loader

077. Мурсалот сураси

(Маккада нозил бўлган, 50 оятдан иборат. Сура Вал-Мурсалот деб ҳам аталади.)

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

[1] Яхшилик ила юборилганлар билан қасам.

[2] Ва қаттиқ эсувчилар билан қасам.

[3] Ва тарқатувчилар билан қасам.

[4] Ва ажратиб юборувчилар билан қасам

[5] Эслатмани ташловчилар билан қасам.
Инсон (яъни муфассир)лар Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзлари таъвили борасида ихтилоф қилганлар. Буларнинг барчаси-ни фаришталар деб таъвил қилганлар ҳам, улар(нинг маъноси)ни шамолларга нисбат берганлар ҳам, баъзисини шамолларга, қолганини фаришталарга нисбат берганлар ҳам бор. Уларнинг барчаси шамоллар деб таъвил қилиниши жоиздир. Шунингдек, уларнинг барчаси фаришталарга ёки бир қисми фаришталар, қолган қисми шамолларга нисбат берилиши ҳам тўғри бўлади. Агар (ушбу оятлардаги қасамлар) шамоллар борасида бўлса, улар билан қасам ичиш тўғридир. Чунки шамолларнинг Аллоҳ таоло раҳмати хушхабарини берувчилари, Унинг бандаларига неъматларни олиб борувчилари ҳам бор. Зеро, Аллоҳ таоло бундай деган:
«Унинг белгиларидан бири У Зот шамолларни хушхабар берувчи қилиб, раҳматидан сизларни баҳраманд этиши учун юборишидир» (Рум сураси, 46-оят).
Шамоллар ичида нажотга етказувчилари ҳам бор. Аллоҳ таоло айтади:
«У сизларни қуруқлик ва денгизда сайр қилдирур. Токи сизлар кемада бўлган пайтингизда ва у(кема)лар яхши шамол билан уларни олиб кетаётганида ва улар бундан шодланиб турганларида...» (Юнус сураси, 22-оят)(«...Қаттиқ шамол ҳамда ҳар томондан тўлқин келганда, улар қуршовда қолганларини билиб: «Агар шундан бизни халос қилсанг, албатта, шукр қилувчилардан бўлурмиз!» деб ихлос билан Аллоҳга илтижо қилурлар (Юнус сураси, 22-оят).)
Аллоҳ таоло кемаларнинг сузиши учун худди сувни сабаб қилганидек, шамолни ҳам сабаб қилди. Баъзи шамолларни ҳалок қилувчи, Ўз салтанати ва чексиз қудратини эслатувчи қилиб қўйди. Аллоҳ азза ва жалла айтади:
«У сизнинг устингизга қаттиқ шамол юбориб, кофир бўлганингиз сабабли ғарқ қилишидан (хотиржаммисиз?!)» (Исро сураси, 69-оят)(Оятнинг тўлиқ маънолар таржимаси: «Ёки У сизларни яна (денгизга) қайтариб, сизнинг устингизга қаттиқ шамол юбориб, кофир бўлганингиз сабабли ғарқ қилишидан, сўнгра сизларга Биздан ўч олиб берувчи топа олмай қолишдан ҳам хотиржаммисиз?!»).
Улар шамолни кўзлари билан идрок қилмасаларда, лекин шамол уларни ўлдириб, ҳалок қилади. Аслида, кўзлар нарсаларнинг ҳақиқатини англашда энг биринчи восита ҳисобланади. Агар кимдир шамолларнинг нима сабабдан нажот берувчи бўлгани ёки нима сабабдан ҳалок қилувчи ёки хушхабар берувчи бўлганини билмоқчи бўлса, буни англай олмайди.
Шунингдек, шамоллар неъматларни эслатувчи ҳам бўлади. Неъматларни эслатиш эса қайта тирилиш ҳамда пайғамбарлар берган барча хабарлар ҳақ эканини тасдиқлашни тақозо этади. Чунки мушриклар қайта тирилишни инкор этардилар. Улар шамоллардаги ўзларининг тадбири ва ақли етмайдиган нозик ҳикмат ва ажойиб тадбирларни кўрсалар, бу нарса уларнинг қуввати ва ақлидан ташқари ишлар эканини англайдилар. Бу эса уларда юзага келган қайта тирилиш борасидаги шубҳаларни кетказади. Аллоҳ таолонинг мазкур нарсалар билан қасам ичиши, айтиб ўтганимиздек, мақсадни таъкидлаш учундир.
Аллоҳ таолонинг: «Яхшилик ила юборилганлар билан қасам», деган сўзига қайтамиз. Айтилишича, бу хушхабар қилиб юборилган шамоллардир. У олиб келадиган неъматлар маълум бўлгани учун у оятда «ъурф» (яхшилик) деб номланди.
Яна бошқа нақлда айтилишича, оятдаги «ъурф» сўзи «кетма-кет келувчи» маъносида бўлади. Отнинг ёллари бир-бирига кетма-кет жойлашгани учун «ъурф» деб номланган. Демак, оят хушхабар берувчи шамоллар маъносида бўлиши ҳам жоиз.
Шунингдек, Аллоҳ азза ва жалланинг: «тарқатувчилар билан» сўзидан ҳам шамоллар назарда тутилиши мумкин. Бунда «тарқатувчи шамоллар» маъносида бўлади. Бу майин ва енгил шамолдир. Сабаби, тарқатиш сифати раҳмат шамоллари учун зикр қилинган. Қироатларнинг бирида қуйидаги оят бундай тиловат қилинган:
«У шамолларни ўз раҳматини тарқатувчи қилиб юборадиган Зотдир» (Аъроф сураси, 57-оят)х.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Қаттиқ эсувчилар билан...» сўзи нарсаларни синдириб, парчалаб ташлайдиган шиддатли шамоллар ҳақида бўлиб, ҳалок қилиш учун юборилади. Зеро, Аллоҳ таоло бундай дейди:
«У устингизга қаттиқ шамол юборишидан (хотиржамми-сиз?!)» (Исро сураси, 69-оят)(Оят Осим қироатида шундай:    «У шамоллар-
ни ўз раҳматини башоратчи қилиб юборадиган Зотдир» (Аъроф сураси, 57-оят). Имом Ҳамза, Кисоий ва Халаф [нашрон] деб қироат қилган (Ибн Миҳрон. «Ал-Мабсут фи ал-қироаат ал-ъашр». 209-6).)(Оятнинг тўлиқ маънолар таржимаси: «Ёки У сизларни яна (денгизга) қайтариб, устингизга қаттиқ шамол юборишидан, бас, кофир бўлганингиз сабабли ғарқ қилишидан, сўнгра сизларга Биздан ўч олиб берувчи топа олмай қолишдан ҳам хотиржаммисиз?»).
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг: «Яхшилик ила юборилганлар билан қасам» деган сўзи ҳалок қилиш ёки хушхабар бериш учун юборилгани маълум бўлмаган умумий шамолларнинг номи бўлиши ҳам мумкин. Чунки раҳмат учун юборилган шамолларнинг раҳмат белгиси пайдар-пай келишидан илгари булутлар юбориш ва бошқа нарсалар билан намоён бўлади. Ҳалок қилувчи шамолларда ҳам ҳалокат аломати пайдар-пай келишидан олдин, ўша заҳоти кучли бўрон ҳолида зоҳир бўлади.
Аллоҳ таолонинг: «Ва ажратиб юборувчилар билан...» сўзи ҳам шамоллар маъносини тақозо қилади. «Ажратиб юборувчи» деб номланиши уларнинг булутларни ажратиб юборгани эътиборидандир. Натижада, булутларнинг баъзиси бир томонда, қолгани бошқа томонда бўлиб қолади.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Эслатмани ташловчилар билан...» сўзидан шамоллар назарда тутилиши ҳам жоиз. Айтиб ўтганимиздек, уларни эслатма ташловчи дейишнинг маъноси шуки, шамоллар билан неъматлар намоён бўлади ва эсланади, улар орқали нажот намоён бўлади, баъзилари туфайли ҳалокат содир бў-лади. Мана шу уларнинг эслатма ташлашидир. Валлоҳу аълам!
Агар барча оятлар фаришталарга нисбат бериладиган бўлса ҳам, шулар эҳтимол қилинаверади. Аллоҳ азза ва жалланинг: «Яхшилик ила юборилганлар» сўзи амри маъруф (яхшиликка буюриш) ва наҳйи мункар (ёмонликдан қайтариш) билан юборилган фаришталарни, «қаттиқ эсувчилар» эса кофирларнинг жонларини шиддат ва ғазаб билан оладиган фаришталарни англатади.
«Тарқатувчилар билан...» сўзида котиб фаришталар ирода қилинган бўлиши мумкин. Уларни «тарқатувчи» дейишнинг сабаби, улар саҳифаларни тарқатиб, уни инсонларга ўқитадилар. Оятдан мусулмонлар жонини юмшоқлик ва мулойимлик билан оладиган фаришталар ирода қилинган бўлиши ҳам жоиз.
«Ажратиб юборувчилар билан...» сўзидан ҳам фаришталар назарда тутилиши мумкин. Уларнинг «ажратиб юборувчи» деб номланишига сабаб, улар ҳақ билан ботил ўртасини ажратиб берадилар. Аллоҳ таолонинг: «эслатма (зикр)ни ташловчилар билан...» деган сўзи ҳам пайғамбарлар алайҳимуссалом тилларига зикрни ташлайдиган фаришталардир.
Агар юқоридаги оятлар маъносининг баъзиси фаришталарга, баъзиси эса шамолларга нисбат берилса ҳам жоиздир. Шунда «яхшилик ила юборилганлар» яхшилик ва хайр билан юборилган фаришталар, «қаттиқ эсувчилар» шиддатли шамол (бўрон), «тарқатувчилар» майин ва енгил шамол (шабада), «ажратиб юборувчилар» ва «эслатмани ташловчилар» эса фаришталар бўлади.
Булардан бошқа маъно эҳтимоли ҳам бор. Масалан, Аллоҳ таолонинг: «Яхшилик ила юборилганлар» сўзидан инсонларга юборилган пайғамбарлар ирода қилинган бўлиши мумкин. Ҳар бир пайғамбар яхшиликка буюрувчи ва ёмонликдан қайтарувчи этиб юборилгандир.
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг «ажратиб юборувчилар» ва «эслатмани ташловчилар» сўзидан ҳам пайғамбарлар ирода қилинган бўлиши мумкин. Чунки улар ҳақ билан ботил ўртасини ажратиб, одамларнинг қулоқларига зикр (эслатма)ни соладилар.
Аллоҳ таолонинг: «Яхшилик ила юборилганлар» деган сўзи самовий китоблар маъносида бўлиши ҳам жоиз. Чунки улар яхшилик ва барча хайр билан юборилган. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг «тарқатувчилар» сўзи ҳақ ва ҳидоятни тарқатувчи (китоблар)лар деган маънони билдиради. «Ажратиб юборувчилар» ҳам шу маънода, чунки самовий китоблар ҳам ҳақ билан ботил ўртасини ажратади. «Эслатмани ташловчилар» ҳам шундай, чунки у (китоб) лар ҳам шу (эслатма)нинг сабабидир. Валлоҳу аълам!

