loader

023. Мўминун сураси

Бир юз ўн саккиз оятдан иборат ушбу сурайи карима Маккада нозил қилингандир.
Сура Оллоҳ таолонинг Борлиги ва Бирлигига ҳамда Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам У Зотнинг сўнгги Элчи эканлигига иймон келтирган мўминлар Фирдавс боғларига меросхўр бўлиш учун қайси амалларни қилиб, қайси амаллардан тийилишлари лозим эканлигини баён қилиш билан бошланади. Шу боисдан у «Мўминун - Мўминлар» деб аталгандир.
Бу сурада ҳам ўтмишдаги айрим пайғамбарлар ва уларга мушриклар томонидан етган озор-азийятлар зикр қилиниши билан Пайғамбар алайҳис-саломга Макка кофирларининг етказаётган азийятларидан тасаллий берилади. Суранинг меҳвари (ўқи) асосан бу дунёдаги ҳаёт инсоннинг узун умр йўлидаги биринчи - нисбатан жуда қисқа босқич экани, бу босқич ўтилгандан кейин Охиратдаги абадий ҳаёт учун қайта тирилиш ҳақ экани атрофида айланади. Яна бу сурада ҳаётларини куфр билан ўтказган кимсаларнинг «сакаротул-мавт - ўлим талвасаси» чоғида тортадиган азоблари, ажаллари етиб - орзу-хаёллари пучга чиққан пайтида чекадиган афсус-надоматлари ҳам баён қилинади.
Сурайи карима одамлар икки тоифага - бахтли ва бадбахтларга бўлинадиган, ҳар қандай насл-насаб, қариндош-уруғчиликдан тониладиган, фақат иймон ва қилинган яхши амалгина фойда берадиган Қиёмат Куни ҳақида хабар бериш билан ниҳоя топади.
Ушбу сура баракоти хусусида саҳобайи киром алайҳимур-ризвондан қатор ҳадислар ривоят қилинган: Аҳмад, Термизий, Насоий ва бошқалар ривоят қилган ҳадиси шарифда Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий нозил бўлаётган вақтда шундоқ юзлари олдида худди асаларининг ғўнғиллашига ўхшаган овоз эшитилар эди. Бир куни у зотга ваҳий нозил бўлиб, бир оз муддат ўтгач, қиблага юзландилар-да, қўлларини дуога кўтариб, дедилар: “Оллоҳим, ўзинг бизга кўпайтиргил, камайтирмагил: бизни азиз-мукаррам қилгил, хор қилмагил; ато этгил, маҳрум қилмагил; бизни танлагил, устимизга ўзгаларни танламагил; биздан рози бўлгил ва бизни рози қилгил”. Сўнгра: “Қасамки, менга ҳозир шундай ўн оят нозил қилиндики, ким унга тўкис амал қилса, албатта жаннатга киради”, дедилар ва “Қод афлаҳал-мўминун”дан ўнинчи оятгача қироят қилдилар: (“Тафсири БағавшГдан).
Насоий ўз тафсирида Язид ибн Бобинувсдан ривоят қилди: Язид деди: “Биз мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳодан: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари қандай эканлиги ҳақида айтиб беришини сўраган эдик, у: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари Қуръон эди”, дедида, (Мўминун сурасининг илк ояти бўлмиш) “Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар”дан бошлаб, “Улар намозларини сақлагувчи кишилардир”, оятигача ўқиди ва: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва слламнинг хулқлари мана шундай эди”, деди. (“Тафсири Мунийр”дан).

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1. Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар.
Сурайи карима ушбу бениҳоя умидбахш оят билан бошланади ва Оллоҳ таоло Бор ва Бир деб иймон келтирган инсонлар албатта нажот топажаклари, яъни, дўзах азобидан омонда бўлиб, Меҳрибон Парвардигорнинг Раҳматига - жаннатига эришажаклари ҳақида хушхабар берилади ҳамда куйидаги оятларда мўминларнинг нажот топишларига сабаб бўладиган солиҳ амалларнинг энг асосийлари бирма-бир эслатилади -

2. Улар намозларида таъзим-тавозуъ билан тургувчи киши-лардир.
Намоз ибодати ҳар бир мўминнинг зиммасидаги энг биринчи ва энг улуғ вазифа бўлгани учун ҳам нажот топгувчи мўминларнинг энг биринчи сифатлари ўша улуғ ибодатни адо этаётган чоғларида худди Оллоҳ таолонинг хузурида тургандек таъзим-тавозуъ билан туришлари эканлиги зикр қилинди. Оятдаги “хошиувн” калимаси, араб тилида шикаста дил, кибру ҳавоси йўқ, хушуъ-хузуъ билан тургувчи кишилар, деган маънони англатади. Уламолар хузуъ - баданда бўлишини, хушуъ эса, ҳам қалбда, ҳам баданда, ҳам кўзда, ҳам овозда бўладиган таъзим-тавозуъ эканлигини айтадилар “У Кунда... овозлар ҳам Раҳмонга хупгуъ - таъзим қилур”. (Тоҳа сураси, 108-оятдан).
Алий розияллоҳу анҳу: “Намоздаги хушуъ намозхоннинг ўнг-чапга алангламаслиги”, деб тафсир қилган, Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳу эса: “Хушуъ намоздаги кишининг ўнг ва чап томонида ким турганини ҳам билмаслиги, Оллоҳ азза ва жаллага таъзим-тавозуъда бўлгани сабабли ён-атрофига алангламаслигидир”, дейди. Ибн Сийрийн ва бошқалар бўлсалар: “Намоздаги хушуъ, кўзингни сажда қиладиган жойингдан кўтармаслигингдир”, деб тафсир қиладилар.
Ояти карима тафсирида кўплаб ибратли ҳадислар ворид бўлган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, аввал Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари намозда кўзларини самога кўтариб турар эдилар. Қачонки “Улар намозларида таъзим-тавозуъ билан тургувчи кишилардир”, ояти нозил бўлгач, кўзларини саждагоҳла-ридан олмайдиган бўлдилар. (“Тафсири Бағавийдан).
Қатода раҳимаҳуллоҳ Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилди. У деди: “Бир куни Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Айрим кимсаларга нима бўлди, намозларида кўзларини осмонга кўтариб турадилар?!” дедилар-да, бу ҳақда қаттиқ сўзлаб, ҳатто айтдиларки, “Қасамки, улар бу ишларини тўхтадилар, ёки кўзлари ўйиб олинади!” (Имом Бухорий ва Бағавий ривоят қилдилар).
Яна Муновий “Фатхус-самовий” китобида Хдким Термизий “Наводирул-усул”да ривоят қилишларича, Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам бир кишини намозда соқолини ўйнаб турганини кўриб: “Агар бунинг қалби хушуь қилганида эди, албатта бошқа аъзолари ҳам хушуъ қилган бўлар эди”, дедилар.
Ушбу ояти карима ва муборак ҳадислардан хабардор бўлгач, бизларнинг нажотимизга сабаб бўладиган энг улуғ ибодат - намозда ўзимизни қандай тутишимиз лозимлиги ҳақида бениҳоя қимматли сабоқ оламиз ва бизларга намозда таъзим ва тавозуъ билан туриш қандай бўлишини ўргатиб ва амалда кўрсатиб - намоз ичида унинг амалларидан бошқа бирон ҳатти-ҳаракат қилмасдан ўтиб кетган ота-боболаримизга оят-ҳадис кўрсатмаларига оғишмасдан амал қилганлари учун таҳсин-тасаннолар айтамиз. Аммо шу билан бирга айрим араб! биродарларимизнинг намозларидаги ҳолатларини кўрганимизда улар ҳам мазкур оят ва ҳадислардан хабардормиканлар? деган мулоҳазаларга ҳам борамиз.

3. Улар (ҳар қандай) беҳуда - фойдасиз ишдан юз ўгиргувчи кишилардир.
Ояти каримадаги “беҳуда иш” иборасини Ибн Аббос розияллоху анҳумо: “Ширк”, деб тафсир қилади, чунки дунёда мушрикларнинг ширк келтиришларидан ҳам фойдасизроқ бирон иш йўқдир. Демак, ақл-ҳуши жойида бўлган ҳар бир инсон ундай беҳуда-бефойда ишдан албатта юз ўгириши лозим. Албатта, “беҳуда иш”нинг бошқа тафсирлари ҳам бор: Ҳасан: “Барча гуноҳ-маъсият бўлган ишлар беҳуда ишдир”, дейди. Зажжож эса: “Мусулмон киши учун ҳалол бўлмаган ҳар қандай сўз ё амал беҳуда ишдир, бас, мусулмон инсон ундан юз ўгирганидагина нажот топади”, деб тафсир қилади. Яна бир тафсирда: “Кофирлар билан, Тўғри Йўлдан озган турли ҳизб тўдалари билан беҳуда талашиб-тортишиб вақт ўтказиш ҳам лағв-беҳуда ишлардандир. Демак, оқил инсон, “агар пайғамбар тирилиб келиб қайтарса ҳам ҳизбимдан чиқмайман”, деб қасам ичган жоҳил-кўр тўдаларнинг кабиҳ сўзларини эшитганида, агар ўзини ҳурмат қилса, улар турган балчиққа тушмайди, балки юз ўгирганча ўтиб кетаверади. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада ҳам айтилган: “Улар (яъни, Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермайдиган ва лағв (беҳуда сўз ё амал) олдидан ўтган вақтларида олийжаноблик билан (яъни, ундан юз ўгирган ҳолларида) ўтадиган кишилардир”. (Фурқон сураси, 72-оят).

4. Улар закотни (адо) қилгувчи кишилардир.
Яъни, нажот топгувчи бўлган мўминларнинг яна бир сифатлари - улар Оллоҳ таоло томонидан зиммаларига фарз қилинган закот ибодатини буюрилганидек адо этиб, қўлларидаги ҳалолдан топган мол-мулкларидан қирқдан бир қисмини фақир-муҳтож бўлган мусулмонларга йил сайин бериб туриш билан доимо бойликларини поклаб-тозалаб борадилар.
Айрим уламолар ояти каримани “Улар (яъни, нажот топгувчи мўмин-лар) закот учун ишлагувчи кишилардир”, деб таъбир қиладилар ва шундай ибратли тафсир қиладилар: улар ризқу рўз истаб қандай ишга қўл урсалар, фақат ўзлари ва қўл остларидаги кишиларни етарли маблағ би-лан таъминлашни кўзламайдилар, балки улардан орттириб муҳтож-фақир мусулмонларга закот-садақотлар беришни ҳам ният қилиб ишлагув-чи кишилардир.
Яна, ояти каримада мазкур бўлган “закот”дан мурод, нафсни поклашдир, Оллоҳ таоло нафсларини поклаш учун ҳаракат қиладиган мўминлар албатта нажот топишлари ҳақида хабар бермоқда, деган тафсир ҳам бордир. Дарвоқеъ, бу мазмун бошқа оятларда ҳам таъкидланади: “Дарҳақиқат, уни (яъни, ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди. (Ваш-шамс сураси, 9-10-оятлар).
Саҳобалардан ибн Аббос томонидан (Оллоҳ у кишидан рози бўлсин) ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳис-салом қачон юқоридаги оятларни тиловат қилсалар, бир тўхтаб Оллоҳ таолога бундай дуо қилар эканлар: «Оллоҳим, Ўзинг нафсимга - жонимга тақво ато этгин, Ўзинг унинг Эгаси - Хожасисан ва Ўзинг уни энг яхши Поклагувчисан”.

5-6. Улар авратларини (ҳаромдан-зинодан) сақлагувчи, магар ўз жуфти ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдиган) кишилардир. Бас, улар маломат қилинмаслар.
Яъни, нажот топгувчи бўлган мўминларнинг сифатларидан яна бири - улар том маънода ҳалол-покиза ҳаёт кечирадилар ва ҳеч қачон шаҳвоний нафсларига қул бўлиб қолмайдилар. Аввало улар бегона - номаҳрамларга авратларини (эркакларнинг киндикларидан тиззаларининг ос-тигача авратдир, аёлларнинг эса бутун баданлари аврат бўлиб, фақат юзлари, қўллари билакларигача ва оёқларининг ошиқдан паст қисми аврат эмасдир) кўрсатмайдилар ҳамда ўзларини бузуқлик-зинодан доимо муҳофаза қилгувчи бўладилар, магар ўз жуфти ҳалолларидангина сақлан-майдилар ва кул-чўри тутиш дуруст бўлган замонлар бўлса, (маълумки, қулдорлик тузуми неча асрлар аввал барҳам топган), қўл остларидаги чўрилардангина сақланмайдилар. Бас, бу ҳолда, яъни, Шариати Исломийя буюрган никоҳ билан ҳалол бўлган жуфтларидан сақланмасликларида - бир-бирларига очилишларида ва биргаликда шаръий ҳаёт кечиришларида уларни ҳеч ким маломат қилиб айблай олмас. Балки бу инсоний эҳтиёж ва Ер юзида мусулмон фарзандлари кўпайишининг бирдан-бир ҳалол йўлидир.

7. Аммо кимда-ким шундан ўзгани (яъни, зино ва шу каби Шариати Исломийяда ҳаром қилинган бошқа нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошгувчилардир.
Яъни, кимда-ким шаҳвоний нафсини қондириш учун шаръий никоҳ билан оила қуришдан бошқа йўлни танласа, авратини ҳаромдан сақламасдан, бузуқликдан ҳазар қилмасдан фаҳш йўлларига кирадиган бўлса, ундай кимсалар Оллоҳ таоло чизиб берган чин инсоний чегарадан чиқиб кетган ва бандалик ҳадларидан ошган гумроҳлардир, демакки, то тавба қилиб, Тўғри Йўлга қайтмагунларича, улар дунё ва Охиратда нажот топгувчи мўминлар қаторида бўлмаслар. Аммо авратларини ҳаромдан сақлагувчи покдоман мўминларнинг сифатларидан яна бири эса -

8. Улар (ўзларига ишонилган) омонатларига ва (ўзгаларга) берган аҳду паймонларига риоя қилгувчи кишилардир.
Яъни, мўминлар бир умр зиммаларидаги омонатни хурмат қилишлари, унга хиёнат қилмасликлари ва бировларга берган аҳд-ваъдаларига вафодорликлари билан ҳам нажот топгувчидирлар. Ояти карима барча мўмин-мусулмонларга омонатдор бўлиш, яъни, ҳар бир мусулмон ўзига ишониб топширилган нарсани, сўзни, ибодатни бузмасдан, хиёнат қилмасдан адо этиши, ўз эгасига етказиши буюрилди. Демак, омонатдорлик, ишончлилик мусулмоннинг ҳар бир иш-амалида, одамлар билан қиладиган муомаласида, Парвардигори буюрган ибодатларни адо этишида яққол кўриниб туриши керак, унинг энг устун фазилатларидан бирига айланиши керак. Яъни, ҳар бир мусулмон ишончлиликда, омонатга хиёнат қилмасликда ўз қавмлари томонидан Муҳаммад Амин - Ишончли Муҳаммад деб ном олган Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдан улгу - ибрат олиши керак.
Албатта омонатнинг турлари кўпдир. Улар орасида Ҳақнинг омонатлари ҳам, халқнинг омонатлари ҳам бор. Парвардигоримиз биз мусулмон бандаларига буюрган ҳар бир иш зиммамиздаги Оллоҳнинг омонатидир. Намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатлар Яратганнинг устимиздаги омонат қўйган ҳақларидирки, уларнинг биронтасига хиёнат қилмай адо этишимиз фарздир - мусулмонлик бурчимиз, вазифамиздир.
Шунингдек, ҳар биримизнинг вужудимиз - баданимизнинг бошдан оёққача бўлган ҳар бир аъзосини Роббимиз бизга омонат қилиб берган - мусулмон ўз баданини дунёси ва Охирати учун фойдали бўлган нарсаларгагина ишлатиши, дунё ва Охиратига зиён етказадиган ишга қадам босмаслиги керак, шунингдек, у ўз баданини касалликка чалинишига, бирон аъзоси ишдан чиқишига сабаб бўладиган хатарлардан имконияти қадар ҳимоя қилиши керак.
Имом Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддислар Ибн Умар розияллоху анхумодан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам айтганлар: “Ҳар бирингиз (гўё) чўпонсиз, ҳар бирингиз ўзига қарашли подадан сўралгувчисиз...”. Яъни, ҳар бир инсон ўзи бошқарадиган нарсага жавобгардир. Маълумки, ҳар бир инсон энг камида ўзига хожа - ўз баданининг ҳар бир аъзосини нимага ишлатиш, қандай бошқариш хуқуқига эга, демак, уни савобли, фойдали ишларгами ёки зиёнли гуноҳ ишларгами ишлатганига жавобгардир. Қиёмат Кунида унга мана шу баданни омонат қилиб бериб қўйган ва уни тасарруф қилиш хуқуқ ва имкониятини ҳам бериб қўйган Зот тарафидан сўралиши муқаррардир.
Яна мусулмон бошқалар билан қиладиган ҳар қандай муомалада омонатга хиёнат қилмаслиги керак: Қўлида омонат бўлган бировларнинг нарсаларини ўз вақтида ва тўла ҳолда эгаларига қайтариши, олди-берди муомалаларида алдамаслиги, сўзлаганида фақат рост сўзлаши, одамларнинг сирларини бошқаларга ёймаслиги мўминнинг омонатдор инсон, демакки, чин мўмин эканига далил бўладиган хислатлардандир.
Қуръон ва ҳадисда омонатни сақлаш хусусида кўп оят ва ривоятлар ворид бўлган:
“Албатта, Биз бу омонатни (яъни, Шариати Исломийядаги тоат-ибодатларни) осмонларга, Ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилгувчи ва нодон эди (яъни, бу омонатнинг нақадар вазмин юк эканлигини бутун коинот билди ва уни кўтаришга қурби етмаслигини сезди, аммо инсон ўзи билмаган ҳолда ўта мушкил вазифани ўз зиммасига олди)”, (Аҳзоб сураси, 72-оят), “Эй мўминлар, Оллоҳ ва Унинг Элчисига хиёнат қилмангиз ва билган ҳолларингизда сизларга ишониб берилган нарсаларга (яъни, Динга ва бошқа ҳар қандай омонатларга) хиёнат қилмангиз”, (Анфол сураси, 27-оят).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламдан ривоят қилдилар: “Оллоҳ Йўлида шаҳид бўлиш барча гуноҳларни ўчириб юборади, аммо омонатга хиёнат қилинган бўлса, бу гуноҳ ўчирилмайди”.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Омонатсиз кимсанинг иймони йўқ, аҳдга вафо қилмайдиган кимсанинг дини йўқ”, дедилар.
Яна барча муҳаддислар Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Мунофиқнинг аломати учтадир: сўзласа, ёлғон сўзлайди, ваъда қилса, устидан чиқмайди, унга омонат қўйилса, хиёнат қилади”, дедилар.

9. Улар намозларини муҳофаза қилгувчи кишилардир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло мўминларга энг улуғ ибодат - намозни қазо бўлишдан, бузилишдан, хато ўқилишдан ва риёдан муҳофаза қилиб, ўз вақтида, фарз, вожиб ва суннатларига амал қилган ҳолда Оллоҳ учун адо қилишни буюради ва доимо намозларини муҳофаза қилгувчи мўминлар нажот топадиган кишилар эканлиги ҳақида хабар беради. “Тафсири Бағавий”да айтилишича, суранинг иккинчи оятида намозда хушуъ яъни, таъзим-тавозуъ билан туриш вожиблиги зикр қилингач, ушбу ояти каримада яна намозни муҳофаза қилиш такроран буюрилишидан намозда хушуъ қандай зарур бўлса уни муҳофаза қилиб ўз вақтида адо қилиш ҳам худди шу даражада зарур эканлиги маълум бўлади.
Дарҳақиқат, мўминнинг энг асосий иши беш вақт намоздир. “Саҳиҳайн”да ривоят қилинган ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан: “Энг афзал амал қайси амал, деб сўраганимда: “Ўз вақтида адо қилинган намоз”, дедилар”. Намоз инсонни барча улуғ фазилатларга тайёрлайди, чунки у бузуқлик ва ёмонликдан тўсадиган ибодатдир: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ўзингизга ваҳий қилинган Китоб - Куръондан бўлган (оятлар)ни тиловат қилинг ва намозни тўкис адо қилинг! Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур. Аниқки, Оллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир. Оллоҳ қилаётган ишларингизни билиб турур”. (Анкабут сураси, 45-оят). Шунинг учун Ҳақ таоло Ўз Китобида такрор-такрор намоз ўқишга буюради, мўмин бандаларини Ўзига саждалар қилишга, дилларидаги тилакларини сўраб дуолар қилишга чорлайди. Бунинг учун Меҳрибон Парвардигоримиз беш вақт намоз вақтларини, яъни, Ўзининг Қабул Соатларини ҳам белгилаб қўйган ва ким ўша соатларда Унга муножотлар қилиб, Расули таълим бериб ўргатган, амал қилиб кўрсатган суратда намоз ибодатини адо қилса, унинг гуноҳларини кечиб, дуоларини қабул қилишга ваъда берган. Демак, Оллоҳнинг Фазлу Марҳаматига эришиш учун намозларни У Зот буюрган, Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам амалда кўрсатган вақтларда адо қилиш, белгиланган тартибга риоя қилиш, вақтини ўтказиб юбормай муҳофаза қилиш керак.

10-11. Ана ўшалар Фирдавс (жаннати)га меросхўр бўлгувчи ворислардир. Улар ўша жойда мангу қолгувчидирлар.
Яъни, сура аввалидан бошлаб зикр қилинган улуғ Исломий сифат ва фазилатларнинг эгалари бўлган мўминлар албатта Фирдавс жаннатига меросхўр бўладилар ва у жойда мангу бахт-саодатда яшайдилар. Шу ўринда улар кимларга меросхўр бўладилар, деган савол туғилиши табиийдир. Бу саволимизга ушбу оятнинг тафсири бўлиб келган ҳадиси шариф жавоб беради: Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлардан ҳар бирингиз учун (Охират диёрида) икки манзил - жой бордир. Бир манзил жаннатда, яна бир манзил дўзахдадир. Бас, ким ўлгач, дўзахга кирса, унинг жаннатдаги манзили жаннат аҳли бўлган кишиларга мерос бўлиб қолади. Оллоҳ таоло айтган: “Ана ўшалар Фирдавс (Жаннати)га меросхўр бўлгувчи ворислардир”, деган ваъда мана шудир”. (Ибн Можжа ривоят қилган).
Фирдавс қандай жаннат эканлиги хусусида ҳам саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган: “Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қачон сизлар Оллоҳ таолодан жаннат сўраб дуо қилсангизлар, Фирдавс жаннатини сўранглар. Чунки у жаннатнинг энг олийси ва жаннатнинг энг ўртасидир. Жаннат дарёлари ҳам ўша Фирдавс жаннатидан отилиб чиқур”.
Уббода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жаннатда юз даража - қават бордир. Унинг даражаларидан ҳар бир даражаси ўртаси осмон билан Ернинг ўртасига баробардир. Фирдавс жаннатнинг энг олий даражасидир. Унинг устида Арши аъло турур. Жаннатнинг тўрт дарёси ҳам ўша Фирдавсдан отилиб чиқур. Бас, сизлар қачон Оллоҳ таолодан сўрасангизлар, Фирдавсни сўранглар”. (Аҳмад ва Термизий ривояти).
Ҳар бир Сўзи Ҳикмат бўлган Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг бу ўринда жаннат тақводор бандаларига тегадиган мерос эканлигини зикр қилиши ҳам албатта беҳикмат эмасдир. Бу, таъбир жоиз бўлса, Ҳақ таоло томонидан мўмин бандаларига берилган бир Илоҳий Кафолатдир. Чунки мерос тариқасида теккан мулк меросхўрдан ҳеч қачон қайтиб олинмайди, демак, жаннатга меросхўр бўлган тақводор бандалар ҳам энди ҳеч қачон у Илоҳий неъматдан маҳрум бўлиб қолмайдилар.

12. (Қасамки), Биз инсонни (яъни, Одам алайҳис-саломни) лойдан бўлган сулоладан (яъни, лойнинг мағзидан) яратдик.
«Лойнинг мағзи»дан мурод - лой-ер жинсидаги барча моддалардир. Дарвоқеъ, замонавий тиббиёт ҳам инсон вужудида Ер жинсининг барча моддалари мавжуд эканини исботлайди.
Ҳақ таоло ушбу ояти каримада инсониятни қандай яратганини зикр қилиб, одамзотнинг асли ердан - мана шу ҳақир, оёқости тупроқдан қорилган лойдан эканини таъкидлайди: Гарчи Оллоҳ таоло биринчи инсон - Одам алайҳис-саломни тупроқдан, унинг авлодларини эса нутфадан -бир томчи сувдан яратган бўлса-да, ояти каримада барча инсонларни тупроқдан яратганини айтади. Уламолар бу сўзни икки хил тафсир қилганлар. Биринчиси, барча инсонлар Одамдан тарқалгани, Одам эса тупроқдан яралгани учун инсон зоти тупроқдан яралган ҳисобланади, деган тафсир бўлса, иккинчиси, инсоннинг асли бўлган нутфа ердан униб чиққан нарсалар истеъмолидан ҳосил бўлгани эътибори билан ҳар бир инсон ердан - тупроқдан яралган ҳисобланади, деб тафсир қилинади.
Ҳар ҳолда ушбу иборадан одамзотнинг асли бошқа бирон жонивор эмаслиги маълум бўлганидек, инсонни жонсиз тупроқдан яратган Зот унга жон ва гўзал сурат бергани каби у вафот қилганидан кейин жонсиз жасадини қайта тирилтиришга ҳам Қодир экани маълум бўлади.
Шунингдек, ўзлигини унутиб, ҳаволаниб, бошқаларга юқоридан қарайдиган кимсаларни ушбу ояти карима бир зарб билан ерга тушириб қўяди.

13-14. Сўнгра Биз уни (яъни, Одам зурриётининг ҳар бирини аввало) мустаҳкам қароргоҳдаги (яъни, бачадондаги) нутфа-маний қилдик. Сўнгра Биз бу нутфадан лахта қонни яратдик, сўнг лахта қондан бир тишлам гўштни яратдик, сўнг бир тишлам гўштдан суякларни яратиб, суякларга гўшт «кийдирдик», сўнгра (унга жон киргизиб, аввал бошдаги бир томчи сув - нутфадан бутунлай) бошқа бир жонзот ҳолида пайдо қилдик. Бас, энг Гўзал Яратгувчи (яъни, йўқдан Бор қилгувчи бўлмиш) Оллоҳ Баракотли - Буюкдир.
Ушбу оятда инсоннинг она қорнидаги бир томчи сувдан то тирик, комил инсонга айлангунигача кечган жараён Яратганнинг Ўз Илоҳий қалами билан аниқ-равшан қилиб чизиб берилди. Дарвоқеъ, Буюк Яратгувчи - Оллоҳдан ўзга ҳеч ким мазкур жараённи бу қадар ойдин ва муфассал баён қилишга қодир эмас.
Дарҳақиқат, она бачадонига тушган бир томчи сувнинг охир-оқибат тирик инсонга айланиб дунёга келишининг ўзи Улуғ ва тенгсиз Яратгувчининг - Оллоҳ таборака ва таолонинг Борлигига, Бирлигига ва беқиёс Қудратига далолат қиладиган ҳеч инкор қилиб бўлмайдиган Илоҳий Ҳужжатдир. Ушбу ибратли мавзу хусусида тафсиримизнинг қўлингиздаги 13-китобидан жой олган ҳаж сурасининг 5-ояти шарҳида алақадриҳол айтиб ўтганимиз боис бу ўринда такрорланмади.

15-16. Сўнгра шак-шубҳасиз, сизлар, (эй инсонлар), мана шундан (яъни, яралиб, ҳаётга келганингиздан) кейин (ажалларингиз битгач, яна) албатта, вафот этгувчидирсизлар. Сўнгра, Қиёмат Кунида албатта қайтадан тирилурсизлар.
Ушбу икки оятда Ҳақ таоло ўлик нутфага жон киритиб тирик инсонга айлантирганидан кейин Ўзи рўзи азалда белгилаб қўйган ажал муддати етгач, албатта уни яна ўлдиришини, сўнгра у жонсиз мурдани Қиёмат қойим бўлганида албатта қайтадан тирилтиришини таъкидлаш билан инсонларга ҳаёт берадиган ҳам, сўнгра уларни ўлдирадиган ҳам, кейин албатта қайта тирилтирадиган ҳам Ёлғиз ўзи эканини ва бу ишлар Унинг тенгсиз Илоҳий Қудрати олдида жуда осон иш эканини эслатиб, қайта тирилишни инкор қиладиган кофир-мушрик кимсаларни қаттиқ огоҳлантиради. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Ахир улар даставвал Оллоҳ қандай қилиб (йўқдан) яратишини кўрмадиларми?! Сўнгра (Қиёмат Кунида эса) У ўша (аввал йўқдан бор қилган нарсаси)ни қайтарур. Албатта бу Оллоҳга осондир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом).
айтинг: «Сизлар Ерда айланиб, (Оллоҳ) даставвал қандай қилиб яратганини (ва сўнгЎзи йўқдан бор қилган нарсаларни яна йўқ қилгани-ни) кўринглар. Сўнгра Оллоҳ (уларни) иккинчи (марта) пайдо қилур. Албатта Оллоҳ барча нарсага Қодирдир”. (Анкабут сураси, 19-20-оятлар).

