Маккада нозил бўлган. 3 оятдан иборат.
Ушбу сураи каримага ҳам унинг биринчи ояти ном бўлиб қолган. «Аср» калимаси-замон, юз йил, умр, аср намози, ўша намознинг вақти каби маъноларни англатади.Аллоҳ таоло ушбу сурани аср билан қасам ичиб бошлаб, асрнинг аҳамиятли нарса эканига эътиборни жалб қилади.
Бу сура қисқа бўлишига қарамай ўзида жуда кўп маъноларни жамлаган. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи: «Агар шу сурадан бошқа сура тушмаганда ҳам одамларга кифоя қиларди», деган эканлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан икки киши учрашиб қолсалар «Вал асри» сурасини бир-бирларига ўқиб бермасдан тарқалмас эканлар.
Бу сура башарият ҳаётига Ислом ирода қилган йўл-йўриқни ўз ичига олган. «Вал асри» сурасининг бир ояти мусулмон умматининг сифатини, ҳақиқатини ва вазифасини баён қилади. Бу эса ўз навбатида Қуръоннинг мўъжизасидир.
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
1. Аср билан қасам.
Баъзи тафсирчиларимиз «аср»дан мурод, юз йиллик муддат, замон, аср намози ёки аср намози вақти ҳам деганлар.
Аллоҳ таоло аср-замон билан қасам ичиши, у нарсанинг ажойиботлар ва ғаройиботларла, ибрат ва эслатмаларла тўла эканидандир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло аср ила қасам ичиб қуйидаги оятда келадиган маънони таъкидламоқда.
2. Албатта, инсон хусрондадир.
Хусрон-мағлубият, ютқизиқ ва нуқсон маъноларини англатади. Ҳа, ҳар бир инсон хусрондадир...
3. Магарам иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар (ундоқ эмасдир).
Маълум бўлдики, инсон икки дунёда бадбахт бўлиб қолмаслик учун тўртта сифатга эга бўлиши керак экан:
- Аллоҳга иймон келтириши.
- Солиҳ амаллар қилиши.
- Ҳақ ила бўлиши.
- Сабрга чақириши.
Аллоҳга иймон келтириш инсоннинг энг аввалги бурчидир. Иймоннинг инсон ҳаётига таъсири чексиздир. У бу дунё зулмат кишанларини парчалайди ва қалбларга умид бахш этади. Қийинчилик, оғир пайтларда инсон ўзининг ҳамма нарсага қодир Яратгани бор эканини эслаб, тортган машаққатларининг савобини олишни ўйлайди, қаршисидаги барча тўсиқларни енгиб ўтиши осонлашади. Шунинг учун ҳам ҳақиқий мўминлар хотирлари жам, асаблари жойида ҳаёт кечирадилар. Аллоҳга бўлган иймон киши қалбида яхшиликларга йўл очади, ёмонликлардан, гуноҳлардан қайтаради. Иймонли киши, Аллоҳ таоло барча ҳолатимни, ишларимни кўриб турибди, қиёмат куни буларнинг ҳисоб-китобини қилади, деб ишонади. Шунинг учун доимо ёмонликлардан қочиб солиҳ–яхши ишларни қилади.
Ҳа, иймон доимо ўз соҳибини солиҳ амалга чорлайди. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда иймондан сўнг амали солиҳ зикр қилинади. Жумладан, биз ўрганаётган сурада ҳам. Амали солиҳ Аллоҳ буюрган барча яхшиликлардир.
Ҳақ йўлга чақириш улкан инсоний фазилатдир. Исломда инсон ўзи ҳақ йўлда бўлиши билан кифояланиб қолмаслиги керак, балки ўзгаларни ҳам шу йўлга чақириши зарур. Ҳақ йўлда юриш ва унга кишиларни чақириш осон эмас. Ҳақ йўлда юрмоқчи бўлган шахс ўзининг ҳавойи нафсига, ҳокимларнинг туғёнига, одамларнинг зулмига ва бошқа кўпгина нарсаларга қарши чиқиб, чидам билан иш олиб бориши керак. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида сабрга чақириқ бор.
Сабр бир неча хил бўлади:
Тоат-ибодатни адо этиш–сабр демакдир.
Ҳавойи нафс хоҳлаб турган гуноҳларни қилмаслик–сабр.
Бало-офатлар ва мусибатларга таслим бўлақолмаслик–сабр.
Сабрнинг олий даражаси фожеа воқеъ бўлган пайтдаги биринчи зарба вақтдаги сабр.
Сабр барча фазилатларнинг асосидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Қуръонда мўминларнинг асосий сифатларидан бири сабр эканини қайта-қайта таъкидлаган.