[6] Узр (қолдирмаслик) ёки огоҳлантириш учун.
Бу Аллоҳ таолонинг узрга ўрин қолдирмаслиги учундир. Яъни Аллоҳ таоло пайғамбарларни юборди, китоблар нозил этди, ҳужжатларни баён қилди, токи бирор киши учун Аллоҳ ҳузурида ҳужжат қолмади. Бу эса узрга ўрин қолдирмасликдир. У зотнинг «огоҳлантириш учун» деган сўзининг маъноси шуки, У Зот бандаларни огоҳлантирди, уларни ҳалок қилишга шошилмай, балки уларга (азобдан) сақланиш, четланиш йўлларини, бажарилиши лозим бўлган амалларни баён қилди. Бу огохдантириш ҳисобланади. Шамоллар биз айтиб ўтган таъвилга кўра, Аллоҳ таолонинг неъматлари ва азобларини эслатувчидир. Демак, бу маъно неъмат берувчи ҳамда азоб берувчи Зотнинг зикрини ҳам лозим этади. Бу эса узрга ўрин қолдирмаслик ва огоҳлантириш демакдир. Валлоҳу аьлам!

[7]    Албатта, сизларга ваъда қилинаётган нарса воқе бўлажақдир!
Ушбу оят юқорида зикр қилинган «яхшилик ила юборилганлар»дан бошлаб, охиригача (илоҳий) қасамнинг ўрнидир.
Ваъда қилинган нарсадан «қайта тирилиш» назарда тутилса, маъноси қуйидагича бўлади: «Албатта, сизларга ваъда қилинаётган қайта тирилиш воқе бўлажакдир». Агар ундан «жазо ва азоб» назарда тутилса, унинг маъноси: «Албатта, сизларга ваъда қилинаётган азоб тушажакдир», бўлади. Демак, ушбу оят Аллоҳ таолонинг илмида имон келтирмайдиган қавм ҳақидадир.