17. (Қасамки) Биз сизларнинг устингизда етти устма-уст йўлни (яъни, етти қават осмонни) яратдик. Биз Ўз халқимиздан ғофил бўлмадик.
Муфассирлар айтишича, бу оятда етти қават осмоннинг етти йўл деб аталишини шундай тушунмоқ мумкин: Оллоҳ таоло инсонни ва барча махлуқотни яратганидан сўнг уларнинг ҳолидан ғофил бўлиб қолгани йўқ, балки уларга ризқу рўз ёғилиб туриши учун устларида етти йўл - етти осмонни пайдо қилди.
Юқоридаги оятларда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло инсон зотини қай тарзда яратганини баён қилгач, ушбу ояти каримада Ўзининг чексиз ва тенгсиз Қудратига янада яққолроқ далил бўладиган яна бир буюк ҳодисани - одамлар устидаги устма-уст етти қават том бўлиб турган осмонларни қандай яратганини зикр қилади. Дарвоқеъ, барча оламларнинг Парвардигори кўп оятларида мазкур ҳодисани ёнма-ён зикр қилади: “Шак-шубҳасиз, осмонлар ва Ерни яратиш инсонларни яратишдан каттароқ (иш)дир. Лекин кўп одамлар билмайдилар. (Ғофир сураси, 57-оят).
Кофирларга Осмонлар ва Ерни ким яратган?», дейилса: «Оллоҳ», дейдилар-у, аммо «Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида барча инсонни қайта тирилтиради», дейилса, ишонмайдилар. Мазкур ояти карима ана ўшаларга бе-рилган танбеҳдир.
Мана бу оятлар ҳам осмонлар, Ер ва уларнинг ўртасидаги бор жонли-жонсиз махлуқотнинг Танҳо Эгаси нақадар Буюк Қудрат Соҳиби эканлигига ҳамда У Зот Ўз халқининг аҳволидан ҳеч қачон ғофил бўлмасдан, кеча-ю кундуз уларнинг тадбирини кўриб, идора қилиб туришига далолат қиладиган Илоҳий Ҳужжатлардир: “Оллоҳ етти осмонни қандай устма-уст қилиб яратганини ва ойни улардаги нур-ёруғлик қилиб, қуёшни эса (нур сочгувчи) чироқ қилиб қўйганини кўрмадингларми?!” (Нуҳ сураси, 15-16-оятлар). “Оллоҳ етти осмонни ва Ердан ҳам ўшаларнинг мислини (яъни, етти қават Ерни) яратган Зотдир. (Оллоҳнинг) Амри Фармони уларнинг (яъни, етти қават осмон ва етти қават Ернинг) ўртасига нозил бўлиб-тарқалиб турур. Токи сизлар Оллоҳнинг барча нарсага Қодир эканлигини ва Оллоҳ барча нарсани (Ўз) Билими билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учун (У Зот сизларга юқорида зикр қилинган нарсалар ҳақида хабар берди)”. (Талоқ сураси, 12-оят). “У осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз Аршига ўрнашган Зотдир. У Ерга кирадиган (ёмғир-қор суви, хазина-ю дафина ва жасадлар каби) нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган (ўт-ўлан, наботот ва булоқ сувлари каби) нарсаларни ҳам, самодан тушадиган (ризқу насиба, хайру барака каби) нарсаларни ҳам, унга (самога) кўтариладиган (яъни, амал ва дуо-илтижо каби) нарсаларни ҳам билур. Сизлар қаерда бўлсангизлар У сизлар билан биргадир. Оллоҳ қилаётган амалларингизни Кўриб тургувчидир”. (Ҳадид сураси, 4-оят).

18. Ва Биз осмондан (аниқ) ўлчов билан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, уни Ерга жойлаштириб қўйдик. Шак-шубҳасиз, Биз уни кетказишга ҳам Қодирдирмиз.
Юқорида осмонлар зикр қилингач, энди ўша осмонлардан Оллоҳтаоло Ердагилар учун ризқу рўз бўлсин деб ёғдирадиган улуғ неъмат - сув ҳақида сўз боради. Ҳақ таоло самодан сув тушириши бандалар учун бир неъмат бўлса, ўша сувни аниқўлчов билан, оз ҳам, кўп ҳам эмас, балки Ердаги жамийки махлуқотнинг эҳтиёжи қанча бўлса, ана ўша микдорда тушириши яна алоҳида бир неъмат эканлигини эслатади ва бандалар фақат осмондан ёмғир-қор ёғадиган кунларда эмас, балки ёғин-сочин бўлмайдиган мавсумларда ҳам ичиб, мол-ҳолларини ва экинтикинларини суғориб фойдаланишлари учун осмондан тушган сувнинг маълум миқдорини сақлаб - кўллар, дарёлар, булоқлар қилиб Ерга жойлаштириб қўйишини таъкидлаб, ояти карима сўнгида У Зот агар хоҳласа, ўша, жамийки махлуқот учун ҳаёт манбайи бўлган сувни кетказишга, ер тубига сингдириб йўқ қилиб юборишга ҳам, албатта, Қодир эканлигини айтиб огоҳлантиради.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам такрор-такрор таъкидланади: “(Сизларнинг ризқу рўзингиз бўлмиш) ҳар бир нарсанинг хазиналари - манбалари Бизнинг даргоҳимиздадир. Биз у нарсаларни фақат маълум ўлчов билан (сизларга) тушириб турурмиз”. (Ҳижр сураси, 21-оят)
“Тафсири Қуртубий”да “хазиналар”дан мурод, осмондан вақти-вақти билан ёғадиган ёмғирдир, чунки Ердаги инсонларга ризқ бўладиган барча нарса ёмғир билан кўкаради. Ана ўша ёмғирни Оллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган вақтида, Ўзи хоҳлаган жойга, Ўзи белгилаган миқдорда бандаларига ризқ-рўз қилиб ёғдиради, дейилади.
(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, у мушрикларга) айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар (баногоҳ ичар) сувларингиз (Ер тубига) сингиб кетар бўлса, у ҳолда (Оллоҳдан ўзга) ким сизларга оқар сув келтира олур?! (Жонсиз бутларингизми?! Бас, нега у бефойда-бежон бутларни Меҳрибон Оллоҳга шерик қилиб олдингизлар?!)» (Мулк сураси, 30-оят).

19.    Сўнг Биз сизлар учун у (сув) билан хурмо, узум боғларини пайдо қилдик. Сизлар учун у (боғларда) яна кўп мевалар бўлур ва сизлар улардан ейсизлар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло осмондан ёғдириб Ерга жойлаштириб қўйган оби ҳаёт инсонлар ва бошқа жонзотлар учун ташналикларини қондирадиган ичимлик бўлишидан ташқари яна улар еб роҳатланадиган анвойи мева-чевалар билан тўла боғроғларнинг униб-ўсишига ҳам сабаб бўлиши эслатилади. Уламоларнинг айтишича, ояти каримада мевалардан хурмо ва узум алоҳида зикр қилинишига сабаб, бу иккиси инсонлар учун ҳам таом, ҳам ширинлик, ҳам дармондори бўлиш жиҳатидан энг фойдали мевалардир. Улар пишиб етилган ҳолида ҳам, узиб қуритилган ҳолида ҳам баробар манфаатли бўлгани учун Каломуллоҳнинг бир неча оятларида алоҳида зикр қилиниш билан шарафланади.

20.    Яна (Биз сизлар учун) Тури Сайно (тоғи)дан чиқадиган бир дарахтни ҳам (яратдикки), у ўзидан мой ундирур ва егувчилар учун нон хуруш бўлур.
Мазкур дарахт зайтун дарахтидир. Оятдаги “Тури Сайно”, (Ваттийн сурасида “Тури сийнийн” шаклида келади) иборасининг луғавий маъноси ҳақида муфассирлардан турли шарҳлар қолган: Мужоҳид: “Сайно ва сийнийн калималари тоғ маъносини англатадиган Тур калимасининг сифатлари бўлиб, муборак - баракотли деган мазмундадир. Демак, “Тури Сайно” баракотли тоғ деганидир”, деб тафсир қилади. Қатода эса: “Сайно” - гўзал деган маънодадир, демак, “Тури Сайно” гўзал тоғ деганидир”, дейди. Ибн Жарир Табарий бўлса, ўзининг “Жомиул-баён” номли муфассал ва мўътабар тафсирида мазкур тоғнинг не сабабдан баракотли, гўзал тоғ деб сифатланганига ойдинлик киритиб: “Ана ўша тоғ устидан Оллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга нидо қилиб бевосита сўзлашгани шарофатидан у муборак ва гўзал тоғ номини олди”, дейди. (“Тафсири Бағавий”дан). Мазкур тоғ муқаддас Шом заминида жойлашган бўлиб, Ҳақтаоло муборак зайтун дарахтини - егувчилар учун ҳам мева, ҳам мойли таом, ҳам ёқимли ва шифобахш нонхуруш - қайла бўлган ушбу баракотли дарахтни дастлаб ўша тоғ тошлари орасидан чиқарганини эслатади.

21.    Дарвоқеъ, сизлар учун чорва ҳайвонларида ҳам ибрат бордир: Биз сизларни уларнинг қорнидаги нарса - сут билан суғорурмиз, яна сизлар учун уларда (юнгларидан кийимлар тўқиш, миниш каби) кўп манфаатлар бордир, (шунингдек) улар(нинг гўшт-ёғлари)дан ейсизлар.
Ушбу ояти кариманинг энг гўзал тафсири мана бу оятдир: “Дарвоқеъ, сизлар учун чорва ҳайвонларида ҳам ибрат бордир: Биз сизларни уларнинг қоринларидаги нарса - ахлат ва қоннинг ўртасидан (чиққан, аммо на ахлат таъми ва на қон ранги аралашмаган) тоза, ичувчилар учун ўтимли сут билан суғорурмиз”. (Наҳл сураси, 66-оят).
Яъни, эй инсонлар, Оллоҳ таолонинг бандаларига бениҳоя Меҳрибон Танҳо Холиқ эканини ва Илоҳий Кудратини очиқ-ойдин кўрсатиб турадиган ибратли ҳодисалардан яна бири - У Зот сизларни туя, мол, кўй ва эчки каби чорва ҳайвонларининг қоринларидан, у жойда тўпланиб ҳазм бўлаятган емиш ва ундан ҳосил бўлган қоннингўртасидан чиқадиган, аммо ўзи оппоқ, топ-тоза, заррача қон ранги ва ахлат хиди аралашмаган, ичадиган киши учун ўта ўтимли бўлган сут деган неъмат билан сероб қилиб кўйганидир.
Дарҳақиқат, инсонлар учун ҳам ўта ёқимли ва тўйимли таом, ҳам ташналикни қондирадиган жуда мулойим ичимлик бўлган сут деган неъматнинг қандай қилиб чорва ҳайвонлари елинида ҳосил бўлиб қолишини ибрат назари билан кузатган киши Яратганнинг Қудратига тасаннолар айтиши шубҳасиздир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Ҳайвон еган ем ва ўт-ўлан унинг қорнига жойлашиб, майдаланиб ҳазм бўлар экан, учта бир-бирига тамоман зид бўлган ва ўрталарини ўта нозик парда билан ажратиб кўйилган моддага айланиб, юқорида қон, ўртада сут, пастда эса ахлат ҳосил бўлади. Шундан кейин жигар Оллоҳ таоло белгилаб қўйган аниқ ўлчов билан қонни томирларга, сутни елинга тақсимлаб беради ва қоринда фақат ахлат қолиб, кейин ташқарига чиқиб кетади”. (“Тафсири Бағавий”дан).
Албатта, ҳар бир ақлли инсон - агар у чиндан ҳам ақлли бўлса - ушбу жараён ҳақида тафаккур қилар экан, дарҳол ўта нозик ва мураккаб бўлган бу тақсимот ҳеч қачон ўз-ўзидан рўй бермаслиги ёки ақлсиз жонивор-нинг ўзи қорнига тушган ўт-ўланни турли моддаларга айлантириб, сўнгра бундай ҳикмат билан тақсимлаши асло мумкин эмаслигини англайди ва бу Ёлғиз Яратганнинг Қўлидан келадиган иш эканига иймон келтириб, бу неъматлар Эгаси бўлмиш Ҳақ таолога тасбеҳ ва ҳамд айтади.
Ояти каримада Жаноби Ҳақ сут, уни ичадиган катта-ю кичик барча кишилар учун томоқдан жуда силлиқ ўтадиган - ўтимли ичимлик эка-нини таъкидлади ва бу айни ҳақиқатдир. Айтишларича, инсон томоғидан ўтадиган ҳар қандай таом ва ичимлиқцан тиқилиб қолиши мумкин, фақат сутгина ҳеч кимнинг томоғида тиқилиб қолмас экан. Бу ҳеч исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир. Дунёга келганига саноқли соатлар бўлган ҳар бир чақалоқнинг ҳали бирон нарса ўтмаган томоғидан фақат сут - она сути ҳеч тиқилмасдан ўтиши ҳақида фикр қилган ҳар бир сут эмган банда бу сўзнинг ҳақлигини тан олади.
Сут бандаларга ато этилган энг улуғ неъматлардан эканлиги ҳадиси шарифда ҳам эслатилади:
Абу Довуд, Термизий, Насоий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга сут келтирилган эди, ичдилар ва: “Қачон сизлардан бировингиз бирон таом еса: “Оллоҳим, Ўзинг ушбу таомни биз учун муборак-баракотли қилгин ва бизни бундан ҳам яхшироғи билан таомлантиргин”, десин. Аммо қачон бировингизга сут бериладиган бўлса, уни ичганидан сўнг: “Оллоҳим, Ўзинг ушбуни биз учун муборак қилгин ва бизга ундан яна зиёда қилгин”, деб дуо қилсин. Зотан, сутдан бошқа бирон нарса ҳам таомни, ҳам ичимликни ўрнини боса олмайди”, деб марҳамат қилдилар”.
Уламолар айтадилар: “Қандай ҳам ундоқ бўлмасин. Ахир сут инсон баданига кирадиган энг биринчи озуқаку. Чақалоқнинг танаси у туғилганидан бошлаб ойлар давомида фақат она сути билан униб-ўсадику. Шунингдек, сут инсон баданидаги ҳар бир аъзо учун керакли бўлган мутлақо зиёнсиз таомдир. Оллоҳ таоло сутни Жаброил алайҳис-салом учун ушбу умматнинг Тўғри Йўлда барқарор бўладиган энг яхши уммат эканлигига бир аломат қилиб қўйди: Саҳиҳ ҳадисда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Жаброил менинг олдимга бир идишда шароб ва яна бир идишда сут олиб келган эди, мен сутни танладим. Шунда Жаброил менга: “Фитратни - Ҳақ Йўлни танладингиз. Агар шаробни тан-лаганингизда умматингиз “(илгари ўтган умматлар каби) Тўғри Йўлдан озган бўлар эдилар”, деди”.
Қолаверса, юқоридаги ҳадиси шарифда айтилганидек, сутни зиёда қилишини сўраб Оллоҳ таолога дуо қилиш У Зотдан тўкин-сочинлик ва хайр-барака сўраш демакдир. Демак, сут тўласича муборак бир неъматдир”. (“Тафсири Куртубий”дан).
“...яна сизлар учун уларда кўп манфаатлар бордир, (шунингдек), улар(нинг гўшт-ёғлари)дан ейсизлар”.
Дарҳақиқат, анъом - туя, мол, қўй ва эчкилар, агар уларга ибрат назари билан боқсак, тўласича фақат инсон манфаати учун яратилганига гувоҳ бўламиз. Уларнинг гўшт-ёғ ва сути инсонлар учун тўйимли таом, тери, юнг ва тивити совуқдан асрагувчи иссиқ либос, жунидан тайёрланган кигиз палос ва ўтов-бошпана бўлгани каби, агар уларни боқиб-кўпайти-риладиган бўлса туганмас бойлик, қўшга қўшилса, миниладиган бўлса ёки юк ортилса чидамли ва беминнат дастёр, ҳатто уларнинг чиқиндилари ҳам ерни серҳосил қиладиган фойдали ўғитдир.

22. Яна (қуруқлиқца) уларнинг устида ва (дарё-денгизларда эса) кемаларда юк ташийсизлар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло чорва молларидан хусусан туянинг инсонлар учун қиладиган ўга фойдали ва беминнат хизматларидан бирини эслатиб, бу ҳам Парвардигорнинг бандаларга бениҳоя Меҳрибон ва Марҳаматли Зот эканини кўрсатадиган яна бир очиқ ҳужжат эканини таъкидлайди.
Агар эътибор қилинса, дарё-денгизларда кема қандай хизматни бажарса, саҳро кемаси деб номланадиган туя ҳам қуруқликда худди ўша ишни қилиш учун яратилгандек.
Дарҳақиқат, саҳро аҳли учун туя ҳам алоқа воситаси, ҳам оғир юкларни ташувчи ва оғир вазифаларни бажарувчи хизматкор; унинг юнги кийим бўлса, сути тўйимли ва суюмли таом. У ўзи баҳайбат ва ниҳоят даражада бақувват бўлишига қарамасдан ёш гўдак етакласа ҳам бўйсуниб кетаверади. Унга миниш ёки вазмин юкларни ортиш ўта қулай: бир ишора билан олдингизга чўкиб, гўё бир харсанг тошдек қилт этмасдан туради, миниб олгач эса яна бир ишора билан у «харсанг тош» ўрнидан кўчиб, исталган тарафга равона бўлади. Булар туянинг ташқаридан кузатилган пайтда кўзга ташланадиган жиҳатларидир. Энди унинг вужудига ибрат назари билан қаралса, у ойлаб овқатсиз, сувсиз юра олишидан тортиб, баданидаги ҳар бир аъзо нақадар саҳрога мослаб яратилганини кўриб Яратганнинг Қудратига лол қолмай илож йўқ.

23. Қасамки, Биз Нуҳни ўз қавмига элчи қилиб юбордик. Бас, у: «Эй қавмим, Оллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Ахир қўрқмайсизларми», деди.
Ҳақ таоло Одам алайҳис-саломдан кейин одамзотнинг иккинчи отаси ҳисобланмиш Нуҳни танлаб, уни Ўзининг Ерда яшайдиган инсонларга юборган биринчи элчиси қилиб сайлади. Нуҳ алайҳис-салом Оллоҳ элчиларининг шайхи - оқсоқолидир. Қачонки одамлар бутларга сиғиниб, Нуҳнинг даъватига қулоқ солишмагач, Оллоҳтаоло унинг учун интиқом олди - уларнингустига тўфон балосини юбориб барчаларини ғарқ қилиб юборди, фақат Нуҳга ва унинг тобелари бўлган мўминларга буюк бир кемада нажот берди. Нуҳнинг зурриётидан жуда кўп пайғамбарлар ва элчилар дунёга келди. Нуҳ алайҳис-салом Одам алайҳис-саломдан кейин Ер аҳлига юборилган биринчи элчидир. У илк марта инсонларга қизлари, опа-сингиллари, амма холалари ва бошқа қариндошлари маҳрам эканликла-рини, яъни, уларга уйланиб бўлмаслигини етказган элчидир.
Нуҳ алайҳис-салом пайғамбарлар ичида энг узун умр кўрган инсондир. Нуҳ ҳаётининг ўзи бир мўъжиза эди. Чунки у оз эмас, кўп эмас минг йил умр кўрганига қарамасдан бирон тиши тушмаган, соч-соқолининг бирон толаси оқармаган, қувватдан қолмаган ва бошқа бирон пайғамбар у зот каби минг йил давомида неча-неча авлоддан ташкил топган қавм-нинг озорларига сабр қилмаган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Нуҳ алайҳис-салом қирқ ёшга чиққанида ўз қавмига пайғамбар қилиб юборилган. Нуҳ деб номланишининг сабаби у зот ўз ишига надомат қилиб кўп навҳа тортиб - фарёд қилиб йиғлар экан. Нуҳни йиғлатган иш қандай иш эди, деган саволга уламолар турлича жавоб қилганлар. Айримлари Оллоҳ таолога ўз қавмини ҳалок қилишини сўраб дуо қилгани учун, десалар, айрим уламолар Оллоҳ таолодан ўзининг осий ўғли Канъонга нажот беришини сўраб дуо қилгани учун дейдилар. Яна бошқалари эса бир ибратли воқеани ривоят қилишиб: Нуҳ бир мохов дардига йўлиқиб баданлари ириб кетган итнинг олдидан ўтиб қолиб, ундан жирканганидан: “Йўқол, эй тасқара”, деб ҳақорат қилган эди, шу онда Оллоҳ таоло унга ваҳий юбориб: “Сен итни ҳақорат қилдингми ёки уни шу кўйга солган Меними?”, деди. Яратганнинг бу танбеҳидан кейин Нуҳ йиғидан тўхтамади, дейдилар.
Ана ўша буюк зотни - одамзотнинг Одам алайҳис-саломдан кейинги иккинчи отаси саналмиш Нуҳ алайҳис-саломни Ҳақ таоло Ўзининг элчиси қилиб сайлагач, у бутларга сиғинадиган мушрик қавмига қараб: “Эй қавмим, сизлар бу жонсиз бутларга эмас, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилинглар! Чунки сизлар ибодат қилиб сиғинишингиз дуруст бўлган Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таолонинг Ўзидир. Агар сизлар менинг бу даъватимга итоат этмай ширкингизда оёқ тираб туриб олсангизлар, у ҳолда мен сизларнинг Буюк Кун (яъни, Қиёмат Кунининг) азобига гирифтор бўлишингиздан қўрқаман”, деди. Аммо улар ўзларига Оллоҳ таоло томонидан юборилган элчининг сўзига ишонмадилар.

24-25. Бас, унинг қавмидан кофир бўлган кимсалар: «Бу ҳам худди сизларга ўхшаган (оддий) одам. (Фақат) сизлардан устун бўлиб олмоқчи. Агар Оллоҳ (элчи юборишни) хоҳласа эди, фаришталарни туширган бўлур эди. Бизлар бу (Нуҳ айтаётган «Оллоҳ Якка-Ягонадир», деган сўз)ни аввал ўтган ота-боболаримиздан эшитган эмасмиз. Аниқки, у (яъни, Нуҳ) жин теккан бир кимсадир. Бас, унга бир (оз) вақтгача кўз тутинглар», дедилар.
Яъни, у динсиз қавмнинг катталари, эл устида юрадиган бой-бадавлат кишилари Нуҳ алайҳис-саломнинг сўзини инкор қилдилар, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишни адашиш деб, Нуҳ ва унга иймон келтирган оз сонли мўминларни эса ёлғончилар деб баҳоладилар. Чунки улар ўзлари сиғинадиган бутлари Оллоҳ таоло олдида уларни шафоат қилади, гуноҳларини Оллоҳдан сўраб беради деб эътиқод қилар эдилар. Шунингучун Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилиш кераклигини айтган Нуҳ алайҳис-саломни тамоман адашиб, нотўғри йўлга чақиряпти деб гумон қилдилар. Қавмнинг катталари Ҳақ Йўлга юрмагач, қолганлари ҳам уларга эргашиб мушрик ҳолларида қолдилар.
У адашган қавм ўзларича Нуҳ пайғамбарга иккита “айб” қўйдилар. Биринчиси, уларнинг наздида Нуҳ ҳам бошқа одамлар каби бир одам бўлгани сабабли Оллоҳнинг элчиси бўлиши мумкин эмас эмиш. У жоҳил қавм наздида Нуҳнинг иккинчи “айби” унга фақатгина қавмдаги фақир-мискин кишилар эргашгани экан. Дарҳақиқат, залолат аҳлининг ишлари жуда кулгилидир: Улар инсонлар орасида пайғамбар чиқишини инкор қиладилар-у, ўзлари оддий тош ёки ёғочни олдиларига қўйиб олиб “Мана шу бизнинг илоҳимиз бўлади”, деб ўша тошга қараб чўқинаверадилар! Нуҳ алайҳис-саломнинг қавми ҳам худди ана ўшандай тил уқмас жоҳил кимсалар эдилар. Уларнинг наздида Нуҳ фақат қавмидан устун бўлиб олишни ва ҳамма унга эргашишни истагани учунгина ўзини Оллоҳнинг элчиси деб даъво қилаётгандек эди. Улар фақат фаришталаргина Оллоҳнинг элчиси бўлиши мумкин деб ўйлардилар. Шунинг учун Нуҳни бир ақлдан озган кимса деб айблашди ва бир-бирларига: “Бир муддат кутинглар, агар ўзига келмайдиган ва мен Оллоҳнинг элчисиман деган сўзидан қайтмайдиган бўлса, уни ўлдириб қутуласизлар”, дейишди.

26. (Ана ўшанда Нуҳ) айтди: «Парвардигорим, улар мени ёлғончи қилганлари сабабли Ўзинг менга ёрдам қилгин (ва уларни ҳалок қилгин)».
Яъни, мушрик қавмнинг бу сўзларидан кейин, уларнинг иймон келтиришларидан бутунлай умиди узилган Нуҳ алайҳис-салом Ҳақ таолога илтижо қилиб: “Роббим, бу қавм ота-боболаридан тортиб барчалари мени ёлғончи қилиб келадилар. Уларнинг орасидаги саноқли одамлардан бош-қа ҳеч ким мен Сенинг элчинг эканлигимга иймон келтиргани йўқ. Мен бу кофир қавм олдида ёлғизланиб қолдим, Ўзинг менга ёрдам қилиб, у мушрикларга азобингни юборгин”, деди. Бошқа бир ояти каримада хабар берилишича: “Шунда у Парвардигорига: “Мен (у кофир қавмдан) мағлубдирман. Ўзинг ёрдам қилгин”, деб дуо-илтижо қилган эди”. (Камар сураси, 10-оят). Яна бир оятда Нуҳ алайҳис-салом Парвардигордан сўраган ёрдам нимадан иборат экани баён қилинади: “Нуҳ айтди: «Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин. Чунки Сен агар уларни (Ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимса-лар)ни туғиб-кўпайтирурлар”. (Нуҳ сураси, 26-27-оятлар).

