Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
[1]. (Мушриклар) бир-бирлари билан нима ҳақида савол-жавоб қилмоқдалар?!
[2]. Улуғ хабар (қиёмат) ҳақида.
[3]. Қайсики, у ҳақда улар (доимий равишда) тортишувчидирлар.
Мушриклар бир-бирлари билан нима ҳақида савол-жавоб қилишгани юзасидан турли хил фикрлар билдирилган. Жумладан, уларнинг айримлари: «Улар бир-бирлари билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида савол-жавоб қилишган. Улар у зот алайҳиссаломнинг ишлари ҳақида - пайғамбар ёки пайғамбар эмасликлари ҳақида сўрашган», - деганлар.(Шунга ўхшаш гапни Ҳасан розияллоҳу анҳудан Абд ибн Ҳумайд, Ибн Жарир, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ ривоят қилган. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 395-бет.)
Айрим муфассирларнинг айтишларича, бу савол-жавоб Қуръони Карим ҳақида, яъни унинг Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нозил қилинган-қилинмагани ҳақида бўлган. Ёки улар Қуръонга ўхшаган бирор нарса келтиришга кучлари етиш-етмаслиги ҳақида ўзаро савол-жавоб қилишган.(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Мардавайҳ ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 498-бет.)
Мушриклар бир-бирлари билан қайта тирилиш ёки Аллоҳ таоло: «(Шунча) илоуларни битта илоҳ қилиб олибдими?!»(Сод сураси, 5-оят.) -дея улардан хабар берганидек, тавҳид ҳақида савол-жавоб қилган бўлишлари мумкин.
Сўнгра бу савол кофирлар тарафидан берилаётган бўлиши ҳам мумкин. Яъни улар бир-бирларидан сўраганлар ва бу борада ихтилофга борганлар. Қилган ихтилофлари ортидан ҳақиқатни топишга муваффақ бўлмаганлар. Ахир сиз Аллоҳ таолонинг «Йўқ! Улар яқинда билиб олажаклар. Сўнгра яна йўқ! (Охиратда) билиб олажаклар!» - деган сўзига қарамайсизми? Агар уларнинг ораларида (қайта тирилишни) тасдиқловчи бирор кимса бўлгани-да эди, албатта, (қайта тирилиш) тўғрисидаги илм ўша вақтнинг ўзида юзага чиққан бўлар ва ундан бохабар қилиш ва (у куннинг келишидан) огоҳ этиб, танбеҳ беришнинг ҳожати бўлмас эди.
Агар кофирларнинг савол-жавоблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишлари (пайғамбар ёки пайғамбар эмасликлари) ҳақида бўлган бўлса, уларнинг баъзилари: «У шоир», айримлари: «У сеҳргар», бошқа бирлари эса: «У бўҳтон тўқиб чиқарувчи каззоб», - деб ва бошқалари эса: «У жинни», - деб даъво қилиш билан ихтилофга борганлар.
Шунингдек, савол кофирлар тарафидан мўминларга берилган бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Агар шундай бўлса, муфассирлар айтганларидек, уларнинг орасида тасдиқловчиси ҳам, ёлғонга чиқарувчиси ҳам бор бўлган. Ёлғонга чиқарувчидан савол эгалари, тасдиқловчидан эса савол берилган томон, яъни мусулмонлар ирода қилинган бўлади.
Сўнгра аниқ илмга олиб борувчи шаръий далил бўлмаса, ҳеч ким бу ердаги саволни бир тарафга йўналтириб, (оятда) аниқ шундай (масала ҳақида) сўз кетган, деб бир тўхтамга келиши жоиз эмас.
[4|. «Йўқ! (Уларнинг гумонлари беҳудадир). Улар яқинда (бу хабарнинг ҳақ эканини қабрда) билиб олажаклар».
[5]. «Сўнгра яна йўқ! (Охиратда) билиб олажаклар!»
Муфассирлардан айримларининг зикр қилишларича, бу тахдид устига таҳдиддир. Биз юқорида араблар ўзаро такрор ва такрор ишлатадиган тахдид сўзлари таъкид учун бўлишини айтиб ўтган эдик. Масалан (Қуръони Каримда): [ҳайҳота айҳота](«Сизларга ваъда қилинаётган нарса (ақлдан) жуда-жуда узоқдир!» (Муъминун сураси, 36-оят).) ва [авло лака фа авло](«(Эй кўрнамак инсон!) Ҳолингга вой сенинг, яна вой!» (Қиёмат сураси, 34-оят).) деб келган оятлар мавжуд.
Аллоҳ таолонинг «Йўқ! Улар яқинда билиб олажаклар», - деган сўзи «далил-исботи билан билиб олади», «Сўнгра яна йўқ! Улар тезда биларлар!» - деган сўзи эса «бевосита шо-ҳиди бўлиб, ўз кўзлари билан кўриб билиб олади», маъносида келган бўлиши мумкин.
[6]. «Биз Ерни тўшак қилиб қўймадикми?!»
Аллоҳ таолонинг «Биз Ерни тўшак қилиб қўймадикми?!» деган сўзи «Ерни гилам каби тўшаб қўймадикми?!» деган маъ-нони англатади.
[7]. «Тоғларни эса (Ерни тутиб турувчи) қозиқлар қилиб қўймадикми?!»
Зикр қилинишича, Ер (дастлаб) яратилган пайтда ўз устидаги мавжудотлари билан қимирлаб ҳаракатлана бошлаган. Шунда Аллоҳ таоло ўзидан марҳамат ўлароқ, уни тоғлар билан мустаҳкам қилиб ўрнатиб қўйган. Унинг мустаҳкам қилиб ўрнатилишига тоғлар сабаб бўлган эмас (балки бу Унинг фазлу марҳамати туфайли)дир. Ахир сиз «Сендан тоглар ҳақида сўрарлар. Бас: «Раббим уларни мутлаҳо совуриб юборажак. Сўнг уларни теп-текис ҳолга келтирур. У ерда чуқур ҳам, дўнг ҳам кўрмассан», деб айт»(Тоҳо сураси, 105-107-оятлар. Яъни Ер ўша вақтда тоғларсиз ҳам барқарор туради.) оятига қарамайсизми?! Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ўша вақтда (яъни қиёмат кунида) Ерни тоғларсиз ҳам мустаҳкам, собит ва барқарор турадиган қилиб яратиб қўйган бўлади. Бинобарин, тоғлар аслида Ерни барқарор ҳолда ушлаб туриш учун восита эмаслиги ўз исботини топди. Бу ишда халойиқларга ўзлари эриша олмаган ишларда қандай чораларни қўллаш мумкинлиги ҳам ўргатилмоқда.
Аллоҳ таолонинг «Биз Ерни тўшак қилиб қўймадикми?!» деган сўзи юқорида ўтган ўзаро савол-жавобнинг жавобидир. Зеро, бу савол-жавоб пайғамбарлик масаласида бўлса, у ҳолда саволни юқорида айтиб ўтилган маънодан бошқа бир маънода тушуниш тўғри бўлади. Бу ҳолатда ўзаро савол-жавобни қайта тирилиш ёки тавҳид ёхуд Қуръон ҳақида бўлган деб таъвил қилинаверади. Бу борадаги тўғри гап шуки, Аллоҳ таоло Ерни яшаш учун тўшак қилиб қўйгани ва ҳамма нарсани жуфт-жуфт қилиб яратганини зикр қилиши орқали бандаларига берган буюк неъматлари ҳамда кўп-кўп яхшиликларини уларга эслатиб қўйди, токи улар бу неъматлар шукрини адо этсинлар. Аллоҳ таоло муваффақ қилишини ҳисобга олмаганда, ҳар бир неъматга қандай шукр қилиш йўли маълум эмас экан, одамлар қандай қилиб У зотга шукр қилишлари мумкин? Шундай экан, ана шу номаълумлик уларга бу йўлни баён қиладиган зот бўлишини тақозо қилади ва улар шукр нимаю, ношукрлик нималигини, дўст киму, душман кимлигини ўргатадиган кишига муҳтож бўладилар. Чунки улар бу дунёни Аллоҳнинг дўстларига ҳам, душманларига ҳам бирдек илтифот қилаётган ҳолда кўрдилар. Шунинг учун ҳам улар ўзларига ваъда билан ваъидни(Яъни дўзах азобига дучор этишга берилган ваъда, тахдид, қўрқитиб қўйиш.) танитадиган кишига муҳтож бўладилар. Биз юқорида айтиб ўтган гаплар қайта тирилиш бор, деб эътиқод қилишни лозим қилиб қўяди. Чунки шукр қилувчи банда билан ношукр банданинг (охиратдаги) манзил-мартабаси айнан қайта тирилиш(дан кейинги ҳисоб-китоб) билан аниқ бўлади.