[8]    Бас, вақтики, юлдузлар ўчирилса.
Аллоҳ таолонинг: «Албатта, сизларга ваъда қилинаётган нарса воқе бўлажакдир!» ояти нозил бўлгач, гўё мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан унинг қачон бўлишини сўрайдилар, валлоҳу аълам. Шунда: «Бас, вақтики, юлдузлар ўчирилса» ояти нозил бўлган.
Аллоҳ таоло ўша вақтнинг ўзига эмас, балки ўша кундаги ҳолатларга ишора қилган. [тумисат] сўзи «нури ва ёруғлиги сўниб, сўнг сочилиб кетгач» деганидир.

[9]    Ва вақтики, осмон ёрилса.

[10] Ва вақтики, тоғлар суғурилса.
Яъни осмон гумбурлаб ёрилса, тоғлар ўзагидан суғурилиб, ер билан теп-текис бўлса.
Зажжож бундай деган: «Агар бирор нарсани тезлик ила олсангиз, унга (араб тилида) [насафтуш шайъа] дейсиз».

[11] Ва вақтики, пайғамбарлар бир вақтга тўплансалар.
Бир қироатда (Абу Амр ва Яъқуб раҳимаҳумаллоҳ [вуққитат] деб ўқиган. Ибн Миҳрон. «Ал-Мабсут фи ал-қироаат ал-ъашр». 456-6.)[вуққитат] деб ҳам ўқилган. Аслида ҳам шундай бўлган. Лекин енгиллик мақсадида «вов» ҳарфи ўрнига «ҳамза» алмаштирилган. Ушбу сўз «тавқит» ўзагидан олинган бўлиб, «маълум вақтга жамлансалар», маъносида бўлади.
Айтилишича, оят маъноси «ҳар бир пайғамбар ўзи юборилган қавмга гувоҳлик бериш учун ҳозир қилинса» бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло:
«Ҳар бир уммат ичидан ўзлари учун ўзларидан бир гувоҳни келтирадиган кунни (эсланг). Сизни эса уларга (умматингизга) гувоҳ қилиб келтирамиз» (Наҳл сураси, 89-оят), деган.
Яна айтилишича, [уққитат] сўзининг маъноси бундай бўлади: «Расулларга ўзлари даъват этган нарсаларнинг ҳақиқати зоҳир бўлиши ваъда қилинган. Бу нарса даъватдан воз кечган қавмга етадиган азобдир. Шунингдек, Аллоҳ таолога имон келтириб, дин даъватини қабул қилганларга ҳам савоб етиши расулларга ваъда қилинган эди».

[12] Қайси кунга кечиктирилди?

[13] Ажрим кунига.
Аллоҳ азза ва жалланинг [ужжилат] - «кечиктирилди» ва [уққитат] - «вақт белгиланди» сўзлари бир хил маънодир. Чунки вақт белгилашда «кечиктириш» маъноси, кечиктиришда эса «вақт белгилаш» маъноси бор. Сўнг Аллоҳ азза ва жалла унинг вақти, яъни азоб вақти қачон бўлишини «Ажрим кунига», яъни ҳукм ва қазо кунига (кечиктирилди), деган сўзи билан баён қилди. Аллоҳ таоло айтади:
«Агар Раббинг томонидан айтилган сўз бўлмаганида ва белгиланган муддат бўлмаганида, албатта, у (азоб) лозим бўлар эди» (Тоқо сураси, 129-оят).
«Агар Раббинг томонидан айтилган сўз бўлмаганида, албатта, улар ораларида ҳукм килинган бўлар эди» (Юнус сураси, 19-оят).
Аллоҳ таоло томонидан айтилган сўз - «жазо ва мукофот беришни қайта тирилиш кунигача кечиктириш» бўлиши мумкин. Қайта тирилиш куни жазо ва мукофот куни қилинди ва у кўзлар билан кўрилади. Ушбу дунё эса имтиҳон ва синов ҳовлиси қилинди. Синов ҳужжатлар ва далиллар билан бўлади. Гўё У Зот бундай деган: «Агар Аллоҳ таолодан мукофот ва азобни кечиктириш ҳақида сўз ўтмаганида эди, ёлғонга чиқаришлари билан шу дунёдаёқ уларга аниқ азоб берилган бўларди».
Оят «Аллоҳ таоло мукофот ва азобни аввалги ва охиргилар жамланадиган кунга кечиктирди ва бу дунёда башарият яратилишини эса, қиёмат кунигача кетма-кет қилиб белгилади, яъни уларни бирданига яратмасдан, бирларини бошқалари ортидан яратишни ирода қилди ва кофирлар учун азобни қиёматга қадар кечиктирди» маъносида ҳам бўлиши мумкин. Зеро, ўша кунда барча жам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ушбу куннинг «Ажрим куни» деб номланиши ўша кунда ҳукм қилингани ҳамда (зулм ва адолат) ажрим қилингани эътиборидан бўлади. Шунингдек, ушбу кунда бадбахтлар ва саодат эгаларининг жойи маълум бўлади, дўсту душманлар ораси ёки хусуматчилар ораси ажрим қилинади. Валлоҳу аълам!

[14] Ажрим кунини сизга нима билдирди?
Яъни сиз уни билмас эдингиз, балки сизга Аллоҳ таоло билдирган. Буни айтишдан мақсад ўша кунни улуғлаш ёки уни даҳшатли қилиб кўрсатишдир. Ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга унинг хабари берилгани ҳам неъмат эканини эслатишдир. Валлоҳу аълам!

[15] Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!
Оятда умумий зикр этилган ушбу огоҳлантириш ёлғонга чиқарувчиларга қаратилганига далил бор. Оятда тасдиқловчилар учун бериладиган мукофот зикр қилинмаган. Лекин аслида «тасдиқ қилувчиларга Тубо бўлсин», дейилиши керак эди. Чунки «вайл» сўзи ҳалокат содир бўлганида, «Тубо» эса шодлик ва неъмат етганида айтилади. Қачонки ёлғонга чиқарувчиларга ҳалокат ҳақидаги сўз зикр қилинар экан, уларнинг акси бўлганларнинг ҳоли шодликни лозим қилиши керак. Лекин ушбу ўринда зикр қилинмаган бўлсада, бу шодлик бошқа оятда зикр қилинган:
«Аммо кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса. Тезда, осонгина ҳисоб қилинар» (Иншиқоқ сураси, 7-8-оятлар).
Бошқа сурада бундай дейди:
«Бас, кимнинг тортилган (амаллар)и оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Аъроф сураси, 8-оят)(«Ўша куни (амалларни) тортиш ҳавдир. Бас, кимнинг тортилган (амаллари) оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир. Ва кимнинг тортилган (амаллари) енгил келса, бас, ана ўшалар Бизнинг оятларимизга зулм қилиб, ўзларига зиён этганлардир» (Аъроф сураси, 8-9-оятлар).).