27. Бас, Биз унга ваҳий қилдик - (Эй Нуҳ), Бизнинг кўз ўнгимизда (яъни, ҳифзу-ҳимоямизда) ва Бизнинг ваҳий-таълимимиз билан бир кема ясагин! Бас, қачон Бизнинг Фармонимиз келиб, таннурдан (олов ўрнига) фавворалар отилган вақтида у кемага ҳар (жонивордан) бир жуфтдан ва аҳли-оилангни солгин. Лекин (кофирлардан) қайси кимсалар устида Бизнинг Сўзимиз (яъни, сувга ғарқ бўлиши ҳақидаги Ҳукмимиз) ўтган бўлса (уларни тарк қилгин) ҳамда у золим кимсалар ҳақида (яъни, уларга нажот беришимни сўраб) Менга хитоб-илтижо қилмагин. Улар шак-шубҳасиз, ғарқ қилингувчидирлар.
Эсласак, олис мозийда бўлиб ўтган, кишилик тарихида чинакам олам-шумул воқеа бўлиб қолган мазкур ҳодиса ҳақида Ҳуд сурасида ҳам хабар берилган эди: “Нуҳга ваҳий қилиндики: «Қавмингдан фақат (аввалда) иймон келтирган кишилардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмайди. Бас, сен уларнинг (яъни, ҳануз иймон келтирмаган кимсаларнинг) қилмишларидан қайғурмагин ва Бизнинг кўз ўнгимизда (яъни, ҳифзи-ҳимоямизда) ва Бизнинг ваҳий - таълимимиз билан бир кема ясагин ва энди золим кимсалар ҳақида (яъни, уларга нажот беришимни сўраб) Менга хитоб-илтижо қилмагин. Улар шак-шубҳасиз, ғарқ қилингувчидирлар». (Ҳуд сураси, 36-37-оятлар).
Ушбу оятлар тафсирида “Маолимут-танзил” китобида Заҳҳок Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилишича, Нуҳ алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг Амри билан ўз қавмини Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга даъват қилар экан, улар бу даъватни қабул қилиш ўрнига Нуҳни то бехуш бўлиб йиқилгунича уриб хароба уй ичига ташлаб юборар эдилар ва ўзларича энди Нуҳ ўлди деб хотиржам бўлганларида эртаси куни у ташланган жойидан чиқиб яна уларни Оллоҳ азза ва жалла буюрган Ҳақ Йўлга даъват қилаверар эди.
Ривоят қилинишича, у кофир қавмдан бўлган бир кекса чол ёш боласини етаклаб олиб, асосига суянганича келдида, Нуҳни кўрсатиб: “Эй ўғилчам, яна сени мана бу ақлдан озган чол алдаб қўймасин”, деди. Шунда боласи унга: “Эй ота, асойингни менга бериб тургин”, деди ва асони отасидан олиб у билан Нуҳни шу қадар қаттиқ урдики, унинг зарбидан Нуҳнинг боши ёрилиб қон оқа бошлади. Бас, мана шунда Оллоҳ азза ва жалла унга: “Эй Нуҳ, қавмингдан фақат (аввалда) иймон келтирган кишилардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмайди. Бас, сен уларнинг (яъни, ҳануз иймон келтирмаган кимсаларнинг) қилмишларидан қайғурмагин, албатта Мен уларни ҳалок қилиб, сени уларнинг қўлларидан халос қилурман”, деб ваҳий юборди. Ана ўшанда Нуҳ алайҳис-са-лом: “Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин”, (Нуҳ сураси, 26-оят). деб дуо қилади.
“Тарихи Табарий” китобида Муҳаммад ибн Исҳоқ Убайд ибн Умайр Лайсийдан ҳикоя қилиб айтади: “Улар (яъни, Нуҳ алайҳис-саломнинг қавми) уни қийнаб, то ҳушидан кетгунича бўғишар, аммо у ўзига келиши билан: “Парвардигорим, қавмимни мағфират қилгин, улар билмаганлари учун шундай қилмоқдалар”, деб дуо қилар эди. Шу тарзда йиллар, ҳатто асрлар ўтди, аммо у кофир қавм Нуҳга иймон келтириш ўрнига унга етказган бало-мусибатлари қаттиқлаша борди. Нуҳ эса бу авлод ўтса кейинги авлод ўнгланиб қолар деб интизор бўлиб кутар эди, лекин кейинги асрда аввалги асрдан ҳам иймонсизроқ авлод келар эди. Ҳатто кейинги келганлар бир-бирларига Нуҳ алайҳис-саломни кўрсатиб: “Мана бу жинни чол оталаримиз ва боболаримиз замонида ҳам бор эди”, дейишар, унинг бирон сўзини қабул қилишмас эди. Шунда Нуҳ Оллоҳ таолога арз қилиб: “Парвардигорим, албатта мен қавмимни кеча-ю кундуз (Ёлғиз Ўзингга ибодат қилишга) даъват этдим. (Аммо) менинг даъватим уларга фақат (Ҳақ Йўлдан) қочишни зиёда қилди, холос”, деди ва дуо-илтижоси ниҳоясида: “Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин”, деди.
(Нуҳ алайҳис-саломнинг Парвардигорга қилган дуо-илтижолари батафсил ҳолатда Нуҳ сурасида баён қилинган).
Бас, шунда Оллоҳ таоло унга: “Бизнинг кўз ўнгимизда ва Бизнинг ваҳий - таълимимиз билан бир кема ясагин ва энди золим кимсалар ҳақида Менга хитоб-илтижо қилмагин. Улар шак-шубҳасиз, ғарқ қилингувчидирлар”, деб ваҳий юборди”.
Яъни, Ҳақ таоло Нуҳ алайҳис-саломга нажот кемасини ясашни буюрди ва бу ишда унга Ўзи таважжуҳ қилиб, таълим беришини айтди.
Ибн Жарир Табарий ривоят қилишича, Жаброил алайҳис-салом Нуҳнинг олдига тушди ва: “Роббинг Оллоҳ азза ва жалла сенга кема ясашингни буюради”, деди. Нуҳ: “Мен дурадгор бўлмасам кемани қандай ясай-ман?” деган эди, у айтди: “Роббинг: “Сен кемани ясайвергин, чунки сен Менинг кўз ўнгимдасан (яъни, Мен Ўзим сенга боқиб, ваҳий орқали таълим бериб тураман)”, демоқда”. Шундан кейин Нуҳ қўлига тешани олдида, ҳеч хато қилмай Оллоҳ таоло буюрган кемани ясай бошлади.
Ояти каримадаги: “Золим кимсалар ҳақида Менга хитоб-илтижо қилмагин! Улар шак-шубҳасиз ғарқ қилингувчидирлар” жумлаларини муфассирлар: “Энди Мендан кофирларга муҳлат беришимни, яъни, уларни ҳалок қилмаслигимни сўрамагин, чунки Мен уларни тўфон балоси билан ғарқ қилиб юборишни ҳукм қилдим”, деб тафсир қиладилар. Айрим уламолар эса бу жумлаларнинг мазмуни: “Эй Нуҳ, сен Мендан ўғлинг Канъон ва хотининг Воилага нажот беришимни сўрамагин! Албатта у иккиси ҳам кофир қавм билан бирга ҳалок бўлгувчидир”, деб тафсир қилганлар.
“У кемани ясар экан, қачон олдидан ўз қавмидан бўлган (кофир) кимсалар ўтсалар, уни масхара қилиб кулдилар. У деди: «Агар (бу-гун) сизлар бизнинг устимиздан кулсангизлар, бас, яқинда худди сизлар кулганингиз каби биз ҳам сизлар(нинг устингиз)дан кулур-миз”. (Худ сураси, 38-оят).
Қачонки Оллоҳ таоло мазкур кемани қуришни буюргач, Нуҳ алайҳис-салом яқин атрофида дарё-денгиз бўлмаган бир қуруқлиқца ёғоч-темирларни тўплаб-йиғиб жуда катта бир кемани ясай бошлади. Шунда қурилиш ишлари билан машғул бўлиб бир оз чалғиган Нуҳнинг олдига қавми келиб, унинг устидан кула бошладилар. Улар: “Эй Нуҳ, нима қуряпсан?” дейишган эди, у: “Сувда юрадиган уй қуряпман”, деб жавоб қилди. улар Нуҳнинг сўзидан ҳайрон бўлишиб, кулишиб: “Эй Нуҳ, энди пайғамбарлигингни қўйиб дурадгор бўлиб олибсан-да”, деб уни масхара қилдилар. Аммо Нуҳ алайҳис-салом у кофир қавмнинг озорларига парво қилмай: “Агар сизлар бугун бизнинг қилаётган бу ишимиздан кулаётган бўлсангизлар, эртага сизлар сувга ғарқ бўлаётганингизда биз ҳам куладиган вақт келади”, деб ўз ишини қилаверди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Нуҳ кемани икки йилда қуриб битирди. Кеманинг узунлиги уч юз газ (қўлнинг елкадан бармоқ учигача бўлган узунлиги бир газдир, етмиш сантиметр атрофида). Эни эллик газ, баландлиги эса ўттиз газ бўлди. Кема уч қаватли бўлиб, Нуҳ унинг пастки қаватига йиртқич ҳайвонларни ва ҳашаротларни жойлаштирди, ўрта қаватига судралиб юргувчи ва чорва ҳайвонларини жойлаб, юқори қаватда ўзи ва у билан бирга бўлган мўминлар керакли нарсалари билан жойлашдилар”.
Каъбул-аҳбор розияллоҳу анҳудан Нуҳ кемани ўттиз йилда қуриб битирди, деган ривоят ҳам бор.
Шунингдек, кема ҳажми ҳақида ҳам турли ривоятлар келган. Ҳасани Басрий розияллоҳу анҳу: “Кеманинг узунлиги бир минг икки юз газ. Эни олти юз газ эди”, дейди. Лекин Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган аввалги сўз аниқроқдир. (“Тафсири Бағавийдан”).
“Руҳул-маъоний” тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Оллоҳ таоло Нуҳга кема ясашни буюрганида у: “Ё Роббим, кема нима?”, деб сўради. Оллоҳ таоло: “Сув юзида сузадиган уй”, деб жавоб қилган эди, у: “Сув қани (яъни. Сув йўқку)?”, деди. Шунда Ҳақ таоло: “Мен хоҳлаган ишимни қилишга Қодирман”, деди.
“Бас, яқинда кимга хор-у расво қилгувчи азоб келишини ва (кимнинг) устига мангу азоб тушишини билиб олажаксиз» (Худ сураси, 39-оят).
Ушбу ояти каримада ҳам Нуҳ алайҳис-саломнинг қавмига айтган сўзлари зикр қилинади. У устидан кулаётган кофир қавмга қараб: “Яқинда устингизга тўфон балоси келиб, биронтангиз қолмасдан ғарқ бўлиб кетаётганингизда ким хору расво қилгувчи азобга гирифтор бўлишини, яъни, сизлар бугун нажот кемасини ясаётган кишиларнинг устидан масхара қилиб кулаётган кимсалар у кунда сув остида қолиб ҳалок бўлишин-гизни, Охиратда эса, устингизга мангу азоб тушиб, жаҳаннам ўтида абадий ёнишингизни билиб оласизлар”, деди.
“Энди қачон (кофирларни ҳалок қилиш ҳақида) Бизнинг Фармони-миз келиб, таннурдан (олов ўрнига) фавворалар отилган вақтда, (Нуҳга) дедик: «(Кемага) ҳар (жонивордан бир) жуфтдан ва аҳли оилангни чиқаргин. Лекин қайси кимсалар хусусида Бизнинг Сўзимиз (яъни, ғарқ бўлиш ҳақидаги Ҳукмимиз) ўтган бўлса, (уларни тарк қилгин. Булар барча кофирлар ва Нуҳ пайғамбарнинг хотини Воила билан ўғли Канъон эди). Яна иймон келтирган кишиларнинг барчасини (кемага чиқаргин)!» (Нуҳ) билан бирга (Ёлғиз Оллоҳга) иймон келтирган кишилар жуда оз эдилар”. (Ҳуд сураси, 40-оят).
Уламолар ояти каримадаги “таннур” сўзини икки хил тафсир қилганлар. Икрима ва Заҳрий: “Таннурдан мурод Ер юзи, унинг отилиши эса Ер ёрилиб, ҳар тарафидан сув-чашмалар отилиб чиқишидир”, дейдилар ва сўзларига мана бу оятларни далил қилиб келтирадилар: “Биз осмон дарвозаларини (тинимсиз) қуйилгувчи сув - сел билан очиб юбордик. Ва ерни ҳам ёриб чашмалар чиқариб юбордик. Бас, (осмон ва Ернинг) суви тақдир қилиб қўйилган бир иш (яъни, кофирларни ғарқ қилиб юбориш) устида учрашдилар!” (Қамар сураси, 11-12-оятлар).
Ҳасани Басрий, Мужоҳид ва Шаъбий эса: “Таннур нон ёпиладиган тандирдир”, дейдилар. Аксари муфассирлар мана шу тафсирни олганлар.
Атийя Ибн Аббос розияллоху анхумодан ривоят қилишича, ояти каримада сўз тошдан ясалган бир тандир ҳақида боради. У тандирда Ҳавво онамиз нон ёпар эди. Кейин у Нуҳ алайҳис-саломга қолди. Бас, Нуҳга: “Қачон мана шу тандир оғзидан олов ўрнига сув отилиб чиқса, дарҳол ўзинг ва асҳобинг кемага мининглар”, деб буюрилди. Яъни, тандирдан сув отилиб чиқиши Оллоҳ таоло Нуҳ алайҳис-саломга билдирган Тўфон балосининг вақти келганига белги қилинди.
Ҳақ таоло Нуҳга жамийки жонзотдан бир жуфтдан, яъни, бир эркак ва бир урғочисини, шунингдек, ўз оиласидан фарзандларини хотинлари билан бирга ва ким Нуҳни Оллоҳнинг элчиси деб иймон келтирган бўлса, ана ўшаларнинг барчасини кемага олишни буюрди. Фақат кофир бўлганлари учун Оллоҳ таоло томонидан ҳалокатга ҳукм қилинган кимсаларни кемага чиқармаслик буюрилди. Не тонгки, ҳалок бўлгувчилар қаторида Нуҳ пайғамбарнинг аёли Воила ҳам бор эди. Бу хиёнаткор аёл ҳақида бошқа бир сурада шундай хабар берилади: “Оллоҳ кофир бўлган кимсалар (ва уларни мўминлар билан бирга ҳаёт кечиришлари ҳам Оллоҳнинг азобидан қутқара олмаслиги) ҳақида Нуҳнинг аёли ва Лутнинг аёлини мисол келтирди. У иккиси Бизнинг бандаларимиздан икки солиҳ банда қўл остида эдилар. Бас, у (аёл)лар (Нуҳ ва Лутга) хиёнат қилган эдилар, (Нуҳ ва Лут) Оллоҳ(нинг азоби)дан бирон нарсани у иккиси-дан дафъ қила олмадилар ва (уларга): «Киргувчилар билан бирга дўзахга киринглар!», дейилди.” (Таҳрим сураси, 10-оят).
Нуҳнинг бир фарзанди Канъон ҳам мўминлар қаторида кемага минмасдан ҳалок бўлди. Бу ҳақда кейинги оятларда баён қилинади.
Иймон келтириб Нуҳ пайғамбар билан бирга кемада нажот топган кишиларнинг саноғи жуда оз эди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Нуҳга ўз қавмидан фақат саксон киши иймон келтирди. Улардан учтаси Нуҳнингўғиллари Сом, Хом ва Ёфаз ҳамда учовларининг аёллари бўлиб, бу олтовлари ҳам ўша саксонта мўминнинг ичида эдилар. Қачонки тўфон босилиб, кема тўхтаб, ерга тушганларидан кейин улар бир қишлоқ бино қилдилар. У қишлоқ ҳозир ҳам Мавсил ноҳиясида мавжуд бўлиб, номи Саксон қишлоғидир”. (“Тафсири Куртубий”дан).
Имом Аҳмад ўз “Муснад” китобида Ваҳб ибн Мунаббиҳдан шундай ривоят қилади: “Қачонки Оллоҳ таоло Нуҳга барча жонзотлардан бир жуфтдан кемага чиқаришни буюрганида, у: “Шер билан молни, бўри билан қўйни, мушук билан каптарни қандай қилиб бир кемага чиқараман?”, деган эди Оллоҳ таоло: “Уларнинг ўртасига ким адоват солган?”, деб сўради. Нуҳ: “Сен Ўзинг ё Роббим”, деди. Шунда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло: “У ҳолда Мен Ўзим уларни улфат қилиб қўюрман”, деди. (“Ал-Муҳтатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).

28-29. Энди қачон ўзинг ва сен билан бирга бўлган кишилар кема устида жойлашиб олгач, айтгин: «Бизларни золим қавмдан қутқарган Оллоҳга ҳамд бўлсин». Ва айтгин: «Парвардигорим, мени бир муборак манзилга туширгин. Сен Ўзинг энг яхши (манзилларга) Туширгувчисан».
Ушбу икки оятда Ҳақ таоло Нуҳ алайҳис-саломга, у билан бирга нажот кемасига миниш насиб этган мўминларга ва уларнинг авлод-зурриётларидан то Қиёматга қадар дунёга келадиган жамийки мўмин-мусулмон бандаларига икки муҳим нарсани таълим беради: Биринчиси, улар ҳар қандай бало-мусибатдан, фалокат ва ҳалокатдан қутилган вақтларида шунингдек уловларига миниб, сафар-саёҳатларига йўл олишлари олдида албатта уларни бало-қазолардан соғ-омон чиқарган Оллоҳ таолога нажот бергани учун шукроналар айтишлари лозим эканлигини уқтиради, иккинчиси, улар кўзлаган манзилларига етиб келиб, уловларидан тушар эканлар, Парвардигорга илтижо қилиб, мана шу тушаётган жойларини муборак - баракотли жой қилишини ўша жойда турар эканлар, уларни Ўз ҳифзу ҳимоясида асрашини сўрашлари лозим эканлигини таълим беради. Агар эътибор қилсак, нафақат махсус ибодатларни адо қилиш чоғида, балки мўмин ҳаётининг ҳар бир жабҳасида, ҳатто ички оилавий муомала пайтида ҳам сўралиши лозим бўлган дуолар ҳақида Қуръони Ҳаким оятларида ва Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида жуда кўп таълимотлар буюрилганини кўрамизки, бу албатта беҳикмат эмасдир. Зотан, ушбу Илоҳий таълимотлар бизни онгли ҳаётимизнинг ҳар лаҳзасида, босадиган ҳар бир қадамимизда, айтадиган ҳар бир сўзимизда Ҳақ таолога шукр қилиб, У Зотни доимо зикр қилиб, бошқача айтганимиз-да, умримизнинг ҳар онини Яратганга маҳкам боғланган ҳолда ўтказиши-миз зарур эканлигини уқтиради. Ҳаётини Оллоҳ таолога боғланган ҳолда ўткарган банда эса, шак-шубҳасиз, дунёдаги энг бахтли инсондир. Чунки у доимо Парвардигорига яқин бўлади, Унинг йўл-йўриғи билан яшайди, Ундан қўрққани ва уялгани учун гуноҳ ишларга қадам босмайди, покиза ҳёт кечиради ва охир-оқибат Яратганнинг ҳузурига ёруғ юз билан боради.

30. Албатта бунда (яъни, Нуҳ ва унинг қавми можаросида) оят-ибратлар бордир. Албатта, Биз имтиҳон қилгувчидирмиз.
Яъни, Нуҳ алайҳис-салом бошига тушган кўргуликларда, Оллоҳ таолонинг Амри билан у бино қилган нажот кемасида ва унга иймон келтирмаган кофирларнинг ҳалок қилинишларида - ушбу буюк тарихий ҳодисаларда ибрат олгувчилар учун жуда кўп ибратлар, Ҳақ таолонинг Қудрати нақадар чексиз-чегарасиз эканлигига аниқ далил-ҳужжатлар, У Ўзининг элчи-пайғамбарларини ва мўмин бандаларини қандай қўллаб-қувватлашига, уларнинг душманларини эса, қандай ҳалок қилишига очиқ далолатлар бордир. “Дарҳақиқат, Биз у (Тўфон балоси)ни бир оят-ибрат қилиб қолдирдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?! Бас, Менинг (пайғамбарларимни ёлғончи қилган кимсаларга кўрсатган) азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?!” (Қамар сураси, 15-16-оятлар).
Мазкур воқеа-ҳодисаларнинг барчаси Буюк Синовчининг синов-имтиҳонларидир. У Зот одамларга, Ўзининг элчи-пайғамбарларини юбориб, ким итоатгўй ва ким осий эканлигини имтиҳон қилур. Ким ўша Илоҳий имтиҳондан ўтса, албатта нажот топур, ўта олмаганлар эса, шак-шубҳасиз ҳалокатга мустаҳиқдирлар.

31-32. Сўнгра Биз улардан (яъни, уларни ҳалок қилиб юборганимиздан) кейин яна бошқа аср-авлодларни пайдо қилдик. Бас, уларга ўзларидан бўлган бир элчини (яъни, Ҳудни) юбордик. (У айтди): «Оллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ахир қўрқмайсизларми?!»
Ҳуд алайҳис-саломнинг қавми бўлган Од ҳам қадимий қабилалардан бўлиб Иброҳим алайҳис-салом замонидан ҳам илгари ўтишган. Шунинг учун бўлса керак, Қуръони Азимда уларнинг қиссаси Нуҳ алайҳис-салом қиссасидан кейиноқ зикр қилинди. Од қабиласининг манзили Яман мамла-катидаги Уммон ва Ҳазрамавт шаҳарларининг ўртасидаги қумтепаларда жойлашган бўлиб, чиройли, боғроғли серҳосил ерлар эди. Оллоҳ таоло у қавмга ўзларининг қабиладошлари бўлган Ҳуд алайҳис-саломни элчи қилиб юборди. Шунингучун ҳам бошқа бир ояти каримада: “Одга ўз биродарлари Худни (элчи қилиб юбордик)”, дейилади. (Аъроф сураси, 65-оятдан). Бу жумладан Ҳуд насл-насаб жиҳатидан Од қабиласига мансуб экани билиниши билан бирга у малоикалардан эмас, инсон наслидан экани ҳам маълум бўлди. Демак, у қабиладагилар ўз қавмдошлари бўлган Ҳуднинг сўзларини жуда яхши англаганлари, хулқ-атворидан тўла хабардор бўлганлари сабабли у қилган даъватни дарҳол тасдиқлаб, у айтган йўлга осонлик билан юришлари керак эди. Ҳуд алайҳис-саломнинг уларга айтган сўзи ҳам илгари ўтган Нуҳ алайҳис-саломнингўз қавмига айтган сўзининг айни ўзи эди. Яъни, Ҳуд алайҳис-салом ҳам Од қабиласини Ёлғиз ОллоҳтаолонингЎзига ибодат қи-лишга, Унга ширк келтирмасликка чақириб, уларга Оллоҳ таолонинг азобига гирифтор бўлиб қолишдан қўрқиш кераклигини эслатди. Чунки улар мушрик қавм бўлиб, ўзларича Садо, Самуд ва Хаттор деб ном қўйиб олган бутларига сиғинар эдилар. Албатта Ҳуднинг даъвати у мушрик қавмга ёқмади.

33-34. Унинг қавмидан кофир бўлган ва Охиратдаги мулоқотни ёлғон деган, Биз ҳаёти дунёда бой-бадавлат қилиб қўйган кимсалар дедилар: «Бу ҳам худди сизларга ўхшаган (оддий) одам. У ҳам сизлар ейдиган нарсадан ейди, сизлар ичадиган нарсадан ичади. Қасамки, агар сизлар ўзингизга ўхшаган бир (оддий) одамга итоат қилиб (ўз бутларингиздан воз кечсангизлар) у ҳолда албатта зиён кўргувчидирсизлар.
Ушбу ва қуйидаги оятларда Ҳақ таоло аввало Ҳуд алайҳис-салом элчи қилиб юборилган Од қабиласидаги зодагонларнинг мазмум - ўта жирканч уч сифатини баён қилиб, сўнгра уларнинг Оллоҳ элчисига қарши айтган сўзларини эслатади: биринчидан, улар Яратганга кофир бўлиб, Унинг Танҳо Маъбуди Барҳақ эканлигини инкор этар эдилар, иккинчидан, у кофир кимсалар Қиёмат Куни борлигига ишонмас ва қайта тирилиш, ҳисоб-китоб қилинишни ёлғон дер эдилар, учинчидан, улар ҳаёти дунёдаги Оллоҳ таоло уларга ато этган неъматларга шу қадар шўнғиб-ботиб кетган эдиларки, ўша бебақо мол-дунёларига шу қадар ишониб қолган эдиларки, энди бу нозу неъматларни улардан ҳеч ким тортиб ола билмайди деб тамомила ўзларидан кетиб, у неъматларнинг Ҳақиқий Эгаси ким эканлигини бутунлай унутиб масту мустағрақ бўлиб қолган эдилар.
Бас, ана ўша динсиз, иймонсиз зодагонлар қавмдаги бошқа одамлар Оллоҳнинг элчисига эргашиб кетмасинлар, деб айтдилар: “Бу элчи-пайғамбарликни даъво қилаётган Ҳуд ўзи ким бўлибди?! Унинг сизлардан ажратиб турадиган бирон хислати йўқку?! У ҳам худди сизлар каби еб-ичадиган оддий одамку! Бас, қандай қилиб ўзини сизлардан устун эканлигини даъво қилади, “Мен Оллоҳнинг элчисиман”, деб иддао қилади?! Қасамки, агар сизлар ўзларингизга ўхшаган оддий бир одамга эргашиб кетадиган бўлсангизлар, уни ҳақ пайғамбар деб иймон келтирадиган бўлсангизлар, у ҳолда албатта катта зиён кўриб қолишларингиз аниқдир!”
У “донишмандлар”нинг сўзларига боқинг! Турли-туман жонсиз, ҳеч кимга ҳеч қандай фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган бутларга сиғиниб-чўқинишни эмас, балки уларни икки дунё саодатига етказадиган Ҳақ пайғамбарга иймон келтиришни, унга итоат этишни зиён деб ҳисобла-моқдалар!
Қуйидаги оятларда у адашган кимсаларнинг Оллоҳ таолонинг Ҳақ пайғамбарига қарши айтган яна бошқа сўзлари ҳақида хабар берилади.

35-36-37-38. У сизларга ўлиб тупроқ ва суякларга айланганингиз-дан кейин албатта (қабрларингиздан) чиқарилгувчисизлар, деб ваъда бермоқдами? Сизларга ваъда қилинаётган бу нарса (ҳақиқатдан) жуда-жуда узоқдир. (Ҳаёт) фақат дунёдаги ҳаётимиздир (айримларимиз) ўлаверамиз, (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз. Биз ҳеч қайта тирилгувчи эмасмиз. У (яъни, Ҳуд) фақат Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиган бир кимсадир. Бизлар унга ҳеч иймон келтиргувчи эмасмиз”.
Ҳуд алайҳи-саломга иймон келтимаган кофир кимсаларнинг мазгур оятларда келтирилган сўзлари, эътибор қилсак, ҳамма замонлардаги динсиз - даҳрийларнинг сўзлари билан бир хилдир. Яъни, улар ҳаёти дунёдан бошқа яна бир дунё - Охират борлигига ишонмаганлари, ўлгандан кейин қайта тирилиш, Қиёмат Кунида тўпланиш, ҳисоб-китоб ва жазо-мукофот борлигига иймон келтирмаганлари сабабли Оллоҳ таолонинг элчиларини ёлғончи қиладилар, улар келтирган Илоҳий ваҳий-огоҳлантиришларни инкор этадилар, айримлари Танҳо Яратгувчи борлигини инкор қилиб: “Бизлар маймундан тарқаганмиз, бизни ҳеч ким яратган эмас”, деб сафсата сотсалар, бошқалари “Сени ва дунёдаги барча нарсаларни ким яратган?”-деб сўралганида: “Оллоҳ”, дейдилар-у, сўнгра ҳамма нарсани йўкдан бор қилишга Қодир бўлган Оллоҳ таоло уларни ўлиб тупроққа айланганлари-дан кейин қайта тирилтиришга ҳам албатта Қодир эканлигини ёлғон деб, бу ҳақиқатдан жуда узоқ нарса деб тураверадилар. Ҳуд алайҳис-саломнинг қавми бўлган Од қабиласи ҳам ана ўшандай ҳақиқатни инкор этгувчи, Оллоҳ таоло инсонларга ўзларидан бўлган инсонларни элчи қилиб юборишига ишонмайдиган қавм бўлганлари учун: “Ҳуднинг элчи-пайғамбарман”, деган сўзлари Оллоҳ шаънига туҳмат, биз унга ҳеч қачон иймон келтирмаймиз”, деб Ҳақ Йўлга юришдан бош тортдилар ва бу сўзлари билан уларга ҳеч қандай даъват кор қилмаслигини исботладилар. Бас, узоқ йиллар давомида айтган сўзлари, келтирган Илоҳий мўжиза - ҳужжатларининг барчаси бехуда кетганини кўриб у қавмнинг иймон келтиришидан бутунлай умиди узилган Ҳуд алайҳис-салом Оллоҳтаолога илтижо қилиб -

39. Деди: «Парвардигорим, улар мени ёлғончи қилганлари сабабли Ўзинг менга ёрдам қилгин”.
Кофир қавмдан бениҳоя озурда дил бўлган Ҳуд алайҳис-саломнинг ушбу дуоси ўзидан аввал ўтган яна бир улуғ пайғамбар, асрлар давомида қавмини Ҳақ Йўлга даъват этган, лекин кофир қавм томонидан фақат куфр ва исённи кўриб бор тоқати тоқ бўлгач, Яратганга илтижо қилиб уларни ҳалок қилиб юборишини сўраган Нуҳ алайҳис-саломнинг дуоси (суранинг 26-ояти) билан бир хил эди. Яъни, Ҳуд ҳам Оллоҳ таолодан уни ёлғончи қилган Од қабиласидан интиқом олишни - уларни ҳалок қилиб юборишни сўради.

40. (Оллоҳ) айтди: «Қасамки озгинадан кейин улар албатта надомат қилгувчиларга айланиб қолурлар».
Яъни, Ҳақ таоло Ўз элчисининг дуосини ижобат қилиб, қасам билан таъкидлаб айтдики, у кофир қавмнинг ҳалок қилинишларига жуда оз фурсат қолди. Ўша кун келганида, улар қилган кирдикорлари учун - ҳақ пайғамбарга иймон келтирмасдан уни ёлғончи қилганлари учун афсус-надомат чекиб қолишлари аниқдир. Лекин у кунда кофирларнинг чеккан афсус-надоматларининг ҳеч қандай фойдаси бўлмайди.