Бу неъматларнинг зикр қилинишида Аллоҳ таолонинг ягоналигига далолат ҳам бордир. Чунки Аллоҳ таоло Ерни бешик қи-либ яратди, унинг юзини махлуқотлар учун яшаш манбаи ва ўзгарувчан қилиб қўйди ҳамда ундан бандаларнинг тирикчилик воситаларини чиқариб қўйди. Осмондан ёғдирадиган ёмғирларни ўша воситаларни чиқариш учун сабаб қилиб яратди. Ернинг манфаатларини осмон манфаатлари билан узвий боғлиқ қилиб қўйди. Агар Еру осмонларнинг ишларини тасарруф қилувчиси ягона Зот бўлмаганда эди, бу узвийлик албатта кўтарилган бўлар эди.
Агар бирор киши мавжудотларни сув билан тирик ушлаб турадиган сабабни билмоқчи бўлса, унинг тагига етолмайди. Агар инсонлар бандаларнинг ҳожатларини даф қилиш (очлигини кеткизиши) ва истакларини қондириш учун мана бу таом қандай сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги жиҳатларни англаб етишни истасалар, бундан воқиф бўлолмайдилар. Демак, биз айтиб ўтган гапларда бандаларнинг тасарруфлари ва куч-қувватларидан ташқарида бўлган масалаларда уларга рўбарў келаётган шубҳа ва гумонларни йўққа чиқариш бордир.
[8]. «Ва Биз сизларни жуфт-жуфт қилиб яратдик».
Оятдаги [азваажан] сўзига ранг-баранг маъносини бериб таъвил қилган муфассирлар ҳам бор. У ҳолда бу оятда қиёфашуносларнинг сўзига қараб ҳукм қилишни йўққа чиқариш бор бўлади. Чунки улар ранглардаги ўхшашликни далил қилиб келтирадилар ва шу далилларига асосан ҳукм чиқарадилар.(Аввалги замонларда қиёфашунослар болани рангига қараб оталикни, унинг насабини исботлашган. Яъни агар бола сариқ бўлса, сариқ кишини унинг отаси деб ҳукм қилишган.) Агар иш улар белгилаб қўйгандек бўлса, ранглардаги хилма-хиллик кўтарилган ва халойиқларнинг барчаси бир хил рангда бўлар эди.(Чунки бутун инсоният Одам Ато ва Момо Ҳавводан тарқалган, Момо Ҳаввонинг ўзи эса Одам алайҳиссалом аъзосидан яратилган.)
Оятдаги [азваажан] сўзини айрим муфассирлар: «Ҳар бир инсон ўзининг ирқи ва наслу насабини билиб қўйиши учун турли хил гурухдар қилиб яратдик», - деб таъвил қилганлар. Унга «Ҳар бир киши учун унинг ўз жинсидан бўлган шаклини яратиб қўйди. Яъни эркакнинг ўз жинсидан бўлган аёлни унинг жуфти қилиб яратди», деб маъно берганлар ҳам бор.
[9]. «Уйқуларингизни (бадан ва асабларингиз учун) ором қилдик».
[ас-субаат] - чўзилиш, узайиш деган маънодадир, дейилган.(Бунда инсон ухлаган вақтда унинг танаси чўзилишига ишора бор.) Яна бир тафсирда [ас-субаат]ни мутлақ ҳаракатсиз ҳолатдаги уйқу, дейилган. Шунинг учун ҳам ўлик сингари ухлаб ётган кишига нисбатан (араб тилида) [масбуут](Летаргия: узоқ уйқуга ўхшаш касаллик, сакта касаллиги.) деб айтилади. Яна бир таъвилда бундай дейилган:
[ас-субаат] сўзи роҳат маъносида бўлиб, Бани Исроилда шанба куни ишламасдан, дам олинадиган кун бўлгани учун ҳам уни [ас-сабту] деб атадилар».
Сўнгра Аллоҳ таолонинг уйқуни яратиб қўйишида Унинг ҳукмронлигига, халойиқларнинг барчалари Унинг тасарруфи остига дохил эканликларига далолат бор. Зеро, уйқудан сақланиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайдики, уни айланиб ўтса. Аксинча, Аллоҳ таоло уйқу билан мутакаббирларни мағлуб қилади, хорлаб қўяди. Уларнинг турли хил чора ва сабаблар ёрдамида уйқудан қутулиб қолишларининг имкони йўқ. Сўнгра уйқу юкларнинг энг оғири, энг кучлисига ўхшайди, аммо инсон уйқудан уйғониб уйғоқлик ҳолатига қайтганидан сўнг ўзида енгиллик ва роҳатни ҳис қилади. Инсоннинг шундай бир ҳолати бор. Агар у оғир юкни ўз елкасига оладиган бўлса, ўзида чарчоқ-ҳорғинликни ҳис қилади. Модомики, елкасидаги юкни қўймас экан, бир лаҳза бўлса ҳам уни чарчоқ ва ҳорғинлик тарк этмайди. Аксинча, мана шу чарчоқ бандада маълум бир муддатгача сақланиб қолади. Шундай экан, ким уйқу масаласида фикр юритиб кўрса, Аллоҳ таолонинг ишлари нақадар улуғлигини, нақадар ажойиб тасарруфлари борлигини англаб етади.
[10]. Кечани (барча нарсани яшириб турадиган) либос қилдик.
Бу оятдаги "либос" кўзларнинг либосидир (тўсилишидир), бошқаси эмас. Кечанинг либосини(Бу ерда тун ўзининг зулмати билан барча нарсани яшириб туриши либоснинг инсон танасини бошқалардан яшириб туришига ўхшатилган.) кийган одам зиммасига фарз бўлган намоз учун кийиши керак бўлган либосдан беҳожат бўлмаслигини билмайсизми?! Кечанинг либоси иссиқ ва совуқдан келадиган заҳматнинг олдини олишда бизга маълум бўлган либоснинг ишини қилиб бермайди.
Айрим муфассирлар бундай деганлар: «Аллоҳ таоло бошқа бир оятда: «(У) тунни оромгоҳ цилиб қўйди»,(Анъом сураси, 96-оят.) - деб атганидек, «Тунги либос - бу сокинликдир».(Бу гапни Қатода розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир ривоят қилган. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 7-бет.) Уларнинг [ал-либаасу] сўзини«оромгоҳ» деб таъвил қилишларига ундаган нарса шуки, мукаммал сокинлик ва тўлиқ роҳат уйқу билан бўлади. Шунинг учун ҳам, улар бу [ал-либаасу] сўзининг маъносини «оромгоҳ» деб таъвил қилдилар.
[11]. Кундузни эса, тирикчилик вақти қилдик.
Яъни кундузни унда тирикчилик қилинадиган вақт қилиб қўйдик. Унинг ўзи тирикчилик воситаси бўлмайди. Худди шу сингари кундузни яна [мубсирон](Яъни «кўрувчи» деб.) деб атаган, чунки унинг воситасида нарсалар кўрилади. Унинг ўзи мустақил равишда кўрувчи эмасдир.
[12]. Тепангизда етти (қават) мустаҳкам (осмонни) бино қилдик.
