Оятда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг расул эканликлари белгиси ҳамда набийликларининг далолати бор. Шунингдек, бу Китобни (Қуръонни) ўз ичларидан тўқиб чиқармаганларига ҳам далил бор. Чунки одамлардан яширилиши керак бўлган бирор ишни қилган одам уни ўз ичида сақлайди, айбланмаслиги учун уни ўзгаларга фош қилмайди. Агар Пайғамбаримиз рисолатни етказишга буюрилмаган бўлганларида эди, уни ўз ичларида сақлашга қаттиқ ҳаракат қилган ва уни халойиққа ошкор қилмаган бўлар эдилар. Лекин у зот халққа етказишдан бошқа чораси бўлмаган бир Расул эдилар ва шунинг учун ҳам уни қандай буюрилган бўлсалар, худди шундай қилиб одамларга етказдилар.

[3]. (Эй Муҳаммад!) Сиз қаердан ҳам билурсиз, эҳтимол, у (сиздан фойдаланиб, ўз гуноҳларидан) покланар.
[лаъалла](Таҳрим сураси, 1-оят.) сўзи Аллоҳ таоло тарафидан айтилса вожиблик маъносида бўлади. [яззаккаа], яъни у ўзининг амали, нияти ва сўзи билан покланар. Ушбу оятда Қуръонда [ва маа юдрийка](Яъни «Сиз қаердан ҳам билурсиз?».) деб сўралган нарсаларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билмаганлар, деб даъво қилганларнинг сўзи ботил деб ҳукм чиқарилмокда. Бу гап Суфён ибн Уяйна розияллоҳу анҳу ва бошқалардан(Яҳё ибн Салом шундай деган: «Менга етиб келишича, Қуръонда ^ў) [ва маа адрока] «Сизга не ҳам англатур?!» деб сўралган барча нарсаларни Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирган ва у зот уни билганлар. Қуръонда [ва маа юдрийка] «Сиз қаердан ҳам билурсиз?» деб сўралган барча нарсаларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билмаганлар».
Суфён ибн Уяйна шундай деган: «Аллоҳ таоло қайси бир нарса хусусида [ва маа адрока] «Сизга не ҳам англатур?!» деган бўлса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан хабардор қилинган бўладилар. Қайси бир нарса хусусида [ва маа юдрийка] «Сиз қаердан ҳам билурсиз?» деган бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан хабардор бўлмаган бўладилар». Қуртубий. «Ал-жомиъу ли аҳкаамил Қуръаан», 18-жилд, 257-бет.) ривоят қилинган. Чунки Аллоҳ таоло мана бу ерда уни Ўзининг [лаъаллаҳу язаккаа],(Яъни «Эҳтимол, у покланар».) деган сўзи билан билдириб қўймокда. Аллоҳ таоло тарафидан айтилган [лаъалла] (эҳтимол, балки) калимаси вожиблик маъносини ифодалайди. Агар бу калимани вожиблик маъносида ишлатсангиз, кўзи ожиз одам (Абдуллоҳ ибн Умму Мактум) ўзини поклаган бўлиб чиқади. Агар у ўзини поклаган бўлар экан, демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буни билганлар.

[4]. ёки эслатма оларда, сўнгра бу эслатма унга фойда берар?!
Ушбу оят иккита маънони ифодалайди:
Биринчиси, «Сиз унга эслатма берганингиз сабабидан у эслатма олиб, Сизнинг эслатмангиз билан манфаат топар», маъносида бўлади.
Иккинчиси, «Сиз унга эслатган оқибатлар ҳақида ва ўзининг (ҳозирги кўзи ожиз) ҳолатида нималар қилиши кераклиги хусусида эслатма олиб, ундан манфаат топар».
Бинобарин, биринчи таъвилдаги манфаат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эслатишлари биланоқ эслатма олиш орқали вужудга келмоқда. Иккинчи таъвилдаги манфаат эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга эслатган нарсаларни эсга олиши билан вужудга келаяпти.

[5]. Аммо (Сизни машғул қилган) бой кимсага эса,
Сиз олиб келган динни қўйиб ўзи танлаган нарса билан ўзини беҳожат деб билган ёки сиз олиб келган нарсани қўйиб, шайтон унинг кўзига зийнатлаб қўйган нарса билан ўзини беҳожат деб билган ёки (ҳаммамизга) маълум бўлган бойлик билан беҳожат бўлган кимсага эса.
Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга юзланган кимсалар бой-бадавлат кишилар эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг мусулмон бўлиб қолишлари, натижада эса уларнинг орқаларидан эргашадиганлар ҳам уларга эргашиб исломни қабул қилишларидан умид қилган ҳолда уларга юзландилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзланган кишилар уларнинг бошлиқлари ва улуғларидан эдилар.

[6]. бас, Сиз (эътибор бериб) мутасаддилик қилмоқдасиз.
Яъни Сиз юзингизни у томонга бураяпсиз.

[7]. Ҳолбуки, унинг (ўз куфридан) покланмаслиги Сизга зарарли эмас эди.
Яъни Сизнинг зиммангизда эслатишдан бошқа нарса йўқдир. Шундай экан, у эслатма олмайдиган бўлса, Сизга зарар бермайди. Чунки Сизнинг зиммангизда фақат (Аллоҳнинг ваҳийсини уларга) етказишгина бордир. Агар у Сиздан юз ўгириб, Сизга душманлик қилсалар ҳам, Сизга ҳеч бир зарар етказа олмайдилар. Балки Аллоҳ таолонинг Узи Сизни асрайди ва унинг ёмонлигидан ҳимоя қилади.