[16] Аввалгиларни ҳалок қилмадикми?
Булар Нуҳ алайҳиссалом қавми ҳамда Од билан Самуд қавмидир.

[17] Сўнгра кейингиларини уларга эргаштирмадикми?
Яъни Фиръавн қавми, Лут алайҳиссалом ва бошқаларнинг қавмларини (эргаштирмадикми?)

[18] Гуноҳкорларни шундоқ қиламиз.

[19] Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!
Айтилишича, оятда зикр этилган гуноҳкорлар ўша умматларнинг гуноҳкорларидир.
Аллоҳ таолонинг қайси вақтда шу тарзда ҳалок қилиши борасида турлича фикрлар айтилган. Баъзи (муфассир)лар, ушбу ҳалок қилиш охиратда бўлишини айтганлар. Зеро, Аллоҳ таоло бундай деган:
«Балки қиёмат (куни) уларга ваъда қилинган вақтдир. Ва қиёмат (азоби) улканроқ ва аччиқроқдир» (Қамар сураси, 46-оят).
Шунингдек, баъзилар, ушбу ҳалок қилиш Бадр жанги куни бўлганини айтганлар. Бошқалар эса, ушбу ҳалок қилиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматининг гуноҳкорларига тегишли эканини айтганлар. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай (ҳадис) ривоят қилинган: «Мен (Аллоҳ томонидан) икки ойлик масофадан (душманнинг кўнглига) қўрқув тушириш нусратига эга бўлдим»(Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривояти.). Аллоҳ таоло мушриклар қалбига қўркув солиб қўйди, ҳатто уларнинг қудратлари кучли бўлиб, саҳобалар сони кам бўлсада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларига қарши урушишга боис бўладиган сабабларни тарк этишди. Бу эса Аллоҳ таолонинг гуноҳкорларни ҳалок қилганидир. Мушриклар қалбига қўрқинч солиб қўйилиши Набий алайҳиссалом пайғамбар эканларига нозик белги ва очиқ ҳужжатдир. Чунки мазкур воқеа - уларни «жанг қилишдан тўхтатган ва қалбларига қўрқув солган нарса илоҳий ишдан бошқа нарса эмас»лигини англатарди. Валлоҳу аълам!

[20] Сизларни ҳақир сувдан яратмадикми?

[21] Бас, уни мустаҳкам қароргоҳга жойладиқ.

[22] Маълум вақтга қадар.
Аллоҳ таолонинг ушбу ҳолатни зикр қилиши улардан қайта тирилиш борасида юзага келган шубҳа ва чигалликни кетказиш учун бўлиши мумкин. Чунки қайта тирилишга ажабланиш йўкдан бор қилиш ва яратилишнинг ибтидосига ажабланишдан ортиқ нарса эмас. Уларнинг яратилишлари ибтидосини зикр қилиш уларнинг қайта тирилиш борасидаги шубҳаларини кетказиш учундир.
«Ҳақир», яъни ифлос, ҳаром сувдан яратилганларини зикр қилиш уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан кибр ва манманликни бас қилишлари, у зотга бўйсунишлари, даъват қилаётган нарсаларига ижобат этишлари учун бўлиши ҳам мумкин.
Инсонлар Аллоҳнинг хохдаган ишига қодирлигини, Ундан ҳеч нарса махфий қолмаслигини англашлари учун У Зот уларни башарият тадбири ета олмайдиган зулматлар ичида яратганининг хабарини берди. Бу нарса уларни муроқаба (Аллоҳнинг кузатиб турганини ҳис қилиш), сергаклик ва мулоҳаза қилишга ундайди.
«Бас, уни мустаҳкам қароргоҳга жойладик» оятидаги «мустаҳкам қароргоҳ» бачадондир. Аллоҳ таоло «ҳақир сув» ўрнашиши, ундан алақа (лахта қон) ва музға ’(чайналган гўшт каби)ни яратиши ва Узи белгилаган муддатгача у ерда туриши учун бачадонни «мустаҳкам қароргоҳ» қилиб қўйган.

[23] Бас, Биз ўлчов ила яратдик ва нақадар яхши ўлчов ила яратувчимиз.

[24] Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин (Алақа ва музға инсоннинг яратилиш босқичларидаги ҳолатлар. Алақа - лахта қон, музға - чайналган гўшт каби экани айтилган.)
Аллоҳ азза ва жалланинг [фақодарна] сўзи қироатларда [фақодарна], [вақоддарна] деб ўқилади. [фақодарна] (деб ўқилса, унда) маъноси «ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик» бўлади. [вақоддарна] маъноси эса, уни ҳикмат тақозо этадиганидек бекам-кўст қилиб яратдик, деганидир. Қуйидаги оятда зикр қилинган маъно ҳам шу:
«У бекам-кўст қилиб яратиб, ҳидоятга бошлаган Зотдир» (Аъло сураси, 3-оят).
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Нақадар яхши ўлчов ила яратувчимиз» деган сўзи неъматларни эслатиш маъносида келган. Яъни сизларни шундай яратган Зот Аллоҳ таолодир. Ҳеч ким сизларга бундай ишларни қилишга қодир эмас.

[25] Ерни ўзига тортувчи қилмадикми?