Бу оятдаги «етти (қават) мустаҳкам бино»дан мурод, осмонлардир. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Узининг бандаларига Уз қудрати ва салтанатини эслатиб қўйиш учун ҳам уларга эслатма бермоқда. Токи улар Аллоҳ таолонинг Ўзи истаган нарсасини қилувчи, истаган нарсасига қодир Зот эканини билиб олсинлар.
[13]. Яна чарақлаб турувчи чироқни (қуёшни пайдо) қилдик.
Бу ерда Қуёш чироққа ўхшатилмоқда. Уни ер ва осмон ўртасида ўзидан нур сочиб, шуълаланиб турадиган қилиб яратди.
[14]. Яна Биз сиқиб чиқарувчи (булут)лардан дув-дув сув (ёмғир) ёғдирдик.
[ал-муъсирот] бу - ичида ёмғир пайдо қилинган булутдир.
Арабларда ҳайз вақти яқинлашиб қолган қизга нисбатан ҳам [муъсиротун] деб айтилади. Шунинг учун ҳам булутлар қизларнинг ҳайзи тўлиб келган вақтига ўхшатилмоқда.
Бошқа бир таъвилда: «Булутни [муъсир] деб аталди. Чунки у ёмғирни сиқиб чиқаради», - дейилган.(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир ривоят қилган. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 23-бет. Суфённинг гапи ҳам шудир.)
[ал-муъсирот] - бу Аллоҳ таолонинг сўзида: «Ўша богини оловли тўфон уриб» - деб айтилганидек, шамоллари бор булутлардир, деган таъвил ҳам бор.(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир ривоят қилган. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 14-бет. Шунингдек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Абд ибн Ҳумайд, Абу Яъло, Ибн Абу Ҳотим ва Хароитий ҳам ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 500-бет.)
Ҳасан Басрийдан унинг: [ал-муъсирот] - осмонлардир», - дегани нақл қилинган.(Бу гапни Ҳасан розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир ривоят қилган. Ибн Жарир. «Жо-миъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 21-бет. Қатода ҳам шу гапни айтган.)
Зажжож эса: [ал-муъсир] - бу ўзидан ёмғир тўкадиган вақти келиб қолган булутдир. Чунончи, сўйилиш вақти яқин келиб қолган ҳайвонга нисбатан ҳам [мужзир] деб айтадилар», - деган.
Сўнгра булутлардан сувни тушириб қўйишда ҳам Аллоҳнинг неъматларини, қудрати ва ҳикматини эслатиш бор. Биз юқорида айтиб ўтган уч хил таъвилнинг ҳар бири «қайта тирилиш» ҳақ деган хулосага олиб келади. Неъматларни эслатиш бор, деб таъвил қилганимизга келсак, ёмғир осмондан кетма-кетликда тушади. Сўнг Аллоҳ таоло Уз лутфи билан ёмғирларни бир-бирига ёпишиб, қўшилиб кетишининг олдини олиб, ҳар бир томчини ерга алоҳида-алоҳида қилиб ёғдиради. Ёмғир манфаатли бўлиши учун бир-бирининг изидан кетма-кет тушади. Агар ём-ғир бир-бирига ёпишиб қўшилиб кетса, ҳеч нарса унга бардош бера олмайди ва (бу ёмғир) азоблаш ва ҳалок қилишга сабаб бўлади. Шундай бўлгач, халойиқлар ундан фойдалансинлар ва баҳраманд бўлсинлар учун Узининг фазлу марҳамати билан ёмғирларни кетма-кетликда нозил қилади.
Бу ишда Аллоҳнинг қудрати ва ҳикматини эслатиш бордир. Зеро, Аллоҳ таоло оғир булутларни яратди. Ва каерга ёмғир тушишини тақдир қилган бўлса, уларни ўша жойга ҳайдаб келди. Маълумки, ёмғир ёғдириш булутларнинг иши эмас. Чунки булутлар ёмғир туширишга амр қилинган ерга етиб келгунига қадар ёмғир ёғдирмайди. Агар ёмғир ёғдириш булутнинг ўзининг иши бўлганида қаердан ўтса, ўша ерга ёмғир ёғдириб кетаверар эди. Агар булутлар тешик-тешик бўлганида эди, шамол қачон тешикдан кирса, ўша булут ичидаги ёмғирларни ёғдириб юборган бўлар эди. Шу ишлар йўқ эканми, демак, Ўзининг ҳикмати, қудрати ва лутфи билан унда ўша ишларни пайдо қилган ва унинг ёмғир ёғдиришини тартибга солган Зот айнан Аллоҳ таоло экани, бу ишлар булутнинг иши эмаслиги аён бўлади. Ер юзидаги донишмандлардан бирортаси ана шу булутнинг бир жойда ёмғир ёғдирмай, бошқа бир жойда ёғдиришидаги маънони билмоқчи бўлса, унинг охирига ета олмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларга Ўзининг ҳикмати инсониятнинг ҳукми етиб борадиган сабаблар асосида бўлмаганлигини ва У зотнинг қудрати инсониятнинг қуч-қудрати билан ўлчанмаслигини, балки У ўзи истаганига қодир ва хоҳлаганини қилувчи Зот эканини бандалар билиб олишлари учун бу нарсаларни эслатиб қўйди.
Бу оятдан шу нарса маълум бўладики, осмон, ер ва ҳавони тадбир қилиш ишлари Воҳид ва Қаҳҳор(Яъни ягона ва қаҳрли Зот.) Зотга оиддир. Чунки осмондан юборилган ёмғирнинг у етиб боришга буюрилган жойга қадар етиб келишига қаршилик қилиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди.
Бу оятдаги [ас-сажжааж] бир-бирининг изидан эргашиб келадиган ёмғирдир. [ас-сажж] - қуйиш ва оқизиш маъносини ифодалайди.
[15]. Токи, у сабабли дон ва наботот (ундириб) чиқарурмиз.
Аллоҳ таолонинг бу оятда донни зикр қилишига сабаб - дони бор нарсаларни экишдан мақсад айнан ўша дон экани бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам У мақсадга олиб бораётган нарса-нинг ўзини зикр қилмокда.
Бу оятда [ан-набаат] сўзининг зикр қилинишини дони йўқ нарсалар маъносида тушуниш ҳам мумкин. Чунки донсиз нарсаларни экишдан мақсад ўсимликдир, бошқа нарса эмас. Икки сўзни битта маънода тушуниш ҳам мумкин. Чунки дони бор нарсада ўсимлик ҳам бордир.
[16]. Шунингдек, қалин (сердарахт) богларни ҳам.
Биз юқорида жаннат бу - дарахтлар билан ўралган маконнинг номидир, ундай жойда дарахтлар зич жойлашган бўлади, деб зикр қилиб ўтган эдик.
[17]. Албатта, ажрим куни (ҳисоб-китоб учун) белгиланган вақтдир.
Бу оятдаги [ал-мийқот] ваъда қилинган вақтдир. Яъни Аллоҳ таоло у кунда халойиқларнинг аввалгию охиргиларини, яхшиларию ёмонларини, каттаю кичикларини жамлашни ваъда қилгандир. Қиёмат куни ажрим куни деб аталмокда. Негаки, ушбу кунда Аллоҳнинг дўстлари ва душманлари ўртаси ажратиб олинади, ҳар икки тоифадаги кишиларнинг борадиган жойлари аниқ бўлади. Бугунги кун кўриниб турибдики, ажрим куни эмас. Чунки дунё ҳар икки тоифадаги кишилар учун ҳам бир хил ўтмоқда. Фақатгина уларнинг ораси Аллоҳнинг дўстларига тавфиқ бериш билан ва душманларини ташлаб қўйиш билан ажратиб қўйилган.
Баъзи муфассирлар [явмал фасли]га «ҳукм чиқариладиган кун» деб маъно берганлар.
[18]. У кунда Сур чалинур, бас, сизлар тўп-тўп бўлиб (маҳшаргоҳга) келурсиз.