[8]    . Энди олдингизга югурган ҳолда.

[9]    . (Аллоҳдан) қўрқиб келган киши эса,

Яъни Аллоҳ таоло учун амал қилиб, Ундан қўрқиб келган киши эса.
Бинобарин, унинг (Аллоҳдан) қўрқиши (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига) югуриб келишига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ана шунда бу оятнинг маъноси: «Ҳақиқатан, унинг Аллохдан қўрқиши - айнан ана шу нарса уни (Сизнинг ҳузурингизга) югуриб келишга ундади», бўлади.
Бу икки оятни бир-бирига атф қилиш (боғлаш) орқали тушуниш ҳам мумкин. Яъни бунда биринчи оятни кейинги оят учун сабаб ва далил қилинади. Аллоҳ таоло шундай деган:
«(Эй мушриклар!) Ўлик эканингизда сизни тирилтирган, сўнгра сизга (яна) ўлим берадиган, кейин сизни тирилтиргач ... Аллоҳни цандай инкор этасиз?»
(Жумлаларни бир-бирига) тартиб билан боғлаб тушуниладиган ўринда бу оятда зикр қилинаётган биринчи «тирилтириш» иккинчи «тирилтириш»га далил бўлган.
Ёки унинг Аллоҳ таолодан қўрқиши (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига) югуриб келишининг ибтидоси бўлиши мумкин. У ҳолда бу оятнинг мазмуни «Аллоҳ таолодан қўрқиб, жавобгарликдан ва (бошига) азоб тушишидан қўрқиб, югурган ҳолда сизнинг олдингизга келган киши эса...», бўлади.

[10]. бас, Сиз ундан чалғимоқдасиз.
Яъни Сиз эътиборсизлик қилиб, ундан юз ўгирмоқдасиз. Ҳолбуки, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларига келган мўминларга: «Сизларга салом (саломатлик) Раббингиз раҳмат (ҳилиш)ни Ўзига ёзди»,(Анъом сураси, 54-оят.) деб айтишга буюрилган эдилар.

[11]. Йўқ! (Бундай қилманг!) Албатта, улар (Қуръон оятлари) айни эслатмадир.
Ҳасан: «(Бу оятдаги) [каллаа] сўзи: «Сизнингмўминлардан юз ўгириш ва кофирларга юзланиш билан қилган бу ишингиз Менинг ҳукмим эмасдир», деган маънони ифодалайди», деган.
Абу Бакр Асам шундай деган: «(Муҳаммад) юзини буриштирди» оятидан бошлаб «бас, Сиз ундан чалғимоқдасиз» оятигача бўлган жойи нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ўзгариб, пайғамбарлик (мақоми) кетиб қолишидан ва улар орасидан ўз исмларининг ўчириб юборилишидан қўрқиб қолдилар. «Йўқ!» ояти нозил бўлганида эса, билдиларки, Раббилари у зотни ташлаб қўймаган экан. Зеро, Аллоҳ таоло у зотни шунга ўхшаш ишни яна такрорлашдан қайтараётган эди.
Муфассирлар [каллаа] сўзининг маъноси «Бунга ўхшаш ишларни яна такрорламанг!» деганидир», дейдилар.
[иннаҳаа тазкироҳ] Яъни «Йўқ! Албатта, улар айни эслатмадир». Бу гап барча сураларга нисбатан айтилган бўлиши ҳам, айнан мана шу сурага (Абаса сурасига) нисбатан айтилган бўлиши ҳам мумкин. Чунки бу сурада биз зикр қилиб ўтган маънолар орқали Аллоҳнинг ягоналигининг исботи бор. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбар эканликларининг исботи бор. Қайта тирилишга далолат бор. Башариятнинг яратилиши бекордан-бекорга эмаслигининг баёни бор. Шундай экан, бу сура улардан эслатма оладиган кишилар учун айни эслатмадир.
Шунингдек, шу сурадаги бундан олдинги оятларга нисбатан айтилган бўлиши ҳам мумкин. Яъни шу суранинг юқорида ўтган оятларида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканликларини биз айтиб ўтган маънолар билан таъкидлаш бордир.
[иннаҳаа тазкироҳ]. Яъни бу таъна улуғланиш ва иззат-ҳурмат кўрсатилишга кимлар ҳақлию хорланиш ва ҳурматсизликка кимлар ҳақли эканини улар яхши билиб олишлари учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, барча мўмин-мусулмонларга ҳам эслатмадир.

[12]. Бас, ким хоҳласа, уни ёд этар.
Бу оятнинг маъноси: «Аллоҳ кимнинг уни (Қуръон оятларини) эслашини хоҳласа, эсга олади» бўлиши ёки «Аллоҳ қанча хоҳласа, шунчасини ёдга олади», бўлиши мумкин. Яъни ҳар бир кимсага ёд олиш имкони берилган, ҳеч ким бу ишдан қайтарилган эмас ва бу ишга мажбур ҳам қилинмаган. Шундай экан, ёдга олишни тарк қилган киши - ана ўша кишигина бу имкониятни зое қилган одамдир. Зеро, у (Қуръон оятларини) ёдга олишдан бошқа иш билан машғул бўлиб, унинг зиддини афзал билди ва ихтиёр қилди ҳамда уни ёд олишдан юз ўгирди.
Бу оят амални рўёбга чиқариш, яъни «ким Қуръон оятларини ёдга оладиган бўлса, бас, унинг учун у зикрдир», маъносида бўлиши ҳам мумкин. Бинобарин, бу ерда амалнинг ўрнида хоҳлаш зикр қилинган (яъни «ким хоҳласа», дейилган) бўлади. Чунки биз юқорида хоҳиш амал билан бирга юришини, ундан айро тушмаслигини айтиб ўтган эдик. Шунга кўра, бу ерда хоҳлашни зикр қилиш худди амални зикр қилиш каби бўлади. Ёхуд амал вужудга келишидан аввал уни ирода қилиш (яъни «ким хоҳласа, уни ёд этар») маъносида бўлади.