[26] Тирикларни ва ўликларни?
Ушбу оят юқоридаги «Сизларни ҳақир сувдан яратмадикми? Бас, уни мустаҳкам қароргоҳга жойладик» оятига боғлиқ бўлиши мумкин. Буларни зикр қилишда неъматларни ҳамда (Аллоҳга хос) қудрат, ҳукмронлик ва ҳикматни эслатиш бор.
Неъматларни эслатиш йўли шуки, Аллоҳ таоло инсонни дастлаб ифлос сув (нутфа) қилиб яратган. Уни халойиқ кўзига кўринмайдиган жойда қарор топтирди. Тадбирини инсонларга топширмади. Шунингдек, уни алақа (лахта қон) ва музға (чайналган гўшт каби) қилиб яратган вақтда ҳам тадбирини бирор мавжудотига топширмади. Чунки бундай вақтда у (яратилаётган инсон) инсонлар жирканадиган ва ҳазар қиладиган жойда бўлади. Инсонлар ҳазар қиладиган ва жирканадиган маъноларни оддий поклаб қўйишнинг ўзи билан йўқ қилиш имкони йўқ. Шунинг учун унга халойиқнинг кўзи тушмайдиган мустаҳкам қароргоҳ қилди. Сўнг унга жон киритиб, хилқатини ростлади ва онасининг қорнидан чиқарди. У ўзини ва юмушларини бошқара оладиган даражага етгунича уни тарбиялаб, ушлаб туришлари учун ота-онасининг қалбига мулойимлик ва меҳрни солиб қўйди. Сўнг у вафот этганидан кейин ҳам ўзига тортиб, бағрига оладиган ерни ҳам пайдо қилиб қўйди ва ушбу ер билан назар ташловчилар кўзидан яширин бўлади. Чунки инсон ўлимидан кейин ҳам жирканч ҳолатда бўлади, уни поклаб бўлмайди. Унинг аввалидан охиригача бўлган ҳолатларини зикр қилишда неъматларни эслатиш ҳам бор, токи инсон Аллоҳга шукр қилишга юзлансин.
Ёки боланинг ўсиб, улғайиши учун нутфа, алақа ва музға ҳолида нима билан озиқланишини инсонлар билмаганлари учун бачадон унга қароргоҳ қилиб қўйилди. Шу тариқа улардан ўша вақтда тарбия машаққатини кўтарди (яъни унга озуқа бериш ишидан ҳам инсонларни озод қилиб қўйди). Сўнг одамлар болани озиқлантиришни ва эҳтиёжларини қондириш йўлини билишгач, Аллоҳ таоло уни онанинг қорнидан чиқариб, бошқаришни ота-онасига топширди. Бу ҳам неъматларни эслатиш йўлидир.
Ушбу неъматларни зикр қилиш билан (Аллоҳга хос) қудрат, султонлик ва ҳикмат ҳам айтиб ўтилмокда. Яъни Аллоҳ таоло инсон яратиладиган бир томчи сувни «алақа» ва «музға» бўлишга яроқли қилиб қўйди. Агар халойиқ нутфадан «алақа», «музға», суяклар ва гўшт пайдо бўлиши, сўнг ундан баркамол одам яратилиши сабабини билмоқчи бўлсалар, уни англаб ета олмайдилар. Бордию бу тўғрида тафаккур қилсалар ҳам, Аллоҳнинг ҳикмати башариятнинг илми етадиган нарса эмаслигини, Унинг қудрати эса инсоният қуввати етмайдиган даражада эканини англайдилар.
Ўлгандан сўнг қайта тирилишни инкор қилишга ундаган нарса уларнинг ишларни ўз (ақлий) қувватлари билан ўлчашлари ва ақлларига кўра солиштиришларидир. Улар ўзларининг ибтидодаги ҳолатлари ҳақида фикр юритиб, Аллоҳга хос бўлган нозик тадбир ва ажойиб ҳикматларни кўрсалар, ҳолат улар айтгандек ва ўлчагандек эмаслигини англайдилар. Бу эса уларни қайта тирилиш ва бошқа ҳолатлар борасида пайғамбарлар келтирган хабарларни тасдиқлашга ундайди.
Уларга ибтидодаги ҳолатлари ва охири нимага айланишларини эслатиш Аллоҳнинг динига нисбатан кибр қилмасликлари, У Зотга ижобат этиб, бўйсунишлари ҳамда халойиқлардан бирортасига кибрланмасликлари учун бўлиши ҳам мумкин. Зеро, улар аввалги ҳолларида халойиқ жирканадиган нутфа эдилар, сўнг лахта қон, бир парча гўшт бўлиб, охирида жирканч мурдага айланганлар. Ҳолати шундай кимсанинг бирор инсонга кибр қилиши қандай ҳам муносиб бўлсин?!
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Ерни ўзига тортувчи қилмадикми?» деган сўзининг маъноси шуки, Ер уларни тирикликларида ҳам, ўлганларидан кейин ҳам ўзига тортиб, жамлаб олади. Инсонларнинг ҳаётлик вақтларида ерга қўшилишлари унда уйлар ва масканлар, ўлганларидан кейин эса дафн этиладиган қабрлар қилиб қўйилганидир. Ёки яна бир маъноси: ҳаётлари давомида ернинг усти уларнинг юрадиган ва ётадиган жойлари қилиб қўйилган. Ўлганларидан кейин эса Ернинг ичини уларга маскан қилган. Шунингдек, Ернинг устини ундаги кенг йўллардан юришлари учун тўшаб, у ерда ризқларини ҳам битиб қўйди.
Демак, Аллоҳ таоло инсонлар шукр қилишлари учун Ерни яра-тишидаги турли неъматларини эслатиб ўтди. Валлоҳу аълам!

[27] Ва Биз унда юксак тоғларни жойладик ва сизларни чучук сув билан суғордик.

[28] Ўшал кунда ёлғонга чиқа-рувчиларга вайл бўлсин
[ар-ровасий] - Ернинг қарор топиши ва Ер аҳлини тебратмаслиги учун ўрнатилган мустаҳкам тоғлар. Чунки Ер тебраниб турса, унинг аҳли ўзларига тегишли манфаатларга ета олмас эдилар. Аллоҳ таоло улар шукр қилишлари учун баланд тоғларни зикр қилиш билан Ўзининг улуғ неъматини эслатди.
[аш-шамихот] сўзи «узун» деганидир. Аллоҳ азза ва жалланинг: «Сизларни чучук сув билан суғордик» оятининг маъноси «Агар чучук сув сизларга осмондан туширилмаганида, куч-қувватингиз билан эриша олмасдингиз» (мазмунини ифода этади).
Шунингдек, Аллоҳ таоло чучук сувни осмондан ерга туширди ва уни чучуклик сифатидан чиқариб юбормади ва у ерга тегиб, аралашиб кетса ҳам, ўзгармади. Бу ўринда сувнинг фақатгина «ичиш» сифати назарда тутилган. Ундан ташқари, чучук сувдан бошқа сувларда ҳам ичишга яроқлилик сифатидан ташқари барча хислатлар мавжуд.

[29] Ўзингиз ёлғонга чиқарган нарсага қараб борингиз!
Оятнинг маъноси, Аллоҳ таолонинг ўзингиз ёлғонга чиқарган азобига қараб борингиз! Валлоҳу аълам! Чунки улар қайта тирилишни ҳам, азобни ҳам ёлғон деб инкор қилар эдилар. Лекин уларга бу гап қайта тирилишдан сўнг айтилади. Айтиб ўтганимиздек, оятда «азоб» назарда тутилмоқда.