Биз «У кунда Сур чалинур» ояти хусусида юқорида(Анъом сураси, 73-оят, Намл сураси, 87-оят, Зумар сураси, 68-оят.) сўз юритиб ўтган эдик. «Бас, сизлар тўп-тўп бўлиб (маҳшаргоҳга) келурсиз», оятини айрим муфассирлар: «Уммат-уммат бўлиб келурсиз, ҳар бир пайғамбарнинг уммати алоҳида бўлиб келади», - деб тафсир қилишган.
Аллоҳ таоло: «Руҳлар (қайтадан жасадларга) қўшилганида»,(Таквир сураси, 7-оят.) деб айтганидек, ҳар бир киши ўз жамоасига қўшилиб келтирилади, деган таъвиллар ҳам мавжуд.
[19]. Осмон ҳам очилиб, (фаришталар учун) дарвозаларга айланиб қолур.
Муфассирлардан баъзилари осмонлар Аллоҳ таоло истаган фаришталарни ерга тушириш учун очиб қўйилади. Улар қиёмат қўрқинчининг кучлилигидан ёрилиб кетади, деганлар.
Айрим муфассирлар: [аш-шаққ] [ал-фатҳ] ва [ал-инфитор] сўзларининг барчаси бир хил маънони англатади. Зеро, ўша куннинг қўрқинчи кучли бўлгани боис бу ерда [ал-фатҳ]ни зикр қилиб: «Осмон ҳам очилиб қолади», демоқда, деганлар.
Юқоридагиларнинг барчаси битта маънони тақозо қилиши ҳам мумкин. Чунки қайси оятда [ал-иншиқоқ] сўзи, яъни
осмоннинг ёрилиши зикр қилинган бўлса, унда фаришталарнинг тушиши ҳам зикр қилиб ўтилган. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг «Булутли осмон ёрилиб, фаришталар (ер юзига) тушириладиган кун (қиёмат)ни эсланг!»(Фурқон сураси, 25-оят.) - деган сўзидир.
[20]. Тоғлар ҳам (жойларидан) тўзитиб юборилур. Бас, у(лар) саробга айланиб қолур.
Аллоҳ таоло тоғларни саробга ўхшатишининг сабаби, агар тоғлар кетказилса, уларга қараган одам уларни кўрган жойида топа олмагани бўлса керак. Худди саробга ўхшабки, қараган одамга узоқдан кўринади. Аммо олдига келганида, ҳеч нарса кўринмайди. Аллоҳ таоло бу ерда тоғлар ҳақиқатдан ҳам саробга айланиб қолади, деб айтмади. Негаки, сароб узоқдан бор нарса бўлиб кўринади, аслида эса у йўқ бўлади. Аммо тоғларга келсак, улар гарчи ўз ўринларидан кўчирилсада, аслида мавжуддир.
[21]. Албатта, жаҳаннам (тушувчиларни) кутувчи,
Муфассирлардан баъзилари шундай зикр қилганлар: «Аллоҳ таолонинг илмида жаҳаннам азобга мустаҳиқ бўлган кишиларни кутиб ўтиради ва уларни азоблайди, уларнинг дўзах азобидан қочиб кетишга имконлари бўлмайди».
Баъзи бир тафсирларда келишича, жаҳаннам азобга ҳукм қилинган кишиларни ўзининг қўрқинчли овозлари билан кутиб туради ва азоблайди. Бу иши орқали у Аллоҳ таолога итоаткорлик қилиш, Аллоҳ ғазаб қилган кишиларга ғазаб қилиш билан Унга яқин бўлади.
Бошқа бир таъвилда: «Оятдаги [ал-мирсод] - дўзахдаги жой бўлиб, ҳар бир кофир ва мўмин унинг устидан ўтади, аммо кофир унинг ичига тушиб кетади, мўмин эса ундан нажот топади», - дейилган.(Шунга ўхшаш таъвилни Ҳасан розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир ривоят қилган. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 44-45-бетлар. Яна буни Ҳасан розияллоҳу анҳудан Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Мунзир ҳам ривоят қилган. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 501-бет. Суфён ва Қатода розияллоҳу анҳумодан ҳам шунга ўхшаш таъвил ривоят қилинган.)
[22]. Ҳаддан ошганларнинг борадиган жойидир.
[маоб] - бу қайтадиган жой демакдир. [тоғий] Аллоҳ таолонинг чегараларидан ошиб ўтган, Унинг ҳақларини зое кетказган ва неъматларига ношукрлик қилган кишидир.
[23]. (Улар) у жойда узоқ замонлар (абадул-абад) қолувчидирлар.
Аллоҳ таоло бу ерда [аҳқоб]ни, яъни асрларни зикр қилган. Аммо ададнинг тугаш вақтини баён қилмаган. Агар кофирларнинг дўзахда туриб қолишлари қайсидир муддатга бориб тақалганида эди, албатта уни баён қилган бўларди. Чунончи, Аллоҳ таоло қиёмат кунининг микдорини Узининг «...сизларнинг ҳисобингизча минг йилга тенг келадиган (бир) кунда (яъни ҳиёматда)...»,(Сажда сураси, 5-оят.) - деган сўзи орқали баён қилиб берган. Аллоҳ таоло: «Фаришталар ва Руҳ (Жаброил) миҳдори (масофаси) эллик минг йилга тенг (бўлган) бир кунда (ҳиёмат кунида) Унинг ҳузурига кўтарилурлар»,(Маориж сураси, 4-оят.) - деган. Демак, (кофирларнинг дўзахда қанча муддатга қолишларини) баён қилиб бермаган экан, уларнинг у ерда бўлишларининг чегараси йўқ эканлиги ўз исботини топди. Ҳасан Басрий ҳам шу фикрни илгари сурган.
Айрим муфассирларнинг зикр қилишларича, «(Улар) у жойда узоқ замонлар қолувчидирлар»нинг маъноси шуки, улар дўзахда уч [аҳқоб] қолишади. Ҳар бир [аҳқоб] саксон йилга тенг. Улар азобнинг бир кўриниши билан азобланадилар. Сўнгра ундан кейин азобнинг бошқа бир кўриниши билан азоб-ланадилар. Оятнинг маъноси [аҳқоб]лар ўтганидан сўнг уларнинг азоб чекишлари тўхтатилади, дегани эмас. [аҳ-қоб] - бу вақтларнинг ичидаги энг сўнгги нуқтадир. Бас, Аллоҳ таоло кофирларнинг дўзахда абадий қолишларини билдириб қўйиш учун вақтларнинг энг сўнгги нуқтасини, ҳатто уларнинг энг катта миқдорини зикр қилмоқда. Масалан, У: «Модомики осмонлар ва ер бор экан, (улар) у ерда мангу ҳолурлар»,(Ҳуд сураси, 107-оят.) - деган. Чунки айнан ана шу иккаласи (одамларнинг кўз ўнгида) бардавомлик ва доимийлик билан танилгандир. Шунинг учун ҳам у доимийлик маъносини тақозо қилади. Аллоҳ таоло худди шу тарзда кофирларнинг дўзахда абадий қолувчи эканларини билдириб қўйиш мақсадида вақтларнинг энг сўнгги нуқтасини зикр қилган.
[24]. У жойда совуқлик ва ичимликни тотмаслар.
Баъзи муфассирлар [ал барду]ни «уйқу» деб зикр қилишган.(Бу гапни Мурра розияллоҳу анҳудан Ибн Мунзир ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 503-бет.) Яна баъзилари унинг маъносини «роҳат ва ором олиш» деб зикр қилган. Баъзилари эса: «(Улар) у жойда (ўзларидан иссиқни кесадиган) совуқлик ва (чанқоқларини кетказадиган) ичимликни тотмаслар», деб таъвил қилганлар.(Бу таъвилни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 503-бет. Абул Олия ҳам бу борада худди шундай фикр билдирган.)
[25]. Фақат қайноқ сув ва йирингнигина (тотурлар).
[ал-ҳамийм] - қайнашда энг охирги нуқтасига етган сувдир. [ал-ғассоқ] эса, ўта совуқ ҳаводир.