[13]. (У оятлар Аллоҳ наздида) мукаррам саҳифаларда
Айтишларича, «мукаррам саҳифалар»дан мурод, «Дарвоҳе, бу (оятлар) аввалги (пайгамбарларга нозил бўлган) саҳифаларда - Иброҳим ва Мусо саҳифаларида (ҳам) бордир»,(Аъло сураси, 18-19-оятлар.) оятларида зикр қилинганидек, бундан олдинги саҳифалардир. Оятдаги «саҳифаларда» сўзи «фаришталарнинг қўлларидаги саҳифаларда» деган маънодадир. «Мукаррам» сўзи эса «Ута яхши элчи фаришталар бўлмиш каромат ахди уни иззат-икром қилгани сабабли мукаррам бўлган» ёки «Аллоҳ таолонинг наздида жуда мукаррам бўлган саҳифалар» деган маъноларни англатади.

[14]. «(яъни) қадри баланд, покиза (саҳифаларда)»
Оятдаги «баланд» сўзи «қадри баланд» деган маънони, «покиза» сўзи эса «қарама-қаршилик ва ихтилофдан пок» ёки «осийларнинг қўллари унга етишидан пок сақланган» ёхуд «ҳар хил кир ва ифлосликлардан пок» деган маъноларни ифодалайди.

[15]. «котиб (фаришта)лар қўлларидадир».
Оятда келган [сафаратун] ёзувчи (фаришта)лардир.

[16]. «(Улар) мукаррам ва итоатли зотдирлар».
Яъни «Улар Аллоҳ таолонинг наздида мукаррам, ўз ишларида Аллоҳга итоатли зотдирлар». Чунончи, Аллоҳ таоло уларни «Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, факрт буюрилган ишни қиладиган»,(Таҳрим сураси, 6-оят.) деб сифатлаган.

[17]. «Ҳалок бўлгур инсон, бунчалар кофир бўлмаса!»
Муфассирлар бу оятдаги [қутилал инсаану] иборасини «Лаънатга қолгур инсон», деб таъвил қилганлар. Ҳасан ва мўътазилийлар: «Бу сўз Аллоҳ таоло тарафидан айтилса, ҳақорат қилиш ва инсонни шу сўз (ҳақорат) билан аташ маъносида бўлади, дедилар ва Аллоҳ таолодан ҳақорат (қилиш сўзлари) содир бўлишини жоиз деб ҳисоб қилдилар.
Аслида ҳақоратлашда ҳақорат қилувчининг эсипастлиги ва бузғунчилиги намоён бўлади, холос. Чунки ҳақорат қилинган шахсга ҳақорат томонидан ҳеч бир зарар етмайди. Ўша ҳақоратнинг зарари айнан ҳақорат қилувчи шахснинг ўзига қайтади, холос. Аммо ҳақорат қилинган шахс ўз амали билан ҳақорат қилинган ҳисобланади, ҳақорат қилувчининг ҳақорат қилиши билан эмас.
Барча нуқсонлардан олий бўлган Аллоҳ таоло Унга бундай пасткашлик сифатининг нисбат берилишидан пок Зотдир. Шунинг учун ҳам биз айтамизки, халқ орасида ғийбат деб қабул қилинган сўзлар Аллоҳ таоло томонидан зикр қилинадиган бўлса, ғийбат бўлмаганидек, халқ орасида ҳақорат сифатида танилган сўз Аллоҳ таоло томонидан зикр қилинадиган бўлса, ҳақорат маъносини бермайди. Аксинча, (Аллоҳ таоло томонидан зикр қилинган) бундай иборалар танбеҳ ва ўша ишдан қайтариш маъносида тушунилади. Бинобарин, бундай ибораларнинг зикр қилиниши замирида улар билан хитоб қилинган кимсани қўрқитиб қўйиш ва халойиқларга унинг пасткашлиги ва жоҳиллигини эслатиб қўйиш мавжуд бўлади. Ахир сиз шу ҳаётда бир одамнинг хитоб қилинувчи шахснинг айбини ошкора қиладиган сўзларни гапиришини, агар унинг айбини гапиришдан мақсади унга насиҳат бериш ва қилиб турган ишдан уни қайтариш бўлса, уни дунё ва охирати учун фойдали бўлган йўлга бошлаб қўйиш бўлса, унинг бу иши ғийбат ҳисобланмаслигини биласиз-ку!
Худди шу сингари, бошқалар томонидан содир бўлганда ҳақорат ёки ғийбат саналадиган сўзлар Аллоҳ таоло тарафидан зикр қилинган бўлса, Унга ҳақорат ва ғийбат қилиш сифатлари ёпиштирилмайди. Зеро, бундай сўзларнинг У зот томонидан зикр қилиниши халойиқ учун эслатма ва танбеҳ бериш, бу сифатларни Унга нисбат берган кишиларни қўрқитиб қўйиш маъносидадир.
Оятдаги: [маа акфароҳу] сўзи «Унинг куфри нақадар қабиҳ ва нақадар аҳмоқлик ва нақадар жирканч бўлмаса» маъноларидадир. Чунки куфрга кетган инсон ўзига берилган неъматларнинг барчаси Аллоҳ таоло томонидан эканини билдию, шундан сўнг ҳам Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилмади, Аллоҳ чақирган ишларда Унга итоат қилмади. Аксинча, у Аллоҳнинг неъматларига шукр қилишни ўзига фойда ҳам, зарар ҳам беролмайдиган нарсаларга (бут-санамларга) йўналтирди. Эшитмайдиган, кўрмайдиган ва ундан бирор манфаат тегмайдиган нарсаларга ибодат қилди. Бу фаҳшнинг энг сўнгги нуқтаси ва қабиҳликнинг ниҳоясидир.
Ёки оятдаги [маа акфароҳу] сўзи «Унинг шукр қилувчи банда билан куфр келтирувчи банданинг, бузғунчи банда билан ислоҳ қилувчи банданинг ва Аллоҳнинг дўсти бўлган банда билан Унинг душмани бўлган банданинг ўртасини баробар деб билиш билан куфр келтириши нақадар аҳмоқлик ва нақадар жирканчлик бўлмаса! Ҳолбуки, ақл уларнинг ўртасида фарқ бор деб турган бўлса», деган маъноларни ифодалайди. Бинобарин, у қайта тирилишни инкор қилиш орқали ўз ақлига қарши борди, уни менсимади. Шундай бўлгач, ана шундай сифатга эга бўлган кишининг куфр келтириши нақадар оғир жиноят!
Сўнгра оятдаги    [маа акфароҳу] сўзи «Қайси нарса уни куфрга етаклади?» деганидир. Бинобарин, бу сўзнинг зикр қилиниши замирида халойиқлар орасидан имон келтирган кишиларнинг ҳайратини келтириш, уларга ана шундай ишни килган киши ёмон инсон эканини, унинг ўз Раббиси билан ёмон муомала қилаётганини эслатиб қўйиш ётибди.