[30] Учта бўлакли сояга қараб борингиз!
Бир қарашга кўра, ушбу соя жаҳаннамдан чиқадиган тутун бўлиб, жаҳаннам аҳли уни соя деб ўйлайдилар ва ундан фойдаланиш умидида у томон борадилар(Мужоҳид раҳимаҳуллоҳдан ушбу оят ҳақида сўралганда, у «Жаҳаннам тутунидир», деб жавоб берган. «Тафсир ат-Табарий». 29/296.).
«Уч бўлакли соя» сўзи икки маънода бўлиши мумкин:
Биринчиси, соянинг ўзаги бир бўлиб, ундан уч бўлак ажралиб чиқади.
Иккинчиси, соя аслида учта бўлакли бўлиб, ҳар бир бўлак ҳар тарафдан келади ва бирлашиб, бир нарсага айланиб кетади.

[31] У салқин қилмайдиган ва оловни ҳам қайтармайдигандир.
Яъни улар бундан дунёдаги соя каби фойдалана олмайдилар. Чунки дунёдаги соя иссиқни қайтаради, унинг остида яшаш учун талпинадилар. Зеро, уйнинг соясида истиқомат қилинади, дарахт ва деворлар сояси бошпана қилинади. Охиратда эса ушбу соя улардан иссиқликни тўсмайди, ҳеч бир фойда бермайди.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Оловни ҳам қайтармайдиган» деган сўзи уларнинг оловдан ўша соя томон қочишлари ҳақида бўлиши мумкин. Лекин ушбу соя улардан оловнинг азиятини қайтармаслиги айтилмокда. Шунингдек, олов ўша соя ичида бўлиши ва ичидаги алангани яширадиган даражада ўта қалин соя (тутун) бўлиши ҳам мумкин. Улар соя остига кирсаларда, лекин соя оловни яширгани билан, уларни ўтдан тўсмаслиги айтилмокда.

[32] Албатта у (жаҳаннам) қасрдек учқунларни отадир.
Оят бошқа қироатда [кал-қасари] деб, «сод» ҳарфини фатҳа қилиб ҳам ўқилган. Машҳур қироатга кўра(Яъни «кал-қаср» деб ўқилганида.), «қаср» - ғишт ва ёғочдан қилинган маълум бинодир. Бошқа нақлда айтилиши-ча, ундан саҳроликлар уйи, яъни чодирлар назарда тутилган.
Фатҳа билан («қасар» деб) ўқиганлар унинг маъноси борасида турлича фикр айтганлар:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо уни «хурмо дарахтининг бўлаги» деган. Унинг бирлик кўриниши [қасара] бўлади. У хурмо дарахтининг уч зироъ ёки ундан сал оз ёки кўпроқ қилиб кесилгани бўлиб, одатда уни қишда ўтин қилиб ёқадилар. Баъзилар уни хурмонинг ердан суғуриб олинган, кесилган томири деган. Баъзилар эса уни хурмонинг танаси эканини айтганлар. Бошқа бир нақлда «қасар» устида қассоблар гўшт кесиб, суяк синдирадиган ёғоч (тўнка) ҳам дейилган.
Ҳасан (Басрий) раҳимаҳуллоҳ ушбу сўзни деб қироат қилгани маълумдир. Лекин уни «қуриган ўтин» деб тафсир қилган. Бу худди [тамратун] «битта хурмо» ва у [тамрун] «хурмолар» сўзларидек вазнда бўлади. Валлоҳу аълам!
Оятда дўзахнинг учқунлари ва унинг ўлчами дунёдагидан кўра катта экани айтилмокда. Чунки дунёдаги олов учқунлари жой эгалламайди, балки бир кўриниб, сўнг ўчади. Шунингдек, унинг баъзи учқунлари катталикда чодирлар каби, баъзиси қасрлардек ва баъзиси дарахтнинг томиридек келади, деган маънода бўлиши ҳам мумкин.

[33] У (қаср) худди сариқ (қора) туялар кабидир.

[34] Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!
Оят [жималатун] деб ҳам қироат қилинган. Шунда маъноси «туялар тўдаси» бўлади. Шунингдек, бошқа қироатда [жималаатун] деб, кўплик шаклида ҳам ўқилган.
Айтилишича, [суфрун] - «сариқ» сўзи «қора» маъносини ифодалайди. Қоранинг «сариқ» деб номланиши қора туянинг усти сариқ бўлишидандир. Шу боис уни сариқ деб номлашган (аслида эса, қорадир). Шоирнинг қуйидаги сўзи ҳам бунга далил бўлади:
Яъни: «Мана бу менинг отим, анави туям. Улар сариқ, аммо болалари майиздек (қора)».
Алангалар қасрга, қаср эса қора туяларга ўхшатилмоқда.
Бир қироатда [жумалаат] деб «жим» ҳарфи замма билан ҳам ўқилган. У кемаларнинг узун арқонидир. Агар у йиғилса, катталиги ўртача одамдек бўлади. Демак, учқун - чўзилганда узун бўладиган, йиғилса, ўртача одамдек бўлган арқонга ўхшатилмокда. У (катталикда) худди қаср каби бўлади.

[35] Бу улар гапирмайдиган кундир.
Оятнинг маъноси шундай бўлиши мумкин: «Улар дунёда Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган сўз айтмаганларидек, (охиратда ҳам) ўзларига фойдали сўз айта олмайдилар. Аллоҳ таоло охиратда уларга У Зот билан улар дунёда қилган муомалаларига яраша муомала қилади. Бу қуйидаги оятда айтилганидек бўлади:
«Улар Аллоҳни унутиб қўйдилар. У Зот уларга ўз шахсларини унуттирди» (Ҳашр сураси, 19-оят)(Оятнинг тўлиқ маънолар таржимаси: «Аллоҳни унутганларга ўхшаган бўлманглар. У Зот уларга ўз шахсларини унуттирди. Ана ўшалар фосикдирлар».).
«У: «Эй Раббим, нима учун мени кўр ҳолда тирилтирдинг. Ахир, кўрувчи эдим-ку!» дейди» (Тоҳо сураси, 125-оят)(Оятнинг тўлиқ маънолар таржимаси: «Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз», деди. У: «Эй Роббим, нимаучун мени кўр ҳолда тирилтирдинг. Ахир, кўрувчи эдим-ку!» деди. У зот: «Шундай. Сенга оятларимиз келди. Сен эса уларни унутдинг. Шунингдек, сен ҳам бугун унутилурсан», деди (Тоҳо сураси, 124-126-оятлар).).
Баъзилар (оятнинг маъноси ҳақида) айтадики, улар айрим ўринларда сўзламайдилар, баъзан эса сўзлайдилар.
Шунингдек, оятда «улар бирор ҳужжат билан сўзламай, балки ёлғон сўзлайдилар» деган маъно эҳтимоли ҳам бор. Бу маъ-но Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи кабидир:
«Фақат улар «Раббимиз Аллоҳга қасамки, мушрик бўлмаган эдик», дейдилар» (Анъом сураси, 23-оят)(Оятнинг тўлиқ маънолар таржимаси: «Ҳаммаларини жамлайдиган, сўнгра ширк келтирганларга: «Сиз худо деб гумон қилган шерикларингиз қани?» деб айтадиганимиз кунни эсла. Сўнгра, Раббимиз Аллохга қасамки, мушрик бўлмаган эдик, дейишдан бошқа фитналари бўлмас (Анъом сураси, 22-24-оятлар).).