Баъзи муфассирлар [ал-ғассоқ]ни бадандан ажралиб чиқадиган йиринг ва ёғдир, деганлар.(Бу таъвилни Абу Разин розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир ривоят қилган. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 65-67-бетлар. Икрима, Иброҳим, Суфён, Қатода раҳматуллоҳи алайҳим ва бошқа муфассирлар ҳам шундай деган.) Демак, унинг маъноси, яна Аллоҳ билувчироқ, дўзах ахди таом сифатида ейдиган нарса уларга озуқа бўлмайди, ундан баҳра топмайдилар. Аксинча, ўша нарса уларнинг ҳалокатига сабаб бўлади. Уларга ҳарорат кучайгани сари, улар ўзларидаги иссиқликни кетказадиган совуқликни хоҳлаб қолганларида ўта совуқ ҳаво билан азобланадилар. Шунда совуқлик ҳам уларнинг ҳалокатига сабаб бўлади. Улар ўша совуқ ҳаво билан роҳат ва шифо топмайдилар. Улар Аллоҳ таоло: «...албатта, унинг учун жаҳаннам бор, у жойда у наўла олур ва на яшай олур»,(Тоҳо сураси, 74-оят.) - деб сифатлагани каби бўладилар. Улар абадий ҳалокат ичида қоладилар. Улар ўлмайдиларки, азобдан қутилсалар, азоблари тўхтатилмайдики, тирикликдан лаззат олсалар.
Баъзи ривоятларга кўра, [ал-ғассоқ] азобнинг бир кўриниши бўлиб, Аллоҳ таоло уни бандаларидан сир тутган, деган қарашлар ҳам бор.
[26]. (Мана шу қилмишларига) лойиқ жазодир.
Яъни уларнинг жазолари амалларига мувофиқ бўлади, ўзлари ҳақли бўлган миқдордан бир оз бўлса-да, камайтирилмайди ва қўшилмайди ҳам. Балки амалларига яраша жазо оладилар.
Демак, оят «Уларнинг жазолари қилган ёмон амалларига мувофиқ бўлди», мазмунида бўлиши ҳам мумкин.
[27]. Чунки улар (қиёматдаги) ҳисоб-китобдан умид қилмас (қўрқмас) эдилар.
Муфассирлардан баъзилари: «Улар ҳисоб-китобдан қўрқмайдилар», - деб зикр қилишган. Баъзилари эса, оятдаги [ар-ражо]ни унинг асл маъноси билан тафсир қилишган, яъни улар савобни умид қилмасдилар, деб зикр қилишган. Бундай таъвил қилишнинг сабаби шундаки, ўзлари қайта тирилишга, жазо кунига ва азобга имон келтирмайдиган қавм бўлган ҳолларида қандай қилиб жазодан қўрқишсин ва савобга умид қилишсин. Агар оятдаги [ар-ражо]ни қўрқиш (яъни ҳисоб-китобдан қўрқмайдилар) деб таъвил қилсангиз, у ҳолда улар унга имон келтирмаганлари боис ундан қўрқмайдилар, дегани бўлади. Шунингдек, [ар-ражо] ни асл маъносига буриб, яъни савобдан умид қилмасдилар, деб таъвил қилсангиз, у ҳолда улар уни (қайта тирилишни) ёлғонга чиқарганлари сабабли савобни ҳам умид қилмасдилар, дегани бўлади.
[28]. Оятларимизни (илоҳий ваҳий деб билиш ўрнига) бутунлай инкор этар эдилар.
Араб тилида [ал-киззаб] ва [ат-такзиб] бир маънода келади. [ал-оёт]дан қайта тирилиш ҳақидаги оятлар ирода қилинаётган бўлиши ҳам, шунингдек, Аллоҳ таолонинг ягоналиги ҳақида келган оятлар, пайғамбарлик ҳақида келган оятлар ва шунга ўхшаш оятлар ирода қилинаётган бўлиши ҳам мумкин.
[29]. Ҳолбуки, Биз барча нарсани ҳисоб-китоб қилиб, (ёзиб) қўйгандирмиз.
Бу ердаги «дддА;» [ал-иҳсо] ва [ал-китааб] бир хил маънода бўлиши мумкин.
Яна Аллоҳ таолонинг [ла юғодиру соғийротан валаа кабийротан иллаа аҳсоҳаа] («На кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб қўйибди». (Каҳф сураси, 49-оят).) деган сўзида келгани каби, [ал-иҳсо]дан китобга қайд этилганлар (ҳисоб қилиб ёзилган) ирода қилинмоқда, деса ҳам бўлади.
[30]. Бас, (эй жаҳаннам аҳли! Азобимизни) тотиб кўрингиз! Энди сизларга фақат азобнигина зиёда қилурмиз.
Азобни зиёда қилиш дегани, унинг доимийлиги ва боқийлигидир. Уларга тайёрлаб қўйилган азобнинг микдори зиёда қилинади, дегани эмас. Чунки Аллоҳ таоло уларга қилган гуноҳларига яраша жазоланишларининг хабарини берган.(«Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Кимки (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай» (Анъом сураси, 160-оят).) Ўша қилган амалларининг баробарига олаётган азоблари улар учун жазо бўладиган бўлса, уларнинг азоблари зиёда қилиниши тўғри бўлмайди. Демак, (адтяо келган [назийду] сўзидаги) [зиядатун] доимийлик ва боқийлик маъносига буриб юборилиши аниқ бўлди. Шунинг учун бизнинг мазҳабдошларимиз Аллоҳ таолонинг «Аммо имон келтирганларнинг имонларини бу (сура) зиёда қилди»,(«Бирон сура нозил қилинган вақтда улардан: «Бу сиздан кимнинг имонини зиёда қилди?» дейдиган кимсалар бор. Бас, имон келтирганларнинг имонини зиёда қилди ва улар шоду хуррам бўлдилар». (Тавба сураси, 124-оят).) деган сўзи ва «зиёда қилиш» ибораси зикр қилинган ҳар бир оятни «имонда собитқадам ҳамда бардавом бўлиш», деб таъвил қилганлар. Имон зиёда бўлади ва камаяди, деб эмас.
[31]. Албатта, тақводорлар учун (жаннатда катта) нажот (ва неъматлар) бордир.
Яъни туғёнга кетган (Аллоҳ таолонинг чегараларидан ошиб ўтган, Унинг ҳақларини зое кетказган ва неъматларига ношукрлик қилган киши)лар ҳақида зикр қилинган азобнинг барча кўринишларидан нажот бор.
[32]. Яъни боғлар ва узумлар,
Бу жойдаги [ал-ҳадоиқ] атрофини дарахтлар ўраб турган жойлардир. Ва [аънаба] бу аниқ нарса (яъни узумлар)дир.
Айтишларича, тақводорларга улар бу дунёда орзу қилган нарсаларнинг барчаси берилиши ваъда қилинган.
Сўнгра, аслида, ушбу сура Аллоҳ таолонинг «Нима ҳақида сўрашади?», «Улкан, муҳим хабар ҳақида (сўрашади)», деган сўзларидаги савол-жавоб ортидан нозил бўлган. Шундай экан, уларни бу саволни беришга ундаган нарса - уларнинг қалбларидан кечган шубҳалар ёки хаёлларига келган ўйлар бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун улар ўзларига тушунтириб берилиши ва ўзларидан шубҳалар йўқолиши учун савол бердилар ва Аллоҳ таоло уларга (мазкур оятлар орқали) Узининг буюк неъматларини, ажойиб тадбирларини, куч-қудрати ва салтанатини эслатиб қўйди. У неъматларга чуқур назар солган кишиларни уларнинг мана шу назарлари қайта тирилишлари (борлигига имон келтириш)га, улардаги ишкалликни кетказишга далолат қилиши-ни: «Иўқ! Улар тезда биларлар!», «Яна йўқ! Улар тезда биларлар!» деган сўзи билан ваъда қилди. Шунингдек, тўғри йўлда мустақим бўлган ва унинг йўлини тутган кишиларнинг борадиган жойларини баён қилиб берди. Унинг буюк неъматлари, ажойиб тадбирлари, куч-қудрати ва салтанатига чуқур назар солмаган, ўз нафсига адолат қилмаган
ҳамда уни зое қилган кишиларнинг қайтадиган жойи Аллоҳ таолонинг «Албатта, жаҳаннам (тушувчиларни) кутувчи, ҳаддан ошганларнинг борадиган жойидир» оятида зикр қилинган жой бўлишини хабар қилмоқда. Аллоҳ таолонинг «Иўқ! Улар яқинда билиб олажаклар», деган сўзи таҳдид учун нозил қилинган, деб таъвил қилинса, бу нарса ушбу оят билан маълум бўлади.