[18]. (Аллоҳ) уни қайси нарсадан яратди ўзи?!

[19]. (Бир ҳақир) нутфадан яратиб, кейин уни (туғилиш вақтини) белгилаб қўйди.
Гўёки Аллоҳ таоло шундай демоқда: «Албатта, кофир бўлган кимса ўзининг нутфадан яратилган эканини, ўша нутфа эса на қулоғи, на ақли ва на бирор аъзоси мавжуд бўлган бир ўлик нарса эканини, сўнгра Аллоҳ таоло Ўзининг лутфи ва ажойиб ҳикмати билан унда бир очиш ва бир қарашда беш юз йиллик масофани кўрадиган кўзни яратиб қўйганини, унда осмонлар ва Ердаги нарсаларни идрок қиладиган ақлни бериб қўйганини, унда қулоқ, кўз ва булардан бошқа аъзоларни яратиб қўйганини билиб бўлди. Шундай экан, қудрати ана шу нарсаларга етган Зот ўзи ўлдирган кишиларни бир зумда ҳаётга қайтариб, қайта тирилтиришга ожизлик қилади, деб ўйлайдими?!»
Еки Аллоҳ таолонинг «нутфадан яратиб» деган сўзи У инсонни нутфадан яратган эканини билдириб қўйиш маъносидадир. Аллоҳ таолонинг буни зикр қилишида биз ҳозиргина санаб ўтган фойдалар мавжуд.
Оятдаги    [фа қоддароҳу] сўзи «У инсонни шундай
мўътадил тарзда яратиб қўйдики, унда Аллоҳнинг Парвардигорлигига далолат бор, Унинг ягоналигига шаҳодат бор» ёки «У инсонни унда ўзининг салоҳияти ва манфаати бор бўлган ҳайъатда яратиб қўйди» ёхуд «У инсонни Узи истагандек калта, узун, хунук, чиройли ва ҳоказо қилиб яратиб қўйди», деган маъноларни ифодалайди.

[20]. Сўнгра унга (туғилишида) йўлни осон қилди.
Оятда зикр қилинаётган [ас-сабийл]дан мурод, дин бўлиши эҳтимоли бордир. Ана шунда гўёки Аллоҳ «Унга Аллоҳнинг йўлидан юришни осон қилиб қўйди», деяётгандек бўлади. Бунинг асоси юқорида айтиб ўтганимиздек, дин лафзи мутлақ ҳолда зикр қилинадиган бўлса, ундан Аллоҳнинг дини назарда тутилган бўлади. Шунингдек, мутлақ ҳолда зикр қилинган китоб лафзидан ҳам Аллоҳ таолонинг Китоби назарда тутилган бўлади. [ас-сабийл] ҳам ана шу айтилганларга асосан мутлақ ҳолда зикр қилинадиган бўлса, Аллоҳ таолонинг йўли деб тушунилади.
Ёки «Аллоҳ унга шундай йўлни осон қилиб қўйдики, банда ўша йўлни танлашини Унинг ўзи билар эди», деяётгандек бўлади. Бу худди қуйидаги оятларга ўхшаб кетади:
«Бас, кимки (закот ва садаҳотларни) берса ва (Аллоҳдан) кўрқса ҳамда гўзал (нарса)ни тасдиқ этса, бас, унга осонликни муяссар ҳилурмиз. Аммо кимки бахиллик қилса ва (ўзини) беҳожат (бой) санаса ҳамда гўзал (нарса)ни ёлгонга чиқарса, бас, унга огирликни муяссар қилурмиз».(Лайл сураси, 5-10-оятлар.)
Ёки «Онасининг қорнидан чиқиш йўли тор бўлиши ва жуссаси катта бўлишига қарамай, Аллоҳ унга ўша жойни осон қилиб қўйди. Токи куч-қудрати шу нарсага етган Зот Узи ирода қилган ишга қодир эканини, ҳеч нарса Уни ожиз қолдира олмаслигини ва ҳеч бир иш Ундан махфий қолмаслигини бандалар билиб қўйсинлар», деяётгандек бўлади.