[36] Ва уларга узр айтишга изн берилмайдир.

[37] Ўшал кунда ёлғонга чикарувчиларга вайл бўлсин!
Оят «улар узр келтирсалар, улардан қабул қилинмайди», деган маънода эмас, балки «улардан қабул қилинадиган узрнинг ўзи бўлмайди», маъносидадир. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидаги каби бўлади:
«Уларга шафоатчиларнинг шафоати фойда бермайди» (Муддассир сураси, 48-оят). Ушбу оят маъноси «улар шафоатчилар олиб келсалар ҳам, шафоат қилинмайди», дегани эмас, балки уларнинг шафоатчиси йўқ, маъносидадир. Демак, уларда узрнинг ўзи йўқ экан, бирор узр келтира олмайдилар (яъни ўзларини окдай олмайдилар).

[38] Бу ажрим куни сизларни ва аввалгиларни жамладик.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло қайта тирилишни бир гуруҳ учун хосламагани, балки халойиқнинг барчасини жамлаб, сўнг уларнинг орасини ажрим қилиши, ҳар бир шахс ўзига муносиб ўринга тушиши, яъни бир тоифа жаннатда ва бошқа тоифа эса дўзахда бўлишининг хабарини бермоқда.
Айтилишича, бу (ажрим куни) - ҳукм қилинадиган кундир.
Шунингдек, ушбу кун «ажрим куни» деб номланишига сабаб, ўша куни турли тоифадаги шахслар хусуматлашгани ва улар орасидан ҳақ ва ноҳақ ўртасида ҳукм чиқарилгани сабаб бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам!

[39] Бас, сизларда ҳийла бўлса, менга ҳийла қилингизчи!

[40] Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!
Охиратда уларга қарата: «Азобдан ўзингизни қутқариш учун бир ҳийла қилингларчи, яъни сизларда қилиш имкони бўлган бирор ҳийла бўлса, уни қилингларчи?» деб айтилиши мумкин. Бундай гап макр ва ҳийла қилиш асло мумкин эмаслигини кучли ифодалайди. Улар дунёдагидек, турли алдов ва фириблар билан макр ва ҳийла қила олмайдилар.
Бу сўз уларга дунёда айтилган бўлиши ҳам мумкин. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга шу гап билан қарши чиқишга амр қилинганлар. У киши уларга қарата: «Сизларда мени ўлдириш ёки ораларингиздан чиқариш учун бирор ҳийла бўлса, менга ҳийла қилингизчи!» деб айтадилар. Бу Ҳуд алайҳиссалом ўз қавмига айтган ушбу сўзга ўхшайди:
«Бас, ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилаверинглар, менга муҳлат берманглар» (Ҳуд сураси, 55-оят)(54—55-оятлар мазмуни қуйидагича: «Бизлар фақат: «Сени худоларимиздан бири,).
Натижада, улар бундан ожиз қолиб, уларга Набий алайҳис-саломнинг рисолати аломати ва нубувватининг ҳужжати намоён бўлади. Зеро, у зот ёрдамчилар ва шайланган қўшинга эга бўлмасдан туриб, душманни қўрқитмоқдалар. Ваҳоланки, у зот бор ҳимматлари билан ушбу нур (Ислом)ни ўчиришга қаратилган мушрик қавми ичида ўзлари ёлғиз эдилар.