41. Бас, Ҳақ (Ҳукмимиз) билан уларни даҳшатли қичқириқ тутиб, Биз уларни қуриган хас-хашакка айлантирдик. Золим қавмга ҳалокат бўлгай.
Ояти каримада зикр қилинган “даҳшатли қичқириқ”, муфассирларнинг ёзишларича, Жаброил алайҳис-саломнинг қичқириғидир. Ўтмишда ҳалок қилиб юборилган барча золим қавмлар мана шундай мислсиз момақалдироқдек даҳшатли гумбурлашдан юраклари ёрилиб ҳалок бўлганлар. У бадбахт қавм ҳақида бошқа оятларда янада муфассалроқ маълумотлар берилган: “Уларга бу дунёда ҳам, Қиёмат Кунида ҳам лаънат эргашиб юрадиган бўлди. Огоҳ бўлингизким, албатта Од (қабиласи) -Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким, Худнинг қавми бўлган Од ҳалокатга учради”. (Ҳуд сураси, 60-оят).
Яъни, Ҳуд алайҳис-саломга итоатсизлик қилган Од қабиласи Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилишдан бош тортганлари учун бу дунёда ҳам лаънат остида қолдилар - қачон ва қаерда Од қабиласининг номи зикр қилинса, Оллоҳнинг бандалари уларни қарғайдилар, Қиёмат Кунида ҳам жамийки халойиқ олдида уларга лаънат айтилади.
Огоҳ бўлингизким, Од қабиласининг лаънат остида қолишига сабаб, улар ўзларининг Парвардигорлари бўлмиш Оллоҳ таолога кофир бўлдилар, Унинг неъматларига куфрони неъмат қилдилар, Унинг оятларини инкор қилдилар ва Унинг элчиларини ёлғончи қилдилар. Огоҳ бўлингиз-ким, Од қабиласи Ҳуд алайҳис-саломнинг қавми бўла туриб унга бўйин-сунмаганлари учун Оллоҳнинг Раҳматидан узоқ бўлдилар - Оллоҳнинг қаҳрига дучор бўлдилар.
Од қабиласининг кирдикорлари, ҳаёт тарзлари ва топган ёмон оқибат-лари хдқида бошқа сураларда батафсил баён қилинган: “Од (қабиласи) пайғамбарларини ёлғончи қилди. Ўшанда уларга биродарлари Худ айтган эди: (Оллоҳцан) қўрқмайсизларми?! Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Бас, Оллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамай-ман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори Зиммасидадир. Сизлар ҳар бир тепаликка ўйин-кулги учун бир белги - баланд бино қураверасизларми?!” (Шуаро сураси, 123-128-оятлар).
Нақл қилишларича, Од қабиласи ҳою-ҳавасга жуда берилган бўлиб, ўз шаҳарларидан ташқаридаги йўл ёқаларига ҳам ўйин-кулги қиладиган баланд-қимматбаҳо иморатлар қуришар ва ўзлари яшайдиган уй-жойларни ҳам гўё ҳеч қачон ўлмайдигандек ҳаддан ортиқ мустаҳкам ва нақшу нигорли қилиб қуриб бутун умрларини мана пгундай беҳуда ишларга сарфлашар ва бу билан фахрланиб, мақтаниб юрар эдилар.
Муҳтарам ўқувчи! Эътибор беринг, замонамиз боёнларининг кўплари Охиратни унутиб, дунё ҳою ҳавасларига берилишда худди ўша Од қабиласига ўхшаб кетмайдими?!
Юқоридаги ва қуйидаги оятларда Ҳуд алайҳис-салом уларни бундай беҳуда ишлар билан машғул бўлишдан қайтариб, дунё ва Охират учун фойдали юмушлар билан банд бўлишга даъват қилганлари ҳақида хабар берилади.
“Ва гўё мангу яшаб қоладигандек қаср-саройлар соласизлар?! Қачон (бирон кишини жазолаш учун) ушласангизлар бераҳмларча ушлайсизлар?! Бас, Оллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Ва сизларни ўзларингиз биладиган (неъматлар) билан қўллаган-сийлаган Зотдан (Оллоҳдан) қўрқингиз! У сизларни чорва ҳайвонлари ва ўгиллар билан, боғлар ва булоқлар билан қўллади-ку! Албатта, мен сизларнинг устингизга улуғ Куннинг - Қиёматнинг азоби (тушиши) дан қўрқурман». Улар дедилар: «Сенинг ваъз-насиҳат қилишинг ёки ваъз қилгувчилардан бўлмаслигинг бизлар учун баробардир (яъни, бизларга панд-насиҳат қилиб овора бўлма). Албатта бу (айшу ишратга берилиб умр ўтказиш) аввалгилардан қолган одатдир. Бизлар азоблангувчи эмасмиз». Бас, улар (Ҳудни) ёлғончи қилишгач, Биз уларни ҳалок этдик. Албатта бунда (яъни, Ҳуд ва унинг қавми бўлмиш Од қаби-ласи ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар.” (Шуаро сураси, 129-139-оятлар).

42. Сўнгра Биз, улардан (яъни, уларини ҳалок қилиб юборганимиздан) кейин яна бошқа аср-авлодларни пайдо қилдик.
Яъни, Ҳуд алайҳис-саломнинг қавми бўлмиш Од қабиласи Ҳақ Йўлга юрмаганлари ва ҳақ пайғамбарга иймон келтирмаганлари сабабли ҳалок қилиб юборилгач, Оллоҳ таоло навбвти билан Солиҳ, Лут, Шуайб алайҳи-муссаломнинг ва яна бошқа пайғамбарларнинг қавмларини дунёга келтирди ва у қавм-қабилалар ҳам ўз асрларида яшаб, ўзларига юборилган элчи-пайғамбарларга иймон келтирмаганларидан - уларни ёлғончи қилганларидан кейин бирин-кетин барчасини ҳалок қилиб юбордики, бу ҳақда бошқа сураларнинг оятларида баъзан мухтасар, баъзан муфассал ҳолда баён қилинади.

43-44. Бирон уммат-авлод ўз ажалидан илгари кета олмас, (уни) ортга ҳам сура олмас. Сўнгра Биз Ўз элчиларимизни пайдар-пай юборавердик. (Аммо) ҳар қачон бирон умматга элчилари келса, уни ёлғончи қилавердилар. Бас, Биз уларни (яъни, у иймонсиз қавмларни) бирин-кетин (ҳалок қилдик) ва уларни (кишилар ўртасида кўчиб юрадиган) гапларга айлантириб қўйдик. Бас, иймон келтирмайдиган қавмга ҳалокат бўлгай.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло барча инсонларга буюк бир ҳақиқатни эслатади, яъни, Тирилтиргувчи ва Ўлдиргувчи бўлган Зот борлиқдаги ҳар бир уммат, аср, авлод, балки ҳар бир кимса ва нарса бу ҳаёти дунёга аниқ бир муддатга келганини, Яратган томонидан Лавҳул-Маҳфуз Китобида белгилаб қўйилган ўша муддат битиб, ажал етиб келиши билан барча махлуқот, жумладан, ҳар бир инсон ўлимга дучор бўлишини, ҳеч ким бу муддатни бирон сония олдинга ҳам, орқага ҳам сура олмаслигини эслатади.
Ҳақ таолонинг бу Ҳукми ҳаммага - кўз очиб юмгунчалик муддатга дунёга келиб кетадиган энг майда ҳашаротлардан тортиб, энг катта махлуқотларгача, барчага баробар дахлдордир. Ҳар бир инсондан тортиб, бутун-бутун умматлар - жамоатларгача мана шу Буюк Ҳақиқат олдида бўйин эгишга мажбурдирлар. Ҳеч шак-шубҳасиз, келишнинг кетиши ҳам бордир. Келиш вақти ҳам, кетиш муддати ҳам Танҳо Холиқ томонидан аниқ белгилаб қўйилгандир. Бас, ҳеч ким ана ўша муддат битмасдан туриб, яъни, ажали етмасдан туриб ўла олмайди, ажали етгач эса қола олмайди. Демак, “ажали етмасдан ўлди, ажалидан беш кун бурун ўлди”, деган сўзлар нотўғридир. Ким қандай ҳолатда ўлмасин ёки ўлдирилмасин, унинг ўлимига сабаб ажали етганидир. Яъни, инсон касаллик, қарилик ёки жароҳат сабабли эмас, балки ажали етганлиги сабабли ўлади. Агар воқеъга ибрат кўзи билан боқсак, бу Ҳақиқат кўз ўнгимиздадир. Қанчадан-қанча соппа-соғ одамлар ҳеч кутилмаган ҳолатда вафот қилаётганларини, аммо бедаво дардга йўлиққан деб ташхис қўйилган, ана-мана ўлиб қолади деб кутилаётган кишилар эса хотиржам яшаётганларини, неча-неча ёш, навқирон инсонлар ўлиб, қанча-қанча кексалик ёшидан аллақа-чон ўтиб кетган кишилар яшаб юрганларини кун сайин кўриб турамиз. Албатта ҳар ким узун умр кўришни орзу қилади. Аммо ҳеч ким бу ҳаёти дунёда қанча яшашини билмайди. Динсиз, жоҳил кимсалар эса, умрлари муваққат эканини эсламайдилар, ён-атрофларидаги кекса-ю ёш, соғ-у бемор, ҳатто, қаёққа узатса қўллари етадиган подшоҳлар ҳам навбати билан ўлиб турганини кўриб турсалар-да, ибрат олмайдилар, ҳаёт-мамотларининг Танҳо Эгаси бўлган Зотга бўйин эгмайдилар, иймон келтирмай-дилар, ибодат қилмайдилар, оқибат-натижада, ҳеч қандай мол-давлат ёки дори-дармон бир лаҳза ҳам ортга сура олмайдиган ўлим соатлари етиб келгач, куфр ва жаҳолат - ғафлатда ўтказган ҳаётлари учун минг-минг афсус-надоматлар қилиб, тоғдек гуноҳларини елкаларига ортиб, улар учун мангу азоб диёри бўлган Охиратга чиқариб юбориладилар -ўладилар.
Ояти карима ана ўша ҳаёт соатлари аниқ белгилаб қўйилганини ўйламайдиган, ўлимни эсламайдиган, ўлимдан кейин ҳам ҳаёт борлигига иймон келтирмайдиган ғофил кимсаларга нисбатан Илоҳий Таҳдид, Огоҳ-лантиришдир.
Ушбу оятлар аввалги асрларда ўтган айрим умматлар ҳақида нозил бўлган. Улар ўзларига юборилган элчи-пайғамбарларни ёлғончи қилишиб, пайғамбарлар уларни агар Оллоҳнинг оятларини ёлғон дейишса - куфрда давом этадиган бўлишса, Оллоҳ таоло белгилаб кўйган муайян соатда бошларига бало тушиб ҳаммалари қирилиб кетишлари аниқ экани ҳақида огоҳлантирсалар-да иймон келтиришмагач, устларига айни айтилган вақтда - бирон соат олдин ҳам, кейин ҳам бўлмасдан, белгиланган ажал-муддатлари битиши билан Оллоҳнинг азоби тушиб, ҳаммалари ҳалок бўлиб кетганлари ҳақида хабар беради. Дарҳақиқат, тарихда Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Шуъайб, Лут пайғамбарларнинг - (Барчаларига Оллоҳнинг саломи бўлгай) - қавмлари уларни ёлғончи қилишгани, иймон келтиришмагани сабабли Оллоҳнинг азобига гирифтор бўлиб, қирилиб кетганлари маълумдир. Узоқ ўтмишда бўлган бу каби фожиалар келажак авлод учун ҳам ибрат бўлсин, улар ота-боболарининг хатоларини такрорламасдан, ҳалокат йўли бўлган куфрдан, бузуқлик -жиноятлардан олис бўлсинлар, деб Ҳақ таоло ушбу оятларни нозил қилди.

45-46-47-48. Сўнгра Биз Мусо ва унинг биродари Ҳорунни Ўз оят-мўъжизаларимиз ва очиқ ҳужжат билан Фиръавн ва унинг одамларига элчи қилиб юборган эдик, улар кибр ҳаво қилдилар. Улар мутакаббир қавм эдилар. Улар айтдилар: «Ўзимизга ўхшаган икки киши-га иймон келтирурмизми?! Ҳолбуки, уларнинг қавми (яъни, бани Исроил) бизларнинг қулларимиз-ку». Бас, улар (Мусо ва Ҳорунни) ёлғончи қилишиб, ҳалок қилингувчилардан бўлдилар.
Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом ҳамда уларга иймон келтирмаганлари учун Оллоҳ таолонинг қаҳрига учраб ҳалок бўлган мутакаббир қавм - Фиръавн ва унинг одамлари ҳақидаги бу ибратли қисса Қуръони Каримда кўп ўринларда - Бақара, Аъроф, Шуаро, Тоҳа, Қасас, Ғофир ва яна бошқа сураларда ҳам баён қилингандир.
Ояти каримада зикр қилинган “оят-мўъжизалар ва очиқ ҳужжат”-дан мурод, Оллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга нозил қилган Таврот ва янаунинг ҳақ пайғамбар эканлигига очиқ ҳужжат бўлган тўққиз мўъжиза бў-либ, улардан бири, Мусонинг асоси - у ерга ташлаши билан одамлар кўз ўнгида ҳақиқий аждарҳога айланиб қоладиган, тошни урса, ундан чашма отилиб чиқадиган мўъжиза асо, иккинчиси, Мусонинг кўли - чўнтагидан чиқарганида оппоқ нур сочиб оламни ёритиб юборадиган, қўлтиғига қисиб олганида яна ўз ҳолига қайтадиган мўъжиза қўлдир. Бу икки Илоҳий мўъжиза ҳақида бошқа сураларда шундай дейилади: “Асойингни (ерга) ташлагин!» Бас, қачонки (Мусо асосини ерга ташлагач), уни илондек қимирлаганини кўргач, ортига қарамай қочди. «Эй Мусо, кел, қўрқмагин. Зеро, сен (хавфу-хатардан) омонда бўлгувчи кишилардандирсан. Кулингни чўнтагингга солгин, бирон зиёндардсиз оппоқ бўлиб чиқур ва қанотингни (яъни, қўлингни) қўрқувдан (яъни, агар бу мўъжизалардан қўрқиб кетсанг қўлтиғингга) қисиб олгин (у яна ўз ҳолига қайтур). Бас, шу иккиси (яъни, асойингни илонга айланиши ва қўлингни оппоқ бўлиб нур сочиши) Парвардигоринг томонидан Фиръавн ва унинг одамларига икки ҳужжатдир. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм бўлдилар».” (Қасас сураси, 31-32-оятлар).
“Қўлингни чўнтагингга солгин, у ҳеч қандай дардсиз оппоқ бўлиб чиқур. (Бу мўъжизалар сен) Фиръавн ва унинг қавмига (олиб борадиган) тўққиз оят-мўъжиза ичида (бордир). Дарҳақиқат, улар итоатсиз қавм бўлдилар.” (Намл сураси, 12-оят).
Қолган етти мўъжиза - Фиръавн одамларининг бошига тушган қаҳат-чилик, дон-дун ва мева-чеваларнинг йўқ бўлиб кетиши, тўфон, чигиртка, бит, бақа ва қон балолари бўлиб, бу ҳақда Аъроф сурасида хабар берилгандир: “Дарҳақиқат, Биз Фиръавн одамларини панд-насиҳат олишлари учун (қаҳатчилик) йиллари билан ва мева-чеваларнинг ҳосилини камайтириш билан ушладик.” (Аъроф сураси, 130-оят).
Яъни, Ҳақ таоло Фиръавн ва унинг одамларини дарёга чўктириб ҳалок қилиб юборишидан илгари ибрат олишлари, кўзлари очилиб, куфрдан, зулмдан қайтишлари учун уларнинг бошларига бир неча йил давомида пайдар-пай қаҳатчилик, очарчилик балоларини туширди, ер ва боғлари ҳосил бермай қўйди. Дала-даштларида гиёҳ ўсмай, чорва ҳайвонлари қирилди, ерларида дон-дун битмай, боғлари мева тугмай, одамлар ниҳоят даражада қийналдилар, аммо улардан ҳеч бирининг хаёлига: “Нега йил сайин бошимизга устма-уст балолар тушаяпти, қандай қилмишимиз учун биз Яратганнинг қаҳрига қолдик? Бу машаққат-мусибатларнинг сабабчиси ўзимиз эмасмизми? Балки Холиқни қўйиб махлуққа сиғиниб юрганимиз сабабли мана шундай балоларга йўлиқаётгандирмиз? Балки Фиръавнга куллик қилишни тарк этиб, Мусога эргашсак ва Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилсак, Унинг Ўзи бошимиздан бу балоларни аритар?”, деган ўй келмади. Чунки берган неъматлари учун Яратганга шукр қилиш, бошга бало-мусибат тушганида эса, “бу балолар ўзимнинг қилмишим сабабли бўляпти”, деб тавба-тазарруъ қилиш, ўзини ўнглаб, Тўғри Йўлга тушиш саодатли кишиларнинг насибасидир. Бахтсиз кимсалар эса, худди неъматларга шукр қилмаганларидек, бошларига тушган бало-мусибатлардан ҳам ибрат-насиҳат олмайдилар, ўзларининг қилмишлари сабабли шундай балоларга гирифтор бўлганларини ҳам билмайдилар.
“Бас, Биз уларнинг устларига тўфон (сел), чигиртка, бит, бақа ва қон (балоларини Бизнинг Қудратимизга далолат қиладиган) очиқ оят-мўъжизалар қилиб юбордик. (Лекин) улар кибр-ҳаво қилдилар ва жиноятчи - осий қавм бўлдилар.” (Аъроф сураси, 133-оят).
Дарҳақиқат, Фиръавн қавми ўзларининг залолатларида оёқ тираб туриб олишгач, Оллоҳ таоло уларга мисли кўрилмаган даҳшатли балоларни юборди: Уларнинг барча экинзор - боғларини сел босиб ҳалок бўлди. Чи-гирткалар уларнинг экин ва мева ҳосилларидан тортиб уй-жой, кийим-бошларигача еб битиришди, уларнинг егулик ва жониворларини битлар босиб кетди; бақалар эса уларнинг таом ва қудуқларидан тортиб, ётоқ хоналаригача тўлдириб юборишди; уларнинг ариқ ва булоқларидан сув ўрнига қон оқди, бир ютум тоза сув топа олмай қолдилар. Аммо шунча бало-мусибатларни кўриб ҳам кўзлари очилмай, яна ўз куфрларида давом этдилар.
“Ал-Муқтатаф мин уйувнит-тафосийр” китобида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Фиръавн қавмига тушган сел балоси етти кун тинмади. Шунда улар Мусо алайҳис-саломга: “Ҳаққимизга дуо қилгин, Оллоҳ бу балони бошимиздан аритсин, биз сенга иймон келтирамиз”, дейишган эди, Мусо дуо қилди, Оллоҳтаоло селни тўхтатди ва ердан аввал ҳеч мисли кўрилмаган ўт-ўлан ўсиб чиқди. Бу ҳолни кўрган Фиръавн қавми Яратганга шукр қилиш ўрнига: “Бизга неъмат келди, эй Мусо, қасамки, энди сенга иймон келтирмаймиз”, дейишиб, берган аҳдларини бузишди. Ана шунда Оллоҳ таоло уларнинг устига чигиртка балосини юборди. Чигиртка араб тилида “жарод” деб аталади. Бу сўзнинг луғавий маъноси қириш - сидириш дегани бўлиб, ер устида ўсган бор нарсани қириб, қуритиб кетадиган ҳашоратлардан бўлгани учун уни “жарод” деб номлаганлар. Чигирткалар ҳам Оллоҳ таолонинг лашкарларидан бўлиб, Унинг Ўзи уларни хоҳлаган ерига юборади.
Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан чигирткалар ҳақида сўралганида: “Улар Оллоҳтаолонинг энг саноғи кўп лашкарларидир. Мен чигирткани емайман ва уни ҳаром ҳам демайман”, деб жавоб қилганлар. (Абу Довуд ва Ибн Можжа ривояти).
Шундай қилиб, Оллоҳтаоло юборган чигирткалар Фиръавн одамларининг экинларини, мева-чеваларини ва ўтлоқларини еб битиргач, улар додвой қилишиб, Мусо алайҳис-саломга: “Парвардигорингга дуо қилгин. Қасамки, агар Оллоҳ биздан мана шу балони кўтарса, албатта сенга иймон келтирамиз”, дейишиб, унга аҳд-паймон бердилар. Бас, Мусо Парвардигорга дуо қилиб сўраган эди, Оллоҳтаоло улардан чигиртка балосини аритди. Аммо кофир қавм яна иймон келтирмади ва берган аҳдига вафо қилмади.
Сўнгра Оллоҳ таоло уларга бит балосини юборди. Улар ҳеч қачон бит балосидан қаттиқроқ балони кўрмаган эдилар. Битлар у кофир қавмнинг соч-у баданларига чиппа ёпишиб олиб, қонларини сўрар, уларга на уйқу ва на тинчлик бермасди. Улар яна дод-фарёд қилишиб, Мусога: “Биз энди тавба қиламиз, Парвардигорингга дуо қилгин”, деб ялиниб-ёлвора бошлашди.
Мусо алайҳис-салом дуо килди. Оллоҳ таоло улардан бу балони ҳам кўтарди. Аммо у динсиз кимсалар яна аҳдларини бузишди. Бас, энди Оллоҳ таоло уларга бақаларни юборди. Бақалар шу қадар кўп эдики, уларнинг уйларига, озиқ-овқатларигача кириб, ҳатто кўрпа-тўшаклари-ю, кийим-кечакларигача бақаларга тўлиб кетди. Бирон киши гапириш учун оғзини очса ҳам бақалар сакраб кириб кетар, қайнаб турган қозонларга ҳам ўзларини отар эдилар. Бас, кофирлар тоқатлари тоқ бўлиб, яна Мусога ялинишиб: “Парвардигорингга дуо қилгин, бу балони кетказсин”, дейишди. Бас, Мусо дуо қилиб, Ҳақ таоло улардан бу балони ҳам аритганида, улар яна куфру туғёнларига қайтишди. Шунда Оллоҳтаоло уларнинг устига қон балосини юборди-да, уларнинг ичадиган сувлари, дарё-ю қудуқлари барчаси қонга айланди. Оллоҳнинг Қудрати билан Мусо алайҳис-саломга ий-мон келтирган бани Исроил қавмидан бўлган киши қудуққа челак туширса, ундан сув чиқар, Фиръавн одамларининг туширган челаклари эса қонга тўлиб чиқар эди. Шундай қилиб, кофирларнинг етти кун давомида еб-ичганлари фақат қон бўлди. Бунга чидай олмаган Фиръавн: “Эй Мусо, сенинг Илоҳингга қасам ичиб айтаманки, агар сен биздан мана шу қонни кетказадиган бўлсанг, албатта биз сенга иймон келтирамиз”, деб қасам ичди.
Мусо алайҳис-салом дуо қилиб Оллоҳ таолодан сўраган эди, дарёлардан яна аввалгидек сув оқа бошлади, қудуқ ва ҳовузлари чучук сувга тўлди.
Фиръавн ва унинг одамлари эса... яна куфрга қайтдилар.
Мусонинг ҳақ пайғамбар эканига далолат қиладиган шундай очиқ ҳужжатлар - Илоҳий Мўъжизалар у кофир қавмга кор қилмади, Оллоҳ таоло кофирлардан интиқом олишини аниқ-тиниқ кўрсатиб турган шунча ибратли ҳодисалар улар учун етарли бўлмади.
Ояти каримада зикр қилинган ҳар бир бало-азоб алоҳида-алоҳида келиб - улардан ҳар бири етти кун давом этар, сўнгра ўртада бир ой давомида танаффус бўлиб, у қавм иймонга келмагач, навбатдаги бало юборилиб, у ҳам етти кун - шанбадан шанбагача давом этар эди. Ҳар бир оқил одамга аниқ кўриниб турган шунча оят-аломатлардан кейин ҳам у кофирлар иймон келтиришдан орландилар ва динсиз ҳолларида қолдилар. Бўлиб ўтган бу воқеалар Фиръаан ва унинг қавми туғён ва залолатга ғарқ бўлган энг бахтсиз кимсалар эканига тарихий далилдир.

49. Қасамки, Биз Мусога шояд (бани Исроил қавми) ҳидоят топсалар, деб Китоб - Тавротни ато этдик.
Ушбу ояти каримада Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг улуғ пайғамбарларидан бўлмиш Мусо алайҳис-саломга Ҳақ билан ноҳақни ажратиб Тўғри Йўлни кўрсатиб турадиган, бани Исроил қавми жаҳолат зулматларида адашиб ҳалок бўлмасликлари учун ўзининг зиёси билан ҳаёт йўлларини ёритиб турадиган бир Китобни, яъни, Таврот Китобини ато этганини қасам билан таъкидлайди.
Дарҳақиқат, Таврот Оллоҳ таоло томонидан Мусо алайҳис-саломга туширилган ҳолида, ҳали унга бани Исроил қавми ўзгартиришлар киритмаган - у Илоҳий Китобдаги ўзларига ёқмаган айрим оятларни олиб ташламаган ва ўзларининг сўзларини “Бу ҳам Оллоҳнинг сўзи”, деб у Китобга кўшиб олмаган ҳолларида худди ояти каримада таъкидланганидек, улар-га Тўғри Йўлни кўрсатиб турадиган Ҳидоят Китоби эди.

50. (Кейин) Биз Марямнинг ўғли (Ийсони отасиз дунёга келтириш билан) ва унинг онасини (Марямни бирон эркак қўли тегмасдан фарзандли қилиш билан Бизнинг Қудратимизга далолат қиладиган) оят-аломат қилдик ва иккисини бир оқар сувли баланд-кўркам қароргоҳга жойлаштирдик.
Оллоҳ таолонинг солиҳ бандаси ва элчиси Ийсо ҳамда унинг онаси Марям алайҳимас-салом қиссаси Ол-и Имрон, Марям ва яна бошқа сура-ларда батафсил баён қилинган бўлса-да, ушбу сурайи каримада, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўзи хоҳлаган ишни қилишга Қодир Зот эканлигига далолат қиладиган оятлар қаторида яна бир бор ўта мўжаз-мухтасар ҳолида ворид бўлди. Дарҳақиқат, инсониятнинг узун тарихида уч инсоннинг дунёга келиши Оллоҳтаолонинг Қудрати бениҳоя улуғлигини қайта-қайта исботлаб туради. Ўша улуғ оят-аломатлардан аввалгиси барча инсонларнинг отаси бўлмиш биринчи Инсон - Одам алайҳис-саломнинг отасиз ва онасиз тупроқдан яратилгани бўлса, иккинчи оят инсоният онаси Ҳаввонинг онасиз, илк Инсоннинг - Одамнинг қовурғасидан яратилгани, учинчи оят - аломат бўлса, Ийсо алайҳис-салом Буюк Яратгувчининг биргина “Бўл, деган Амри билан ёлғиз она - Марям алайҳас-саломнинг вужудида пайдо бўлиб, отасиз дунёга келишидир. Бас, Жаноби Ҳақ Ийсони ва унинг онаси Марямни Ўзининг чексиз-чегарасиз Буюк Қудратига яна бир далил бўлсинлар деб бир оят-аломат қилиб кўйди. “Яна ўз номусини сақлаган аёлни (яъни, Марямни эсланг)! Бас, Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик (ва ўша онда у Ийсога ҳомиладор бўлди) ва уни ҳамда ўғлини барча оламлар учун бир оят-ибрат қилдик”. (Анбиё сураси, 91-оят).
Сўнгра Ҳақ таоло у иккисини маскан қилиб олишга салоҳиятли, мева-зор, ҳосилдор, оқар сувлари бор бир баланд жойга, Қуддуси шарифга жойлаштирди. (Қатода тафсири).

51. (Биз Ўзимиз юборган барча элчи-пайғамбарларимизга шундай дедик): «Эй элчилар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар! Албатта, Мен қилаётган амалларингизни Билгувчидирман.
Ушбу ояти карима нафақат Оллоҳ таолонинг элчи-пайғамбарларига, балки жамийки мўмин бандаларига буюрилган Илоҳий Амрдир. Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилади: “Эй мўминлар, Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол-покларидан енглар ва агар (чиндан) Оллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилгувчи бўлсангизлар У Зотга шукр қилинглар!” (Бақара сураси, 172-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло иймон эгалари бўлган бандаларига - энг пок Дин бўлмиш Ислом аҳлига пок луқма ейишни буюради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй инсонлар, албатта Оллоҳтаоло Пок Зотдир, бас, фақат Пок амалларни қабул қилур. Оллоҳ таоло мўминларга пайғамбарларга буюрган нарсани буюрди. У: “(Юборган барча пайғамбарларимизга шундай дедик): «Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар! Албатта, Мен қилаётган амалларингизни Билгувчидирман”. (Мўминун сураси, 51-оят), деб буюрган. Мўмин бандаларига ҳам айни буйруқни нозил қилди: “Эй мўминлар, Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол - покларидан енглар”. Сўнгра бир кимсани зикр қилиб айтдилар: “У олис сафарга чиқади, соч-соқоли тўзғиб, чанг-ғуборга кўмилиб кўзлаган манзилига келади, қўлларини осмонга чўзиб: “Ё Роббий, Ё Роббий”, деб дуолар қилади. Аммо унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаромга тўйиб олган. Бас, бундай кимсанинг дуоси қаёқдан ижобат бўлсин?!”
Ояти карима ва ҳадиси шарифдан аён кўриниб турибдики, Ислом Дини мусулмонларни нафақат тоат-ибодат қилишга, балки шу билан бирга қандай яшашга, ҳатто қандай таомланишга ҳам ўргатар экан. Мусулмонларга неча асрлар муқаддам буюрилган ва ҳозиргача амал қилиб ке-линган, иншооллоҳ, Рўзи Қиёматгача амал қилинадиган бу Илоҳий Фармонни динсиз дунё вакиллари тушунармикинлар? Ўзларини энг илғор, энг тараққий қилган, энг маданиятли деб ҳисоблайдиган, аммо оддий ҳалол-ҳаромни, пок, нопокни ажрата олмайдиган кимсалар маданиятлими ёки ўзининг бутун ҳаётини ҳалоллик поклик асосига қурган, ҳаром-дан, бировнинг ҳаққидан ҳазар қилган оддий мусулмонми?!
Биз мусулмонлар ҲақтаолоЎз элчиларига буюрган Фармонини - фақат ҳалол-пок луқма билан таомланиш Амрини бизларга ҳам буюриш билан шарафлагани учун Яратганга беадад шукроналар айтишга бурчлимиз. Ояти карима сўнггида мана шу шукр эслатилди: “ва агар (чиндан) Оллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилгувчи бўлсангизлар У Зотга шукр қилингиз!”
Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар Соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Еганида, ичганида, едириб - тўйдиргани учун, ичириб - қондиргани учун Оллоҳга ҳамд айтадиган бандадан албатта Оллоҳ рози бўлур”, дедилар.
Бошқа бир ҳадисда эса: “Еб-ичиб шукр қилган киши сабрли рўзадор манзилатидадир”, дейилган.
Демак, Оллоҳ таолога берган неъматлари учун шукр қилиш ҳам ибодат экан.