[21]. Сўнгра унга ўлим юбориб, қабрга киритур.
Аллоҳ таолонинг бу нарсани зикр қилишида неъматларни ёдга солиб қўйиш бор. У ҳам бўлса шуки, кўздан пана жой (қабр)да ўзгариб, ифлос нарсага айланиб қоладиган одамнинг жуссасини Аллоҳ таоло одамлар ундан нафратланмасинлар ва жирканмасинлар, деган мақсадда улардан яширади. Инсоннинг жасади ўлим сабабидан ўзгариб, одамлар ундан озор-азият чекмасинлар, деган мақсадда уларнинг кўзларидан панада туриши учун унда беркитиб қўйиладиган жойи (қабр)да нопок саналадиган ва жирканиладиган даражага келиб қолган вақтда Аллоҳ таоло бу ишни ана шу одамлардан бошқалар учун қилмади, айнан уларнинг ўзлари учун қилди. Шундай экан, одамлар Унга шукр қилсинлар, деб уларга бу неъматини эслатиб қўймоқда.

[22]. Сўнгра Ўзи хоҳлаган пайтда, уни қайта тирилтирур.
Бу оятнинг маъноси, яна ҳам Аллоҳ билгувчирокдир, «Шунингдек, ўзи хоҳлаган пайтда, уни қайта тирилтирур»дир. Чунки буларнинг барчаси хабар кўринишида бўлса ҳам, ҳужжат келтириш ўрнида зикр қилинмокда. Бу билан У: «Ҳақиқатан, инсонни нутфадан яратган, унинг туғилиш вақтини белгилаб қўйган, сўнгра унга ўлим юбориб, қабрга киргизган Зот худди шу тарзда Узи хоҳлаган пайтда уни қайта тирилтиради», демоқчи бўлаётгандек гўё. «(Эй мушриклар!) Ўлик эканингизда сизни тирилтирган, сўнгра сизга (яна) ўлим берадиган, кейин сизни тирилтиргач, сиз ҳузурига қайтариладиган Аллоҳни қандай инкор этасиз?!»(Бақара сураси, 28-оят.) деган оятида ҳам худди шу кабидир. Яъни сизларга ҳаёт берган, сўнгра ўлдирган Зот худди шундай қилиб сизларни яна ҳаётга қайтарадиган Зотдир.

[23]. Йўқ! (У Аллоҳ) буюрган нарсани сира адо этмади.
Муфассирларнинг баъзилари: «Бу оят ҳар бир киши ҳақида қилинган хитобдир. Зотан, сиз ўзининг зиммасидаги амрларнинг барчасини буюрилганидек қилиб унда ғофиллик қилмасдан ва нуқсонга йўл қўймасдан адо этган бирорта инсонни кўрмассиз. Ҳатто ҳар бир лаҳзада Аллоҳ таоло тарафидан ҳар бир бандага бир неъмат берилади. Ҳеч ким ана шу неъматнинг шукрини унда камчиликка йўл қўймаган ва совуққонлик қилмаган ҳолда тўлақонли равишда адо этишга муяссар бўла олмайди», - деганлар.
Муфассирларнинг баъзилари эса: «Бу оят айнан ўзларига буюрилган тавҳидни адо этмаган кофирлар ҳақидадир», - де-ганлар. Бинобарин, агар оят ана шу маънода нозил қилинган бўлса, демак, уни буйруқнинг ибтидосига йўналтириб тушунилади. Агар биринчи сабаб (яъни бу оят ҳар бир киши ҳақида қилинган хитобдир) маъносида нозил қилинган бўлса, демак, уни буйруқнинг моҳиятига йўналтириб тушунилади ва муфассирлар айтганларидек, уни кофирга йўналтириш тўғрироқ бўлади. Чунки мўминнинг имонига ҳамма вақт янгиланиб туриш ҳукми берилади. Зотан, у ҳамма вақт куфрдан сақланишга буюрилган ва шунинг учун ҳам ундан сакданади. Бу иш эса имон билан бўладиган ишдир. Агар иш ана шундай экан, мўмин киши ҳамма вақт ўзига буюрилган ишларни тўлалигича адо этувчи, ундан қайтарилган ишлардан сақланувчи зот эканлиги, бинобарин, у ўз имонидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳолатда гуноҳлардан қайтувчи, ўзига буюрилган ишларни тўлалигича адо этишни лозим деб эътиқод қилгувчи инсон бўлиши аниқ бўлди. Шунинг учун ҳам бу хитобни у кофирга қарата айтилган, деб тушуниш асослироқ бўлади.