[41] Албатта, тақводорлар соялар ва булоқлардадир.
«Тақводорлар» - Аллоҳнинг азобидан сақланган кишилардир. Аллоҳ таоло айтади:
«Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан сақланингиз!» (Оли Имрон сураси, 131-оят).
Бошқа бир ўринда бундай марҳамат қилади:
«Эй имон келтирганлар! Ўзларингиз ва аҳлларингизни дўзахдан сақлангиз!» (Таҳрим сураси, 6-оят).
У Зот яна бундай деган:
«Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин» (Бақара сураси, 201-оят).
Мана шу тақводир.
бир бало (яъни мажнун) қилиб қўйган», деймиз, холос». У (Ҳуд) айтди: «Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ келтираман, яна ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлингларки, мен сизларнинг Аллоҳни қўйиб, (Унга сохта-ёлғон худоларни) шерик қилишингиздан безорман. Ана энди Бас, ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилаверинглар, менга мухдат берманглар».
Тавҳид аҳли азоб борлигини тасдиқлаб, ундан сақланишга жидду жаҳд қиладилар. Уларга (охиратда): «Соялар ва булоқлар томон боринглар», дейилади. Дўзах аҳлига эса, азобни ёлғонга чиқарганлари учун уларга: «Ўзингиз ёлғонга чиқарган нарсага қараб борингиз!» дейилади. Аллоҳ таоло дўзахдан сакданиш қандай бўлишидан ҳам хабар бериб, бундай деган:
«Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутингиз!» (Фотир сураси, 6-оят).
Унга қарши курашда собит туришимизга буюриб, сўнг у билан курашиш йўлини ҳам таълим берган:
«Агар сизни шайтоннинг шарри тутса, Аллоҳдан паноҳ тиланг!» (Аъроф сураси, 200-оят)
«Айтинг: «Эй Раббим! Мен Сендан шайтонларнинг васвасаларидан паноҳ сўрайман» (Муъминун сураси, 97-оят).
У Зот яна бундай деган:
«Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилиқни, охиратда ҳам яхшилиқни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин» (Бақара сураси, 201-оят).
Аллоҳ таоло бизга Ўзига қайтишни лозим қилган ҳамда биз шайтон билан курашишда фақат Унинг Ўзига илтижо ва тавба-тазарру қилиш билангина кучли бўлишимиз мумкинлигини баён этган.
Шунингдек, оятдаги «тақво қилувчилар» сўзи хоссатан тасдиқ этувчилар маъносини ифодалаши мумкин. Чунки бу ўринда «тақво қилувчилар» аввалгилардан «ёлғонга чиқарувчилар» муқобилида зикр қилинмокда.
Ёки «тақводорлар»дан мурод, сўз ила тасдиқлаб, амал ҳам қилувчилар бўлиши мумкин. Тақводор - Аллоҳ таоло неъматларига ёмон жавоб қайтаришдан сақланган ва Аллоҳ таоло мукофот тарзида уни қиёмат куни унинг ёмонлигидан сақлаган кишидир. Муҳсин эса У Зотнинг неъматларига гўзал муомалада бўлган ва Аллоҳ таоло унинг дунёсини чиройли қилиб, соя-салқин, булоқлар ва мевалар узра Узининг каромат ҳовлиси (жаннати)га туширган кишидир.
Ёки тақводор - нафсини ҳалок қилувчи (гуноҳ)лардан сақлаган киши бўлиб, Аллоҳ таоло ҳам уни қиёмат куни (азобдан) сақлайди. Муҳсин ўз нафсига яхшилик қилувчи, яъни уни Аллоҳнинг итоатида ишлатган бўлиб, Аллоҳ таоло ҳам соя-салқин жойлар ва булоқлардан иборат Узи инъом қилган нарсалари ила унга яхшилик қилади.
Оятда Аллоҳ таоло тақводорлар сояларда эканини хабар берди. Чунки соя инсонлар дунёда унга рағбат қиладиган нарсалардандир. Соя инсонлардан иссиқлик ва совуқлик азияти, ёмғир, шамол ва бошқаларнинг озорини кетказади. Дарахтлар ва деворлар сояси иссиқлик азиятини, бинолар сояси эса иссиқлик, совуқлик ва ёмғир азиятидан сақлайди. Шунингдек, соя инсонни нарсаларнинг ҳақиқатини идрок қилишдан тўсмайди. Аслида, соядаги неъматлар улуғдир ва шу сабабли бу дунё ҳаётида ҳам инсонлар унга ошиқадилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Албатта, тақводорлар соялар ва булоқлардадир», деди. Бошқа оятда бундай дейилади:
«Ва (улар) ёйилган соялардадир. Оқар сувлардадир» (Воқиъа сураси, 30-31-оятлар).
Инсонлар соядан жой олса, кўзлар кувнайдиган нарсани хоҳлайди. Кўзлар энг кўп лаззатланадиган нарса оқар сувларга қарашдир. Аллоҳ таоло уларнинг соя-салқин ва чашмаларда бўлишини хабар берди.

[42] Ва (улар) ўзлари хоҳлаган мевалар орасида бўлурлар.
Яъни улар мевали боғлар ичидадирлар.
Аллоҳ таоло жаннатда улар учун кўзлар роҳатланадиган ва баҳра оладиган, шунингдек, нафслар хоҳлайдиган неъматлар ва азиятни кетказадиган нарсалар борлигини айтмоқда.

[43] Қилган амалларингиз сабабли ёқимли ҳолда енглар ва ичинглар!
Енглар ва ичинглар, унинг ортидан сизларга сўроқ-савол ҳам, ғазаб ҳам келмайди. Яъни еб-ичган нарсалари уларга азият бермайди.
[ал-ҳаниу] сўзининг маъноси ортидан эгасига савол-жавоб ҳам, ғазаб ҳам бўлмайдиган нарса демакдир.

[44] Албатта, Биз муҳсинларни шундай мукофотлаймиз.

[45] Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!
Аллоҳ таоло тақводорни муҳсин (эзгу иш қилувчи) деб номлади. Чунки тақводорлар ва уларга тайёрлаб қўйилган нарсалар («Албатта, тақводорлар соялар ва булоқлардадир» тарзида) зикри билан (сўз) бошлаб, сўнг улар эзгу ишлари туфайли шундай мукофотга эришганларининг хабарини берди.
Демак, бу оят «тақво қилиш» (сақланиш) сўзи қачон ёлғиз ўзи зикр қилинса, эзгу ишлар қилиш ҳамда ҳалок қилувчи гуноҳлардан сақланиш маъноларини ифодалашига далилдир.
Аллоҳ таоло яна ёлғонга чиқарувчиларга қайтиб, бундай дейди:

[46] Енглар ва роҳатланинглар, озгинагина. Албатта, сизлар гуноҳкорсизлар.

[47] Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!
Бу оят зоҳирда еб-ичишга буйруқ, ҳақиқатда эса ваъид (огоҳлантириш)дир. Яъни сизларнинг мўъжизаларга назар солишдан тўсадиган ейиш ва бошқа роҳатларингиз озгинадир. Тез орада ундан ажраласиз ва Аллоҳ таолонинг азоби томон равона бўласиз.
Юқорида таъкидлаганимиздек, Аллоҳ таолонинг: «Албатта, сизлар гуноҳкорсизлар» деган сўзидаги «мужрим» (бу ўринда «гуноҳкор» деб таржима қилинган) сўзи маъсиятларга шўнғиш маъносидадир.

[48] Ва агар уларга руку қилинглар дейилса, руку қилмаслар.

[49] Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Ва агар уларга руку қилинглар дейилса, руку қилмаслар» оятининг маъноси: «Уларга Пайғамбар алайҳиссалом: «Руку қилинглар», яъни Аллоҳ таолога бўйсуниб, таслим бўлинглар, десалар, улар кибр қилиб ва Аллоҳ таолонинг далилларини менсимай бу ишдан бош тортадилар».

[50] Бас, ундан кейин қайси сўзга ишонарлар?!
Яъни улар Аллоҳ таолонинг сўзини рад этиб, қайси сўзни тасдиқлайдилар?! Аллоҳнинг сўзидан кўра ростроқ ва далолатда кучли бўлган сўз мавжуд эмас.
Бу оят уларнинг ақллари заиф эканини билдириш маъносида бўлиши ҳам мумкин. Яъни улар Аллоҳ таолонинг сўзини тасдиқлашдан бош тортдилар, ахир ундан кўра рост сўз йўқ! Сўнг улар ёлғон сўзлар ва тўқима ботил нарсаларни тасдиқладилар. (Мана шу ишлари ақлсизлик, аҳмоқлик эмасми?) Валлоҳу аълам!

Орқага Олдинга