52-53. Шак-шубҳасиз, (барчангизнинг) миллатингиз (яъни, динингиз) бир миллатдир (яъни, Исломдир). Мен эса сизларнинг Парвардигорингиздирман, бас, Мендан қўрқингиз!». Сўнг (одамлар) ишларини (яъни, динларини) бўлакларга бўлиб юбордилар. Ҳар бир ҳизб -гуруҳ ўз олдиларидаги нарса (дин) билан хурсанддирлар (яъни, ҳар бир ҳизб ўзини ҳақ, бошқаларни эса ноҳақ деб даъво қилади).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло барча инсонларга хитоб қилиб, юқоридаги оятларда зикр қилинган жамийки элчи-пайғамбарларнинг миллатлари, яъни, динлари ҳам, сўнгги Элчи Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг миллат - динлари ҳам бир миллат эканлигини, уларнинг барчалари гарчи шариат қонунларида айрим хилма-хилликлар бўлса ҳам, аслида бир динда - Дини Исломда эканликларини таъкидлаб, ҳамма инсонларнинг Парвардигори - Эгаси Ёлғиз Ўзи эканини эслатади ва демак, жамийки инсоният Унинг Ўзига ибодат қилишлари ва Ундан қўрқишлари фарз эканлигини уқтиради. Сўнгра одамлар орасидаги баъзи бир кимсаларнинг қилган энг катта жиноятлари Оллоҳ таолонинг барча инсонлар учун ягона Дин қилиб туширган Дини Исломни бўлак-бўлакларга бўлиб-бузиб бир-бирларига душман бўлган ҳизб-тўдаларга айланиб олганликлари эканлиги ҳақида огоҳлантиради.
“Ҳар бир ҳизб - гуруҳ ўз олдиларидаги нарса (дин) билан хурсанддирлар (яъни, ҳар бир ҳизб ўзини ҳақ, бошқаларни эса ноҳақ деб даъво қилади)”.
Ушбу Илоҳий жумлада зикр қилинган ҳизб-тўдалардан мурод, аввало Оллоҳ таоло буюрган ягона Дин - Дини Исломдан ажралиб, ўзларича турли “динлар”ни топиб олган ва ўша хурофий ақидаларини бирдан-бир ҳақ дин деб даъво қиладиган тўдалардир. Аммо фақат улар эмас, балки мусулмонлар орасидан чиққан, сўнгра ягона Ислом умматини бўлиб-ёриб фирқа-фирқа бўлиб олган ва ўзларига Исломий ҳизб деб ном қўйиб олиб, “Фақат бизнинг ҳизбимизга кўшилган одамлар тўғри йўлда бўлади, бошқалар ҳаммаси ё адашган, ё кўрқоқ, ё хоинлар”, деб даъво қиладиган тўдалар ҳам шак-шубҳасиз, Оллоҳ таолонинг ягона Динини бўлаётган Дин душманларидир. Чунки уларнинг мақсадлари асло Қуръон ва Суннатга эргашиш эмас, балки Каломуллоҳни ва Ҳадиси Расулуллоҳни - ўзларининг парда ортида турадиган хўжайинлари мусулмонларни қириб, Ер юзидан йўқ қилиб юборишни кўзлаб тузиб берган турли ҳизбларни тарғиб-ташвиқ қилиш учун - бузиб талқин қилишдир ва мана шу йўл билан Ислом Динининг моҳиятидан бехабар бўлган нодон-жоҳил кишиларни ўзларининг тузоқларига тушириб Тўғри Йўлдан оздиришдир ва охир-оқибат залолат ботқогига ботириб ҳалок қилиб юборишдир. Бундай ҳизб-фирқаларнинг барчасини Охиратда қандай мудҳиш жазога мустаҳиқ бўлишлари ҳақида Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қаттиқ огоҳлантирганлар: “Огоҳ бўлингларки, сизлардан аввалги аҳли Китоб - яҳудий ва насронийлар етмиш икки миллат-фирқага бўлиниб кетган эдилар, энди бу уммат (яъни, мусулмонлар) етмиш уч фирқага бўлинади-лар. Улардан етмиш иккитаси дўзахда, фақат бир жамоатгина жаннатдадир. Саҳобалар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, ўша (жаннатга кирадиган) жамоат кимлар?”. Айтдилар: “Мен ва асҳобим турган Йўлни маҳкам ушлаган жамоатўша нажот топгувчи жамоатдир”. (Абу Довуд ва Термизий ривояти)”.

54. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз уларни қўйинг, (маълум) бир вақтгача (ўлим соатлари келгунича) ўз ғафлатлари гирдобида юраверсинлар!
Ояти каримада Ҳақ таоло гўё шундай дейди: Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз Ҳақ Динни қабул қилишни истамайдиганларни қўйинг, уларга Ҳақ Йўлни кўрсатаман деб овора бўлманг, у ғофил кимсалар Сизнинг жон куйдиришингизга лойиқ эмаслар. Улар шу қадар ғафлатга ботганки, қандай Буюк Мўъжизаларни кўрсатсангиз ҳам Сизга қулоқ солмайдилар, сўзларингиздан ибрат олмайдилар. Уларни кўйинг, ҳайвонлардек еб-ичаверсинлар, ҳалол-ҳаромига қарамасдан мол-дунё тўплаб фойдаланаверсинлар, гўё минг йил яшайдигандек узун-узун режаларни тузиб, хом хаёлларга берилаверсинлар, Охират, ажал ҳақида бирон лаҳза ўйламасдан, тавба қилиш хаёлларига ҳам келмасдан юраверсинлар! Яқинда, Қиёмат Кунида улар ўзлари учун берилган бебаҳо фурсатни - ҳаётларини бой бериб қўйганларини албатта билажаклар!
Айтиб ўтилганидек, ояти карима динсиз, иймонсиз кимсалар ҳақида. Аммо эътибор қилайлик, ўзларини мусулмон санаб юрганлар орасида баайни оятда мазкур бўлган динсиз кимсалардек ҳаётни фақат еб-ичиш, фойда топиш ва чексиз орзу-ҳаваслар ортидан то қабрга кириб кетгунча елиб югуришдан иборат деб биладиганлар йўқми?! Афсуски, бордир! Бўлганда ҳам тўрт кунлик ҳаётини иймон нима, тоат-ибодат нима эканини билмай совуриб юбораётган кимсалар оз эмасдир. Қани энди, ушбу ояти каримадаги Илоҳий таҳдидни англаганимиздан кейин кўзларимиз очилса эди, иймон ва Ислом андозасида ҳаёт кечиришни кеч бўлиб қолмасидан бошласак эди.
Ушбу мазмундаги оят бошқа сураларда ҳам келган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), уларни қўйинг, еб-ичсинлар, фойдаланиб қолсинлар ва орзу-хаёлларига машғул бўлаверсинлар. Бас, яқинда (бу қилмишларининг оқибати нима бўлишини) албатта, билажаклар!” (Ҳижр сураси, 3-оят).

55-56. (Мушрик-кофир кимсалар) Биз уларни қўллаб ато этадиган мол-давлат ва фарзандларни Биз улар учун яхшиликларни тезлатаётганимиз деб ўйламоқдаларми?! Йўқ, улар (буни ғафлатлари янада зиёда бўлиши учун қилинаётганини) сезмайдилар.
Яъни, эҳтимол, ўша, Ислом миллатидан бўлишни хоҳламайдиган динсиз кимсалар, турли ҳизб тўдалари Биз уларга гуноҳларини янада кўпайтиришлари ва куфр ботқоғига баттарроқ ботишлари учун бераётганимиз мол-дунё ва бола-бақраларни кўриб: “Мана, бизнинг тутган йўлимиз тўғри бўлгани учун Худо бизга мукофот қилиб шундай яхшиликларни устма-уст бермоқда”, деб ўйласалар керак. Йўқ, асло ундоқ эмас! Балки буларнинг ҳаммаси у адашганларнинг Ҳақ Йўлга юрмаганлари, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилмаганлари ва Унинг Элчисига итоат этмаганлари сабабли мана шу ғафлатлари янада зиёда бўлиши учун, Эртага - Охират диёрида янада қаттиқроқ азобга гирифтор бўлсинлар деб қилинаётган бир Илоҳий Макр - тадбирдир. Лекин у ғафлат бандалари мана шу Ҳақиқатни мутлақо сезмасдан-англамасдан, кетма-кет қилаётган мудҳиш хатолари-дан тавба қилиш хаёлларига ҳам келмасдан хурсанд бўлиб юрибдилар. Дарвоқеъ, бахтсиз бандаларнинг энг катта бахтсизликлари - улар гуноҳ устига гуноҳ қилиб юрган вақтларида бошларига бирон кулфат-мусибат тушиш ўрнига янада ишлари юришиб мол-дунё ва уруғ-авлодлари кўпайиб кетаётган бўлса, бу ҳолдан кўзлари очилиш ўрнига, “қилган ишим фақат гуноҳ-маъсият бўлса, юрган йўлим ҳаром-хариш бўлса, нега бошимга бало-мусибат тушиши ўрнига ишларим янада юришиб кетяпти?
Аслида бунинг акси бўлиши керак эдику!” деган ўй хаёлларига келмасдан, кундан кунга кўпайиб бораётган жиноятлари жазосиз қолмаслиги муқар-рар эканлигини сезмасдан-ўйламасдан молу маишатлари билан масту мустағрақ бўлиб, кайфу сафо қилиб юраверишларидир.
“Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ушбу Сўзни - Қуръонни ёлғон дейдиган кимсаларни Менга қўйиб беринг! Яқинда Биз уларни ўзлари билмайдиган - сезмайдиган томондан аста-секин (ҳалокатга дучор қилажакмиз)! Мен (гуноҳларини кўпайтиришлари учун) уларга муҳлат бериб, (умрларини узун қилиб) қўюрман. Дарвоқеъ, Менинг «макрим» жуда қаттиқдир!” (Қалам сураси, 44-45-оятлар).
Ундай кимсалар Оллоҳ таоло бу ўткинчи дунё матоларини Ўзи севган бандаларига бергани каби ёмон кўрадиган бандаларига ҳам бераверишини билмайдилар. Бу хусусда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шариф ғоят ибратлидир: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта, Оллоҳтаоло сизларнинг ўрталарингизда ахлоқларингизни тақсимлаб берди, гўё ўрталарингизда ризқларингизни тақсимлаб бергани каби. Албатта, Оллоҳ дунёни Ўзи севадиган кишига ҳам, севмайдиган кимсага ҳам бераверади, аммо динни фақат Ўзи севадиган кишигагина беради. Бас, кимгаки Оллоҳ таоло дин ато этган бўлса, уни севгани аниқдир. Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, банда то дили ва тили баробар мусулмон бўлмагунича мусулмон бўлмас ва то қўшниси унинг кулфатларидан хотиржам бўлмагуни-ча мўмин бўлмас!” Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, унинг кулфатлари нимадир?”, деб сўрашган эди, дедилар: “Унинг адолатсизлиги, зўравонлиги. Банда ҳаромдан мол-дунё топиб, ундан инфоқ-эҳсон қилса, унингучун бу ишида ҳеч қандай баракот бўлмас, садақа қилса, асло қабул қилинмас, ортидан қолдирса, у ҳаром мол унинг дўзахга олиб борадиган дастурхони бўлур! Албатта, Оллоҳ таоло асло ёмонликни ёмонлик билан ўчирмас, балки ёмонликни яхшилик билан ўчирур. Албатта, нопок нарсани нопок нарса поклай олмас”. (Имом Аҳмад ривоят. “Тафсири Мунийр”дан).

57. Албатта, Парвардигорларидан қўрққанларидан доимо хавфда турадиган кишилар;
Юқоридаги оятларда яхшиликлардан - Оллоҳ таолога иймон ва ибодатдан, солиҳ амаллар қилишдан юз ўгиргувчи, ўзлари ёмонликлар - куфр, исёнда бўлганлари ҳолда Оллоҳ таолодан яхшиликлар кутгувчи, қўлларидаги дунё матоларига алданиб, мағрурланиб юргувчи кимсалар ҳақиқий ғафлат бандалари эканликлари айтилиб, динсиз кимсалар қаттиқ огоҳлантирилгач, ушбу оятларда яхши амалларга шошгувчи мўминлар зикр қилиниб, уларнинг энгулуғ сифатлари баён қилинади: ҳақиқий мўминларнинг биринчи сифатлари - улар ҳар бир иш-амалларини Оллоҳ таолодан қўрққан ҳолларида бекаму кўст адо этишга ҳаракат қиладилар-у аммо ҳеч қачон биз зиммамиздаги вазифани бажариб қўйдик деб хотир-жан бўлмайдилар, балки доимо қилган амалим Парвардигорим даргоҳида қабул қилармикан, деб хавфда турадилар. Ҳасани Басрий раҳимахуллоҳ айтади: “Мўмин чиройли амал билан кўркувни жамлаган кишидир, мунофиқ эса, ёмонлик қилиб туриб хотиржам юраверадиган кимсадир”.

58.    Парвардигорларининг оятларига иймон келтирадиган кишилар;
Мўминларнинг сифатларидан яна бири, улар Парвардигорларининг кўкдан Ўзининг элчи-пайғамбарларига нозил қилган барча оятларига ҳам, шунингдек, Ер-у осмонлардаги Унинг Борлигига, Бирлигига ва тенгсиз Қудратига очиқ далолат қилиб турадиган оят-аломатларга ҳам чин дилларидан иймон келтирадилар.

59.    Парвардигорларига ширк келтирмайдиган кишилар;
Яъни, улар ҳеч қачон на очиқ, на яширин тарзда Парвардигорларига бирон нарсани ширк келтирмайдилар, Ундан ўзга бирон кимса ёки бирон нарсага сиғинмайдилар, балки Уни Танҳо Маъбуди Барҳақ деб биладилар ва қиладиган барча амалларини Ёлғиз Унинг Ризосини истаб холисан лиллоҳ адо этадилар.

60. (Берадиган садақотларини Қиёмат Кунида ҳисоб-китоб учун) Пар-вардигорларига қайтгувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган ҳолда берадиган кишилар.
Мўминларнинг сифатларидан яна бири, улар доимо бировларга хайру саховатлар кўрсатар эканлар, закот ва садақотлар берар эканлар, Эртага Қиёмат Кунида Парвардигорлари ҳузурига қайтиб, қилган барча ишлари учун ҳисоб беришларини ўйлаб қалблари қўрқувда туради, Парвардигорим буюрган амални тўғри адо эта олаяпманми, қилаётган ишим қабул бўлмай қолмасмикан, деб хавотирда турадилар.

61.    Ана ўшалар яхшиликларга шошурлар. Улар (доимо яхши амаллар қилишда) ўзгувчидирлар.
Яъни, кимда-ким юқоридаги тўрт оятда зикр қилинган чин Исломий сифатларга эга бўлса, ана ўша кишилар яхшиликлар томон бир-бирларидан ортда қолмаслик учун худди мусобақалашаётгандек шошиладилар ва албатта уларга биринчи бўлиб етиб, мусобақа ғолиби бўладилар. Муфассирлар ояти каримадаги “хайрот - яхшиликлар” калимасини икки хил тафсир қилибдилар: Биринчи тафсир: яхшиликлардан мурод, Оллоҳ таоло мўмин бандаларига буюрган барча яхши амаллардир. Ушбу тафсир эгалари оят мазмунидан тоат-ибодатларни, жумладан энг улуғ ибодат бўлмиш намозни вақти кириши билан адо қилишга шошилиш лозимлиги маълум бўлади, дейдилар. (“Тафсири Бағавий”, “Тафсири Куртубий”).
Иккинчи тафсир оятдаги яхшиликлардан мурод мўмин банданинг қилган солиҳ амалларига Оллоҳ таоло томонидан дунё ва Охиратда ато этиладиган савоблар, ажр-мукофотлардир. Бу тафсирга кўра, юқоридаги оятларда мазкур бўлган сифатларга эга бўлган мўминлар доимо яхши амаллар қилишга шошилишлари билан аслида ўзларига ваъда қилинган яхшиликларга - савоб-мукофотларга етиш учун шошилаётган кишилардир. Уларнинг бошқалардан ўзгувчи эканликларининг маъноси, айрим ҳолларда улар Оллоҳ таолонинг Фазлу Раҳмати билан Охират диёрида оладиган ажр мукофотлардан ташқари мана шу дунёнинг ўзида ҳам кўпдан-кўп яхшиликларга эришишларидир. Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам хабар берилган: “Бас, Оллоҳ уларга ҳам бу дунё савобини (ғалаба ва мол-давлатни) ва ҳам Охиратдаги гўзал ажрни (жаннатни) ато қилди. Оллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади”. (Ол-и Имрон сураси, 148-оят).

62. Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз. Бизнинг даргоҳимизда фақат ҳақни сўзлайдиган китоб (яъни, ҳар бир банданинг номайи аъмоли) бордир. Уларга (Қиёмат Кунида яхшиликларини яшириш ё ёмонликларини ошириш билан) зулм қилинмас.
“Маолимут-танзил”да зикр қилинишича, ояти карима Парвардигордан ҳожатларни сўраш мавзуйидадир. Шунинг учун оят аввалидаги жумла ҳам гўё бир дуонинг жавобидир. Яъни, гўё мўминлар Оллоҳ таолодан: “Бизларни кучимиз етадиган амалларга буюргин”, деб сўраганларида уларга: “Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз”, деб жавоб қилинди. Бу мазмун бошқа оятларда ҳам такрор-такрор келади: “Оллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди”. (Бақара сураси, 185-оят). “Ва (Оллоҳ) ушбу Динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади”. (Ҳаж сураси, 78-оят).
Бу, Ҳақ таолонинг уммати Муҳаммадга кўрсатган Фазлу Марҳаматидир, берган енгиллигидир. Дарҳақиқат, Шариати Исломийя мусулмон банда зиммасига юклаган вазифалардан биронтаси инсонга оғир келадиган қийин иш эмас, балки аксинча, эркак ҳам, аёл ҳам, ёш ҳам, кекса ҳам ҳеч малолсиз адо қила оладиган осон амаллардир. Қолаверса, бу амалларни қилишга буюрган Оллоҳ таоло уларга муҳтож эмас, балки “(ҳар кимнинг) қилган (яхши) амали ҳам ўзи учундир, (ёмон) амали ҳам ўзининг бўйнидадир”. Бу ҳақда яна бошқа оятларда ҳам баён қилинган: “Ҳар бир жоннинг қилган гуноҳи фақат ўз зиёнига бўлур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга (жон)нинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас”. (Анъом сураси 164-оят).
“Бизнинг даргоҳимизда фақат ҳақни сўзлайдиган китоб (яъни, ҳар бир банданинг номайи аъмоли) бордир. Уларга (Қиёмат Кунида яхшиликларини яшириш ё ёмонликларини ошириш билан) зулм қилинмас”.
Ушбу Илоҳий жумлаларнинг энг яхши тафсири мана бу оятлардир: “Мана бу китобимиз (яъни, Бизнинг амримиз билан ёзилган номаи аъмолингиз) сизларга ҳақиқатни айтур. Дарҳақиқат, Биз сизлар қилгувчи бўлган барча амалларингизни (ушбу номаи аъмолга) кўчириб қўйгандирмиз”. (Жосия сураси, 29-оят). “(Сўнгҳар бир кишининг) китоби - номаи аъмоли (тарозуга) қўйилди. Бас, гуноҳкорларнинг ундаги (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлгай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қи-либ ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз бирон кимсага зулм қилмас. (Каҳф сураси, 49-оят).
Ояти карима мазмунидан маълум бўладики, ҳаёти дунёда қилинган бирон бир амал Охират диёрида, Қиёмат Кунида жазосиз қолмайди. У яхши амал бўладими, ёмон амал бўладими, катта ёки кичик-арзимас амал бўладими, албатта Оллоҳтаоло улардан биронтасини қолдирмасдан яхшига баҳосини, ёмонга жазосини бериши аниқдир.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анхудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлар арзимас саналган гуноҳлардан ҳам узоқ бўлинглар! Чунки арзимас саналган гуноҳларнинг мисоли худди бир қавмга ўхшайдики, улар бирон водийга тушиб-тўпланиб, буниси бир дона ўтин келтириб, буниси яна бир дона ўтин келтириб, ўша арзимас саналган хас-хашаклардан катта олов пайдо бўлади ва улар ўша олов билан нонларини пишириб оладилар (яъни, ўша арзимас саналган гуноҳлар ҳам кўпайиб-тўпланиб, охир-оқибатда эгасини дўзах ўтида куйдиришга етадиган оловга айланиши мумкин). Албатта, арзимас саналган гуноҳлар ҳам ҳалок қилгувчидир”. (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, инсон фақат яхши амаллар қилишга одатланиши, ёмонликларнинг эса, каттасидан ҳам, арзимас саналган кичигидан ҳам узоқ бўлиши лозим. Чунки ҳар бир инсон ўзи эккан дарахтнинг мевасидан ейди. Бу хусусда “Танвийрул-азҳон” тафсирида бир ибратли ҳикоят келтирилибди: бир куни Оиша розияллоҳу анҳо уйда ўтирган эди, қўлларини ўраб олган бир аёл кириб келди. Оиша: “Сенга нима бўлди, қўлингни енгингдан чиқармаяпсан?” деб сўради. Аёл айтди: “Эй мўминлар онаси, асти сўраманг. Менинг ота-онам ўтиб кетдилар. Отам хайр-садақотлар қилишни яхши кўрар, онам эса, бировга бир нарса беришни жуда ёмон кўрар эди. Мен унинг бир марта бировга бир бўлак ёғ берганидан бошқа садақа берганини кўрмаганман. Уларнинг икковлари ҳам вафот қилишгач, туш кўрсам, Қиёмат қойим бўлган эмиш-у, онам тик турганича қўлидаги бир бўлак ёғни ялар ва тинмасдан: “Чанқадим, сув беринглар”, деб зорланар эмиш, отам бўлса, ҳавзи Кавсар устида туриб, одамларга сув улашаётган эмиш. Отам ҳаётлик чоғида ҳам энг яхши кўрган садақаси одамларга сув улашиш эди. Бас, мен бир идишда сув олдим-у, онамга узатдим ва шу онда қулоғимга “Ким ўша аёлни суғорса, қўли шол бўлиб қолсин”, деган нидо келди. Уйғонсам, қўлим шол бўлиб қолибди”.
“Парвардигорингиз бирон кимсага зулм қилмас”.
Дарҳақиқат, Ҳақ таолонинг қилган ҳар бир иши Ҳикмат ва Адолатдир, У бирон кимсага заррача зулм қилмас. Мана бу оятлар ҳам ушбу жумланинг тасдиқидир: “Биз Қиёмат Куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яъни, заррачалик яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшанида келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилгувчидирмиз”. (Анбиё сураси, 47-оят). “Албатта, Оллоҳ бир зарра вазнича зулм қилмас. Агар (заррача) яхшилик бўлса, уни бир неча баробар қилур ва Ўз хузуридан улуғ ажр ато этур. (Нисо сураси, 40-оят).
Одатда банда билан банда ўртасидаги муомалада зарра вазни эътиборга олинмайди. Зотан, бунинг иложи ҳам йўқ, чунки махсус ускуна бўлмаса, унинг оғирлигини ўлчаш мумкин эмасдир. Аммо банда билан Оллоҳ таоло ўртасидаги муомалада эса ушбу ояти каримада таъкид билан айтилишича, Яратган бандасининг зарра вазнича яхши амалини ҳам ҳисобга олиб, “уни бир неча баробар қилур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр ато қилур”.

63. Йўқ, (кофирларнинг) қалблари бундан (яъни, юқорида мазкур бўлган мўминларнинг фазилатларидан) ғафлатдадир. Улар учун бундан бошқа (яъни, динсизлик, риёкорлик, ширк ва дилозорлик каби) ўзлари қилгувчи бўлган амаллар бордир.
Яъни, кофир-мушрик бўлган кимсаларнинг қалблари бу ишлардан тамоман ғафлатдадир. Улар мўминларнинг устивор сифатларидан бўлмиш яхшиликларга шошилиш нима эканлигини мутлақо билмайдилар, Оллоҳ таоло Ўзининг Динини бандалари учун жуда осон қилиб қўйганидан, унда инсонларни қийнаб қўядиган бирон амал йўқлигидан ҳам бехабарлар, Қиёмат Кунида барча қилмишлари бирон бир иш қодирилмасдан аниқ тиниқ битиб қўйилган номайи аъмоллари Оллоҳтаоло даргоҳида туришига ва қилинган ҳар бир иш учун Яратган ҳузурида ҳисоб бериш борлигига эса нодон ақллари бовар қилмагани учун ишонмайдилар, балки “ўлдикми, тупроққа айланиб кетаверамиз, мана шу дунё ҳаётидан бошқа ҳеч қандай ҳаёт йўқ”, деб сафсата сотадилар. Бас, мана шундай бузуқ эътиқодлари билан у ғафлат бандалари яхши амаллар қилишлари мумкинми?! Асло мумкин эмас. Демак, уларнинг ўзлари қиладиган бошқа ишлари бор - улар бутун ҳаётларини нафсларига қуллик қилиш, Оллоҳ таолога ширк келтириш, мўминларга зулм-зўравонликлар қилиш ва бир-бирларига ҳаромдан тўплаган мол-дунёларини кўз-кўзлаб мақтаниш каби барча динсиз кимсаларга хос бўлган қабиҳ ишлар билан ўтказиб юраверадилар.

64. То қачон Биз уларнинг боёнларини азоб билан ушлаганимиз-да (яъни, уларнинг мол-давлатларини кетказиб, оч-яланғоч қилиб қўйганимизда) баногоҳ улар дод-фарёд қилиб қолурлар.
Яъни, у ғафлат бандалари то Биз уларни бирон бало-мусибатга дучор қилмагунимизча ўзларининг қабиҳ ишларидан тўхтамайдилар, куфр-исёнларида адашиб-улоқиб юраверадилар. Фақат қачонки Биз уларнинг катталари бўлган, мулку давлатлари ва уруғ-авлодлари билан мағрур бўлиб ўзларидан кетган бой-зодагонлари устига очарчилик, қаҳатчилик каби бирон қаттиқ азобни туширганимиздагина кўзлари ярқ этиб очилади ва Биздан ёрдам беришимизни, бу балодан қутқаришимизни илтижо қилиб дод-фарёд сола бошлайдилар, гуноҳларини кечиришимизни сўраб тавба-тазарруъ қилишга тушадилар. Бас, бошларига бало келганида боёнларики шундай ҳолга тушгач, уларнинг тобелари, қул ва хизматкорларининг аҳволлари янада аянчли бўлиши муқаррардир.