[24]. Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин:
Яъни қандай қилиб Аллоҳ таоло инсон учун унинг ризқини ўлчовли ва белгили қилиб қўйганига боқсин. Зеро, унинг ризқи учун осмонлар ва Ерни, ҳаво, қуёш, ой, кеча ва кундузни ишга солиб қўйди. Осмонларни улардан ёмғир ёғдиришда, ҳавони ёмғирнинг йўли қилиб қўйишда, ерни ёмғир қарор топадиган жой қилиб қўйишда ишлатди. Ердан унда инсонларнинг яшаш воситалари ва манфаатлари бор бўлган нарсаларни чиқариб қўйди. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг мазкур нарсаларни зикр қилишида бир қанча фойдалар бор.
Биринчиси, манфаатлари бир-бирлари билан боғлиқ бўлгани учун ҳам осмонлар ва Ернинг яратувчиси ҳам, халойиқлар, қуёш ва ойнинг яратувчиси ҳам ягона Зот экани халойиқларга билдириб қўйилмоқда. Чунки ана шундай бўлмаганида эди, осмоннинг яратувчиси Ернинг яратувчисига осмоннинг манфаатларини тақиқлаб қўйиши мумкин бўлар эди.
Иккинчиси, Аллоҳ таоло Узининг куч-қудратини, ажойиб ҳикматини эслатиб қўймоқда. Токи улар Аллоҳ таоло Ўзи қилишни истаган ҳамма нарсага қодир эканини, ҳеч нарса Уни ожиз қолдира олмаслигини билиб қўйсинлар. Чунки У аслида бир-бирлари билан қарама-қарши ва бир-бирларидан фарқли бўлишларига қарамасдан биз зикр қилиб ўтган нарсаларнинг манфаатларини бирлаштирди. Манфаат сифатида уларни бир-бирлари билан ҳамоҳанг ва мувофиқ қилиб қўйди. Упарнинг ораларидаги масофа узоқ бўлишига қарамай, улардан ҳар бирини бир-бири билан узвий боғлиқдек қилиб қўйди. Шундай бўлгач, бир-бирларидан фарқ қиладиган нарсаларнинг ўртасини мувофиқлаштириб қўйишга, бир-бирларидан олисда бўлган нарсаларнинг ўртасини чамбарчас қилиб қўйишга қодир бўлган Зот ўликларни қайта тирилтиришга албатта қодирдир.
Учинчиси, бандаларга Ўзининг ҳикмати ва илми аён бўлиши, пировардида улар Аллоҳ таолонинг халойиқларни бекордан бекорга яратмаслигини, уларнинг шукр қилишларини талаб қилмасдан, қайта тирилтирмасдан шундоқ ташлаб қўймаслигини, иш улар ўйлаганчалик эмаслигини, яъни Аллоҳ таоло уларни (ажаллари етган вақтда) ўлдириш учунгина яратмаган эканини, агар шундай бўлса, Аллоҳ таоло халойиқларни ҳикмат доирасига тўғри келмайдиган услубда яратган бўлиб чиқишини билиб олишлари учун уларга эслатма бермоқда.
Тўртинчиси, У башариятни эҳтиёжманд ва шаҳват-истаклари бор қилиб яратди. Унинг ризқини шундай тарзда ўлчовли қилиб қўйдики, инсон ўша ризқидан ейдиган бўлса, ўз эҳтиёжини кетказади ва шаҳват-истагини тинчлантиради. Агар бирор киши эҳтиёжни кетказиш ва шаҳватни тинчлантиришда омил бўладиган ана шу маънонинг нима эканини идрок қилмоқни истаса, уни била олмайди. Бас, унинг тафаккури қайта тирилиш борасида ўзида пайдо бўладиган шубҳалар ва эътирозларни даф қилишга олиб келади. Ва шу каби барча ишларни ўз қобилиятларидан келиб чиқиб баҳолайдиган, ақл-идроклари етиб борган натижадан келиб чиқиб мувофиқлаштирадиган бўлсалар, ҳам. Бас, улар қачон ўша ризқларида ўз ақл-идроклари ва қобилиятлари доираси-дан ташқарида бўлган маъноларни топадиган бўлсалар, иш улар тахмин қилгандек эмаслигини биладилар ва пировардида (қайта тирилиш ҳақидаги) шак-шубҳалар ва чигалликлар улардан кўтарилади.
Шунингдек, улар сувдан барча нарсаларнинг - гарчи улар хилма-хил ва тафовутли бўлса-да, гарчи уларнинг таъмлари ва ранглари бир-биридан фарқли бўлса-да, ҳаёти учун сабаб бўлишига яроқли қилиб турган маънони англаб етишни истасалар, бунинг уддасидан чиқмаслар. Ана шунда улар ҳикмати шу даражага етган Зот Узи истаган ишга қодир ва истаган нарсасини амалга оширувчи эканини билиб оладилар. Юқорида зикр қилинганларга назар солишда ўзининг эҳтиёжмандлиги ва ўзидан бошқаларга муҳтожлиги аён бўлади. Аллоҳ таоло халойиқларни Ўзининг эҳтиёжи учун эмас, балки халойиқларнинг Унга эҳтиёжи борлиги учунгина яратганлиги аниқ ва равшан бўлади.

[25]. Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик.

[26]. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин, деб) ёрдик.
Яъни сув ернинг ёриқларида ўрнашиб олиши, пировардида халойиқлар унинг манфаатидан баҳраманд бўлишлари учун «Биз (осмондан) сувни туширдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин, деб) ёриб қўйдик».