[33]. (Ёш ва ҳуснда) тенгқур, бўлиқ сийнали (ҳур қиз)лар, Айтишларича [ал-коъиб] бу - кўкраклари билиниб қолган қиздир. Бу ҳолат ҳайз кўришга яқин келиб, кўкраклари тўлишиб қолган вақтда бўлади. Қизларнинг эркакларга энг ёқадиган даври ҳам шу вақт бўлади.(Бу таъвилни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир ривоят қилган. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 99-100-бетлар. Шунингдек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ибн Мунзир, ибн Абу Ҳотим, Байҳақий ҳам ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 504-бет.)
[ал-атроб] - ёши тенг бўлган (тенгқур) қизлардир.
Бу оятда уларнинг абадул абад бир хил ёшда бўлишлари, ўша ҳолатдан ўзгармасликлари ва қариб ҳам қолмасликларининг хабари берилган.
[34]. Ва (шароб) тўла қадаҳлар бордир.
[каъсан диҳақо] - «Тўлдирилган қадаҳлар», маъносидадир, дейилган.(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтган бўлиб, Ибн Жарир томони-дан ривоят қилинган. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 99-100-бетлар. Яна бу Абу Ҳурайра, Ҳасан, Мужоҳид розияллоҳу анҳум ва бошқаларнинг ҳам сўзидир.) «Соф, мусаффо қадаҳлар» ҳам дейилган.(Бу таъвилни Икрима розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир ривоят қилган. Ўша манба, 36-жилд, 119-бет.) Бошқа бир таъвилда эса: «Кетма-кет тўлдириладиган қадаҳлар», дейилган.(Бу Мужоҳид розияллоҳу анҳунинг сўзи бўлиб, Ибн Жарир ривоят қилган. Ўша манба, 36-жилд, 121-бет. Мужоҳид розияллоҳу анҳудан Абд ибн Ҳумайд ҳам ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 505-бет.)
Дунё аҳлининг шаробидан фарқли ўлароқ ўша шароб жаннат аҳли қанча ичсалар ҳам камайиб қолмаслиги маълум бўлиши учун Аллоҳ таоло мазкур қадаҳни "тўлдирилган" деб васф қилди.
Ким [диҳақо]ни «соф, мусаффо» деб таъвил қилган бўлса, унинг маъноси «дунё аҳлининг шаробидаги бошни оғритиш, ақлни кетказиш ва бошқа офатлар ҳамда ёмонликлардан софдир», деган маънони беради.
Ким [диҳақо]ни «кетма-кет» деб таъвил қилган бўлса, унинг маъноси шуки, жаннат аҳли ўша шаробдан қанча ичсалар ҳам, тамом бўлиб қолмайди, балки кетма-кет уларга берилаверади, дунё аҳлининг шаробидан фарқли ўлароқ, маст бўлиб қолиш ва шу каби уларни шароб ичишдан тўсадиган ҳолат пайдо бўлмайдики, улар уни ичишдан ўзларини тийсалар.
Аббос ибн Абдул Мутталибдан ривоят қилинади. У: «Биз жоҳилият даврида соқийни чақирганимизда [идҳақ ла-наа] яъни: «Яна қуй!» дер эдик», деган.(Муслим ибн Нистосдан ривоят қилинади: «Ибн Аббос ўзининг ғуломига: «Менга тўлдириб қуй!» дер эди. Ғулом қадаҳни тўлдириб олиб келар эди. Шунда Ибн Аббос: «(Оятда келган) «диҳаақон» ана шудир», дер эди. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 24-жилд, 40-бет.)
[35]. Улар у жойда бирор беҳуда ва ёлғон сўз эшитмаслар.
Улар у ерда ҳар хил лағв бўлиш ва беҳуда кетишга муносиб бўлган гап-сўзларни эшитмайдилар. Аксинча, у ерда ҳамма яхши сўзларни эшитадилар. Бу дунёда одамлар шароб ичганларида эшитганлари каби беҳуда кетишга муносиб бўлган қасам ичиш, ноҳақ ва ёлғон сўзларга ўхшаган юқорида зикр қилинган нарсалардан ҳеч бирини жаннатда эшитмайдилар.
Оятдаги - [киззаабан] деган сўз, агар ташдидсиз (яъни кизаабан) деб ўқилса, у [ал-кизбу]дан олинган бўлади ва «ёлғон гапирмайдилар» маъносини билдиради.
Агар мазкур сўз ташдид билан ўқилса,[ат-такзибудан олинган бўлади ва «бир-бирларини ёлғончига чиқармайдилар» маъносини беради.
Ана шунда бу оятнинг маъноси «ўша шароб уларда дунё аҳлининг шароби қиладиган ишни қилмайдики, дунёдагиларнинг шаробида бўлгани каби уларни ёлғон гапириш ва ёлғончига чиқаришга ундаса», дегани бўлади.
Оятдаги [фийҳаа] сўзидан мурод, «жаннатда» демакдир.
Сўнгра Аллоҳ таолонинг «фК» [киззаабан] сўзини айрим қорилар икки ўринда - шу жойда ва [ва каззабу биаайаатина киззаабан] оятида ташдидсиз (кизаабан, деб) ўқиганлар. Баъзилар эса ҳар иккала ўринда ҳам ташдид билан (киззаабан, деб) ўқиганлар. Биринчи ўринда ташдид билан (киззаабан) ва иккинчи ўринда эса, ташдидсиз (кизаабан, деб) ўқиган қорилар ҳам бор.
Кисоийнинг: «Тахфиф (яъни ташдидсиз) ўқиш Музор (қабиласидан бўлган одам)ларнинг луғати ва ташдид билан ўқиш яманликларнинг луғатидир. Улар: [Каззабаҳу такзибан ва киззабан] ва [харрабаҳу тахрибан ва хирробан], деб айтадилар», дегани ривоят қилинган. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!
[36]. (Бу) Раббингиз (томони)дан бўлмиш мукофот ва ҳисоб (-китоб)дир.
Оятдаги [жазааъан] сўзи «(Бу) Аллоҳ таолонинг уларга берган мукофоти, уларга берган совғаси ва уларга берган ҳисо-бидир», - деган маънодадир.
Ҳасан: «Аллоҳ таоло уларни амалларига қараб мукофотлади, яъни улар ҳақли бўлган миқдордан ошириб мукофотлади», -деган маънони берган.
Муфассирлардан баъзилари: «Уларга кўпдан-кўп совғалар бераверганидан улар (жаннатга кирганлар)нинг ҳар бири «Менга етарли бўлди! Менга етарли бўлди!» - деб қолади. Бу таъвилни қувватлайдиган далил Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг ушбу оятни (Бу) Раббингиз (томони)
дан бўлмиш гўзал мукофотдир), деб қироат қилганларидир.
Яна айрим муфассирлар: «Ёзувчи фаришталар ёзиб борган ва ҳисоб-китобларини қилиб юрган амаллари учун ҳамда шу амалларини Аллоҳ таоло Уз фаришталарига ҳам кўрсатмайдиган даражада махфий тарзда бажарганлари учун кўпдан-кўп мукофотдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларга одамлар биладиган очиқ-ойдин яхшиликларни берди», - деб таъвил қилганлар.