65-66-67. (Шунда Биз айтурмиз): «Бугун энди дод-фарёд қилмангиз! Аниқки, сизларга Биз томонимиздан (ҳеч қандай) ёрдам бўлмас. (Чунки) сизларга Менинг оятларим (Қуръон) тиловат қилинганида сизлар (ундан юз ўгириб) кетингизга тисланар, («Байтуллоҳ бизларники, биз ҳеч кимдан қўрқмаймиз», деб), у билан кибру ҳаво қилган ҳолларингизда (Қуръон хусусида) тун бўйи (беҳуда сўзларни) жавраб чиқар эдингизлар».
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Макка мушриклари ҳақида сўзлаб, бошларига бало тушган кунда уларга ёрдан берилмаслигининг уч сабабини айтади: биринчи сабаб, у жоҳилларга Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ таоло нозил қилган оятларни тиловат қилиб берганларида улар диққат-эътибор билан қулоқ солиш ўрнига Қуръон оятларини эшитмаслик учун доимо орқага тисланиб, товонлари билан юриб сездирмасдан қочиб қолар эдилар. Иккинчи сабаб, улар Макканинг туб аҳолиси бўлганлари учун кибр-ҳаво қилишиб: “Макка бизларники, Оллоҳ таолонинг Ҳарами бўлган Байтуллоҳ бизларники, бас, ҳеч ким бизга ҳеч қандай зиён етказа олмайди”, дейишиб, Қуръон оятларини эшитишдан бош тортишар ва бу мутакаббирликлари мудом уларни Тўғри Йўлга юришдан тўсиб турар эди. Учинчи сабаб, у нодон кимсалар доимо тунлари Каъба атрофида ўтиришиб олиб, Қуръон ҳақида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ноҳақ, ножўя сўзларни жаврашар эдилар ва мана шу уч иллатлари сабабли улар Оллоҳ таолонинг ёрдамидан маҳрум бўлишга албатта мустаҳиқ эдилар. Гарчи ушбу оятлар Пайғамбар алайҳис-саломга замондош бўлган мушриклар ҳақида нозил қилинган бўлса-да, ҳукми умумий бўлиб, кимда мана шу уч ёмон иллат - Қуръон тиловат қилинганида қулоқ солмасдан юз ўгириб кетиш, мутакаббирлик ҳамда тунлари уйку ва ибодат вақтида беҳуда ва бефойда сўзларни сўзлашиб ўтириш иллатлари бўлса, ундай кимсалар бошларига қаттиқ кунлар тушиб қолганида Оллоҳ таолонинг ёрдами-дан маҳрум бўлишлари ҳавфи борлиги ҳақида огоҳлантиради.
Азиз ўқувчим, агар эътибор қилсак, мазкур иллатлардан айниқса учинчиси бизнинг замонимизда, мусулмонлар орасида ҳам урчиб, ниҳоят даражада оммалашиб кетганига гувоҳ бўламиз. Афсуски, жуда кўпларимиз (агар ҳаммаларимиз бўлмасак!) хуфтон намозидан кейин аксари вақтимизни беҳуда мишмишларни, балки гуноҳи кабира бўлган ғийбат ва ёлғон-яшиқ сўзларни сўзлашиб ўтириш билан ўтказамиз, агар гаплашадиган одам топилмаса, уйимизнинг тўрини эгаллаб олган, айтадиган сўз-хабарларининг юзда тўқсон тўққизи ёлғон ва зиёнли сўзлардан, кўрсатадиган “кароматлари” беҳаё суратлардан иборат бўлган, ота-оналаримиз “дилбузар” деб жуда тўғри ном кўйган қора қутининг оғзига термилиб тун ярмигача ўтириб, бомдод намозини ғафлат уйқусида ўтказиб юбораверадиганлар ҳам афсуски, орамизда йўқ эмас...
Ҳолбуки, ўқиб-ўрганаётганимиз Оллоҳ таолонинг оятлари ва Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламдан ривоят қилинган қатор ҳадислар бизни бу номаъқул ва зарарли одатларни тарк этишга буюради, акс ҳолда катта зиён тортишимиз - Яратганнинг Мадад-Ёрдамидан маҳрум бўлиб қолишимиз хавфи борлиги ҳақида огоҳлантиради. Кўзларимиз очилса эди!
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоху анҳумо ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Оёқ тинганидан (яъни, хуфтон намозини ўқиб қайтганларингиздан) кейин сўзлашиб ўтиришдан узоқ бўлинглар! Чунки сизлардан ҳеч ким Оллоҳ таоло (тунда Ер юзига) қандай махлуқларини тарқатиб юборишини билмас. Шунинг учун эшик-дарвозаларингизни қулф-лангиз, мешларингиз - сув идишларингизнингустини ёпингиз, идиш-оёқларингизни ўраб қўйингиз ва чироқларни ўчириб (ётоғингизга кирингиз)!”
Имом Муслим Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулаллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозини кечанинг учдан бири ўтганидан кейин ўқир, ундан олдин ухлашни ва ундан кейин сўзлашиб ўтиришни ёмон кўрар эдилар”. Уламолар айтадилар: “Пайғамбар алайҳис-саломнинг хуфтон намози ўқилишидан илгари ухлашни ёмон кўрганлари, хуфтондан олдин ухлаган киши уйғона олмасдан уни ўтказиб юбориши хавфи бўлгани учундир, хуфтондан кейин сўзлашиб ўтиришдан қайтарганларига сабаб эса, кишиниг ҳар кунги сўнгги намози бўлган хуфтон унинг кундузи қилган хатоларига каффорат бўлиб, уларни ўчириб юборади, энди у гуноҳлардан саломат ҳолида, кундалик номайи аъмоли ёзиладиган саҳифага фаришталар бугун қилган охирги иши ибодат бўлди, деб муҳрлаб кўйган ҳолида уйқуга кетади. Бас, агар у мана шундай яхши ҳолатда уйқуга ётмай яна сўзлашиб ўтирадиган бўлса, у ҳолда куннинг хотимасини беҳуда-ботил сўзлар билан якунлаган бўладики, бу мўминлар қиладиган иш эмасдир”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Билишимиз лозимки, бу ўринда сўз айнан бекорчи, бефойда сўзлар ҳақида боради. Аммо кимда-ким хуфтон намозини адо этганидан кейин уй-куга ётмасдан мана шу сокин соатларни Дин илмларини ўрганиш ёки уни ўзгаларга таълим беришга сарфласа, зикру тасбиҳ айтиш ва нафл намозлар ўқиш билан ўтказса, албатта уйқунинг бир қисмидан кечиб бундай солиҳ амаллар қилишнинг ҳеч қандай кароҳияти бўлмай, аксинча унинг номайи аъмолига янада кўпроқ яхшиликлар ёзилишига сабаб бўлади, иншооллоҳ.
Улуғ муфассирлардан Заҳҳок раҳимаҳуллоҳ ўрганаётганимиз ушбу оятлар тафсирида айтади: “Мазкур оятларда зикр қилинган Макка боёнлари бошига тушган азобдан мурод, очарчилик балосидир. Бу азоб у золим-зўравонлар Қуръондан юз ўгириб Пайғамбар алайҳис-саломни ёлғончи қилиб, мўминларга тинмай озор-азийятлар бераверганларидан кейин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ таолога илтижо қилиб мана бу дуони қилганларида уларни ушлаган эди. У зот: “Оллоҳим, Музорга (Маккадаги энг катта уруғлардан) азобингни қаттиқ қилгин, Оллоҳим, уларнингустига худди Юсуф алайҳис-салом қавмига туширганинг каби қаҳатчилик йилларини туширгин”, деб дуо қилган эдилар. Бас, Оллоҳ таоло уларни шундай қаҳатчилик ва очарчиликка мубтало қилдики, ҳатто улар суякларни, ўликларни, итларни ва ўлаксаларни ея бошладилар. Мол-ҳол ва бола-бақралари қирилиб кетди”. (Бухорий ва Муслим ривояти).

68. Ахир улар бу Сўзни - Куръонни тадаббур - тафаккур қилиб кўрмадиларми ёки уларга аввал ўтган ота-боболарига келмаган нарса келдими?!
Ушбу ва қуйидаги оятларда хусусан Макка мушрикларида ва умуман барча динсиз-иймонсиз кимсаларда ҳам Қуръоннинг Ҳақ Каломуллоҳ эканини ҳамда Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Оллоҳ таоло юборган ҳақ Элчи эканликларини инкор этишларига сабаб бўладиган бирон-бир далил-ҳужжатлари йўқлиги ва бўлиши ҳам мутлақо мумкин эмаслиги ўзига хос тарзда баён қилиниб, кофирлар Қуръондан юз ўгиришларига фақат бир нарса - уларнинг Ҳақни ёмон кўришлари сабаб бўлгани таъкидланади. Ҳақтаоло дастлаб сўрайди: Макка мушрикларининг Қуръондан юз ўгиришларига ва Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламни ёлғончи қилишларига нима сабаб бўлди? Уларнинг она тилларида нозил қилинган, фасоҳат ва балоғатда муглақо тенги йўқ Калом эканлиги бошқаларга билинмаганда ҳам уларга аниқ аён бўлган Сўз - Қуръон маъноларини диққат-эътибор билан, тафаккур ва тадаббур билан ўқиб, уқиб, ўрганмаганлари эмасми?! Ахир бир Ҳақиқатни инкор этмоқчи бўлган кимса аввал у ҳакда чуқур тафаккур қилиши керак эмасмиди?! Агар улар тадаббур қилганларида, Қуръон тенгсиз ва Танҳо Зотнинг Каломи экани очиқ кўринар эдику! Унинг барча оятлари бир-бирига боғлиқ ва мувофиқ экани, у Китобдаги ўтмиш, ҳозир ва келажак ҳақида берилган хабарлар ўртасида ихтилофлар йўқлиги, ундаги инсон ҳақида ва ёки бошқа катта-кичик, жонли-жонсиз мавжудот ҳақида айтилган бирон сўз, воқега зид эмас, балки айни Ҳақиқат экани аён бўлар эдику! “Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Агар у Оллоҳдан бошқа биров томонидан бўлса эди, унда кўп қарама-қаршиликларни топган бўлар эдилар-ку?!” (Нисо сураси, 82-оят).
“ёки уларга аввал ўтган ота-боболарига келмаган нарса келдими (ва шу сабабдан улар ҳеч ўйлаб-тафаккур қилиб ўтирмасдан уни инкор этмоқдаларми)?!”
Яъни, у динсиз кимсалар Оллоҳ таоло томонидан китоблар нозил қилиниши илгари ҳеч қачон бўлмаган воқеа деб даъво қиладиларми ва шу сабабдан Қуръоннинг Каломуллоҳ эканига ишонмасдан куфр-залолат йўлини танламоқдаларми?! Ахир Ҳақ таоло томонидан унинг элчи-пайғамбарларига китоблар юборилиши У Зотнинг қадимий қонунларидан эканлиги ҳаммага маълум ҳақиқатлардан ва бу ҳақиқатга аввал ўтган умматларнинг тарихлари гувоҳку?!

69. Ёки улар ўзларининг элчиларини (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломни ишончли, ростгўй ва хушхулқ инсон эканини) танимаган-билмаганлари учун уни инкор қилгувчи бўлдиларми?!
Ахир бошқалар билмаса ҳам улар, яъни, Маккаликлар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни, у зоти бобаракотнинг қавмдаги энг ишончли, ростгўй ва гўзал хулқли Инсон эканликларини жуда ҳам яхши билар эдиларку?! Ҳатто уларнинг ўзлари у зотни Ишончли Муҳаммад - Муҳаммад Амин деб атар эдиларку?! Бас, не сабабдан энди уни ёлғончи қилмоқдалар?! Ҳасад қилганлари учун эмасми?! (Суфён ибн Уяйна тафсири. “Тафсири Қуртубий”дан).

70. Ёхуд: «Унда (Муҳаммадда) жунун бор», дейдиларми?! Йўқ, (Муҳаммад алайҳис-салом) уларга Ҳақ (Дин)ни келтирди. Уларнинг кўплари эса Ҳақни ёмон кўргувчидирлар.
Ахир ўша номаъқул сўзни айтгувчилар Муҳаммад алайҳис-саломга рисолат-пайғамбарлик келишидан илгари у зотни тенгсиз доно инсон эканликларини кўриб, билиб, эътироф этиб юришар эдику! Ҳатто, масалан, Каъбани таъмирлаш чоғида ҳам унинг бир бурчига ҳажарул-асвадни қайтадан ўрнатишдек шарафли вазифани ичимизда энг тўғри сўз, тўғри фикрли, доно йигит мана шу, дейишиб Муҳаммад алайҳис-саломга ишонишган ва ўшанда у зот кўйлакларини ечиб ерга ёйиб, унинг устига ўша муқаддас тошни қўйиб, сўнгра Маккадаги қабилаларнинг катталарига - ўша, ҳажарул-асвадни кўйишга мен ҳақлироқман деб бир-бирлари билан уришиб, талашаётган кимсаларга ҳажар солинган кўйлакни ҳар тарафидан баробар кўтаришни буюриб, кейин ўзлари муборак қўллари билан уни Каъба деворига ўрнатганларида барчалари баробар “Ақлингга тасанно”, дейишиб Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг тенгсиз ақли расо инсон эканликларига қойил бўлган эдиларку!
Демак, мана шу биргина ва лекин бениҳоя ибратли мисолдан ҳам аён бўлиб турганидек, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилиш учун турли номаъқул сўзларни айтаётган мушрик-кофирлар у зотнинг энг ақли комил инсон эканликларини жуда яхши билишади.
Бас, бу хусусда уларда заррача шак-шубҳа бўлиши мутлақо мумкин эмас. Балки сўз тамоман бошқа ёқда. Сўз у кофирларнинг тийнат-табиатларига ўрнашиб олган бузуқликда, қалбларига сингиб кетган иллат - Ҳақни ёмон кўришларида! Шунинг учун улар Ҳақ Сўзни Ҳақ Динни келтирган Оллоҳнинг Элчисини ёмон кўрадилар.
Чунки улар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам келтирган Ҳақ Сўзни тан оладиган бўлсалар, кўп нарсаларини қўлдан бой берадилар, мансаб-мартабаларидан ажраб қоладилар. Шу боисдан очиқ-равшан Ҳақиқатга иймон келтириш ўрнига Пайғамбар алайҳис-саломга ҳар-хил айбларни ёпиштирмоқчи бўладилар ёки ўзларининг ботил-бемаъни талабларига у зотни кўндирмоқчи бўладилар.

71. Агар Ҳақ - Куръон уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса эди (яъни, унда: «Оллоҳнинг шериклари бор», деган гап келса эди) албатта осмонлар, Ер ва улардаги бор жонзот бузилиб-ҳалок қилинган бўлур эди. Йўқ, Биз уларга ўзлари учун Эслатма (бўлган Қуръонни) келтирдик, улар эса ўзларининг Эслатмаларидан юз ўгиргувчидирлар.
Яъни, агар фаразан Ҳақ таоло ва У Зот нозил қилган Ҳақ Сўз - Қуръон мушриклар истаган ботил ҳавойи хоҳишларга эргашганида ва Оллоҳ таолонинг Танҳо Илоҳ эканлигини, Унинг ҳеч қандай шериги йўқ эканилигини очиқ айтмаганида, у ҳолда Ҳақдан ботил устун келган бўлар эди ва албатта Ер-у осмонлардаги ва уларнинг ўртасидаги жамийки инсонлар ҳам, фаришталар ҳам, жинлар ҳам, қолган барча жонли-ю жонсиз махлуқот ҳам қирилиб кетган бўлар эди. Бу ҳақда бошқа бир сурада янада очиқ айтилади: “Агар (осмонлар ва Ерда) Оллоҳдан ўзга худолар бўлганида эди, албатта, (у худоларнинг ҳар бири ўз хоҳиш-иродасини амалга оширмоқчи бўлар ва бунинг натижасида Еру осмоннинг) ҳар иккиси бузилиб кетар эди. Бас, Арш Эгаси бўлмиш Оллоҳ улар сифатлаётган (шериклардан) Покдир”. (Анбиё сураси, 22-оят).
Ушбу ояти карима Оллоҳ таолонинг Танҳолиги, Унинг бирон бир шериги бўлиши асло мумкин эмаслиги хусусидаги яна бир Илоҳий Далилдир, ҳеч ким инкор эта олмайдиган мантиқий Ҳужжатдир. Дарҳақиқат Илоҳ сўзи бутун борлиқни, ҳар бир мавжудотни йўқдан бор қилган Холиқ, барча махлуқотга умр ва ризқ бериб, бошқариб тургувчи Парвардигор, ўлдириш ҳам, тирилтириш ҳам Ўз Қўлида бўлган Хожа, нафақат ҳаёти дунёни, балки Охират диёрини ҳам Ўз Ҳукми остида ушлаб тургувчи, бандаларини ҳисоб-китоб қилиб Қиёмат кунида яхшига мукофот-жаннат неъматларини ато этгувчи, ёмонга жазо-дўзах азобини бергувчи чексиз-чегарасиз Қудрат Соҳиби бўлган Подшоҳ деган маънони англатгани учун Еру осмонларда Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолодан бошқа илоҳлар ҳам бор деб даъво қилиш мутлақо ақлсизликдир. Чунки, агар фаразан осмонлардами, Ердами Ёлғиз Оллоҳдан ўзга илоҳлар ҳам бўлганида, табиийки. Улардан ҳар бири ўзи ҳоҳлаган ишни қилмоқчи, ўз ҳукмини юргизмоқчи бўлар ва натижада ўрталарида чиққан ихтилоф-келишмаслик сабабли бир зумда Ер-у осмон ва улардаги бор жонли-жонсиз мавжудотнинг барчаси ҳалок бўлиши муқаррар эди. Демак, аниқ маълум бўладики, бутун борлиқнинг - Ер-у осмонларнинг, дунё ва Охиратнинг Илоҳи Танҳо Оллоҳ таоло бўлгани учун ҳам тинч-осуда ҳаёт давом этмоқда, осмонлар ва Ер бузилмасдан, йўқ бўлмасдан ўз ўрнида турибди. Бас, Оллоҳ таолонинг Якка-ю Ёлғиз, ҳеч қандай шериги бўлмаган Илоҳ эканлигига яна қандай далил-исбот керак?! Албатта, агар бир мамлакатда иккита подшоҳ бўлса, у жойда осуда ҳаёт кечириб бўлмаслигига, ҳатто, бир оилада иккита бошлиқ бўлса, у оила бузилиб кетиши аниқ эканлигига ақли-фаросати етадиган ҳар бир инсон агар Ер-у осмонда Танҳо Оллоҳдан ўзга илоҳлар бўлганида, шак-шубҳасиз бутун борлиқ бузилиб, йўқ бўлиб кетиши аниқ эканлигига ҳам ақл-фаросати етади. Демак, мушрик-кофирларнинг: “Оллоҳнинг боласи бор, хотини бор”, деб даъво қилишлари, ўзлари қўллари билан ясаб олган бут-санамларига: “Булар ҳам илоҳларимиз”, деб сиғинишлари очиқ жаҳолатдир. “Бас, Арш Эгаси бўлмиш Оллоҳ улар сифатлаётган (“шериклар”)дан Покдир”.
“Оллоҳнинг боласи йўқдир ва У Зот билан бирга бирон илоҳ йўқдир. Акс ҳолда албатта ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан кетиб, бир-бирларидан устун бўлиб олур эдилар (яъни, хдр бир «илоҳ» ўз ҳукмини ўтказмоқни истаб, натижада Еру осмон бузилиб кетган бўлур эди). Оллоҳ улар сифатлаётган (шериклар)дан Покдир.” (Мўминун сураси, 91-оят).
“Йўқ, Биз уларга ўзлари учун Эслатма (бўлган Қуръонни) келтир-дик, улар эса ўзларининг Эслатмаларидан юз ўгиргувчидирлар”.
Ушбу Илоҳий жумладаги “Эслатма”дан мурод, аксари муфассирлар наздида уларни ҳаммага эслатиб, шарафлаб турадиган Илоҳий Неъмат деган мазмундадир. Дарҳақиқат, Макка мушриклари учун Қуръони Карим уларнинг тилларида нозил қилиниши ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг қавмидан эканликлари беқиёс катта шараф эди.
Ояти каримада Ҳақ таоло Пайғамбар алайҳис-саломнинг қавм-қариндошлари бўла туриб у зотнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига ва ўз тилларида нозил қилинган Қуръони Каримнинг Ҳақ Каломуллоҳ эканлигига иймон келтирмаган Қурайш қабиласига хитоб қилиб: “Эй қурайшликлар, нега ақлларингизни ишлатмаяпсизлар, ахир Биз сизларнинг қавмингиздан бўлган бир кишига ўзларингизнинг тилларингизда Китоб нозил қилганимиз сизлар шукр ва ифтихор қилишингиз лозим бўлган улуғ шараф эмасми?! Нега сизлар у Китобга ва уни сизларга етказган Расулимизга энг аввалгилардан бўлиб иймон келтириш ўрнига кофир ва жоҳил ҳолларингизла қолмоқдасизлар?!” деган ҳақли ва ўта мантиқли бир саволни ўртага қўяди. Дарҳақиқат, Оллоҳтаоло нозил қилган ва ҳар бир ояти Зикр-Эслатма бўлган Каломуллоҳ унга иймон келтирган ва ундаги кўрсатмаларга амал қилган ҳар бир мўмин-мусулмон учун дунё-ю Охиратда тенгсиз улуғ шараф ва бахт-саодатдир, иймонсиз-динсиз кимсалар учун эса, уларни Қиёмат Кунида шарманда қиладиган Илоҳий Ҳужжатдир. Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қуръон сенинг фойдангга ёки зиёнингга ҳужжатдир”, деган сўзларининг маъноси ҳам шудир. (Муслим риивояти).
Қуръони Каримнинг мўминлар ҳаёт-мамотларида тутган ўрни бошқа бир оятда ҳам эслатилган: “Албатта у (Қуръон) Сиз учун ҳам, қавмингиз-умматингиз учун ҳам бир шарафдир ва яқинда (Қиёмат Кунида бу неъмати Илоҳийя хусусида) сўралурсизлар”. (Зухруф сураси, 44-оят).

72. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), ёки Сиз улардан харж (яъни, Қуръон оятларини етказганингиз эвазига ҳақ) сўрамоқдамисиз? (Йўқ, Сиз ҳаргиз улардан харж сўрамассиз, чунки) Парвардигорингизнинг харжи - берадиган ажри яхшироқдир. У энг яхши Ризқ бергувчидир.
Албатта, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам зиммаларидаги элчилик вазифаларини адо этар эканлар, инсонларни Ҳақ таоло буюрган Тўғри Йўлга даъват қилар эканлар, бу ишлари учун ҳеч кимдан ҳеч қандай ҳақ талаб қилмас эдилар.
У зот энгяхши Раззоқ ОллоҳтаолонингЎзи эканилигига иймон келтирган кишиларнинг аввали - пешқадами бўлганларига тарих гувоҳдир. Шунинг учун ҳам мушриклар: “Эй Муҳаммад, сен “Ла илаҳа иллаллоҳ - Ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ”, деган сўзингни тўхтат, биз сенга шу қадар кўп мол-дунё тўплаб берайликки, сен орамиздаги энг бой инсон бўлгин”, дейишганида, молпараст мушрикларнинг бу таклифларини қатъий рад этиб: “Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар айтган арзимас дунёларингизни эмас, балки осмондаги куёшни бир елкамга, ойни иккинчи елкамга қўндириб қўйсангизлар ҳам мен токи тирик эканман Ла илаҳа иллаллоҳга даъват қилишимни тўхтатмайман”, дедилар. Чунки у Зоти бабаракот бандалар берадиган “ризқ” Оллоҳтаоло ато этадиган ажр-мукофотлар олдида сариқ чақага ҳам арзимаслигини энг яхши биладиган инсон эдилар. Бу хусусда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Айтинг: “Мен сизлардан сўраган бор ажру-мукофот ўзларингизга бўлсин (яъни, мен сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамасман). Менинг ажр-мукофотим Ёлғиз Оллоҳнинг зиммасидадир. У барча нарсага Гувоҳдир”. (Сабаъ сураси, 47-оят). “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: “Мен (Қуръонни етказганим учун) сизлардан бирон ажр-ҳақ сўрамайман ва мен сохтакорлардан (яъни, ёлғондан пайғамбарликни даъво қилгувчи кимсалардан) хдм эмасман”. (Сод сураси, 86-оят).

73-74. Шак-шубҳасиз, Сиз уларни фақат Тўғри Йўлга даъват қилурсиз. Ва шак-шубҳасиз, Охиратга иймон келтирмайдиган кимсалар Йўлдан озгувчидирлар.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, ҳеч қандай шак-шубҳасиз йўқки, Сиз жамийки инсонларни ва улар қаторида Макка мушрикларини ҳам ягона Тўғри Йўл бўлмиш Дини Исломга даъват қилурсиз. Фақат мана шу Тўғри Йўлгина инсонларнинг азиз-мукаррам бўлишларига, ўнг-сўлга оғмасдан тўғри юришларига ва ҳар икки дунёда бахт-саодатга эришишларига кафолат берадиган Йўлдир. Диний ва дунёвий мушкила-муаммоларни ҳам фақат Сиз даъват қилаётган мана шу Тўғри Йўлда устивор бўлган инсонларгина тўғри ҳал қила оладилар.
Дарҳақиқат, бу ҳақиқатни нафақат мусулмон уламолари, балки бошқа динларга мансуб бўлган ақлли-инсофли олимлар ҳам эътироф этадилар. Аммо Охиратга ишонмайдиган, яъни инсонлар ўлганларидан кейин албатта яна қайтадан тирилишларига, бу дунё ҳаётидан бошқа Охират диёридаги ҳаёт ҳам борлигига ва ана ўша диёрда ҳар бир инсон ҳаёти дунёда қилган ишлари учун ҳисоб-китоб қилинишига ишонмайдиган кимсалар Сиз даъват қилаётган Тўғри Йўлга эргашмаганлари сабабли албатта адашгувчидирлар, йўлдан озгувчидирлар.

75-76-77. Агар фаразан Биз уларга раҳм-шафқат қилиб, улар би-лан бўлган нарсани (қаҳатчилик ва очарчиликни) аритганимизда ҳам шак-шубҳасиз, улар қайсарлик билан ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юришда давом этган бўлар эдилар. Мана Биз уларни азоб-очарчилик билан ушладик. Улар эса на Парвардигорга бўйин эгдилар ва на тавба-тазарруъ қилдилар. То қачон Биз уларга қаттиқ азоб-қаҳатчилик дарвозасини очиб қўйганимизда эса, баногоҳ улар бутунлай номурод бўлдилар.
Ривоят қилинишича, Макка мушриклари Пайғамбар алайҳис-саломнинг қарғишларига учраб очарчиликка гирифтор бўлишиб ҳам иймон келтирмаганларидан кейин уларга “азоб дарвозаси очилиб”, бу қаҳатчилик етти йилга чўзилган экан. Шунда Қурайш катталари бутунлай умидсизликка тушиб, Пайғамбар алайҳис-саломнинг хузурларига келишганида Оллоҳ таоло у зотга агар бу кофирларга яна мўл-кўлчилик берилса, улар яна ўзларининг кибру туғёнларига қайтишлари ҳақида хабар беради. Юқорида мазкур бўлган уч ояти карима шу ҳақдадир.
Кўпчилик уламолар Маккада нозил бўлган ушбу сурадан жой олган мазкур уч оят кейинроқ, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салам Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин нозил қилинган оятлардан эканлигига ишора қиладилар ва Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилинган мана бу тафсирни келтирадилар: Сумома ибн Усол Ҳанафий жангда асирга олинган мушриклар қаторида Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламнинг хузурига келтирилганида у зот Сумомани озод қилиб юборадилар. Шундан кейин у Дини Исломни қабул қилиб Маккага боради, сўнгра ўз юрти Ямомага қайтади ва у юртдан маккаликларга узлуксиз келиб турадиган озиқ-овқатларнинг йўлини тўсиб Макка томонга ўтказмай кўяди. Бунинг натижасида Қурайш қабиласи қаҳатчилик ва очарчиликка дучор бўлиб, ҳатто ўлган хдйвонларнинг қон ва гўштларини ейишга мажбур бўладилар. Шунда макканинг энг обрўли кишиларидан бўлган Абу Суфён Мадинага Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг хузурларига бориб: «Эй Муҳаммад, сен ўзингни бутун оламларга Оллоҳнинг Раҳмат-Марҳамати қилиб юборилганингни даъво қилмасмидинг?» деганида, Пайғамбар алайҳис-салом: “Ҳа, шундай”, дедилар. Бас, у: “Ахир сен ўз қабилангнинг оталарини қилич билан, болаларини очарчилик билан ўлдирдингку! Мен сендан Оллоҳнинг ҳаққи ва қариндошчилик хурмати билан талаб қиламан, Оллоҳдан дуо қилиб сўрагин, биздан бу қаҳатчиликни кўтарсин”, деганида Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дуо қилган эдилар, уларнинг бошларига тушган очарчилик ва қаҳатчилик кетди ва мазкур оятлар нозил бўлди. (Барча тафсир китобларидаБайҳақийнинг “Далоил”китобидан ривоят қилинган).

78. (Оллоҳ) сизлар учун қулоқ(лар)ни, кўзларни ва дилларни пайдо қилган Зотдир. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар.
Яъни, эй инсонлар, Оллоҳ таоло сизларни оналарингиз қорнидан дунёга келтирган кунда сизлар ҳеч нарсани билмас эдингизлар. Лекин Меҳрибон Парвардигорингиз ҳали она қорнидалик пайтингиздаёқ ҳар бирингизни билим ва маърифат олишингиз учун зарур бўлган кулоқ, кўз ва қалб каби энг керакли аъзолар билан таъминлаб қўйган эди. Токи сизлар ўз қулоқларингиз билан Яратганнинг Амр-Фармонларини эшитишингиз учун, кўзларингиз билан Унинг тенгсиз Қудратига далолат қиладиган мўъжизаларни кўришингиз учун ҳамда қалбингиз билан У Зотни таниб иймон келтиришингиз ва шукр қилишингиз учун сизларнинг ҳар бирингизга қулоқ, кўз ва юрак ато этилди.
Маълумки, Оллоҳтаолога шукр қилиш фақаттил билан бўлмай, балки инсон вужудидаги ҳар бир аъзосини нима учун яратилган бўлса, ана ўша мақсадда ишлатиши билан бўлади. Яъни, қачонки банда Оллоҳ таолога чин ихлос билан тоат-ибодат қиладиган бўлса, унинг барча феъллари Ёлғиз Оллоҳ учун қилинадиган бўлиб қолади - энди у эшитганида холис Оллоҳ учун эшитади, демак, у Оллоҳ таоло ҳаром қилган ёлғон, иғво ва ғийбатга кулоқ тутмайди ва сўзламайди; кўрганида холис Оллоҳ учун кўради, демак, у Оллоҳтаоло қарашни ҳаром қилган нарсаларга қарамайди; ҳатто унинг қўл оёқлари ҳам фақат Оллоҳ таолога тоат-ибодат қилиш учун ишлайди ва оқибат-натижада ҳам дунёда, ҳам Охиратда Ҳақ таолонинг Фазлу Раҳматига сазовор бўлади.
Бу хусусда “Саҳиҳул Бухорий”да ривоят қилинган ҳадиси қудсийда ҳам айтилгандир: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳтаоло айтди: “Ким Менинг дўстимга душманлик қилса, у Менга қарши яккама-якка урушга чиқибди. Бандам Менга Мен унга фарз қилган ибодатларни адо этишдан афзалроқ бирон нарса билан яқинлаша олмас, сўнг бандам Менга тинимсиз нафл ибодатлар қилиш билан яқин бўлишга ҳаракат қилади ва оқибатда Менинг Меҳру Муҳаббатимни қозонади. Бас, қачон Мен унга меҳр қўйсам, у ҳолда унинг эшитадиган қулоғига, кўрадиган кўзига, тутадиган қўлига ва юрадиган оёғига айланаман (Яъни, унинг ҳар бир хатти-ҳаракатида Ўзим Мададкор бўламан) ва у Мендан нимани сўраса, албатта унга сўраган нарсасини ато этаман, Менга дуо қилса, албатта ижобат қиламан Мендан паноҳ сўраса, албатта паноҳ бераман. Мен бирон нарсада мўмин бандамнинг жонини олишда иккиланганим каби иккиланмайман - у вафот қилиши лозим - ажали битган, аммо у ўлишни хохдамайди, Мен эса уни хафа қилишни хоҳламайман”. (“Тафсири Мунийр”дан).