[27]. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик,

[28]. узум ва кўкатларни,
Аллоҳ таоло бу оятда донлар ва узумни зикр қилмокда. Бу иккиси ерда унадиган нарсалардан бўлмаса-да, уларни ерда унув-чи бўлган аслдан - негиздан чиқариб қўйгани учун Аллоҳ таоло уларни ерда ундириб қўйдик, деб хабар бермокда. Яъни униб чиқишнинг бошланиши ерга бориб тақалгани учун ҳам Аллоҳ таоло бу оятда донлар ва узумни ер(дан чиқариб қўйдик, деб ун) га нисбат бермоқда. Бу қуйидаги оятга ўхшайди: «Осмонда эса, сизларнинг ризқларингиз (ёмгир) бордир».х Бизнинг осмондан келадиган ризқимиз ёмғирдир. Аммо егулик ва бошқа ризқларимиз эса фақат ерда унади. Осмондан тушган ёмғир воситасида ердан униб чиққани учун ҳам ризқимиз осмонга нисбат берилмоқда. Чунки ризқимизнинг бошланиши осмонга тегишли. Шунингдек, Аллоҳтаоло: «У сизларни тупроқдан яратган Зотдир»,(Зориёт сураси, 22-оят.) (Ғофир сураси, 67-оят.)деган. Бизнинг барчамиз тупроқдан яратилган эмасмиз. Аммо аслимиз (яъни Одам) ўша тупроққа тегишлидир. Бинобарин, биз тавсифлаб ўтган маъно туфайли донлар ва узум ҳам юқорида зикр қилиб ўтилган нарса (ер)га нисбат берилмоқда.
Оятдаги [ал-қадбу]дан мурод, кўкатлардир. Улар қайта-қайта қирқилиб, йиғиштириб олингани учун ҳам [қадбун] деб номланди.

[29]. зайтун ва хурмоларни,
Аллоҳ таолонинг бу оятда зайтунни зикр қилишида биз айтиб ўтган фойда бор. У ҳам бўлса шуки, зайтун энг юмшоқ нарса бўлиб, унинг илдизи энг қаттиқ ер бўлмиш тоғлар бағрида бўлади. Шундай экан, энг қаттиқ нарсалар ичидан энг юмшоқ нарсаларни чиқаришга қодир бўлган Зот йўқдан бор қилишга ҳам, қайта тирилтиришга ҳам қодирдир. Ёки энг қаттиқ нарсалар ичидан энг юмшоқ нарсаларни чиқаришга қодир бўлган Зот қотиб қолган қалбларни Аллоҳ таолонинг зикрига мойил бўладиган даражада юмшатиб қўйишга ҳам қодирдир.

[30]. қалин дарахтзор боғларни,
Оятдаги [ал-ҳадаиқу] - дарахтлар билан ўралган ва қуршаб олинган боғлардир. [ал-ғулбу] - қалинлик, зичлик маъносидадир. Агар кишининг бўйни йўғон бўлса, [рожулун ағлабу] (йўғон бўйинли киши) дейилади. [қовмун ғулбур-риқоби] - (яъни қўпол ва дағал қавм) дейилади. Муфассирлар яна [ал-ғулбу] - қалин ва узун дарахтлардир, деганлар.

[31]. меваю гиёҳларни ҳам.
[ал-аббу] - ўт-ўлан (гиёҳ)лардир. Аллоҳ таоло бу нарсаларни Узининг манфаатлари учун эмас, балки халойиқларнинг ҳамда чорва ҳайвонларнинг истеъмоли учун яратганини хабар қилмокда.

[32]. (Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик).

[33]. Бас, қачонки, (қулоқларни) кар қилувчи (чинқириқ) келганда (Сур иккинчи марта чалинганда),
Ҳасан: [ас-сооххоту] қиёматнинг исми бўлиб, ҳар бир нарса унинг овозидан қўрқувга тушиб қолади» деган.(Қаранг: Мовардий. «Ан-нукат вал уйун». 6 жилд, 209-бет.) Абу Бакр Асам ҳам шу гапга асосланиб, [ас-сооххоту] келган куни ҳар бир нарса қўрқувга тушиб қолади ва Аллоҳ таоло: «Чақирувчи томонига шошганларича борар эканлар»,(Қамар сураси, 8-оят.) деб айт-ганидек, чақирувчи (Исрофил)га бўйсинади, деган.
Қутабий: [ас-соххоту] - бир бало (офат)дир», деган.(Ибн Қутайба. «Тафсири ғарибул-Қуръон». 515-бет.) Бу гапга кўра, юқорида айтиб ўтганимиздек, Аллоҳ таоло қиёматни унда содир бўладиган ҳолатлар ёки унда амалга ошадиган ишлар билан зикр қилган бўлади.
Зажжож: [ас-соххоту] - «кар қилувчи» маъносида бўлиб, қиёмат кунида қулоқлар ўзлари чақирилган овоздан бошқа барча нарсадан кар бўлиб қолади», - деган.

[34]. Ўша куни киши ўз биродаридан қочур.