Бу оятдаги «жазо» бандага ўз Раббиси тарафидан берилган мукофот бўлиши ҳам мумкин. Банда ўз амали билан ўша мукофотга ҳақли бўлади, дегани эмас. Зеро, башарият ичидан бирор киши йўқки, унга Аллоҳ таоло тарафидан неъматлар бериб қўйилмаган бўлса. Агар ўша неъматлардан биттасининг шукрини адо қилиш учун бутун умрини сарф қилган тақдирда ҳам, ўзининг зиммасига вожиб бўлган шукрнинг ҳақиқатига етмаган бўлар эди. Зеро, ким шукр қилса ва унга шукр қилиш учун тавфиқ берилса, ана шу шукр қилгани учун ҳам унга янада кўпроқ неъмат берилган бўлади. Борди-ю, банда бу дунёда қилиб ўтган амалининг мукофотини қўлга киритадиган бўлса, шу сабабли янада кўпроқ мукофотга ҳақли бўлмай қоларди. Бинобарин, шу нарса ўз исботини топдики, охиратда бериладиган мукофот Аллоҳ таоло тарафидан бўладиган марҳамат ва инъом ўрнидадир, банда (қилган солиҳ амалининг мукофотига) ҳакди бўлгани учун эмас.
Ахир сиз Аллоҳ таолонинг «Кимда-ким Аллоҳ ва Пайгамбарига итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайгамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар»,(Нисо сураси, 69-оят.) деган сўзига қарамайсизми? Зеро, бу ерда Аллоҳ таоло «каромат»ни инъом деб атаяпти. Бошқа бир оятда эса: «(Эй инсонлар!) Раббингиз томонидан бўладиган магфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайгамбарига имон келтирган зотлар учун тайёрлаб кўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг тенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз. Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, уни Узи хоҳлаган кишиларга ато этур»,(Ҳадид сураси, 21 -оят.) деган. Бас, Аллоҳ таоло уларга берган неъматларни Узининг фазлу марҳамати деб белгиламокда. Бинобарин, шу нарса ўз исботини топдики, уларга мукофот қилиб берилган нарса - Раббилари тарафидан берилган (ҳисаабан), яъни кўпдан-кўп мукофотдир.
[37]. (У) осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги (бор) нарсанинг Парвардигори Раҳмон (Меҳрибон Зот)дир. Ундан (изн бўлмагунча қиёмат куни) сўзлаш имкониятига эга бўлмаслар.
[(ар-Робб] - Молик (яъни эгалик қилувчи, эгаси маъносида)дир. Аллоҳ таоло бу оятда осмонлар ва Ернинг эгаси Унинг Узи эканини зикр қилмокда. Токи, У эҳтиёжи тушгани ёки бирор манфаатни қўлга киритиши учун ҳеч кимни Ўзига ибодат(га амр қилиш) билан имтиҳон қилмаган эканини, аксинча, У Ғаний (бой) Зот бўлиб, осмонлар ва Ердаги нарсалар Унга тегишли эканини, агар адо қиладиган бўлсалар, у билан имтиҳон қилинаётган ибодатларнинг манфаати уларнинг ўзларига қайтишини, агар адо қилмайдиган бўлсалар, зарари уларнинг ўзларига қайтишини (бандалар) яхши билиб қўйсинлар.
[ар-Раҳмон] - бандалар Аллоҳнинг раҳматига (муваффақ бўлишга) рағбат қилсинлар ва Уни танишга шошилсинлар учун Аллоҳ таоло Узининг Раҳмон (меҳрибон Зот) эканини баён қилмокда.
Аллоҳ таолонинг ҳайбатидан ва Унинг ҳаққини улуғ деб билганлари сабабидан «Ундан (изн бўлмагунча қиёмат куни) сўзлаш имкониятига эга бўлмаслар». Шунинг учун ҳам (шафоат қилувчилар) Унинг ҳайбатидан (қўрқиб) шафоат ёки хусумат ёхуд бошқа бирор нарса ҳақида гап очиш имкониятига эга бўлмаслар.
[38]. Руҳ (Жаброил) ва (барча) фаришталар саф тортиб турадиган кунда (одамлар) гапирмаслар, фақат Раҳмон (меҳрибон Зот) изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзлар.
Бу оятдаги «Руҳ» хусусида муфассирлар ихтилоф қилганлар. Бинобарин, улардан баъзилари, у Жаброил алайҳиссалом, деган бўлса,(Бу Заҳҳок розияллоҳу анҳунинг сўзи бўлиб, Ибн Жарир ривоят қилган. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 135-136-бетлар. Яна Заҳҳок розияллоҳу анҳудан Абд ибн Ҳумайд ва Абу Шайх ҳам ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 506-бет.) айримлари, у мусулмонларнинг руҳларидир, деб таъвил қилганлар.(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир ривоят қилган. «Тафсири Ибни Жарир», 36-жилд, 146-бет. Байҳақий ҳам ривоят қилган. Сую-тий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 506-бет.) Яна айримлари эса улар фаришталарнинг устига (назорат учун қўйилган) «ҳафаза»лардир,(Ҳафаза - ҳар бир фариштага бириктирилган, уларнинг устиларидан назорат қиладиган бошқа бир фаришталарнинг номи. Қаранг: Қадр сураси, 4-оятининг тафсири.) улар фаришталарни кўрадилар, фаришталар эса уларни кўрмайди, деганлар.
Бу ердаги «Руҳ» Аллоҳ таоло: «(У Зот) Ўз амри ила фаришталарни руҳваҳий билан нозил қилур»,(Наҳл сураси, 2-оят.) деганидек, осмондан туширилган китоблар бўлиши ҳам мумкин. Бинобарин, (нозил қилинган ана шу самовий) китоблар ҳаққини зое қилган ёки уларга амал қилмасдан орқасига ташлаб қўйган кишилар билан хусуматлашувчи, уларнинг ҳақларини адо этган ва ичидагиларга амал қилганларни шафоат қилгувчи бўлади.
Яна баъзи муфассирлар бу (Руҳ) шарҳланмайдиган, маъноси инсонлардан яширилган нарсадир. Аллоҳ таоло: «Ва сендан руҳ ҳаҳида сўрарлар. Сен: «Руҳ Раббимнинг ишидир....» деб айт»,(Исро сураси, 85-оят.) - деган, дейдилар.
«...фақат Раҳмон (меҳрибон Зот) изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзлар» оятидаги «Раҳмон изн берган киши»ни шафоат қилувчи кишидир, деб тушуниш ҳам мумкин. Яъни шафоат қилувчи шафоат қилаётган вақтда ҳақиқатдан бошқасини гапирмайди. Аллоҳнинг ҳайбатидан уни қамраб олган хадик ва қўрқув ҳақиқатни гапиришидан тўсиб қолмайди. Балки Аллоҳ таоло ҳақни сўзлашга уни собитқадам қилиб қўяди ва тилига фақат ҳақ сўзни жорий қилади.
Баъзилар бу оятнинг маъноси «дунё ҳаётида фақат тўғри сўзни сўзлаганларгина шафоат қилади», деганидир, дейдилар ва бу ҳам тўғри (таъвил)дир.
Оятнинг маъноси «дунё ҳаётида фақат тўғри сўзни айтган кишиларгина шафоатдан насибадор бўладилар», деганидир, деб таъвил қилганлар ҳам бор.(Шу сингари таъвилни Мужоҳид розияллоҳу анҳу айтган бўлиб, Ибн Жарир ривоят қилган. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 151 -бет. Мужоҳид розияллоҳу анҳудан Фарёбий ва Абд ибн Ҳумайд ҳам ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 507-бет.)
(Оятда келган) [ас-совааб] - кишининг ўзи эътиқод қилиб келаётган тавҳид борасида мустаҳкам туришидир. Ҳазрат Алий ибн Абу Толибдан нақл қилинади. У киши: «Аллоҳим, мени Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шафоат қиладиган кишилардан қилгин», деб дуо қилаётган бир кампирнинг олдидан ўтдилар ва: «Аллоҳим, мени Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жаннатдаги дўстларидан қилгин, деб дуо қилинг. Чунки у зотининг шафоатлари умматлари ичидан гуноҳи кабира қилган кишилар учундир», - дедилар.