79. У сизларни Ерда яратиб - (сўнгра унинг ҳар тарафига таратиб юборган) Зотдир. Ва (шак-шубҳасиз, Қиёмат Кунида) сизлар Унинг ҳузурига тўпланурсизлар.
Яъни, Оллоҳ таолонинг Ўзи сиз - инсонларни Ерда яшашга мослаб яратди сўнгра наслларингизни кўпайтириб, сизларни Ернинг ҳар тарафла-рига сочиб-таратиб юборди. Бас, энди Қиёмат Кунида барчаларингиз ҳеч шак-шубҳасиз, бошқа бировнинг олдига эмас, балки ана ўша сизларни йўқдан бор қилиб яратиб, сўнгра Ернинг ҳар тарафига сочиб-таратиб юборган Зотнинг хузурига қайтадан тўпланишингиз ва Ерда қилган амалларингиз учун ҳисоб беришингиз аниқдир. Бас, ҳақиқат шундоқ экан, нега сизлар У Зотга иймон келтирмайсизлар ва Унга тинимсиз шукр қилмайсизлар?!

80. Ҳаёт берадиган ҳам, ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Кеча ва кундузнинг алмашиб туриши ҳам Ёлғиз Унинг (измидадир). Ахир ақл юргизмайсизларми?!
Дарҳақиқат, осмонлар ва Ердаги барча жонзот Оллоҳтаоло уларга ҳаёт беришидан аввал ўлик бўлганлар, яна Оллоҳ таоло ирода қилган соатда ўладилар. Фақат Оллоҳ таолонинг Ўзигина Азалий Тирик ва Абадий Тургувчидир. Баски, бир томчи сувга - нутфага агар хоҳласа ҳаёт бериб, ти-рик инсонга айлантиргувчи ҳам, Ўзи хоҳлаган соатда уни ўлдириб, сўнгра қайтадан тирилтиргувчи ҳам Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонингЎзи экан, демак, Унга иймон келтирмаслик, Унга қуллик - ибодат қилмаслик ёки Унга ширк келтириб мушрик бўлиш ақлли инсоннинг иши эмасдир. Фақат ақлсиз кимсаларгина ҳаёт бериш ҳам, ўлим бериш ҳам Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлида эканини билишмайди, ишонишмайди. Масалан, қанчадан-қанча олис сафарларга чиққан ё жангохдарга кетган инсонлар эсон-омон уйларига қайтаётганларини, қанчадан-қанча уйдан чиқмай, ўзларини эҳтиёт қилган кишилар эса ўлиб кетаётганларини доимий равишда кўриб-билиб турсалар-да, ўлдирадиган ҳам, ҳаёт берадиган ҳам Ёлғиз Оллоҳ таоло эканини билмайдилар. Бутун умрлари давомида: “Аттанг, ундай қилганларида бундай бўлмас эди, афсус, бундай қилганларида ундай бўлмас эди”, деб ҳасрат-надоматда ўтиб кетаверадилар.
“Кеча ва кундузнинг алмашиб туриши ҳам Ёлғиз Унинг (измидадир). Ахир ақл юргизмайсизларми?”
Яъни, кеча ва кундузнинг бири келиб кетиши билан бирон лаҳза кечик-май, иккинчиси унингўрнини олиши, бири узайганда иккинчиси қисқариб туриши ва бу Илоҳий қонунга минг-минг йиллардан буён бирон ўзгариш етмаганинингўзиёқ ақл юргизган инсон учун кеча ва кундузни яратган ҳам уларни тинимсиз алмаштириб - ўзгартириб турган ҳам Ёлғиз Оллоҳ таоло эканлигини очиқ-ойдин кўрсатиб турибдику, нега сизлар, эй динсиз кимсалар, бу ҳақда фикр юритмайсизлар ва Унга иймон келтирмайсизлар?!

81-82-83. Йўқ, улар (яъни, Макка аҳли) ҳам худди аввалгилар айтган сўзларни айтдилар. Улар дедилар: “Бизлар ўлиб тупроқ ва суякларга айланган вақтимизда яна қайта тирилгувчимизми?! Дарвоқеъ, бизларга ҳам, илгари ота-боболаримизга ҳам мана шу ваъда қилинган. Бу фақат аввалгиларнинг афсоналари, холос”.
Ушбу оятлар мазмунига уйғун оятлар сал аввалроқ суранинг 35-38-оятларида Ҳуд алайҳис-салом қавми ҳақидаги қиссада ҳам келди ва ала қадри ҳол тафсир қилиб ўтилди. Мазкур оятларда ҳамма замонлардаги мушрик-кофир кимсалар, агар уларни Оллоҳтаоло ҳидоят неъматидан бебаҳра қилиб кўйса, ҳудди подадаги қўйлар каби олдин ўтган ота-боболарига эргашиб кетаверишлари ҳамда худди тўти қуш каби аввалгиларнинг сўзларини такрорлайверишларига ишорат бор.

84-85. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «Агар билгувчи бўлсангиз (айтинглар-чи), бу Ер ва ундаги бор жонзот кимники?» Улар: «Оллоҳникидир”, дерлар. Айтинг: “Бас, (шундан) эслатма-ибрат олмайсизларми?!
Яъни, эй Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам, сиз Макка аҳлининг бу сўзларига жавобан айтинг: “Агар сизлар қайта тирилиш ҳақлиги тўғрисидаги оятларнинг аввалгилардан қолган афсоналар”, дейдиган бўлсангизлар, яъни, шу қадар билағон бўлсангизлар, у ҳолда менга хабар беринглар-чи, Ер ва ундаги жонзот-махлуқотлар кимники, уларни ким яратган?” Улар албатта: “Оллоҳ”, дейишлари аниқдир. Шунда Сиз уларга айтинг: “Бас, шундай экан, нега сизлар мана шу ҳақиқатдан эслатма олиб кўзларингиз очилмаяпти?! Ахир жамийки махлуқотни йўқдан бор қилишга Қодир бўлган Оллоҳ таоло уларга ўлганларидан кейин қайта жон киритишга албатта Қодир бўлмайдими?!”

86-87. Айтинг: «Етти осмоннинг Хожаси ва Улуғ Аршнинг Эгаси кимдир?” Улар: “(Буларнинг барчаси) Оллоҳникидир”, дерлар. Айтинг: “Ахир қўрқмайсизларми?!”
Яъни, Сиз яна мушрик-кофир кимсалардан сўранг: “Мана сизлар оёқларингиз остидаги Ер ва ундаги барча жонзот-махлуқот Оллоҳники эканлигини эътироф этдингиз. Энди устингиздаги етти қават осмоннингЯратувчи ва парвариш қилиб турувчи Робби - Ҳожаси ким эканлиги хдмда Ер-у осмонлардан қиёс қилиб бўлмайдиган даражада буюк-катта бўлган Арши аълонинг Робби - Эгаси ким эканлиги хдқида хабар берингиз-чи?!” Улар албатта: “Етти қават осмон ҳам улуғ Арш ҳам Ёлғиз Оллоҳники”, дерлар. Шунда сиз уларга айтинг бас, шундай экан, нега сизлар ўша тенгсиз Парвардигордан кўрқмасдан У Зотга турли-туман бут-санамларни ширк келтирмоқцасизлар?!”

88-89. Айтинг: «Агар билгувчи бўлсангизлар (айтингларчи), барча нарсанинг эгалиги Кўлида бўлган, Ўзи (барчага) ҳимоя - ёрдам берадиган, Унга қарши ҳеч ким ҳимоя - ёрдам бера олмайдиган Зот кимдир?” Улар: “(Бундай подшоҳлик ва ҳомийлик Ёлғиз) Оллоҳники-дир,” дерлар. Айтинг: “Бас, сизлар нега алданмоқдадирсизлар-а?!”.
Яъни, ё Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам, Сиз Оллоҳтаоло барча жонзотни қайта тирилтиришга Қодир Зот эканлигини инкор этаётган мушриклардан сўранг: “Барча-барча нарсанинг мулк-мамлакати, яъни, Ер ҳамда унинг усти ва остидаги, етти қават осмон ҳамда уларнинг ўртаси ва устидаги жамийки нарсаларнинг мутлақ подшоҳлиги Қўлида бўлган, Ўзи хоҳлаган бандасига ёрдам бериб Ўз ҳимоясига оладиган, аммо Унга қарши ҳеч ким ёрдам бера олмайдиган Танҳо Подшоҳ ким?! Улар, албатта: “Бундай подшоҳлик ва ҳомийлик Ёлғиз Оллоҳникидир”, дерлар. Шунда Сиз уларга айтинг: “Бас, ўзларингиз мана шу Ҳақиқатни ҳам эътироф этар экансизлар, нега худди сеҳр-жоду қилиниб ақлу ҳушидан айрилиб қолган кимсалардек алданмоқдасизлар, ана ўша Оллоҳ субҳонаху ва таолонинг Танҳо Маъбуди Барҳақ эканлигини инкор этмоқдасизлар?!”.

90. (Ҳеч шак-шубҳа) йўқки, Биз уларга (Оллоҳ таолонинг ҳеч қандай шериги йўқлиги ва қайта тирилишлари ҳақлиги ҳақидаги) Ҳақ (Сўз)ни келтирдик. Улар эса шак-шубҳасиз, ёлғончидирлар.
Яъни, шубҳасиз, Биз у динсиз кимсаларга Ҳақ Сўзни келтирдик: Танҳо Оллоҳ таолодан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир, Қиёмат Кунида барча жонзотнинг қайта тирилишлари ҳақ ва собитдир. Лекин у мушрикларнинг: “Оллоҳнинг боласи бор, малоикалар Оллоҳнинг қизлари”, деб даъво қилишлари ва “ҳаёт фақат мана шу ҳаёти дунёдан иборат”, деб қайта тирилишни инкор этишлари ҳеч қандай далилсиз ёлғон ва ботил сўзлардир.

91. Оллоҳнинг боласи йўқдир ва У Зот билан бирга бирон илоҳ йўқдир. Акс ҳолда, албатта, ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан кетиб, бир-бирларидан устун бўлиб олур эдилар (яъни, ҳар бир “илоҳ” ўз ҳукмини ўтказмоқни истаб, натижада Еру осмон бузилиб кетган бўлур эди). Оллоҳулар сифатлаётган (шериклар)дан Покдир.
Ушбу ояти карима мазмуни суранинг 71-ояти мазмунини таъкидлайди ва у оят ўз ўрнида алақадриҳол тафсир қилиб ўтилди, алҳамдулиллаҳ.

92. У ғайбу-шаҳодатни (яъни, йўғу-борни) Билгувчидир. Бас, У (мушрикларнинг) ширкларидан Юксакдир.
Яъни, У бандалар кўзидан ғойиб бўлган нарсаларни ҳам, улар кўрадиган нарсаларни ҳам билур, Унинг Билимидан бирон нарса ғойиб бўла - яширина олмас. Демак, барча яралганлар, жумладан, барча инсонлар ибодат қилиб сиғинишларига Ҳақли бўлган Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таолодир.
У Зот мушриклар Унга ширк келтириб сиғинадиган турли-туман, жонли-ю жонсиз бут ва санамлардан беқиёс Юксак ва Пок, ҳеч қандай ўхшаши-тенги бўлмаган Оллоҳ таолодир.

93-94. Айтинг: «Парвардигорим, магар Сен (кофирларга) ваъда қилинаётган (азоб уларнинг устига тушганини) менга кўргузадиган бўлсанг; Парвардигорим, (ўша соатда) мени у золим қавм билан бир-га қилмагин».
Ушбу икки оятда Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ва у зоти бобаракот орқали барча уммати Муҳаммадга Парвардигордан сўрашлари лозим бўлган яна бир ўта муҳим дуо таълимини беради. Ушбу дуо Парвардигорга ҳар замон илтижо қилиб: “Роббим, Ўзинг золим-кофир кимсаларни огоҳлантириб, уларнинг бошига на фақат Охират диёрида, балки ҳаёти дунёда ҳам азобингни туширишни ваъда қилдинг. Агар уларга ваъда қилинаётган азоб тушишига гувоҳ бўладиган бўлсам, Роббим, мени ҳам у золим қавм қаторига қўшиб қўймагин, улар билан бирга мени ҳам азобингга гирифтор қилмагин”, деб сўрашликдир. Чунки Оллоҳ таолонинг бало-азоби гоҳо золимлар қаторида бошқаларга ҳам тушиши мумкиндир. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада аниқ айтилгандир: “Ҳамда бир фитнадан - балодан сақланингларки, у сизларнинг орангиздаги золим кимсаларнинг ўзигагина етмас, (балки ўша фитнага қарши курашмай қараб турган барчага етар.) Ва билингизки, албатта Оллоҳнинг азоби қаттиқдир”. (Анфол сураси, 25-оят).
Ушбу ояти карима тафсирида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анхумо: “Оллоҳ азза ва жалла мўминларга ўрталарида мункар гуноҳ ишлар ёйилишига йўл қўймасликни буюриб, акс ҳолда Оллоҳ бало азобни золимга ҳам, золим бўлмаган кишиларга ҳам умумий қилиб туширишини айтиб огоҳлантирди”, дейди.
Ояти карима тафсирида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Аҳмад, Таҳовий, Абдуллоҳ ибн Муборак ва Бағавий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Оллоҳ айрим одамлар сабабли оммани азобламайди. То қачонки одамлар кўз ўнгларида гуноҳ ишлар содир бўлаётганини кўриб туриб, у гуноҳдан қайтаришга қодир бўлиб туриб, қайтармасалар, ана ўшанда Оллоҳ ўша гуноҳни содир этган кимсаларни ҳам, уни инкор қилмасдан томошабин бўлиб турган оммани ҳам азоблайди”, дедилар. (“Тафсири БағавшГдан).
Яна Имом Аҳмад ва Термизий ривоят қилган мана бу ҳадиси шариф ҳам бизга ўрганаётганимиз ояти каримани жуда яхши тафсир қилиб беради: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Роббим, қачон сен бирон қавмга фитна - азоб туширишни ирода қилсанг, у ҳолда мени ўша фитнага гирифтор бўлмаган ҳолимда вафот қилдиргин”, деб дуо қилар эдилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
Ояти каримадаги, албатта, ибрат олишимиз лозим бўлган нукталардан бири шуки, Ҳақ таоло Ўзининг энг суюкли бандасига, ҳар қандай азоб ва фитналардан омон сақланиши кафолатланган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга мазкур дуони буюришининг ҳикмати, аввало у зотга янада улуғроқ ажр-мукофотларга сазовор бўлишлари учун доимо Парвардигор зикри билан машғул бўлишни таълим бериш, иккинчидан, у зотнинг умматлари бўлмиш биз гуноҳкор бадаларига ушбу хайрли дуони таълим беришдир.

95. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки Биз Сизга уларга ваъда қилаётган (азобимизни) кўргизишга албатта Қодирдирмиз.
Лекин Бизга ана ўша золим-кофир кимсаларнинг айримлари бир муддат ўтгач иймон келтириб Дини Исломни қабул қилишлари, иймон келтирмаганларининг ҳам авлод-зурриётларидан Тўғри Йўлга юрадиган мўмин-мусулмонлар дунёга келишлари маълум бўлгани учун у мушрик-кофирлар мустаҳиқ бўлган азобни ортга сурурмиз. Бас -

96. Сиз (улар қилаётган) ёмонликни энг гўзал (йўл) билан дафъ қилинг! Биз улар (Сизни масхаралаб) айтаётган гапларни жуда яхши Билгувчидирмиз.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз мушриклар етказаётган турли озор - ёмонликларга қарши ёмонлик қилманг, балки аксинча энг чиройли сўз ва гўзал муомала билан уларни дафъ қилинг, уларнинг озор-азийятларига сабр-бардош билан, кечиримлилик билан, уларга омонлик тилаш каби гўзал калом билан жавоб қайтаринг. Биз улар айтадиган барча сўзларни, Бизни шериклари бор деб, Сизни эса ҳали сеҳргар деб, ҳали шоир деб, ҳали мажнун деб ботил сифатлар билан сифатлашларини жуда яхши билурмиз, аммо уларни дарҳол жазоламай сабр қилурмиз. Бас, Сиз ҳам сабр-таҳаммул қилинг ва барча ишни Бизга топширинг!
Ушбу Амри Илоҳий яна бошқа оятларда ҳам таъкидланади ва унинг ҳикмати баён қилинади: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас.
Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур. Унга (ёмонликни яхшилик билан дафъ қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур”. (Фуссилат сураси, 34-35-оятлар).

97-98. Ва айтинг: “Парвардигорим, мен Сендан шайтонларнинг васвасаларидан паноҳ беришингни сўрайман. Яна мен Сендан, Парвардигорим, улар менинг ёнимга (яқин) келишларидан паноҳ беришингни сўрайман”.
Ушбу оятларда гарчи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, уларнинг ҳукми умумий бўлиб барча уммати Муҳаммадга тааллуқлидир. Чунки инсу жиндан бўлган шайтонларнинг қиладиган иши доимо одамларни йўлдан оздириш, гуноҳ-маъсиятларга етаклаш ва тоат-ибодатдан, солиҳ амаллар қилишдан қайтаришдирки, уларнинг шарридан, васвасасидан фақат Оллоҳ таолонинг Паноҳида бўлган мўминларгина омонда бўладилар. Шунинг учун Меҳрибон Парвардигоримиз биз бандаларига ўзимиз учун ўта муҳим ва нажотбахш бўлган ушбу дуони таълим берди. Бу Амри Илоҳий бошқа бир оятда ҳам таъкидланади: “Агар сизни шайтон томонидан бирон васваса йўлдан оздириб (мазкур хислат эгаси бўлишдан қайтармоқчи бўлса), у ҳолда Оллоҳдан паноҳ сўранг. Зеро, У Эшитгувчи, Билгувчи Зотдир”. (Фуссилат сураси, 36-ояти).

99-100. То қачон улардан (яъни, мушриклардан) бирига ўлим келганида: «Парвардигор, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар. Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам», деб қолур. Йўқ, (у асло ҳаётга қайтарилмас)! Дарҳақиқат, у сўзни (ҳар бир жон бераётган кофир) айтгувчидир. Уларнинг ортида то қайта тириладиган Кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур.
Нақл қилишларича, умрини куфру туғён билан совурган кимсага ўлим соати келганида шу қадар надомат ва азобга дучор қилинадики, бу азоб олдида дунёдаги барча азоб-уқубатлар роҳат бўлиб қолади. Энди у жаҳаннамда шундай азобларга гирифтор бўладики, бунинг олдида ўлаётган соатида кўрган азоби роҳатга айланиб қолади.
Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: “Кофир кимса бошига ўлим келганида Оллоҳ таолога илтижо қилиб ортига қайтаришни, яъни, яна озгина умрберишни сўрар экан, аҳли-оиласига, қариндош уруғига қайтишни орзу қилмайди ёки яна қайтиб мол-дунё купайтиришни, нафсоний хоҳишлар-ни қондиришни орзу қилмайди, балки, ояти каримада айтилганидек, фақат қани эди ортимга, ҳаёти дунёга қайтарилиб, ўтказиб юборган умримга яна озгина умр кўшиб берилса-ю, ўша қолган умримнинг ҳар дақиқасини Оллоҳ таолога тоат-ибодат билан ўтказсам, деб фақат Оллоҳга ибодат қилишни орзу қилади. Бас, кофир ва мунофиқлар ўлаётган соатларидагина, Оллоҳнинг азобини ўз кўзлари билан кўрган чоғларидагина орзу қиладиган тоат-ибодатни бутун ҳаётлари давомида адо этган, мў-мин бандаларга Оллоҳ таолонинг Раҳмати бўлгай!”
Ояти каримада таъкид билан хабар берилганидек, ҳаётини куфр-исён билан ўтказган ҳар бир кимса сўнгги соатида, фурсат қўлдан кетиб бўлгач, албатта “Мени ҳаётга қайтаринглар”, деб Оллоҳ таолога, сўнгра Унинг жон олгувчи фаришталарига дуо илтижо қилади, лекин энди унинг дод-фарёдидан ҳеч қандай фойда бўлмайди - у асло ортига қайтарилмайди. Энди уни ўлими билан қайта тирилиши ўртасида тўсиқ бўлган барзах ҳаёти кутиб турибди. Энди у то Қиёмат қойим бўлгунича дунё аҳлидан ҳам эмас, Охират аҳлидан ҳам эмас, балки икки дунё ўртасидаги барзах аҳлидан бўлиб, то қайта тирилиб Ер устига чиққунича қабри ичида тинимсиз азоб чекишга маҳкумдир.

101. Бас, қачон Сур чалинганида (яъни, Қиёмат қойим бўлганида) ана у Кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл-насаб қолмас ва улар бир-бирлари билан савол-жавоб ҳам қила олмаслар.
Юқоридаги оятда барзах ҳаёти ҳақида - то Қиёматгача давом этадиган, мўминлар учун ором ва роҳатдан, кофирлар ва мунофиқлар учун эса, чидаб бўлмайдиган азобдан иборат бўлган қабр ичидаги ҳаёт ҳақида хабар берилгач, энди ушбу ояти каримада Оллоҳ таолонинг Амри билан фаришта Исрофил алайҳис-салом иккинчи бор Сур чалиб, жамийки жонзот қайта тириладиган ва ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча иш-амалларига ҳисоб бериш учун маҳшаргоҳга тўпланадиган Қиёмат Кунида одамлар қандай аҳволга тушишлари ҳақида хабар берилади: “у Кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл-насаблар қолмас ва улар бир-бирлари билан савол-жавоб ҳам қила олмаслар”. Яъни, узунлиги дунё ҳисоби билан эллик минг йилга баробар бўлган у Улуғ Муаззам Кунда инсонлар шу қадар даҳшат ва ҳайратга тушиб қоладиларки, шу қадар ўзлари ўзлари билан овора бўлиб қоладиларки, киши ўзининг қайси қабиладан, қайси улуғ зотнинг уруғ-авлодидан эканлигини ҳам тамоман унутиб қўяди, бировдан ҳолинг нечук деб сўрашга ҳоли етмай қолади. Бу хусусда бошқа оятлар ҳам қайта-қайта огоҳлантиради: “У Кунда киши ўз ога-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотини-ю, бола-чақасидан ҳам қочур! (Чунки) улардан ҳар бир киши учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлур!” (Абаса сураси, 33-37-оятлар). “У Кунда осмон эритилган ёғ каби бўлиб қолур. Тоғлар эса юнг каби (енгил) бўлиб қолурлар. Ва бирон дўст дўстидан (ҳол-аҳвол) сўрамас. (Ҳолбуки,) улар (бир-бирларига) кўрсатилурлар! Жиноятчи-кофир кимса у Куннинг азобидан (қутулиш учун) ўғилларини, хотинини, биродарини, уни ўз паноҳига оладиган қариндош-уруғини ва Ердаги барча кишиларини тўлов қилиб бериб юборишни, сўнгра (бу тўлов) унга нажот беришини ис-тар”. (Маориж сураси, 8-14 оятлар).

102-103. Бас, (у Кунда) кимнинг (яхшилик) тарозилари (ёмонлик-гуноҳларидан) оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчидирлар. Кимнинг тарозилари енгил бўлса, (яъни, ёмонликлари яхши амалларини босиб кетса) бас, ана ўшалар ўзларига зиён қилибдилар. Улар жаҳан-намда мангу қолгувчидирлар.
Ушбу оятларда сўз Қиёмат Кунида барча бандалар сўроқ-савол ва ҳисоб-китоб қилиниб, ҳар бир инсоннинг бутун онгли ҳаёти давомида қилган амаллари адолат тарозисида тортилиши ҳақида боради.
Ҳақ таоло: “(Амалларни) тўғри тортишлик ўша Куни бўлур”, деб хабар беради. Муфассир уламолардан Мужоҳид, Заҳҳок ва Аъмаш: “Ояти каримадаги тарозида тортиш адолат билан ҳукм қилиш деган маънода”, дейдилар.
Аммо аксари уламолар: “Қиёмат Кунида Оллоҳ таолонинг бандалар қилган ҳар бир иш-амални Кўргувчи, Билгувчи ва ёмонликка жазо, яхшиликка мукофот Бергувчи экани очиқ-равшан бўлиши учун ўртага тарози қўйилиб, ҳар бир амал тўғри-аниқ тортилади”, деганлар. Зажжож айтади: “Аҳли суннат вал-жамоат, яъни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннат ва жамоатларида барқарор бўлган уламолар иттифоқ қилиб айтадиларки, Қиёмат Кунида тарози борлигига, бандаларнинг амаллари унда тортилишига ва у тарозининг тили ҳамда икки палласи борлигига иймон келтириш вожибдир”.
Албатта, биз мусулмонлар ғайб оламида - Қиёмат Кунида рўй бериши аниқ бўлган амаллар тарозида тортилиши ҳақидаги бу Илоҳий Хабарга Қуръон ва Ҳадисда қандай ворид бўлса ўша ҳолда иймон келтирамиз ва унинг сурати, кайфияти қандай бўлиши ҳақида баҳс қилмаймиз. Аммо “Амаллар моддий нарсалар эмас-ку, уларни қандай ўлчаб бўлади?” деб бошлари қотадиган кимсаларга эса биз: “Одамлар, масалан, мутлақо моддий бўлмаган иссиқ-совуқни, бадан ҳароратини ўлчайдиган асбобларни кашф қилиб, ишлатиб юришибди-ку, ҳар ишга Қодир Оллоҳ таоло амалларни тортишга ожизми?!”, деймиз.
“Бас, кимнинг тарозилари оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир”.
Ояти каримада ҳар бир одамнинг қилган амали бир тарозида эмас, балки тарозиларда тортилиши айтилди. “Танвийрул-азҳон” тафсирида бу ҳол шундай изоҳланади: “Оятда “тарозилар” деб кўплик вазнида келишига сабаб, у Кунда ҳар бир банда учун бир неча тарози қўйилиб, унинг бадани бошқача тарозида, руҳи бошқача тарозида, ошкор қилган ишлари бошқача тарозида, яширган сирлари бошқача тарозида, ҳатто унинг хулқи бошқача тарозида тортилади. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Тарозига кўйилган ҳеч бир нарса чиройли хулқдан оғирроқ тош босмайди”, деганлар. (Аҳмад ва АбуДовуд ривояпш).
Термизий, Ибн Можжа ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Қиёмат Кунида умматимдан бир киши бутун халойиқ боши устида - кўз ўнгида чақирилади-да, унинг олдига қилган гуноҳлари битилган, ҳар бири кўз илғайдиган масофагача етадиган катта дафтарлардан тўқсон тўққиз дафтар қўйилиб, сўнгра Оллоҳ таоло ундан: “Мана шу дафтарларда битилган гуноҳларингдан биронтасини инкор қила оласанми”, деб сўрайди. У киши: “Ё Роббим, бирортасидан тона олмайман”, дейди. Оллоҳ таоло: “Менинг котибларим бўлган фаришталар сенинг номайи аъмолингга бирон нарса қўшиб, сенга зулм қилибдиларми”, деганида, у: “Йўқ, ё Роббим”, дейди. Оллоҳ таоло: “Сенинг мана шу гуноҳларни қилишда бирон узринг борми, сенинг бирон яхши амалинг ҳам борми”, деб сўраганида ҳалиги киши ўзини йўқотиб: “Йўқ”, дейди. Шунда Оллоҳ таоло: “Ундоқ эмас, Бизнинг ҳузуримизда сенинг ҳасанотларинг - яхши амалларинг ҳам бор, бу Кун сенга зулм қилинмас”, деб унга бир саҳифа кўрсатилади. У Қоғозда ўша банда айтган “Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳ”, калимаси ёзилган эди. Буни кўриб банда: “Ё Роббим, ана у дафтарлар олдида бу бир вароқ қоғоз нима қила олади”, деганида, Ҳақ таоло: “Сенга зулм қилинмас”, дейди. Бас, ҳалиги дафтарларнинг ҳаммаси тарозининг бир палласига, бир варақ қоғоз бошқа палласига қўйилганида ана у дафтарлар енгил келиб, бир варақ қоғоз оғир келди. Чунки Оллоҳнинг Исмидан ҳеч нарса оғирроқ эмасдир”. (Тафсири Қуртубийдан).
Субҳоналлоҳ! Демак, Охират тарозисида сўз ҳам тортилар экан!
Калимайи Шаҳодат У Кунда энг оғир тош босадиган сўз экан!
Демак, ҳақиқий марди майдонлар куфр йўлига кирмай, дунёга қул бўлмай тил ва дилларида “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-Расулуллоҳ” Сўзини кўтариб юрган ва қабрларига ҳам мана шу Сўз билан кирган инсонлардир. Қушайрий ўз тафсирида зикр қилган мана бу хабарда мўминнинг нажотига сабаб бўладиган яна бир сўз ҳақида сўз боради: “Мўминнинг ҳасанотлари - яхши амаллари тарози палласида енгил келиб қолганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бармоқ учича, яъни, жуда кичкина бир саҳифани чиқариб, тарозининг унинг ҳасанотлари қўйилган ўнг палласига ташлайдилар, бас, ҳасанотлар палласи босиб кетади. Шунда ҳалиги мўмин банда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга: “Ота-онам Сизга фидо бўлсин, юзингиз нақадар гўзал, хулқингиз нақадар гўзал, Сиз ким бўласиз”, деганида у зоти бобаракот: “Мен сенинг Пайғамбаринг Муҳаммаддирман, мана бу саҳифа эса сен менга айтган салавотларингдир”, деб жавоб қиладилар.”
Ҳузайфа розиялоҳу анҳу айтади: “Қиёмат Кунидаги тарозибон Жаб-роил алайҳис-саломдир. Оллоҳ таоло: “Ё Жаброил, уларнинг амалларини тарозида тортгин-да, ўрталарида бир-бирига ўтиб кетган ҳақларни эгаларига қайтаргин”, деб буюради.
У жойда олтин-кумуш бўлмагани учун агар золимнинг ҳасанотлари бўлса, Жаброил ўша ҳасанотлардан олиб мазлумга беради, агар унинг ҳасанотлари бўлмаса, у ҳолда мазлумнинг гуноҳларидан олиб золимга юклаб қўяди, бас, у кимса елкасига тоғдек гуноҳ тушади”. Яъни, “(Амалларни) тўғри тортиш Ўша Куни бўлур”.
“Саҳиҳайн”да ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, “Қиёмат Кунида барваста семиз бир кимса тарозида тортилади, аммо бир пашшанинг қанотича тош босмайди”. Яъни, У Кунда, у тарозида моддалар эмас, маънолар тош босади. Бас, қалбида иймон бўлмаган кимса жуссаси қанчалар йирик, сурати қанчалар чиройли бўлмасин, Оллоҳ таоло наздида унинг бир пашша қанотича қадри йўқдир. Демак, динсиз кимсалар биринчи навбатда ўз жонларига жабр қилгувчилардир. “Кимнинг тарозилари енгил бўлса, бас, улар Бизнинг оятларимизга (кофир бўлиш билан) зулм қилиб ўтганлари сабабли ўзларига зиён қилган кимсалардир”.
Бу ҳақда бошқа оятларда хам хабар берилган: “Бас, энди (у Кунда) кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўша (киши ҳар бир инсон) рози бўладиган-орзу қиладиган ҳаётда бўлур. Энди кимнинг тортилган (яхши амаллари) енгил келса, унинг жойи «жарлик»-дир! Унинг нима эканини қаердан ҳам билар эдинг?! (У) қизиган дўзахдир!”. (Ал-Қориа сураси 6-11-оятлар)”.