[35]. Яна онаси ва отасидан ҳам,

[36]. хотини ва ўғилларидан ҳам (қочур).
Ушбу оятларда чиндан ҳам қочиш назарда тутилаётган бўлиши ҳам, бу назарда тутилмаётган бўлсада, қочувчи инсонда топиладиган маъно (яъни ўзи билан бўлиб қолиш) унда ҳам топилгани учун у (ўз биродари, ота-онаси, хотини ва ўғилларидан) қочади, деб сифатланаётган бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло: «Бас, қачонки сур чалинганида (қиёмат бошланганида) анаўша куни уларнинг ўрталарида (ҳеч цандай) насаблар қолмас ва улар ўзаро савол-жавоб ҳам қила олмаслар»,(Муъминун сураси, 101 -оят.) - деган.
Бунинг маъноси шуки, одатда қариндошлар бир жойга тўпланиб қолсалар, бир-бирларини кўриб хурсанд бўладилар ва ана шу тўпланишга ўрганиб қоладилар. Мабодо, бир-бирларидан узокда бўлсалар, ҳол-аҳвол сўрашадилар ва бу нарсага аҳамият берадилар. Сўнгра улар ўша кунда (сур чалинган қиёмат кунида) кўзларидан йироқда бўлган қариндошни сўрамайдилар, олдиларида бўлган қариндошни кўриб хурсанд бўлмайдилар. Худди ўрталарида ҳеч бир қариндошлик йўқдек бўлиб қолади. Бундай бўлиши чиндан ҳам уларнинг ўрталарида қариндошлик йўқ бўлгани учун эмас, балки ҳар кимнинг бошига ўша қариндошининг ҳолини сўраши ва уни кўрганидан хурсанд бўлишига тўсқинлик қиладиган қайғу тушгани учундир. Ҳатто чиндан ҳам қочмаса-да, қочадиган кишида топиладиган маъно ундан содир бўлгани учун худди қочаётгандек бўлиб қолади. Чунки Аллоҳ таоло: «(Чунки) у кунда улардан ҳар бир кишида ўзига етарли нарса (ташвиш) бўлур»,(Кейинги оят.) деган. Бинобарин, унинг бошига тушган ташвиш уни ўзидан ва қариндошларидан қочишига монелик қилади.
Ёки ҳақиқий маънода қочади, деб тушуниш мумкин. Чунки ўзларининг зиммаларидаги ҳақларнинг барчасини тўлалигича адо этадиган қариндошларнинг ўзи йўқки, улардан бу борада нуқсонга йўл қўйиш топилмаса. Шунинг учун ҳам улар ўша куни шу ишлари сабабли жазога йўлиқишларидан қўрқадилар ва бу қўрқув уларни ўз (яқинларидан) қочишга ундайди.
Ехуд Аллоҳ таоло: «Агар огир гуноҳ эгаси бўлган жон (бировни) ўз юки - гуноҳига (яъни гуноҳининг бир қисмини кўта-ришга) чорласа, (гарчи чорлангувчи) якрн цариндоши бўлса-да, у (гуноҳдан) бирон нарса кўтарилмас»,(Фотир сураси, 18-оят.) - деб айтганидек, ҳар бир инсон ўз қариндошларининг оғирлиги (гуноҳи)ни ўз зиммасига олишдан қочади, деб тушуниш ҳам мумкин. Ҳолбуки, улар бу дунёда ўзларининг оғир кунларида (ва қийинчиликларни енгиб ўтишларида) бир-бирларига ёрдамчи эдилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу ерда ўша куни (қиёмат куни) инсонлар бир-бирларига ёрдамчи бўлмасликлари, балки бир-бирларидан қочишларининг хабарини бермоқда.
Сўнгра бу оят кофирлар ҳақида келган бўлиши ҳам мумкин. Мусулмонларга келсак, яқин дўстларнинг ўрталаридаги дўстлик риштаси сақланиб қолгани каби уларнинг ўрталаридаги қариндошлик ҳақ-ҳуқуқлари ҳам сақланиб қолиши мумкин. Бунинг далили ушбу ояти каримадир: «У кунда тацводорлардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар».(Зухруф сураси, 67-оят.)
Агар бу оят барча инсонлар - мусулмонлару кофирлар хусусида нозил қилинган бўлса, у ҳолда (оятда зикр қилинаётган) қочиш айрим ҳолатларда бўлади, деб тушуниш мумкин. У ҳам бўлса, ҳали ўзининг бошига тушган ташвишдан халос бўлиб олмаган вақтдадир. Аммо хавфдан қутулиб, хурсандчилик хабари келганида эса, у ўзининг яқинларини шафоат қилишни бошлайди. Уларнинг ҳол-аҳволларини суриштиради. Улардан қочмайди.

[37]. (Чунки) у кунда улардан ҳар бир кишида ўзига етарли нарса (ташвиш) бўлур.
Муфассирлар: «Ҳар бир инсонга уни ўзгалардан банд қилиб, тўсиб турадиган ташвиш берилади», - деганлар.

[38]. У кунда (баъзи) юзлар ёруғ.
Яъни нурафшон ёки яшнаб турувчи, мамнун ва ёрқин. Демак, бу оятда мўминлар неъматлар ичида бўлишлари, ҳатто бу нарса уларнинг юзларида ҳам намоён бўлиб туришининг хабари берилмоқда.

[39]. шоду хуррам (бўлур).
Яъни Аллоҳ таоло уларга инъом этган неъматлар туфайли шод, Аллоҳ таоло ўзларидан рози бўлгани учун хурсанд (бўлур).

[40]. У кунда (бошқа бир) юзлар узра ғубор бўлиб,
Муфассирлар шундай деганлар: «Бу ҳолат уларнинг юзларидаги ўзгаришнинг бошланиши бўлади. Яъни уларнинг юзларини ғубор босиб олгандек бўлиб қолади. Сўнг юзлари қораяди. Сўнг Аллоҳ таоло: «Юзларни сидириб, тескари цилиб юборишимиздан ёки уларни худди «шанба эгалари»ни лаънатлаганимиздек лаънатлашимиздан олдин»,(Нисо сураси, 47-оят.) деганидек, юзлари сидирилади ва тескари қилиб юборилади.

[41]. уларни қоралик қоплар.
Абу Бакр Асам: «Уларни қоралик қоплар», яъни уларни хорлик ўраб ёки эгаллаб олур. Сўнгра ана ўшандан кейин уларнинг юзлари ўз тусини ўзгартириб, худди ғубор қамраб олган каби бўлур, сўнгра биз юқорида зикр қилиб ўтганимиздек, қорайиб қолур», - деган.

[42]. Ана ўшалар (дунёда яшаган пайтларида фисқу) фужур қилувчи кофирларнинг ўзидирлар.
Яъни Аллоҳ таолонинг неъматларига ношукрлик қилувчи, (ўзининг зиммасидаги) ҳақларни адо этишдан юз ўгирувчи фосиқ ва фожирларнинг ўзидирлар. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!

Орқага Олдинга