Мўътазилийлар (Алий розияллоҳу анҳунинг) мана шу гапларини олиб, «Агар сизлар: «Аллоҳим! Муҳаммаднинг шафоатидан бизга насиба бер», - десангиз, батаҳқиқ, «Аллоҳим! Бизларни катта гуноҳларга қўл урадиган кишилардан қилгин», деган бўласизлар. Чунки унинг шафоати, ўзингиз даъво қилганингиздек, катта гуноҳ қилганлар учундир», дея бизга эътироз билдирдилар.
Уларнинг бу эътирозларига жавоб шуки, ширкдан бошқа гуноҳи кабирага қўл урган кишилар (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг) шафоатига тавҳид ва Аллоҳ таолони улуғлаш каби ўзлари қилиб ўтган яхши ишлар сабабли эришадилар, холос. Банда томонидан қилиб ўтилган яхшиликлар ана шулар уни шафоатга лойиқ қилади. Агар унинг мана шу яхшиликлари бўлмаганида, шафоатга эриша олмасди. Агар киши: «Аллоҳим! Мени Пайғамбаринг шафоатидан насибадор эт», дейдиган бўл-са, демак, у: «Аллоҳим! Мени яхши ишларни қилишга муваффақ қилгин. Шафоатга эришмоғим учун мени ҳам Сени улуғлайдиган ва тоат-ибодат ила Сенга яқин бўладиганлардан қил», - деган бўлади. У ўзининг бу дуоси билан мени гуноҳи кабира қиладиганлардан қил, дейишни мақсад қилган бўлмайди.
Биз зикр қилаётган мана шу таъвилимизнинг тўғрилигига Аллоҳ таолонинг ушбу «Бас, агар у (Аллоҳга доимо) тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганида, албатта, у (балиҳ) ҳорнида, то (одамлар) ҳайта тириладиган кунларигача (ҳиёматгача), қолиб кетган бўлур эди»,(Соффот сураси, 143-144-оятлар.) деган сўзи далил бўлади. Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломни наҳанг балиқнинг қорнидан қутқарган нарса унинг тасбеҳи эканини, агар у тасбеҳ айтмаганида (унинг қорнидан чиқиб) нажот топишга ҳақли бўлмаслигининг хабарини бермоқда. Гуноҳи кабира қилган киши ҳам худди шу сингари шафоатга ҳақли бўлади. Гуноҳи кабира қилиб шафоатга ҳақли бўлгани учун эмас, олдин қилиб ўтган яхшиликлари сабаб (жаҳаннамдан) қутулиб қолиши умид қилинади.
Мўътазилийларнинг: «Биз, улар катта гуноҳлардан сақланадиган бўлсалар, кичкина гуноҳ қилган кишиларнинг гуноҳлари кечирилади, деб эътиқод қиламиз», деган сўзлари бор. Уларга шундай дейилади: «Ким Аллоҳ таолога дуо қилиб, Ундан мағфират қилишини сўрайдиган бўлса, у гўёки «Аллоҳим! Менинг кичик гуноҳларимни кечиришинг учун Сен мени кичкина гуноҳлар билан балолагин», дегандек бўладими?!»
Уларга айтиладики, сизнингча, Аллоҳ таолодан мағфират сўраб, дуо қилаётганлар, гўёки Аллоҳим, мени кичик гуноҳларга рўбарў қилгинки, токи уни Ўзинг кечир, деяётган бўлар экан-да! Агар кишининг мағфират сўраб дуо қилиши биз сизларга қарши чиқаётган маънони тақозо қилмайди, десангиз, биз ҳам: "Аллоҳим, мени Муҳаммаднинг шафоатидан насибадор қил, дейиш ҳам мени гуноҳи кабира қиладиганлардан қил, деган маънони тақозо қилмайди", деймиз.
[39]. Бу ҳақ (ва рост) кундир. Бас, ким хоҳласа, Парвардигори томон қайтадиган йўлни тутар.
«Бу ҳақ (ва рост) кундир» сўзининг маъноси у кунда ҳақиқатдан бошқаси айтилмайди, деганидир, дейилган. Яна уни ҳақиқатда бўладиган кун, деган маънога буриш ҳам мумкин. Шунда оят «бу куннинг бўлиши шак-шубҳасиз ҳақдир» маъно-сида бўлади.
«Бас, ким хоҳласа, Парвардигори томон қайтадиган йўлни тутар». Оятдаги [маоб] қайтиш жойи, деганидир. Оятнинг таъвили шуки, Аллоҳ таоло халойиққа залолат ва ҳидоят йўлини кўрсатиб беряпти, ҳеч кимни ҳидоят йўлидан тўсмаяпти. Яна залолат йўлини тутганларнинг қайтадиган жойи дўзах, тўғри йўл ва ҳидоят йўлини тутганларнинг қайтадиган жойи жаннат эканини маълум қиляпти. Мана шу кишининг Аллоҳга қайтадиган йўли ва Унга элтадиган йўлни ушлашидир.
[40]. (Эй Макка кофирлари!) Дарҳақиқат, Биз сизларни яқин(да воқе бўладиган) азобдан огоҳлантирдик. У кунда (ҳар бир) киши ўзи қилиб ўтган нарсани (яъни барча яхши-ёмон амалларини) кўрар ва кофир кимса: «Эҳ, кошки, тупроқ бўлсам!» - дер.
Дарҳақиқат, Биз сизларни яқин(да воқе бўладиган) азобдан огоҳлантирдик, яъни сизларга тахдид ўлароқ айтилаётган азобнинг келиши, гарчи тасаввурингизда уни узоқ санасангиз ҳам, яқиндир. Аллоҳ таоло: «Аллоҳнинг амри (қиёмат) келди. Бас, сизлар (эй мушриклар!) Уни ҳистамай қўя қолингиз!»(Наҳл сураси, 1-оят.) - деган.
«У кунда (ҳар бир) киши ўзи қилиб ўтган нарсани (яъни барча яхши-ёмон амалларини) кўрар» оятидаги «киши»дан мурод, халойиқларнинг барчасини - уларнинг мўминларию кофирларидир, деб таъвил қилса бўлади. Оятда «қўл»нинг алоҳида хослаб зикр этилиши, дунёда кўриб турганимиздек, бериш ва олиш қўллар билан бўлганлиги учундир. Шунинг учун банда қўл урган гуноҳларида ва қилган яхшиликларида қўлнинг алоқаси бўлмаса-да, унга нисбат берилмокда. Бу ердаги қўл Аллоҳнинг раҳмати деб номланадиган ёмғир сингаридир. Аллоҳнинг сифатлари ичида ёмғир дегани бўлмаса-да, Унинг раҳмати сабабли ёққани учун шундай номланади. Гап ҳам асли тил бўлмаса-да, тил деб номланади. Негаки, гапириш тил билан бўлади. Шу сингари (оятда) такдим этиш аслида қўлнинг қилмиши бўлмаса-да, унга нисбат берилмоқда. Чунки дунёда тақдим этиш қўл воситасида бўлади.
«Кофир кимса: «Эҳ, кошки, тупроқ бўлсам!» - дер». Бу ерда кофирдаги орзу зикр қилинмокда, мўминдаги эмас. Чунки мўмин яхшиликлари қабул қилингани, ёмонликлари кечирилганини кўради-да, Аллоҳнинг азоблашидан хавфи йўқолади. Кофир эса, ўзининг қилган ёмонликлари сабабли азобга қолганини кўради, яхшиликлари қабул қилинганини эса кўрмайди ва Аллоҳнинг азобидан қутилиш учун тупроққа айлангиси келиб қолади. Баъзи муфассирлар барча ҳайвон ва қушлар тирилтирилади, кейин Аллоҳ таоло уларга тупроқ бўлинглар, дейди. Шу вақтда кофирлар ҳам тупроққа айланишни орзу қилиб қолади, деганлар.(Бу таъвилни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир ривоят қилган. «Тафсири Ибни Жарир», 36-жилд, 161-бет. Яна буни Абд ибн Ҳумайд, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ва Байҳақий ҳам ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 507-бет. Бу яна Абдуллоҳ ибн Амр, Қатода ва Суфённинг ҳам сўзидир.) Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!