104. Уларнинг юзларини дўзах олови куйдириб, у жойда бениҳоя хунук - бадбашара бўлиб қолгувчидирлар.
Яъни, мушрик-кофир кимсалар - ҳаёти дунёда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда мўминлар устидан масхара қилиб кулиб ўтганлари каби Охиратда, Қиёмат Кунида дўзахга ташланганларида ҳам “куладилар”. Фақат у бениҳоя мудҳиш кулгидир: улар дўзахга ташланишлари билан, ҳали ўт бутун баданларини куйдиришидан илгари олов тафти уларнинг юзларига шу қадар қаттиқ уриладики, бир лаҳзада улар худди куйдирилган калладек “тиржайиб” қоладилар! Абу Саид Худрий розияллоху анҳудан ривоят қилинишича, дўзах ўти теккан кофирларнинг устки лаблари пешоналаригача, остки лаблари киндикларигача куйиб-очилиб, ниҳоят даражада бадбашара бўлиб қоладилар. (Аҳмад ва Термизий ривоят қилганлар).

105-106-107. (Уларга): «Сизларга Менинг оятларим тиловат қилинганида сизлар уларни ёлғон деган эмасмидингизлар?!» (дейилганида), улар дедилар: «Парвардигоро, бадбахтлигимиз бизлардан ғолиб келиб, адашган қавм бўлиб қолган эканмиз. Парвардигоро, бизларни (жаҳаннамдан) чиқаргин. Бас, агар яна (куфр ва туғёнга) қайтсак, у ҳолда шак-шубҳасиз, (ўз жонимизга) жабр қилгувчидирмиз (яъни, жаҳаннам азобига лойиқдирмиз)”.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Қиёмат қойим бўлганидан кейин дўзахга ҳукм қилинган бадбахт кимсалар у жойдаги ҳеч чидаб бўлмас азобдан тинмасдан дод-фарёд қилар эканлар, улар билан қандай савол-жавоб бўлишини ўша воқеа рўй бериши аниқ бўлгани учун ўтган замон феъли билан зикр қилади: Жаноби Ҳақ дўзахиларга дашном бериб: “Нега сизлар бунчалар куйиб-ёнмоқдасизлар, гўё сизларга зулм қилинаётгандек дод-вой қилмоқдасизлар, ахир сизларга ҳаёти дунёдалик пайтингизда Мен юборган элчи-пайғамбарлар Мен нозил қилган оятларни тиловат қилиб бермаганмиди-лар ва сизлар у оятларга ишонмасдан, Менинг элчиларимни ёлғончи қилмаганмидингизлар, элчиларим Оллоҳнинг оятларини ёлғон деган кимсалар дўзахда куядилар, деб огоҳлантирганларида, уларни масхара қилиб кулмаганмидингизлар?!” деганида, дўзах аҳли: “Парвардигоро, Сенинг оятларинг ҳақ экан, юборган элчиларинг рост сўзни айтган эканлар. Биз барча айбимизга иқрормиз. Пешонамизга бадбахтлик ёзиб қўйилгани учун бизлар ўшанда ҳою-ҳавасларимизга мағлуб бўлиб, Тўғри Йўлдан юз ўгириб адашган қавм бўлиб қолибмиз. Парвардигоро, бизларни дўзахингдан чиқа-риб юборгин, бизларни яна бир марта ҳаёти дунёга қайтаргин, бас, агар шундан кейин ҳам Сенга тоат-ибодат қилмасак ва яна аввалги ҳаётимизда қилган ишларимизни қайтарадиган бўлсак, у ҳолда биз ҳақиқатан ҳам ўз жонига жабр қилган, ҳар қандай азоб-уқубатга лойиқ кимсалар бўлурмиз”, деб зору таваллолар қиладилар. Лекин вақт ўтганидан кейин қилинган бу ялиниб-ёлворишлар, ҳукм ўқилганидан кейин қилинган бу дуо-ю илтижолар кофирларга ҳеч қандай фойда бермайди. Чунки Оллоҳ таоло ато этган бутун ҳаётларини куфру исён билан совуриб юборган, Унинг элчиларини Охират ва ундаги кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзах азоби ҳақида оятлар келтирганларида масхара қилиб кулган кимсалар учун ўша ваъда қилинган азоб бирдан-бир ҳақли жазо эди, Илоҳий Адолат эди. Ҳақ таоло Ўзи яна бир ояти каримада айтганидек: “Биз то элчи-пайғамбар юбормагунча азоблагувчи эмасмиз”. (Ал-Исро сураси, 15-оят).
Яъни, токи Биз одамларга уларни Тўғри Йўлга етаклайдиган, залолатдан қайтарадиган, ҳужжат-далиллар билан шариатхукмларини баён қилиб берадиган элчи-пайғамбарларимизни юбормагунимизча ва улар ўз зиммаларидаги вазифаларини адо этиб, одамларга Ҳақ Динни етказмагунларича бирон кимсани қилган хато ва гунохдари учун азоблагувчи эмасмиз. Аммо қайси бир қавм ўзларига юборилган пайғамбарни ёлғончи қилса, унинг даъватларига қулоқ солмаса, буюрган амалларини қилмаса ва қайтарганларидан тийилмаса, фақат ўшандагина Илоҳий адолат ва ҳикмат ундай қавмни дунё ва Охират азоби билан жазолашни тақозо қилади.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “Қачон улар (жаҳаннамга) ташланганларида, қайнаб турган (жаҳаннамнинг худди эшак ҳангра-шидек) бир ўкирик-фарёдини эшитурлар. У ғазабдан бўлиниб-парчаланиб кетгудек бўлур. Ҳар қачон (жаҳаннамга) бир тўда (кофир) ташланганида, унинг қўриқчилари улардан (кофирлардан): «Сизларга (ҳаёти дунёда) бирон огоҳлантиргувчи - пайғамбар келмаганмиди?», деб сўраганида; Улар дерлар: «Ҳа, дарҳақиқат, бизларга огоҳлантиргувчи келган эди, (лекин бизлар уни) ёлғончи қилганмиз ва: «Оллоҳ (ҳеч кимга) ҳеч нарса нозил қилган эмас, сизлар фақат катта залолат-гумроҳликдадирсизлар», деганмиз”. (Мулк сураси, 7-9-оятлар). “Ва кофир бўлган кимсалар тўда-тўда қилиниб жаҳаннамга ҳайдалди. То қачон улар (жаҳаннамга) келиб етганларида, унинг дарвозалари очилди ва унинг қўриқчилари (кофирларга): «Сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар - Парвардигорингизнинг оятларини сизларга тиловат қилган ҳолларида ва сизларни мана шу Кунингиздаги мулоқотдан огоҳлантирган ҳолларида келмаганмидилар», деганларида улар «Ҳа, (келганлар), лекин азоб Сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир, (бас, бизлар ҳам уларни ёлғончи қилганимиз сабабли мана шу азобга гирифтор бўлдик)», дедилар”. (Зумар сураси, 71-оят).
Демак, кофирларнинг, мунофиқларнинг фақат ўша ўзларига ваъда қилинган азобда мангу қолишларигина Адолат бўлар эди. Шунинг учун -

108. (Оллоҳ) айтди: (Жаҳаннамда) гумдон бўлингиз ва Менга сўз қотмангиз!
Ояти каримадаги биз “гумдон бўлингиз - йўқ бўлиб кетингиз” деб таржима қилган “ихсаъ” калимасининг асли мазмуни “кет-йўқол”, дегани бўлиб, одатда итларни ҳайдаш учун ишлатилади. Дарвоқеъ, Ҳақ таоло дўзах аҳлига хитоб қилиб: “Менинг Ҳукмим қатъий, ҳеч қандай шикоятга ўрин йўқ, бас, дўзах қаърида гумдон бўлинглар ва Менга бошқа сўз қотманглар!” дейиши билан, муфассир уламолар айтишларича, дўзахилар умуман сўзлашиш салоҳиятидан маҳрум бўлиб, жаҳаннамда бир-бирларига қараб чиқарадиган овозлари баайни итларнинг акиллаши ва эшакларнинг ханграшига айланиб қолади. (Бағавий ва Куртубий тафсирлари).

109. Ҳақиқатан, Менинг бандаларимдан бир жамоат бор эди. Улар: «Парвардигоро, бизлар (Сенга) иймон келтирдик. Бас, Ўзинг бизларни мағфират қилгин ва бизларга раҳм айла: Сен Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг энг Яхшисидирсан”, дер эдилар.
Ушбу ва қуйидаги оятларда Ҳақ таоло ўша дўзахга ҳукм қилинган кофирларнинг бир тўдасига улар нима сабабдан мангу азобга гирифтор бўлганларини баён қилади. Ояти каримада Оллоҳ таоло “Менинг бандаларим” деб шарафлаган кишилар, Билол, Аммор, Хаббоб, Суҳайб, Салмон ва бошқа фақир-мискин саҳобалар бўлиб, (Оллоҳ барчаларидан рози бўлгай), Абу Жаҳл, Утба, Убай ибн Халаф каби мушрик-кофирларнинг катталари доим уларни масхара қилиб, устларидан кулиб юрар эдилар. Улар эса, мушрикларнинг тинимсиз бераётган озорларига сабр қилиб, доим Танҳо Таянчлари бўлган Оллоҳтаолога дуо-илтижо қилар эдилар: “Парвардигоро, бизлар Сенинг Борлигинг ва Бирлигингга, юборган элчиларингга ва улар Сенинг ҳузурингдан келтирган оятларга иймон келтирдик. Бас, Ўзинг бизни гуноҳларимизни кечиргин ва биз ожиз қулларингга раҳминг келсин, бизларни Ўз Раҳматингга - жаннатингга эриштиргин. Раҳм қилгувчиларнинг энг Яхшиси Ўзингдирсан”, деб Тенгсиз Раҳмони Раҳим бўлган Оллоҳ таолога ялиниб-ёлворар эдилар. Ҳақ таолонинг Ўзи ўша мазлум ва ожиз қулларининг қалбига илҳом қилиб солган ушбу дуо Яратган наздида шу қадар мақбул ва суюмли дуо эканки, суранинг сўнгги оятида Жаноби Ҳақ Ўзининг энг севикли қули ва улуғ Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламнинг ўзларига ҳам худди мана шу дуони қилишни буюради.

110-111. Сизлар бўлсангиз уларни масхара қилдингиз, ҳатто улар(нинг устидан кулиш) сизларга Мени эслашни унутдирди. Сизлар улардан кулган эдингиз. Ҳақиқат шуки, Мен бугун уларни (сизларнинг озор-азийятларингизга) сабр-тоқат қилганлари сабабли мукофотладим - улар ҳақиқий (бахт-саодатга) эришгувчидирлар.
Яъни, сизлар, эй дўзах аҳли, ҳаёти дунёда Менинг бандаларим усти-дан масхара қилиб кулдингиз, Мени ва Мен кофирлар учун ваъда қилган азобни эсламадингиз ҳам ва охир-оқибат бу масхарабозликларингиз учун Охиратда дўзах ўтида куйдингиз, ҳаёти дунёда йиғлаган, сизларнинг зулм-зўравонликларингизга сабр қилиб, Менга дуо-илтижо қилган мўмин бандаларим эса, Охиратда Раҳматимга сазовор бўлдилар, жаннатларимда бахт-саодатга эришиб кулдилар. “Дарвоқеъ, жинояткор - кофир кимсалар иймон келтирган зотлардан (масхара қилиб) кулгувчи бўлдилар. Қачон (мўминлар) уларнинг олдидан ўтсалар, улар бир-бирларига кўз қисишиб имо-ишоралар қилурлар. Қачон уйларига қайтсалар, (мўминларни масхара қилиб озор берганларидан) шодланиб қайтардилар. Қачон (мўминларни) кўрсалар: «Ана улар шак-шубҳасиз, йўлдан озгувчи кимсалардир», дердилар. Хрлбуки, улар (мўминларнинг) устига қўриқчи қилиб юборилган эмасдилар. Энди бу (Қиёмат) Кунида иймон келтирган зотлар кофирлардан кулурлар. Улар (жаннатдаги) сўриларда (кофирларнинг азобланишига) боқиб (ўтирурлар). Кофирлар ўзлари қилиб ўтган қилмишларининг жазосини олдиларми? (Албатта олдилар)”! (Мутаффифун сураси, 29-36-оятлар).
Ўрганаёганимиз ушбу оятларда гарчи бир жамоат мўминлар ва улар эришган бахт-саодат ҳамда ўша мўмин жамоатустидан кулган ва оқибат-натижада дўзах азобига гирифтор бўлган бир тўда мушрик-кофир кимсалар ҳақида хабар берилган бўлса-да, уларнинг хукми умумий бўлиб, бу улуғ оятлар ҳамма замонлардаги мўминларга зулм-зўравонлик қиладиган ва уларнинг устидан куладиган динсиз кимсалар Охират диёрида қандай оғир азоб-уқубатларга дучор бўлишлари ҳақида, шунингдек, ҳамма замонлардаги Оллоҳ таолога иймон келтирган ва Унинг Йўлида бошларига тушадиган ҳар қандай озор-азийятларга сабр қилиб, Ёлғиз Унинг Ўзидан мағфират ва Марҳамат сўраб дуо-илтижо қиладиган мўминлар бу иймон ва эзгу амаллари учун Охират диёрида қандай Марҳаматлар билан мукофотланишлари ҳақида берилган Илоҳий Хабардир.

112-113-114. «Ерда қанча йил турдинглар?», деди (Оллоҳ). Улар айтдилар: “Бир кун ё ярим кун. Санаб тургувчи (фаришта)лардан сўрагин”. (Оллоҳ) деди: “Агар сизлар биладиган бўлсангизлар (дунёда) жуда оз турдингиз (яъни, сизлар абадий деб ўйлаган дунё аслида жуда оз муддатдир).
“Тафсири Қуртубий”да айтилишича, Оллоҳ таоло билан мушрик-кофирлар ўртасида бўладиган мазкур савол-жавоб Қиёмат Ку-нида маҳшаргоҳда ёки улар дўзахга ташланганларидан кейин бўлиб ўтади. Ўшанда дўзах аҳли ўзлари ҳукм қилинган дўзахнинг мангу азоби олдида Ерда яшаб ўтган ҳаётлари бир кунга, Ҳатто ярим кунга ҳам баробар бўлмаслигини эътироф этадилар. Ҳатто Ерда қанча яшаганларини эслай ҳам олмай қоладилар ва: “Парвардигоро, бизлар санашни билмаймиз, дунёда қанча яшаганимизни Сен санашни биладиган кишилардан ёки қилган ҳар бир ишимизни ёзиб-ҳисоблаб тургувчи бўлган фаришталарингдан сўрай қолгин”, дейишади. Шунда Оллоҳ гўё шундай дейди: “Дарҳақиқат, сизлар дунёда жуда-жуда оз муддат турдингиз. Агар сизларда ҳақиқий билим-маърифат бўлганида эди, ярим кунга ҳам арзимайдиган дунёни эмас, мангу Охиратни танлаган бўлар эдингизлар ва Менинг розилигимни истаб амал қилар эдингизлар. Агар сиз-лар ҳам мўмин бандаларим каби Менга тоат-ибодат ва сабр-қаноат билан ҳаёт кечирган бўлганларингизда, албатта улар эришган мангу бахт-саодатга эришган бўлар эдингизлар! Аммо сизлар ундай қилмадингиз, балки ҳаёти дунё ҳеч қачон тугамайди, деб ўйладингиз, мана шу ҳаётдан бошқа ҳеч қандай ҳаёт йўқ деб даъво қилдингиз! Энди эса бор Ҳақиқат-ни эътироф этиб турибсизлар, “бизларни ҳаёти дунёга яна бир марта қайтаргин, энди албатта солиҳ амаллар қиламиз”, деб қасамлар ичмоқ-дасизлар. Аммо энди қилган афсус-надоматларингизнинг ҳеч қандай фойдаси йўқдир. Бас, қилмишларингизнинг жазоси бўлган дўзах азобида мангу қолурсизлар!”
“Тафсири Мунийр”да ушбу оятлар тафсирида Ибн Абу Ҳотамдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилади: Расуллулоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Албатта, Оллоҳтаоло жаннат аҳлини жаннатга, дўзах аҳлини дўзахга киритгач, дейди: “Эй аҳли жаннат, сизлар Ерда неча йил турдингиз?” Улар: “Бир кун ё ярим кун турдик”, дейдилар. Шунда Оллоҳ таоло: “Сизлар ана ўша бир кун ё ярим кунда қилган тижоратларингизда нақадар яхши фойдага эга бўлдингизлар - Менинг Раҳматимга, Ризойим-га ва жаннатимга эришдингизлар! Энди абадул-абад ўша жойда қолингиз”, дейди.
Сўнгра У Зот: “Эй дўзах аҳли, сизлар Ерда неча йил турдингиз?” дейди. Улар: “Бир кун ё ярим кун турдик”, деганларида, айтади: “Сизлар ана ўша бир кун ё ярим кунда қилган тижоратингизда нақадар ёмон “фойда”-га - Менинг дўзахимга ва ғазабимга эга бўлдингизлар! Энди абадул-абад ўша жойда қолингиз!”

115. Ёки сизларнинг ҳисобингизча Биз сизларни беҳуда-бемақсад (яъни, дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, Охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдиг-у, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?!» (Ундоқ эмас)!
Ояти карима буюк тоғлардек оғир ва залворли, сўралган одамнинг белини синдириб юборадиган бу савол Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло томонидан дўзах аҳлига берилиши ҳақида хабар қилади. У Кунда мазкур саволга мухотаб бўлишдан барчамизни ПарвардигорнингЎзи асрасин. Бунинг учун эса ушбу саволни ҳар биримиз ўзимизга ва бир-биримизга бугун беришимиз керак: “Наҳотки Ҳақ таоло сени шунчаки, худди ақлсиз жониворларни яратганидек яратиб, сен ҳам ўша парранда ва даррандалардек кўнглингга келган ишни қилиб яшайвер, Охиратда сендан ҳеч ким ҳисоб сўрамайди, тупроққа айланиб кетаверасан, деб кафолат бериб қўйган бўлса?” деб сўрашимиз керак, сўнгра бу ўта муҳим саволнинг жавобини яна Ҳақ таолонинг Ўзидан сўраб, Унинг: “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”. (Ваз-зарият сураси, 56-оят), деган Сўзини қалбларимизга жойлаб олишимиз ва ҳаётимизни Оллоҳ таолога тоат-ибодат билан ўтказишимиз керак.
Ҳаким Термизий айтади: “Оллоҳ таоло жамийки ҳалқни Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишлари учун халқ қилди, бас, улар ибодат қилсалар, савоб беради, уни тарк этсалар, азоблайди. Агар Унга ибодат қилсалар, бас, албатта улар бугун дунёга кул бўлишдан озод азиз ва мукаррам бандалардир, эртага - Охиратда эса, Дорус-саломда - Омонлик диёри бўлган жаннатда подшоҳлардир. Агар ибодатни тарк этгувчи бўлсалар, бас, улар бугун Хожасидан қочган тубан-олчоқ қуллардир, эртага эса, дўзах қабатларида тинимсиз азоблангувчи ёвлардир”. (“Тафсири Куртубий”дан).
“Танвирул-азҳон” тафсирида Баҳлулдан бир ибратли ҳикоят келтири-лади: у айтади: “Мен Басра кўчаларидан бирида ёнғоқ ўйнаётган ёш болаларни кўрдим. Фақат бир бола ўйнамасдан йиғлаб турар эди. Мен ўзимча бу бола ўртоқлари билан ўйнагани ёнғоқ тополмагани учун йиғлаяпти, деб ўйладим ва ундан: “Эй ўғилчам, нега йиғлайсан? Ҳозир мен сенга ҳам ёнғоқ олиб бераман, кейин сен ҳам ўртоқларинг билан ўйнайверасан”, дедим. Шунда у кўзларини кўтариб менга қарадида: “Эй ақли оз киши, биз ўйнаш учун яратилган эмасмиз”, деди. Мен: “Ҳой бола, бўлмаса биз нима учун яратилганмиз”, деган эдим, у: “Билиш ва ибодат қилиш учун”, деди. Мен: “Боракаллоҳ, сен бу сўзларни қаердан олдинг?” деб сўрадим. У мени лолу ҳайрон қилиб: “Оллоҳ таолонинг мана бу Сўзидан”, деди: “Ёки сизларнинг ҳисобингизча Биз сизларни беҳуда-бемақсад (яъни, дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, Охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?!» (Ундоқ эмас)!”
Ушбу ояти карима мазмуни бошқа бир сурада ҳам таъкидланади: “Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, Охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми (тамаъ қилурми)?! Ахир у (бачадонга) тўкиладиган манийдан бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?! Сўнгра лахта қон бўлди. Бас, (Оллоҳ уни) яратиб, расо (инсон) қилди. Сўнг ундан эркак ва аёл жуфтларни (пайдо) қилди. Ана Ўша (Оллоҳ) ўликларни тирилтиришга Қодир эмасми?! (Албатта Оллоҳ бунга Қодирдир)!” (Қиёмат сураси, 36-40-оятлар).

116. Зотан, Ҳақ Подшоҳ - Оллоҳ (бирон ишни беҳуда қилишдан) Юксак бўлган Зотдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. У - улуғ Арш Соҳибидир.
Яъни, Якка-ю Ёлғиз Ҳақиқий Подшоҳ Оллоҳ таолонинг Ўзидир. Чунки йўқ қилгувчи ҳам, бор қилгувчи ҳам Ёлгиз Унинг Ўзидир. У ҳар қандай айбу нуқсондан, жумладан, бирон ишни беҳуда қилишдан Покдир, бениҳоя Юксақцир. Бас, У Ўзи яратган барча махлуқотининг гултожи бўлган инсонни ҳам албатта беҳуда-беҳикмат яратган эмасдир, балки Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишлари учун яратгандир. Зотан, Ундан Ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир, Ундан Ўзга барча нарса ва кимсалар Унинг махлуқ-ларидир, қулларидир. У Арши Карим - Улуғ Арш Соҳибидир.
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Аршини Карим деб сифатлади. Чунки У Зот Ўзининг барча Карам - Марҳаматларини бандаларига ана ўша Улуғ Арши Аълосида ўрнашган ҳолида нозил қилади ва у Улуғ Арш Оллоҳ таоло яратган махлуқотлар ичида энг Буюк - Каттасидир.

117. Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Оллоҳ билан бирга бошқа бирон “илоҳ”га дуо-илтижо қилса, бас, унинг ҳисоб-китоби Парвардигорининг хузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар.
Яъни, кимда-ким ҳеч қандай далил-ҳужжатсиз тошними, ёғочними, кесакними, довдарахтними ёки бирон инсон ё ҳайвонними ўзи учун “илоҳ” қилиб олиб, ўша “илоҳи”га худди Оллоҳга сиғингандек сиғинадиган бўлса, ҳожатларини раво қилишини сўраб унга дуо-илтижо қиладиган бўлса, ундай кимсанинг гуноҳи шу қадар катта бўладики, унга бериладиган азоб-уқубат шу қадар қаттиқ бўладики, ҳеч бир банда унинг ҳисобига ета олмайди, бас унинг ҳисоб-китоби Қиёмат Кунида, Парвардигори ҳузу-рида бўлади. “Зеро, Ёлғиз Ўзимизга қайтишлари бордир! Сўнгра уларни ҳисоб-китоб қилиш (жазо бериш) ҳам Ёлғиз Бизнинг зиммамиздадир!” (Ғошия сураси, 25-26-оятлар).
“Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар”.
Суранинг илк оятида: “Дарҳақиқат мўминлар нажот топдилар”, деб мўмин бандаларига хушхабар берган ва сура ниҳоясида: “Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар”, деб кофир-мушрик кимсаларни огоҳлантирган ҳамда бу икки оят ўртасида келган оятларида нажот Йўли қайси йўл эканлигини кўрсатиб берган Меҳрибон Парвардигоримизга беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлгай.

118. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Парвардигорим, Ўзинг (гуноҳларимизни) мағфират қилгин ва (ҳолимизга) раҳм айла. Сен Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг энг Яхшисидирсан».
Сурайи кариманинг ушбу сўнгги оятида Жаноби Ҳақ Ўзининг энг севикли бандаси ва энг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга - аввалу охир барча саҳв-хатолари кечиб юборилган Инсонга Мендан мағфират ва раҳм шафқат сўранг деб амр қилиши албатта беҳикмат эмасдир. Уламоларнинг айтишларича, Пайғамбар алайҳис-саломнинг истиғфор айтишга - мағфират сўрашга буюрилишлари аввало мўминларга истиғфор айтиш энг муҳим диний амаллардан эканлигини уқтириш учундир ва бу хайрли амалда умматлари у зотга эргашишлари учундир, иккинчидан, Оллоҳ таоло ҳузурида энг баланд мартаба соҳиби бўлган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдек улуғ зот ҳам Оллоҳ таолонинг Раҳмат ва мағфиратига муҳтож эканликларини билдириш билан у зотдан ўзга бандалар истиғфор айтишга ва Оллоҳ таолодан раҳм-шафқат сўраб дуо-илтижолар қилишга қанчалар муҳтож эканликларини билдириш учундир. Оят ниҳоясидаги “Сен Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг энг Яхшисидирсан”, жумласи эса, Оллоҳ таоло қай бир бандасини Ўз Раҳматига мушарраф қилса, у бахтли бандага ҳеч қачон ғазаб қилмаслигига ишорадир. Меҳрибон ва Раҳмли Парвардигоримиз барчамизнинг катта-ю кичик гуноҳларимизни мағфират қилиб, Ўзининг Раҳмат-Марҳаматига мушарраф айласин.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг марҳати ва мадади билан “Мўминун” сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.

Орқага Олдинга